+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

САНОАТ ЯРМАРКАСИ: ТАРМОҚЛАРАРО ҲАМКОРЛИК МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Андижон шаҳридаги Олимпия ва параолимпия спорт турларига тайёрлаш марказида тармоқлараро ҳудудий саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Респyбликаси Президентининг 2023 йил 27 февралдаги "2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги фармони ҳамда 2019 йил 2 майдаги "Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган саноат ярмаркасида юртимизда автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, фармацевтика, кимё саноати, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 257 та ҳудудий саноат корхонаси ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Ярмаркада Андижон вилоятидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотларига қизиқиш катта бўлди.

Ярмарка доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот хизмати томонидан "Makro Farm Andijon" ҳамда "Zamin Bio Health" масъулияти чекланган жамиятлари корхоналари ҳамда "Andijon Fharma Park" илмий ва синов лабораториясига пресс-тур ташкил этилди.

Ярмаркада Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятидан келган ҳунарманд ва тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этдилар.

 

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

"ДАРАХТГА НАФАС БЕРИНГ!"

Она табиатни асраймиз

Она табиат, экология, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш глобал муаммолардан бирига айланган бугунги кунда табиатни асраб-авайлаш, экологик мусаффоликни таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида мамлакатимизда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги "Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни амалга оширишда дастуриламал бўлмоқда.

-      Мазкур ҳужжатда табиатни муҳофаза қилиш, жумладан, атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат экологик назоратини юритишга оид жуда кўп вазифалар белгиланган, - дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш иқлим ўзгариши вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Азизбек Акбаров. - Айниқса, "яшил" ўсиш тамойилларини жорий этиш, атроф-муҳитга зарарли ташланмаларни қисқартириш ҳамда инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Айни пайтда вилоятимизда қарор доирасида белгиланган ишларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, зарур ишлар олиб борилмоқда

Жумладан, қарорнинг 15- бўлимида вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда волонтёрларни жалб этган ҳолда июль ойи давомида ҳудудларда дарахтларнинг илдиз тизимларини бетон ва асфальт қопламаларидан, уларни турли чироқ мосламаларидан, реклама баннери ва шитларидан бўшатишга қаратилган "Дарахтга нафас беринг" оммавий тадбирларини ўтказиш белгиланган.

Ана шундан келиб чиқиб, Андижон вилояти прокуратураси ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси,  Олтинкўл тумани ҳокимлиги  ҳамкорлигида ўтказилган оммавий тадбирда туман ҳудудидаги 30 донадан ортиқ дарахтнинг илдиз тизимлари бетон ва асфалть қопламаларидан, уларнинг юқори қисмлари эса турли чироқ ва ёриткичлардан, реклама баннери ҳамда шитларидан тозаланди.

"Дарахтга нафас беринг" деб номланган бу каби оммавий тадбирлар  вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.

Лочинбек Исомуддинов,

вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи.

 

Чемпион қиз чегарачилар билан суҳбатда бўлди

Марҳамат туманида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмида “Спорт – соғлик гарови”  шиори остида қизиқарли тадбир бўлиб ўтди.  

Ҳарбий қисмларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, спортга бўлган қизиқишларини оширишда таниқли спортчилар, чемпионлар билан бўладиган мулоқот ва учрашувлар муҳим роль ўйнайди. 

Спортнинг таэквондо тури бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, параолимпиада ўйинлари иштирокчиси Заринабону Мадраҳимова иштирокидаги давра суҳбатида чемпион қиз ҳарбий хизматчиларга ўзининг спортда, ҳаётда эришган улкан ютуқлари, қизиқиш ва мақсадлари ҳақида сўзлаб берди. Айниқса, халқаро мусобақалардаги баҳсларда она Ватанга муҳаббати, юрт ишончи унга ҳамиша далда, руҳий мадад бўлганлигини алоҳида таъкидлади. 

