+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ВАТАН, СЕНГА СУЯНЧ НИҲОЛИНГ БЎЛАЙ

Тонгги шаббодалар силар кокилим,

Кўкда Қуёш ўпар, юзим куйдириб.

Бахтдан яшнар юрак, биламан шуни,

Тангрим яратибди сени суйдириб.

 

Шохдан шохга қўниб, ўйнайди қушча,

Борлиққа кўз-кўзлаб эркнинг парвозин.

О, она Ватаним, сенинг қўйнингда

Ҳар куни тинглайман тинчликнинг куйин!

 

Тандирнинг бошида онам ғимирлар,

Яноқлари олов, кўзлар бахтиёр.

Этагида менга илинган кулча,

Нонда чексиз меҳринг тафти бор.

 

Баҳорда кўз ёрган ялпизинг эса,

Қўймайди ошимга бориб етгунча.

Ватан, сенга суянч ниҳолинг бўлай,

Жисмим тупроғингга сингиб кетгунча.

 

Феруза ҚОЗОҚОВА,

Хўжаобод тумани.

НАСИБАХОН ТЎЙЧИЕВА - КОРХОНАМИЗ ФАХРИ

Қўрғонтепа туманидаги «Khanteks Group» МЧЖнинг  ишга тушганига етти бўлди. Корхонадаги ишчиларга яратилган қулай иш шароит, ойлик-маошларнинг кўнгилдагидек бўлиши, бепул овқат  ҳамда дам олишлари учун шинам хоналар мавжудлиги, энг муҳими эса, корхона раҳбари Нурмуҳаммад Парпиевнинг салоҳияти, ишчиларга меҳр-оқибатли эканлиги  йилдан-йилга ишлаб чиқариш самарадорлигига эришишнинг кафолати бўлмоқда. Шунингдек, маҳоратли ишчилар сафининг кенгайишига ҳам эришилмоқда. Шундай ишчилардан бири Насибахон Тўйчиевадир.

 У аввалига  корхонага фаррош бўлиб ишга кирганди. Кўп ўтмай у ишчилар сафига қўшилди. Ҳозирда йигирув цехининг ўров бўлими оператори бўлиб ишлаётган Насибахон шу ерда қадр топди, қадрдонлар орттирди. Тез орада нафақага чиқадиган бу аёл корхонада энг яхши ходималар қаторида тилга олинади.

- Мен шу ерда ишлаб обрў топдим. Кўп ютуқларга эришдим. Ўғил-қизларимни ўқитдим, тўй-тўркинларига сеп-сидирғалар жамғардим. Пенсияга чиқиб ҳам фаолиятимни давом эттирмоқчиман.

Корхонада бундай ишчилар сони анчагина. Боиси, корхона раҳбарининг одиллиги ва ташаббускорлигидир. Яқинда корхонадаги яна бир хушхабардан ишчилар мамнун бўлишди. Ойлик-маошларга ўн фоиз  қўшиб бериладиган бўлди. Бу ишчиларни янада яхши ишлашларига илҳомлантирди.

 

Зулфия Набижон қизи,

корхона ишчиси

РАҚАМЛИ ЖУРНАЛИСТИКА БЎЙИЧА ИККИ КУНЛИК ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги "Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази" нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги Бобур номидаги ахборот кутубхона марказида икки кунлик семинар-тренинг бошланди.

"Журналистнинг рақамли даври: воситалар, суриштирувлар, манипуляциядан ҳимоя" мавзусида ўтказилаётган ушбу тренинг журналистика соҳасидаги замонавий ёндашувлар ва технологиялар билан таништириш, соҳада фаолият юритаётган журналист ва блогерларнинг малакасини оширишга қаратилган.

Тадбир давомида қатнашчиларга сунъий интеллект ва машинали ўрганиш технологияларининг журналистикадаги ўрни, янги медиа форматлари ҳамда платформалар, мултимедиа журналистикаси асослари, контент турлари ва ишлаш воситалари ҳақида маълумотлар берилмоқда.

