+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"СОFЛОМ ҲАЁТ - САЛОМАТЛИГИМИЗ ГАРОВИ"

(1- сон)

Андижон шаҳар маиший хизмат касб-ҳунар коллежида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Иқбол" газетаси таҳририяти ҳамда вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида "Соғлом ҳаёт - саломатлигимиз гарови" мавзусида семинар ўтказилди.

"Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти доирасида амалга оширилаётган "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови" лойиҳаси асосида ўтказилган ушбу семинарда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари, шифокорлар иштирок этиб, мавзу доирасида ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбирда сўз олган коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Д. Ризаев, "Иқбол" газетаси муҳаррири Ф. Ибайдуллаев ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб этиш масаласининг долзарблиги ва аҳамияти, лойиҳа ва семинарнинг мақсади, вазифалари хусусида атрофлича гапирдилар.

Шундан сўнг Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчиси М. Бозорова, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши қошидаги "Ўқув-услубий марказ" нодавлат таълим маркази вилоят координатори О. Тожиаҳмедова, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси Ж. Мамадалиеванинг  мавзу доирасидаги маърузалари тингланди.

Семинар давомида маърузалар,  мавзу юзасидан савол-жавоблар бўлди, ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Якунда семинарда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчиларга таҳририятнинг эсдалик совғалари -  соғлом турмуш тарзига ҳамда, саломатликка оид адабиётлар тўплами тақдим этилди. Барча иштирокчиларга "Иқбол" газетасининг махсус сонлари ва буклетлар тарқатилди. 

Муқаддас Мамасиддиқова,

 

коллеж хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси. 

ДУОГЎЙ ОНАЛАРИМИЗ ОМОН БЎЛСИН

(1- сон) Юз билан юзлашганлар

Хўжаобод туманидаги Гарагура маҳалласида ўзининг табаррук юз ёшини қарши олган Хайринисо момо Раҳмонова эл-юрт ардоғида истиқомат қилмоқда.

Онахон ҳаёти давомида не-не воқеаларнинг гувоҳи бўлмади дейсиз. Қаҳатчилик, очарчилик, қатағон йиллари, Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатлари, урушдан кейинги қийинчиликлар - ҳамма-ҳаммасига жонли гувоҳ. Унинг ҳаёт йўли кўплар учун ибрат мактабидир. Ёшига нисбатан тетик, юз-кўзларидан нур ёғилиб турадиган онахон юрт тинчлиги, ҳаётимиз тўкинлигига шукроналар айтиб, дуо қилишдан чарчамайди.

Янги йил байрами арафасида момонинг ҳузурида бўлиб, дилдан суҳбатлашдик. Суҳбат асносида онахон бир кулиб, бир оғир тин олиб, ўтмиш хотираларини сўзлаб берди.

- Ёшлигимда бирор бир ҳунар ўрганишни жуда хоҳлардим, - дейди биз билан суҳбатда. - Лекин бунга имкон бўлмади, жамоа хўжалигида ишладим.  Оила қуриб, 12 нафар фарзанд кўрдим. Шундан 8 таси ҳозир ҳаёт. Урушдан олдинги, уруш давридаги қийинчиликлар, оғир меҳнат азобларини чевараларимга гапириб бераман. Илойим, ундай кунларни ҳеч ким кўрмасин.

Хайрихон момо кўп меҳнат қилди, умр мазмунини ҳалолликда, меҳнатда деб билди, шу боис ҳам юрт орасида ҳурмат-эътибор топди.   Момонинг учинчи фарзанди, 66 ёшли Орифжон ака қуйидаги воқеани айтиб берди:

- Маҳаллада раис бўлиб ишлаб юрган йилларимда бир куни юқоридан вакил  келиб, қишлоқни айланди. Кейин йиғилиш ўтказиб, гап орасида шундай деди:

- Бир ҳовлининг дарвозаси очиқ экан, кўзим тушиб қолди, қарасам, кекса бир кампир макка ўряпти. Fайратига тан бердим-ей. Маҳалланинг кексалари шунчалик бўлса, ёшлари унданда ғайратли, шижоатли бўлса керак. "Ўша ғайратли кампир менинг онам", - дедим ғурурланиб. Агар онамга қўйиб берсангиз, ҳозир ҳам қандайдир иш билан машғул бўлишга ҳаракат қилади. "Одамлар кўриб, шунча ўғиллар, келинлар туриб, юзга кирган кампир иш қилаяпти, деб гапиришади, қўйинг она", десак, "иш қилгим келади, бекор ўтиравераманми", деб кўнмайди-да.  Онамиз умрида касалхонада ётиб,  даволанган эмас. Оғриб қолса, дориларни ҳам зўрға ичирамиз. Шу ҳаракати, меҳнат туфайли соғлом, яхши юради-да.

Тўғриси, онахонга жудаям ҳавасим келди. Невара, чевара келинлари онахоннинг атрофида парвона, Кексалик бахти ҳам аслида шу эмасми?.