Бундай учрашувлар ёш ҳарбийларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мардлик, жасурлик, метин ирода хислатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам, ҳарбий қисмда бу каби тадбирларни тез-тез ўтказиб туришни режалаштирганмиз.

Тадбирда З. Мадраҳимова спортдаги ютуқлари юзасидан ҳарбийларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.  

Хуршиджон ФОЗИЛОВ, капитан.

"ТАНИШУВ" РУКНИ

 «Оила»

Қадрли юртдошлар, азиз муштарийлар!

Агар Сиз тақдир тақозоси билан турмушдан ажраган ёки ёшингиз ўтиб қолган бўлса-да, оила қурмаган бўлсангиз ёхуд  турмуш ўртоғиингиз оламдан ўтган бўлса ва Сиз оила қуриш орзусида бўлсангиз, Таҳририятимизнинг "Оила" лойиҳаси доирасида чоп этилаётган эълонлар билан танишиб боринг. 

"Оила" рукни остида бериб борилаётган эълонларда қайд этилган эркак, аёл ҳақидаги маълумотлар Сизни қизиқтириб қолса, албатта қўнғироқ қилинг. Эҳтимол, шу орқали бахтингизни топарсиз, бахти бекам оила қурарсиз.  Биз бу борада Сизга кўмаклашамиз.

ЭРКАКЛАР:

№ 14. Ёши 31 да. Уйланмаган. Андижон шаҳрида яшайди. Рус, инглиз, араб тилларини билади. Бўйи 1.70. Вазни 65 кг.

Кўриниши истарали. Характери: оиладан ташқарида оғир вазмин, оила даврасида қувноқ, покиза. Тартибли хаёт кечиришни истайди. Ресторанда ошпаз.

Ёши 25 гача бўлган самимий ва содда, пазанда ҳамда озода қиз билан оила қурмоқчи.

№ 15. Ёши 26 да. Уйланмаган. Андижон шаҳрида яшайди. Рус, инглиз, ўзбек тилларини билади. Олий маълумотли. Шахсий савдо сотиқ дўкони ва шахсий икки хонали уйи бор. Ота-онаси йўқ (онаси вафот этган). Биргина опаси бор, турмушга чиқиб кетган. Бўйи 1.64. Вазни 60 кг.

Кўриниши истарали. Характери: оилапарвар, самимий, покиза, тартибли, замонавий. Бўлажак келиндан ҳеч нарса талаб қилинмайди, оила ва рўзғор учун зарур бўлган барча нарсалар тайёр олиб қўйилган.

Ёши 23 гача бўлган самимий ва содда, пазанда ҳамда озода қиз билан оила қурмоқчи.

№ 16. Ёши 26 да. Уйланмаган. Андижон шаҳрида (ҳовлида онаси билан) яшайди. Маълумоти ўрта махсус. Бўйи 1.85. Вазни 80 кг.

Кўриниши чиройли, келишган, дид билан кийинади, замонавий. Шахсий "Кобальт" автомашинаси бор. Характери: Киришимли, хушмуомала, очиқкўнгил, покиза. Ресторанда ошпаз.

Ёши 23 гача бўлган самимий, пазанда, чиройли (уй ҳамшираси бўлса яна яхши),  озода қиз билан оила қурмоқчи.

№ 17. Ёши 65 да. Аёли вафот этган. икки фарзанди бор, уйли-жойли. Андижон шаҳрида ҳовлида яшайди. Нафақада. Шахсий автомашинаси бор. Бўйи 1.65. Вазни 80 кг.

Кўриниши оддий, содда. Характери: Киришимли, хушмуомала, очиқкўнгил.

Ёши 60 гача бўлган аёл билан оила қурмоқчи. Фарзандлари бўлса қабул қилади, алохида уй-жой қилиб бериши мумкин.

 

АЁЛЛАР:

№ 18. Ёши 40 да. Бўйи 1.64. Вазни 70 кг. Андижон шаҳрида яшайди. Хусусий фирмада ишчи. Турмуш ўртоғи вафот қилган. Икки нафар фарзанди бор (уйли-жойли).

