+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

БИЗ ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИМИЗ

Жараён

     Зўравонлик  - инсон  ҳуқуқларини  оёқ  ости  қилиш, камситиш, кибрлилик, зулм  ўтказиш  сингари  қатор  иллатлардан  иборат. Зўравонликка  ҳар  қандай  жойда  дуч  келиш  мумкин.  Бизга  маълумки,  оила - фарзандлар  учун  тарбиянинг  асосий  манзили. Бола  ота-онадан  ибрат  олади, ота-онанинг  гўзал  фазилатларини  ўзлаштиришга  ҳаракат  қилади.

      Оила  аъзоларининг  бир-бири билан  аҳиллиги, тотувлиги  фарзандларга  намуна  бўлади.  Бироқ, оилада муҳит носоғлом  бўлса-чи? Жанжал,  келишмовчиликлар,  бир-бирини   камситиш  ҳолатлари  тез - тез  содир  бўлса,  бу  оилада  вояга  етаётган  бола  қандай  қилиб  маънавиятли   инсон  бўлиши  мумкин?  Энг  аввало,  ҳар  бир  инсон  ўз  шахсини  бошқалардан   юқори  қўйиши,  ўзидан  кучсиз,  ҳимояга  муҳтожларга  таъсир  ўтказиши туфайли зўравонлик келиб чиқади.  Адолатсизлик  бор  жойда  шафқатсизлик  илдиз  отади.  Самимийлик,  бир-бирига адолатли муносабатда бўлиш,  яхшиликлар  соғиниб  яшаган  оиланинг  маънавий  муҳити  ҳам  соғлом  бўлади.

25  ноябрдан  бошлаб жойларда  "Биз  зўравонликка  қаршимиз"  шиори  остида  турли тадбирлар  ташкил  қилинишидан мақсад ҳам зўравонликнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни қарор топтириш, ёш авлодни меҳру-муҳаббат, адолат ва тенглик тамойиллари асосида тарбиялашдир.

Булоқбоши  туманидаги 2 - умумтаълим  мактабида  ҳам  ана шу  мавзуда  давра  суҳбатлари,  учрашувлар,  викториналар  бўлиб  ўтди. Жумладан, мактабнинг  8 - "Б"  синф  ўқувчилари  томонидан   тайёрланган  адабий  композиция  ва  саҳна  кўринишлари,  видеороликлар  мактаб  жамоаси  эътиборига  ҳавола  этилди.  Моҳларой  Аблазизова, Дилноза  Собирова, Муслима  Одилжонова,  Насиба  Нурмуҳаммедова,  Дилфуза  Маҳмудова,  Арслон  Адаҳамов,  Ойбек  Абдунабиев  каби  ўқувчилар  саҳна  кўринишларида  уйдаги зўравонлик ҳолатларини  акс  эттирдилар. 

Тадбирда   "Шоҳгузар"  маҳалла  фуқаролар  йиғини  фаоллари, ота-оналар  иштирок  этди,  мавзуга  оид  фикр ва  мулоҳазаларини  билдирдилар.

Дарвоқе, баъзан бола ҳуқуқларининг  бузилиши, ёш  болаларга  таҳдид, тазйиқлар  ўтказилиши, айрим  оилаларда  катталарнинг  ўзаро  давомли  жанжаллари  болага  салбий  таъсир  қилиши  ҳолатлари  ҳам  кузатилади.  Серқуёш  юртимиз  одамларининг  қалби  ҳам  қуёш  тафтидек  илиқ, меҳрга  тўла. Биз - болажон  халқмиз.  Тазйиқлар,  камситишлар  миллий урф-одатимизга  ёт  унсурлар.  Зеро,  Ватанимиз  тарихида  Ўзбекистон  бағрикенг  юртлиги  билан     дунёга  танилган,  зўравонликка  асло  йўл  қўйилмайди. 