Онахоннинг умр йўлдоши раҳматли Абдужаббор ота деҳқон одам эди. Ер билан тиллашишни, чорвани яхши биларди. Отасига тортиб фарзандларининг кўпчилиги чорвадор, пахтакорлик касбида ишлаб, нафақага чиқишди. Оталарининг оламдан ўтганига салкам 40 йил бўлибди. Ўтган йиллар ичида фарзандлари Хайринисо онани сира ёлғизлатишмади. Ҳамиша унинг кўнглини, бағрини тўлдириб, дуоларини  олишди.

- Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин, - дейди онахон қўлларини дуога очиб, - шундай дориломон кунларга етказганига шукр. Илоҳим, юртимиздаги тинчликка, тўкинликка кўз тегмасин. 

   Ўзларининг панду насиҳатлари, дуолари билан бизни алқаб яшаётган Хайринсо момо сингари табаррук оналаримиз бахтимизга соғ-омон бўлсин.  

 

Раҳимахон АБДУРАҲМОНОВА.

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ - ОИЛАВИЙ БАЙРАМ

(1- сон) ўқинг, қизиқ

Ҳар йили 31 декабрда дунёнинг аксарият мамлакатларида янги йил байрами нишонланади.  Лекин ушбу байрам турли давлатларда турлича кутиб олинади.

Ҳозирги янги йилни  биринчи бўлиб римликлар нишонлашган. Яъни, эрамиздан аввалги 46-йилда Юлий Цезар янги тақвим жорий этган. Унга кўра, Янги йил - 1 январдан бошланган. Одамлар бу куни бир-бирларига совғалар улашишган.

Йиллар ўтиши билан турли халқлар янги йил байрамини ўз урф-одатларидан келиб чиқиб, нишонлай бошлаган. Лекин кўплаб халқларда ушбу байрам - оилавий байрам сифатида кутиб олиниши урфга кирган. 

Жумладан, юртимизда ҳам янги йил байрами асосан оила даврасида нишонланади. Истироҳат боғлари, хиёбонлар ва маҳалла гузарларида арчалар безатилади. Байрамга тайёргарликлар бир неча кун аввал кўтаринки кайфиятда бошлаб юборилади. Байрам кунида эса ҳар бир хонадонда байрамона дастурхон тузалади, оила даврасида ота-оналар, қариндош-уруғлари билан биргаликда хурсандчилик қилинади. Шу баҳона яқинлардан хабар олинади, барча инсонлар бир-бирларига эзгу ниятлар билдирадилар.

Янги йил байрами қаерда, қандай кутилиши ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий. Янги йилни турли халқлар қуйидагича кутиб олади:

Шотландияда Янги йил кечасида одамлар эшикка термулиб турадилар. қора сочли киши келиб: "Бу хонадоннинг қозони ҳамиша қайнаб турсин", деб бир парча кўмир ташлаб кетади.

Венгрияда Янги йил дастурхони жуда чиройли безатилади. Аммо, парранда гўшти қўйилмайди. Чунки парранданинг қаноти бор. Парранда учиб кетса, хонадон бахтини кўтариб кетади, деб ирим қилишади.

Японлар эски йилнинг охирги кунида ҳамма идишлардаги сувни тўкиб ташлайдилар ва булоқдан янги сув олиб келиб, кутиб ўтирадилар. Эски йил тугаб, қўнғироқлар бонг ургач, катта-ю кичик булоқ сувига ташланади. Улар эски йилдаги гуноҳларини ювишади. Сўнгра тўкин дастурхон атрофига ўтирадилар.

Ҳиндистонда Янги йил куни одамлар маҳалла ва кўчаларни гул билан тўлдиришади. Ривоятда айтилишича, шу куни энг адолатли подшоҳ Махабали келиб, фуқароларга ризқ-насиба улашаркан.

Ветнамда Янги йил кечаси дўстларга янги шафтоли новдаси совға қилиш ва улар билан гулхан атрофида мириқиб суҳбатлашиб ўтириш одат тусига кирган.

Гвинияда Янги йилнинг биринчи кунида фил етаклаб юришади. Чунки бу давлатда филлар саломатлик ва тинчлик рамзи саналади.

Судан аҳолиси Янги йил кечаси бахт рамзи сифатида бир-бирларига кўк ёнғоқ улашадилар. Ҳар бир кунимиз тўкин-сочин бўлсин, деган ниятда кўчаларга ҳам ёнғоқ сочадилар.

Италияда Янги йил кечаси одамлар жуда эҳтиёт бўлиб юрадилар. Чунки, италияликлар уйларидаги яроқсиз буюмларни янги йил кириши арафасида деразадан кўчага улоқтиришади.

Умида СОТВОЛДИЕВА,

Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи она тили ва адабиёти фани

 

ўқитувчиси.

ДИЛ НОМАЛАРИ

(1- сон)

МЕҲНАТ ҚИЛГАН КАМ БЎЛМАЙДИ

Замирахон Кимсанова, "Давр садоси"  газетаси муҳаррири, халқ депутатлари Пахтаобод туман кенгаши депутати.

