+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"ОНАМ АЙТГАН АЛЛАЛАР"

(15 – сон) танлов

Хўжаобод педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежи қизлари ўртасида "Онам айтган аллалар" номли кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Танловда ўқувчи-қизлар таништирув, алла айтиш, салат тайёрлаш каби         шартлар бўйича ўзларининг иқтидор ва билимларини синовдан ўтказдилар.

Тадбирдан кўзланган мақсад, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, маънавиятини юксалтириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда уларнинг қалбида миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Якуний натижага кўра, энг юқори балл тўплаган иштирокчи, 87-гуруҳ ўқувчиси Моҳира Одилова ғолибликни қўлга киритди.

Fолиб ва фаол иштирокчилар коллеж маъмурияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Феруза ЮСУПОВА, коллеж ўқитувчиси.

ҲОКИМ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

(15 – сон)

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ёшлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда таълим муассасаларидаги "Камолот" ЁИҲ бошланғич ташкилотлари етакчилари, фаоллари, "Камалак" сардорлари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ҳамда умумтаълим мактабларининг фаол ва иқтидорли ўқувчилари иштирок этди.

Учрашувда ҳоким "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳаракатни ҳар бир ёш интиладиган, уларнинг қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқаришларига кўмаклашадиган ҳамда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган ташкилотга айлантириш, ёшларнинг мақсад ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш ҳақида гапирди, шунингдек, мазкур йўналишдаги ишлар, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш сингари қатор масалалар  юзасидан таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

 Учрашувда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тайёрланаётган ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилиб, тегишли таклифлар киритилди. Ушбу ҳужжат лойиҳасида Ҳаракат фаоллари учун қатор имтиёз ва имкониятлар бериш белгиланганлиги ёшлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Тадбирда шаҳар ҳокими ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Хуршида АЪЗАМЖОНОВА,

 

АДУ талабаси.

ҲАВАСИНГИЗ КЕЛСИН АНДИЖОНИМГА!

Андижоним гўзал бўлди, бир қаранг,

Кўчалари текис, равон ҳамда кенг.

Боғларида сархил мева, ранг-баранг,

Андижоним, юрт топилмас сенга тенг.

 

Жамолингни кўриб завқим ошади,

Ёвуз-ғаним сенинг қаддинг эгмасин.

Қаламим мадҳингни ёзмоққа шошди,

Андижоним, кўркингга кўз тегмасин.

 

Баркамол авлодинг билимга чанқоқ,

Ўқиб, изланишга бордир имконим.

Келажагинг бўлсин янада порлоқ,

Андижоним, сенга фидодир жоним.

 

Истиқлол дарахти берди мевасин,

Қатъият, интилиш сингди қонимга.

Истиқболинг кўриб, қалблар яйрасин,

Ҳавасингиз келсин Андижонимга!

 

Лолахон ШОКИРЖОН қизи

Андижон педагогика коллежи ўқувчиси.

ИНСОНГА КИТОБДАН ЯҚИН ДЎСТ ЙЎҚ

 

УлуFбек ХАМДАМ: Болалик, китобга муҳаббат ва ҳаёт мувозанати ҳақида

(14-сон) Бизнинг суҳбат

Таниқли адиб, адабиётшунос олим ва таржимон Улуғбек Ҳамдам 1968 йилда Марҳамат туманида таваллуд топган. Айни кунда Алишер Навоий номли Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг "Жаҳон адабиёти" кафедраси мудири вазифасида фаолият юритмоқда. У кўплаб шеърий ҳамда "Ёлғизлик", "Мувозанат", "Исён ва итоат", "Сабо ва Самандар" каби насрий асарлар муаллифи, "Шуҳрат" медали соҳибидир.

-- Китобга бўлган меҳр, китоб ўқишга иштиёқ инсонга болаликдан ҳамроҳ бўлади дейишади. Китобга меҳрингиз тушган илк     даврлар ҳақида гапириб берсангиз.