Шунингдек, фактчекинг усуллари, ишончли манбалар билан ишлаш, манипуляция турлари ва уларни аниқлаш, тил, фото ва видео орқали манипуляция, ижтимоий тармоқ алгоритмлари орқали таъсир ўтказиш механизмлари батафсил муҳокама қилинмоқда.

Тренинг доирасида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашмоқда, амалиёт машғулотлари ва гуруҳли ишлар орқали ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашмоқда.

- Бугунги глобал ахборот майдонида журналистдан нафақат тезкорлик, балки таҳлилий фикрлаш, далилларга таяниш, манипуляцияни фош этиш салоҳияти талаб этиляпти. Бу каби тренинглар фаол журналистларимиз учун жуда зарур, - дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Махпура Ортиқова. - Семинар жараёнида энг долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, амалиётга яқин ёндашувлар билан танишиш имконияти яратилмоқда. Ташкилотчиларга миннатдорлик билдирамиз.

Мазкур тренинг 2025 йилнинг май-июн ойларида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган тадбирлар доирасида ўтказилмоқда. Икки кун давом этган тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар  топширилди.

З.УмрзоҚов

Muhlislar ijodidan

O'LKA

Ko'hna tol bеshikday bizga jonajon,

Onam allasidan yod bo'lgan o'lka.

Shoirning shе'riga mavzu bo'lgan joy,

Rassomning rasmida aks etgan o'lkam.

 

Sеni, asragayman har vaqt dilimda,

Ajdoddan avlodga mеros qolganim.

Ista, madh etayin har gal shе'rimda,

Mеn-chun ilhom bo'lgan ona Vatanim.

 

Sеnda, To'marisning shonli tarixi,

Sеnda, Mangubеrdi jasorati bor.

Otabеgu Kumushning chеksiz sеvgisi,

Sеnda, Qodiriydan esdalik har on.

 

Qalbimning to'rida bir, sеnsan Vatan,

Yuragim qo'rida bil, sеnsan Vatan

 

Marziya BOZOROVA,

Muhammad Yusuf ijod maktabi

9- sinf o'quvchisi.

 

Tun va kun

Sokin tun. Mayin shabboda esar,

Tabiat uyquga ohista cho'mar,

Odamlar, hayvonlar, hatto qushchalar,

Oyning shu'lasida tin olar bu dam.

 

Falakda nur sochar oy va yulduzlar,

Ular orom olar yorug' kunduzlar,

Faqat orom nеligin bilmas sho'x yеllar,

Maysalarni tеbratib, silkitib o'ynar.

 

Jonzotlar qish g'amin yeydi tinmasdan,

Ozuqa to'plashar, charchash bilmasdan,

Bobo quyosh zarrin nurlarin sochar,

Olam go'zalligidan dillarim yayrar.

 

Oyjamol KЕNJABOTIROVA,

Xo'jaobod tumanidagi 7- umumta'lim maktabi 8- sinf o'quvchisi.

 

BULUT

Oq bulut, oppoq bulut,

Senda, nima gap bulut?

Samolarda nima gap,

Mendan salom, ayt bulut.

 

Kezib yetti jahonni,

Nima ko'rding, ayt bulut.

Tashlab ketmoqchi bo'lsang

Bu shashtingdan, qayt bulut.

 

Alam to'la ko'z yoshing,

Qancha bo'lsa yog' bulut.

Yetmasa gar bardoshing,

Olov bolib yon bulut.

 

Osmoningda joy bormi

Birga olib ket, bulut,

Oq bulut oppoq bulut,

Senda, nima gap bulut?

 

Samolarda nima gap,

Mendan salom, ayt bulut.

 

Hamidullo TURSUNBOEV,

ADU akademik litseyi aniq fanlar yo'nalishi 2- bosqich o'quvchisi.

