+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

Хонободда санъат ва маданият фестивали

Хонободда шаҳар ташкил этилганлигининг 50 йиллиги ҳамда улуғ санъаткор, Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланган санъат ва маданият фестивали бўлиб ўтди.

 қизиқарли ва тадбирларга бой ўтган фестиваль нафақат хонободликлар, балки вилоятнинг барча ҳудудларидан, қўшни вилоятлар ҳамда қирғизистон Республикасидан келган меҳмонларга кўтаринкилик ва ҳуш  кайфият улашди.

Фестиваль доирасида "Хонобод" сиҳатгоҳида ўқувчилари, маҳалла ёшлари ўртасида мини футбол, "Workout", оғир атлетика, тош кўтариш ва шахмат бўйича мусобақалар ўтказилди.

Бадиий ҳаваскорлик жамоалар томонидан намойиш этилган дастурлар, ҳарбийлар, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари фестивалга янада файз киритди.

Шаҳардаги "Афсона" дам олиш масканида Ўзбекистон Халқ артисти, кулгу дарғаси Сойиб Хўжаев хотирасига бағишлаб аскиячи ва қизиқчилар танлови ўтказилди.

Моҳир пазандалар ўртасида ўтказилган "Ош" кўрик-танлови, миллий ва замонавий либослар тарғиботига бағишланган кўргазмалар халқимизнинг миллий таомлари, либослари, қадрият ва анъаналари умрбоқийлигининг намойиши бўлди.

Фестиваль тадбирлари шаҳар марказидаги Шохсупа майдонида юртимизнинг таниқли эстрада юлдузлари иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.                                         

Зухриддин УМРЗОҚОВ

Қадр кечасининг фазилатлари

Маълумки, муборак рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи - қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло: "Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат қуръон нозил қилинган ойдир", - деб марҳамат қилган (Бақара сураси).

Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: "қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида, қадр кечасида Лавхул-Махфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммадга (с.а.в.) оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди", дедилар.

Демак, муборак қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил бўлиши Рамазон ойида бошлаган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида қуръон оятлари нозил қилинган кеча - қадр кечаси яширинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: "Албатта, Биз у (қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир", деб марҳамат қилган («Қадр» сураси, 1-, 5- оятлар).

Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27- кечаси эканлигига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кечасида эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз (с.а.в)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ эса учинчи ўн кунликни тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг Рамазон ойининг 27- кечаси экани    маълум бўлган. Ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: "Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) бир қанча саҳобалари Лайлат-ул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларнинг тушларингиз Лайлат-ул қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Ким Лайлат-ул қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!"-дедилар".

Ойша (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: "Расулуллоҳ (с.а.в.) Лайлат-ул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар", - дедилар. Демак, Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли амалларни кўпроқ амалга ошириш, рўзадорларга ифторликлар қилиб бериш каби яхши амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. "Лайлат-ул қадр" сўзи "белгилаш кечаси", яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Сизу бизларни олдимизда турган муборак қадр кечасида бизга ушбу оятлардан кўриниб турган уч хил фазилатни англашимиз мумкин.

1. Лайлат-ул қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ҳам ортиқлиги.

2. Бу кечада осмон фаришталари Жаброил (а.с.) билан бирга ер юзига тушиб, мўмин-мусулмонларга салом айтиб, дуоларига омин деб туришлари.

3. То субҳи тонгигача аҳли иймон бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туриши.

Мана шу сабабдан ҳам ҳадиси муборакларда: "Ҳар ким Лайлат-ул қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, жамики гуноҳлари мағфират қилинур,"-деб баён қилганлар. Демак, барчаларимиз бу кечани ғанимат билиб эзгу мақсадларимизни сўраб, дуолар қилишимиз зарур.

Оиша онамиз (р.а.) дедилар: "Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) агар қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қиламан?" Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Эй Аллоҳ, сен авф этгувчи зотсан ва авф қилишни яхши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин", деб дуо қилгин", дедилар.

