+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

БУЛОҚБОШИЛИК ЁШ КИТОБХОНЛАР ЖАМОАСИ FОЛИБ БЎЛДИ

Андижон шаҳридаги Ёшлар саройида "Зукко китобхон" танловининг вилоят босқичи баҳслари бўлиб ўтди.

Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маънавиятини, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини, китобхонлик ва мутолаа маданиятини ошириш орқали уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган танловнинг вилоят босқичида 74 нафар зукко китобхон иштирок этди.

- Вилоят миқёсида онлайн тест тартибида ёш китобхонлар ўртасида ўтказилган танловнинг қуйи босқичларида 625 нафар йигит-қиз қатнашди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бош­қармаси бўлим бошлиғи Назирахон Убайдуллаева. - Энг юқори натижага эришган 74 нафар иштирокчи танловнинг вилоят босқичида туман, шаҳар жамоалари таркибида ўзларининг билим, иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этишди. 

Қизғин ва муросасиз баҳслар, савол-жавоблар асосида ўтган танловнинг вилоят босқичи якуний натижаларига кўра, Булоқбоши тумани жамоаси 1- ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Пахтаобод тумани, учинчи ўрин эса Қўрғонтепа тумани ёш китобхонларига насиб этди.

Ташкилотчилар томонидан танловда ғолиб бўлган жамоа 6 миллион сўм, иккинчи ўринни олган жамоа 4,2 миллион сўм, учинчи ўринни олган жамоа 3 миллион сўм, шунингдек, барча иштирокчи жамоа­лар 300 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирландилар.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!

Жараён

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларининг Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида "Уч авлод учрашуви" тадбири бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги тизимида "Ватанга ва халққа сидқидилдан хизмат қилиш - олий бурчимиз!" шиори остида ўтказилган "Маънавият ойлиги" доирасида ташкил этилган тадбирда Андижон шаҳар педагогика коллежи ўқувчилари, ўқитувчилари, ҳарбийлар, ички ишлар тизими фахрийлари иштирок этдилар.

 Тадбирда сўз олган ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Даврон Ашуров, ИИВ Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги генерал-майор Ҳабибулло Ҳожиматов ва бош­қалар томонидан Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат бурчини масъулият ва садоқат билан адо этаётган ҳарбийларнинг фаолияти, фахрийларнинг мазмунли ҳаёт йўллари ёш авлод учун ибрат эканлиги алоҳида таъкидланди. 

Тадбирда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида сид­қидилдан хизмат қилган ва қилаётган авлод вакиллари ёшларга соҳанинг ўзига хос машаққатлари, хизмат билан боғлиқ хотиралари ҳақида гапириб бердилар.

Ёшларнинг кекса авлод вакиллари билан дилдан суҳбати, айниқса, ўқувчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Тадбирда ўқувчи ёшлар ўзларининг қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоблар олдилар.

Якунда бир гуруҳ фахрийлар, шунингдек, Андижон шаҳар педагогика коллежи хотин-қизлар кенгаши раиси Маҳбубахон Исроилова тадбир ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Сожида САИДОВА

She`riyat gulshani

“Nihol” o‘quvchilarni ijod bo‘stoniga chorlamoqda

Andijon shahridagi 8-umumtalim maktabida faoliyat korsatayotganYosh kitobxonvaNiholtogaraklari mashgulotlari iqtidorli oquvchilarnining ijodiy bilim va salohiyatiini yuksaltirishga, ular ortasida kitobxonlik madaniyatini oshirish, adabiyotga muhabbat uygotishga yaqindan yordam bermoqda. Oquvchilarni ijod bostoniga chorlamoqda. Shu bois, maktabda ijodkor yoshlar safi tobora kengayib bormoqda. Quyida e’tiboringizga adabiy to‘garak a’zolaridan bir guruhining she’rlaridan namunalar havola etamiz.

Vosit AНmad,

Andijon shashridagi 8-umumta’lim maktabining ijodiy-madaniy masalalar bo`yicha targibotchisi

 

MO‘JIZALI KITOB

Orzu-umid, ishonch va iymon,

Faqat undan topadi inson,

Taratadi saxovat nurin,

Yoritadi inson shuurin.

 

Meni nurga yetkazgan nima?

Jaholatdan qutqargan nima?

