+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШ ФАОЛИЯТИМНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИДАН БИРИ,

(2- сон) Маслаҳатчилар ҳаётидан

- дейди маслаҳатчи Шаҳзодахон Исақова. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий қадриятларимиз ўчоғи ҳисобланган маҳалла институтини ривожланиши, аҳолининг муаммоларига ечим топиш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шаҳрихон туманидаги Намозгоҳ маҳалла фуқаролар йиғини нафақат туманда, балки вилоятимиздаги намунали маҳаллалардан бири ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маҳалладаги ибратли ишларда фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳзодахон Исақованинг алоҳида хизматлари бор. Асли касби иқтисодчи бўлган Шаҳзода опа кўп йиллар савдо идораларида меҳнат қилган.  Мана беш йилдирки, у мазкур вазифада самарали фаолият юритиб келмоқда. Ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган 5400 нафар аҳолининг кўпчилигини хотин-қизлар ва ёшлар ташкил этади. Шу боис ҳам, Ш. Исақова фаолияти давомида аёллар, айниқса, ёшлар билан иш олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Маҳалла фаоллари, жамоатчилик билан ҳамкорликда уларга имкон қадар кўмак беришга, мавжуд муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилади.

Жонкуяр маслаҳатчининг ташаббуси билан маҳалладаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб этиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, мактабни битираётган йигит-қизларни таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, умуман, маҳалладаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни турли диний оқимлар, ёт ғоялар, салбий иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида "Таълим муассасаси, маҳалла, оила" ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Айниқса, ҳудуддаги 4-умумтаълим мактаби ва 1-сон кўп тармоқли марказий поликлиника ўқитувчи ва шифокорлари билан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.

- Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, уларнинг маънавиятини, кийиниш маданиятини юксалтириш, оилаларнинг мустаҳкам бўлиши, турли жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш масалалари доимий эътиборда,- дейди Ш. Исақова. Бу борадаги ишларни олиб боришда фаолларимизнинг кўмаги жуда катта эканлигини алоҳида эътироф этиш керак. - Мақсудахон Мадаминова, Эргашхон Мамаюсупова, отинойи Соттихон Саримсақова, Ойсарахон Бойматова каби фаол аёллар доимий  кўмакчимиз ҳисобланишади. Улар билан  тўй ва бошқа маросимларни ихчам, ортиқча ҳашамларсиз, камчиқим ўтказиш борасида тарғибот-тушунтириш ишларининг мунтазам олиб борилаётгани ўзининг ижобий самараларини  бермоқда.

"Оила - жамият таянчи", "Қайнонам - онам менинг", "Келин одоби билан гўзал" сингари тадбирлар оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. "Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотларида эса қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш ва уларнинг салбий оқибатлари ҳақида ёшларга кенг тушунчалар берилмоқда.

Шаҳзодахон опа табиатан гул шайдоси бўлганлиги учунми, ҳар бир маҳалладошини кўча бўйлари, ўз хонадонларини гулзорларга буркашга, турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишга ундайди. Бу эса маҳалланинг янада обод, саранжом-саришта бўлишини таъминлаётир.

- Маҳалла аҳлининг аксарияти ҳунармандчилик, тадбиркорлик билан шуғулланади, - дея суҳбатни давом эттирди маслаҳатчи. - Шу боис ҳудудимизда бекор юрган одамнинг ўзи йўқ. Сирожиддин Абдураҳмонов, Ортиқхон Ҳошимова, Ҳимоятхон Абдуллаева, Собиржон Раҳимов, Иброҳимжон Абдуллаев, Дилшодбек Обидов сингари ҳунарманд ва тадбиркорлар маҳалла ёшлари бандлигини таъминлашга катта ҳисса қўшиб келишмоқда.

Ўз оиласидан бахт топган аёлгина жамият ишида фаол қатнашади. Шу маънода Шаҳзодахон опа ҳам ибратли оила бекасидир. У ҳамиша турмуш ўртоғи Валижон Нишоновнинг маслаҳат ва кўмагига суянади. Улар кўп йиллардан буён аҳил-иноқликда яшаб, уч ўғилни камолга етказишди. Саккиз нафар набиралари эса оилалари қувончи.

