+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҲАРБИЙЛАР ШОИР УЙ-МУЗЕЙИДА БЎЛИШДИ

Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Марҳамат туманидаги ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ зобит ва аскарлари Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф уй-музейида бўлишди.

Ҳарбий қисмда аскар ва зобитлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг она Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғу­ларини мустаҳкамлашга, улуғ аждодларимиз, ёзувчи ва шоирлар ҳақидаги билимларини бойитишга қаратилган кўплаб тадбирлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Жумладан, халқимизнинг ардоқли ва суюкли шоири Муҳаммад Юсуф хонадонига ташриф аскарларнинг адабиётга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишини кучайтириш билан бирга, шоир ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақидаги билимларини янада бойитишга хизмат қилди.

Аскарлар шоир туғилиб ўсган хонадон, унинг уй-музейидаги экспонатлар билан яқиндан танишдилар.

Ўтказилган ўзига хос мушоирада аскарлар томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди, ижодкор аскарлар ўз шеърларидан ўқиб берди.

Тадбир аскарларда унутилмас таассурот қолдирди.

 

Хуршиджон ФОЗИЛОВ, капитан.

Шиоримиз: ёшларни юксак маънавиятли ва баркамол этиб тарбиялаш

Жангчи-фахрийлар фаолиятидан

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фондининг молиявий кўмаги асосида Ўзбекистон жанг­чи-фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан амалга оширилаётган "Янги Ўзбекистонни янгилаш ва тараққиёт омиллари" мавзусидаги лойиҳа доирасида Қуролли Кучлар фахрийлари, жангчи-фахрийлар иштирокида ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшлар маънавияти ва ҳуқуқий билимларини юксалтириш бўйича қатор маънавий-маърифий, ҳуқуқий-тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан "Ёш авлодни маънавий жиҳатдан етук ва баркамол, ватанпарвар бўлиб улғайишига кўмаклашиш" шиори остида ёшлар иштирокида чекка ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида ўтказилган 20га яқин ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ана шундай тадбирларда 7 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди.

Шунингдек, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқар­маси билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган  ҳарбий спорт ўйинларини ўтказиш бўйича низом ва иш режаси асосида юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақаларида ўқувчиларнинг сафда юриш, сафда қўшиқ айтиш, автоматни қисмларга ажратиш, ҳарбий таълим соҳасидаги билим ва маҳоратлари, жисмонан бақувватлиги синовдан ўтказилди.

Мусобақалар ғолиблари ҳамда бир гуруҳ фаол, аълочи ўқувчиларга Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлимининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома,  эсдалик совға - спорт анжомлари туҳфа этилди.

Лойиҳа доирасидаги тадбирларни ўтказишда лойиҳа координатори, истеъфодаги подполковник М.Қодиров, Қуролли Кучлар фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник М.Холиқов,  истеъфодаги майор Г.Камолов, ички ишлар фахрийси, капитан У.Долимов фаоллик кўрсатдилар. Ҳарбий соҳада ва катта ҳаётий тажрибага эга бу фидойи инсонларнинг кўмаги билан тадбирлар жуда самарали ўтди.

Шунингдек, ўтказилган тадбирларда туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, мудофаа ишлари бўлимлари, "Нуроний" уюшмаси вакиллари, Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ҳарбий таълим услубчилари, ёшлар етакчилари ҳам иштирок этдилар.

Лойиҳани амалга ошириш, мониторинг қилиб бориш, тадбирларни мазмунли, қизиқарли ва самарали ўтказишда Халқ депутатлари вилоят кенгаши  ҳузуридаги Жамоат фонди раиси Зардуна Исмоилованинг тавсия ва маслаҳатлари биз учун жуда фойдали бўлди.

Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш, лойиҳа тадбирларини самарали ўтказишда ижтимоий шерикчилик асосида яқиндан ёрдам кўрсатган ҳамкор ташкилотлар - Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши раиси Х. Омоновга, ННТ ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят худудий бўлими раҳбари А.Узоқжоновга, Ўзбекистон Қуролли Кучлари фахрийлари кенгаши вилоят бўлими раиси М.Халиқовга  миннатдорчилик билдирамиз.

