+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МАСЪУЛИЯТ ВА ХУШЁРЛИКНИ АСЛО УНУТМАЙЛИК

Қилмиш-Қидрмиш

Андижон тумани судида жорий йил 2 май куни Андижон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасига оид суд иши кўриб чиқилди. Ҳодиса натижасида икки автомашина жиддий шикастланган. Ҳодиса юз беришига сабабчи бўлган ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан тегишли чора кўрилди.

Маълум бўлишича, Андижон тумани ҳудудида, Боғишамол - Бобур шаҳри йўналишидаги автомобиль йўлининг "Завроқ" МФЙ ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро Б. Эгамбердиев ўзининг бошқарувидаги "Дамас" русумли автомашинасида кета туриб, белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган. Яъни, эътиборсизлиги натижасида унинг олдида ҳаракатланаётган Х. Саттаров  бошқарувидаги "Кобалт" русумли автомашина чап қайрилиш чироқларини ёқиб тўхтаганда, оралиқ масофа яқин ва тезлик бироз юқори бўлгани сабабли Б.Эгамбердиев машинани тўхтата олмаган ва "Кобалт"нинг орқа томонига бориб урилган.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида "Кобалт" автомашинаси 22 миллион 384 минг сўм, "Дамас" автомашинасига эса 9 миллион 240 минг сўм зарар етган.

Суд мажлисида ҳар икки томоннинг кўрсатмалари, эксперт-ларнинг хулосалари эшитилди. Ана шулардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, «Дамас» автомашинаси ҳайдовчиси Б. Эгамбердиев бепарволик оқибатида белгиланган қоидаларни бузган, олдиндаги автомашина билан оралиқ масофани сақламаган.

Суд фуқаро Б.Эгамбердиевни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133-моддаси 1-қисми асосида айбдор деб топди. Унга нисбатан 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима тайинланди. Жарима давлат бюджетига ундирилади. Шунингдек, унга жабрланувчи, яъни «Кобалт» автомашинаси эгасига етказган зарари учун 17 миллион 384 минг 68 сўм моддий зарар тўлаш мажбурияти юкланди. 

 Суд Б. Эгамбердиевга жазо тайинлашда унинг шахсий, оилавий аҳволини, содир этган    ҳуқкуқбузарлик ҳаракатининг  ижтимоий хусусиятини ҳисобга олди. Шунингдек, унга қонунларга риоя этиш, қонунларга ҳурмат билан қараш юзасидан тушунтириш берилди.

Транспорт воситасини бошқаришда эътиборсизлик, бепарволик кишини ноқулай аҳволга тушириши, унга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказиши, янада муҳими, ўзининг, яқинларининг ёхуд қайсидир бир инсоннинг турли даражада тан жароҳати олишига, ҳаётдан бевақт кўз юмушига олиб келиши мумкин. Шу боис, транспорт воситасини бошқараётган ҳар бир шахс эҳтиёткор бўлиши, масъулият ва ҳушёрликни асло унутмаслиги керак.

 

Шоҳруҳ ВАҲОБОВ,

Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг тергов судьяси.

КОРРУПЦИЯ - ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ КУШАНДАСИ

ҲуҚуҚшунос минбари

      Айни кунда коррупцияга қарши кураш масаласи бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам долзарб ва муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Коррупция жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократик принципларини емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун жиддий хавф туғдиради. Шу боис ҳам ушбу иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилган. Бу борадаги энг муҳим ҳужжат 2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунидир. Мазкур қонунда юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар, вазифалар белгиланган.

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир, дея таъриф берилади.

Қонуннинг 5- моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар - аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар, омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат эканлиги қайд этилган.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирлиги сингари қатор тизимлар белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.

Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак, ҳуқуқий таълим-тарбияси етук, маънавиятли инсонлар жамият ривожига соя солувчи иллат - коррупцияга асло йўл  қўймайдилар.

Бугунги кунда жамият ривожига соя солувчи коррупцияга қарши курашиш борасида суд идоралари томонидан ҳам аниқ ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича мутасадди ташкилотлар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билимларини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

 

Нодирбек МИРЗАЖОНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани судининг раиси.