Эл-юрт, маҳалла равнақи йўлида узоқ йиллардан буён сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган Шаҳзодахон опа амалга ошираётган ибратли ишлари билан одамлар орасида ҳурмат-эътибор топди, маҳалладошлари ишончини қозонди.

  Миролим ИСАЖОНОВ.

Суратда: маслаҳатчи Шаҳзодахон Исақова маҳалла қизлари билан.

ОИЛАЛАРИМИЗ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН

(2- сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсоон манфаатлари йили

Мамлакатимизда айниқса, истиқлол йилларида оила, никоҳ масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки оила жамиятнинг муҳим бўғини, қолаверса, инсоннинг бахт қўрғони, ҳаётимизнинг гўзал, тинч бўлиши  ва барқарор ривожланишини таъминлашда унинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

Жумладан, давлатимиз Бош қомусининг XIV боби ҳам айнан оила масалаларига бағишланган. Конституциямизнинг 63-моддасида "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади" деб белгилаб қўйилган.

Туман ФҲДЁ бўлими томонидан ҳам оилаларни мустаҳкамлаш, айниқса, ёшлар ўртасида оиланинг муқаддас эканлиги, никоҳ масаласига жиддий ёндашиш, оилада эр ва хотиннинг ўз бурчларини адо этишлари бўйича кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларга тиббий кўрикнинг аҳамияти нечоғлик муҳим эканлиги тушунтирилмоқда. 

Туман хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари, шифокорлар билан ҳамкорликда маҳаллалар ва таълим муассасаларида никоҳ муносабатлари, тиббий кўрикнинг аҳамияти, ёшларни оилавий ҳаёт тайёрлаш, уларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатларини тушунтиришга бағишлаб ўтказилаётган тадбирларимиз ижобий натижалар бермоқда.

Юртимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинган жорий йилда оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги тарғибот ишлари кўлами ва самарадорлигини янада ошириш учун астойдил меҳнат қиламиз.

 

Моҳидилхон БАҲРИДДИНОВА,

 

Қўрғонтепа тумани ФҲДЁ бўлими мудираси.

ОНАЛАР АСКАР ФАРЗАНДЛАРИ БИЛАН ДИЙДОРЛАШДИ

(2- сон)  Видеомулоқот

Вилоятимизда  Ватан ҳимоячилари куни олдидан  ҳарбий қисм, меҳнат жамоалари ҳамда таълим муассасаларида қатор маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Ҳарбий Ватанпарварлик ойлиги доирасида Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамкорлигида Андижон ва Сурхондарё вилоятларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг оналари иштирокида ўтказилган видеомулоқот уларнинг ҳаётларидаги унутилмас воқеалардан бирига айланди.

Фарзандлари Сурхондарё вилоятидаги турли ҳарбий     қисмларда хизмат қилаётган аскарларнинг оналари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этан мазкур тадбир аскар оналарининг фарзандлари билан бевосита мулоқот қилишларига имконият яратиб берди.

Самимий тарзда, юқори кўтаринкилик билан ўтган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ва бошқалар она Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги, мамлакатимизда Ўзбекистон мудофаа қудратини юксалтиришга, ҳарбийларнинг хизматни аъло даражада адо этишлари учун яратилган шарт-шароитлар, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида гапирдилар.

- Ушбу мулоқот ҳақиқатдан ҳам аскарлар ва уларнинг оналарига чексиз қувонч ва ўзгача сурур бағишлади, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова. - Олис Сурхондарёда ўз йигитлик бурчини ўтаётган фарзанди билан бевосита мулоқот қилиш ҳар қандай онанинг кўнглига хотиржамлик, ёруғлик бахш этди.

Дарҳақиқат мулоқот жараёнида оналар ўз фарзандлариининг ҳарбий ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар ҳақида фарзандлари билан бевосита суҳбатлашдилар, дил сўзларини, байрам тилакларини изҳор этдилар.

