+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ДИЛ НОМАЛАРИ

(1- сон)

Йўлларимиз нурафшон бўлсин

Муҳайё ЮСУПОВА, Қорасув шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси"  республика танлови ғолиби.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида "Ёш авлод тарбияси ҳақида гапирганда Абдурауф Фитрат бобомизнинг мана бу фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишларини мен жуда-жуда истардим". Мана улуғ аждодимиз нима деб ёзганлар: "Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбяларига боғлиқ".

Дарҳақиқат, диний-экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси сингари турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётган бир пайтда бу сўзларнинг маъноси  ва аҳамиятини ҳар биримиз янада чуқурроқ ҳис этишимиз лозим. Шубҳасиз, бугун ёшлар    тарбияси биз учун долзарб масала. Бу айниқса, биз устоз-мураббийлар, ота-оналар зиммасига катта масъулият юклайди. Мақсадимиз, юксак маънавиятли, билимли ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмак беришдир.   

Янги йилдан умидимиз катта. Ишончим комилки, бу йилда фарзандларимиз камолоти йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилади. Мен барча қорасувликлар номидан опа-сингилларимизни Янги йил билан табриклайман. Янги йилда йўлларимиз нурафшон бўлсин.

 

Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин

Ҳафизахон АБДУҚОДИРОВА,

Марҳамат туманидаги Жийдамозор маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси.

Яратганга беадад шукр, Янги йилни тинчлик-хотиржамликда кутиб олдик. Элимизда тўкин-сочинлик, хонадонларимиз эса файзу-барака нурларига тўла. Байрамлар байрамларга уланмоқда. Фарзандларимиз бахту камолини кўриб, қувонамиз. Кўплаб юртдошларимиз муборак Ҳаж сафарига эсон-омон бориб келишмоқда. Бу  юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг, барқарорликнинг, муқаддас Ислом арконларининг адо этилишига бўлган эътиборнинг самарасидир.

Кириб келган Янги йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинганлиги эса инсон шаъни, қадр-қиммати ва манфаати ҳамиша баланд, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро  манфаати, ҳақ-ҳуқуқи ҳимояда эканлигини кўрсатади.

Шу ўринда маҳаллаларда маърака, тўй ва бошқа маросимларни ихчамлаштириш, уларни ўтказишда дабдаба ва исрофгарчиликларга йўл қўймаслик, хотин-қизларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, турли диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари, ҳар бир оилада соғлом маънавий муҳитни барқарорлаштириш борасидаги тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада  отинойиларнинг алоҳида ўрни бор. Буни дилдан ҳис этган ҳолда иш олиб боришимиз, зиммамиздаги вазифани   сидқидилдан бажаришимиз зарур. Айниқса, ёшлар тарбияси, уларга миллий, диний қадриятларимиз ҳақида кенг тушунчалар бериш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Илоҳим кириб келаётган Янги йил қалбларимизни яхшилик ва эзгулик нурларига тўлдирсин.

 

Бахт ва омад йили бўлсин

Ойистахон ЖАМИЕВА, Булоқбоши тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли

кўп тармоқли марказий поликлиника ўсмирлар шифокори.

Тиббиёт соҳасида ишлаётганимга 38 йил бўлди. Фаолиятим давомида бу соҳани танлаб адашмаганлигимга ишонч ҳосил қилганман. Чунки одамларга саломатлик улашиш энг савобли ва хайрли ишлардан биридир.

Айниқса, истиқлол йилларида юртимизда аҳоли саломатлигини сақлашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Биргина туманимизда ўтган "Соғлом она ва бола йили"да қатор тиббиёт муассасалари капитал таъмирланди, моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Ишонаманки, Янги йилда ҳам бу каби ишлар кўлами янада кенгаяди.

Айни пайтда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида ҳам барча жойда бўлгани каби аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

 Касбим билан фахрланаман. Одамларга кўмак бериш, хаста кўнгилларга шифо улашиш менга ҳамиша куч бағишлайди.