- Бу гап жуда тўғри айтилган. Жумладан, шахсан менда ҳам китобга меҳр болалик пайтларимда тушган. Чунки, уйимизда китоб, газета ва журналлар кўп бўларди. Бунга сабаб - отам ва онам олий маълумотли бўлмасалар-да, газета, китоб ўқишга иштиёқи баланд инсонлар бўлгани боис уйга жуда кўп газета ва китоблар олиб келар эдилар. Ҳалигача мен уларни дипломсиз олий маълумотлилар, деб биламан. Чунки, ҳозир ҳам мен улар билан ҳаёт, адабиёт, инсоний қарашлар ҳақида мириқиб, зерикмасдан суҳбатлашаман, уларнинг теран, мулоҳазали фикрларига қойил қоламан. Эътибор беринг: бундай суҳбатга дош бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Яхши суҳбатдош бўлишнинг ўзи бир даража. Катта даража! Бунинг негизида, менимча, уларнинг кузатувчанлиги ва албатта, матбуот нашрларини доимий ўқиб бориши, китоб мутолаа қилиши билан боғлиқ жарён ётса керак.

Отамнинг Эркин Воҳидов тўпламидаги "Учи тугук дастрўмол" номли шеърини ёки акамнинг Чингиз Айтматовнинг "Алвидо, Гулсари" қиссасини ўқиб беришлари худди кечагидек ёдимда. Шеърга, шеъриятга бўлган ишқимнинг тубида бувим (онам)нинг таъсири бениҳоя катта бўлган. Чунки, болалик уйимда безак учун деворларга бувим тиккан сўзаналар осиғлиқ турарди. Сўзаналарда Ватан, муҳаббат ҳақида шеърлардан парчалар бўларди. Ҳамид Олимжоннинг "Ўзбекистон" номли шеърини ҳам илк маротаба ўша гулдор матолардан ўқиб, ёдлаб олганман.

Уйимизда китоблар кўп бўлиб, токчаларга тизиб қўйилар эди. Менинг хархашаларим натижасида дурадгор отам ўз қўллари билан китоб жавони ясаб берган. Мен китобларни бир ерга жамлаб, ҳатто рақамлаб чиққанман. Ҳозир ҳам шахсий кутубхонамда рақамланган ўша китобларнинг айримлари сақланади. Ўша пайтда уйимизда ўн мингга яқин китоб бўлган. Шундан келиб чиқиб, айта оламанки, уйдаги муҳит, китоб ўқишга бўлган иштиёқ, китоб воқеалари ҳақидаги суҳбатлар китобга бўлган муҳаббатни  қалбимга умрбод муҳрлаган бўлса, ажаб эмас.

- Оилангизда сиздан  бошқа ижодкорлар ҳам борми?

- Албатта бор. Акам Ойбек филолог, адабиёт илмини яхши билади, чиройли шеърлар, ғазаллар ёзган. Ҳали-ҳануз унинг "Қалдирғоч, қанотларинг шунчалар қаромиди?" деган мисралари хаёлимда бот-бот такрорланади. Акамнинг айрим шеърларидан "Мувозанат" романимда фойдаланганман. Акам романдаги Амир образининг прототипи бўлган.

Бундан ташқари, укам Абдурашид, унинг умр йўлдоши Наргизахон - улар ҳам яхшигина шеърлар ёзишади. Яқинда "Юракдаги баҳор" номли шеърий тўпламлари ҳам чоп этилди. Спорт соҳасини танлаган яна бир укам Каримжоннинг шеърий машқлар дафтари қачонлардир қўлимга тушиб қолган, ўқиб чиқиб, тарбияласа, бинойидек шоир чиқар экан-у, деб қўйганман ўзимга ўзим.

- Бугунги ёшлардаги китоб ўқишга бўлган иштиёқни қандай баҳолайсиз? Сизнингча, ҳозир ҳам  ана шу иштиёқ уларга болаликдан ҳамроҳ бўляптими?