ҲУЖЖАТЛАРНИ САҚЛАШ УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛИШ

Мутахассис минбари

Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги қонуннинг 15-боб, 83-моддасига мувофиқ: Нотариус ҳужжатларни сақлаш учун рўйхат бўйича қабул қилиб олади. Рўйхатнинг бир нусхаси нотариусда қолади, бошқа нусхаси ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга берилади.

Агар ҳужжатлар лозим тарзда ўраб жойлаштирилган бўлса, шахснинг илтимосига кўра нотариус уларни рўйхатсиз ҳам қабул қилиб олиши мумкин. Ҳужжатлар ўрамига нотариуснинг муҳри қўйилади ҳамда у нотариус ва ҳужжатларни топширган шахс томонидан имзоланади. Бундай ҳолларда нотариус ҳужжатлар ўрамининг бут сақланиши учун жавоб беради.

Қонунчиликда ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга гувоҳнома берилади, деб белгиланган.

Қонуннинг 84-моддасида эса: Сақлаш учун қабул қилинган ҳужжатлар уларни сақлаш учун топширган шахсга ёки унинг қонуний вакилига гувоҳнома ва рўйхатни тақдим этганидан кейин ёхуд суднинг тегишли қарори билан қайтариб берилиши белгиланган.

Шунингдек, "Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқнома" (Ўзбекистон Республикаси. Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 4 январда рўйхатдан ўтказилган, № 3113) нинг 208- бандига мувофиқ: қабул қилиб олинган ҳужжатлар нотариал идоранинг муҳри билан муҳрланган темир жавон ёки сейфларда алоҳида пакетларда сақланиши лозимлиги белгиланган. 

Оятуллохон МАДАМИНОВ,

Андижон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

ҚАНИЙДИ, РУҲИМ-ЛА УЧСАМ СИЗ ТОМОН

Соғиндим. Баҳорлар бетаскин бугун,

Дардимни юволмас бу абри - найсон.

Оҳ урсам, фалакка ўрлайди тутун,

Қўлларимни боғлаган имкон.

 

Соғиндим, дунёнинг қаърида сукут,

Сизсиз, бу танамни тарк этгандай жон.

Ажаб, энди менга ортиқча вужуд,

Қанийди, руҳим-ла учсам сиз томон.

 

Армонлар - осмонга қўйилган устун,

Теракларга етган азобнинг бўйи.

Мени овутолмас баҳорий очун -

Сизни ўйлаш - энг ширин ўйим.

 

Соғиндим. Қалбимнинг тубига чўкдим,

Сабр косасига тушиб, олдим тин.

Қўмсадим, дардларим қоғозга тўкдим,

"Ёмғир кўзларимга қуриб олди ин".

 

Абдурашид ҲАМДАМОВ

ИБРАТЛИ ОИЛА - МАҲАЛЛА КЎРКИ

Андижон шаҳридаги Найзақайрағоч маҳалласида "Ибратли оила - маҳалла кўрки" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Халқаро оила куни муносабати билан мамлакатимизда жорий йил 10 майдан 10 июнга қадар "Фаровон оила сари" ойлиги ўтказилмоқда. Ойлик доирасида Андижон шаҳрида ҳам қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Найзақайрағоч маҳалласидаги Маҳмуджон ака Юсупов ва Дилоромхон ая Сотқулова хонадонида ўтказилди.

Андижон шаҳар ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда маҳаллаларда иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, "Оқила аёл" ҳаракати аъзолари, отинойилар, ибратли оилалар вакиллари, уй бекалари ва ёшлар иштирок этдилар.

Тадбир очилишида сўз олган Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Наргиза Деҳқонова ва бошқалар томонидан мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш, оиланинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 - Бугунги кунда Андижон шаҳридаги 94 та маҳаллада 136 мингга яқин оила мавжуд,  - дейди Н. Деҳқонова. - Оилаларимиз қанчалик барқарор, мустаҳкам бўлса, жамиятимиз юксалиб бораверади. Шу маънода ўтказилган тадбирнинг асосий мақсади ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, ибратли оилаларнинг ўзига хос анъана ва илғор тажрибаларини оммалаштириш, намунали оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини янада кенгайтиришга қаратилган.

Тадбир ўтказилган хонадон соҳиб ва соҳибаси, улуғ ёшли Маҳмуджон ака ва Дилоромхон ая 51 йилдан буён аҳил, иноқ яшаб келишади. Оила соҳибаси Дилоромхон Сотқулова ўзининг бой ҳаётий тажрибалари, оиласида шаклланган ибратли тутумлар, анъаналар ҳақида иштирокчиларга гапириб берди.