Мен кўп йиллар давомида матбуот соҳасида меҳнат қилдим. Энг аввало, инсон қадри, меҳнатлари улуғланадиган Ўзбекистондай жаннатмонанд юртда туғилганимга шукроналар келтираман. Шукрки, оилам тинч, фарзандларимни эл-юрт хизматига камарбаста инсонлар қилиб вояга етказдим, уйли-жойли қилдим.

Фаолиятим тақазоси билан мамлакатимизда, вилоят ва туманимиз ҳаётида, халқимиз онг-шуурида бўлаётган ўзгаришларни бевосита кузатиб бораман. Айниқса, мустақилликнинг ўтган қисқа даври мобайнида амалга оширилган ишлар асрларга татийди. Туман ойнаси бўлган газета саҳифаларида ана шу ўзгаришларни, қолаверса, хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш билан боғлиқ материалларни тарих саҳифаларига муҳрлаганимдан фахрланаман. Ҳаётимда шунга амин бўлдимки, меҳнат қилган инсон ҳеч қачон эътиборсиз қолмас экан. Менинг ҳам камтарона меҳнатларим инобатга олиниб, "Шуҳрат" медали билан тақдирланганимдан беҳад мамнунман. 

Якунланган йил кўплаб     хайрли ишлар билан хотирамда ўчмас из қолдирди. "Умра" зиёратини адо этдим. Бир сўз билан айтганда, юртимнинг бахтли аёлларидан бириман. Янги - 2017 йил билан барчани табриклайман. Ватанимиз     тинчлигига, халқимизнинг фаровон ҳаётига асло кўз тегмасин.

 

Маънавиятдан устун нарса йўқ

Зилола Тоштемирова,

Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича

ўринбосари.

Ҳаётда инсон учун маънавий бойликдан устунроқ нарса бўлмаса керак. Чунки ташқи чирой эмас, балки қалб ва идрок гўзаллиги инсонни камолотга етказади. Маънавият кишини руҳан пок бўлишини, қалбан улғайишини таъминлайдиган руҳий куч берувчи манбаадир.

Таъкидлаш жоизки, халқимизнинг миллий маънавияти асрлар давомида шаклланган, унинг тарихи минг-минг йиллар қаърига бориб тақалади. Шу боис ҳам, миллатимиз маънавиятини халқимиз ўтмиши, анъана ва урф-одатлари, қадим миллий қадриятлари, буюк аждодларимиз томонидан яратилган улкан маънавий, илмий мерослардан айро тасаввур қилиш мумкин эмас.

Юксак маънавиятли инсон тарихга, миллий қадриятларимизга ҳеч қачон бефарқ қарамайди, унинг сарчашмаларидан сув ичмасдан яшай олмайди. Ўзининг фаоллиги, эл-юрт ишига қамарбасталиги, Ватан равнақи йўлида фидойилиги, эзгу ва хайрли ишлари билан кўпларга ибрат бўлади. Шу маънода янги йил ҳар бир юртдошимиз маънавиятини янада бойитадиган, қалбларига эзгулик улашадиган йиллардан бири бўлиб қолсин.

 

Қадр топган аёлман

Хайринса ҲАЙДАРОВА, Балиқчи туманидаги "Антекс гроуп" масъулияти чекланган жамияти қайта ўраш оператори.

Мустақиллик ўзбек аёлига бахт, эркин меҳнат қилиш имконини берди. Шу туфайли жамиятимизда илғор ва фаол аёллар сафи ортиб бормоқда. Бугун республикамизнинг чекка-чекка   қишлоқларида ҳам саноат ривожланиб, янги иш ўринлари яратиляпти. Ҳалол меҳнатидан барака топиб, фаровон турмуш кечираётган опа-сингилларимизда мустақил мамлакатимиз эртасига бўлган ишонч ортиб, ўз меҳнатлари билан Ўзбекистон равнақига  ҳисса қўшишни фуқаролик бурчи эканлигини англаб етишмоқда.

Одатда инсон эски йил билан хайрлашиб, янги йилни кутиб олаётган кунларда ортига боқиб, ўтган умрини, бажарган ишларини сарҳисоб қилади.Янги-янги режалар тузади. Шу маънода айтишим мумкинки, мен ўз ҳаётидан кўнгли тўлиб яшаётган бахтли аёллардан бириман.Тўқувчилик касбини танлаб кам бўлмадим. Бу йил меҳнат фаолиятимни бошлаганимга 31 йил тўлди. 2009 йилдан "Антекс гроуп" масъулияти чекланган жамиятида қайта ўраш оператори бўлиб ишлаб келмоқдаман. Калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамизда  500 дан зиёд хотин-қиз меҳнат қилади. Сўнгги русумдаги замонавий дастгоҳлар меҳнат унумдорлигини ортишига кўмак бермоқда. Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг 10 фоизи ички бозорда сотилаётган бўлса, 90 фоизи чет давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхонанинг иқтисодий салоҳияти юксалиб боргани сайин ишчилар учун яратилган шароитлар яхшиланиб, моддий манфаатдорлик ҳам ортмоқда. Қизларим Наргиза ва Зарнигор, ўғлим Хайдарали ҳам менинг касбимни танлашган.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига кўра кўплаб юртдошларимиз қатори  мен ҳам "Шуҳрат" медали билан тақдирландим. Мендек оддий қишлоқ аёлининг камтарона меҳнатлари бундай юксак мукофотга муносиб топилганидан қалбим чексиз фахр ва ифтихорга тўлди. Буни  Ватанимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган бутун туманимиз аёлларининг меҳнатига берилган  баҳо деб биламан.

