+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

ҲАЁТ НАҚАДАР ГЎЗАЛ

Ҳикоя

Куз. Кечагина яшилликка бурканган дарахтлар бугун  заъфарон тусда товланади. Бандидан узилиб тушаётган япроқлар айрилиқ куйига рақс тушаётгандай оҳиста чайқалиб, шохларни тарк этмоқда. Дераза ёнида буни кузатиб турган Элнур хотиралар оғушида чуқур ўйга толганди. Сўнгсиздай туюлган сукунатни эшикнинг тақиллаши бузди.

- Киринг - деди Элнур   ташқаридаги манзарадан кўз узмай.

- Ассалому алайкум - деди маҳзун ва синиқ бир овоз.

Бу овоз Элнурнинг юрагини ўртаб юборди. У кескин ортга ўгириларкан, қаршисида ўтмиш хотиралари ва армонларини юрагига жойлаб кетган қиз Нигорани кўрдию, гўё кимдир бошидан муздек сув қуйгандек бўлди. Ўртада узундан-узун жимжитлик муаллақ туриб қолгандай эди. Сўнг бу сукунатни Элнурнинг дардли овози бузиб юборди:

- Нигора! Бу ерда нима қиляпсиз? Шунча вақт ғойиб бўлиб, бугун яна қаршимда турибсиз?

- Кечирасиз, мен шу ерда фаррош бўлиб ишлайман, - деди ўзини тутиб олган Нигора ҳеч нарса бўлмагандай. - Доим шу вақтда хоналарни тозалаб чиқаман.

У беихтиёр ишга уннар экан, ногоҳ стол устида турган ўзининг суратига кўзи тушди-ю, ўзини тутиб туришга сабри чидамади.

- Кечирасиз, мен кейинроқ, - дедию хонадан шошилиб чиқиб кетди.

Элнур бир дам нима қилишини билмай, сукутда қолди. Хаёлидаги ўйлар унга тинчлик бермасди. "Нега, нега бундай бўлди, наҳотки, бу тақдирнинг аччиқ ҳазили бўлса?"

Қачонлардир қалбини бутунлай асир этиб, ишқ оловида беаёв ёндирган муҳаббат яна пайдо бўлса. Аввали шайдо қилиб, сўнг индамай ташлаб кетсаю, яна масхаралагандай унинг эшигини чертаётган бўлса. Бу саволлардан Элнурнинг боши қотиб бир зум хаёлларга берилди...

Улар Нигора билан тиббиёт олийгоҳининг биринчи   босқичида ўқиб юрган чоғлари танишган эдилар. Иккиси ҳам чекка қишлоқлардан илм истаб боргандилар. Улар учун бир зумгина меҳрли нигоҳ ҳамма нарсадан устун эди. Йўл четидаги ўриндиқда ўтирган ўзини бемажол ҳис этган қиз ёнига басавлатгина йигит келиб, ўз ёрдамини таклиф этди. Қиз унга ийманиб, сал боши оғриётганини, бу ҳолат ўтиб кетишини айтди. Лекин йигит уни олийгоҳнинг ётоқхонасигача кузатиб қўйди. Шу-шу иккови танишиб, орада дўстона муносабат пайдо бўлди. Улар бир вилоятдан бўлиб, қўшни туманларда истиқомат қилардилар. Ўқишнинг учинчи йилига келиб, уларнинг юрагида чин муҳаббат пайдо бўлди. Ҳатто ота-оналари учрашишиб, ёшларга дуои фотиҳа қилиб, келгуси ёзда уларга тўй қилмоқчи бўлишди. Лекин аста-секин Нигора турли баҳоналар билан ўзини Элнурдан олиб қочадиган ва эътиборсизлик билан жавоб берадиган бўлиб қолди. Йигит бундан ҳайрон бўлди. У суюкли маҳбубасига нима бўлаётганини билолмай боши қотарди. Қиз эса, борган сари ундан ўзини олиб қочарди. Тўйларига бир ой қолганида, Элнур ундан қатъий равишда кўнглидаги бор гапни айтишини сўради. Шундагина Нигора унда кўнгли йўқлигини, бошқа йигитни севиб қолганини очиқчасига айтди. Узр айтиб, тўйни тўхтатишни сўради. Шу тариқа икки қалб айрилдилар.

Нигора ўқишни ташлаб, қишлоғига қайтди. Элнур эса бор аламини ўқишдан олди. Унинг учун дунёда муҳаббат деган туйғу мавжуд эмасдай бўлиб қолганди. У Нигорани унутиш учун ҳам фақат илмга берилди. Ўқишни тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган туманда, марказий шифохонада шифокор бўлиб иш бошлади. Лекин биринчи муҳаббатига содиқ қолиб бошқа қизга кўнгил беролмади. Ота-онасининг тўй ҳақидаги таклифларини эса эътиборсиз қолдирди. Мана бугун ўша алдамчи ёр кутилмаганда қаршисидан чиқиб ярасини янгилаб юборди. Элнур хонада узоқ вақт нима қиларини билмай туриб қолди. Сўнг навбатчи ҳамширани чақирди.