Аллоҳим, барчаларимизни Рамазон ойида ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган ибодатларимизни ва холис қилаётган дуоларимизни ўзининг лутфи карами ила қабул қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, билиб - билмасдан қилган гуноҳларимизни ўзи мағфират айласин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Абу Ҳурайра" жомеъ масжиди имоми.

"Саховат ва кўмак" жамғармаси: 1,5 мингдан ортиқ фуқарога кўмак берилди

Саховат - олий қадрият

 

"Маҳалла" ҳайрия жамоат фондининг Андижон вилояти бўлими ва унинг туман, шаҳар бўлинмалари ҳузуридаги ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 1 минг 513 та эҳтиёжманд, камтаъминланган оила вакилларига 3 миллиард 414 миллион 813 минг сўм миқдоридаги ёрдамлар кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда эҳтиёжманд, камтаъминланган оилалар, ногиронлар ва қийин шароитларда яшаётган аҳоли вакилларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда "Саховат ва кўмак" жамғармаси фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзгаларга меҳр-саҳоват кўрсатиш, муҳтожларга кўмак бериш халқимизнинг асрлар оша давом этиб келаётган ўлмас қадриятларидан биридир. Бугунги кунга келиб, ана шу қадрият юртимизда давлат  сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина Андижон вилоятида жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан  1,5 минг нафардан зиёд фуқарога ёрдам кўрсатилганлиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Вилоятимизда жамғарма томонидан эҳтиёжманд ва "Темир дафтарга" киритилган 1 минг 129 та оилага, "Аёллар дафтари"га киритилган 89 нафар хотин-қизга 1 миллиард 749 миллион 322 минг сўм моддий ёрдамлар берилди. Бундан ташқари, 280 та эҳтиёжманд ва 23 нафар "Темир дафтарга"га киритилган оилага, 23 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизга 226 миллион 99 минг сўм миқдордаги кундалик истеъмол товарлари тарқатилди.

Ёнғин туфайли Андижон шаҳри, Мустақиллик маҳалласи, А.Ҳайдаров кўчасидаги 66-уйда яшовчи Владимир Ушаковнинг уйи анча зарар кўрган эди. Қийин шароитга тушиб қолган ана шу юртдошимизга уйини таъмирлаш учун "Саҳоват ва кўмак" жамғармаси орқали 15 миллион сўм моддий ёрдам ажратилди. Аҳолига кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Шунингдек, эҳтиёжманд, "Темир дафтар"га киритилган 367 та оила ва  "Аёллар дафтари"га киритилган 197 нафар хотин-қизга 1 миллиард 183 милиллион 953 минг сўмлик дори-дармон, тиббий воситалар ҳамда саломатликларини тиклаш учун моддий ёрдамлар кўрсатилди.

"Аёллар дафари"га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун 72 миллион 111 минг сўм сарфланган бўлса, "Темир дафтар"га киритилган ҳамда эҳтиёжманд оилалар даромадини ошириш,   бандлигини таъминлаш учун 61 миллион сўмлик парранда   тарқатилди.

Юртимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар, олиб борилаётган хайрли ва эзгу ишлар одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. 

Вилоятимизда "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан юқоридаги каби хайрли ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.

Баҳтиёржон ТУРСУНОВ,

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими  бошқаруви раиси.

Миллий қадриятларни улуғлаган халк асло кам бўлмайди

Андижон шаҳрида "Қадриятларимиз - бебаҳо бойлигимиз" шиори остида "Нафосат ва гўзаллик тимсоли ўзингсан, аёл!" деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Андижон шаҳар ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан оилани, миллий қадрият ва анъаналаримизни улуғлаш, кекса авлод вакилларининг оила, оилавий ҳаёт билан боғлиқ бой ҳаётий тажрибаларини ўрганиш, опа-сингилларимиз, айниқса, қизларимизнинг кийиниш маданияти, маънавиятини, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини янада юксалтириш, уларни ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилган тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, фаол аёллар, кекса онахонлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

    - Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 мартдаги "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан тасдиқланган Миллий дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Андижон шаҳрида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, - дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Наргиза Улуғжонова. - Шаҳримиздаги Ғайрат маҳалласида ташкил этилган тадбирда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлодга етказиш, оилани мустаҳкамлаш, аёлни, онани улуғлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳунар ўрганиш, бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Ёшларнинг кекса авлод вакиллари билан мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилди. Мулоқотлар жараёнида нуроний онахонлар оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар тарбиясида миллий қадрият ва     анъаналаримизнинг ўрни, роли ва аҳамияти ҳақида ҳаётий мисоллар, насиҳатлар асосида кенг тушунчалар беришди. Миллий қадриятларини улуғлаган, асраб-авайлаган халқ, юрт асло кам бўлмаслигини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори  босқичга кўтариш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида ҳунарманд опа-сингилларимиз томонидан тайёрланган ҳунармандлик маҳсулотлари, миллий ва замонавий либослар кўргазмалари намойиш этилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

АЁЛНИНГ ҚАДРИ БАЛАНД БЎЛГАН ЖАМИЯТНИНГ КЕЛАЖАГИ ПОРЛОҚДИР

Мутахассис мулоҳазаси

Кейинги йилларда мамлакатимизда гендер тенглиги, яъни хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, опа-сингилларимизнинг, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳақ-ҳуқуқларини, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада президентимиз, ҳукуматимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мазкур йўналишдаги ишларнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланмоқда.

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бугун гендер тенглиги масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди, кейинги бир неча йил ичида соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Ҳўш, гендер тенглиги ўзи нима, бу тушунча нимани англатади? У қиз-аёлларга нима беради?

"Гендер" тушунчасининг луғавий маъноси лотинча "genus", яъни "жинс" маъносини англатади. Агарда, биологик жинс инсонларни аёл ва эркакларга ажратадиган бўлса, гендер - бу аёл ва эркакларнинг жамиятдаги ўрнини белгилашга қаратилган. Бу - аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқий мақоми ва уни амалга ошириш учун тенг имкониятлардан, жинсидан қатъи назар, шахсларга жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларида ўз қобилиятларидан эркин фойдаланиш имконини беради.

Гендер - хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади. Демак, гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Балки ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради.

Кишилик жамияти тарихида эркак ва аёллар тенглиги ғоясини Юнон олими  Антифонт ўз асарларида илгари сурган: "Табиат барчани: аёлларни ҳам, эркакларни ҳам тенг қилиб яратади, лекин одамлар инсонларни тенгсиз ҳолатга солувчи қонунларни ишлаб чиқишади", деб таъкидлаган. Шарқ қомусий олимлардан Абу Наср Фаробий "Фозил одамлар шаҳри" асарида тенглик ҳукм сурган давлатни фозилликка интилган давлат сифатида қайд этган бўлса, 1791 йилда Олимпия Де Гуж томонидан тайёрланган фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларациясида илк бор аёлларнинг эркин фикрлаш ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга эканлиги  эътироф этилган.

Гендер тенглигининг ҳуқуқий ривожига эътибор берадиган бўлсак, энг аввало, гендер тенгликнинг ҳуқуқий асослари халқаро ва миллий қонунчиликни  тарихий-назарий ва ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил этиш жоиз. Албатта, 1948 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эркак ва аёлларнинг тенглиги алоҳида эътироф этилган бўлиб, Декларациянинг 1-моддасида "Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак", дея таъриф берилган.

Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5- мақсад - "Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш"дир. Бу ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Ушбу вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек, жамоат ташкилотлари масъуллиги қайд этилган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева кўплаб йиғилишларда, айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ масаласига тўхталиб, сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасигача кўтарилганлиги, реабилитация марказлари, ишонч телефонлари ташкил этилиб, зўравонлик қурбонларига ҳимоя ордерлари бериш йўлга қўйилганлиги ва бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджига ҳам ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Ўзбекистонда 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 774 хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Ҳимоя ордерлари кўпроқ Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган. 2021 йилда эса 39 мингга яқин хотин-қизларга оилада эри, қайнонаси, келини томонидан зўравонлик бўлаётгани ҳақида профилактика инспекторларига мурожаатлар келиб тушган. Бундай ноҳуш ҳолатлар шубҳасиз, барчани жиддий ташвишга солади. Қолаверса, зўравонлик ва    тазйиқ билан боғлиқ бундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, зиёлилар, мутасаддилар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Гендер тенглиги масаласи оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, жамиятда    маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳам таъсир кўрсатувчи омиллардан бири саналади.  Муҳтарама аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни, роли ва мавқеини кўтариш шубҳасиз, ана шу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини янада оширади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада обрў-эътиборли, билимли хотин-қизлардан иборат "Оқила аёллар" ҳаракатини ташкил этиш таклифини илгари суриб, ушбу ҳаракат "маҳалланинг виждони"га айланиши кераклигини,   маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз, опа-сингилларимизсиз қуриб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

 Ўзбекистон Миллий метрология институти давлат муассасаси Андижон филиали томонидан ҳам соҳада фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, муаммоларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамоадаги аёлларнинг меҳнатлари юксак қадрланмоқда. Айниқса, меҳнат фаолияти билан бирга, илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган ҳамкасб опа-сингилларимизга муассасамиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Меҳнатлари, илмий ишлари муносиб қадрланиб, улар раҳбарият тиомонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. Ана шу эътибор, опа-сингилларимизни янада фаол бўлишга, сидқидилдан меҳнат қилишга ундамоқда.

Мухтасар айтганда, аёл - оиланинг, жамиятнинг ишончи, таянчидир. Маърифатли аёллар, оналар қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар, энг аввало,  ўз оиласини мустаҳкамлашга, фарзандларини эл-юрт ишига камарбаста бўладиган, комил инсон қилиб, қолаверса, Ватанимизга, миллий анъана ва қадриятларимизга, истиқлол ғояларига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга интилади. Ана шу жараёнда аёлнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси қанчалик мустаҳкам, жамиятдаги ўрни, роли ва қадри нечоғлик юксак бўлса, у бажарадиган ишлар янада залворли бўлади.

Гавҳарой ШЕРТОЙЛОҚОВА,

Ўзбекистон Миллий метрология институти давлат муассасаси

Андижон филиали етакчи мутахассиси.

Ўш давлат академик Ўзбек мусиқали драма театри Андижонда

Ижодий сафар

З. М. Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри ижодий сафар билан Андижонга келди.

Қарийб 100 йиллик тарихга эга З. М. Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри нафақат Қирғизистонда, балки Марказий  Осиёдаги кўҳна, ўзининг ижодий анъаналарига эга санъат муассасаларидан бири ҳисобланади. 1929 йилда профессионал театр сифатида фаолият бошлаган жамоа Қирғизистонда ўзбек санъатини тарғиб қилиб, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Икки қўшни халқ ўртасидаги маданий алоқаларни, театр жамоалари ўртасидаги ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ижодий сафар доирасида Ўш театри жамоаси томонидан Андижон шаҳридаги З.М.Бобур номли вилоят мусиқали драма театрида "Соқов келин" спектакли намойиш этилди.

Драматург Рихсивой Муҳаммаджонов асари асосида театр бадиий раҳбари Равшанбек Турсунов томонидан саҳналаштирилган комедия жанридаги мазкур спектаклни андижонлик театр мухлислари катта қизиқиш билан томоша қилди.

- Ижодий жамоамиз томонидан намойиш этилган "Соқов келин" асарида оиланинг ажрашиш жараёни, кишиларнинг оилани бошқариш ва мустаҳкамлигини таъминлашдаги хато ва камчиликлари, бу борадаги муаммолар ўткир кулгу остида тасвирланади, - дейди асар бош қаҳрамони Ойпопук роли ижрочиси, Қирғизистон Маданият аълочиси Одина Аббосова. - Комедия жанридаги, лекин катта тарбиявий аҳамиятга эга мазкур асаримиз ишонаманки, андижонлик театр мухлисларига албатта, манзур бўлади.