       Раҳимжон УСМОНОВ,

Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.

Қурилишларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этайлик!

"101" огоҳлантиради

Айни пайтда юртимизнинг, шу жумладан, вилоятимизнинг қайси ҳудудига борманг, кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигига гувоҳ бўласиз.

Қурилишлар хайрли иш. Лекин янги қурилаётган биноларнинг лойиҳага асосан қад кўтариши, меъёрий техник талабларга риоя этилиши ҳамда биноларда ёнғин хавфсизлиги нормативларининг бажарилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар бир иншоот битказилганидан сўнг қабул қилиш комиссияси мутасаддилари юқорида таъкидланган ҳолатларнинг бажарилганлигига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Айниқса, ўқув юртлари, турар жойларнинг электр таъминоти ҳамда газлаштириш талабларининг қонуний, лойиҳавий бажарилганлиги муҳим саналади. Чунки амалиётда келиб чиқаётган ёнғин ҳодисаларининг асосий қисмига ана шу жиҳатларга етарли эътибор қаратилмаганлиги сабаб бўлмоқда. Шунингдек, қабул қилишда мутахассислар меъёрий талабларнинг бузилмаганлиги, биноларга бориладиган ёнғин ўчириш машиналарининг ҳаракатланиш йўлакларининг мавжудлиги, сув манбаси ва захира сув билан таъминланганлиги, объектлардаги ёғоч конструкцияларнинг ёнишни қийинлаштирувчи хусусиятларга эга махсус воситалар билан ишлов берилганлиги, лойиҳада кўрсатилган хабар берувчи қурилма ва мосламалар билан жиҳозланганлигига эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Топширилган янги объектларда юқорида таъкидланган меъёрлар бажарилмаса, фавқулодда портлаш ва ёнғин ҳодисалари келиб чиқиши, натижада инсонларнинг мол-мулки нобуд бўлиши, энг ачинарлиси, одамларнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини асло унутмаслигимиз зарур.

Муҳаммаджон ҚЎЗИБОЕВ,

Андижон шаҳри ФВБ инспектори, катта лейтенант.

Иззатулло ПОЗИЛОВ,

Андижон тумани ФВБ инспектори, лейтенант.

Китобим - қуёшим

Ёзгу таътил арафасида Булоқбоши туманидаги 2-умумтаълим мактабида "Китобим - қуёшим" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Мактабнинг 3-"А" синфи раҳбари Жамилахон Омонова ташаббуси билан ўтказилган тадбирда синф ўқувчилари, ота-оналар, ўқув маскани устозлари иштирок этишди. Ўқувчилар томонидан китоб ҳақидаги шеърлар, ҳикматли иборалар айтилди. Китоб мутолааси, билимсизликнинг нохуш оқибатларига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Мактабда умуман, якунланган ўқув йили давомида адабий учрашувлар, қизиқарли мушоиралар, давра суҳбатлри мунтазаб ўтказиб борилди. Тадбирларнинг қизиқарли ўтишида мактабнинг "Ниҳол" раққосалар дастасининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Зиннура Нуриллаева, Хосиятхон Исмоналиева, Ойдиной Камолдинова, Муслима Жўрабекова, Ойша Эсонбоева, Камола Мадаминова, Муниса Рустамова каби раққосаларнинг чиқишлари ҳар бир тадбирга юқори кўтаринкилик бағишлади.

Мактабда ташкил қилинган "Истеъдод" тўгараги аъзолари Муҳаммадазиз Солижонов (шеърият), Ҳадятилло Расулов (рассомчилик), Гулҳаё Фозилова (сухандонлик), Сарвиноз Камолдинова (ифодали ўқиш)лар турли танловларда муваффақиятли қатнашиб, тенгдошларига намуна бўлишди. Улар эришган ютуқларда мактабнинг мусиқа маданияти ўқитувчиси Шаҳноза Аҳмадбекованинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА, 

Булоқбоши туманидаги 2-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

Билимлар сарҳисоби

Таълим даргоҳларида

Жорий ўқув йилининг сўнгги кунларида Андижон шаҳридаги 11- умумтаълим мактабида"Билимлар мамлакатида" деб номланган тадбир ўтказилди.