 

Ҳаётим давомида шуни англадимки, кимки сидқидилдан меҳнат қилса, албатта, унинг рағбатини олар экан. Минг   шукрки, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнимга эгаман. Оилам бутлиги, фарзандларим камоли, набираларим кулгуси мени хушнуд этади. Мен ҳар бир аёлга ана шундай тўкис бахт тилайман. Кириб келган Янги йил барчамизга бахт ва омад олиб келсин.

МАҚСАДИМИЗ: БОЛАЖОНЛАРГА МАНЗУР БЎЛАДИГАН АСАРЛАР ЯРАТИШ

(1- сон) Байрам шукуҳи

Қиш беғубор ва орзу-умидлар фаслидир. Ана шундай пок ҳис-туйғулар ҳар бир қалбни шубҳасиз, ширин ва тотли лаҳзаларга ошно этади. Ушбу фаслнинг кўркли байрами - Янги йил эса болаларга олам-олам қувонч, катталарга ёшлик сурурини бағишлайди.

Янги йил байрам кунларида вилоят болалар қўғирчоқ театрида ҳам жўшқин ва байрамона ҳаёт кечмоқда. Театр жамоаси янги йил байрамига кўтаринкилик бахш этиш, болажонларнинг таътил кунларини мароқли ўтишини таъминлаш мақсадида ўзига хос байрам туҳфасини тайёрлаган.

Бу ҳақда театрнинг истеъдодли актрисаларидан бири Нигорахон Казакова қуйидагиларни гапириб берди:

- Жамоамиз Янги йил байрамини кўтаринкилик билан ўтказиш учун астойдил тайёргарлик кўрди. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истар эдимки, якунланган йил биз учун қувонч-ли ва унутилмас йил бўлди. Жамоамиз учун барча қулайликларга эга, кенг ва ёруғ, муҳташам бино қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги бизга шижоат, илҳом бағишлади, ижодимизни юксалишига кенг  имкониятлар яратди. Жамоамиз сафи  иқтидорли ёшлар билан кенгайди.

Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон хақ шоири Усмон Азимнинг "Сеҳрли оқ атиргул" спектаклини саҳналаштирдик. Асарда шох, малика ва шаҳзода каби  қаҳрамонлар орқали ростгўйлик, ҳалоллик ва ҳамиша эзгуликка интилиб яшашдек инсоний фазилатлар улуғланади. Асар болажонлар қалбида ана шундай инсоний туйғуларни мустаҳкамлашга, она юртга садоқатли бўлишга ўргатади, асар қаҳрамонларидан сабоқ олиб, фақат аъло баҳоларга ўқишга, тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етишга ундайди.

Жамоамиз янги 2017 йилда ҳам ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Энг аввало, маҳаллий ижодкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади, қатор янги спектаклларни саҳналаштириш режалаштирилганмиз. Қолаверса, 2018 йилда театримиз ташкил этилганлигига 50 йил тўлади. Ана шу санани муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилади. Умуман, фаолиятимизни самарали ташкил этиш, болажонларимизга манзур бўладиган асарлар яратиш йўлида астойдил меҳнат қиламиз.

Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик-осойишталик, бахт ва қувонч келтирсин. Юртдошларимиз санъат билан ҳамиша ошно бўлсин, фарзандлари маънавиятини ва дунёқарашини юксалтиришга хизмат қиладиган театримиз асарларининг доимий мухлиси бўлиб қолишларини истайман. 

Янги йилингиз қутлуғ бўлсин, азиз юртдошлар!

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА ёзиб олди. 