 Гулбаҳор  АСРОНОВА,

Булоқбоши  туманидаги 2-умумтаълим мактабининг

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

МАЪНАВИЙ БОЙЛИККА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

Мулоҳаза

      Ҳозирги  вақтда  китобхонлик,  мутолаа, ахборот,  ахборот  истеъмоли  маданиятлари  каби  атамалар  кенг  қўлланилмоқда.  Болаларда   ўқиш  маданияти  ва  мутолаа  кўникмаларини  шакллантириш  умумтаълим  мактабидаги  ўқитиш  жараёни  билан  узвий  боғлиқ  бўлиб,  дарс  ва  дарсдан  ташқари  машғулотлар  уйғунлигида  амалга  оширилади.

      Ҳар  бир  дарснинг  ташкилий  қисмида  бадиий,  маърифий асарларнинг  мавзуга  оид  қисмини ўқувчилар билан бирга муҳокама қилиш ўқувчиларнинг ўқув  мотивини  кучайтиради,  болаларнинг китоб ўқиш   кўникмасини тезлаштиради. Мактабда назорат ишларини ўтказишда  тегишли фанни  ўрганиш жараёнида ўқувчилар томонидан  ўқилган бадиий, маърифий, илмий, оммабоп асар билан боғлиқ  топшириқнинг  берилиши  болаларнинг  китоб  ўқишга  масъулиятини  оширади ва  ижодий    фикрлаш  қобилиятини  мустаҳкамлайди.

Такрорлаш ва умумлаштириш дарсларини бадиий, маърифий, илмий, оммабоп асарларни ўқиш билан  боғлиқ  ҳолда  ўйин  технологиялари  асосида  ўтказиш  ўқувчилар  ўртасида  рақобат  муҳитини  ва  изланишли   фаолиятга  доир  амалиётни  шакллантириш  имконини  беради.

Дарс жараёнида ўқувчиларнинг матн устида ишлашини ташкил этиш, тушунчаларини аниқлашга доир интерфаол методларнинг қўлланилиши мақсадга  мувофиқ.  Болалар  нафақат  илмий  тушунчаларни,  балки  айрим  сўзларнинг  маъносини  тушунишга  қийналади. Шу  сабабли,  янги  мавзуни  ўрганиш  жараёнида  дастлаб  ўқувчиларни  матн  билан  ишлашга  жалб  этиш лозим.    Матндаги  тушунарсиз   сўзларни  дафтарга  ёзиш, изоҳли  луғат  ёрдамида  уларнинг  маъносини  жуфтликларда  ишлаш  ўқувчиларга  материални  тўлиқ  ўзлаштиришга ёрдам беради. Болалар  китоб  ўқиш  давомида  ўзининг  амалий  фаолияти  тажрибасида  тўпланган   таассуротларини  қайта  тиклаш,  янги  белгилар  билан  бойитиш,  уларни  ўзаро  бирлашган  ҳолатга  келтириш  кўникмасини  ўзлаштирадилар. Ўқувчи  шахсий  фаолиятда  эришган  дастлабки  ижобий  натижа  уни бошқа  натижаларни  эгаллашга  ундайди.  Унинг  ўқиш  фаолиятидаги  биринчи  меҳнат  маҳсули   шодлик  ва  қувонч  ҳис-туйғусини   келтириб  чиқаради. Айрим  ўқувчилар  у  ёки  бу  матнни  бир  неча  марта  ўқишга  ҳаракат  қилади. Қайта қайта  ўқиш  билим олишга бўлган   қизиқишни  вужудга келтиради.

Дарсдан  ташқари  жараёнда  болаларда  ўқиш  маданияти  ва  мутолаа  кўникмаларини  шакллантириш  амалий  фаолиятни  ташкил  этишнинг  стандарт  ҳамда  ностандарт  усулларини  уйғунлаштиришни  талаб  этади.  Оғзаки  ва  ёзма  давра  суҳбати, китоб  кўргазмаси,  китобларга  шарҳ  ёзиш,  ифодали  ўқиш,  адабий  ўйин,    эрталиклар,  ижодий  учрашувлар  шулар  жумласидандир.

Бола дастлабки тарбияни оилада  олганлиги  сабабли, оила  болаларни  китобга  қизиқтирувчи  асосий  маскандир. Шундай  оилалар  борки,  ота-  оналар фарзандлари билан   таассуротларини  муҳокама  қиладилар.