- Ўғлим Ҳасанбой Солиев болалигидан ҳарбий бўлишни жуда-жуда истар эди, - дейди Марҳамат туманидаги Ровот маҳалласида яшовчи Ҳикматхон Эргашева. - Ниятлари амалга ошиб аскар бўлди. Сурхондарёда туриб видеомулоқотда қатнашган ўғлимни ҳарбий либосда кўриб, беихтиёр тўлқиланиб кетдим. Ватан корига камарбаста фарзанд тарбиялаганимдан қалбим қувончга тўлди.

Мен мана шундай мулоқотни ташкил этишга, фарзандларимиз билан дийдорлашишга имкон яратиб берган тадбир ташкилотчиларига барча андижонлик аскар оналари номидан  миннатдорлик билдираман.

Ҳарбийларга юксак эҳтиром кўрсатилган мазкур тадбир аскарлар ва уларнинг оналарига катта маънавий озуқа берди. Қолаверса, юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида тинч-осойишта ҳаётга шукроналик,  ҳарбий бурчга ҳурмат ва садоқат, шунингдек, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тадбирда аскар оналарига совға-саломлар топширилди, бадиий жамоалар томонидан  намойиш этилган концет дастури барчага хуш кайфият улашди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

 Суратда. Тадбирдан лавҳалар.

БАЙРАМ ТАДБИРИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ

(2- сон)

Фан, таълим ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши ташаббуси билан З. М. Бобур номли вилоят мусиқали драма ва комедия театрида "Ялмоғизнинг жаҳли чиқди" деб номланган янги йил эртаги томошалари ўтказилди.

Янги йил байрамини мароқли ўтказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда кенгаш тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, маданият муассасаларидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, кўп болали касаба уюшма аъзоларининг 800 нафар фарзандлари иштирок этди. Қорбобо, Қорқиз ва турли эртаклар  қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар болажонларга олам-олам қувонч бағишлади.

 

Хосият СИДДИҚОВА.

Ёниб турган қалбимдасан, Ватаним

Саҳро бўлсанг макон этай саҳрони,

Дарё бўлсанг ошён этай дарёни.

Гар бўлсанг ҳам, бир чеккаси дунёни

Ёниб турган қалбимдасан, Ватаним.

 

Шеърлар битсам қўлларимнинг мадори,

Тинчлик сўзи юракларнинг шиори,

Ўзбек деган танти элнинг диёри,

Шу заҳматкаш халқимдасан, Ватаним.

 

Ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз,

Тўғри йўлда кўзлари нам бўлмаймиз,

Яхшига дўст, ёмонликни билмаймиз,

Ёв енголмас аҳдимдасан, Ватаним.

 

Асло шувит қилмаймиз ой юзингни,

Нияти шу барча ўғил, қизингни.

Оқламоққа шаймиз нону, тузингни

Чин фарзандлик бахтимдасан, Ватаним.

 

 

Шоҳсанам ЭРГАШЕВА

БАЙРАМ ДАСТУРХОНИНГИЗ ЎЗИГА ХОС БЎЛСИН!

(1- сон) ДИЛ НОМАсИ

Янги йил байрами ҳар бир оила учун қадрли, инсон қалбига яқин байрамдир. Байрам дастурхонининг тўкин, файзли, лаззатли таомлар ва ширин пишириқларга бой бўлишига ҳаракат қиламиз. Бу борада уй бекаларининг ғайрати, диди ва саъй-ҳаракатлари муҳим саналади, албатта.

Зеро, гўзал дастурхон билан байрамларимиз яна-да мароқли ўтади. Шунингдек, фарзандларимиз қувончига-қувонч қўшган бўламиз. Бу шубҳасиз ҳар бир аёл-қизларимизнинг қўлидан келади.

Янги - 2017 йил барча хонадонларга шодлик ва барака олиб кирсин. Оиламиз тинч, дастурхонимиз тўкин, хонадонларимиз осуда бўлсин.

Нигора СОДИҚОВА,

Андижон шаҳридаги «Анҳор» қандолат ишлаб чиқариш корхонаси мутахассиси.

 

БАЙРАМ ПИРОЖНИЙСИ

Керакли масаллиқлар: 150 гр. маргарин, 1 пиёла ун, 4 дона тухум.

Кремига: мураббо ёки бир пиёла қуюлтирилган сут (сгущёнка), 150 гр. сариёғ.