- Матн ҳамма жойда матндир. У китобда ҳам матн, журнал, газетада ва ҳозир урф бўлиб бораётган компьютерда ҳам матн. Масалага матн ўқиш нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, ҳа, у ўқиляпти. Менинг ҳам бир ўғил, бир қизим бор. Кузатсам, улар кўпроқ интернетдан ўқишади, бирор ахборот ва маълумотни ҳам интернетдан кузатиб боришади. Бир уларми, биз катталар ҳам хабарларни  интернетдан ўқийдиган бўлиб қолдик. Шу маънода "ўқиляптими-йўқми?" деган саволга "ҳа ўқиляпти" деб жавоб бераман. Аммо "қай даражада ўқиляпти?" ёхуд китоб мутолааси борасида сўралса, афсуски, илиқ гап айта олмаслигимни алам билан тан оламан.

Бугун китоб мутолаасига, бадиий адабиётга ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Энди маънавият соҳаси вакиллари мана шу эътибор этагини маҳкам тутиб олишлари зарур. Оммавий ахборот воситалари ҳам маънавият тарғиботчисидир. Жамиятга бир марта        "Китоб ўқинг!" дея жар солиш билан чекланиб қолмаслик керак. Бу ишни ҳар куни, доимо тарғиб қилиш лозим. Айниқса, у китоб ўқиш, маънавият билан боғлиқ бўлса! Токи, китоб ўқиган, уққан одам ҳамиша жамиятнинг тўрида бўлиши, элга, юртга хизматни  ана ўша ерда адо этиши лозим. Бунинг учун эса китоб ўқиган, маърифатли, билимли инсонларни жамиятнинг тўрисига олиб чиқадиган тизимни шакллантиришимиз керак. Бу борадаги фикрлар "Мувозанат" (1997) романимда баён этилган. Зеро, ўқимишли, маърифатли инсонлар эъзоз топса, ёшлар ўз-ўзидан ана шу инсонларни ўзларига идеал қилиб олади, улардан ибрат олади, улардай бўлишга ҳаракат қилади. Натижада жамиятда китобхонлик даражаси, китоб мутолааси маданияти  юксалади. Бугун давлатимиз кучли давлатдан кучли жамият сари бориш сиёсатини олиб бормоқда. Айни муддао! Китоб ўқиган фуқароси кўп бўлган жамият, шубҳасиз кучли жамият бўлади!

-"Мувозанат" романингизда "Кутубхоналарга одамлар, ҳатто йиллаб қадам изи қилмаса-да, уларни ёпиб ташламаслик зарур, чунки одамлар улардан руҳланиб яшайди", деган фикрлар айтилган. Бугунги кутубхоналар фаолиятидан кўнглингиз тўладими?

- Камчиликларимиздан кўз юммаслигимиз керак бўлганидек, ютуқларимизни ҳам кўра олайлик. Шу маънода пойтахтимизда Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг барпо этилиши миллатимиз ҳаётидаги алоҳида воқеадир. Ёки вилоятлар, туманларда янги кутубхоналар, китоб дўконларининг очилаётганлиги жуда яхши, лекин улар кам. Бир пайтлар юртимизда 1018 та китоб дўкони бўлганлигини ўқигандим. Турли қийинчиликлар ёки баъзи арзимас сабаблар билан ўша китобхоналарнинг аксарияти йўқ қилинганлиги ҳам бор гап. Шундай даврлар ҳам бўлдики, республикамиздаги китоб дўконлари сони бир неча ўнтага тушиб қолди. 

Хайриятки, кейинги пайтларда нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлар, туманлар марказларида ҳам китоб дўконлари очилаётганлигидан қувонмаслик мумкин эмас. Ҳа, бундай хайрли ишлар кўлами янада кенгайсин. Китоб ўқиш ҳар бир юртдошимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айлансин! Қанча кўп китоб  ўқисак, маънавий озуқа олсак, маънавияти бой, ўзлигини унутмайдиган, келажаги, эртанги кунига ишонч билан қарайдиган миллат даражасига эришамиз.