Умуман олганда, китоб мутолааси инсонни комиллик сари  етаклайдиган,  унга  маънавий  озуқа  берадиган,  зеҳнни  ўткир,  тафаккурни  кенгайтирадиган  муҳим  воситадир. Ўқувчи  қайси  фанни  ўрганмасин,  у  фикрлайди,  баҳс  юритади, мушоҳада  қилади. Китобхонлик  эса  уни  маънавий  бойлигини  таъминловчи  энг  муҳим  йўлдир.

 

 Ҳилолахон  ҲОЛИҚОВА,

       Андижон  шаҳридаги 48- умумтаълим  мактаби  бошланғич  синф  ўқитувчиси.

ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ ЭКСПЕРТИЗА ТИЗИМИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ

Қарор ва ижро     

     Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий-ижтимоий экспертиза тизимини такомиллаштириш, мазкур йўналишда аҳолига қулайликлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

     Президентимизнинг 2021 йил 27 ноябрдаги "Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Ушбу қарорга асосан, фуқароларни ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларсиз тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт тарзини юритиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятларини кенгайтириш, уларни реабилитация қилишга тўғри йўналтириш, ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш юзасидан қатор вазифалар белгиланган.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 декабрдан:

-      шахс соғлигининг ҳолатига кўра, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имкониятига эга бўлмаган ҳолатда ногиронликни белгилаш бириктирилган ҳудудларга чиқиб, кўчма мажлисларда, шахснинг уйида ёки даволанаётган тиббиёт муассасасида ҳамда сиртдан кўрикдан ўтказиш ташкил этилади;

-      ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларини олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, тасдиқланган касалликлар рўйхати асосида фуқаро иштирокисиз, у ногиронлиги бўлган шахс деб топилганида ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади;

-      тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.

2022 йилнинг 1 августидан Тошкент шаҳрида, 2023 йилнинг 1 январидан республиканинг бошқа барча ҳудудларида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт  комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги "тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизими жорий этилади. Бунда:

-      ногиронликни белгилашда  даволаш муассасасининг йўлланмалари, касаллик тарихидан кўчирмалар, амбулатор карта, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолатдаги бахтсиз ҳодиса ёки соғликни бошқача тарзда шикастланиши тўғрисидаги ҳужжатлар ахборот тизими орқали олинади;

-      ногиронлиги бўлган   шахсларга тааллуқли, шунингдек, даволовчи ва тиббий хулоса берган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида қайд этиб борилади;

-      ногиронлиги бўлган   шахсларга пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун электрон маълумотлар "Пенсия" ва "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади.

Шу тарзда ногиронликка оид қатор маълумотлар баъзаси, маълумотлар алмашиш тизими жорий этилади.

Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилиши муносабати билан  Соғлиқни сақлаш тизими шифокорлари зиммасига 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш бўйича юклатилган вазифа бекор қилинади.

Шунингдек, қарорга кўра, 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бор, деб топиш Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари, 18 ёшдан юқори шахсларни ногиронлиги бор, деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Қарорга асосан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида иккитадан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилади.

Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, доимий фаолият кўрсатувчи тузилма ҳисобланади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг электрон ахборот тизимини яратиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланади.

Мазкур қарор билан республиканинг барча ҳудудий тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари учун барча талабларга жавоб берадиган, фуқаролар ташрифи учун қулай бўлган бинолардан жой ажратилиши белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори мазмун-моҳиятига кўра, фуқаролар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, соҳа ишини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жамилахон Джурақулова,

Андижон туманлараро

12- сон ТИЭК раиси. 

ПАТРОНАЖ ХИЗМАТИ: СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИК ЯНАДА ОРТДИ

  Ислоҳотлар самараси

     Кейинги йилларда мамлакатимиз жадал ривожланаётган давлатлар сафига қўшилмоқда, жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

     Жумладан, бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимини такомиллаштириш орқали шаҳар ва қишлоқларда оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ташкил этилди, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди.

Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ва патронаж хизматининг самарали моделларини жорий этиш, тиббий хизмат қамрови ва самарадорлигини ошириш борасида қабул қилинаётган қатор ҳужжатлар  соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва касалликлар профилактикаси   соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Мазкур йўналишда филиалимизда ҳам қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнгги йиллардаги қатор фармон ва қарорлари ижроси, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ), Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) тавсиялари асосида, Халқаро ЮНИСЕФ болалар жамғармаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган дастурлар доирасида Тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилди, вилоятдаги фаолият юритаётган патронаж ҳамшираларининг малакасини ошириш курслари ташкил этилди. Жорий йилнинг  биринчи ярмида 4 минг 541 нафар хамширанинг малакаси оширилди.

Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш, тиббий хизматни самарали йўлга қўйиш, бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимида оналар ва болаларга тўғри овқатланиш, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича патронаж ҳамширалар фаолиятини кучайтириш, хонадонларга ташрифларни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Патронаж ҳамширалар хонадонларга ташриф чоғида ҳомиладор ҳамда чилла давридаги аёллар, илк ёшдаги чақалоқларнинг уй шароитида парвариши, уларнинг саломатлигига таъсир этувчи хавф ва хатарларни эрта аниқлаш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб борилиши турли кўнгилсизликларнинг олдини олади.

Мазкур йўналишдаги ишларнинг бугунги кун талабига жавоб бермаётганлиги бирламчи тиббий санитария ёрдами хизматини модернизация қилиш ва патронаж хизматини янги моделга, яъни андозага кўтариш заруратини юзага келтирди. Эндиликда бу борада янги тартиблар жорий этилиб, ишлар сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланди.

Патронаж ҳамшираси хонадонларга ташриф вақтида боланинг саломатлигига хавф солувчи омиллар, юзага келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш, ота-онанинг вазифаси, бола парвариши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда оналарга, оилага яқиндан ёрдам беради.

Ҳомиладор, туққан аёллар ҳамда илк ёшдаги болалар патронажининг универсал-прогрессив модели юқоридаги ва бошқа кўплаб саволларга жавоб беради. Ушбу модель тиббий-ижтимоий йўналишларга қаратилган модел сифатида ЖССТ ва ЮНИСЕФ томонидан тавсия этилган бўлиб, у бирламчи тизим муассасалари хизмати сифати талабларига жавоб беради. Универсал-прогрессив моделга биноан мутахассиснинг уйларга ташрифи бўйича универсал (умумий) хизматлар бутун оила учун хизмат қилса, прогрессив (мақсадли) хизматлар эса хавф ва эҳтиёжларни баҳолаш асосида оиланинг баъзи аъзоларига тақдим этилади.

Патронаж хизмати янги моделининг анъанавийсидан   фарқи, қатновнинг сонига эмас, балки сифатига алоҳида эътибор қаратилиши билан аҳамиятлидир. Ушбу моделга биноан ҳомиладорлар ва илк чилла давридаги аёллар ва чақалоқлардаги хавф омилларини барвақт аниқлаш, ёш болаларнинг оптимал ўсиши ва ривожланишига ёрдам берувчи комплекс ва кенгайтирилган хизматлар кўрсатилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа ишини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Гулнорахон ТЎРАХЎЖАЕВА,

Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш ва

уларни ихтисослаштириш  маркази Андижон филиали директори.                                       

Ҳунарманд - элга таянч

ҳунар - санъат

     Умумтаълим мактабларида билим олаётган ёшларни касб-ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишларини орттириш, тўғри касб танлашларига кўмаклашишда технология фани алоҳида аҳамият касб этади. Ёшларни мустақил  меҳнат  фаолиятига  тайёрлаш  ва  улар  томонидан  касб-ҳунарни ўз қобилиятларига яраша  тўғри  танлашларига эришиш  ўқитувчидан педагогик  маҳорат, билим, ташкилотчиликни талаб этади.

     Меҳнат  таълимини  турмуш билан боғлаш, уйғунлаштиришда, ўқувчиларнинг индивидуал психологик, ёш даврлари, хусусиятлари, техник қобилиятлари, интеллектуал даражалари ва  имкониятларини  ҳисобга  олиш  ижобий  самара  беради.