Ёши 50гача бўлган, давлат ишида хизмат қиладиган эркак билан турмуш қурмоқчи.

№ 19. Ёши 35 да. Андижон туманида яшайди. Бир нафар қизи бор (14 ёшда). Бўйи 1.60. Вазни 60 кг. Уй бекаси. Оилавий ҳолати: ажрашган.

Ёши 45гача бўлган, ҳунари бор, уй-жойи мавжуд бўлган эркак билан турмуш қурмоқчи.

 

Мурожаат учун телефон:

(998 93) 781-02-36.

МУЗҚАЙМОҚ ФОЙДАЛИМИ ЁКИ...

БУНИ БИЛИБ ҚЎЙИНГ!

Музқаймоқни хуш кўрмайдиган боланинг ўзи бўлмаса керак. Баъзи ота-оналар болалари шамоллаб қолмаслиги ва тишлари оғримаслиги учун музқаймоқ бермайдилар. Музқаймоқни аёллар ҳам қоматлари бузилишидан қўрқиб кам истеъмол қиладилар. Аммо шифокорларнинг таъкидлашларича, музқаймоқнинг зарарли эканлиги уйдирма экан. Музқаймоқ томоққа ва тишларга зарар етказмайди.

Музқаймоқ соғлом одам учун фойдали

Кексаю ёш бирдек музқаймоқни хуш кўришлари бежиз эмас. Чунки музқаймоқ тайёрлаш учун ишлатиладиган сут маҳсулотлари таркибида асаб тизимини тинчлантирувчи, кайфиятни кўтарувчи ва уйқусизликка барҳам берувчи табиий транквилизаторсимон моддалар мавжудлиги аниқланган.

Сиз музқаймоқни тонналаб есангизгина семириб кетасиз. Бундан ташқари, парҳездагилар ва семиришдан азият чекаётганлар учун музқаймоқ тақиқланган эмас. Асосийси, уни муқобиллаштирилган озуқангизнинг бир қисмига айлантириш кифоя. Масалан, музқаймоқ егингиз келса, бугунги қатиқдан воз кечинг. Музқаймоқ эса жуда фойдали! Унда тўлиқ оқсиллар, суягимиз учун керакли кальций, мускул ва тўқималаримиз учун зарур фосфор, кўплаб дармондорилар, жумладан, инфекциялар билан курашда иммунитетни оширувчи А дармондориси бор.

Шундай музқаймоқлар борки, уларнинг таркибида ёғ умуман йўқ. Қолаверса, ҳар бир  музқаймоқ ўрамида унинг таркиби ва калориялари кўрсатилиши шарт. Бу албатта, парҳез назоратини енгиллаштиради.

Тан олиш керак, ҳамма ишлаб чиқарувчилар ҳам музқаймоқ сифати ҳақида қайғуравермайдилар. Кўпинча углеводлар ортиқча бўлади (ванил ва шакар ҳисобига), маргарин ҳам қўшишлари мумкин (юқорироқ ҳароратда музқаймоқ шаклини йўқотмаслиги учун) ва бошқалар. Айнан шулар семиришга сабаб бўлади. Демак, ширинлик кўп қўшилган музқаймоқни ҳаддан ортиқ емасангиз, ҳеч қандай семиришга олиб келмайди.

"Энг мазали ва сифатли маҳсулот сутдан эмас қаймоқдан қилинади..."

Мазасидан музқаймоқ сутдан ёки қаймоқдан қилинганини ажратиб бўлмайди. Айнан сут ҳар қандай музқаймоқнинг асоси ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчининг вазифаси керакли ёғлиликдаги маҳсулотни тайёрлаш. Масалан, пломбир 12-15% ёғлиликка эга бўлиши керак. Бунга эришиш учун турли ёғ манбалари - қаймоқ, сариёғ, сувсизлантирилган сут ёғидан фойдаланадилар. Сифатли музқаймоқ - стандарт талабларига жавоб берадиган музқаймоқ саналади. Масалан, "Сутли музқаймоқ, пломбир, қаймоқли. Умумий техник шартлари"да ёзилишича, бу турдаги музқаймоқларда ўсимлик ёғи бўлиши мумкин эмас.