Sevib o‘qir kishi bobma-bob,

Shudir ilm kemasi-kitob.

 

Inson uchun kerakmi boylik,

Olmos, gavharu toshlar,

Shunday qilib o‘tadi yoshlik,

O‘shanda ishlaydi boshlar.

 

Chindan topasan boylikni shunda,

Agar kitob o‘qisang kun-u tunda,

Lek yurmagin vaqtni ketkazib,

Kitob boylikdir, bilsang unda.

 

Sevara BOQIYEVA,

11-sinf o‘quvchisi.

 

ESKI MASKA

Unda bahor edi,

Bitta maskam bor edi,

Bugun u menga qarab,

Yangisin ol,dedi.

 

ONAMNI QIDIRIB

She’r yozdim o‘tirib,

Oq qog‘ozni to‘ldirib,

She’rim ketdi yugurib,

Onajonimni qidirib.

Mushtariybegim HALIMOVA,

6- sinf o‘quvchisi.

 

QIZG‘ANCHIQ

- Koptogingni berib tur,

Ukam bilan o‘ynayman,

-Ho, o‘zim-chi, o‘zim ham,

O‘ynayman, deydi Aziz.

 

-Qizg‘anchiq ekansan-ku,

O‘rtog‘iga der G‘ani.

-Uka, uydan olib chiq,

O‘zimizning koptokni.

 

Kumushoy NURDINOVA,

5- sinf o‘quvchisi.

 

ONAMGA

Quvonchlari armon bo‘lmasin,

Lobar yuzi aslo so‘lmasin,

Tashvishlarga to‘lib qolmasin,

Sen onamni yig‘latma, hayot.

 

Sochlariga oqlar tushmasin,

Ko‘zlariga yoshlar to‘lmasin,

Hayotidan ma’no ketmasin,

Sen onamni yig‘latma, hayot.

 

Qancha dard bo‘lsa menga bo‘lsin,

Qancha azob bo‘lsa menga bo‘lsin,

Oy yuzi doim gulgun bo‘lsin,

Sen onamni yig‘latma , hayot.

Mohichehra HABIBULLAYEVA,

5- sinf o‘quvchisi.

Нима учун болаликка қайтгимиз келади?

Тенгдошларим бундай саволга хаёлан жавоб берган бўлсалар керак. Мен бугун  айнан шу саволга жавобимни  қоғозга тушуришга жазм қилдим.             

Ҳаёт йўли шу даражада тезлик билан давом этаркан. Бу ёруғ оламга илк бора боққанимга ҳам ярим асрдан ошибди. Йиллар ўтган сари ёшлигимиз ўтган кўчалардан ўтсам бир оз дақиқага бўлса ҳам ўша беғубор болалигимиз хаёлимдан ўта бошлайди. Ҳатто ёшинг улғайган сари энг кичик манзараларни ҳам эслар экансан...

"... Мана бу кўчада илк бора қадам ташлаб юрганимда дадам қўлимни ушлаб етаклаганди. Бу ерда катта мажнунтол дарахти бўларди... Кесиб юборишибди" деб хаёлан ўзим билан гаплашиб кетяпман.

Бу эса мактабим, биринчи китобимдан бошлаб кейинги  дарсликларим, синфдош ва мактадошларим, бир-бир кўзларим олдига келади. Ўқувчилик йилларимда эришган ютуқларим, ота-онамнинг қувончи ҳануз кўз ўнгимда. Айниқса, опалик мақомига эришиб, сингилларим ва укамни боғчага, мактабга олиб борганларим...    Олийгоҳда ўқиган давримнинг хотира саҳифалари эса бир дунё.  

Уйимизнинг олдидаги болалар майдончасида болалик давримда ҳамма ўйнаган ўйинларимиз ўртоқларимнинг овози билан эслайман. Айни шу майдончада тўпланиб, дарс қилишларимиз "кино лента"сидай хаёлимда  айланаверади.

Айниқса, ота-онамиз бизни  жуда қўллаган эканлар. Мана бир мисол, кеча дугонам билан эсладик. Мактабнинг юқори синфларида ўқиганимизда 4-5 нафар синфдош қизлар пул йиғиб, дўкондан ул-бул нарса олиб, навбат билан бир-биримизникида турли хил овқат, пишириқларни пиширишни ўрганардик. Албатта, пиширган таомимиздан насиба, деб уйга ҳам олиб келардик. Мана энди тушуняпман бу ота-онамга қанчалар  қувонч олиб келганини...