Тайёрланиши: Идишга маргаринни солиб, ўртача оловга қўясиз. Устига бир пиёла сув қуйиб, аралаштирасиз ва бир пиёлада ун соласиз. Суви қуригунча қошиқ билан аралаштириб турасиз. Сўнг оловдан олиб, совутилади. Қоришма совугач, 4 та тухумни битта-битталаб чақиб соласиз ва яхшилаб аралаштириб оласиз.

Духовкани паст оловда қиздириб, тайёр бўлган хамирни товага бир ош қошиқдан соласиз ва 20 дақиқа давомида пиширасиз. Бу вақт ичида духовкани очиб юборманг.

Пирожний қизариб, кўтарилиб чиққач, очиб кўрасиз. Ва яна 45 дақиқадан сўнг духовкани ўчирасиз. Пирожний совугач, чеккасидан озгина кесиб, махсус шприцда мураббо ёки крем қуясиз.

 

«МЕҲМОН» САЛАТИ

Керакли масаллиқлар: 150 гр. колбаса, товуқ гўшти ва дудланган мол гўшти, бир донадан помидор, бодринг, 3 дона тузланган қора зайтун меваси, 150 гр. қаттиқ пишлоқ,  2 ош қошиқ майонез, кетчуп, туз.

Тайёрланиши: Барча масаллиқларни сомонча, зайтун мевасини айлана шаклида тўғрайсиз. Кейин туз ва майонез солиб, яхшилаб аралаштирасиз.

 

Тайёр бўлган салатни ликопларга солиб, устини кетчуп билан безайсиз.

"ЭПЧИЛЛАР" ЖАМОАСИ FОЛИБ

(1-   сон)

Вилоятимизда "Қадриятлар бешигисан - азиз маҳаллам" шиори остида "Маҳаллам - менинг тақдиримда" республика кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда маҳалла институти мавқеини юксалтириш, айниқса, ёшлар тарбиясида маҳалланинг ўрни ва ролини янада ошириш, маҳалла ёшларининг иқтидор ва имкониятларини тўлақонли намойиш этишлари учун имкониятлар яратиб бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, маҳалла ёшларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда "Маҳаллам - менинг тақдиримда" танлови ўзига хос аҳамият касб этмоқда.

Туман хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларни юксак маънавиятли, халқимизнинг миллий қадрият ва урф-одатларига ҳурмат, Она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур танловнинг Хўжаобод туман босқичида 37 та маҳалла жамоалари ўртасида ўтказилган ҳудудий    босқичларда ғолибликни қўлга киритган 5 жамоа белгиланган уч шарт асосида ўзаро баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, Манак қишлоқ фуқаролар йиғини Фақирқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинининг "Эпчиллар" жамоаси ғолиб чиқиб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

  - Танловга маҳалламиз раиси Абдукарим Файзуллаев, маслаҳатчи Эътиборхон Бекмирзаева раҳбарлигида ҳар жиҳатдан жиддий тайёргарлик кўрдик, - дейди "Эпчиллар" жамоаси аъзоси Саидахон Азимова. - Шу боис ҳам, асосан маҳалладаги "Ораста қизлар давраси" тўгараги аъзоларидан ташкил топган жамоамиз ғолиб бўлди. Бу бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди, энди танловнинг вилоят босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Д.Қорахўжаева,

 

Фақирқишлоқ МФЙ хотин-қизлар қўмитаси  бошланғич ташкилоти раиси.

ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДАГИ МЎЪЖИЗА

(1- сон) ҳикоя

Сайёра Қодиржоннинг қўлларини кафтлари орасига олиб, нафаси билан иситиб ўтирарди…

- Сенга айтгандим-ку, қор ўйнама, шамоллаб қоласан, деб! Нега доим гапимни икки қилаверасан?

- Кечиринг, аяжон, бошқа ундай қимийман!  Саккиз ёшдан ошган бўлса-да, ҳалигача тенгдошлари сингари гапира олмайдиган, талаффузда қийналадиган Қодиржон аясидан кўзларини олиб қочди.   Кейин нимадир эсига тушдими, бироз ўксиниш билан онасига юзланди:

- Ая, бугун мактабга боймийманми?