ХОТИН-ҚИЗЛАР ЙЎНАЛИШИДА ИШ ОЛИБ БОРУВЧИ ННТЛАР ФАОЛИЯТИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ

(1-   сон)

Андижон шаҳридаги "Аёллар маслаҳат маркази"да "Хотин-қизлар йўналишида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ишини янада такомиллаштириш" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда адлия   бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, хотин-қизлар йўналиши бўйича фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Давра суҳбатини вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова олиб борди. Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали иш юритишлари учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилганлиги, уларнинг давлат ва   бошқарув идоралари билан ижтимоий шерикчилик асосидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

 - Айни кунда вилоятдаги мавжуд 600 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотларининг 23 таси хотин-қизлар йўналиши бўйича фаолият кўрсатади, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова. - Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, уларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини кучайтириш, ва такомиллаштириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш кўзда тутилган.

Давра суҳбатида мутахассислар томонидан белгиланган ишларни самарали ва қонунлар доирасида ташкил этиш, тегишли ҳужжатларни юритиш, давлат бошқарув идоралари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кенг маълумотлар берилди. Мазкур йўналишдаги ишларни қонуний ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

МАЪНАВИЙ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - МУҲИМ МАСАЛА

 (1- сон) ўқув курси

Андижон давлат университетида вилоятда фаолият олиб бораётган отинойилар учун ҳафталик ўқув курслари ташкил этилди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги билан ҳамкорликда  ташкил этилган мазкур ўқув курсида маҳаллалар,  туман ва шаҳарлар бош отинойилари иштирок этиб, фаолиятларини самарали ташкил этиш, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, ҳаётимизга ёт, диний-ақидапарастлик ғоялари кириб келишининг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш масалаларида ўзларининг билим ва малакаларини оширмоқда.

Семинарда Андижон давлат университети катта ўқитувчилари Ю Жаҳонгиров, З. Хайитматов, М. Содиқова ва иқтисодиёт кафедраси мудири Д. Нурматов ҳамда диний идора вакиллари томонидан  "Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик", "Диний ақидапарастлик ғояларига қарши курашишнинг муҳим жиҳатлари", "Оила - муқаддас қўрғон" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. 

- Вилоятимиз отинойилари самарали фаолият юритмоқда, - дейди вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар ишлари бўйича ёрдамчиси Саодатхон Расулова. - Курсни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, маҳаллалардаги маънавий муҳит барқарорлигини  таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларимиз маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш борасидаги ишларни ташкил этишда отинойиларга услубий кўмак бериш, уларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган. 

Курс машғулотларида маҳаллалардаги маънавий муҳитни янада яхшилаш, ҳар бир оила, ёшлар билан иш олиб бориш, диний-ақидапарастлик ғоялари таъсирига берилиш билан боғлиқ муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва олдини олиш борасидаги ишларни ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш юзасидан кенг маълумотлар берилмоқда.

 

 

М.МАМАДАЛИЕВА.

ЯНГИ ЙИЛ

ХУРШИДАБОНУ

Ҳар юракка, Янги йил,

Нурафшонлиғ олиб кел.

Элга фидо жонларга 

Шараф-шонлиғ олиб кел.

 

Она Ватан ягона,

Биз бир тану бир жонмиз,

Ризқу рўзимиз ҳам бир,

Фаровонлиғ олиб кел!

 

Эзгулик, омад, қувонч

Инояти сендадир,

Оппоқ орзу-тилаклар

Ижобати сендадир.

 

Меҳнаткаш бу халқимнинг

Улуғвор мақсадлари,

Дуогўй кекасаларнинг

Ибодати сендадир.

 

Қаро ният касларга

Улаш инсоф-диёнат,

Ахир энг оғир гуноҳ  

Бу - Ватанга хиёнат.

 

Ўзбекистон осмони

Нур сочиб турсин мудом,

Оналар бахтли бўлсин, 

Болажонлар саломат.

 

Ёруғ-ёруғ манзиллар 

Чорлайверсин бизларни,

Юрт кўксига тақиб қўй 

Ҳеч сўнмас юлдузларни.

 

Муҳаббатга, меҳрга, 

Садоқатга ошно қил

Эртамизнинг эгаси - 

Соғлом ўғил-қизларни.

 

Хуш келибсан, Янги йил,

Нурафшонлиғ олиб кел.