Демак, музқаймоқ тайёрлаш технологиясига амал қилинса, бас.

"Музқаймоқ ширин бўлиши керак..."

Дунёда аллақачон саримсоқ, гўшт ва ҳатто саккизоёқ сиёҳи таъмли музқаймоқлар сотилмоқда. Биз музқаймоқ ширин  десертлигига кўникиб қолган бўлсак-да, унинг сифатига у қадар эътибор бермаймиз. Бу эса сифатсиз музқаймоқлар кўпайишига сабаб бўлмоқда. Аслида, ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини "Ўздавстандарт"да тасдиқлатиб, ҳужжатларда сифат стандартлари кўрсатилса, бу маҳсулот ҳақиқий музқаймоқ ҳисобланади.

 "Уч ёшгача бўлган болалар ейиши мумкин эмас..."

Агар болангиз сиз берган ҳар қандай овқатни енгил ҳазм қилса, бунда ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо бир томони бор: 6 ёшгача бўлган болалар иммунитети жуда куч билан ишлайди ва совуқ унга зарар келтириши мумкин. Шунинг учун болаларга эриган музқаймоқ бериш мақсадга мувофиқ. Унга мураббо ёки шунга ўхшаш бирор нарса қўшиб берилса, янада яхши. Албатта, бу гапларнинг ҳаммаси табиий музқаймоққа тааллуқли.

"Музқаймоқ кариесга олиб   келади..."

Кўпинча музқаймоқ еганларида ёқимсиз ҳис туядиганлар шундай ўйлашади. Аслида, бу одамнинг тишларида муаммо борлигини кўрсатади. Музқаймоқ бошқа муаммо келтириб чиқариши мумкин - агар иссиқ   овқат, чой ёки кофедан кейин дарҳол музқаймоқ ейилса, тиш эмалида дарзлар пайдо бўлади.  Музқаймоқнинг кариес келтириб чиқариш эҳтимоли эса, жуда кам, чунки у дарҳол ютилади, оғизда кўп турмайди. Бу жиҳатдан конфетлар зарарлироқ, улар узоқ сўрилади ва тишларга ёпишади ва кариесга олиб келиши мумкин.

 Хулоса

Ҳамма нарсада меъёрга риоя қилиш керак. Баъзи бир қоидаларга риоя қилган ҳолда иссиқ кунда жонимизга оро кирадиган бу ширинликдан ўзингизни ва фарзандларингизни маҳрум этманг-да уни меъёрида истеъмол қилиб боринг.

Интернет манбалари асосида Маъмура тайёрлади.

Ҳарбийлар оромгоҳ болалари ҳузурида бўлишди

Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм зобит ва аскарлари тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларида,   муассаса ва ташкилотларда ёшлар иштирокида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" шиори остида Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини намойиш этиш, ҳарбий касб масъулияти, ҳарбий хизматнинг машаққатли ва муқаддас бурч эканлиги, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида қатор тадбирлар ўтказиб келмоқда.

     Шундай тадбирлардан бири тумандаги Шифокорлар болалар оромгоҳида ўтказилди. Унда болаларга жанговар қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди. Ҳарбий қисм аскарларининг ҳарбий техника ва жанговар қуроллардан фойдаланиш йўл-йўриқлари, мулоқот ва суҳбатлар, ҳарбий соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар маълумотлари болаларда Ватанга муҳаббат ва ҳарбий хизматга қизиқишларини янада оширди.