Одатда, технология дарслари асосан амалий машғулотлар асосига  қурилади. Булоқбоши туманидаги  2-умумтаълим  мактабида фаолият олиб бораётган "Моҳир  қўллар", "Ҳунар-санъат" сингари тўгаракларда ўқувчилар ўзлари қизиққан қўл меҳнатлари билан тайёрланадиган буюмлар ясашни ўрганмоқдалар. Мактабимизда ўқувчиларнинг қўл меҳнатлари билан тайёрланган буюмлар кўргазмалари тез-тез ташкил этилади. 

Дарҳақиқат, ҳар бир ҳунарманд ишига ҳаётда эҳтиёж сезамиз.  Томорқаларда  экин  парваришлаш, боғдорчилик  сир-асрорлари,  тикувчилик, ошпазлик...Буларнинг барчаси ҳаётимиз давомида зарур, керакли ҳунарлар ҳисобланади. Ўқувчиларнинг моҳир  ҳунармандлар, тадбиркорлар билан давра суҳбатларини ташкил этиш, тўгарак машғулоти давомида тайёрланган уй-рўзғор буюмларини кўрсатиш ҳам ўқувчиларнинг шу ҳунарларни  эгаллашга  бўлган иштиёқларини  оширади. Яқинда мактабда юқори  синф ўқувчилари ўртасида "Энг яхши ҳунарманд ўқувчи" ва "Энг яхши  технология хонаси" кўрик-танлови ташкил этилди. Танловда  ўқувчилар "Энг  яхши сартарош", "Энг яхши тикувчи", " Энг яхши дурадгор", "Энг яхши ошпаз" йўналишлари бўйича ўзаро беллашдилар. Рустамбек Аҳлидинов, Озодахон Ҳосилжонова, Ашурали Даминов, Одилбек Аҳмедов сингари  ўқувчилар сартарошлик, тикувчилик, ошпазлик, дурадгорлик йўналишлари  бўйича ўз маҳоратларини намойиш этиб, ғолибликни  қўлга  киритдилар.

Улар  томонидан  намойиш этилган  буюмлар,  кичик мебель жиҳозлари замонавийлиги билан, ошпазлик санъатида ўзига хос тарзда тайёрланган таом, салатлар намойиши танлов иштирокчиларининг  эътиборини қозонди. Танловга маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ота-оналар  ҳам таклиф  этилди.

Fолиблар мактаб маъмурияти, ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

 

Энахон  РАҲМАТҚУЛОВА,

Булоқбоши туманидаги  2-умумтаълим мактабининг

технология фани ўқитувчиси.

Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ўзимизга боғлиқ

огоҳлик!

     Биз ҳар доим эҳтиёжимизга қараб турли транспорт воситаларидан фойдаланамиз: автомашина, темир йўллари, сув ва ҳаво транспортлари. Булардан кенг фойдаланиладигани албатта, темир йўл транспорти. 

"O'zbekiston temir yo'llari" AJ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган собиқ Ўрта Осиё темир йўллари базасида 1994 йил 7 ноябрда ташкил топган. Бу иқтисодиётимизга яхши фойда келтирган, яъни қўшни давлатлар билан борди-келди, савдо-сотиқ ишлари ҳам ривожланган.

Темир йўллар орқали ҳар куни юзлаб поездлар ҳаракатланади, минглаб кишилар ўз манзилларига етиб олади. Шу боис, темир йўллар ҳудуди атрофида яшовчиларга темир йўл вокзали, бекати, разъездларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка йўл қўймаслик, йўловчи поездларининг ойналарига тош ёки турли хил жисмлар отмаслик, темир йўлларнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтмаслик, темир йўл яқинида чорва молларини боқмаслик тўғрисида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан, турли ҳуқуқбузарликлар бўлмаяпти, деб айтолмаймиз. Шубҳасиз, уларга қонуний чоралар кўрилмоқда. Нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, ўзи ҳамда яқинларининг соғлигини сақлаш ва ўзгаларнинг соғ-саломат  юришлари учун ҳар бир фуқаро темир йўл соҳасида белгиланган тартибларга қатъий амал қилишлари лозим.