Элга фидо жонларга 

Шараф-шонлиғ олиб кел.

 

 

 

ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

(1- сон) Байрам қутлови

Азиз опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар, қадрли ҳамюртлар! Сизларни кириб келган янги - 2017 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Янги йил барчамизга қувонч, бахт-саодат, улкан ютуқлар олиб келсин. Юртимиз ва халқимиз учун янада баракали, барқарор тинчлик ва юксалиш йили бўлсин.

Аёллари ҳамиша эъзозланган юртимизда халқ хўжалигининг барча жабҳаларида, айниқса, хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай хайрли ишлар кўлами давлатимиз раҳбари томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб номланган янги йилда янада ортишига, мамлакатимиз фуқароларининг бахтиёр яшашларини таъминлашга қаратилган ишлар юқори босқичга кўтарилишига асло шубҳа йўқ. 

Янги-янги орзу-умидларга дебоча бўлган 2017 йил ҳар бир хонадонга шодлик, файзу барака келтирадиган, одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайдиган, бир сўз билан айтганда, халқимиз, хотин-қизларимиз учун хайрли йиллардан бири бўлсин.

Азиз опа-сингиллар! Бугунги шодиёна кунда барчангизга энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, оилангизга тинчлик-тотувлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб бораётган ишларингизда омадлар тилайман.

Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!

 

 Манзурахон ЮНУСОВА,

 

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.

МАВЖУД МУАММОЛАР ЧУҚУР ЎРГАНИЛАДИ

жараён

уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилади, таклифлар ишлаб чиқилади, - дейди оилаларидаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича республика ишчи  гуруҳи раҳбари Дилшода МИРЗАЖОНОВА.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устивор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайитирилган мажлисидаги "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик - ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак" деб номланган маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида ташкил этилган республикамиздаги қатор масъул ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи вилоятимизга ташриф буюради.

Вилоят ҳокимлигида мазкур ишчи гуруҳ фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, белгиланган ишларни самарали ташкил этиш масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова, республика "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди раиси ўринбосари, Андижон вилояти бўйича республика ишчи гуруҳи раҳбари Д. Мирзажонова сўз олиб, мазкур ўрганишнинг мақсади, мазмун-моҳияти хусусида иштирокчиларга кенг маълумотлар бердилар.

Жумладан, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини, маънавий даражасини, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни аниқлаш;

- жойлардаги муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, юқори даражада ҳал этиладиган масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- аҳолининг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва ечимини топиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш борасида давлат, нодавлат-нотижорат ҳамда жамоат ташкилотларининг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш.

- ҳар бир оила аъзосиининг касби-кори, меҳнат фаолияти,  машғулоти, оиланинг иқтисодий аҳволи;

- оилалар даромадини ошириш бўйича таклифларни ўрганиб, уларга зарур амалий ёрдам кўрсатиш;

- хонадонларда касаначилик, ҳунармандчилик, косиблик, паррандачилик, чорвачилик ва  бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар бериш, ана шу ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш;

- ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга монелик қилаётган ҳолатларни аниқлаш;

- ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ва амалий ёрдам кўрсатиш;

- касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминланиши сингари қатор масалалар атрофлича ўрганилиши кўзда тутилган.

Шу кунларда республика ишчи гуруҳ аъзолари раҳбарлигида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларда ташкил этилган гуруҳлар томонидан белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

ҚОРЛИ ОҚШОМ ТУШЛАРИ

(52- сон, 2016 й.) Ҳикоя

Турк адиби Ҳилол АЖАР

Изғирин қиш оқшоми. Совуқга чидаб бўлмайди. Қақшатгич изғирин изиллатаяпти. Онда-сонда йўлдан ўтаётган йўловчилар палто-пўстинларининг ёқасини кўтариб олиб, тез-тез юриб кетаяпти.  Биров уйига шошиляпти, бирови бориши зарур бўлган жойга ошиқаяпти, йўловчиларнинг бари кўчада мажбуриятдан юрганлар эди. Фақат совуқни писанд қилмаётган ўйинқароқ болалар ҳар томонга чопар, қорбўрон ўйнардилар. Совуқ тун завқини шу беғубор болалар туяётгандилар. Бир-бирига юмалоқланган қор отиб кулар, шодон қийқирардилар.