- Йўқ, устозингга ўзим айтиб қўяман.

Сайёра ўғлини кўрпага ўраб, тушлик тайёрлаш учун ошхонага чиқиб кетди. Бу орада опаси Сарвиноз мактабдан қайтди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, ойиси йўқлигига ишонч ҳосил қилгач,сочларига қўшиб майдалаб ўрилган зарларни апил-тапил еча бошлади.

- Кейдийзми, опа?  Сарвиноз укасининг ўраниб ётганини кўриб, ёнига ўтирди, эгилиб, пешонасини ушлаб кўрди.

- Зай опкейдийзми?

- Жим, аям билмасин! Қорбобо ҳаммамизга совға берди. Арча атрофида мазза қилиб ўйнадик… ҳайрат ва иштиёқ билан таассуротларини сўзлаб бераётган Сарвиноз онасини кўриб, жимиб қолди.

Икки йилдан буён бу уйда ҳеч ким Янги йилни байрам сифатида тилга олмайди. Чунки уч йил аввал айнан шу кунда Сарвиноз ва Қодиржоннинг дадаси Нодирбек Қорбобо кийимида уйга келаётиб, автоҳалокатга учраган, бевақт ҳаётдан кўз юмган. Шундан буён Сайёра нафақат Янги йилни, балки барча байрамларни ёмон кўриб қолган.

Бу уйда "байрам" сўзи қайта айтилмайдиган бўлган.

- Ая, бугун мактабга бояй. Тузайиб қойдим. Сайёра Сарвинознинг ҳам, Қодиржоннинг ҳам ҳамма гапларини эшитди. Аммо ўзини эшитмаганга олди.

- Болалар, тушлик тайёр, ўтириб овқатланиб олинглар. Дастурхон бошида биров чурқ этиб оғиз очмади. Сайёра ўйга чўмиб қолди. Қилаётган иши тўғримикин? Нодир акаси байрам куни вафот этган бўлса, болаларнинг айби нима? Ўша куни у Қодиржонга мактабга боришга рухсат бермади. Кечга бориб боланинг иситмаси баттар кўтарилди. Сайёра опа ноилож нариги кўчада турадиган укаси Давронга қўнғироқ қилди:

- Даврон, Қодиржоннинг иситмаси тушмаяпти, "Тез ёрдам"  етиб келгунча бизникига кела оласанми?

Даврон етиб келгач, орадан бироз вақт ўтиб, "Тез ёрдам" машинасида шифокорлар келиб, Қодиржонга керакли муолажа қилишди. Бола ухлаб қолди. Сайёра уйга қайтишга чоғланган Давронга "ёрилди":

- Даврон, болалар икки йилдан буён байрам нималигини билмай келишади. Агар иложи бўлса, Янги йил куни бизникига Қорбобо олиб келгин, деди.

Онаси бу йил болаларга Янги йил байрамини нишонлашга рухсат берди. Уйда арча безалган, турли-туман таомлар тайёрланган. Қодиржон Маугли мультфильмидаги айиқ, Сарвиноз эса қора йўлбарс либосини кийиб олган. Аммо… Қорбободан дарак бўлавермади.  Сайёра укасига бир неча марта қўнғироқ қилиб, тушолмади. Соат ўн икки бўлишига саноқли дақиқалар қолганда эшик тақиллади.

- Қорбобо келди! - Сарвинознинг шодон овози эшитилди. Ҳамма хурсанд, Қорбобо улар билан мазза қилиб ўйнади, совғалар берди, болалар унга шеърлар айтиб беришди.

Соат ўн икки бўлгач, ташқарида бирма-бир мушаклар порлай бошлади. Ҳаммалари томоша қилгани чиқишди. Сайёра Даврон унга қўнғироқ қилгани ҳақида уяли телефонига келган хабарни ўқиб, укасининг рақамини терди.

- Янги йилинг муборак бўлсин, Даврон!

- Раҳмат, опа, ўзингизга ҳам қутлуғ бўлсин! Болалар ухлаб қолишдими?

- Сен жўнатган Қорбобо билан мушакларни томоша      қилишяпти. Раҳмат сенга! Анчадан буён уларни бунчалик хурсанд кўрмагандим!