Ўзим раҳбарлик қилаётган  1- "Б" синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, мактаб директори О. Чен, бошланғич синфлар ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари М. Дадабоева, М. Муталибова ва бошқа бир гуруҳ  ўқитувчилар иштирок этган мазкур тадбир ўқув йили якуни бўйича ҳисобот тарзида ташкил этилди.

Ўқувчиларим йил давомида олган билимларини намойиш этишди. Хусусан, алифбе,  она тили ва ўқиш саводхонлиги, математика, инглиз тили, мусиқа маданияяти ва бошқа фанларга оид шеър, қўшиклар айтишиб, рақслар ижро этдилар. Бундан ташқари, ўқувчилар томонидан улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, чиройли ёзув, технология, тасвирий санъат, табиий фан бўйича ўқувчиларнинг ўзлари ясаган буюмлари, чизган расмлари кўргазмаси барчада катта қизиқиш уйғотди.

Мактаб директори Ольга Чен синф ўқувчиларини биринчи синфни муваффақиятли якунлаганликлари, эришган ютуқлари билан табриклади. Келажакда улуғ аждодларимизнинг муносиб издошлари ва давомчилари бўлиб, ватанига содиқ фарзандлар  бўлишларини тилади. Ўқув йилини муваффақиятли тамомлаганлиги учун ўқувчиларга мақтов ёрлиқлари топширди.

Тадбир нафақат ўқувчиларда, балки меҳмонларда ҳам катта таассурот колдирди.

Моҳидилхон ҲОЗИРОВА,

 Андижон шаҳридаги 11- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ОЛТИНКЎЛЛИК «КУМУШ ТОЛА» МИРИШКОРЛАРИ

ПИЛЛА - 2023

Пиллачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири, пилла эса  енгил саноат учун муҳим хом ашёлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш масалаларига  алоҳида эътибор қаратилади.

Айни кунларда  вилоятиимиз туманларида ушбу мавсумда етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган. Жумладан, Олтинкўл тумани пиллакорлари томонидан етиштирилган "кумуш тола" ҳосили омборларга топширилмоқда.

Ипак қурти боқиш, пиллачилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган Олтинкўл туманида жорий йилда 3 минг 578 қути ипак қурти парваришланиб, 207,5 тонна пилла хом ашёси етиштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

- Мавсум бошида туманда фаолият олиб бораётган "Гуантуан" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон - Хитой уруғчилик корхонаси мутахассислари томонидан мавжуд  11 та инкубаторияда 3 минг 578 қути сифатли уруғ тайёрланиб, тумандаги 495 нафар касаначи ҳамда 142 та фермер хўжаликларига етказиб берилди, - дейди "Олтинкўл агропилла" корхонаси раҳбари Ҳусниддин Қодиров. - Касаначилар томонидан 60 тонна, фермер хўжаликлари томонидан 139 тоннадан зиёд, "Гуантуан" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон - Хитой уруғчилик корхонаси томонидан 8 тоннага яқин пилла ҳосили етиштириш белгиланган.

Таъкидлаш керакки, пиллакорнинг бир ойлик меҳнати йилга татийди. Ипак қурти парвариши ўта нозик иш. Хона ҳароратини бир хилда ушлаб туриш, қуртларга ўз вақтида озуқа бериш, буларнинг бари айтишга осон холос. Эрта тонг тутзорга бориб барг кесиб келиш, ярим тун демасдан қурт­ларга барг солиш ўзига яраша меҳнат, машаққатни талаб этади. Бу ишларнинг ҳадисини олган пиллакорлар эса ҳақиқий миришкорлардир.

Туманнинг Ижтимоият маҳалласида яшовчи, касаначи Гулчеҳрахон ва Бахтиёржон Назировлар йигирма йилдирки, ипак қурти боқиб келади. 70 сотих тутзорлари бор. Жорий мавсумда улар 2 қути ипак қурти парваришлаб, 118 килограм пилла топширди.

- Пилла етиштириш билан шуғулланиб, кам бўлмадик, - дейди Бахтиёржон Назиров. - Бутун оиламиз билан бир ой шу иш билан астойдил шуғулланамиз. Даромади ҳам ёмон эмас. Бу йил ҳам етиштирилган сифатли пиллани кластер корхона омборига биринчилардан бўлиб топширдик, шу куниёқ пулини олдик. Энг асосийси, туман агропилла корхонаси томонидан биз - касаначиларга иш стажи ёзиб борилмоқда.