Тадбир доирасида маҳалладаги чевар, ҳунарманд аёллар томонидан тайёрланган миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди. Маҳалла аёллари, хотин-қизлар фаоллари ижро этган келин салом, лапар ва қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди.

Тадбир якунида ушбу маҳаллада яшовчи бир гуруҳ ибратли оила вакилларига Андижон шаҳар ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари  топширилди.

 

Моҳидил НУРИТДИНОВА,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Журналистика факультети 1- курс талабаси.

НОҚОНУНИЙ ИШ - КЕЛТИРАР ТАШВИШ

Жиноятга йўл йўҚ

Кейинги йилларда мамлакатимизда йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўлларни таъмирлаш ва қуриш ишларига ажратилаётган маблағлар ҳажми уч карра ошган. Бу албатта, мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш билан бирга, аҳолига, транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишига катта қулайликлар яратмоқда.

 Маълумотларга кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхоналар томонидан 2 мингдан зиёд махсус техника воситалари харид қилинган. Ана шу техникалар кўмагида 65 минг километр йўллар қурилган ва таъмирланган. Бундан ташқари, 2023 йилдан амалга оширилаётган "Менинг йўлим", "Ташаббусли бюджет" лойиҳалари доирасида аҳоли таклифлари асосида кўплаб ички кўчалар таъмирланди, янгилари қурилди. Жумладан, 3 мингга яқин ички маҳалла йўлларига илк бор асфальт, 2 мингта маҳалланинг тупроқ йўлларига  шағал ётқизилди.

Лекин тизимдаги айрим нопок кимсаларнинг ўз мансаб ваколатини   суиистеъмол қилиши оқибатида давлат маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари ҳам минг афсуски, учраб турибди.

Бунга айрим мисолларни келтириш мумкин. Масалан, "Водий транс конструкцион" МЧЖ директори вазифасида ишлаб келган фуқаро С.М. Андижон тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси бош муҳандиси билан ўзаро тил бириктириб, 2023 йил 1 мартдаги 4-сонли пудрат шартномасига асосан, 2023 йил март ва апрель ойларида Андижон тумани, Дўстлик МФЙ, Узумбоғ кўчаси ички йўлларининг 1,21 километр қисмини жорий таъмирлаш ишлари юзасидан тузилган расмий ҳужжат - Ф-2 шаклдаги "Бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси" ва Ф-3 шаклдаги "Бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги ҳисоб-фактураси"га аслида бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилган. Яъни, 1 минг 550 метр масофада қум-шағал аралашмасидан асос қуриш ишларини қўшиб ёзиш орқали, жаъми 19 миллион 453 минг 884 сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилинган.

 

Бегназар МИРЗАЕВ,

Фарғона Транспорт прокурори катта ёрдамчиси, адлия

маслаҳатчиси.

Жумавой БОЛТАБОЕВ,

Андижон вилояти Транспортда ХТБ ЖҚГ тезкор вакили, капитан.

ҲАРБИЙЛАР ШОИР УЙ-МУЗЕЙИДА БЎЛИШДИ

    Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Марҳамат туманидаги ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ зобит ва аскарлари Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 71 йиллиги муносабати билан мархум шоирнинг уй-музейида бўлишди.

Ҳарбий қисмда аскар ва зобитлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг она Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга, улуғ аждодларимиз, ёзувчи ва шоирлар ҳақидаги билимларини бойитишга қаратилган кўплаб тадбирлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Жумладан, халқимизнинг ардоқли ва суюкли шоири Муҳаммад Юсуф хонадонига ташриф аскарларнинг адабиётга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишини кучайтириш билан бирга, шоир ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақидаги билимларини янада бойитишга хизмат қилди.

Аскарлар шоир туғилиб ўсган хонадон, унинг уй-музейидаги экспонатлар билан яқиндан танишдилар.

Ўтказилган ўзига хос мушоирада аскарлар томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди, ижодкор аскарлар ўз шеърларидан ўқиб берди.

Тадбир аскарларда унутилмас таассурот қолдирди.

Асадбек САЙФУЛЛАЕВ,

лейтенант.

