+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МАҚСАДИМИЗ: ЮРТ РИВОЖИГА МУНОСИБ ҲИССА ҚЎШИШ

(52- сон, 2016 й.) 22 декабрь - энергетика ходимлари куни

Мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда энергетика тизимининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам юртимизда истиқлол йилларида соҳани ривожлантириш, мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ана шу жараёнларда соҳанинг ҳар бир ходими фаол иштирок этмоқда.  

Доно халқимиз "Меҳнат - инсонни улуғлайди" деган гапни бежиз айтмаган. Шу маънода  вилоятимизда энергетика соҳасида фаолият кўрсатаётган кишилар ўзларининг самарали меҳнатлари билан юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳалар объектлари, муассаса ва ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, қўйингки, барча соҳа ва тармоқларини электр энергияси билан таъминлаш, энергоресурслардан оқилона фойдаланиш, бу борада тарғибот ишларини ташкил этиш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳа ходимлари томонидан 655 минг донадан зиёд  чўғланма лампалар замонавий диодли лампаларга алмаштирилгани натижасида тежалган электр энергияси миқдори 195,8 миллион кВт соатни, пул ҳисобида эса 37 миллиард 397 миллион сўмни ташкил этганлигининг ўзиёқ соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами нечоғли катта эканлигини кўрсатади.

Бугунги соҳа ходимларининг касб байрами муносабати, қолаверса, яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан энергетика тизимида меҳнат қилаётган барча ишчи-хизматчиларни қизғин табриклайман. Уларнинг барчаларига сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, амалга ошираётган ишларида муваффақиятлар тилайман.

М. МИРЗАКАРИМОВ,

 

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси Андижон ҳудудий бўлими бошлиғи.

ХОТИН-ҚИЗЛАР ТАДБИРКОРЛИГИ РИВОЖЛАНМОҚДА

(52- сон, 2016 й.)

"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилояти бўлинмасида халқ банки вилоят филиали ташаббуси билан "Хотин-қизлар тадбиркорлиги фаровонликка йўл" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда истиқлол йилларида тадбиркорлик фаолиятини, хусусан, тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали иш юритишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, бунинг натижасида ишбилармон хотин-қизлар сафи йилдан йилга ортиб бораётганлиги таъкидланди.

Акциадорлик-тижорат Халқ банки томонидан амалга оширилаётган "Фаровон ҳаёт қўлимизда" лойиҳаси доирасида "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси, "Халқ банки" вилоят филиали ҳамкорлигида ўтказилган мазкур семинар - тренингда банк мутахассислари, тадбиркор аёллар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ёшлар иштирок этиб, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, банк кредитларидан самарали фойдаланиш масалаларида атрофлича фикр алмашилди.

 - Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, тадбиркорлик борасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга      банкларнинг кредит линиялари ҳақида кенг маълумотлар бериш ва кредитлар олишларига амалий ёрдам кўрсатишдан иборат, - дейди "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси раҳбари Саидахон Муҳитдинова. - Айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг бизнес борасидаги билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, айни кунда 300 нафардан зиёд хотин-қизларни ўз сафига бирлаштириган "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида кўплаб ёш тадбиркор қизларнинг кредит олишлари учун ёрдам кўрсатилди, 50 дан зиёд семинар ва учрашувлар ўтказилди. Ана шу тадбирларда тадбиркорликни йўлга қўйиш, солиқ қонунчилиги, берилаётган имтиёз ва перференциялар, банк кредитларидан самарали фойдаланиш масалаларида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди, зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

 Тадбирда "Тадбиркорлик фаровонликка йўл", "Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда банкнинг иштироки", "Солиқ, имтиёз ва имкониятлар" мавзуларида маърузалар ўқилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган тикув ва трикотаж маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.

Тадбир қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ.

ОДАМГАРЧИЛИК ҲАҚИДА

(50- сон, 2016 й.) ҳИКМАТ

Кўркам хулқларнинг энг улуғи - одамгарчиликдир. Ейиш,  ичиш, юриш, сўзлашиш билангина ҳеч ким одамгарчиликни қиёмига етказа олмайди. Одамгарчилик катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат қилиб қўлдан келганида одамларга ёрдам қилиш билан ифодаланади. Ақлли ва кўркам  хулқли инсонлар фақат ўз фойдаларинигина кўзламай, ўзгаларга ҳам фойда етказадилар. Ўзларига муносиб кўрган нарсани    бошқаларга ҳам муносиб кўрадилар. Ўзларига ёқмаган нарсаларни эса бошқаларга ҳам илинмайдилар. Кимнингдир бошига оғир иш тушса, унинг кўнглини кўтариб ёрдам беради.