 

USTOZ

Ey ijod maktabi, she'rlar doyasi,

Yoningga oshiqib, shoshilib keldim.

Qishloqda onamni yolg'iz qoldirib,

Baxtning etagiga osilib keldim.

 

Keldim men bag'ringda unmoqlik uchun,

Mashrab chakmonini  yelkamga tashlab.

Kichkina farzanding, katta she'rlarin,

Bir kuni tinglaysan gurros olqishlab.

 

Bag'ringda unaman, o'saman erka,

Maktabim, barchani qilurman e'zoz.

"Ilmu-urfon" nomli bu nurli yo'lda,

Menga yo'ldosh bo'lar jonkuyar ustoz.

 

 Mehriddin Sobirjonov

Muhammad Yusuf nomidagi ijod maktabining 9-sinf o'quvchisi.

ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - МУҲИМ МАСАЛА

Профилактик тадбир

Мамлакатимизда одамлар, шу жумладан, ҳайвонларнинг соғлиги учун хавф туғдирадиган касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эпизоотик ва эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур йўналишда вилоятимизда ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи, вилоят  ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кенг қамровли профилактик, тарғибот-тушунтириш, ўрганиш ва мониторинг тадбирлари тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудидаги "Марказий деҳқон бозори"да ўтказилди. Деҳқон бозоридаги покизалик, санитария, гигиеник ҳолат, аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, озиқ-овқат    хавфсизлигини назорат қилиш, эпизоотик ва эпидемик вазиятни барқарорлигини таъминлаш юзасидан ўрганиш давомида асосий этиборни гўшт ва сут  маҳсулотларининг сифати, уларни белгиланган меъёр ва тартиблар асосида сотилишига қаратилди.

Ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш, мутасадди, сотувчи ва харидорларнинг  озиқ-овқат  хавфсизлиги, эпизоотик ва эпидемик вазият бақарорлиги борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш бўйича профилактик тадбирлар, улар билан суҳбатлар ўтказилди. Йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Бу каби тадбирлар энг аввало, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, қолаверса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, турли юқумли касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олишда шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам, бу борадаги ишлар мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида тизимли равишда, изчил давом эттирилади. 

 

Машҳурбек ИСМОИЛОВ,

вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходими, сафдор.

МАЯ УСМОНАЛИЕВА - "ТЕРЕЗА ОНА"ГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Хотира ва қадрлаш куни, қолаверса, муборак ёшга тўлиши муносабати билан маданият тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ҳозирда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийси, вилоятимизнинг энг фаол фахрийларидан бири Мая Усмоналиевага юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.

Андижон вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида ташкил этилган тадбирда  сўз олган Марказ раҳбари Отабек Исмоилов ва бошқалар Мая Усмоналиевани қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, устознинг ибратли фаолияти, мазмунли ҳаёт йўли ҳақида гапирди.

Отаси туғилишидан аввал, онаси эса болалигида вафот этган Мая Усмоналиева дастлаб болалар уйида, сўнг корейс миллатига мансуб Ольга Ли оиласида камолга етди.  Бу аёл Маяни ўз фарзандидай тарбиялаб, вояга етказди.

Мая Усманалиева оиласи билан Андижонга кўчиб келганидан сўнг шу ерда оила қурди, аввал Андижон пахтачилик институтида, кейинроқ Тошкент маданият институтида сиртдан таҳсил олди.

Андижон шаҳар маданият бўлимида мутахассис, раҳбар бўлиб кўп йиллар ишлади. Ўзининг меҳнатсеварлиги, ташаббускор ва ташкилотчилиги билан жамоаси, кенг жамоатчилик орасида ҳурмат-эътибор топди.