-    Опа, мен Қорбобо жўнатганим йўқ.

Сайёра ҳайратдан жимиб қолди.

- Мана бу шишали ўйинчоққа қараб ҳар бирингиз биттадан тилагингизни айтсангиз, у албатта, амалга ошади!   Ташқаридан кириб келган Қорбобо савол назари билан қадалган Сайёранинг нигоҳларидан кўзларини олиб қочди.

- Янги йил муборак бўлсин, Сайёр…

Унинг сўзлари худди Нодир акасини эслатиб юборди. Бундай бўлиши мумкин эмас...

Сайёра Қорбобонинг қўлидан шишали ўйинчоқни тортиб олди:

   - Мен… Ўғлимни тенгдошларидек равон гапиришини истайман!

- Мен бу тилакни бажаришга ҳаракат қиламан. Энди кетадиган вақтим бўлди…дея Қорбобо  болаларни қучиб, эркалаб хайрлашди.

- Кетманг! - Сайёра Қорбобонинг қўлларидан тутди. Лекин Қорбобо шошиб ташқарига чиқиб, кўздан ғойиб бўлди.

Сайёра кўнглига ширин туйғуларни солган Қорбобонинг кимлигини билолмай бир неча лаҳза қотиб қолди ва Қодиржоннинг кутилмаган ҳайқириғидан ўзига келди:

- Урре, бизникига ҳам Қорбобо келди-и!

Яратганнинг инояти билан  мўъжиза юз берди, қулоқларига ишонмади. Ўғли равон гапирарди. Сайёра хурсандликдан қизи ва ўғлини бағрига босганча унсиз йиғлар эди.

 

 

Ш. ЭШМИРЗАЕВА.

ВОЛЕЙБОЛЧИ ЁШЛАР МУСОБАҚАЛАШДИ

(1-   сон)

Андижон машинасозлик  институтида вилоятдаги академик лицейлар жамоалари ўртасида "Спортнинг оммавийлиги учун" шиори остида волейбол мусобақаси бўлиб ўтди.

Вилоятдаги олий ўқув юртлари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш мақсадида ўтказилган мусобақада 12 жамоа ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Мусобақанинг очилиш маросимида мамлакатимизда ёшларга, айниқса, уларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз имконият ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилганлиги таъкидланди.

Якуний натижаларга кўра, Андижон машинасозлик институти қошидаги 2-сон академик лицейи жамоаси барча рақиблари устидан ғалаба қозониб, биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Андижон машинасозлик институти қошидаги Бўстон академик лицейи, учинчи ўрин Андижон давлат университети қошидаги 3-сон академик лицейи жамоаларига насиб этди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Хайрулло ВАСИЕВ,

 

Андижон машинасозлик институти матбуот хизмати ходими.

ДИЛ НОМАЛАРИ

(1- сон)

БАЙРАМ ШУКУҲИ ҲЕЧ КИМНИ ТАРК ЭТМАСИН

Дилфуза ИМИНЖОНОВА, Ўзбекистон "Миллий тикланиш"  демократик партияси Жалақудуқ туман Кенгаши  ижроия қўмитаси раиси.

Якунланган йил мен учун эсда қоларли йиллардан бири сифатида хотирамда муҳрланиб қолди. Сир эмаски, кейинги йилларда мамлакатимизда сиёсий партияларга эътибор тубдан яхшиланди. Натижада жамиятимиздаги ижтимоий масалаларни ҳал этишда партияларнинг ўрни ва роли ортиб бормоқда. Айниқса, ўтган йили мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларида бошқа партиялар қатори  партиямиз аъзолари ҳам фаол иштирок этди.

Миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ҳамда сиёсий фаоллигини юксалтиришга қаратилган партиямиз фаолияти "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб номланган жорий йилда ҳам янада самарали бўлади. Хусусан, партия туман кенгаши фаоллари фуқароларнинг жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини, сиёсий, ҳуқуқий билимларини ҳамда фаоллигини, айниқса, тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш учун астойдил меҳнат қилади. Асосий мақсадимиз, фаол, фидойи фуқаролар сафини кенгайтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашга муносиб ҳисса қўшишдир.