ҲАРБИЙЛАР ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ИШТИРОКЧИСИ АБДУFАНИ ОТАНИ ЙЎҚЛАШДИ

     Хотира ва қадрлаш куни олдидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тасарруфидаги Булоқбоши туманида жойлашган ҳарбий қисм аскар ва зобитлари тумандаги Учтепа маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Абдуғани ота /оппоров хонадонида бўлиб, уруш фахрийсининг ҳолидан хабар олишди, унинг уруш даври хотираларини тинглашди.

Абдуғани ота /оппоров Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган мард ва жасур ўзбек йигитларидан биридир.

1924 йилнинг 5 январида туғилган Абдуғани /оппоров ўн етти ёшида урушга сафарбар қилинган. Уруш бошланган 1941 йилдан то ғалабага қадар турли фронтларда немис-фашист босқинчиларига қарши жангларда иштирок этди, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди, қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.

Урушдан қайтгач, Абдуғани /оппоров халқ хўжалигининг турли соҳаларида сидқидилдан меҳнат қилди, қатор фарзандларни тарбиялаб, эл-юрт ҳурматини топди. Бугун ўзининг қутлуғ 101 ёшини қарши олган отахон фарзанд, набира, чевара ва эваралари,  ҳамқишлоқлари, эл-юрт ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Бугунги тинч, осойишта ва фаровон кунларимизга шукрона келириб, дуолар қилади.

Абдуғани ота /оппоров сингари уруш қатнашчиларининг жанггоҳлардаги қаҳрамонлиги, ҳамма ҳавас қилса арзийдиган мазмунли умр йўллари биз ёш авлод учун ҳамиша ибратдир. Отахоннинг уруш хотираларини тинглаб, уруш даврида ўзбек йигитлари кўрсатган мардлик, жасорат намуналаридан қалбимизда чексиз фахр-ифтихор туйдик. Хизматимиз давомида ана шу аждодларимизга муносиб бўлишга, юртимиз тинчлиги, хавфсизлиги ва сарҳадларининг осойишталиги йўлида янада шижоат билан хизмат қилишга қатъий аҳд қилдик.

Учрашув якунида Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Абдуғани отага эсдалик совғалари топширилди.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

катта лейтенант.

ҚАДРИ БАЛАНД УСТОЗ

9 май- Хотира ва Қадрлаш куни

 

     Яхши инсон ҳаётлик чоғида ҳам, вафотидан кейин ҳам бирдек қадрланади. Шунинг учун ўтганларни хотирлаш, тирикларнинг қадрига етиш жамиятда яшаётган ҳар бир кишининг бурчи бўлмоғи лозим. "Хотира ва қадрлаш" куни ўтмишдаги аждодларимизга ўз ҳаётини ватанимиз озодлиги ва халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлида фидо қилиб, шундай ёруғ кунларни кўрмай ўтиб кетган барча фидоий юртдошларимизга ҳамда уларнинг ўчмас хотираларига бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Бу кун нафақат элимиз, юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки халқ фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги отахон ва онахонларимизни қадрлаш, уларга чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёми ҳамдир.

Зеро, бугунги кунда жамиятимиз ижтимоий ҳаётининг турли жабҳаларида ўзининг маҳорати, истеъдоди ва салоҳияти билан катта-катта муваффақиятлар қозонаётган замондошларимиз ҳам эъзозланаётгани айни ҳақиқат. Қалби саховат, меҳр-муҳаббатга тўла инсонлар ўз тарихини, аждодларини доимо ёд этиб, фидойи юртдошлари ва ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган инсонларнинг қадрини яхши билади.

Андижон давлат чет тиллар институти ташкил топган 1966 йилдан 2012 йилгача институтнинг жисмоний тарбия кафедрасининг катта ўқитувчиси, баскетбол спорт турининг малакали мутахассиси сифатида фаолият олиб борган Шавкат Абдуллаев талабаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланишига улкан ҳисса қўшган фидойи инсонлардан биридир. У самарали фаолияти, касбига фидойилиги билан нафақат жамоадошларининг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонган.