Хотиралар шу даражада кўпки, ёзсанг алоҳида китоб бўлади. Лекин ёшлик давримизда қанчалар бахтли бўлганимизни  жуда кеч тушунар эканмиз.

Нима учун болаликка қайтгимиз келади? Бу саволнинг жавобини топганга ўхшайман. Тенгдошдошларимиз, яъни боғчадош, синфдош, курсдошларимиз ва маҳалалада бирга ўсган ўртоқларимиз билан узоқлашиб бораётганимиз сабабли уларни соғинганимиз учун болаликка қайтгимиз келади.

Бугунги кунда шаҳримизда қурилаётган иншоотлар ва ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари бетакрор, гўзал кўринишга ўзгаряпти. Албатта бу яхши. Лекин бизнинг болалигимизда қадам босган кўчаларимиз, ўқиган биноларимизни топа олмай қоляпмиз. Бамисоли ёшлигимизнинг саҳифалари ёпилгандай.

Энг асосийси, оғири бугунги кунда ота-онамизнинг бағрида эмаслигимиз, уларнинг ҳар тонг соғиниб уйғонишимиз экан.

 

Ирода МАХАТОВА

ОРАМИЗДАГИ ТИРИК АФСОНАЛАР

ТаҚдимот

Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм бир руруҳ аскар ва зобитлари  ташаббуси билан тумандаги Учтепа маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Абдуғани ота        Ғопиров хонадонида бўлди.

Файзли бу хонадонда ҳарбийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирокида иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллигига бағишланиб, ёзувчи ва шоира Умида Эгамбердиеванинг "Орамиздаги тирик афсоналар" номли китоби тақдимоти ўтказилди.

Мазкур китоб қаҳрамони, ўзининг юз ёшини қарши олаётган  Абдуғани ота ғопиров иштирокчиларга ўзининг уруш хотираларини гапириб берди.

-        Уруш даҳшат, у миллионлаб одамларни бевақт ҳаётдан олиб кетди, - дейди Абдуғани ота.                  - Фарзандларимиз, ёш авлод ҳеч қачон уруш кўрмасин, дея тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтирди, дуолар қилди.

Китоб муаллифи Умидахон Эгамбердиева ҳарбийлар ва ёшларга китобнинг яратилиш тарихи ҳақида гапирди, асарнинг маънавий, тарбиявий аҳамияти ҳақида фикр ва мулоҳазаларини айтиб ўтди.

-        Абдуғани ота сингари тирик афсоналарнинг ҳаёти, умр йўллари биз ҳарбийлар, ёшлар учун ибрат мактабидир, - дейди ижодкор У.Эгамбердиева.             - Жанггоҳларда мардлик намуналарини кўрсатган, эл-юрт равнақи йўлида фидоийлик ила меҳнат қилган ана шу инсонлар билан ҳамиша фахрланамиз.

Қизиқарли ўтган тадбир иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

лейтенант.

Уюшмаган ёшларга кўмак

ЖАНГЧИ-ФАХРИЙЛАР ФАОЛИЯТИДАН

Андижон шаҳридаги Хўтанариқ маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида "Маҳалладаги уюшмаган ёшларга ижтимоий-маънавий кўмак кўрсатиш ва уларни касб-ҳунар эгаллашида фахрийлар иштироки" мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда лойиҳа раҳбари, жангчи- фахрий ва ногиронлари бўлими раиси Р.Усманов, жангчи фахрийлар Ж.Мусаев, У.Долимов, П.Рўзиматов, З.Ғаниев, Хўтанариқ МФЙ раиси А.Холбердиев, Андижон шаҳар ҳокими ёрдамчиси Ш.Шоҳназаров, ёшлар етакчиси Г. Юнусов, касб ўргатиш бўйича мутахассислар Р.Тиллабоева, Д.Қорахўжаева, Г.Холматова, Я.Раҳимов, М.Маткаримов, Н.Аҳмедовалар ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоллари, ота-оналар иштирок этишди.