Гўзал, улкан  орзулар билан кириб келган Янги йил барчага муборак бўлсин.  Тобора чирой очиб, гуллаб-яшнаётган озод ва обод юртимизга кўз тегмасин.

Партиядошларимизга, барча юртдошларимизга Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги, тинчлик ва осойишталикни, таъминлаш йўлида олиб бораётган ишларида омадлар тилайман.

 

Аёлнинг оиласи тинч бўлсин

Шаҳноза ИСМОИЛОВА, "Ўзбекистон почтаси" АЖ Андижон вилоят филиали Шаҳрихон почта алоқа тармоғи оператори.

Аёл -ҳар қанча эъзоз ва эҳтиромга лойиқдир. Шу ўринда эътироф этиш керакки, аёлнинг оиласи тинч бўлсагина жамият ишида фаол иштирок эта олади. Шукрки, оилам тинч, икки нафар ўғлим бор, уларга суннат тўй қилдик. Уларнинг соғ-саломат униб, ўсаётганлигини, камолини кўриб, қувонаман. Менга ҳамиша кўмак ва маслаҳатлар берадиган қайнотам ва қайнонам сабаб уй юмушларидан ортиниб, ишда ҳам илғор ва фаол бўлишга интиламан. Зиммамдаги вазифаларни бекаму кўст адо этиш учун астойдил ишлайман.

Жамоамиз жуда аҳил бўлганлиги учун ҳам барча ишларимизни намунали йўлга қўйганмиз. Айниқса, Маъмурахон Fуломова, Муқаддамхон Ашурматова, Нозима Авилова сингари ҳамкасбларим сингари кўплаб ҳамкасбларим билан аҳолига сифатли почта хизмати кўрсатиш, пул жўнатмалари, обуна нашрларини эгаларига ўз вақтида етказиб бериш  ишига ҳисса қўшаётганлигимдан фахрланаман.

Кириб келган Янги йил барчамизга хайрли бўлсин. Янги йилда қалбимиздаги жамийки эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин. Барча ҳамкасбларимга, опа-сингилларимизга сиҳат-саломатлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларига тўкинлик тилайман.

 

Ҳунар инсонни улуFлайди

Нафисахон МИРЗАЕВА, Андижон тумани, ҳунарманд.

"Ҳунар инсонни улуғлайди" деган гап бежиз айтилмаган. Бунга ҳаётим мисолида яна бир бор амин бўлдим. Албатта, бирор ҳунарни қунт билан ўрганиш, ўз ишининг моҳири даражасига эришиш осон эмас. Бироқ астойдил ҳаракат қилинса, киши ҳамма нарсага эришиши мумкин.

 Ҳозирда ўзим яшаётган Оғуллиқ маҳалласида чеварлик билан шуғулланиб келаман. Шу билан бирга, устоз-шогирд анъанаси асосида ўн нафардан ортиқ маҳалламиз қизларига аёллар ва келинлар либосларини ҳамда элита пардалар тикиш сирларини ўргатиб келяпман.

Ҳунарим ортидан кам бўлмадим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Тикилаётган либосларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратаман, шу боис ҳам мижозларим жуда кўп. Айниқса, ёши катта онахонлар хизматимдан рози бўлиб дуо қилиб алқашади. Шунда кўнглим тоғдек кўтарилиб, илҳомланаман, ҳунаримга бўлган меҳрим ошади. Одамларга нафим тегаётганлигидан, шогирдларим мустақил иш бошлаб, ўз оилаларига даромад келтираётганлигини кўриб, шу ҳунарни танлаб асло адашмаганлигимни ҳис этаман.

Янги йилда олдимга катта режалар қўйганман. Энг аввало, мени ҳамиша қўллаб турган яқин инсонларим тинч бўлсин. Қолаверса, фаолиятимни янада кенгайтириш, ўқув маркази очиш ниятим бор. Мақсадим маҳалладаги бўш ўтирган қиз-аёлларга турли ҳунарларни ўргатиш орқали уларнинг даромад топишларига кўмаклашиш.  Янги йил барчамизга омад ва бахт олиб келсин.