Ҳар қандай одам билан тез ва осон тил топиша оладиган характерга эга Мая опа нафақага чиққанидан кейин ҳам уйида тинч ўтирмади. Етимлик ва қийинчиликда ўсгани боис, одамлар орасида бўлишга, ўзгаларга яхшилик қилишга интилиб яшади. Айниқса, қарийб йигирма йилдан буён Андижон вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази унинг иккинчи уйига айланган. Бу ерда яшаётган ногирон, меҳрга муҳтож инсонларнинг ҳар бири билан қадрдон бўлиб кетган.

Марказдагилар, умуман, Мая опани яқиндан биладиганлар  уни "Тереза она" деб ҳурмат қилишади. Чунки у ҳамиша одамлар орасида, ўзгаларга қўлидан келганича кўмак беришга, каттаю кичикни ҳурмат қилиб, кўнглини олишга  ҳаракат қилади.

Фаоллик, ташкилотчи ва ташаббускорлик унинг ҳаёти мазмунига айланган. Бунга биргина мисол келтириш мумкин. Ёши саксонга яқинлашиб қолган бўлса-да, у кекса санъаткорларни бир жойга жамлаб, ҳаваскорлар ансамблини тузди. Ушбу ансамбль вилоят ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида, бошқа жойларда ўтказилаётган кўплаб тадбирларда ўз дастурларини намойиш этиб келмоқда. 

-      Ҳалол меҳнат, самимийлик ва меҳр-оқибат инсонни улуғлайди, - дейди Мая опа Усмоналиева. - Бунга ҳаётий кузатишларим, қолаверса, ўз ҳаётим ва фаолиятим мисолида яна бир бор амин бўлдим. 

Хотира ва қадрлаш кунида мени йўқлаш учун хонадонимга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков кириб келганида беихтиёр қўзларимдан қувонч ёшлари оқди. - Эътибор ва қадрдан, ҳаётим бесамар ўтмаганлигидан бошим кўкка етди.

  Вилоят Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида ана шу кўнгли пок, самимий ва фидойи инсон,  Мая опа Усмоналиевани эъзозлаш тадбирида айтилган дил сўзлари, ижро этилган куй ва қўшиқлар устознинг мазмунли ҳаёти,  самарали фаолияти, юксак инсоний фазилатларининг чин маънодаги эътирофи бўлди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг тарихи

Мутахассис минбари

     Қадимдан ҳар қандай давлатнинг шаклланиш ва ривожланиш тарихида унинг миллий бойликлари, табиий ресурслари тўғрисидаги маълумотлар муҳим аҳамият касб этган. Мамлакатни бошқаришда, айниқса, аҳоли сони, ер майдони ва моддий бойликлари тўғрисидаги аниқ маълумотлар, билимлар жуда муҳим ҳисобланган.

Йирик, марказлашган давлатларнинг ривожланиши билан бирга, уларнинг миллий бойликларининг ҳақиқий миқдори тўғрисидаги билимлар, шунга мувофиқ мамлакат аҳолиси ва унинг мулкини ишончли ҳисобга олиш усулларини билиш ва фойдаланишга эҳтиёж ортиб борган.

Статистика фан сифатида пайдо бўлишидан анча аввал, давлатлар ҳукмдорлари маъмурий ва хўжалик ҳисобининг турли усулларидан фойдаланганлар. Аҳоли сони, мулкнинг мавжудлиги, ерларнинг таркиби, уларнинг миқдори, чорва молларининг сонини билиш, савдонинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Аксарият давлатлар аҳолисининг асосий қисми асосан, қишлоқда яшаган, қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланган. Шу боис, биринчи навбатда ерга оид маълумотлар тўпланган. Ушбу маълумотлар солиқларни белгилаш ва ҳарбий мақсадлар учун хизмат қилган.

Тарихий манбаларда қишлоқ хўжалигининг ҳолати, экин майдонлари, экин турлари, чорва моллари бош сони тўғрисидаги дастлабки маълумотлар Америка Қўшма Штатларида 1840 йилда ўтказилган қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тадбири орқали шакллантирилганлиги қайд этилган.