-Ҳарбий тайёргарлик, қурол-аслаҳалар кўргазмаси менда катта таассурот қолдирди, -дейди лагерда дам олаётган тадбир қатнашчиси Акбаржон Хўжамуродов.- Миллий армиямизнинг куч-қудратига ишончим янада ошди Ҳарбий бурчга  қизиқишим мустаҳкамланди. Армиямиз жанговар салоҳиятига оид тушунчаларим бойиди. Барча иштирокчи болалар шундай ватанпарварлик тадбирлари тез-тез ўтказиб турилишини хоҳлашларини эътироф этишди.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ, лейтенант.

Қурбонлик қилишнинг фазилатлари

Аллоҳга қилинган ибодат, яхши ва солиҳ амаллар унга яқинлашишга ва розилигини топишга бир воситадир. Ана шу солиҳ амаллардан бири, бу - қурбонлик саналади. Қурбонлик орқали Аллоҳ мўъмин банданинг ўз молидан воз кеча олишини имтиҳондан ўтказади.

Қурбонлик қилишлик фазилатли ва гўзал амаллардандир. Хусусан, Қуръони Карим оятларида шундай дейилади: "Эй, Муҳаммад (с.а.в.) албатта, Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлик қилинг! Албатта, сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни беном-у нишон йўқ бўлиб, кетгувчидир!" (Кавсар сураси, 1-3-оятлар). 

Яна бошқа ояти каримада: "Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, унгагина бўйсунингиз ва (эй, Муҳаммад!) итоат қилувчиларга хуш хабар беринг!" (Ҳаж сураси, 34-оят).

Қурбонлик қилишлик бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида унинг яхшилиги, савоби инсонга аталгандир. Бу ҳақда ушбу ояти карима далил бўлади: "Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!" (Ҳаж сураси, 37-оят).

Ҳар бир инсон Аллоҳнинг раҳматидан, ажр-савобларидан умидвор. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намойиш этишдир. Ҳазрати Али (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Ким қурбонликка жонлик олиши учун бозорга борса, Аллоҳ Таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади, ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларни тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради.

Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради" дедилар.

Қурбонликнинг гўшти асли уч қисмга бўлиниб, бир қисми хомлигича камбағалларга, яна бир қисми хоҳишга кўра, эҳсон қилиб едирилади ёки уни ҳам тарқатиб юборади. Учинчи қисми эса, хонадон аҳллари учун қолдирилади. 

Довуд Алайҳиссалом: "Ё Парвардигоро, Муҳаммад (с.а.в.) умматлари қилган қурбонликлари учун нима ато этгансан?" дедилар. Аллоҳ Таоло хитоб қилди: "Ё Довуд, Муҳаммад (с.а.в.) умматларидан қурбонлик қилганларга қурбонликнинг баданидаги ҳар бир тўқилган ўнта савоб ато қилиб, ўнта гуноҳидан кечаман. Жаннатдаги даражасини юксалтириб, у ерда бир қаср бино қиламан ва ҳурларни насиб этаман. Ё Довуд, бу қурбонлик қиёмат куни макраб бўлиб, турли балоларни эгасидан қайтаради".

Анас Ибн Молик Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Хашр (қиёмат) содир бўлган вақт мўминлар ўз қабрларидан турадилар. Аллоҳ: "Эй, фаришталар, менинг бандаларимни махшарга уловсиз олиб борасизларми? ...Энди тирилиб қабрларидан тургач, махшарга пиёда боришмасин. Қурбонликларини келтиринг, миниб боришсин", дейди.

Қурбонлик қилиш қонун-қоидалари ва одоблари ҳақида кўплаб фиқҳ китобларида батафсил маълумотлар берилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Арофатда турган ҳолларида одамларга қараб, шундай дедилар: "Эй, одамлар! Ҳар бир (бой) хонадон аҳли зиммасида ҳар йили қурбонлик қилиш мажбурияти бордир". Уламолар қурбонликни қурбон ҳайити куни қуёш чиқмасдан илгари сўйиш мумкин эмаслигини айтиб ўтганлар. Чунки пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ким ҳайит намозини ўқишдан олдин қурбонликни сўйган бўлса, ўрнига бошқа жонлиқни сўйсин. Ким ҳали сўймаган бўлса, энди намоздан кейин Аллоҳнинг номи билан (бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар) сўяверсин" дедилар (Бухорий ривояти). Агар ҳайит куни қурбонлик қилишга вақт топа олмаса, ҳайитдан кейинги икки кун ичида сўйиш ҳам жоиздир. Бундан ташқари, қўй ва эчки бир кишининг номидан, мол ва туя бир кишидан то етти кишигача шерикликда сўйилиши мумкин.

Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвон нуқсонсиз бўлиши муҳимдир. Баро ибн Озиб (р.а.) бу ҳақида ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: "Тўрт хил жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас: бир кўзи кўрлиги аниқ билиниб турган, касаллиги аниқ билиниб турган, оқсоқлиги аниқ билиниб турган ва илиги йўқ бўлиш даражада қариб қолган ҳайвонлар". Аллоҳ ўзининг каломида: "Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимани эҳсон қилсангиз албатта, Аллоҳ уни билгувчидир" (Оли-Имрон сураси, 92-оят) деб марҳамат қилган.

Аллоҳ Таоло барчаларимизни ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қиладиган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида қабул айласин. Барчаларимизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин.

Олимжон Раҳимов,

Андижон шаҳридаги "Имом Ал-Бухорий" жомеъ масжиди имом-хатиби

ОГОҲ ВА ҲУШЁР БЎЛАЙЛИК!

101 огоҲлантиради

Ҳар биримиз яшаш хонадонимизда, иш жойимизда энг аввало, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишимиз керак. Шу орқали биз содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда ва кўнгилсиз ҳолатлар, айниқса, ис газидан захарланишнинг олдини оламиз. Марҳамат тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан корхона, ташкилот, муассасаларда, маҳаллалар ва ўқув юртларида фавқулодда ходисалар келиб чиқишининг, айниқса, ис газидан захарланишнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, айрим фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги, газ, электр жиҳозларидан фойдаланишдаги оддий қоидаларни билмасликлари, яна баъзилар эса носоз электр ва газ жиҳозларидан фойдаланаётганликларининг гувоҳи бўляпмиз. Бу эса, тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз зарурлигини тақозо этади.

Азиз юртдошлар, ёнғин ва  бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келганида энг аввало, қуйидаги телефон рақамларига зудлик билан қўнғироқ қилишимиз лозим: Фавқулодда вазиятлар бўлими - 101 Ички ишлар бўлими 102. Тез тиббий ёрдам бўлими - 103. Газ хизмати - 104. Ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлайлик. Шундагина биз ўзимизни, яқинларимизни, йиллар давомида йиққан мол-мулкимизни турли офату балолардан асрай оламиз.

Беҳруз АБДУРАҲМОНОВ,

Марҳамат тумани ФВБ инспектори, катта лейтенант.

Жазирамадан қандай сақланиш мумкин?

Ўлкамизда жазирама ёзнинг биринчи ойи ҳам охирлаб бормоқда. Бироқ иссиқнинг тафти пасаяй демайди. Бундай  пайтда инсон салқин жойда ҳордиқ чиқаришни истайди. Айниқса, денгиз бўйи ёхуд салқин тоғ ён бағрида дам олишга нима етсин? Аммо бунга доим ҳам имкон топилавермайди.

Ёз кунлари табиий матодан тикилган кийимларни танлаганингиз мақсадга мувофиқ. Чунки улар терини нафас олишига имкон яратади, ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишининг олдини олади. Қолаверса, жазирама кунда бош кийим   кийиб юриш ёдингиздан кўтарилмасин.

Қуёш нури 12.00 дан 16.00 гача жуда ҳам фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқишни режалаштирмаганингиз маъқул.

Аммо вазият шу вақт оралиғида ташқарига чиқишга мажбур этса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилинг.

Ёз куни қаҳвадан воз кечганингиз маъқул. Чунки бу маҳсулот жазирамада чарчоқни кучайтиради. Ширин ва газланган ичимликлар ҳам бундан мустасно эмас.