Лекин шу атрофда яна бир бола бор эдики, унга ўтган-кетган эътибор бермас эди. Кичкинагина қизалоқ эди у. Бош-яланг, кийимлари йиртиқ-ямоқ, йўқсилгина қизча. Эшик олдида мунғайиб, оёқларини қучиб, совуқдан қалтираб, дийдираб ўтирарди. Қизалоқ устида ўтирган тош муздай совуқ эди.

Мурғак қизалоқ гўёки бир муз парчасига айланган эди. Олдига қўйилган қути қопқоғи устига терилган гугурт қутиларига термулиб ўтирган қизалоқнинг кўзларидан совуқданми ё йиғиданми ёшлар оқарди.

Қизалоқ гугурт сотарди. Ўша куни ҳатто бир қутигина ҳам гугурт сота олмаганди. Сотиб бирор чақа пул топса, уйига кирар, онаси билан бирга бир косагина ёвғон шўрва ичарди. Кетолмасди. Чунки кун бўйи битта ҳам гугурт сотолмаганди. Совуқдан, аламдан титраганча, ғамгин, ингичка овозда "Гугуртлар бо-о-ор" дея бақирарди. Аммо кўчадан ўтаётганларнинг ҳеч бири бошини кўтариб унга қарамасди.

Ҳеч бўлмаганда оёқчаларида шиппак бўлса эди-я. Бироз аввал кўчама кўча кезаётиб, шиддат билан келаётган автомашина олдидан югуриб ўтган эди, шиппаклари оёғидан учиб кетди. Машина ўтиб кетгач, орқасига ўгирилиб шиппакларини олмоқчи бўлди, аммо шиппагини топа олмади.

  Гугурт сотадиган қизалоқ бир уйнинг кираверишида, қунишибгина ўтирди. Бармоқлари совуқдан қотиб қолган эди. Совуқнинг иззиллатаётган оғриқларига дош беролмади қизча. Қутилардан бирини очиб, гугурт донасини олди. Бармоқлари увишиб, гугурт чўпини аранг тутиб турарди. Қўллари титраб гугуртни деворга сийпалади. Ўт олди, ёқимли, иссиқ оташ. Шўрлик қизалоқ гугурт чўпини бир қўлидан иккинчи қўлига олиб, бармоқларини иситди. Қўли исиганди гўё ичига ҳам тафт киргандай бўлди. Ҳудди гур-гур ёнаётган ўчоқ қаршисида тургандек тани яйради. Гугурт оловига тикилганча рўёларга берилди; Шинам бир хонада, иссиқ ўчоқли печ олдида ўтирарди. Орқасига қалин, жунли рўмол ташлаган, оёқларида пахмоқ, иссиқ шиппак кийган эди...

Исиди, ҳатто терлай бошлади. Гугурт чўпи сўнарди. Унинг сўниши қизалоқнинг ширин хаёлларини ҳам тўзғитди. Қизчанинг бармоқлари яна совуқдан қотиб, жизиллаб оғрий бошлади. Яна бир гугуртни ёқди. Шу орада совуқ шамол эсди. Гугурт чўпи сўнишидан чўчиган қизалоқ деворга ўгирилди ва бир қўли билан чақнаётган ўтни пана қилишга уринди. Оловга тикилар экан гўё қаршисидаги девор олиниб, оралиқ очилди. Ичкари кўринди. Хона кенг эди. Қордек оппоқ дастурхон ёзилган хонтахта устида ҳар хил тансиқ ноз-неъматлар иштаҳани қитиқлаб, кумуш шамдонлардан таралаётган нур хонани ёритаётганди. Қизалоқнинг кўзлари дастурхон ўртасидаги қип-қизил қовурилган товуқ гўштига тушди. Оғзининг суви оқди. Қўлларини дастурхонга узатди. Гугурт чўпи ёниб-битганди. Бармоқларини куйдирарди. Қизалоқ чўпни ерга отиб юборди. Чўп билан бирга дастурхон ҳам ўчди-кетди. Кўз олдида тош девор яна аввалги ҳолига келди.