Рус тарихчиларининг маълумотларига кўра, Россияда қишлоқ хўжалигининг ҳолати тўғрисидаги кўрсаткич ва маълумотларни йиғиш илк бор IХ асрда амалга оширилган. Рус князликларида биринчи хўжаликлар рўйхати 1245-1287 йилларда, кейинги рўйхат XIV-XV   асрларда шакллантирилган.

Мамлакатимизда ҳам мазкур жараён тарихи узоқ даврларга бориб тақалади.

Нуриддин КАМОЛДИНОВ,

Улуғнор тумани статистика бўлими бошлиғи.

ҲАР БИР ШАХС СУД ҲИМОЯСИДА БЎЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА

ҳуҚуҚшунос минбари

      Ҳуқуқий-демократик, эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан бораётган мамлакатимизда давлат томонидан фуқароларнинг Конституция ва қонунларда  мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланади.

     Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракати устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Ҳар бир шахс давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек, ҳаёти ва соғлиги, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Суднинг асосий вазифаси ҳам фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Яъни, ҳар бир шахс маъмурий органлар томонидан ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган тақдирда судга мурожаат қилиши ва айнан суд маъмурий органларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари қонунларга қай даражада мувофиқлигини кўриб чиқиб, ўз баҳосини бериши зарур.   Чунки  қонунлар қанчалик мукаммал бўлмасин, уни қўллашда турли низолар юзага келиши, қонунни талқин қилиш масаласида қарама-қаршиликлар юзага келиши табиий ҳол. Шу маънода суд кўрилган ҳар бир иш  бўйича ўз баҳосини бериши, адолатли ҳукм чиқариши муҳимдир.

 Фуқароларнинг, корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишини таъминлашда суд муҳокамасининг барча босқичларида ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги масалалар судлар томонидан кўрилаётганда албатта, прокурор иштирок этади.

Умуман, кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, фаолиятини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган қатор қонунлар, Президент, ҳукумат, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Натижада суд ишларини кўришда очиқлик, шаффофлик шаклланди. Бугунги кунда аксарият суд жараёнларини онлайн кузатиш имкони яратилган. Бундан ташқари,   судьянинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги давлат томонидан кафолатланди. Бу одил судловга эришиш – қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишини таъминламоқда.

Юқоридаги ишлар энг аввало, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга, уларнинг шаъни, қадр-қимматини улуғлашга, шунингдек, суд идорларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани судининг тергов судьяси.

Уруш фахрийсининг ҳаёт йўли ёшлар учун ибратдир

Эъзоз

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тасарруфидаги Марҳамат туманида жойлашган ҳарбий қисм аскар ва зобитлари тумандаги Пахтакор маҳалласи, Намуна кўчасида яшаётган, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, 100 ёшли Имин ота Темиров хонадонида бўлиб, уруш фахрийсининг ҳолидан хабар олишди, унинг уруш даври хотираларини тинглашди.

Бир асрни қаршилаган бўлса-да, гап-сўзлари тиниқ Имин ота аскарларга суронли уруш йиллари ҳақидаги баъзи хотираларини сўзлаб берди.

Имин ота Темиров сингари инсонларнинг мардлиги, қаҳрамонликлари, ибратли ҳаёт йўллари бугунги ва келажак авлод учун ибрат мактабидир.

Асадбек САЙФУЛЛАЕВ,

лейтенант.

Пахтаободлик пиллакорларнинг шашти баланд

"Пилла - 2025"

Шу кунларда вилоятимизнинг барча туманларида ипак қуртини боқиш,  етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган. Жумладан, Пахтаобод туманида ҳам бу борадаги ишлар самарали олиб борилмоқда.

Пахтаобод туманида жорий йилда 5 минг 623 қути ипак қурти парваришланиб, 338 тонна пилла етиштириш режалаштирилган.