Ҳаммани бир хилда кўринг. Агар сизга биров қаттиқ гапириб кўнглингизни оғритса, имконингиз бўлса ҳам ундан ўч олишга уринманг, унинг айбини кечиринг. Бир киши тош отса, сиз унга ош узатинг. Шундай кўркам  хулқингиз билан у кишини уялтириб, инсофга келишига сабабчи бўласиз. Бировдан ўч олиш каби ёмон хулқлардан сақланинг. Ҳаммага яхши гапириб, яхши ном чиқаринг. Шундагина сиз одамгарчиликни жойига қўйиб, ота-онангиз ва бошқа одамларнинг олқишига сазовор бўласиз.

* **

машҳур олимлардан Абу Мансур ас-Саолибий айтади:

- ҳар бир киши ўзига қараб таъриф қилинса, қилган  ишига қараб тавсифланади, мақталади. Фазилат насл-насаб билан эмас, ақл, адаб биландир. Ваъдасига вафо қилган, айтган сўзининг устидан чиққан кишининг қадри-қиймати ортади. Сукут донолик ва зийракликдан, ростгўйлик ақл ва тўғриликдан дарак беради. бошқаларнинг фикрларини сўрамасдан, улар билан маслаҳатлашмасдан ўз раъйи билан иш қилган киши оқибат хорланади.

 

Тайёрловчи: Баҳодир Муҳаммадиев.

ҚОМУСИМИЗДА МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ ҚДРИЯТЛАРИМИЗ ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПГАН

(50- сон, 2016 й.)

Давлатимизнинг бош қонуни - констутуциямизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кафолатланган.

Қомусимизнинг бирор бир моддасида инсон ҳуқуқларининг қайсидир даражада камситилиши ҳолатлари учрамайди. Қолаверса, ушбу ҳужжатда аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятлар, бебаҳо анъаналаримизнинг кўринишлари, яъни  асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтиб келаётган ва  дунёнинг ҳеч бир халқида учрамайдиган ўзига хос инсоний муносабатлар ўз ифодасини топган.

Халқимизда азал-азалдан оила ва никоҳ муносабатларига алоҳида эътибор қаратилган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили оила деб эътироф этилган. Қомусимизнинг 63-моддаси ҳам оила, унинг мустаҳкамлиги, давлат томонидан ҳимоя қилиниши масаласига бағишланади. Хусусан, "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади", дея қатъий белгилаб қўйилган.

 Ислом динида фарзандни баркамол инсон қилиб вояга етказиш, уни чиройли одоб билан тарбиялаш ота-онанинг бурчи эканлиги айтилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "...фарзандларингизга чиройли одоб беринглар" дейди. Динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳанг тарзда қомусимизнинг 64-моддасида: "Ота-оналар ҳам ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар" деб белгиланган. Бундай ҳамоҳангликни  Қомусимизнинг жуда кўп моддаларида яққол кўриш мумкин.

Шунингдек, Қомусимизда виждон, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Турли миллат вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз миллий қадрият ва анъаналарга амал қилишлари учун кенг имконият ва шароит яратилиши, бирор бир миллатнинг шаъни ёки унинг миллий қадрияти камситилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб  қўйилган. Жумладан, конституциянинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди"  деб кўрсатилган. Юртимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош қомусимиз белгилаб берган тенг ҳуқуқлик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Улар эртанги кунга комил ишонч, турли жабҳаларда самарали меҳнат қилиб, озод ва обод Ватанимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Мухтасар айтганда, бахтимиз қомуси - конституциямизда миллий ва диний қадриятларимиз ўз ифодасини топганки, бу фуқароларимиз ўзлари танлаган динга эмин-эркин эътиқод қилишлари учун зарур барча шароитларни яратиб беради. Мана шундай халқчил, демократик ва адолат принципларига асосланган Конституциямизнинг 24 йиллик байрами барчаларимизга муборак бўлсин. Илойим осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, ҳаётимиз янада фаровон бўлсин. Аллоҳ ўз барокатларини она юртимиздан дариғ тутмасин.

Салимжон ШОКИРОВ,

 

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жомеъ масжиди имоми.