Авваллари пиллакорлар топширган пилласи учун йиллар давомида пулини ололмасдан сарсон бўлар эди. Эндиликда кўплаб туманларда бундай муаммо тўла бартараф этилган. Жумладан, "Олтинкўл зар ипаги" кластер корхонаси томонидан топширилган пилла учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш йўлга қўйилган, ортиқча оворагарчиликка йўл қўйилмайди.

Жорий йилда тумандаги "Туркис­тон" массивида 12 нафар касаначи ҳамда 16 та фермер хўжалиги томонидан 323 қути ипак қурти парвариш қилинди.

- Касаначиларимиз ўз ишининг ҳақиқий миришкорлари, - дейди "Олтинкўл агропилла" корхонасининг мазкур ҳудуддаги агрономи Зулайҳо Аҳмаджонова. - Шарифахон Эсонова, Марҳабохон Исмоилова, Одинахон Сатимова, Ҳамиджон Собиров сингари илғор касаначиларимиз ҳар йили белгиланган режани ортиғи билан бажариб, барчага намуна бўлди.

Мазкур массивда яшовчи Марҳабохон Исмоилова бу йил ўз хонадонида тўрт қути ипак қурти парвариш қилиб, юқори ҳосил олишга эришган касаначилардан биридир.  

- Бир неча йилдан буён оиламиз билан ипак қурти парваришлаб келамиз, - дейди М. Исмоилова. - Аввало, қуртга меҳр куйиш керак. У хам тирик жон. Айниқса, қурт боқилаётган хоналар озода, шинам, доимий ҳаво айланиб туриши лозим. Хатто, баргни ҳам ювиб бериш керак. Ҳар бир квадрат метрга 1 грамм қурт уруғи ёяман. Улар қанча сийраклаштирилса, ҳосил шунча мўл ва йирик бўлади.

Умуман, Олтинкўлда ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган пиллакорлар талайгина. Шу боис ҳам, туман ҳар йили вилоятда биринчилар қатори йиллик режани бажаради.

Айни кунда нафақат аксарият касаначилар, балки фермер хўжаликлари ҳам белгиланган режани ортиғи билан адо этдилар. Жумладан, "Оқтепа" массивидаги "Турсинбой ота", "Машъал" массивидаги "Машъал меҳргиёси", "Намуна" массивидаги "Қосимжон обод ерлари", Ф. Қўчқоров массивидаги "Хуршидбек равнақ мақсад" сингари фермер хўжаликлари илғорлар сафида барчага намуна бўлмоқда.

Шу кунларда вилоятимизнинг барча туманларида пилла ҳосилини йиғиб-териш ишлари якунига етмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Президент қарори амалда: ота-она қарамоғидан марҳум бўлган фуқароларга уй-жой берилди

Жараён

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда "Инсон қадри учун" деган устувор тамойил асосида давлат томонидан фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида ана шу тоифадаги кўплаб болалар янги уй-жойлар билан таъминланмоқда.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, турар-жойга муҳтож сифатида рўйхатга олинган, 18 ёшга тўлган андижонлик Муҳаббатхон Исмоилова ҳамда Азизбек Усмонов ҳам уй-жой билан таъминланди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирокида уларга Андижон тумани, Саддатаги маҳалласи ҳудудида барпо этилган янги уйларнинг калити ва сертификатлари топширилди.

-      Бундай эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди, - дейди қувонч ёшларини яшира олмаган, янги уй соҳибаси Муҳаббатхон Исмоилова. - Инсон қадри улуғланаётган шу юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Насиб этса, келгусида ўзим танлаган соҳанинг малакали мутахассиси бўлиб, ушбу эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлишга, Ўзбекистонимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қиламан.

Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида мазкур йўналишдаги ишлар режа асосида, тизимли давом эттирилмоқда.