-      Жорий йилда белгиланган пилла режасини бажариш учун туманимизда зарур ишлар олиб борилди, - дейди Пахтаобод тумани "Агропилла" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаҳонгир Сотволдиев. - Жумладан, мавжуд 353 гектар майдондаги тутзорларни парваришлаш, мўл ва сифатли озуқа олиш, уруғчилик лабораториялари ишини самарали ташкил этиш, ҳудудлардаги "Лидер агроном аёллар"ни, касаначиларни ўқитиш, пилла етиштирувчиларга зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, пиллакорларга ҳар бир қути ипак қурти учун 300 минг сўмдан аванс пули берилди.

Айниқса, пилла парваришига хотин-қизларни жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда мазкур йўналишда 2 минг 500 нафар киши доимий ва мавсумий ишларга жалб этилган бўлса, уларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг барчасига амалдаги тартиблар асосида иш стажи юритилмоқда

Мавсум бошида туманда фаолият олиб бораётган 14 та инкубаторияда Хитой технологияси асосида 5 минг 623 қути сифатли уруғ тайёрланиб, 433 та фермер хўжалиги, 400 нафардан зиёд касаначиларга етказиб берилди.

Туманнинг Олим Қурбонов массиви, Пушмон маҳалласи, Равон кўчасида яшовчи, пиллакор Соҳибахон /уломиддинова йигирма йилдирки, ипак қурти боқиб келади. Жорий мавсумда у келини билан 1,5 қути ипак қурти парваришламоқда. 

-      Бир неча йилдан буён оиламиз билан ипак қурти парваришлаб келамиз, - дейди тажрибали пиллакор Соҳибахон      /уломиддинова. - Аввало, қуртга меҳр қўйиш керак. У ҳам тирик жон. Айниқса, қурт боқилаётган жой озода бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Келинларим билан бу ишни чиройли адо этиб келяпмиз. Машаққатларнинг кўпи ортда қолди, бугун қуртни бостирдик. Насиб этса, ҳар йилдагидек, бу йил ҳам режани ортиғи билан бажарамиз.

Мазкур маҳалланинг Янги кўча кўчасида яшовчи Зумрадхон Аҳмедова эса жорий йилда 3,5 қути ипак қурти боқмоқда. У келин бўлиб тушган хонадонидан янги уйга кўчиб ўтганига 16 йил бўлибдики, ҳар йили ипак қурти парваришлайди. Ипак қурти боқишнинг ҳақиқий миришкорига айланган.

-      Ипак қурти боқиб кам бўлаётганимиз йўқ, - дейди Зумрадхон Аҳмедова.  - Аввал онамдан, кейин қайнонамдан пилла боқишнинг сирларини ўрганганман. Авваллари қурт боқиш анча машаққатли эди. Боқиш даври узоқроқ, озуқа ҳам кўп кетар эди. Ҳозир қурт боқиш бирмунча енгиллашган.

Туманнинг Озод массиви Дўнгқишлоқ маҳалласи, Тегирмонбоши кўчасида яшовчи Комилахон Қурбонова бу йил ўз хонадонида 2,5 қути ипак қурти парваришлади. Илғор пиллакор туманда биринчи бўлиб пилла теришни бошлади. Ҳалқимизда "Аҳиллик бор жойда барака бўлади", деган гап бежиз айтилмаган. Етиштирилган пиллани териб олиш учун қўни-қўшнилар, қариндошлар унинг хонадонига ёрдамга киришган. Аҳиллик, ҳамжиҳатлик билан терилаётган ҳосил албатта, баракали бўлади.

Мухтасар айтганда, ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган пахтаободлик пиллакорларнинг шашти баланд. Улар пилладан ҳар йилдагидан-да мўл ҳосил олиш учун астойдил меҳнат қилишмоқда.

 

Дилфуза ТУРСУНБОЕВА,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Журналистика факултети 3- курс талабаси.