Бундай қадр ва эъзоз учун ҳукуматимиздан, халқимиздан миннатдорман. Менга билдирилган ишончни оқлаш йўлида астойдил меҳнат қиламан. Янги йил юртимиздаги барча хотин-қизларга бахт ва омад келтирисин.

 

 

Интилган албатта, мақсадига етади

Нилуфар КАМОЛКАРИМОВА, "Ипотекабанк" АТИБ Андижон вилоят филиали ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи.

Мамлакатамиз тараққиёти учун банк ва банк хизматининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис бу соҳада ишлаш катта масъулият талаб этади. Шу соҳага қизиқишим кучли бўлгани учун Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаб, 17 йилдан буён банк тизимида фаолият юритиб келаман. Болалигимдан орзу қилган, ўзим севган касбнинг машаққатларига елка тутиб ишлаётганимдан завқ оламан.

Вилоятимиз иқтисодиётини ривожлантиришда банкимизнимнг алоҳида ўрни бор. Айниқса, турли йўналишлардаги кредитларимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганлигидан беҳад мамнунмиз. Айни кунда 127 нафар ходим меҳнат қилаётган жамоамиз зиммаларидаги вазифани ситқидилдан адо этиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётганликларини алоҳида эътироф этишни истар эдим.

Аёл киши учун ҳам ишлаб, ҳам оила ишлари билан шуғулланиш бирмунча қийиндек туюлади, бироқ интилиш ва сидқидилдан меҳнат қилинса, бари кўнгилдагидек бўлишига фаолиятим мисолида амин бўлдим.

Астойдил ҳаракат қилган аёл нафақат, мақсадига етади, балки оиласида, жамиятда ҳам ҳурмат-эътибор топади. Мен ҳам ҳар куни ишдан қайтиб, оилам тинчлигидан хотиржам бўламан, неварамни бағримга босиб, чарчоқларимни унутаман. 

Мана янги 2017 йил ҳам кириб келди. Мен янги йил билан барча аёлларни, ҳамкасбларимни муборакбод этаман. Уларга, оилаларига тинчлик-хотиржамлик ва осойишталик тилайман.

 

МаҲалла тинч - юрт тинч

Муаззамхон Каримова, Улуғнор туманидаги Шаҳриобод маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбиямасалалари бўйича маслаҳатчиси.

Мен ушбу вазифада 2007 йилдан буён ишлаб келаман. Маҳалладаги ҳамжиҳатлик, оилалар тинчлигини мустаҳкамлашдек ҳайрли ишга ҳисса қўшаётганлигим, одамларга нафим тегаётганлигидан хурсандман.

Маҳалламизда айни пайтда 519 та оила тинч-фаровон истиқомат қилмоқда. 2750 нафар аҳолининг 1400 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалламизда фаоллар ҳамда турли йўналишларда иш олиб бораётган доимий комиссия аъзолари ҳамкорлигида оилаларнинг тинч, фаровон ҳаёт кечиришлари, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ўртасида салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш, тўй, маърака ва бошқа маросимларни ихчам ва дабдабасиз ўтказиш, умуман, барча йўналишлар бўйича кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ижобий натижаларга эришяпмиз.

Маҳалламизда қандолатчи Қумрихон Раҳмонова, оилавий тадбиркор Қимматхон Тўрақулова, чеварлар Умринсо Икромова ва Хуршидабону Шeрматовалар самарали фаолият юритиб келмоқда.

Прeзидeнтимиз ташаббуси билан кириб кeлаётган янги йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дeб эълон қилинди. Бундан айниқса, биз маҳалла ахли бeҳад қувондик. Чунки жорий йилда фуқаролар манфаатлари ҳимоясига эътибор янада кучаяди. Янги йил барча юртдошларимизга бахт ва омад олиб келсин.

 

ХАЛҚИМИЗ ДАСТУРХОНИ ТЎКИН БЎЛСИН

Махбубахон КЕНЖАЕВА, Бўз туманидаги "Маҳбубахон Кенжаева" фермер хўжалиги раҳбари.

Тан олиб айтиш керакки, мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида деҳқонларга улкан имкониятлар эшиги очиб берилди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, фермерлик фаолиятини ривожлантириш, фермерларнинг эркин фаолият юритишлари учун қулай ва зарур шароитлар яратилди. Фермерлик ҳаракатининг дастлабки йилларидан бошлаб шу соҳада фаолият юритиб келаман. Ҳозирда хўжалигимиз 70 гектар майдонда деҳқончилик қилади, 40 нафар аъзоимиз бор. Уларнинг самарали меҳнатлари билан дон етиштириш ҳамда ғўза парваришидаги барча  ишлар ўз вақтида, агротехник талаблар асосида олиб борилмоқда. Шу боис ҳам ҳар йили ғалла ва пахтадан юқори ҳосил олиб, белгиланган режаларни ортиғи билан бажариб келамиз.

Фермерликнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Айниқса, бу иш масъулият, қунт ва жонкуярлик талаб этади. Шукрки, меҳнат қилиб кам бўлмаяпмиз. Замонавий уйлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз. Оиламиз бут, дастурхонимиз тўкин. Буларнинг бари юртимиз тинчлиги, инсон меҳнатининг улуғланишидан. 

Бугун бахтли оиланинг бекаси, уч нафар фарзанднинг онаси, етти набиранинг бувисиман. Уларнинг камолини кўриб қувонаман. Аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ва бунга эришиш учун инсонда сабр-тоқат, меҳнатсеварлик, куч-шижоат ва албатта, ҳамжиҳатлик керак бўлади.

Янги йил деҳқон ва фермерларимиз, юртимиз учун баракали йил бўлишини тилайман, халқимизнинг дастурхони тўкин бўлсин.

 

 

УМИДЛИ ЁШ ИЖОДКОР

(1- сон) Биринчи китоб

Ижод олами оҳанграбо сингари беором кўнгиллларни ўзига ром этади. Шунданми, бугун шеъриятга, адабиётга қизиқувчи ёшлар талайгина. Улар ўзларининг шеърий ва насрий машқлари билан ижод бўстонига бир-бир қадам қўймоқдалар.

 Юрагида мен ижодкор бўламан, деган орзу қалқиб турган ана шундай ёшлардан бири избосканлик Мадинабону Ҳабибуллаевадир. У шеъриятга ўзгача меҳр қўйган . Ана шу меҳр ва бу қизиқиш қўлига қалам олиб, турли мавзуларда ашъорлар битишига туртки бўлди.

Мадинабону 2002 йили Избоскан туманининг Янги замон қишлоғида туғилган. Ҳозирда тумандаги 34-умумтаълим мактабида таҳсил олади. Мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, шеърият тўгаракларига қатнашади.

Ёш, ҳаваскор ижодкорнинг ютуқларидан бири яқинда унинг "Yangi kitob" нашриётида "Вақт қадри" номли илк шеърий тўплами нашрдан чиқди.  Ушбу мўъжаз китобда Ватанга муҳаббат, табиатга меҳр, ота-онага ҳурмат, садоқат ва вафо мавзулари тараннум этилган. Тўпламдан жой олган ижод намуналарида  ёш қизнинг кўнгил кечинмалари, унинг беғубор қалби ва самимий туйғулари яққол акс этади. Умид қиламизки, Мадинабону бу билан чегараланиб қолмайди. Ўз устида ишлайди, ўқиб-ўрганишдан тўхтамайди, келгусида янада чиройли ва мазмунли шеърлар ёзиб, шеърият ихлосмандларини хушнуд этади.

 

"Иқбол" газетаси таҳририяти.

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Муҳаммад ЮСУФ.

ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИ

Кўнгил маъюс тортди йилнинг сўнгида,

Билмам, ниманг билан сеҳрладинг, қор.

Бугун куппа-кундуз кўзим ўнгида,

Яна бир ёшимни ўғирладинг, қор.

 

Қирқинчи қасримга ўтайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?..

Баҳорим етгудек қўлим узатсам,

Етолмай дилимни не деб юпатсам.

 

Лайлакқор, азизим, ғалат байрам бу -

Кулиб кузатсамми, йиғлаб кузатсам…

Дардим жим ичимга ютайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?

 

Сўрсанг, севинчимдан ўкинчим кўпроқ,

Сендан-да кумушроқ сочимдаги оқ.

Йилим келмай туриб, йилим кетмоқда,

Кўзда табассум-у киприкда титроқ.

Мен ҳам сал шошдим-да, қайтайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?

 

Янги йил,

Келавер қандай келсанг ҳам,

Кимлар етди сенга, кимлар етмади.

Сен янги йўлдошсан, сен янги ҳамдам,

Йўқлаб келганингни ўзи бир байрам.

Қулоғингга бир гап айтайми, энди,

Кечаги ёшлигим эртакми, энди…

 

Янги йил ташрифи

Барчамизда ҳаяжон,

Шодликларга тўлар дил.

Бахт улашиб бир жаҳон,

Кириб келди Янги йил.

 

Оқ либосга бурканар,

Бутун олам, дала, қир.

Кўм-кўк арча безалар,

Кириб келди Янги йил.

 

Пок нияту тилаклар,

Изҳор этар бу кўнгил.

Орзу, истак юксалар,

Кириб келди Янги йил.

 

Жарангласин шўх кулгу,

Юракдан кетсин хижил.

Юртга таралсин ёғду,

Хуш келибсан, Янги йил!

Машҳура БОТИРОВА,

Пахтаобод тумани.