Учинчи гугурт чўпи яна бошқа тушларни пайдо қилди. Ёз оқшоми. Қизалоқ қирда, дарахт тагида ўтириб юлдузларни томоша қиларди. Тун бўлса-да ҳаво иссиқ. Остидаги тупроқ кундузи қуёшдан қовжираган, тандирдек ёнади. Қизча кўзларини юлдузлардан олмасди. Кўршапалаклар ҳар ёнга учар, қурбақалар қўшиғини куйлаб тинмасди. Шу пайт бир  юлдуз учди. Кўк юзида камон тортиб, узоқлашиб сўнди.

Қизалоқ "Эҳ, яна кимдир ўлди" дея минғирлади.  Момоси "Осмонда юлдуз учса, ерда кимдир ўлади" деганди. Момосини кўриш учун яна бир гугурт чўпини ёндирди. Совуқдан хотираси узилган, мияси идрок этмасди. Қизалоқ йўл ўртасида турганини билмас, рўёларга берилган эди. Гугурт чўпи оловининг оташлари ичида момосини кўргандек, овозини эшитгандек бўлди.  Ана, момоси келяпти.  Паға-паға ёғаётган қорлар орасидан оппоқ фаришта каби ерга қўнаяпти у. Келди... Келди... Қўлларини очиб неварасини қучоқлади ва олди, осмонга кўтарди...

Эртаси куни эрталаб йўлдан ўтганлар бир уй остонасида қотиб қолган қизчанинг ўлигини топиб олдилар. Боши устида бир нечта гугурт доналаридан бўшаган қутилар ётарди.

Шўрлик қизалоқ, исиниш учун гугурт доналарининг ҳаммасини ёқибди, -    дейишди одамлар. Аммо бу чўплар оташида қизалоқ қандай ширин тушлар кўрганини билмасдилар...  

 

Умида АДИЗОВА таржимаси.

ГИЁҲВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ

(52- сон, 2016 й.) ОГОҲЛИК

Айни кунда  гиёҳвандлик глобал муаммолардан бири сифатида дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Кейинги вақтларда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг ортиб бораётганлиги, айниқса, оқ ажал исканжасига тушганларнинг 70 фоизини ёшлар ташкил этаётганлиги янада аянчлидир. Ушбу иллатнинг олдини олиш, у билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича жаҳон жамоатчилиги томонидан зарур чоралар кўрилмоқда, хусусан, дунёнинг аксарият мамлакатларида гиёҳванд моддаларни сотиш жиноятига қарши қатъий кураш олиб борилмоқда.

Бу борада юртимизда амалга оширилаётган қатор ишлар натижасида ушбу жиноят билан боғлиқ ҳолатлар бартараф этилмоқда. Жумладан, идорамиз ходимлари томонидан ҳам бу каби жиноятлар, уларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, гиёҳвандлик кишини ҳам жисмонан, ҳам руҳан мажруҳ этади, инсонни жарликка етаклайди. Унга мубтало бўлганлар, унинг ортидан мўмай даромад топишни ўзига касб қилиб олганлар эртами-кечми қонун олдида жавоб берадилар.

Азиз фуқаролар, огоҳ бўлайлик ушбу иллат ҳаётимизга раҳна солмасин, айниқса, ёшларимизни бу бало таъсирига тушиб қолишларига  асло йўл қўймайлик.

Илёсбек АРЗИЕВ,

Андижон темир йўл бекатидаги ВЕУН ХПГ катта инспектори, капитан.

Азизбек АВУЛОВ,

 

Андижон темир йўл бекатидаги ТИИБ ХООБ  профилактика инспектори, лейтенант.