- Менга айрим маълумотлар керак, - деди хонага кириб келган ҳамширага ўйчан боқиб. - Фаррош бўлиб ишлайдиган Нигорани танийсизми? У бу ерда қачондан буён ишлайди? Оилавий шароити қанақа?

Ҳамшира аввалига ҳайрон туриб қолди. Сўнг кўп гапиришни ёқтиргани учун тўлиб-тошиб, бор гапни тўкиб солди.

- Нигоранинг бу ерга келганига бир йилдан ортди. У саратон касалига чалинган. Мунтазам шифокор назоратида туради. Менимча, давоси йўқ. Шифокорнинг айтишига қараганда, умрининг саноқли кунлари қолган. У бу ерга бир неча йил олдин оиласи билан кўчиб келган. Эшитишимча, Нигора оғир хасталикка чалингани учун унаштириб қўйилган йигити ва ўқишидан ҳам воз кечишга мажбур бўлган. Бечора йигитни ҳам бахтсиз қилишни истамаган. У шу ерда ҳам даволаниб, ҳам ўзини чалғитиш мақсадида фаррош бўлиб ишлаб юрибди.

Ҳамшира яна нималарнидир қўшимча қилди. Лекин унинг гаплари энди Элнурнинг қулоғига кирмасди. У нафратланиб келган муҳаббат олдида ўзини айбдор ҳисоблаб, ўз хаёллари билан овора эди. Наҳот, унинг бахти учун ўз севгисини қурбон қилган қиздан шунчалик нафратланиб келган бўлса, наҳот, қизнинг дардини, ички ҳис-туйғуларини тушунмаган бўлса? "Ўзи мен унинг муҳаббатига арзирли иш қилдимми? Нафратланишга у эмас, мен лойиқ эмасманми?" Бундай фикр-ўйлар уни тамом карахт ҳолатга солиб қўйди.

Ишдан сўнг Элнур ҳамширадан Нигоранинг манзилини олиб, унинг олдига боришга қарор қилди. Эшикни очган онаси аввалига қизи уйда йўқлигини айтиб, уни кеткизмоқчи бўлди. Керак бўлса, эрталабгача кутиб туриши мумкин бўлган йигитга раҳми келди чоғи, уни уйга таклиф қилди. Йигит ва қиз ёлғиз қолишгач, йигит гап бошлади:

- Нега менга тўғрисини  айтмадинг? Ахир сендан яширадиган бирор сирим йўқ эди-ку ёки кейин ташлаб кетишимдан қўрқдингми?

- Элнур ака, бундан нима фойда эди? Бекорга ўзингизни қийнаганингиз қоларди. Бу дардимнинг давоси йўқ. Мен ҳалокатга маҳкум одамман, мендан воз кечинг, бошқасини топинг. Албатта, сиздай йигит бахтли бўлишга лойиқ.

- Ундай дема, Нигор, мен бутун умр сени деганман, агар муҳаббатимиз учун чин дилдан курашсак, йўлдаги ҳар қандай тўсиқ ва дардларни енгиб ўтамиз, ноумид бўлма.

Икки дардли юрак анча  вақтгача суҳбатлашди. Кўнгли сал бўлса-да таскин топган Элнур хотиржам уйига қайтди. Йўлда кетиб бораркан, фикри Нигоранинг дардли хаёли билан банд эди. "Ноумид бўлмаслик керак!" деб ўзига-ўзи такрорларди...

Йиллар ўтди. Яна ўша дераза ёнида Элнур дарахтлар новдаларида секинлик билан бўй чўзаётган куртаклар қуёшга интилишини кузатар экан, ҳаётнинг нақадар гўзаллиги ҳақида ўйларди. Шу вақт эшик тақиллаб қолди.

- Киринг, - деди Элнур вазмин оҳангда ортга бурилиб.

- Ассалому алайкум, - эшик олдида оғир оёқ Нигоранинг анордек юзи кулиб турарди.

 

Раҳимахон ЭРМАТОВА

МУЛОҲАЗА ГЎЗАЛ МУОМАЛА - ИНСОН ЗИЙНАТИ

Маҳмуд Қошғарий "Одобнинг боши - тил" деган эди. Дарҳақиқат, инсон қадри ва ҳурматини юксакликка кўтарадиган, унга обрў келтирадиган ёхуд уни ер билан яксон қиладиган шубҳасиз, тилдир.

Алишер Навоий бобомиз эса бу борада "Тилинг бирла кўнглингни бир тут", деб фикр билдирган. Бу сўзлар замирида жуда чуқур мазмун-моҳият бор, албатта. Тил, сўзлашиш инсон камолотида жуда муҳим жиҳат эканлигини англатади.

Унутмайлик, мулойимлик ва ширинсўзлилик ҳикматнинг боши. Бу хислат фақат юксак фазилатлар соҳиби бўлган инсонларда мужассамдир. Инсоннинг гўзаллиги аввало, унинг тилидан, сўзидан, муомаласидан билинади. Яхши сўз ва чиройли муомала ҳар қандай одамга зийнат бағишлайди.