 

Севаман, Ватан...

Гулларга бурканар, яшилдир боғинг,

Fурурга қиёсдир  улкан тоғларинг,

Ўтади ҳар лаҳза бахтиёр чоғим,

Сени шундай ўтли севаман, Ватан.

 

Илмга интилар ҳар бир ёш авлод,

Кунларинг нурафшон, кўчалар обод,

Сенла қувончлидир бу гўзал ҳаёт,

Сени шундай ўтли севаман, Ватан.

 

Кўз қорачиғимдек сени асрайман,

Қучоғингда ором олиб яйрайман,

Ҳеч бир юртга сени мен алишмайман,

Сени шундай ўтли севаман, Ватан.

Гулноза РАСУЛОВА,

Қўрғонтепа индустриал-педагогика коллежи ўқувчиси.

 

Қиш ҳаёллари

Ҳовлида изғирин кезиб юрибди,

Айвонда титрайди бир жуфт мусича.

Деразам ортида рақс тушгандай,

Шамолга жўр бўлар ажиб мусиқа.

 

Юлдузлар осмонда сўниб борган дам,

Бутун борлиқни лайлакқор безар.

Оппоқ тонглар отар оқликка чўмиб,

Қалбимда кучли бир ҳаяжон кезар.

 

Янги йил тонгида янгича олам,

Кўзимда намоён бўлар бир сеҳр.

Орзулар бошимдан ёғар қор бўлиб,

Митти юрагимда улғаяр меҳр.

 

Малика ТУРСУНОВА,

Андижон тумани.

 

Қиш завқи

Завққа тўлиб болалар,

Шодланиб чопар ҳар ён.

Ёғаяпти лайлак қор,

Қувончлари бир жаҳон.

 

Бир-бирини чорлашиб,

Яхмалак тайёрлашди.

Сирпанишиб, кулишиб,

Қорбўронлар ўйнашди.

 

Қишнинг гашти бўлакча,

Шодлик тўлар кўнгилга.

Ёғаверсин оппоқ қор,

Завқ улашиб ҳар дилга.

Мохи ДИЛ,

Асака тумани.

 

СоFинганимда...

Cоғинганда кўзларим муштоқ,

Талпинади юрак сен томон.

Минг чорладим ёнимга ёрим,

Бир бор келмай қийнадинг ёмон.

 

Ўтар кўздан кулиб боқишинг,

Нозлар этиб дилни ёқишинг,

Ё севгига йўқми хоҳишинг,

Соғинчларда қолганим ёмон.

 

Сен тушмисан, ёки рўёми,

Ёритасан ойдек самони,

Боғларимнинг ўзинг райҳони,

Дилга дардлар солганинг ёмон.

 

Излайвериб сабрим қолмади,

Сенга ошиқ мендай бормиди,

Сенга бўлган севгим сўнмади,

Ёнгинамда йўқлигинг ёмон.

Баҳодир УСМОНОВ,

 

Андижон шаҳри.

ЮКСАК МАРРАЛАР САРИ

(1- сон) Спортимиз юлдузлари

Асака туманида спортга қизиққан, бу борада салмоқли ютуқларни қўлга киритаётган ёшлар талайгина. Улардан бири Мохигул Аҳмаджоновадир. У болалигидан ўзбек жанг санъати спорт тури билан шуғулланиб келади. Тумандаги 8-умумтаълим мактабида  бошланғич синфда таҳсил олаётган пайтидаёқ у-шу тўгарагига қатнай бошлаган. Кейинчалик эса мураббий Акмал Алиевдан ўзбек жанг санъати спортининг сир-асрорларини пухта эгаллашга киришади. Ундаги иқтидор ва салоҳиятни кўрган устози унга ишонч билдириб, спорт мусобақаларига қатнашиши учун оқ йўл тилади.

Эндигина ўзининг 17 ёшини қарши олаётган Мохигул ўзбек жанг санъати бўйича кўплаб республика ва халқаро мусобақаларда ғолиб бўлди.   У биринчи йирик ғалабасини ҳали ҳамон хаяжон билан эсга олади. 2009 йили Ўбек жанг санъати федерацияси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон кубоги мусобақасида биринчи ўринни эгаллаб, ўзининг иқтидор ва салоҳиятини кўрсата олди.

Йиллар давомида у тинимсиз машқ қилди, ўз устида ишлади, кўплаб мусобақаларда қатнашиб, маҳоратини оширди. Ўзбек жанг санъати спроти бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

2015 йили Мохигул Жанубий Кореяда ўтказилган "Бутунжаҳон шарқ яккакурашлари ва жанг санъати фестивалида" иштирок этиб, жамоа таркибида биринчи, якка беллашувларда иккинчи ўринни эгаллади, Бундан ташқари,  Жанубий Кореядаги "Дунё ҳарбий санъати бирлашмаси"нинг махсус сертификатини олишга сазовор бўлди. Ана шу ғалабалари билан Моҳигул халқаро ареналарда мамлакатимиз байроғини баланд кўтарди, ўзбек ёшлари нималарга қодир эканлигини кўрсатди.