МЕНИ ЎГАЙ ДЕМАНГ...

(52- сон, 2016 й.) ҚАЙТАР ДУНЁ

Баъзан одамлардан "ўгай она ундай, ўгай она бундай" деган гапларни эшитганимда, юрак-бағрим тилкаланиб кетади. Чунки ўгай она деган, эшитган қулоққа наштардай ботадиган сўз менга ҳам тегишли. Қисматимда бировнинг фарзандларига оналик қилиш битилган экан. Аммо улар мен учун биров, бегона эмас...

Ота-онам танлаган йигитга турмушга чиқдим. Эл қатори яшай бошладик. Тўйимиздан уч ой ўтиб, менда ҳомиладорлик аломатлари сезила бошлади. Бироқ кўп ўтмай шодлигимиз ярмида узилиб қолди. Ҳомила ичимда нобуд бўлган экан. Шифокорлар жарроҳлик йўли билан уни олиб ташлашди. Кўп қийналдим. Уйга қайтганимда менга нисбатан муносабат ўзгаргандай эди. Қайнонам, қайинэгачиларимнинг хатти-ҳаракатидан оғриниб, "Битта боласи тушган мен эмас-ку! Худо хоҳласа, ҳали этак-этак фарзандлар кўраман. Ҳомилам нобуд бўлиб, шунча азоб чекишни ўзим хоҳлаганим йўқ-ку!" деб ўйлардим.

Орадан бироз фурсат ўтиб, турмуш ўртоғим айтган аччиқ ҳақиқат мени тамоман гангитиб қўйди:

Зиёда, сен кучли аёлсан. Ўзингни қўлга ол. Энди... биз... бошқа... фарзанд кўролмас эканмиз. Шунинг учун ҳомиланг нобуд бўлган экан. Нима бўлганда ҳам мен сендан ўзгасини демайман. Сен кўз очиб кўрганимсан. Ҳамиша менга суянишингни, мен учун қадрли эканингни ҳис этиб яшашингни истайман.

У қанчалик меҳр-муҳаббат ва самимият билан сўзламасин, менга маломатдай туюларди. Гўё юрагим уришдан тўхтаб қолгандай, дунё зимистонга айланганди. Кун-у тун туз тотмай йиғлардим. Қўлим ишга бормас, кўзларимга уйқу инмасди.

Дардим борасида кўринмаган шифокору табиблар қолмади. Натижа йўқ эди. Қайнонам иккимизни ажратиб юборишга уринарди. Аммо Ҳамид акам ҳеч унамади. Укасининг қатъий туриб олганини кўрган қайноғам эрта-индин кўзи ёрийдиган овсинимнинг боласини бизга бермоқчи бўлди. Овсиним билан қайнонам кўп қаршиликлар қилишди, лекин қайноғам айтганида туриб олди.

Чақалоқни туғруқхонадан тўғри уйимизга олиб келдик. Ўшандаги хурсандчилигимиз, севинчимизни тасвирлашга тил ожиз. Фарзандимни бор меҳрим, муҳаббатим билан парвариш қила бошладим. Уйимизга хушнудлик, чароғонлик олиб келгани учун унга Хушнуджон деб исм қўйдик. Дўмбоққина бўлиб бораётган Хушнуджонимга қараб, бахт таъмини туярдим. Ўзимни энг саодатли аёл деб ҳисоблардим.

Аммо ҳануз қайнонамнинг менга муносабати яхши эмасди. Овсинимни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Турмуш ўртоғим: "Уларга парво қилма. Лекин ҳар доим ҳурмат-иззатини жойига қўй. Айниқса, акамнинг кўнглини оғритма. Унинг шарофати, меҳрибончилиги билан фарзандли бўлдик, бағримиз тўлди", деб тез-тез таъкидлаб турарди. Аслида мен эримнинг барча қавму қариндошларини, айниқса, ота-онаси ва акасини қаттиқ ҳурмат қилардим. Йиллар елдек елиб, Хушнуджонимиз мактаб ёшига етди. Уни 1- синфга олиб борган куним ҳеч эсимдан чиқмайди. Жажжи қўлчалари билан портфелчасини маҳакам ушлаб, атрофга ҳайрат билан қийқириб қарарди. Лекни бахтни Худойим менга омонат берган экан... Овсиним арзимаган баҳона билан жанжал кўтарди-ю, Хушнуджонни... мендан қайтариб олди.