МЕҲР СОҒИНЧИ

(50- сон, 2016 й.) Қатра

Саккиз ёшли боланинг онаси вафот этди. Отаси фарзандини она меҳрисиз қийналмасин, деб бошқа аёлга уйланишга мажбур бўлди. Бир куни ота фарзандини бағрига босиб, эркалаб сўради:

-      Тойчоғим, янги онанг билан аввалги онанг орасида қандай фарқ бор?

Бола беғуборлик ила жавоб берди:

- Аввалги онам менга ёлғон гапирар эди. Ҳозирги ойим эса ҳамма айтган гапларини бажарар экан. Бу менга ёқмаяпти.

Ота таажжубланди:

-      Ахир  бу яхши эмасми, болажоним?

Ўғил: - Илгари онамга ёқмайдиган иш қилсам, менга: "Агарда айтганимни қилмасанг, сенга овқат бермай қўяман", дердилар. Мен эса бу гапга парво қилмай, кўчадан бери келмасдим. Уйга кеч келиб онамни хавотирга қўярдим. Онам эса мени кўчама-кўча изларди, топмагунича уйга келмасди. Ниҳоят, топганидан кейин юз кўзларимдан ўпиб, уйга олиб борарди ва ҳеч гап бўлмагандай мазали таомлар билан сийларди...

Тунов кунги тўпалонимдан кейин янги онам: "Агар тўпалонни бас қилмасанг, сенга овқат бермайман", деди. Мана икки кундан бери овқат бермаяпти. Менга ёлғончи онамни топиб беринг, илтимос! - дея йиғлаб юборди.                                       

 

Меҳрнигор тайёрлади.

ОНАСИНИ ОСОН АНИҚЛАДИ

(50- сон, 2016 й.) Ривоят

Шаҳар қозисининг олдига икки аёл уч-тўрт ёшдаги бир болани олишиб кирди. Аёлларнинг биринчиси қозига:

-      Қози домла, бу менинг болам. Икки ёшлигида йўқотиб қўйгандим. Бу аёл "менинг болам" деб бермаяпти, - деди.

Иккинчи аёл унинг фикрини қатъий рад қилиб, у ҳам бола ўзиники эканлигини таъкидлаб, аёлни туҳмат қилаётганликда айблади. Икки аёл роса тўпалон кўтаришди. Қози уларни тинчлантирди. У бу масалани ҳал этиш учун бир восита топди. Эшик томонга қараб, бор овози билан:

-      Жаллод! - деди.

Қозихонага қора кийимдаги жаллод кириб келди. Қози унга қарата деди:

-      Мана бу болани олиб чиқ! Бошидан охиригача иккига бўл! Бир бўлагини бунисига, иккинчи бўлагини иккинчисига бер!

Аёллар ҳайрон. Жаллод боланинг билагидан ушлаб, бир қадам босганида, биринчи аёл:

-      Дод! Боламни  ўлдирманглар! Ўрнига мени   ўлдиринглар! - деб жаллоднинг билагига осилди. Бор кучи билан ўзи томонга тортди. Иккинчи аёл ҳанг-манг қараб турарди. Жаллод буйруқ бажарувчи эмасми, бола билан бирга билагига осилган аёлни судраб эшик томон икки-уч қадам босган эди, қози уни тўхтатди:

-      Тўхта! Бола билан аёлни қўйиб юбор!

Қози жаллодга рухсат берди. У чиқиб кетди. Йиғидан ўзини тўхтата олмаган аёлга:

-      Синглим, бола сизники! Мана бу аёл сизга туҳмат қилган экан. Уни болада ҳеч қандай ҳаққи йўқ, - деди.

Шунда иккинчи аёл:

-      Менинг гувоҳларим бор, олиб келаман! - дея тўпалон кўтара бошлади.

Унга қарши қози эса:

-      Гувоҳ керак эмас! Қалбнинг гувоҳлиги етади. Бу аёл оналик меҳрини намойиш қилди, - деди қатъий ишонч билан эътирозга ўрин қолдирмай.

 

Олимжон РаҲимов тайёрлади.

ТИШ КАСАЛЛИКЛАРИГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ!

(50- сон, 2016 й.) саломатлик бурчаги

Тиш хасталикларидан азият чекмаган инсонлар камдан-кам учрайди. Айниқса, кариесга чалинган тишлар, милк касалликлари барчани бирдек ташвишга солади.