Илҳомжон АБРАЛОВ,

Транспортда ХТБ инспектори, катта лейтенант.

Жўрабек ҲАМДАМОВ,

Транспортда ХТБ ТБ суриштирувчиси, майор.

Тарбия дарслари - ҳаёт сабоқлари

Мутахассис минбари

     Мен  дарс  бераётган  Жалақудуқ туманидаги 19-умумтаълим мактабининг 3 - "Г"  синфида 36 нафар ўқувчи бор. Мактабимизда барча фанлар рус тилида ўқитилади.  Ўқувчилар ўз она тилларини пухта ўрганиш билан  бирга,  рус  тилини  ҳам  худди  ўз  она  тиллари  каби  севиб  ўрганмоқдалар. 

Яқинда мактабда тарбия дарслари машғулотлари қандай ташкил қилинаётгани, дарслар самарадорлигини ўрганиш мақсадида, туман  миқёсида кўргазмали семинар  ўтказилди. Мен 3-синфда "Китоб - билим  манбаи" (" Книга - источник знаний")  мавзусида  очиқ  дарс  ўтдим. Дарсга қўшни мактаб ўқитувчилари билан бир қаторда  ота-оналар ҳам таклиф этилди. Айни  дамда ўқувчилар  китоб  ўқиш,  бадиий  асарлар  билан мунтазам танишиб бориш  билимдонликнинг зарур омили  эканлигини яхши тушунадилар. Синфда кичик "Синф кутубхонаси", "Китоблар кўргазмаси" ташкил қилганмиз. Ўқувчилар бўш вақтларида ўзлари хоҳлаган китобларни ўқийдилар. Дарсларга А.С. Пушкин, А.М.Горький  ва бошқа адиб,  шоирларнинг  китоб  ҳақидаги ибратли ҳикматлари шиор  қилиб олинди.

Дарс суҳбат, савол-жавоб усулларида кечди. Дарсда ўқитувчи нутқи, тушунтиришлари  муҳим,  бироқ, ўқувчини  эшитиш, унинг фикрлари билан қизиқиш,  унинг жавобларига эътиборли бўлиш ҳам дарснинг асосий қонуниятларидан  ҳисобланади. Ўқувчилар дарсда китобнинг қоғоздан ташкил топиши,  қоғоз  эса  қаерда  ишлаб  чиқарилиши, китобнинг  яратилиш тарихи  ҳақидаги  саволларга тўлақонли  жавоб  бердилар.

Китоб инсонда кўплаб фазилатларни шакллантиради, тарбиялайди, билимларни  чархлайди.  Эртаклар - бола  ҳаётини  китоблар олами билан  боғловчи энг муҳим  восита.  Кичик  ёшдаги  ўқувчи саводхонлик билан бирга, китоблар оламига  эртаклар,  ҳикоялар  орқали  кириб  келади, катта  ҳажмдаги  асарларни  ўқишга  киришади. 

Очиқ  дарсда  ўқувчилар  рус  тилида шеър, мақол, тез айтишларни  ёддан ўқиб бердилар. 

Ўқувчилар  билан  тез-тез  синфдан  ташқари  машғулотлар,  тадбирлар  ўтказиш  уларни турли танлов, мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишларини  таъминлайди. Яқинда  туман  миқёсида  бўлиб  ўтган  "Иқтидорли болалар"  танловида  мактабимиз ўқувчилар жамоаси 2-ўринни эгаллади. Улар орасида синфимиз ўқувчиларининг борлиги қувонарли, албатта. Йигирма йилдан зиёд вақт  ўқитувчилик фаолиятим давомида  тажрибаларим,  кузатувларим    асосида  "Алифбо  саҳифаларида ("В страницах букваря") деб номланган услубий қўлланма яратдим. 1 - синфларни  ўқитиш  юзасидан  дарсларим  вилоятда  оммалаштирилди.