Нигора Ўрмонжонова, жамоатчи мухбир.

АРДОҒИМСАН, ВАТАНИМ!

Бир кафт тупроғинг-да зийнатдан устун,

Қорачиқларимда туғилган Ватан.

Сенга тиғ урсалар - юрак пора, хун,

Меҳри тан-танимга йўғрилган Ватан.

 

Мусаффо осмонинг - орзу макони,

Бу кўҳна заминдир аждодлар ётган.

Қадамлар эртанинг ёруғ имкони,

Қўллар қадоқлари меҳнатда қотган.

 

Тандирдан узилган насиба иси,

Токда ялтираган бир шингил узум.

Қариндош, қўшнининг ўғилу қизи,

Барида тафтинг бор юртим-юлдузим.

 

Бағрингда яйраган бахтли қизингман,

Имконлар ичида сезилмас камим.

Дея олай бир кун: "Айтар сўзингман!"

Ардоғимсан менинг, кўҳна Ватаним!

 

Зилола РЎЗИБОЕВА

"АНДИЖОН ПОЛКАСИ" РАҚСИНИНГ ЮЗ ЙИЛЛИГИ КЕНГ НИШОНЛАНМОҚДА

Вилоятимизда "Андижон полкаси" рақс ойлиги эълон қилинди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан "Андижон полкаси" миллий рақси яратилганлигининг 100 йиллиги ҳамда "Андижон полкаси" халқ ансамбли ташкил этилганлигининг 65 йиллиги, қолаверса, ушбу рақс санъати оммавийлигини ошириш мақсадида "Андижон полкаси" ойлиги ўтказилмоқда. 

Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида таниқли мусиқачи, Ўзбекистон Халқ артисти Ориф (гармон) Тошматов томонидан яратилган рақс "Андижон полкаси" номи билан маълум ва машҳур бўлди.

Андижон полкаси 2/4 (ёки 4/4) мусиқа ўлчови, одатда соф мажор тоналлиги, шўх сийрати билан ажралиб туради. Рақс бир томондан ўзбек мумтоз куйлари, иккинчи томондан бошқа халқлар фольклор куйлари намуналарига оҳангдош. "Андижон полкаси" сурнай, қўшнай, шунингдек, гармон товушқаторига хос диатоник тузилмалари, одатий шўх куй йўналишларини ўзида уйғунлаштирган.

- Ойликни ўтказишдан кўзланган мақсад, "Андижон полкаси" рақсни кенг тарғиб этиш, мазмунан янада бойитиш ва оммавийлигини ошириш, - дейди Андижон вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабахон Сатторова. - қолаверса, ушбу рақснинг ўзига хос жозибаси орқали ёшларда она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

 Айни кунларда ойлик доирасида вилоятдаги меҳнат жамоалари,      таълим муассасаларида миллий рақс ижроси бўйича тадбирлар, танловлар бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, жамоат транспортлари, бозорлар, авто ва темирйўл вокзаллари, маданият ва истирохат боғлари, умуман, аҳоли гавжум бўладиган масканларда ушбу рақс оммавийлигини ошириш бўйича челенжлар, флешбомлар  ўтказилмоқда.

 

Умуман, вилоятда "Андижон полкаси" рақсининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда.

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Таассуротларга бой саёҳат

Истеъдодли ижодкор, устоз Ғани Мажид раҳбарлигидаги "Нафосат" клуби ижодкорлари Марҳамат туманида саёҳатда бўлди.

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 68 йиллиги муносабати билан ташкил этилган саёҳат давомида ижодкорлар дастлаб шоирнинг хонадонида бўлди, уй музейи билан яқиндан танишдилар,  унинг қабрини зиёрат қилиб, шоир хотирасини ёд этдилар.

Ижодкорлар "Мингтепа ёдгорлик" музейида Марҳаматнинг қадим тарихига оид экспонатлар, маълумотлар билан яқиндан танишди. Шундан сўнг туманнинг энг обод гўшаларидан бири "Буюк маскан" дам олиш мажмуасига борилди. Бу ерда шеърхонлик тадбири ўтказилди. Клуб аъзоларининг ижод намуналаридан кеча қатнашчилари баҳраманд     бўлишди.

Кундан кунга юксалиб бораётган Марҳаматга саёҳат ижодкорларда унутулмас таассуротлар қолдирди.

Ойгул ЭШМУРОДОВА, жамоатчи мухбир.

ОИЛА ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎFРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги "Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-81-сон Фармонига мувофиқ:

1. Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясини, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларида эса Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича ҳудудий комиссияларни ташкил этиш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

2. Қуйидагилар:

а) Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

б) Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони:

49 нафар штат бирлигидан иборат марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

168 нафар штат бирлигидан иборат Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

621 нафар штат бирлигидан иборат туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисига:

ўзининг ўринбосарлари ўртасида аниқ вазифалар ва функцияларни тақсимлаш;

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда - қўмита) марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.

4. Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида 5 нафар  бошқарув ходимлари штат бирлигидан иборат бўлган Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг котибияти ташкил этилсин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ҳар йили Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига қўмита фаолияти юзасидан ҳамда соҳадаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида ахборот бериб боради;

маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига номзодлар туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари - оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади;

маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тажрибасига эга, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли номзодлар тайинланади;

қўмита марказий аппарати ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги марказий аппарати ходимларига, унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ходимларига   тенглаштирилади.

6. Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

8. Бош прокуратуранинг ташкилий-штат тузилмасида штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан 20 нафар штат бирлигидан (шундан, 14 нафар ҳудудий вакиллар штат бирлиги) иборат Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат     бошқармаси ташкил этилсин.

Бош прокуратура хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назорат ўрнатсин.

9. Қўмита:

а) икки ой муддатда:

марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларнинг қўмитага юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир бўлган, зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар билан танлов асосида тўлдирилишини;

таркибий ва бўйсунувидаги бўлинмалар, шу жумладан маҳалладаги хотин-қизлар фаоли тўғрисидаги низомлар, шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари тасдиқланишини таъминласин;

б) уч ой муддатда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларини юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини ҳамда зарур алоқа, жумладан, қўмитани ҳукумат алоқаси билан таъминласин.

10. Белгилансинки, қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юклатилган функцияларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қўмитага тегишли вазифаларни амалга ошириш учун, зарур ҳолларда, давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар тузиш;

қўмита ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга ариза (шикоят) ва даъволарни киритиш;

хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш.

11. 2022 йил 1 майдан бошлаб маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгилансин:

хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари миқдорида;

хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари миқдорида;

хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари миқдорида.

Белгилансинки, фаолият самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиқиб, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 15 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш жамғармаси шакллантирилади.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 августга қадар маҳаллий бюджет маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини "Аёллар дафтари"ни юритиш, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видеоконференцалоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи планшетлар билан таъминласин.

қўмита ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда планшетларда фойдаланиладиган дастурий таъминотни ишлаб чиқсин ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига тақдим этсин.

13. Қўмита Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоилий кўчаси, 1 Г-уй манзили бўйича оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қўмита билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар қўмитанинг ҳудудий бўлинмаларини зарур бино ва иншоотлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

14. Молия вазирлиги:

2022 йилда ушбу қарорни амалга ошириш доирасида қўмитанинг харажатлари учун "2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

"2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга қадар қўмита фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар учун маблағ ажратиш чораларини кўрсин;

2023 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни кўзда тутсин.

15. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти               Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент ш., 2022 йил 1 март, ПҚ-146-сон