 Инсоннинг сут тишлари гўдакнинг икки ярим ёшлигидан чиқа бошлайди, беш-олти ёшгача боланинг ҳамма сут тишлари чиққан бўлиши керак. Болада сут тишлари чиқаётганда, у инжиқ бўлиб қолади, милклари қичишиб оғрийди, ҳарорати кўтарилади, ич кетиши ҳолатлари кузатилади. Сут тишлари доимий тишларнинг тўғри чиқишини таъминлайди. Бу даврда кариесга чалиниш юқори бўлади, чунки болалар оғиз гигиенасига риоя қилишмайди. Шу боис ота-оналар фарзанди тишининг тозалигига алоҳида эътибор қаратиши керак.

Ҳомиладор аёлларда ҳам тиш оғриши билан боғлиқ ҳолатлар кўп кузатилади. Бу даврда биринчи уч ойликкача дори воситаларини қабул қилиш қатъиян таъқиқланади. Рентген диагоностикаси умуман мумкин эмас.

Тиш касалликларидан энг кўп тар-қалгани кариес бўлиб, у халқ тилида "тиш қуртлаши" деб аталади. Кариес тиш қаттиқ тўқималарини нуқсонли ҳолатга олиб келиши мумкин. Кариес тишнинг ташқи кўринишига ҳам путур етказади. Касаллик тишнинг ўзида ва илдизида учрайди. Бу касаллик келиб чиқишининг сабаблари кўп бўлганлиги учун полиетиологик касалликлар сирасига киради. Асосий сабаби, оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилинмасликдир. Овқатланиб бўлгандан кеийн  дарҳол ширинлик истеъмол қилмаслик, кунига икки маҳал тишни ювмаслик, хомиладор аёл организмида турли макроэлементларнинг етишмаслиги, ҳар хил дори воситаларини истеъмол қилиш тиш ва милк билан боғлиқ  касалликларнинг келиб чиқишига  таъсир кўрсатади. Оғиз бўшлиғидаги муҳит кислотали тарафга ўзгарса ҳам кариес пайдо бўлади. Шакарли луқма оғиз бўшлиғида кўп туриб қолгани боис, у кислотага айланади ва тишнинг эмал қавати емирилишига олиб келади.

Хомиладорлар, умуман, айрим кишиларда "доғ" босқичидаги кариес турлари ҳам учрайди. Мазкур ҳолатда деярли тиш оғриғи кузатилмайди. Фақат тишнинг устки қисмида жигарранг доғ юзага келади. Бунда тишнинг чуқурча қисми пломбаланади. Агар ҳосил бўлган доғ эмал тўқималарига ўтмаган бўлса, кальций фтор тиш юзасига қўйилиб, ишлов берилади.

Кариесга чалинмаслик учун тиш ювишдан эринмаслик керак. Кичик доғлар пайдо бўлиши билан тишни уч-тўрт дақиқадан кам бўлмаган вақтда тозалаб ювиш тавсия этилади. Болалар ва катталар учун махсус кальций ҳамда фтор сақлайдиган тиш пасталарини ишлатган маъқул. Кариеснинг ўрта босқичида тиш тўқимаси зарарланади, эмал турлича рангга киради, ширинлик кариес зарарлантирган жойга кирганда билинар-билинмас оғрийди, ювилганда эса оғриқ тўхтайди. Бундай ҳолатда ош тузи ва истеъмол содаси билан тез-тез чайиб, оғизга ишқорий муҳит берилса, яхши фойда беради.

Кариеснинг оғир босқичида тишдаги оғриқ кучаяди, иссиқ-совуқдан эса янада қаттиқроқ оғриши мумкин. Бунда нурда қотадиган кальций ва фтор билан пломба қилинади. Агар бемор нервни шамоллатиб қўйса, жуда кучли оғриқ беради. Тиш шамоллаб, йиринглагандан кейин уни даволаш янада мураккаб кечади. Бундай ҳолда тишни олиб ташлашга тўғри келади. Шу боис, тишларимизни асрашимиз, тиш хасталикларига эътиборсиз бўлмаслигимиз керак.

Муслима ТОЖИБОЕВА, шифокор.