Чет  тили,  шунингдек,  рус  тилини  ўрганаётган  ўқувчи   камдан-кам  хатога  йўл қўяди, сабаби у сўзларни чоғиштиради,таққослайди, гапда  ифодаланишини  ўрганади.  Биз  ўқитувчилар ўқувчининг саводхон, теран фикрли, маънавиятли  бўлиб  таълим-тарбия топиши учун астойдил меҳнат қиламиз.

Муқаддамхон  БАКИЕВА,

Жалақудуқ  туманидаги  19-умумтаълим  мактаби

  бошланғич  синф  ўқитувчиси.

Шунда Ватан розидир биздан

Бағрикенглик хосдир инсонга,

Тинчлик керак еру осмонга,

Имкон берманг иғво-ёлғонга,

Шунда дунё розидир сиздан.

 

Ҳар инсондан қолсин яхшилик, 

Садоқатга ошно эзгулик,

Ҳаёт тотли - бўлса тотувлик,

Шунда дунё розидир сиздан.

 

Бор айбни қўйманг дунёга,

Ҳақиқатни йўйманг рўёга,

Ружу қўйманг молу дунёга,

Шунда дунё розидир сиздан.

 

Бағрикенглик ҳар дилга шиор,

Ўзбекистон энг гўзал диёр,

Барча миллат бунда бахтиёр,

Якдил фикр тушмасин тилдан.

 

Шунда Ватан розидир биздан.

 

Абдурашид ЭРГАШЕВ,

Асака тумани.

БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА КУТИБ ОЛАМИЗ

Янги йил байрами арафасида вилоятдаги уй-жойга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятда яшаётган ва ногиронлиги бўлган 132 нафар хотин-қизга янги уй-жойлар топширилди.

 

Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган опа-сингилларимизга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда нотурар жойларда истиқомат қилиб келаётган, ўз уй-жойи бўлмаган 120 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди. Бунинг учун 3 миллиард 728 миллион сўм маблағ сарфланди. Бундан ташқари, 255 нафар уй-жойи таъмирга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизнинг уй-жойлари ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан таъмирлаб берилди.

Янги йил байрами арафасида 132 нафар ана шу тоифадаги аёлларга Хўжаобод туманининг Иттифоқ массивида барпо этилган барча қулайликларга эга 2 хонали янги уйлар топширилди.

Шаҳрихон тумани Қумтепа маҳалласида яшовчи Гулнозахон Усмонова оиласи ҳам янги уй-жой олган оилалардан бири. Турмуш ўртоғи ва бир нафар ўғли 1-гуруҳ ногирони. Ушбу оила бир неча йиллардан буён бировларнинг уйида, ижарада яшаб келаётган эди.

- Бугун дунёда мендан бахтли инсон йўқ, - дейди Г. Усмонова. - Чунки, менга уй берилди. Энди ўз уйим бор, хотиржам яшай оламан. Ҳатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим минг чандон ортди. Қийналиб яшаётган мен каби аёллар холидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга мингдан-минг раҳмат.

- Ота-онамнинг қарамоғида 2 фарзандим билан 14 йил яшадим, - дейди Бўстон туманидаги "Боғи эрам" маҳалласида яшовчи Шоҳидахон Қобулова. - Рўзғордан ортиниб, алоҳида уй-жой қила олмадим. Ота-онам қариб қолди, очиғи, ҳаётда жуда қийналдим. Шукрки, давлатимиз мен каби юзлаб аёллар қатори менга ҳам уй-жой берганлигидан нафақат мени, балки фарзандларимнинг боши кўкка етди. Хурсандчилигимизнинг чегараси йўқ. Энди насиб этса, янги йил байрамини янги уйда кутиб оламиз.

Субсидия асосида 20 йил муддатли кредит ҳисобига топширилган 132 та янги уйнинг бошланғич тўлови уй соҳибаларига давлат томонидан тўлаб берилди.

Янги уйлар калитини ўз эгаларига вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов топшириб, уларни янги йил байрами билан табриклади, совға-саломлар улашди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ҚУВОНЧ ВА ШОДЛИК ОЛИБ КЕЛ, ЯНГИ ЙИЛ!