Тадбирда лойиҳа доирасида маҳаллаларда иш билан банд бўлмаган ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Жумладан, ошпазлик, қандолатчилик, тикувчилик, эркаклар ва аёллар сартарошлиги учун зарур жиҳозлар, новвойлик учун керакли маҳсулотлар лойиҳа маблағи ҳисобидан олиб берилгани ва бу ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.

Лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган мутахассислар ўз касб- ҳунарларини ёшларга сидқидилдан ўргатди. Бу борада фаоллик кўрсатган тикувчилик ва қандолатчилик касби мутахассислари Г.Холматова, Н.Аҳмедованинг намунали фаолияти алоҳида эътироф этилди. Улардан ҳунар ўрганган ёшлардан тикувчи С.Аҳмадалиева, қандолатчи Н.Ҳакимжонова, Н.Аҳмедовалар ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Вилоят бўлими томонидан касб-ҳунар эгаллаш икки ойлик ўқув босқичини тўла тамомлаган ёшларга сертификатлар топширилди. МФЙ раиси А.Холбердиев давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган бундай имтиёз ва имкониятлар уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиб олишида муҳим эканлигини айтиб ўтди.

Тадбир сўнггида лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилаётган МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва бошқа фаолларга бўлимнинг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари топширилди.

         Раҳимжон УСМАНОВ,

Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.

БОТУЛИЗМДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Мутахассис минбари

Ёз фасли келиши билан бозорларда мева ва сабзавотлар сероб бўлиб хонадонларда улардан консерва тайёрлаш тараддуди бошланади. Бироқ савдога чиқарилаётган барча маҳсулотларни ҳам истеъмол қилиш ва консерва тайёрлаш учун яроқли деб бўлмайди. Чунки уй шароитида консерва заводларидаги сингари юқори босим остида, 120-125 градус иссиқликда ўтказиладиган стерилизация жараёнини бажариб бўлмайди. Шунинг учун айнан шундай сифат сертификати ва ёрлиқларга эга бўлмаган, яъни истеъмол учун яроқсиз бўлган маҳсулотларни бозорлардан, кўча-кўйлардаги савдо расталаридан, дўконлардан харид қилмаслик лозим.

Мевалар пишиб етилган бугунги кунда пишиб ўтиб кетган мевалар, айниқса,  ўрик, туриб қолган қулупнайни истеъмол қилмаслик лозим. Умуман, ҳар қандай мевани истеъмол қилганда унинг айнимаганлигига, ювиб ейишга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Ботулизм шўралари билан зарарланган мева-сабзавот ёки унинг консервасидан истеъмол қилган одамда касаллик пайдо бўлиш жараёни икки соатдан саккиз-ўн кунгача чўзилиши мумкин. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлиши, жисмлар кўзга иккита бўлиб кўриниши (диплопия), ютиш ва гапириш қобилиятининг пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши касалликнинг клиник белгиларидир.

Касалликни хонадон шароитида ўз билганча даволаш қатъиан маън этилади. Беморда юқорида таъкидланган белгилар пайдо бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш шарт. Акс ҳолда, хасталикнинг оғир шакллари, юрак, қон-томир, нафас тизими касалликлари юзага чиқиши ва беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш инсоннинг ўз қўлида. Қолаверса, ушбу хавфли хасталикка чалинишдан эҳтиёт бўлиш керак, унинг келиб чиқишининг олдини олиш чораларини кўриш муҳимдир.

Достонбек СОЛИЖОНОВ,

Андижон вилояти ФВВ ҳокимият ҳузуридаги " Қабуллар уйи" биноларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлинмаси катта инспектори, катта сержант.

ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИ ТУРЛАРИНИ БИЛАМИЗМИ?

Муҳаддис уламолар ҳадис жамлашда бир неча услублардан фойдаланишган. Бу борада янги ҳадис ўрганаётган толиби илмлар, ҳадис мутахассислари ҳамда ҳадис тахрижи билан шуғулланадиган олимларга жуда мос келадиган турли услубларни яратганлар. Улар ўн турлидир.

Биринчи тур ҳадис тўпламлари ўз ичига боб шаклида тартибланган, яъни бир боб остида келтирилган бир мавзуга тегишли ҳадисларни, уларни қамраб оладиган мазмундаги китобларни, жомеъ,сунан, мусаннаф, мустадрак, мустахраж тўпламларни олади.