 

Восит АХМАТХОНОВ

АЖРИМ ЁҚАСИДАГИ ОИЛАЛАР ЯРАШТИРИЛМОҚДА

Оила - муљаддас маскан

Оила - жамиятнинг муҳим бўғини, қолаверса, ҳар бир инсон учун энг муқаддас гўша ҳисобланади. Шу боис ҳам мамлакатимизда оилаларни мус­таҳкамлаш, айниқса, ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишда вилоят ҳокими ташаббуси билан "Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум этма!" шиори остида "Оилаларни мустаҳкамлаш" ойлиги доирасида ўтказилаётган тушунтириш-тарғибот тадбирлари, суҳбат ва мулоқотлар давомида кўплаб оилалар тикланмоқда.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Гулнорахон Абдулла­ева иштирокида Андижон туманида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда оила муқаддас даргоҳ экани, унинг мустаҳкамлигини таъминлашга ҳар бир инсон масъул эканлиги алоҳида таъкидланди.

Йигирмадан ортиқ ажрим ёқасидаги оила вакиллари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими мутасаддилари, имомлар, отинойилар, маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоллари,  катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлар иштирок этган мулоқот давомида вилоят ишчи гуруҳи томонидан оилаларнинг муаммолари, ажрим сабаблари ўрганилиб, уларни яраштириш чоралари кўрилди. Натижада 10 дан ортиқ ажрим ёқасидаги оила яраштирилди, уларнинг муаммолари ҳал этилди, 16 нафар болажоннинг бахти бутун бўлди. Энди улар ўз ота-оналари бағрида улғаяди.

"Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум қилма!" шиори остида "Оилаларни мустаҳкамлаш" ойлиги доирасида Андижон тумани ишчи гуруҳи томонидан тумандаги Полосон ва Экин-тикин маҳаллаларида ўтказилган тадбирларда ҳам ажрим ёқасига келиб қолган 8 та оила яраштирилди.

Мазкур йўналишда Андижон тумани ишчи гуруҳи томонидан туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам кенг кўламли, амалий ишлар олиб борилмоқда. Мақсад ҳар бир оилани ҳақиқий бахт қўрғонига айлантиришдир.

Туманимизда оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар, албатта ўзининг ижобий самараларини беради, келгусида оилавий ажримлар янада камайишига эришилади.

 

Тўхтахон ТЎРАЕВА,

Андижон туманидаги "Баҳор" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли.

Ватаним, мен сени севаман жондай!

Юртда тинчлик экан, қалбларда зиё,

Сендан олис кетсам, дил бўлар сиёҳ,

Ўпаман тупроғинг, кўзга тўтиё,

Ватаним, мен сени севаман жондай!

 

Фидолар қилмоққа жонимни тутай,

Мадҳинг куйламоққа шеърлар битай,

Сенинг қучоғингда бахтларга етай,

Ватаним, мен сени севаман жондай!

 

Гулларда момомнинг ислари қолган,

Кўксингда бобомнинг излари қолган,

Меҳр-оқибатни кўнглимга солган,

Ватаним, мен сени севаман жондай!

 

Мудом порлаб турсин нурли қуёшинг,

Она-тупроғимда омондур бошим,

Одил йўл кўрсатар ҳар дам Юртбошим,

Ватаним, мен сени севаман жондай!

РАҚҚОСАЛАР ТАНЛОВИ

Танлов

Андижон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи Восит Аҳматхонов ташаббуси ва мусиқа маданияти ўқитувчиси Моҳинбону Қосимова саъй-ҳаракати билан 8-синф ўқувчилари ўртасида раққосалар танлови бўлиб ўтди. Мукаррампошша Умарова ва Иродахон Умаровалар раҳбарлигидаги 8-А ҳамда 8-Г синфларининг ўн икки нафар ўқувчи қизи турли куйларга рақслар ижро этишиб ғолиблик учун беллашдилар.

Танлов шартларидан муваффақиятли ўтган Моҳларой Сирожиддинова, Моҳинур Ваҳобжонова ва Райёна Насриддиновалар фахрли ўринларни эгалладилар. Ғолибларга тарғиботчи соврини -пул мукофотлари топширилди. Танловнинг барча иштирокчиларига китоблар туҳфа этилди.

Одинахон ҲАЙДАРОВА,

мактаб кутубхонаси мудираси.