- Fалабаларим билан юртимиз шуҳратини оширишга ҳисса қўшаётганлигимдан, устозларим ишончини оқлаётганимдан мамнунман, - дейди иқтидорли ёш спортчи Мохигул Аҳмаджонова. -  Юртимизда мен каби ёшларга спорт билан шуғулланишимиз, ўз имкониятларимизни юзага чиқаришимиз учун барча шароитлар яратиб берилаётганлиги ютуқларимнинг муҳим омили эканлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Мен мана шундай юрт фарзанди эканлигимдан     фахрланаман, Ватанимга муносиб бўлиш учун бор имкониятларимни ишга соламан.

Дарҳақиқат, иқтидорли  ёш спортчи қизимиз келажакда ҳали бундан-да катта ютуқларни қўлга киритишига асло    шубҳа йўқ. Чунки унда ўзига ишонч, ғалабага бўлган кучли иштиёқ бор.

Албатта, биз ҳам унинг эзгу ниятларига тилакадошмиз. Янги йил  Мохигул ва у сингари спортчи ёшларимизга фақат омад келтирсин.

 

Хосият СИДДИҚОВА.

ДИЛ НОМАСИ

(1- сон)

Жамиятда ФАОЛ АЁЛЛАРнинг ўрни баланд

Умадахон ИСАЕВА, ЎзЛиДеП  Андижон вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири.

Жорий йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"  деб эълон қилинганлиги фуқаролар манфаатини ҳиммоя қилиш, уларнинг сиёсий фаоллигини ҳамд ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаради.  

Айни кунда 17 минг нафардан зиёд аъзони, жумладан, 7371 нафар хотин-қизни ўз сафига бирлаштирган УзЛиДеП вилоят кенгаши аёлларнинг сиёсий   фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини кўтариш борасида қатор самарали ишларни хусусан, хотин-қизлардаги етакчилик фазилатларини аниқлаш, ёш қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббускорликларини, тадбиркорлик йўналишидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш  масалаларида эътиборга молик ишларни олиб бормоқда.  

Айниқса, партиямиз томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, оила, оналик ва болаликни ҳимия қилиш, уларнинг ҳуқуқий, иқтисодий билимларини ошириш, маънавиятини юксалтириш, ижтимоий ва интеллектуал билим даражасини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда.  "Оилавий тадбиркорликдан мустаҳкам оилага", "Соғлом оила - мустаҳкам оила","Фермер аёллар" лойиҳаси, "Ишбилармон аёл" кўрик-танлови орқали опа-сингилларимизнинг тадбиркорлик борасидаги фаолиятлари қўллаб-қувватланмоқда.

Бугунги кун аёли жамият ҳаётининг ҳар соҳасида фаол бўлиши керак. Шу маънода партиямиз аъзоси бўлган 23 нафар аёл халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят кенгаши депутати сифатида фаол аёллар сафини кенгайтириш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.

 

Сўзимни мухтасар қилиб, кириб келган янги йил билан партиядошларимизни, барча юртдошларимизни муборакбод этаман.

ОРАСТА, ОҚИЛА ВА ФАОЛ ҚИЗЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

(1- сон) иқтидор соҳибалари

 

Мамлакатимизда умутаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларни пухта билим олишлари, ўқиш ва жамоат ишларидаги фаоллигини ошириш, уларни   халқимизнинг одоб-ахлоқ меъёрлари, миллий қадриятларимиз ҳамда истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига  ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда таълим муассасаларида, маҳаллаларда ташкил этилган "Ораста қизлар",      Ораста қизлар давраси" тўгараклари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунда вилоятда 1 минг 700 дан зиёд ана шундай тўгараклар ташкил этилган бўлиб, уларга 120 минг нафарга яқин қизлар жалб этилган. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан тўгараклар фаолиятини мувофиқлаштириш ва такомилаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Натижада намунали фаолият кўрсатаётган тўгараклар сони, фаол ва ораста қизлар сафи  ортиб бормоқда.

 "Ораста қизлар" тўгаракларида талаба ва ўқувчи қизларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, пазандалик, бичиш-тикиш сингари рўзғор юмушларини, шунингдек, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш ҳамда оилавий ҳаётга тайёргарлик борасидаги билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштириб олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

Вилоятдаги 741 умумтаълим мактаби, 129  академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ташкил этилган "Ораста қизлар" тўгаракларида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тақдим этилган мавзулар асосда машғулотлар олиб борилмоқда. "Муомала. Либос ва Биз", "Муносиб касб эгаллаш - қиз бола бахти, саодатининг асоси", "Ватан бўлмас Ватандан ташқарида...", "Маънавият оиладан бошланади", "Ёшлар, "Оммавий маданият" ва интернет" сингари долзарб мавзуларда ҳафталик машғулотлар ўтказилди.