ГАЗЛИ ИЧИМЛИКЛАР - МУАММО КОНИ

(50- сон, 2016 й.) Тиббий маслаҳат

Кўпчилик газли ичимликларни севиб истеъмол қилади. Ҳақиқатан ҳам, уларни ичганда тан яйрайди, чанқоқ хумори бирмунча босилади. Аммо унинг зарарли жиҳатлари хусусида кўпчилик яхши билмаслиги мумкин. Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак: газланган ичимликларнинг зарарли хусусиятлари организм учун турли касалликларнинг келиб чиқишига туртки бўлади.

Газли ичимликлар, айтайлик, ширин лимонаднинг ҳар куни бир шишадан ичилиши бир ойда 0,5 килограмм ортиқча вазн тўпланишига сабаб бўлади. Бу биринчи факт!

Газланган ичимликлар кучли пешоб ҳайдовчи восита саналади. Улар организмдан суюқликни чиқариб юбориб, сувсизланишга ва буйракларда юкламанинг ошишига хизмат қилади. Бундай ичимликларни хуш кўрувчи одамларнинг буйрагида кўпинча тош борлиги аниқланади, буйрак санчиқлари кузатилади. Бунинг асосий сабаби - улар таркибидаги фосфор кислотанинг кўплигидир.

Газли ичимликларда кислоталилик юқори бўлгани, қанд миқдорининг кўплиги тишлар учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Кислота тиш эмалидаги минерал моддаларни эритиб юборади. Оқибатда тишлар заифлашади, мўртлашишга мойил бўлади. Газланган ичимликлар сомонча ёрдамида ичилганда, суюқликнинг тишларга тажовузкорона таъсири камаяди. Бундай ичимликларни ичган заҳоти тишларни тозалаш мумкин эмас. Акс ҳолда кислота туфайли тишларнинг емирилиши кучаяди. Яхшиси, оғиз бўшлиғини илиқ сувда чайиб, 20-30 дақиқадан сўнг чўтка ва паста билан ювиш мақсадга мувофиқдир.

Ичимликлардаги "вижиллаш" натижасида юзага келадиган пуфакчалар углерод диоксидини ҳосил қилади. У меъда шираси кислоталилигини ошириб, метеоризмни қўзғайди. Узоқ вақт газли ичимлик ичиш натижасида ошқозон яраси, кислоталилиги юқори гастрит ва бошқа ошқозон касалликлари келиб чиқади.

Жигар, ошқозоности бези, юрак ва суяк хасталикларининг хавфини оширади. Статистик маълумотларга кўра, кунига 1 литр газланган ичимлик истеъмол қиладиган одамлар жигарида салбий ҳолатлар 5 баробар кўп учрайди. Бу лимонадлар таркибидаги жигарни зарарловчи кимёвий моддалар миқдори кўплиги билан изоҳланади. Шунингдек, диабет ва юрак  хасталикларини орттириб олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Газланган ичимликлардаги меъёрдан ортиқ қанд моддаси ошқозоности безида юкламани оширади. Натижада у кўп миқдорда инсулин ишлаб чиқара бошлайди. Маълум вақтдан кеийн қондаги қанд миқдори кескин камаяди. Бу эса диабет ва моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади.

Юқорида айтилганлардан     ташқари, газли ичимликлар организмдаги темир, магний, калий, кальций сингари моддаларни ювиб юборади. Натижада, юрак фаолияти издан чиқади, қон таркиби ёмонлашади, суяклар мўртлашиб, остеопорозга йўл очади. Шунинг учун ўзимиз, айиқса, фарзандларимизнинг газли ичимликларни меъёрида ичишига алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир.

Яйрахон ҚЎЛДАШЕВА,

 

Олий тоифали шифокор-эндокринолог.

РАХИТ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

(50- сон, 2016 й.)Шифокор минбари

Рахит - бу жадал ўсувчи кичик ёшдаги болалар организмининг  умумий хасталиги бўлиб, Д витамини етишмовчилиги сабабли юзага келади. Бунда кальций ва фосфор алмашинуви издан чиқади, суякларнинг минерализацияси бузилади.

Ушбу хасталик ёш бола    организмининг ривожланиши ва шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Касаллик гарчи енгил кечса-да, болалар соғлигига, уларнинг нормал вояга етишига жиддий путур етказади. Хар бир она бу ҳақида тушунчага эга бўлиши, хасталик аломатлари билинганда дарҳол педиатр шифокорга мурожаат килиши лозим.