Иккинчи тур ҳадис тўпламлари саҳобалар исми тартиби билан ҳадислар жамланмаси бўлиб, уларда саҳобийнинг исми остида бир жойга ўша саҳобийнинг барча ривоятлари жамланади.

Учинчи тури муъжам тўпламларидир. Муъжам мусталаҳ илмида: "Муаллиф ҳадисларни шайхларининг тартиби билан тўплашига айтилади". Одатда ҳадислар алифбо тартибида жамланади.

Тўртинчи тур ҳадис тўпламлари ҳадисда келган биринчи калиманинг бош ҳарфлари асосида алифбо тартиби билан ҳадислар жамланган тўпламлардир, бешинчиси эса жомелар мажмуси бўлган тўпламлар ҳисобланади.

Олтинчи тур ҳадис тўпламлари заваоид тўпламларини жамлайди. Уларда икки ҳадис тўпламидан бирида бўлмаган ҳадислар бўлса, биринчи китобдаги бор ҳадислар зоида (ортиқча) деб олинади ва улар алоҳида қилиб жамланади.

Еттинчи тур ҳадис тўпламлари тахриж китоблар деб номланиб, уларда ҳадислар тахриж қилиб ёзилади.

 Жуз тўпламлари саккизинчи тур ҳадис тўпламлари сирасига киради. Жуз мусталаҳ истелоҳида: "Бир ровийнинг ривоятларини жамлашдан иборатдир. Ровий саҳоба ёки ундан  паст табақадаги ровиой бўладими фарқи йўқдир".

Тўққизинчи тур ҳадис тўпламлари машийха тўпламлари бўлиб, бу каби туркумларда муҳаддислар ўз шайхларининг   исмларини жамлайдилар. 

Ва сўнгги ўнинчиси илал тўпламларидир.Унда мусанниф иллатли - маълул ҳадисларни жамлайди. Иллатларини баён қилади. Илал услуби муҳаддисликнинг энг чўққисидир. Бу катта маҳорат ва куч талаб қилади.

Ҳабибуллоҳ ОЛИМЖОНОВ,

Тошкент ислом институти талабаси.

 

 

 

Тинчликни қадрлайлик

Шаҳрихон туманидаги 48- умумтаълим мактабида мазкур мактабнинг ҳамда 56-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари Озодахон Олимова ва Гулҳаё Муталова ҳамкорлигида мактаблардаги "Нафосат" ижодкорлар клуби, "Чўлпон издошлари"  тўгараги аъзолари иштирокида "Тинчликни қадрлайлик" деб номланган адабий, маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирни мактабнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р. Мамажонов очиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш кераклиги, ўқувчи ёшларнинг жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини ошириш муҳимлиги ҳақида гапирди.

Шундан сўнг ижодкор ўқувчилар томонидан она Ватан,  тинчликни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, рақслар ижро этилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбир якунида мавзу доирасида ўтказилган "Энг яхши шеър", "Энг яхши мақола"  танлови ғолибларига эсдалик совғалар топширилди.

Озодахон ОЛИМОВА

Таниқли шоирларни хотирлаб

Андижон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида таниқли икки шоир - Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Олимжон Холдор ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг хотира кечаси ўтказилди. Адабий кечани мактаб директори Инобатхон Ибрагимова кириш сўзи билан очди.

Мактабнинг юқори синф ўқувчилари шоирлар қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқишди. Шундан кейин кеча меҳмонларига сўз берилди. Шоир ва журналист Нажмиддин Икромий адиб ва драматург Олимжон Холдорнинг ижодий фаолияти ҳамда инсоний фазилатлари ҳақида сўзлаб, ўзининг шеърларидан ўқиб берди. Тадбирнинг яна бир меҳмони шоир Ориф Мели водий булбули деб ном олган Тўлан Низомнинг ҳаёти ва сермаҳсул ижоди ҳақида тўхталди. Сўнгра ўзининг ижод маҳсулларидан намуналар ўқиди. Тадбирда мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Н. Ортиқова, кутубхона мудираси Одинахон Ҳайдарова иштирок этишиб, ўз фаолиятлари ҳақида сўзлашди.

Восит АҲМАТХОНОВ