Институтда ишлаган қатор йилларда у ўзининг севимли спорт тури - баскетболни талабалар ўртасида кенг тарғиб қилиб, кўпчиликни  мазкур спорт турига илҳомлантирди ва мафтун қила олди. Бу борада кўп ютуқларга эришди ҳам. Шавкат Абдуллаев институт баскетбол жамоаси ва Андижон вилояти терма жамоаси мураббийи даражасига кўтарилди. 2001 йилда институт ўқитувчилари ва ходимларидан ташкил топган аёллар жамоаси Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг аёллар жамоалари ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида ғолиб бўлди.

Шунингдек, домла тинимсиз меҳнатлари самараси ўлароқ, 10 нафар спорт усталигига номзод спортчининг ҳамда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси, спорт устаси Алфия Котованинг устозига айланди.

Спортдаги бу каби кўплаб муваффақиятлар сабабчиси бўлган Шавкат Абдуллаев таваллудининг 83 йиллиги - минг ойни кўрган устозни қадрлаб олийгоҳда ўтказилган давра суҳбатида унинг юқоридаги эришган ютуқлари, баскетбол ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида фиклар айтилди.

Институт раҳбарияти, мазкур таълим даргоҳида узоқ йиллар фаолият олиб борган профессор-ўқитувчилар, Шавкат Абдуллаевнинг оила аъзолари, дўстлари, шогирдлари ҳамда талаба ёшлар иштирок этган тадбирда институт жамоаси устозни қутлуғ айёми билан муборакбод этди, унга эсдалик совғалари топширилди.

 

Алишер АШУРАЛИЕВ,

Андижон давлат чет тиллар институти катта ўқитувчиси.

"ОРЗУЛАР ТОНГИ"

Янги китоб таҚдимоти

    Ўттиз уч йил давон ошдик нурли-нурли,

Осмон қадар имконларни берди ҳурлик,

Неъматларнинг йўлбошчиси асли - бирлик,

Керак бизга сўзда, ишда, фикрда бирлик,

Бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак - Ватан!

 

Балиқчи тумани Ахборот-ресурс марказида ижодкор педагог, Балиқчи туманидаги 12- давлат ихтисослаштирилган мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари  Барнохон Ҳайдарова (Барнохон Шерали қизи)нинг "Орзулар тонги" номли шеърий тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Маънавият-маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамда туман кутубхонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ижодкорлар, китобхонлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи ва талаба ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Фарид Усмон, Маънавият-маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Гўзалхон Деҳқонова,  "Иқбол" газетаси муҳаррири Фахриддин Ибайдуллаев ва бошқалар Барно Шерали қизи шоира, журналист, ижодкор ёшларнинг мураббийси сифатидаги самарали фаолияти, матбуот нашрларида чоп этилган шеър ва ҳикоялари, долзарб мавзулардаги мақолалари, шунингдек, китобхонлик, адабиётнинг инсон тафаккурининг юксалишидаги аҳамияти ҳамда янги китобнинг тарбиявий, бадиий аҳамияти хусусида сўз юритдилар.

Узоқ йиллардан буён таълим, матбуот тизимида самарали фаолият юритиб келаётган Барно Шерали қизининг мақола, ҳикоя ва шеърлари "Халқ сўзи", "Ўзбекистон адабиёти ва санъати", "Оила ва жамият", "Андижоннома", "Иқбол", "/алаба" сингари  қатор даврий нашрларда, шунингдек, "Чинобод чироқлари", "Сизга таъзим, журналистлар", "Қизим, сенга айтаман..." номли тўпламларда эълон қилинган.

Унинг "Орзулар тонги" деб номланган ва элликка яқин шеърларни ўз ичига олган илк шеърий тўпламдан Ватанга муҳаббат, элпарварлик, миллий қадриятлар, гўзал инсоний фазилатлар  тараннум этилган.

Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси, "Иқбол" таҳририяти ва устоз ижодкор Фарид Усмон томонидан Барно Шеърали қизига ва туман кутубхонасига китоблар тўпламлари совға қилинди.

Тумандаги 12-ДИМИ ўқувчилари томонидан ижро этилган қўшиқлар, ўқилган  шеърлар, намойиш этилган саҳна кўринишлари тадбирга янада файз, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Якунда  Барно Шерали қизи ўтказилган тадбир, эътибор ва эътироф учун ижодкорларга, барча ижодкорларга миннатдорчилик билдирди.

Бегойим АҲМАДЖОНОВА,

Андижон давлат чет тиллар институти филология факультети 1- босқич талабаси.