Касаллик бошланганда бола инжиқ бўлиб, сал нарсадан қўрқади, яхши ухлай олмайди, кўп йиғлайди, кўп терлайди, айниқса, эмганда, йиғлаганда ва ухлаганда, бошини ёстиққа ишқайди. Шунинг учун ҳам бошининг орқасидаги сочлари тўкилиб кетади. Бола ўз вақтида даволанмаса, касаллик кучаяди, суякларда ўзгаришлар пайдо бўлади. Чунки рахитга йўлиққан болаларнинг суягида кальций тузлари йиғилиши камаяди. Пешонаси ва калласининг тепа қисми туртиб чиқади, энса соҳалари яссиланади. Узоқ вақтгача рахит билан оғриб юрган ва даволанмаган бемор болаларнинг кўкрак қафаси кийшайиши мумкин.

Рахит фақат суяклар ва мускулларга зарар етказибгина қолмай, балки тўқималарни ҳам зарарлайди, бўшаштиради. Ичакларда ел йиғилиши натижасида мускуллар чўзилади, қорин қаппайиб қолади. Суяк ва мускулларнинг нимжонлигидан бемор бола кеч ўтириб, кеч юради, тишлари ҳам кеч чиқади. Рахит бўлган болалар грипп, зотилжам, юқумли касалликларга тез чалинади, қабзиятга йўлиқади ёки ичи кетади.

Рахитнинг олдини олишда болани тўғри овқатлантириш, ўз вақтида қўшимча овқат бериш, тоза ҳавода сайр қилдириш, чўмилтириш, витаминлар, жумладан, Д витамини бериш, тегишли режимга риоя қилиш лозим. Бундан ташқари, болани тез-тез шифокор кўригидан ўтказиб туриш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Рахитнинг олдини олиш билан боғлиқ профилактика ишларини бола туғилмасдан олдин бошлаш керак.

Хомиладор аёл кўзи ёришига 1,5 - 2 ой қолганда Д витамини ичиб туриши лозим. Ой-куни етиб туғилган болаларга эса 2 ҳафталигидан витамин берила бошланади. Унинг миқдорини врач белгилайди. Витаминни болага пала-партиш бериб бўлмайди, акс ҳолда турли асоратлар қолдириши мумкин. Халқ табобатида тухум пустлоғини яхшилаб ювиб, қуритиб, сўнгра майдалаб, туюб ичириш мумкин. Шунингдек, врач тавсиясига кўра,  Аква Д трим витаминининг сувли эритмасини бериш ҳам фойдали ҳисобланади. 

Азиз оналар! Фарзандингизнинг рахит билан оғримаслиги кўп жиҳатдан сизнинг ўзингизга боғлиқ эканлигини асло унутманг.

Гавҳарой НУРИТДИНОВА,

 

Гулфия БОЙБЕКОВА,

Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчилари.

ЎҚУВЧИЛАРНИНГ СОFЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ОИД БИЛИМЛАРИ КЕНГАЙДИ

(50- сон, 2016 й.)

Андижон индустриал-педагогика коллежида "Иқбол" газетаси таҳририяти ҳамда вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида "Соғлом ҳаёт - соғлом келажак" мавзусида семинар ўтказилди.

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан  давлат гранти доирасида амалга оширилаётган "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови" лойиҳаси асосида ўтказилган ушбу семинарда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари, шифокор ва мутахассислар иштирок этиб, мавзу юзасидан ўзаро  фикр алмашдилар.

Тадбирда коллеж директори Р. Жўрабоева, бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси И.Қаюмова, "Иқбол" газетаси ходимаси З. Раҳмонова сўз олиб, ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб этиш масаласининг долзарблиги ва аҳамияти, лойиҳа ва семинарнинг мақсад ва вазифалари хусусида  гапирдилар.

Шундан сўнг вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси Ж. Мамадалиева, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши қошидаги "Ўқув-услубий марказ" нодавлат таълим маркази вилоят координатори О. Тожиаҳмедова мавзу бўйича маърузалар ўқидилар.

Семинар давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олди.

Якунда тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчиларга таҳририятнинг эсдалик совғалари -  соғлом турмуш тарзи, саломатликка оид адабиётлар тўплами совға қилинди. Барча иштирокчиларга "Иқбол" газетасининг махсус сонлари ва буклетлар тарқатилди. Ўтказилган семинар ўқувчи ёшларнинг соғлом турмуш тарзига оид билимлари, тиббий маданиятини юксалтиришга ёрдам берди.

 

Нигора ДАДАБОЕВА, мазкур коллеж ўқитувчиси.