Иссиқ кунда сизга муздек ичимликларни ичишни ҳам тавсия этмаймиз. Чунки улар туфайли томоқ оғриғини орттириб олишингиз мумкин. Яна шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, яхна ичимликлар ички аъзоларни совутиб, тана сиртида қон айланишини тезлаштиради ва бунинг оқибатида ҳарорат кўтарилади.

 Зарнигор МУҳаМмаджонова  тайёрлади

"Хурсандлигимда кўз ёшларимни тиёлмайман..."

Фаол аёлларимиз

Бугунги кунда жамиятимизда хотин-қизлар ўрни ва роли катта аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Ҳар жабҳада аёллар фаоллиги сезилмоқда. Бунинг сабаби албатта ҳукуматимиз ва юртбошимиз томонидан ҳар соҳада у хоҳ тадбиркорлик бўлсин, хоҳ бошқа,  аёлларга қулай шарт-шароитлар, имкониятлар  эшиги очиб берилаётганидир.

Фаол аёллар ҳақида гап кетганда, асакаликлар  Оминахон Иброҳимовани ҳам тилга оладилар. Болалигидан тиниб-тинчиб ўтириш унга бегоналигини , вақтни қадрлаши , давлат юмушларида узоқ йиллар фаолият олиб бориб, ҳозирда нафақада бўлса-да, тадбиркорликни йўлга қўйгани , кўпларни иш билан таъминлаганини кўпчилик эътироф этади.

Оминахон опа билан "Андижон-Асака" серқатнов трасса йўли ёқасига жойлашган , опанинг ўзи раҳбарлик қилаётган "Автомактаб" биносининг замонавий,  шинам хоналаридан бирида суҳбатлашдик.Оминахон опа табиатидаги соддалик, камтарлик, раҳбарларга хос билимдонлик ҳар қандай кишини лол қолдиради.

 - Асаканинг Дўрмон қишлоғида , ишчи оиласида туғилганман,-дея гап бошлади опа. - Отам Абдуқаҳҳор ака, узоқ вақтлар ҳайдовчилик қилган, Онам-Маҳфиратхон-уй бекаси эди. Оилада олти фарзанднинг учинчисиман. Қишлоғимиздаги 28-ўрта мактабни тамомлаб, Андижондаги тиллар педагогика олийгоҳининг рус тили йўналишида ўқидим. Институтни битиргач, ўзим таълим олган мактабда ўқитувчилик қилдим. Кўп ўтмай собиқ Карл Маркс номли жамоа хўжалиги маданий-оқартув ишлари бўйича раис ўринбосари вазифасига тайинландим. Бир оз муддатдан сўнг, собиқ туман партия қўмитасида икки йил давомида йўриқчи лавозимида ишимни давом эттирдим. Раҳбарлар тавсиясига кўра, Киев шаҳридаги Олий партия мактабида ўқидим. Бу орада турмушга чиққан, ўғилли бўлгандим.Ўтган асрнинг  90-йилларида ҳокимият идораларида "Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш " бўлимлари ташкил қилиндию, шу бўлим ишини юргизиш менга юклатилди. Тўғри, бу борада ҳали тажрибам етарли эмас, ишни нолдан бошлаш, ташаббускорлик талаб этиларди. Саккиз йил давомида бўлимда барча ишлар йўлга қўйилди. Режалар тузилиб, аниқ мақсадлар асосида фаолият олиб борилди. Орада мутахассислар тайёрланди, қандай ишлаш зарурлиги , нималарга эътибор қаратилиши юзасидан йўл-йўриқлар яратилди. Кейинчалик, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича ҳоким ўринбосари вазифасини топширишди. Фахрланиб айтишим мумкин, шу вақтларда вилоятда "Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш" бўлими раҳбари Турсуной Содиқовадан кўп нарсани ўргандим. Устознинг маслаҳатларини амалда қўллаб, кам бўлмадим. 90-йилларнинг охирларида Асака шаҳар ФХДЁ бўлимига бош мутахассис, сўнг мудир вазифасида ишлай бошладим...