Энди у уйда мени ушлаб турадиган ҳеч нарса қолмаганди. Ўн йиллик меҳнатим, тортган машаққату азобларимни ўша хонадонга ташлаб, ота уйимга қайтдим.

Иш жойимни ўзгартирдим. Барибир ярим тунда уйқусиз кўзларим дардини болишдан ўзга билмасди. Иложим йўқ, кўнишим керак, тақдиримда шу ёзуқ бор экан. Бувим раҳматли: "Осмондан келганини ер, Аллоҳдан келганини бандаси кўтаради" дегувчи эдилар. Ажрашганимиздан икки йил ўтиб, собиқ эрим уйланди. Бир маҳалладан бўлганимиз сабаб, унинг уйига бегона жувон кириб-чиқишига кўзим тушса, ичимдан зил  кетардим. Совчилар келар, аммо мен бошқа турмуш қуришни истамасдим. Бироқ собиқ эримнинг хотини ҳомиладорлигини эшитдиму, мен ҳам тезроқ турмушга чиқиб, узоқроққа кетишни истадим. Икки-уч қишлоқ нарида яшайдиган, хотини оламдан ўтган, уч боласи билан қолган эркакдан келган совчиларга розилик бердим. Йигит ўқимишли, ўқитувчи эди. Кўришдик. Бир-биримизга маъқул келдик. Никоҳландик. Унинг болалари билан тил топишиш осон кечмади. Шунга қарамай, собиқ турмушимдагиларнинг, айниқса, овсинимнинг олдида юзим ёруғ бўлиши учун барчасига чидадим, сабр билан синовни енгдим.

Аллоҳга беҳисоб шукр, чеккан ранжу машаққатларим эвазига Яратган мени оналик бахти билан сийлади. Ҳозир уч ярим яшар қизалоғим бор. У опа-акаларининг эркатойи. Ёшим қирққа етганда, фарзанд-ли бўлдим. Келганимда, эримнинг тўнғичи 12 ёшда, қизимиз 9 да, кенжа ўғлимиз 6 ёшда эди. Ҳозир ўғил уйлантириб, қиз чиқариш арафасидаман. Мен болаларимнинг ўгай эмас, ўз онасиман. Ахир айтишади-ку, туққан эмас, боққан она деб. Боласини менга бериб, улғайтириб ўстирганимдан кейин қўлимдан юлиб, кўнглимни чил-чил синдирган овсиним уч йил аввал қизини узатган эди. Икки йилдан бери тирноқ пойлаётган қизида тўлғоқ жараёни оғир кечиб, гўдак жарроҳлик йўли билан туғилди. Шунча қийналгани етмагандай, уч кун ўтиб чақалоқ нобуд бўлибди. Энди қайта фарзанд кўролмас экан. Эшитиб рости хафа бўлдим. Очиғи, овсинимни қарғамагандим. Ўшанда боласи-да, тўққиз ой қорнида кўтариб юриб, тўлғоқ азобини тортиб, дунёга келтирган фарзанди-да - ҳаққи бор, дея ўзимга таскин бергандим. Айниқса, онасидан ёш қолган болаларга оналик қилганимда, сабрим мукофоти сифатида қизалоғим туғилганида, ундан чексиз миннатдор бўлгандим. Аммо собиқ овсинимнинг ишлари Худога хуш келмаган кўринади. Нима бўлганда ҳам, Яратган Эгам ҳеч кимни ноумид қилмасин...

Аёлнинг сўзларини БАҲОР оққа кўчирди.