Вилоятдаги ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган  "Ораста қизлар" тўгаракларига 50 минг нафарга яқин ўқувчи қизлар жалб этилган. Вилоят, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, ФҲДЁ, тиббиёт бирлашмалари, маънавият-тарғибот марказлари, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бўлимлари ҳамда ота-оналар ҳамкорлигида тўгараклар фаолияти намунали йўлга қўйилган. Хусусан, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, эл ҳурматини қозонган нуроний онахонлар, меҳнат фахрийлари иштирокидаги "Қизларда нафосат тарбияси", "Саломатлик - туман бойлик", "Қиз боланинг бурч ва масъулияти", "Ҳаё - қиз боланинг либоси", "Эрта турмушнинг салбий оқибатлари", "Ҳуқуқ билимдонлари", "Соғлом турмуш - соғлом келажак" сингари қатор мавзуларда ўтказилаётган тадбир ва учрашувлар қизларнинг маънавиятини, ҳуқуқий, тиббий, одоб-ахлоқ борасидаги билим, тушунча ва саводхонлигини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Айниқса, тўгарак гуруҳлари етакчилари томонидан "Тенгдош-тенгдошга" шиори остида олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳар бир қиз илғор ўқувчилар сафида юришга, ўқишда, жамоат ишларида фаол бўлишга интилмоқда.

Тўгараклар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган "Ораста қизлар" форуми фаол ва истеъдодли қизлар сафини кенгайтиришга, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишларига ёрдам бермоқда.

    Март ойида туман ва шаҳарларда, апрель ойида вилоят миқёсида "Маҳалланинг энг ораста қизи" форуми ўтказилди.  Мазкур тадбирнинг фуқаролар йиғинлари босқичларида 12 минг, шаҳар, туман босқичларида 1500 нафардан ортиқ қизлар қатнашган бўлса, вилоят босқичида ҳар бир шаҳар ва тумандан белгиланган йўриқнома асосида 15 нафардан, жами 255 нафар тўгарак аъзолари иштирок этдилар.

 "Истиқлол юлдузлари" деб номланган вилоятимиз жамоаси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган "Маҳалланинг энг ораста қизлари" республика анжуманида  фаол иштирокиштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олди.

Олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар қизларимизнинг фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Умуман, "Ораста қизлар" тўгараклари фаолияти катта ҳаёт остонасида турган қизлар учун ибрат ва тажриба  мактаби вазифасини ўтамоқда.

Иродахон МАХАТОВА,

вилоят ҳокимлиги котибияти бош мутахассиси.

Нигорахон НИЁЗОВА,

 

вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ИЛМ-ФАН ФИДОЙИСИ

(1- сон) Орамиздаги аёллар

Аёл истаса саҳрони бўстон қилади, бутун дунёни гулга буркайди. Фақат бунинг учун унга имконият бўлса кифоя. Бугун мустақил юртимизда опа-сингилларимизнинг илм-фан билан шуғулланишлари, илмий изланишлар олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, илм-фан чўққиларини забт этаётган олималаримиз талайгина.

Илм-фан фидойиси, Андижон қишлоқ хўжалиги институти Ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедраси доценти, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Маҳпузахон Юсупова ҳам ана шу йўлдан дадил бораётган олималардан биридир.

1995 йил Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаб, дастлаб Балиқчи тумани Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими аграноми, 2002 йилдан эса ўзи таҳсил олган институтда илмий бўлим мудири, 2004 йилдан "Ўсимликларни ҳимоя қилиш" кафедраси ассистенти, катта ўқитувчиси, доценти вазифаларида самарали фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалик экинлари зарарли организмларининг биоэкологиясини ўрганиш ва уларга қарши уйғунлашган ҳимоя тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда. Жумладан, "Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш", "Ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш" мавзуларида ўқув-услубий қўлланмалар яратди, қатор хорижий давлатларда бўлиб, ўз билим ва тажрибасини оширди. Умуман, олима  Махпуза Юсупова 100 дан ортиқ илмий мақолалар, 15 дан ортиқ услубий қўлланма ва 1 та монография муаллифидир. Шунингдек,  100  нафар бакалавр ва 6 нафар магистрнинг  илмий ишларига  раҳбарлик қилган.

Олиманинг изланишлари алоҳида эътирофга сазовор.

- Якунланган йил мен учун омадли йиллардан бири бўлди, - дейди олима М. Юсупова. - Илмий изланишларимдан келиб чиқиб, "Турли усул, тартиб ва қалинликда экилган ғўзани ҳимоялаш хусусиятлари" мавзусида ёзган докторлик диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилиб, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори илмий унвонини олишга мушарраф бўлдим.

Махпуза Юсупова фан фидойси, ўз касбининг етук мутахасиси эканлиги билан бирга, ўзининг ташаббускор ва ташкитлотчилигини намоён этаётган  давримизнинг фаол аёлларидан бири сифатида ҳам нафақат ҳакасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор топган аёлдир.

Биз ҳам Махпузахон опа ва у каби барча олима аёлларимизнинг илмий изланишларида, олиб бораётган масъулиятли ишларида омадлар тилаб қоламиз.

 

 

Нигора Ўрмонжонова.