Суҳбат давомида Оминахон опага разм солиб,  катта ёшга етиб қолган бўлса-да, ҳамон уни шижоат тарк этмаганини пайқайман. Ундаги ташаббускорликни, ташкилотчилик қобилиятини сезган адлия мутасаддилари опани ҳуқуқшунослик бўйича ўқишга ва ишлашга тавсия қиладилар. Ўқиш, меҳнатдан асло эринмайдиган, фақат олға одимлашни ўзига доим мақсад қилган Омина опа йиллар ўтиб, ҳуқуқшунослик дипломини қўлга киритади. Энди у Марҳамат туманига, ФХДЁ бўлими мудирлиги вазифасига юборилади. Марҳаматликлар уни мамнун қабул қилишади. Бир неча йил давомида  ушбу вазифада ишлаб, кўпларнинг опаси, синглисига айланади. Нафақа ёшига етгач, Асакага қайтиб, "Ҳамдўстлик" маҳалла фуқаролари йиғини раиси вазифасида ишлайди. 2018 йилда Президент фармонига кўра, "Оила" марказлари ташкил қилинади. Айнан ана шу янги марказ ишини юргизиш ҳам Оминахон опа зиммасига юклатилади.

Одатда  янги ташкил қилинган марказларда иш жараёнининг бориши, тажрибаларни оммалаштириш мақсадида вилоят, республика семинарлари ташкил этилади. Худди шундай семинарлардан бири Асакада ҳам ташкил этилиб, марказда йўлга қўйилган ишлар мутахассислар томонидан ўрганилади ва марказ иши намунали , дея эътироф этилиб, тажрибалар вилоят, республика миқёсида оммалаштирилади. Хуллас, опанинг иш ўрни кўп алмашди, керакли жойларда намунали ишлар ташкил қилиш мумкинлигини у кўрсатиб бера олди.Йиллар давомида у бир неча бор Мустақиллик, "Мўътабар аёл" кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Турмуш ўртоғи Орифжон Иброҳимов автомобил заводида кўп йиллар ишлаб, айни кунларда нафақа ёшида зерикиб қолмаслик учун икки гектар ерда боғ яратди. Ўғли Зафарбек Иброҳимов Тошкентдаги нуфузли олийгоҳлардан бири-"Вестминистер"университетини  муваффақиятли тамомлаган. Айни вақтда Америка Қўшма Штатларидаги Чикаго шаҳрида ахборот технологиялари мутахассиси сифатида фаолият олиб бормоқда. Қизлари Гавҳарой, Муҳаббатхонларнинг бири ФХДЁ ходими, яна бири Тошкентдаги Текстил олийгоҳининг талабаси.

Оминахон опа "Автомактаб"да ўн саккиз нафар ишчи ўрни яратган, бевосита ўзи раҳбарлик қилаётган мактаб ишларидан ташқари, туман "Нуронийлар кенгаши"да, ҳокимиятда хотин-қизлар масалалари бўйича тарғиботчилар гуруҳи таркибида иш олиб бормоқда.

-Биласизми,-дейди у ҳаяжонини яширолмай.-Ишларимдан кўнглим тўлганда, кўпларга ёрдамим тегиб, менга миннатдорчилик билдирганларида, ўғлим олий ўқув юртига кирганда, набиралик бўлганимда...хурсандчилик бўлган вақтларда кўз ёшларимни тиёлмай йиғлаганман, овоз чиқариб, ҳўнграб йиғлаганман.

Бу-табиий, негаки, инсон бир нимадан астойдил , юракдан шодланса, таъсирланса, беихтиёр кўзларига ёш келади.Оминахон опадек бошқаларни ҳам доим қувонч кўз ёшлари юзларини ювиб турсин.

 

Умида Эгамбердиева.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди  гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони" лойиҳаси доирасида чоп этилди.