Инсон улғайган сари қалбан покизаликка эҳтиёж сезади. Мансаб, мартаба, машҳурлик, сохта обрў ортидан қувиш ва бошқа устунликларга эришишга мойиллик ўрнини аста-секин мулойимлик, мулоҳазакорлик, тўғрилик ва ҳалоллик эгаллайди.

Агар биз маънан покиза бўлсак, турли тартиб-қоидалар, панду насиҳатларсиз ҳам ҳаётда яхши инсон даражасига кўтарила оламиз. Зеро, буюклар айтиб ўтганидек:

Сўз қаттиғи эл кўнглига

озор айлар,

Юмшоғи кўнгилларни

гирифтор айлар.

Зиёдахон НАБИЕВА,

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқитувчиси.

РАҲМАТДАН ҚУВИЛГАН ШАЙТОН

Дилни турли васвасалардан тозалаб, илоҳий нур билан тўлдириш ҳар бир мўъминнинг зиммасидаги вазифадир. Чунки шайтон бу қўрғонни забт этса, қалб қораяди.

Қорайган қалб Ҳақдан ғофил бўлади ва дунёнинг ғам-ғуссаси остида эзилиб қолади. Шайтон инсон қалбининг нозик ҳилқатлиги боис, ҳар томондан кира олади. У ичимизга кириб олиб, қалбимизни ёмон васвасалар билан бузади. Шу сабабли қалбни шайтоннинг васвасасидан муҳофаза этишда энг биринчи қурол "Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм" калимасидир. Бу калиманинг маъноси: "Мен Аллоҳ Таолонинг раҳматидан қувилган шайтон ёмонлиги, васвасасидан Аллоҳнинг паноҳ беришини сўрайман" демакдир.

"Шайтон" "шатин" сўзидан олинган бўлиб, "узоқ" деган маънони ифодалайди. Яъни, раҳматдан, яхшиликдан узоқлашган, ёмонликни ўзига завқ манбаи қилиб олган, маъносидадир. Шайтон ўз ёмонликлари туфайли раҳматдан қувилган. У ёмон инсонларнинг дўсти, яхши инсонларнинг душманига айланган.

Ибни Шайба ривоят қиладиларки, Расул Акром (с.а.в.) дебдурлар: "Қалбнинг икки хонаси бўлмаган ҳеч бир одам йўқ. Биринчисида фаришта, иккинчисида шайтон қўним топган. Агар киши Аллоҳни зикр этса, (шайтон) яширинади. Яъни, васваса беролмайди. Аллоҳни зикр этмаса, шайтон тумшуғини унинг қалбига қўяди ва васваса беради".

Ривоят қилибдурларки, бир одам ҳазрати Имом Аъзам (р. а.)нинг олдиларига келиб: "Мен анча йиллар олдин бир жойга озроқ бойлик кўмиб қўйган эдим. Ҳозир ўша жойни эслай олмаяпман. Уни топиш учун нима маслаҳат берасиз?" деди.

Шунда у зот жавоб бериб, дедилар: "Фиқҳда бу масалага доир ҳеч қандай ечим йўқ, албатта. Лекин мен чорасини топишга ҳаракат қиламан Ҳозир уйингга бор. Бутун туни билан намоз ўқиб чиқ. Умид қиламанки, ўша жой ёдингга тушади".

У одам уйига бориб, кеч киргач намоз ўқишга киришибди. Кечанинг тўртдан бирига борганда бирдан бойлик кўмилган жой эсига тушибди. Дарҳол Имом Аъзамнинг олдиларига келиб, воқеани айтибди.

Имом Аъзам (р.а) бу гапни эшитиб, унга дебдилар: "Хаёлимдан шайтон сени тун бўйи намоз ўқишдан қайтариб, керак бўлса, бойлик кўмилган жойни ҳам ёдингга солади, деган фикр ўтди. Лекин сен ёдингга тушгандан сўнг ҳам намозингни ўқиб, унинг шукрини адо қилишинг керак эди".

Қалбда шайтоннинг васвасасига очиқ эшиклар жуда кўп. Фаришталар кириши мумкин бўлган эшик, яъни, яхшилик эшиги эса биттагина. Шу бир эшик ҳам бошқа эшиклардан фарқли эмас. Бу ҳақда Муҳаммад ат-Термизий дебдурлар: "Қалб ақл ва маърифат ўрнашган жойдир. Шайтон аслида  қалбни ишғол қилишга қасд этган. Шайтон аввал инсоннинг дилига келади, чунки дил қалбнинг қўрғонидир.

Шайтон йўл топиб, кўнгилга кирса, шайтоний хаёл ва ҳар хил бузуқ фикрлар, ғам-ғусса, ҳирс ва тама билан қалбни тўлдиради. Қалб бундай ёмон фикрлар билан тўлгани сари, торайиб боради. Кўз фақат дунёни кўради, охиратни унутади. Ибодат ва тоатдан лаззат тополмайди. Лекин мўъмин киши биринчи марта қалбига ҳужум қилган бу шайтоний фикрни қалбнинг қўрғони бўлмиш дилдан қувса, қалб талвасага тушмайди, ибодат қилиб, лаззатланади, дунё дабдабасидан тораймайди".

Ҳар бир кишининг бир шайтони бор. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларнинг ҳар бирингизда бир шайтон бордир", деганларида саҳобалардан бири: "Ё Аллоҳнинг Расули, сизда ҳам шайтон борми?", деб сўрабдилар. Шунда Расули Акрам (с.а.в.): "Ҳа, менда ҳам шайтон бор. Аммо у Аллоҳнинг инояти билан менинг қўлимда мусулмон бўлди", дебдилар.

Демак, ҳеч ким шайтоннинг васвасасидан озод эмас. Унинг васвасасидан қутулишнинг ягона чораси эса, Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш, яъни, "Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм" калимасини тилга олмоқдир.

Барчаларимизга Аллоҳ шайтоннинг васвасасидан ва макридан паноҳ берсин.

 

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи

Инсон қадри улуғланаётган ватанда яшамоқлик саодатдир

Миллатлараро дўстлик риштаси

Мамлакатимизда юздан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ бўлиб, ҳамжиҳатликда яшашмоқда. Улар Ўзбекистон фуқароси сифатида самарали фаолиятлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Ўзбекистондага барча миллатлар вакиллари қатори вилоятимизда яшаётган қирғизлар ҳам юртимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилишмоқда.

 Бугунги кунда вилоятимизда 150 минг нафардан зиёд миллатдошларимиз истиқомат қилади. Шуниси қувончлики, бундан йигирма тўрт йил аввал республикамиздаги қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайдиган вилоятлар орасида биринчи бўлиб, Андижонда Қирғиз миллий маданий маркази ташкил этилган.

Марказимиз биринчи таъсис йиғилишига ва ундан кейинги фаолиятига бағишланган менинг кўплаб мақолаларим вилоятдаги қатор газеталар саҳифаларида чоп этилди. Бу менинг журналистлик фаолиятимдаги муҳим воқеалардан бири эди.

Йиллар давомида марказ фаолиятини самарали юритишда, миллатимиз анъаналарини ривожлантиришда фидоийлик кўрсатган марҳум ва ҳозирда ҳаёт миллатдошларимизга миннатдорчилик изҳори сифатида улар ҳақида сўз юритишни лозим деб топдим.

Ана шу инсонлар ҳақида сўз кетганда, турли даврларда Хўжаобод туманидаги ширкат хўжаликларида раис бўлиб ишлаган Қодиржон Маматов, Тошкентбой Маматбоев, Хўжаобод туманидан иқтисодчи Абдурасул Алиев, Жалақудуқ туманида мактаб директори вазифасида иш олиб борган   Турғунбой Усмонов, собиқ Абдуллабий қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси Ирисбой Эрматов, вилоят ички ишлар бошқармасининг раҳбарларидан бири, милиция полковниги Омонбой Мамасолиев, давлат хавфсизлик хизмати тизимида фаолият юритган Эркинжон Тўхтасинов сингари юртдошларимизнинг номларини иззат-ҳурмат билан тилга оламиз.

Вилоят Қирғиз миллий маданий марказининг ташкил этилиши ва йиллар мобайнида самарали фаолият юритишида жуда кўп инсонларнинг хизматлари сингган.

-      Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз журналист  Назиржон Саидов марказимизга доимо яқиндан ёрдам бериб келган,  - дейди узоқ йиллар вилоят Қирғиз миллий маданий маркази раиси бўлиб ишлаган, асл касби ўқитувчи Ҳамидулло Маматов. - Шунинг учун ҳам вилоят қирғизлари ҳалигача "Назиржон ака бизнинг оғамиз" дейишади.

Истиқлол йилларида юртимизда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатликка асосланган  миллатлараро муносабатлар шаклланди. Шу боис, қирғиз миллати вакиллари ҳам юртимизнинг фидойи инсонлари қаторида давлат мукофотлари билан тақдирланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида Давлат Мустақиллигидан кейин таъсис этилган "Дўстлик" ордени билан айнан марказимизнинг биринчи раиси Абдурасул Алиев биринчилардан бўлиб мукофотланган эди. Кейинроқ Қирғиз миллий маданий марказининг галдаги раҳбари, марҳум Қодиржон Маматов ҳам "Дўстлик" орденига сазовор бўлди. Ҳақиқатдан ҳам улар Ватанимиз равнақи йўлида фидойилик билан хизмат қилишди.

Биз учун 2021 йилги Давлат мустақиллиги байрами шодиёналари ҳам унутилмас бўлди. Чунки Хўжаобод тумани "Ҳақиқат" газетаси муҳаррири Толибжон Шерматов, жорий йилда эса ҳозирда марказимизга раҳбарлик қилиб келаётган  ғайрат-шижоатли дўстимиз Обиджон Носиров ҳам самарали хизматлари учун Президентимиз фармонига кўра, "Дўстлик" ордени билан тақдирланди.  Биз улар билан ҳамиша фахрланамиз.

Ана шундай замонамиз қаҳрамонлари ҳақида мақолалар ёзишни, миллий маданий марказимиз фаолиятини изчил ёритиб боришни доимо ўзимнинг миллатсеварлик бурчим, деб ҳисоблаганман. Шу сабабли, миллатлараро дўстлик мавзусида қалам тебратишлик мен учун ҳамиша завқли бўлган. Миллатлараро дўстликни улуғлаш мавзусидаги халқаро грант танлови ғолиби, шунингдек, "Труд" газетаси ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилган танловда совриндор бўлганлигим, қирғиз Республикаси президенти ҳузуридаги "МЕРИМ" халқаро жамғармасининг рағбатлантирувчи мукофотини қўлга киритганлигим ҳам касбимга, миллатимга бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг маҳсулидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонда миллати, диний эътиқодидан қатъи назар ҳар бир фуқарони бирдек эркин ва фаровон яшашлигига раҳнамо бўлмоқда.

- Юртимизда яшаётган қирғиз миллати вакилларига кўрсатилган эътибор туфайли миллий анъаналаримизни ривожлантириш, ўз она тилимизда ўқиш учун барча шароитлар яратилган, - дейди булоқбошилик ҳуқуқшунос Қанибек Абдуқодиров. - Ҳозирда вилоятимиздаги 20 га яқин умумтаълим мактабида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида эса кўплаб қирғиз ёшлари таҳсил олишмоқда.

Бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан миллий маданий маркази фаоллари ҳамда кўп сонли қирғиз миллати вакиллари бир тан, бир жон бўлиб, тобора юксалиб бораётган юртимиз равнақи учун  сидқидилдан хизмат қилишликни ўзларининг фуқаролик бурчи, деб билишади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳасидаги 43-моддага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юртимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ҳуқуқ ва манфаатларининг қонуний кафолати эканлигини алоҳида эътироф этишни истар эдим.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаронинг хуқуқ ва эркинлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Миллатидан қатъи назар инсон қадри ва шаъни улуғланаётган ватанда яшамоқликнинг ўзи саодатдир.

 

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси, фахрий журналист.

КУЗ ҲАДЯЛАРИ

Кечинма

Куз... Хаёл қатларини ҳар қаёққа учириб, олис-олис хотираларни қувалаб етолмаётган туйғулар манзили у...

Қадамлар остида аста шитирлаётган япроқлар нимадир демоққа чоғланаётгандек гўё. Уларни тингламоққа ошиқаман. Секин-аста тўкилмоққа, хазонга айланмоққа кўникаётган дарахтлар либосларига ачиниб боқади нигоҳлар. Уларда сўнгсиз саволлар намоён.

Осмоннинг кўзларини ёшлаган нима у? Ёмғирини аямай қуяётган фалак нимадан безовта? Бунчалик хавотирнинг сабаби не? Ёмғир-ла тиллашиш умиди тинч қўймайди. Саволларга жавоб топмоқ бунчалар мушкул...

Куз хаёллари шунчалар сокин. Сукунат фасли у...

Шилдираб оқаётган анҳор суви кечагина бирам ёқимли, муздек нафаси хуш этарди вужудни. Бугун эса наҳордаёқ жунжиктирувчи зилол сув ҳам эътиборни тортолмай ҳалак. Куздан ранжийди гўё.

Кечагина ҳувиллаб ётган мактаб ҳовлисидаги қий-чувдан баҳри дил очилади. Ўқишга интиқ болакайлар, йигит-қизларнинг нигоҳида илмга ташналик, дарсларга соғинч  балқийди. Устозлар бағрига отилаётган кичкинтойлар ҳавасни келтиради.

Кузнинг бу каби тортиқларини суймай бўлмас...

Эргашой ЖЎРАЕВА

She’riyat gulshani

Ijodkor yoshlar safi ortmoqda

Buloqboshi tumanidagi 2- umumta’lim maktabida «Yosh qalamkashlar» to`garagi faoliyat olib bormoqda. Ijodkor o`quvchilar mashg`ulotlar davomida turli tadbirlar, adabiy uchrashuvlar o`tkazish bilan birga, ijod sirlarini ham o`rganmoqdalar. Maktabda o`quvchilarning hikoya, she’riy mashqlari saralanib, kichik hajmdagi mo`jaz kitobchalar jamlanmalari yaratildi. Tabiiyki, bu - o`quvchilarning ijod qilishga bo`lgan qiziqishini oshirmoqda, ijodkor yoshlar safi ortmoqda. Qolaversa, ijodiy jarayonlar ularni kitobxon bo`lishga, kuzatuvchanlikka, voqeliklarni tasvirlash ko`nikmasini puxta egallashga o`rgatadi. Quyida turli yoshdagi o`quvchilarning she’riy mashqlaridan namunalar bilan tanishasiz.

 

Umida Egamberdiyeva,

maktabning ijodiy-madaniy masalalar bo`yicha targ`ibotchisi.

 

Quyosh va oy

-Quyosh Oyni ko`rmaydi,

Oyga hech yetolmaydi,

Nega, oyi, ikkisi

Qo`l ushlashib yurmaydi?

 

-Quyosh kunduzga chiroq,

Oy esa tunga chiroq,

Asli ikkisi o`rtoq,

o`ynashar bekinmachoq.

Bibisora IBROHIMJONOVA, 5-sinf o`quvchisi.

 

QaldirG`och

 

Qaldirg`och, hoy, qaldirg`och,

Keltirding bizga quvonch,

Sen- bahor darakchisi,

Uchaver, yozib quloch.

 

Bahorni sog`inganday,

Seni intiq kutamiz,

Uy peshtoqi-oshyoning,

Tashrifingdan xursandmiz.

 

Gulhayo FOZILOVA, 3-sinf o`quvchisi.

 

Ustozimga

 

Oq-qorani tanitib,

Berasiz bizga ta'lim,

Barcha yaxshilik uchun

Rahmat sizga, muallim.

 

Kitobga mehr qo`ydik,

Ko`p bilimlar o`rgandik,

Qalbga ezgulik soldik,

Rahmat sizga, muallim.

 

Asadbek AHMADJONOV, 6-sinf o`quvchisi.

 

Ona tilim

Ona tilim, qadring buyuk,

So`zlaring jon qadar suyuk,

Zavq olaman mehrla  o`qib,

Bilimim oshar ma'nolar uqib.

Dilafro`z ASHURALIYEVA, 4-sinf o`quvchisi.

 

Buvijonim duosi

Yomonlikdan asraydi,

Yaxshilikka chorlaydi,

Ezgulikni yoqlaydi,

Buvijonim duosi.

 

Menga hamisha hamroh,

Har ishimda yo`lchiroq,

Yomonliklardan panoh,

Buvijonim duosi.

Muhammadaziz SOLIJONOV, 3-sinf o`quvchisi.

 

Quyosh

 

Quyosh kular osmonda,

Nur ulashib jahonga,

Tongdan yog`du taratib,

Jon berar har jonzotga.

 

Ona tilim

Ona tilim, jon tilim,

Sen bilan biyron tilim,

Har so`zing ko`p ma'noli,

O`qiyman qo`yib zehn.

 

 

Нayitmuhammad SOBIROV, 5-sinf o`quvchisi.

 

Shirin sO`z

Dillar bo`lsa, parishon,

Ko`ngilda bo`lsa g`ubor,

Xafalikni shu zamon,

Aritadi shirin so`z.

 

Salom so`zi jarangdor,

Tabassumlar ulashar,

Qalbga iliqlik berar,

Yoqimlidir shirin so`z.

 

Achchiq so`z bosh og`ritar,

g`azab jahlga eltar,

Barchasiga chek qo`yar,

Bor bo`lsin, har shirin so`z.

 

Muslima MUHAMMEDOVA, 9-sinf o`quvchisi.

Тупроқни қучиб йиғлар хазонлар

дил туҒёни

Кечагина олам яшил рангга бурканиб олганди, бугун эса аста-секинлик билан олтин тусга кира бошлади. Бугун ҳувиллаган, сокин хаёлотимни куз шамоли тебратади. Булутлар юқорида, қовоқ уйиб, ердаги манзарани кузатаётгандек. Дарахтларнинг хазонранг либосларини кўриб, бу ҳолга ачиниб, осмон денгизида мағрурона сузиб боришади. Афсус, бу кибор вақтинчалик, холос. Бечора булутлар олдинда уларни ҳам довул ва тўфонлар, чақмоқ ва бўронлар кутиб турганларини қайдан ҳам билишсин?!

Борлиқ узра ёйилган сукунатни куз шамолининг ингроқ овози бузади. Шу овозга ҳамоҳангликда тебранаётган      дарахтлардан шамол аччиқ-аламларини олмоқчи бўлиб, баргларини тортқилаб, учириб ўтади.

Шу дамда менинг ҳам юзимга совуқ еллар оҳиста урилади, баданимни жунжиктиради. Куз, шу лаҳзаларда сенинг ҳукминг олдида ҳар қандай жонзот ожиз эканлигини англайман. Кечагина кўкка етаман деб, бўй чўзган ям-яшил дарахт япроқлари бугун пойингда сочилиб ётибди. Кечагина олов нурлари ила бутун борлиқни қиздирган қуёш ҳам бугун ўз ҳовуридан тушган.

Дилимдан ўтказган ана шу ўйларни ўзим каби ожиз гулларга, майсаларга сўзлайман. Ер узра ёйилиб ётган япроқлар ҳам мен билан дардлаша кетдилар: "Йўқ, менинг умрим бундай якун топмаслиги керак!.." дея ўз бутоғига маҳкам осилади япроқлар. Мен ҳам бунга жавобан: "Бу қисматнинг битиги, демак, шундай бўлиши керак", дея тасалли бераман.

Хазонрезгилик, жимжитлик, бари-бариси кўнгилнинг мунгли ҳолатига ҳамдарддек,  бир куйни куйламоқдан зерикмайди. Борлиқ ҳам уни бутун қулоқлари билан тингламоқда. Бирдан қарғаларнинг шовқин-сурони атрофни жонлантиради. Улар қора парда каби самони қоплашиб, "қарр-қарр", дея куз базмини бошлайдилар. қари чинор уларнинг хурсандлигини томоша қилиб, бироз енгил тортгандай бўлади.

Қарғаларни писанд қилмай, шамол ўз йўлида давом этади. Митти япроқларни ҳам аямай, учириб кетади. Умрида ҳали бундай синовларга дуч келмаган, ҳаётни фақат яшилликдан иборат, деб ўйлаган япроқчалар ҳам кузнинг ҳукмига сўзсиз бўйсунадилар.

Инсон умри ҳам фаслларга ўхшайди. Баҳорида гулдек яшнаса, кузлари не кўйларга солмайди. Тақдир битиклари юзни хазондек сарғайтиради. Ҳеч кутилмаганда хазон каби гирдоб ичига тушиб қоласан киши. Аммо бари шу билан якунланмайди. Дилда Эрта деган умид бор. У не бахт, не қисмат олиб келиши фақат эртага аён бўлади. Унгача кузнинг совуқ нигоҳидан, қишнинг қахратонидан ўтишни, энг муҳими аввалгиси қайтмаса-да яна баҳор келишини кутиш керак...

Сирли олам ичра кезиб юрган дайди хаёлларимни йиғиб, одамлар оқимига қўшилдим. Қадам ташлайман-у, беихтиёр қулоғимга кузнинг қўшиғи чалингандек туюлади:

 

Тупроқни қучиб

йиғлар хазонлар,

Бир нима дегандек

шивирлаб ётар.

Бу оддий куз эмас,

 дейди юрагим,

Гўё кўзларимда

 куз тонги отар.

 

Она қучоғидан

 ажрашдан чўчиб,

Кипригимдек титрар

энг сўнгги япроқ.

Ҳаёт қонунига

бўйсуниб аста,

Куз жим туришдан

беради сабоқ.

 

Дилдора ХУШБАҚОВА

ТИЛ - МИЛЛАТНИНГ РУҲИ

Мулоҳаза

 

Тил - миллий маданиятнинг шакли сифатида унинг маънавий бойликларини замон ва маконда бирлаштиради.

Тил миллатнинг руҳи ва уни ушлаб турувчи восита ҳисобланиб, ҳар бир миллатни бутун дунёга танитадиган асосий омил бўлиб ҳам хизмат қилади. Тафаккур билан тил бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда доимий ривожланиб боради. Жамики яхши фазилатлар инсон онги ва шуурига она тилининг жозибаси билан сингади.

"Кўнгил маҳзанининг қулфи тил ва ул маҳзаннинг калитин сўз бил", - деган эди ҳазрат Навоий. Ўзликни, миллий қадрият ва урф-одатларни англашда, тарихни билиш ва келажак ҳақида фикр юритишда тил муҳим омил ҳисобланади. Шу ўринда улуғ рус олими Ушинскийнинг қуйидаги сўзларини ёдга олиш ўринли: "Тилдаги ҳар бир сўз, унинг ҳар бир шакли инсон тафаккури ва туйғусининг натижасидир. Ўша тафаккур ва  туйғулар орқали сўз ёрдамида мамлакат табиати ва халқи ифода этилган."

Мен она тилимиз билан фахрланаман. Бундан ўттиз уч йил аввал ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Буюк адиб ва мутафаккирларимиз томонидан умуминсоният учун бебаҳо мерос бўлган кўплаб асарлар яратилганлиги тилимизнинг қадим тарихини ва ўлмас эканлигини кўрсатади.

Қолаверса, она тилимизда халқимизнинг қадим қадриятлари, анъана ва урф-одатлари, миллий руҳи, тарихи ўз аксини топган. Зеро, маърифатпарвар улуғ адибимиз Абдулла Авлоний: "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойнайи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмоқ миллатнинг руҳини йўқотмоқдир" дея бежизга таъкидламаган эди.

Шундай экан, бугун ҳар бир юртдошимиз миллатимиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаши, софлигини сақлашга масъул эканлигини асло унутмаслиги лозим.

 

Шаҳло ҲАМИДОВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқитувчиси,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

"АЯЖОНИМ МАКТАБИ"

Янги китоб

 

Асли касби муаллим бўлган қўрғонтепалик Мавлудахон Абдуқодирова ҳаваскор ижодкор сифатида анча йиллардан буён ижод қилиб келади. Унинг йиллар давомидаги ижод намуналари жамланган "Аяжоним мактаби" деб номланган илк китоби  яқинда "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖ босмахонасида чоп этилди.

Китобга киритилган мақола, ҳикоя ва шеърларда асосан, унинг хотиралари гавдаланади. Ҳаётида ўзи гувоҳ бўлган, қолаверса, замондош инсонлардан эшитган ибратли кечинмалар қизиқарли, ўзига хос тарзда баён этилган. Айниқса, истиқлол неъмати, халқимизнинг қадриятлари, инсон қадри, шаъни, меҳр-оқибат мавзуларидаги битиклар ҳар қандай ўқувчи қалбига ўзгача туйғулар бахш этади.

Қисқаси, ушбу китобни ўқиб чиқинг, ундан маънавий озуқа оласиз, тўплам Сизга манзур бўлишига ишонамиз.

"Иқбол" таҳририяти.

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯДА ИНТЕРФАОЛ УСУЛЛАР

Талаба тадҚиҚоти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармони асосида ишлаб чиқилган "2017-2021 йилларда   Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси" келгуси беш йилликда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий-сиёсий тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берган ҳужжат эканлиги билан аҳамиятлидир.

Стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш йўлидаги модернизациялаш жараёнлари таълим тизимига ўзининг ижобий таъсирини ўтказмоқда.

Ҳозирда таълим тизимини такомиллаштириш соҳасидаги асосий йўналишлардан бири интерфаол таълим ва тарбия усулларини жорий этишдан иборат. Барча фан ўқитувчилари дарс машғулотлари жараёнида интерфаол усуллардан кенг фойдаланишмоқда. Ушбу усулларни қўллаш натижасида муайян самараларга эришиш мумкин. Жумладан, ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш, ўз фикрини эркин баён қилиш, уни асослаган ҳолда ҳимоя қила билиш, соғлом мулоқот, мунозара, баҳс олиб бориш кўникмалари ривожланади.

Бу борада америкалик психолог ва педагог Б. Блум билиш ва эмоционал соҳалардаги мақсадларнинг таксономияси (Борлиқнинг мураккаб тузилган соҳаларини таснифлаш ва тизимлаш назарияси)ни жорий этган.

Блум таксономиясида тафаккурни билиш қобилиятлари ривожланишига мувофиқ олтита даражага ажратилади. Яъни, билиш - ўқувчи атамаларни айта олади, аниқ қоидалар, тушунчалар, фактлар ва шу кабиларни билади. Тушуниш - ўқувчи фактлар, қоидалар, схема ва жадвалларни тушунади. Мавжуд маълумотлар асосида келгуси натижаларни таҳминий тавсифлай  олади. Қўллаш - ўқувчи олган билимларидан фақат анъанавий эмас, ноанъанавий ҳолатларда ҳам фойдалана олади ва уларни тўғри қўллайди. Таҳлил - ўқувчи яхлитнинг қисмларини ва улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликларни ажрата олади, мантиқан фикрлашдаги хатоларни кўради, фактлар ва натижалар орасидаги фарқларни ажратади, маълумотларнинг аҳамиятини баҳолай олади. Умумлаштириш - ўқувчи ижодий иш бажаради, бирор тажриба ўтказиш режасини тузади, бир неча соҳалардаги билимлардан фойдаланади. Маълумотни янгилик яратиш учун ижодий қайта ишлайди. Баҳолаш - ўқувчи мезонларни ажрата олади, уларга риоя қилади, мезонларнинг хилма-хиллигини кўради, хулосаларнинг мавжуд маълумотларга мослигини баҳолайди, фактлар ва баҳоловчи фикрлар орасидаги фарқларни ажратади.

Интерфаол усуллар амалиётга турли кўриниш, усул ва йўналишлар ёрдамида татбиқ этилиши мумкин. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ўқитувчидан машғулот олдидан катта тайёргарлик кўришни талаб қилади. Интерфаол усулларнинг самарадорлигини оширишда айрим омилларнинг аҳамияти муҳим. Булар ташкилий-педагогик, илмий методик, ўқитувчига ва ўқувчига, шунингдек, машғулотда фойдаланиладиган воситаларга  тегишли  омиллардир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, интерфаол таълим усуллари мамлакатимизда кўп йиллардан буён таълим-тарбия жараёнида муаллим билан талабалар ҳамда талабалар билан талабалар ўртасидаги мулоқотларда муҳокама, мунозара, мутолаа каби шаклларда қўлланилиб келинган.

Бугунги кунга келиб, таълим-тарбия сифати ва мазкур йўналишдаги натижалар самарадорлигини оширишда ана шу шаклларни янада бойитиш, илғор ва халқаро тажрибалар асосида ривожлантиришни тақозо этмоқда. Бу усуллар талабаларнинг нутқ, тафаккур, мулоҳаза ва зеҳн, истеъдод, заковатларини ўстиришда муҳим азамият касб этади.

Илғор интерфаол усулларни таълим-тарбия жараёнига татбиқ этиш, шубҳасиз, ўқувчи ва талабаларни мустақил фикрлайдиган, билимли, юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли бўлиб камол топишларига яқиндан ёрдам беради.

 

 Бегойим АЛИЕВА,

 Андижон давлат чет тиллар институти талабаси.