Билим,   иқтидор  ва  ижодкорликни улуғлаган  давлатнинг, халқнинг  келажаги  улуғ  бўлади.  Бугун  юртимизда  ёшларга   яратилаётган  ҳар  бир  имконият,  шароитлар  даврга  муносиб  бўлишга,  янги  ғоялар  яратишга  барчамизни  даъват  этади. 

Юртимизда  янги  йил  шукуҳи  кезмоқда.  Одатда,  янги  йил  байрамини  болажонлар  интиқ  бўлиб  кутадилар.   Байрамнинг  азалий  қаҳрамонлари,  завқ - шавқ  улашадиган  рамзий  образлари   Қорбобо  ва     Қорқиз, эртак  қаҳрамонларининг  мўъжизавий  чиқишлари, янги  йил  совғалари  улашишларини  болалар  ёқтирадилар. 

Ҳар  бир  бола  қайсидир  иқтидор  эгаси.  Кимдир  яхшигина  ашула  айтса,  яна  кимдир  суратлар  чизишга  қизиқади.  Ўқувчилар  орасида   шеър,  ҳикоялар,  эртаклар  машқ  қиладиганлари  ҳам  талайгина. Мактабнинг  бошланғич  синф  "Ўқиш"  дарсларининг  муқаддимасида   "Мутолаа  вақти"  дақиқаларида  ўқилган  эртак,  ҳикоя,  шеърлар  таъсирида  ўқувчиларда  ижодкорлик  хислатлари  шаклланади.

Хўжаобод  туман  халқ  таълими  бўлимига  қарашли  12 -  умумтаълим  мактаби  4 - "А"  ва  4 - "Б"  синф  ўқувчиларининг  фанлардан,  тўгарак  машғулотларидан  олаётган  билимларини  синовдан  ўтказиш,  иқтидорларини  намойиш  этишларига  имкон  яратиш  мақсадида, ҳар  иккала  синфда  очиқ  дарслар  ташкил  қилинди. Ҳар  икки  дарс  ҳам  "Қувонч  ва  шодлик  олиб  кел,  Янги  йил!"  деб  номланди.  Ноанъанавий  тарзда    ўтган  дарсларга  мактаб  бошланғич  синф  ўқитувчилари,  ота  оналар  ва  маҳалла   фаоллари  таклиф  этилди. Ўқувчиларга  олдиндан  эълон  қилинган  танлов,  мусобақа  шартлари,  саҳна  кўринишлари  дарс  жараёнида  намойиш этилди."Кумуш  қиш" мавзусида  табиат  манзаралари  тасвирланган  расмлар  танлови  ўтказилди.  Ўқувчилар қўл  меҳнати  орқали  тайёрланган   Қорбобо,  Қорқиз,  эртак  қаҳрамонларидан  иборат қўғирчоқлар  билан  саҳна  кўринишлари,  "Энг  чиройли  янги  йил  қўғирчоғи"   беллашувида  қатнашдилар.  "Мен  қишки  таътилни  қандай  ўтказаман?" мавзусида  ижодий  матнлар  танлови  ҳам  ташкил  қилинди.  Ижодий  матнда  ўқувчилар  қишки  таътилда  бўш  вақтларини  китоб  мутолааси  билан  ўтказиш,  фаолият  олиб  бораётган  ижодий  тўгараклар  машғулотларида  иштирок  этиш  ҳақида  фикрлар  юритганлар. Янги  тилак,  юксак  орзулар,  эзгу  мақсадлар   билан  бошланаётган  янги  йил  барчага,  шунингдек, Ватанимиз  эртаси  бўлган  болажонларга  қувонч,  шодлик  улашиш  билан  бирга,  ўз  истеъдодларини  янада  мустаҳкамлайдиган,  янги  қирраларини  кашф  этадиган  йил  бўлсин.

 

Муаззамхон    ХАЙРИДДИНОВА,

Роҳила  ХОЛЖЎРАЕВА,

Хўжаобод туманидаги 12-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчилари.