+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"Сиз доимо қалбимиздасиз, азиз устозлар!"

Андижон шаҳар педагогика коллежида 9 май - Хотира ва  қадрлаш кунига бағишланиб "Сиз доимо қалбимиздасиз, азиз устозлар!" деб номланган хотира тадбири ўтказилди.

Коллеж ўқитувчи ва талабалари,  кўп йиллар мазкур илм масканида самарали фаолият юритган фахрийлар иштирокида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда коллежнинг биринчи раҳбари Наримон Тожибоев, унинг издошлари, шогирдлари, узоқ йиллар коллежда самарали фаолият юритган Абдумалик Ҳошимов, Нуриддин Сулаймонов, Муҳамадали Эртоев, Адҳамжон Тожибоев, Шуҳратжон Тошматов, Собиржон Мамадалиев, Сиддиқжон Тўхтабоев каби қатор устозлар хотираси ёдга олинди.

Хотира тадбирида юқорида номлари келтирилган устозларнинг таълим муассасасида олиб борган ибратли ишлари, ўзига хос инсоний фазилатлари ҳақида уларнинг шогирдлари,  фарзандлари гапириб ўтдилар.

-        Хотира тадбирини ўтказишдан мақсадимиз, коллежимизда узоқ йиллар иш олиб борган ва барчамизга ибрат бўлган устозларимиз хотирасини ёд этиш, шу орқали ўқувчиларимиз қалбида устозларга, ўтган авлодларимиз хотирасига ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат, - дейди коллежнинг Касбий таълим бўйича директор ўринбосари  Дилфузахон Аҳмедова.  - Ўтганларни ёд этиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини  қадрлаш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. 

Хотира тадбири доирасида уч авлод вакиллари ўртасидаги мулоқот айниқса, ўқувчи ёшлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Маҳбубахон ИСРОИЛОВА,

коллежнинг хотин-қизлар кенгаши раиси.

Китоб, адабиёт - инсон камолотининг маёғи

Адабий мулоҚот

 

Андижон шаҳридаги 8- умумтаълим мактабида "Китоб, адабиёт - инсон камолотининг маёғи" деб номланган адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Восит Аҳматхонов, она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Наргизахон Охунова, Нафисахон Ортиқова ҳамда кутубхона мудираси Одинахон Ҳайдарова ташаббуси билан ташкил этилиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоира Хуршидабону, ўқитувчилар, ўқувчилар иштирок этган тадбирда ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини юксалтириш, ижодкор ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларнинг китоб ўқишга, адабиётга бўлган қизиқишини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Икки босқичда ўтказилган тадбирнинг биринчи босқичида таваллуд кунига 120 йил тўлган Ўзбекистон халқ шоири /афур /улом ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилди. Она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари томонидан тайёрланган фаол ўқувчилар /афур /улом ҳаёти ва ижоди ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар беришди, шоир ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида гапиришди. Атоқли шоир шеърларидан намуналар ўқидилар.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳозирга қадар тарғиботчи ташаббуси билан Бобур, Чўлпон, Нодирабегим, Хабибий, Саида Зуннунова, Турсуной Содиқова сингари адиблар ижодига бағишланган юқоридаги каби тадбирлар ўтказилди.

Тадбирнинг иккинчи бўлимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоира Хуршидабону ва ижодкор ўқувчилар ўртасида ижодий мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқотда ижоднинг машаққатли йўли, китоб мутолааси, китоб ва адабиётнинг инсон камолотидаги ўрни ва роли хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шоира Хуршидабону ўқувчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди, ўз шеърларидан намуналар ўқиб берди. Самимий бўлган мулоқот ўқувчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Якунда тадбирда фаол қатнашган бир гуруҳ ўқувчиларга китоблар совға қилинди.

 

Инобатхон ИБРАГИМОВА,

мазкур мактаб директори.

 

Тилимиз ва дилимиз гўзал бўлсин

Умр ва ҳаёт инсонларга берилган бир омонат ҳисобланиб, шариатимиз инсонга умрини хайрли ишлар қилишига, ёмонликдан сақланишига буюради. Кишига берилган азиз неъматлардан бири тил, сўзлаша олиш неъматидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло Қуръони каримда: "Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!" дея Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлишда тилнинг ўрни катта эканлигига ишора қилади.

Инсоннинг сўзига, муомала маданиятига қараб, унинг инсонийлик мақомига баҳо берилади. Қалб ва тил гўзаллиги инсонийликни кўрсатадиган муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Улардан бири хатога йўл бошласа, бошқа аъзолар ҳам у сабабли гуноҳга ботади. Тил ёлғон қасами билан бошқа аъзоларни дўзах оташига дучор қилади. Айнан тилнинг ножўя ҳаракати аёлларни эридан, болани отадан, акани укадан айриши, дўстни душманга айлантириши, мўмин бандаларнинг қалбига озор етказиши мумкин. Мўминнинг қалби эса Аллоҳнинг назаргоҳидир. Ҳақиқий мусулмон нажот ва бахтиёрлик тилини ножўя сўзлардан тийиш ва ҳасад қилмасликда эканлигини яхши англаши керак.

Бир ривоятда ёзилишича, кечани ўтказиб, тонг отганидан сўнг тана аъзолари тилга шундай деб айтар экан: "Бизнинг ҳақимиз учун Худодан қўрққин, чунки бизнинг ихтиёримиз сендадир, агар сен тўғри ва ҳалол бўлсанг, бизлар ҳам тўғри ва ҳалол бўламиз. Агар сен нотўғри қадам қўйсанг, биз ҳам нуқсонли бўламиз". Ана шу ривоятдан келиб чиқиб, тилни ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.

Муоз ибн Жабал (р.а.) бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) билан саёҳатга чиққанида Пайғамбаримиз (с.а.в)дан "Ё Расулуллоҳ! Мени жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ва жаннатга яқинлаштирадиган бир амални айтинг", деб сўради. Улар: "Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ширк келтирмайсан. Намоз ўқийсан, закот берасан, Рамазон рўзасини тутасан, ҳажга борасан" деди ва "Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайми?" деб сўради. Муоз ибн Жабал: "Ё Расулуллоҳ, кўрсатинг" дегач, Пайғамбаримиз (с.а.в): "Рўза жаҳаннамга пардадур, садақа хатоларни кетказади, худди сув оловни ўчиргани каби кечаси ўқиладиган намоз яхшиларнинг белгисидир", дедилар. Сўнг ушбу оятни келтириб ўтдилар: "Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқларидан ажраб турар (оз ухлашади). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар" (Сажда сураси, 16-оят).

Муҳаммад (с.а.в): "Бу диннинг боши Ислом, устуни намоз, чўққиси жидду жаҳддир. Буларни бутунлаштирадиган нарса тилдур" дедилар ва қўллари билан Муоз (р.а)нинг тилини кўрсатдилар.

Муоз (р.а) "Ё Расулуллоҳ! Биз гапирганларимиз учун жавоб берамизми?" деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в) "Эй, Муоз! Инсонларнинг бурунларидан тутиб, юзтубан оловга отилишларига сабаб уларнинг тиллари бўлмасдан нима?" деб хитоб қилдилар.

Дарҳақиқат, Муҳаммад (с.а.в) биз - умматларини тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи бўлмаганида сукут сақлашга буюрганлар. Яъни: "Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин" дея марҳамат қилганлар.

Динимиз тилга, сўзлашишга алоҳида эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ бўладиган сўзларни айтишдан қайтаришнинг сабаби тил қалбга яқиндир. Қалб эса имон маскани ҳисобланади. Демак, инсон иродали, соф ва маънавиятли бўлса, унинг тилидан ҳам фақат ширин сўзлар чиқади. Тил ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби ҳам қорая бошлайди ва натижада имони сусаяди. Бу ҳақда Пай-ғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Абу Зар (р.а)га қилган васиятларининг бирида: "Сукут сақлашни ўзингга одат қилгин, чунки сукут сақлашлик, биринчидан шайтонни қувади, иккинчидан, динингни  сақлашингга ёрдам беради" деганлар. Мутафаккирларимиздан бири Абдулла Авлоний эса: "Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз, Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз" деб ёзган эди.

Аллоҳ таоло барчаларимизга тили, дили бир ва гўзал бўлган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

 

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жоме масжиди имоми.

ВАҚФ ИЛМИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ таоло бандаларини илм олишга ва бу орқали Роббисини танишга буюради. Агар инсон Қуръон оятларининг маъно-мазмунини, оятларнинг ўзаро мутаносиблигини ёки бунинг акси эканлигини англамаса, у ҳолда бу инсон Аллоҳ таолонинг муродига ўзи сезмаган ҳолида ноқислик етказган ҳисобланади.

Ҳозир биз ўрганаётган "Вақф" илми бундай хатоларнинг олдини олишда асосий восита илми ҳисобланади. Бу борада Абу Амр Усмон ибн Саид Ад-Доний ўзининг "Ал-Муктафий" китобида қуйидаги ҳадисни келтиради:

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордик. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ёнимдаги фаришта (яъни Жаброил алайҳиссалом) менга қарата, Қуръонни ўқинг! дея, етти ҳарфга етгунича санади. Сўнгра, тоинки "азоб"  борасидаги оят "Раҳмат" ояти ила ёки "Раҳмат" ояти "Азоб" ояти ила якунланмас экан буларнинг барчаси "Шофеъ" ва "Кифоя" қилувчидир деди" - дея марҳамат қилди.

Аллома Абу Амир Усмон ибн Саид Ад-Доний келтирган ушбу ҳадисни шарҳлаб, қуйидагиларни келтиради:

"Бу ҳадис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломдан етказган мукаммал таълимидир. Чунки ҳадиснинг зоҳири жаҳаннам ва азобнинг зикри келган оятида тўхталиб, сўнгидан (келган) жаннат ва савоб зикри келган ояти каримадан ажратилиши ва шунингдек, жаннат ва савобнинг зикри келган оятда тўхталиб, ортидан жаҳаннам ва уқубатнинг зикри келган оят келадиган бўлса, уларнинг оралари ажратилиши лозим эканлигига далолат қилади", - деди.

Ислом УМУРЗАҚОВ,

Тошкент ислом институти талабаси.

КИМ ИЛМ ИЗЛАСА, АЛЛОҲ УНГА ЖАННАТ ЙЎЛИНИ ОСОН ҚИЛАДИ

Мулоҳаза

Барчамиз яхши биламизки, Ислом динида илм олишга катта эътибор қаратилади. Умуман, илм эгасини икки дунёда ҳам азиз қиладиган улуғ неъмат эканлиги ҳам диний, ҳам дунёвий адабиётларда жуда кўп бор таъкидланган.

Аммо баъзида дунёвий илмлар бизга Аллоҳ таолонинг розилиги томон олиб борувчи кўприк вазифасини ўтамайдигандек туюлади, буни ҳис этишимиз, тан олишимиз бироз қийин кечади. Хўш, дунёвий илмлар бизни Холиқ томон етаклаши учун, уларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.): "Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга Жаннат йўлини осон қилиб қўяди",- дея марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти). Ўша пайтларда илм излаш ҳақиқатан ҳам машаққатли  бўлиб, кўпинча одамларни ўз ватанини узоқ вақтга тарк этишга мажбур этарди. Ҳозирги кунга келиб, биз илм йўлидаги "қийинчиликлар"нинг бошқа турини бошдан кечиряпмиз. Дунёвий билимларнинг бари, кўпинча бизни Аллоҳга яқинлаштира олмаётгандек, аксинча "диний" ва "дунёвий" билимлар атамалари кундан-кунга бир-биридан узоқлашаётгандек, кўринади ва бу бизни гўёки боши берк кўчага олиб кириб қўяди-да, танлов борасида иккиланиб қоламиз. Бундай ҳолларда, қандай қилиб илм олиш, ҳатто дунёвий илмлар орқали ҳам Аллоҳ таолога муқарраб бўлиш мумкинлигини билишимиз, ҳар икки - ҳам диний, ҳам дунёвий илмни бирдек олиб кетишимиз мумкин бўлади?

 Аввало, "Дунёвий" илмларни ўрганиш, ҳануз Аллоҳ азза ва жалла билан боғлиқ эканини унутмаслигимиз керак. Бизларда илм - "исломий" ва "дунёвий" бўлади, деган тушунча шаклланиб қолган. Аллоҳ таолонинг ўзи осмонлару ерни биз учун яратган бўлсаю, энди биз буларни ўрганиб, улар орқали Яратгувчининг сифатларини яқиндан танишга ўринсак, шунинг ўзи Холиққа томон яқинлашиш эмасми? Масалан, инсон табиатшунослик фанини ўрганиш орқали, Аллоҳ таолонинг яратилмишлар борасидаги нозил қилган оят-мўъжизаларини яқиндан ўрганади ва унда Аллоҳ таолонинг оятларига таслимият ҳосил қилади, бу илмлар кишининг қалб тўрига чуқур сингиб боради. Табиб, ёзувчи, тадбиркор ва ҳатто, қурувчи бўлиш орқали ҳам Аллоҳ азза ва жалла бандаларнинг ҳаёт тарзларига енгиллик ва сурур олиб кириш ила Холиқнинг розилигини топса бўлади. Чунки Ҳақ таоло Ўзининг розилигини мана шу яхшиликлар ичига яширган ва бу унда мурувват бўлган барча ишларда топилади. Шундай қилиб, одамзод барча тирик жонзотларга ёрдам бериб дунёвий илмлари орқали ҳам Роббининг розилигига эришиши мумкин экан.

Бизга том маънода ибрат бўла оладиган тарихга назар ташлайлик. Бутун дунё жаҳолат ботқоғи узра сузиб юрган пайтларда, айнан ислом ўзининг забардаст уламолари билан дунёни жаҳолат ботқоғидан олиб чиқди, уларга фалсафа, тиб, риёзиёт, ахлоқ, поклик ва бошқа соҳаларда ҳам таълим берди. Айнан улар, дунёнинг биринчи кашфиётчиларидан бўлишди. Замонавий тиббиётнинг отаси бўлган Абу Али ибн Сино, биринчи назарий-физик  ал-Хайсам ёки алгебра фанининг асосчиси ал-Хоразмий каби олимларнинг ҳаёти ва фаолияти бунга яққол далилдир. Уларнинг тинимсиз илм олишлари, юксак кашфиётларига энг аввало,  Аллоҳ таолога бўлган муҳабббатлари, ҳам диний, ҳам дунёвий илмни пухта ўзлаштирганлари мустаҳкам замин яратиб берган.

Дунё тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг аждодлари сифатида шуни билишимиз керакки, қачонки биз ўша буюкларимиз изидан юриб, уларнинг йўлини давом эттирар эканмиз, нафақат Ислом, балки бор илму маърифат, дунёвий илмлар ҳам гуркираб ривожланади. Бунинг учун айниқса, биз ёшлар ҳамиша Аллоҳни зикр этган ҳолда изланишдан, илм олишдан тўхтамаслигимиз лозим.

Ҳусайн ЁДГОРОВ,

   "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.

ТЕГИНА БЕГИМ МОХ

Она - миллат тарбиячиси

Тегина бегим Моҳ, Тегина Хотун, Тегина Моҳ Бегим  исмлари билан машҳур бўлган бу аёл бухоролик. У 1318  йилда Бухорода туғилган. Оталари Убайдуллоҳ Маъсуд ўз даврининг етук уламоларидан бўлиб, унинг авлоди Садир Уш Шаъриаларидан бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг саҳобалари Убода Ибн Сомид авлодларидан эди.

Тегина бегим 16 ёшларида Амир Тарағайга турмушга чиқиб, 18 ёшида фарзанд кўради. Унинг фарзанди соҳибқирон Амир Темур эди.

Тегина бегим отаси Убайдуллоҳ Маъсуд тарбиясида камол топади. Унинг отаси ҳам ўз даврининг зукко ва доно кишиларидан бири бўлган. Убайдуллоҳ Маъсуднинг отаси Тож Уш Шариа Шарқ ҳикмати (фалсафаси), калом илми ва табиатга оид фанларни чуқур билган, фиқҳ илмида катта аллома сифатида танилган зот бўлган. Тегина бегим бошланғич таълимни отаси ва бобосидан олган. Қизлари ниҳоятда кўркам, гўзал ва оқила қиз бўлганлиги боис, Моҳ-ой  (форсча "Моҳ" ой деган маънони англатади), яъни Тегина бегим Моҳ, деб аташади.

Тегина бегим Моҳ дадаларидан олган бор билимини ўғиллари Амир Темурга ўргатади, улуғ саркарда илк таълимни оналаридан олади. Тегина бегим Моҳ диний билимларни чуқур билганлиги боис, ҳомиладорлик пайтларида Амир Темур туғилмасидан олдин, бу фарзандининг туғилиши, унинг етти иқлимга ҳукмдор бўлиши ва бошқа башоратлардан хабардор бўлган.

Сохибқирон Амир Темур онаси ва устозлари ёрдамида ҳофизи Қуръон бўлиб етишади, билимларини мустаҳкамлаб, тахтга ўтирганларидан кейин барча улуғ ишларни бошлашдан олдин, "Қуръони Мажиддан" фол очиб, кейин иш бошлар эканлар, бу ҳақида ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган. Ривоятларга кўра, соҳибқирон ўсмирлик даврларида намоз ўқисалар, тепаларида кўзларига Каъбатуллоҳ жилваланиб кўринар экан. Бу ҳақида оналари Тегина Бегим Моҳга айтсалар, ўғилларини авайлаб: "Болажоним биз ҳам намоз ўқисак, кўзимизга Каъбатуллоҳ жилваланиб кўринади, бу оддий ҳол", деб Темурбекни юпатган. Бу ҳолатни ҳеч кимга айтмасликни тайинлар эканлар.

Тарихий манбаларда   соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ота-онаси ҳақидаги маълумотлар у қадар кўп эмас. Лекин ярим дунёни бошқарган, улкан ҳудудни эгаллаган империя ташкил эта олган  соҳибқирондаги зукколик ва билимдонлик, ҳарбий саркардалик, юксак салоҳиятнинг шаклланишида ота-онаси, айниқса, онасининг ҳиссаси жуда катта бўлган. Зеро, улуғларни улуғ оналар тарбиялайди, деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган.

 Ўрта асрнинг кўзга кўринган шоирларидан бири Алибек Шерозий ота-онага, айниқса, аёл кишига илмнинг зарурияти тўғрисида шундай ёзган эди: "Илм - аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан халос этган ҳар бир аёл, номус, иззат ҳамда аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди, илмсиз аёл эса бола тарбиясида турли хатоларга йўл қўяди".

Янги Ўзбекистон шаклланаётган бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга эътибор янада ортди. Хусусан, опа-сингилларимиз, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳар бир қиз ва аёлга ҳам дунёвий, ҳам диний билим олишга кенг имкониятлар яратади. Опа-сингилларимиз зукко ва оқила бўлсалар, оилалар мустаҳкам, тарбияланаётган фарзандлар оқилу доно бўлиб камолга етади. Улуғ аждодларимиздан Хазрат Али (к.в.) бобомиз ўз даврида шундай васият қилган эканлар: "Авлодларингизни келажак замон илми билан тарбияланг". Демак, авлодларимизнинг илмли, ҳалол-пок, юксак маънавиятли бўлиб камол топиши учун энг аввало, уларнинг ота-оналари илмли бўлиши лозим.

 Ёзувчи Ризоуддин Фахриддин ўғли шундай ёзади: "Миллатнинг тараққиёти қизларимизнинг оқила, ҳаёли, иболи бўлиб улғайишларига боғлиқ, чунки улар миллатнинг оналари бўлишади. Фарзандларимизни ақлли тарбиялаш, яхши хулқ ва соғлом эътиқод эгалари бўлишлари оналар зиммасидадир".

Мақолани ёзиш жараёнида бир воқеа ёдимга тушди. 1973 йил 28 февралда Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳрида Халқ таълими вазирлигининг физика фани бўйича 8-республика олимпиадаси бўлиб ўтган. Уч кун давом этган олимпиадада мен ҳам қатнашганман. Олимпиада тугагач, бизни мезбонлар соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг оналари ва дадалари дафн этилган жойга олиб боришган эди. У ерда иккита қабр ёнма-ён бўлиб, устига мармартош қўйилган эди. Айтишларича, соҳибқирон Амир Темур бобомиз ота-оналарига атаб қабр устига мармар тошларни ўзлари қўйдирган эканлар. Кейинчалик бу қабрлар кўчирилган экан.

Маълумки, соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг Тегина Бегим Моҳга атаб, "Оқсарой" қурдирган. Тарихий маълумотларга кўра, Оқсарой 1380 йилда қурилган бўлиб, қурилиш ишлари олти йил давом этган. Қурилишда 30 минг нафар  одам ишлаган. Чет эллардан ҳам моҳир усталар олиб келинган.

Оқсаройнинг пойдевори 28 метр, биносининг баландлиги 75 метр, кириш қисмида дарвозаси бўлиб, дарвоза оралиғи 22 метр, усти гумбаз, гумбазга олтин суви юритилиб, ишлов берилган.

Оқсарой деб аталишига сабаб, ушбу сарой тунги пайтда кечаси оппоқ бўлиб, атрофга нур таратиб турган.  Маълумотларга кўра, саройнинг устидаги қубба бундан тахминан 200 йил олдин қулаб тушган. Ҳозирги кунга келиб, кириш қисми деворининг бир томони баландлиги 37 метр, иккинчи томонининг баланедлиги 38 метр қолган. Сарой деворлари  ўша даврда ҳар-хил кошинлар билан безатилган.

Улуғларни ёд этиш хайрли ишдир. Зеро, юқорида буюк соҳибқирон Амир Темур, уларнинг оналари Тегина бегим Моҳ ҳақида сўз юритиб, Сизга озгина бўлса-да бу ҳақда маълумот бера олган бўлсам, ўзимни чексиз бахтиёр ҳис этаман. Азиз ўқувчиларга фақат яхшилик тилаган ҳолда ушбу мақоламни шоира бувижоним Хурибибининг қуйидаги мисралари билан якунлайман.

 

Кел эй энди ғариб, мискин қаноат айлагин доим,

Қилибон хатми Қуръонни тиловат айлагин доим.

 

Саййид Исахон СОНИЙ,

Шаҳрихон тумани, Тумор қишлоғи.

ҲАЁТИЙ ҲАНГОМАЛАР

Қайтган дуо

Баҳодиржон деган дилкаш, ҳазилкаш улфатимиз бор. "Эшон ака" деб ҳазиллашиб юрамиз. Бир гал пахта йиғим-теримига чиқишганда бригада бошлиғи депти:

  - Мана шу тракторчимиз жа-а яхши йигит-у, келин билан оралари чатоқ бўлиб қолиб, сал хафа бўлиб юрипти-да. Эшон ака, бир дуо қилинг, зора келиннинг кўнгли илиб...

  - Қуруқдан - қуруқ қандай бўларкин?.. 

  - Э-э, Эшон ака, эртага эрийдиган бўптурибди -да!

  Шунда Баҳодиржон узундан-узоқ дуо қилибди. Тракторчи хурсанд бўлиб кетибдию, эртасига қовоқ-тумшуғи осилиб қайтиб келибди.

  - Э - э, дуойингиз ўтмас экан...

  - Сиз мендан хафа бўлманг, - дебди Баҳодиржон қувлик билан, - ўзим ҳам кечаси билан ухлолмай чиқдим.

  - Нега?..

  - Йигирма йил аввал оламдан ўтган отам тушимга кириб, "Шу ёшга кириб ҳам ақлинг кирмадими, нега айтганимни қилмайсан? Мана қилган дуойинг эгасига бориб қайтиб келди" - деди.

  - Ростдан - а?

  - Ҳа - да!.. "Қайси гапингизни бажармадим, дада", дедим. - Шунда айтган гаплари қулоғим остида жаранглади: "Ахир, мен сенга айтганман-ку, болам, насияга дуо қилмагин" деб.

 

"НИМА БИЛАН УРДИ?"

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида вилоят партия қўмиталари иккига бўлинган: саноат партия қўмитаси, қишлоқ хўжалиги партия қўмитаси. Шу даврлар ҳар бир майда-чуйда гаплар билан ҳам партқўмларга шикоят қилиш авж олган экан.

  Вилоятнинг нуфузли идорасига бошини дурра билан боғлаб олган аёл келибди. Эшикбонлар ундан келишининг мақсадини сўрашипти.

  - Обқўмга арзим бор,-депти аёл.

  - Қайси обқўмга?

  - Обқўмга-да!

  - Ҳозир иккита обқўм бор: қишлоқ хўжалик обқўми, саноат обқўми. Қайси бирига арзингиз бор?

  Аёл жавоб беролмай ҳайрон бўлибди.

  - Нима масалада келгансиз?

  - Эрим урди. Шундан шикоят қилиб келдим. Қайси обқўмларингга киришим керак?

  Энди эшикбонлар ҳам ўйланиб қолишибди.

  - Эрингиз нима билан урди?- сўрабди улардан бири аёлнинг боши боғланганлигига ишора қилиб.

  - Шоли ўргани кетиб, ярим кечаси ширакайф бўлиб келувди, "Ўша ёқда тунаб қолавермабсиз-да" девдим, "Э-э" дедию қўлидаги ўроқни ирғитиб юборди. Шунда...

  - Демак, ўроқ билан экан-да,-дебди эшикбон танга топган калдай илжайиб.-У ҳолда қишлоқ хўжалик обқўмига кираркансиз, опа. Мабодо, болға билан урганда саноат обқўмига кирардингиз.

 

ПУЛНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛИНГ

Эрини дам олиш уйига кузатаётган аёл тайинлади:

  - Пулни эҳтиёт қилинг, дадажониси. Ўғлингиз уйлайдиган, қизингиз турмушга чиқарадиган бўп қолди. Уйимиз таъмирталаб бўлиб турибди. Ҳаммаси шу ўлгир пулга боғлиқ. Шунинг учун пулни сал олди-орқангизга қараб ишлатинг.

  Кейин эри пулни нималарга ўринсиз сарфлаб қўйишини ўзича чамалаб, бир нарса эсига тушгандай кўзлари порлади,  бир болаларига, бир эрига қараб секинроқ овозда қўшиб қўйди:

  - Ҳалиги… ўзимизни уйда бепул топиладиган нарсага ҳам пул  сарфлаб юрманг.

 

ТЕКШИРИШНИНГ "ИШОНЧСИЗ" УСУЛИ

Эшитиш қобилиятим сал пасайгандек туюлиб поликлиникага бордим. Шифокор аёл эшитишимни текшириш учун бир қулоғимга бармоғини қўйиб айлантириб шовқин ҳосил қилди-да мулойим овоз билан сонларни айта бошлади, мен такрорлаб турдим.

  - Ўн саккиз... ўттиз тўрт... эллик олти... йигирма бир... олтмиш етти...

  Шифокор аёл овозини тобора пасайтириб борар, мен бутун диққатимни жамлаб эшитиб, айтган рақамларини такрорлардим.

  Шифокор аёл иккинчи қулоғимни ҳам шу йўл билан текширгач деди:

-  Эшитишингиз яхши экан. Ташвишланишга ҳожат йўқ.

-  Текширишнинг бошқа усули йўқми? - дедим кулиб, ҳазиллашиб.

-  Нима учун? - мулойим жилмайди шифокор аёл.

-  Ҳа, энди, бу қулоқлар... бошқа ҳеч нарсани эшитмай қолганда ҳам... аёлларнинг шивирлашини эшитаверади-да.

Ҳабиб СИДДИҚ

КУЛАСИЗУ ЎЙГА ТОЛАСИЗ

 

 

 

 

 

Ҳажв устаси Ҳабиб СиддиҚ 70 ёшда

"Андижоннома" вилоят газетасида куртак отиб, гуллаган, мевага кириб элга танилган ижодкорлар талайгина. Улардан бири нафақат республикамиз, балки қўшни мамлаткатларда ҳам ўз муштарийларини топиб бораётган ҳажв устаси Ҳабиб Сиддиқдир.

Халқимиз "Бола бошидан" дея бежиз айтмайди. Ҳабибжон умумтаълим мактабида ўқиб юрган чоғларидаёқ мақолалар, шеърлар, кичик-кичик  ҳажвиялар ёза бошлаган. Отаси Мамадумар нонвойни Андижон туманидаги Бўтақора қишлоғида ҳамма яхши танирди. Онаси Фаридахон ая эса бир умр фарзандлари тарбияси билан шуғулланган оддий ўзбек аёли эди.

Йиллар ўтган сари Ҳабиб Сиддиқнинг қалами чархланиб борди. Эндиликда унинг қаламига мансуб ўндан зиёд     китоблар муштарийлар ўртасида қўлма-қўл бўлиб бормоқда. "Кар қулоққа танбур", "Бедаво дарднинг давоси", "Инглизча туш", "Хўжалик ҳисобидаги оила", "Чироғи ёниқ хонадон" каби ҳажвий тўпламлари аллақачон ўз ўқувчиларини топган.

Ҳажвияларни ўқиб куласизу, кейин ўйланиб қоласиз. Чунки улар жамиятимиздаги оғриқ нуқталар, баъзи жамоалардаги носоғлом муҳит, мунофиқлик, муғомбирлик, тамагирлик каби иллатларни очиб ташлайди.

Мана унинг митти ҳажвларидан бири:

"Бозор иқтисодиётига ўтганимиздан кейин театр, киноларга бормай қўйдик, - деди бир ҳазилкаш.- Энди ҳамма "томоша"лар ўзимизнинг уйимизда бўляпти".

Шу тўрт сатр холос. Бирдан куласизу кейин юрагингиз эзилади. Аччиқ ҳақиқат.

Ўзбекистон Ёзувчилар, Журналистлар уюшмалари аъзоси Ҳабиб Сиддиқ таржима билан ҳам жиддий шуғулланмоқда. У жаҳонга танилган хажвчилар ижодидан намуналарни ўзбек тилига муваффақиятли ўгирмоқда. Таниқли қаламкаш ёзган ҳажвиялар эса бошқа тиллар, жумладан рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган, нашр этилган. Ўтган йил рус тилида "И смех, и грех", қирғиз тилида "Нимкесе" номли  китоблари чоп этилди. "Яхшилар кўп дунёда" асари асосида "Чўғ" видеофильми, "Ўрага сичқон тушди" сатирик комедияси асосида "Кичик корхонанинг катта ҳангомаси" номли ҳажвий видеофильм суратга олиниб, муваффақият билан намойиш этилган. 

Серб драматурги Бранислав Нушичнинг Ҳабиб Сиддиқ таржимасидаги "Фалсафа доктори" комедияси Ўзбекистон давлат сатира театрида саҳналаштирилиб, мухлислар олқишларига сазовор бўлди. Бу йил эса яна икки таржима асари - инглиз драматурги Рей Кунининг "13 хона" комедияси Ўзбекистон давлат сатира театрида, "Пул ўлсин" комедияси Бобур номидаги Андижон вилояти театрида саҳналаштирилмоқда.

Бугун андижонлик ҳажв устаси ўзининг 70 ёшини қаршиламоқда. Шунга қарамай у ҳар қачонгидан-да сермаҳсул. Ўзининг янги ичакузди ҳангомалари, сермаъно ҳажвиялари, таржималари билан китобхонларни хушнуд этмоқда. Унинг асарлари нуфузли газета ва журналларда чоп этилмоқда.

Шу жойда Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тилга олиб ўтмаслик адолатдан бўлмас. Ҳабиб Сиддиқ шу олийгоҳнинг Гидромелиорация факультетини тамомлагач, бир муддат Андижон туманлараро каналлар бошқармасида муҳандис бўлиб ишлади. 1976 йилдан ўзи таҳсил олган институтда илмий-педагогик фаолият олиб бормоқда. Доцент Сиддиқов ўзининг ташаббуси ва ташкилотчилиги билан нашр этилган "Қишлоқ оқшоми" маънавий-маърифий, ижтимоий-оммабоп газетасига кўп йиллар бош муҳаррирлик қилган.

Ҳажвчи адиб Ҳабиб Сиддиқ "Шуҳрат" медали билан мукофотланган. У ўзининг асарлари, серқирра истеъдоди билан эл-юрт орасида шуҳрат топмоқда.

Тўлқин СИДДИҚ,

Ўзбекистон  Журналистлар уюшмаси аъзоси. 

Чиройли турмушга меҳнат ила эришдик

Ибратли фахрийларимиз

Бугун орамизда ўзининг оқила ва зукколиги, бой ҳаётий тажрибаси билан кўпларга ибрат бўлиб яшаб келаётган онахонларимиз талайгина.   Пахтаобод тумани Шомат маҳалласида яшовчи Арофатхон ая Асқарова ана шундай пиру бадавлат онахонлардан биридир.

 Арофатхон ая 1968 йилда Қиргизистондан Пахтаободга келин бўлиб тушган. Яқинларидан олисда, янги хонадонда, турмуш қийинчиликларига сабр қилиб яшади, қайнона, қайнотасининг хизматини қилиб дуоларини олди. Унинг янги жойга кўникиши, чиройли турмуш кечиришига турмуш ўртоғи раҳматли Ҳабибулло ота ёрдам берди, ҳар ишда унга кўмакдош бўлди.

-  Касби  она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлган Ҳабибулло ота  қаттиққўл бўлса-да, лекин меҳрибон инсон эди, - дейди Aрофатхон ая. - У киши билан узоқ йиллар аҳил-иноқ яшаб, қўша-қўша фарзандларни эл қаторига қўшдик. Аллоҳга чексиз шукрлар бўлсин, кам бўлмадик.

Бугун  маҳаллада Aрофатхон аяни танимаган, унинг оиласини билмаган  инсоннинг ўзи йўқ. Маҳалладаги энг намунали оилалардан бири бўлган ушбу оила эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган.

Aрофатхон ая раҳматли турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандига чиройли тарбия берди, ўқитди, уйлаб-жойлади. Бугун уларнинг фарзандлари эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлиб, кўплаб хайрли ва савобли ишларга бош-қош бўлишмоқда.

- Сабрнинг таги сариқ олтин, деган ҳикмат бежиз айтилмаган экан, - дейди Арофатхон ая. - Борга, йўққа, яхши-ёмон кунларга сабр қилдим. Турмушимизни чиройли қилиш учун меҳнатдан қочмадим.

Онахон 1995 йилгача тумандаги собиқ Ёқубов номли жамоа хўжалигининг 7- бригадасида ишлаб, нафақага чиқди.

-        Турмуш ўртоғим ишлама, болалар тарбияси билан шуғуллан, деса-да, колхозда ишладим. Чунки меҳнат қилишни жуда яхши кўраман. Отам раҳматли "Ишлаган кам бўлмайди, оилада ҳам, одамлар орасида ҳам ўз ўрнини топади" дер эди. Далада ер чопдим, пахта тердим, ипак қурти боқдим. Бирор кун уйда қолсам, зерикиб қолар эдим. Оз бўлса-да, оиламга даромад киритишга, турмушимизни чиройли, тўкис бўлишига ҳаракат қилдим.  

Бугун Арофатхон ая маҳалланинг пиру-бадавлат онахонларидан, маҳалладаги бирор тадбир, маросим усиз ўтмайди. Ёш оилаларни аҳил-иноқ яшашга, маросимларни ихчам, камчиқим ўтказишга  чақиради, маслаҳатлар беради, дуолар қилади.

Табиатан содда, камтар Арафатхон ая бугун нафақат фарзанд ва набиралари, балки бутун маҳалла аҳлининг ардоғида яшамоқда. Юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги учун шукрона келтириб, эртаю кеч дуода. 

Мазмунли ва гўзал ҳаёти, ҳалол ва меҳнатсеварлиги билан одамлар ҳурмат-эътиборини қозонган Арофатхон ая сингари онахонларимиз бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлсин.

Моҳимбону СОБИРОВА,

жамоатчи мухбир.

Институт илмий салоҳияти янада юксалади

Талаба тадҚиҚоти

Ёшларни билимли, маънавиятли қилиб тарбиялаш ва малакали мутахассис бўлиб етишишларида олий таълим соҳасига эътиборнинг кучайтирилиши мустаҳкам замин бўлди. Айниқса, таълим сифатини яхшилашда  ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш, хорижий таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш ва уларнинг иш тажрибаларини амалиётга татбиқ этиш ижобий самаралар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги "Андижон давлат чет тиллар институтини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан ташкил этилган институтимизда ўтган қисқа вақт ичида профессор-ўқитувчилар, педагог ходимлар, ёш олимлар, иқтидорли талабалар томонидан ўзларининг иқтидор ва  илмий  салоҳиятларини намоён этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Натижада ўтган ана давр мобайнида институтимизда бир нафар фан доктори ҳамда 11 нафар фалсафа доктори диссертацияларини ҳимоя қилдилар. Шу жумладан, олимларнинг бир  нафари профессор, 3 нафари доцент илмий унвонларини олишга эришдилар. Институтда 4 та ихтисослик бўйича докторантура, таянч докторантура ва стажёр-тадқиқотчилик институтлари ташкил этилган бўлиб, уларда ҳозир жами 14 нафар доктарант ва стажёр-тадқиқотчилар таҳсил олинмоқда. Юқоридагилардан кўзланган асосий мақсад,   институтда илмий даражали педагоглар сонини оширишдир.

Замонавий илм-фан ва таълимни жорий этиш ҳамда илмий ишланмалар, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида институтимиз 14 та хорижий олий таълим муассасаси, 2 та илмий таълим муассасаси, 6 та хорижий кенгаш, элчихоналар ва 3 та компаниялар, жами 25 та хорижий муассаса билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Шунингдек, институтда иқтидорли талаба-ёшлар саралаб олиниб, улар ижодий ҳамда илмий фаолиятга жалб этилмоқда. Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги натижасида 3 нафар талаба турли давлат  стипендиялари стипендианти, 2 нафари "Келажак бунёдкори" медали совриндори, бир нафари "Йил талабаси" стипендианти, 3 нафари ректор стипендианти, 5 нафари нуфузли кўрик- танловлар совриндорлигини қўлга киритди. Улар олий ўқув юрти раҳбарияти томонидан жами 24 миллион сўм миқдорида бир маротабалик пул мукофоти, фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва бошқа эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 Ушбу ўқув йилида институт илмий салоҳиятини 40 фоизга олиб чиқиш асосий мақсад қилиб олинган.  Институтимиз ана шу мақсадга албатта эришади. Чунки институтимизда илмий изланишлар олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратилган, қолаверса, етарли билим, иқтидор ва илмий салоҳиятга эга устозлар, ёш олимлар, иқтидорли талабалар бор. Юқорида санаб ўтилган ютуқлар ва амалга оширилаётган самарали ишлар натижаси ўлароқ, институтимиз республикамизда ўз ўрнига эга бўлган олий таълим муассасалари қаторидан ўрин олади. 

 

Бибимухлиса ҒУЛОМОВА,

Андижон давлат чет тиллар институти талабаси.