-"Мувозанат" романингизда мустақилликка эришиш остонасидаги ва эришилгандан кейинги оғир йилларида жамият ва инсон ичра тебраниб қолган мувозанат ҳақида сўз боради. Яна жамият ва инсон ҳаётида мувозанатнинг аҳамияти борасида ҳам мулоҳазалар юритилади. Нима деб ўйлайсиз, замонавий инсон ўша мувозанатни қўлдан бой бериб қўйиши мумкинми?

- Мувозанат қонуни дунёни тутиб туради. Эътибор беринг: ҳар он беминнат симираётганимиз ҳавода кислород миқдорининг аниқ ўлчови бор эканлиги кишини ҳайратлантирмайдими?.. Агар  кислород фоизи у ёки бу томонга салгина бўлсин ўзгарса, ер юзида биз билган ҳаётга нуқта қўйилади. Демак, бу ерда ҳам мувозанат, тартиб бор. Қуёш тизими, ундаги сайёралар, сайёраларнинг йўлдошлари ҳаракатида ҳам мувозанат қоим. Курраи замин ҳаёти ҳам бундан мустасно эмас. Ундан кейинига келамиз: давлатлар, жамиятлар, оилалар ҳам муайян тартиблар асосида яшайди. Энг охирида инсон бор: ҳар бир инсон ҳаётининг зоҳири-ю ботини ҳам ана шу мувозанат қонунига бўйсунади. Мувозанат қонуни ҳамма жойда, "заррадан Юпитерга қадар", яна коинотдан узоқларда - ҳатто, хаёлимиз етган-етмаган ҳамма жойда мавжуд. Ахир, аввалда хаос бор эди, кейин у секин-аста космосга айланди. Яъни уйғунлик касб этди. Уйғунлик бу - мувозанат демак! Аммо муайян тарихий, сиёсий ва психологик бурилиш нуқталарида дунё ҳам, жамиятлар ҳам мувозанатдан чиқиши мумкин.

Жамият мувозанатдан чиқдими, жамият билан бирга инсон ҳам мувозанатни қўлдан бой беради. Атроф-жамият қандай бўлса, унинг парчаси бўлмиш инсон ҳам унга ўхшаб боради. 90-йилларда шундай бўлган эди. Жамият, инсон ўз мувозанатидан йироқлашиб кетганди. Шунинг учун ҳам мустақилликдан олдин ва унга муяссар бўлганимиздан кейинги дастлабки йиллар давомида  жамиятимиз ва унинг аъзолари ўз бошидан талай қийинчиликларни ўтказди, туртинди-суртинди,  йўл қидирди. Ниҳоят, у мустақиллик орқали ўз йўлини топа бошлади. Бу - қайта мувозанатга интилиш дегани эди! "Мувозанат" романим шу эҳтиёж туфайли ёзилди. Асар том маънода мувозанат соғинчидан туғилганди.

Демак, сиёсий озод бўлган юртда ўз мувозанатимизни қайта яратишимиз, бунинг учун эса хаос ҳолатидаги жамиятни қайтадан тартибга солиш, қуриш зарур эди. Не бахтки, бундай жамият, мана, 25 йилдирки, қурилмоқда, мустаҳкамланиб бормоқда. Энди шу мувозанатни қўлдан бой бермаслик учун зарур барча ишларни бажаришимиз шарт. Энди ватандошларимизнинг бахти шу жамиятда, шу Ватаннинг ичида.

Аммо хотиржам бўлишга ҳали эрта: ҳозир биз дунёга очиқ жамиятмиз. Глобаллашув даврида ёпиқ ҳолатда қолиш мушкул ва ҳатто зарарли. Бутунлай очиқ ҳолда бўлишнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Ахир, бугунги дунёда жамиятни издан чиқаришга қодир омиллар озми? Оммавий маданият, фанатизм, террор, гиёҳвандлик… буларнинг ҳар бири - алоҳида бало! Ёки енгил ҳаётга ҳавас, осон, мўмай пул топиш истаги ҳам бугунги ёшлар учун катта таҳдид бўлиб турибди. Бир   пайтлар совуқ уруш хавфи дун-ёни ҳадик ичра ушлаган бўлса, ҳозир номлари зикр этилган балолар замонавий дунёни қўрқув чангалида тутиб турибди.

Кўринадики, бундай таҳдидлар мавжуд экан, демак, ёшларнинг мувозанатдан чиқиб кетиш хавфи ҳам мавжуд. Бунинг чораси - ёшларга эга чиқиш, уларга жамиятда ўз ўрнини топишда кўмак берадиган йўллар ва имкониятлар эшигини очишдир. Албатта, бу ишлар қилинмоқда, ана шу саъйи ҳаракатларни янаям собит туриб давом эттиришимиз лозим бўлади. Бу йўлда бизга, ҳаммамизга китоб-дан ишончлироқ кўмакчи, ҳамроҳ ва дўст йўқ. Айниқса, ёшларимизнинг китобга бўлган меҳрини, китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга  алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Китоб ёшларимизнинг ўзларига муносиб ҳаёт йўлларини топиб олишда кўмакчи бўлади.

Инсон ўз ҳаёт йўлини топдими, демак, унинг ҳаётига маъно киради. Инсон ҳаёти маънога эга бўлгандагина у мазмунли, жамиятга, эл-юртга манфаат келтирадиган бўлади.

-Юртдошларимизга, "Иқбол" газетаси муштарийларига тилакларингиз.

- Энг аввало, юртимиз тинч бўлсин. Ҳаётимиздаги муаммолар, иқтисодий қийинчиликлар бари ўткинчи. Инсон ҳамиша улардан устун туриши, ўз билими, маънавиятини юксалтиришга интилмоғи зарур. Юқорида таъкидлаганимдек, бу йўлда инсонга энг яқин, ишончли ва беминнат дўст китобдир.

Китоб сизга билим беради, ҳаёт йўлларингизни равон қилади, қалбингизга эзгу фазилатларни муҳрлайди. Шундай экан, барча юртдошларимни, газета муштарийларини китобга дўст тутинишини истар эдим. Қолаверса, уларнинг барчаларига тани сиҳатлик, оилаларига тинчлик хотиржамлик, дас-турхонларига қут-барака, эл-юрт равнақи йўлида олиб бораётган ишларида омадлар тилайман.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Ўзбекистон Миллий университети журналистика

факультети талабаси Зулхумор ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди.

ЮРТГА МУНОСИБ БЎЛАЙЛИК

(14-сон) фикр

Китоб ёшлар маънавиятини юксалтирадиган муҳим воситадир. Афсуски, бугун кўплаб    тенгдошларимнинг китоб ўқиш, китоб мутолаасидан узоқлашиб кетганлиги жуда ачинарлидир.

Тан олишимиз керак. Турли телефон ўйинлари, интернет ёшларимизнинг саводхонлиги ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Улардан ўринли фойдалана олмаётган ёшлар маънавиятига салбий таъсир этаётган ана шу воситалар уларнинг бўш вақтини, қолаверса, саломатлигини ўғирлаётганлигини кўпчилик англаб етмаяпти.  Айрим ота-оналар  фарзандларининг уларга хаддан ортиқ берилиб кетишларига, тарбиясига у қадар эътибор қаратмаётганлиги мени таажжубга солади.

 Мен ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани баён этиб ўтмоқчиман:  Бекатда автобус кутиб кекса ёшдаги онахонлар ўтирар эди. Ёшроқ бола келиб улар орасига қўшилди. На кексаларга салом, на ҳурмат бор. Келиб, бўш жойга ўтирди. Қулоғида "наушник", кўзини телефондан узмайди. Шу орада автобус келиб бекатга тўхтади. Бола автобус келиб тўхтаганини ҳам сезмасдан телефонга термулиб ўтирарди. Шу орада автобус юриб кетди. Ҳатто, автобус келиб-кетганини билмаган бу бола олтиндан қиммат вақтнинг қадрини қаердан билсин? Наҳотки, унинг яқинлари уни шу ҳолга келгунига қадар эътибор беришмаса, унинг юриш-туриши билан қизиқмаса?

Бу каби ёшлар китоб ўқиганида, мулоҳаза юритадиган бўлганида эди, бундай ҳолатда ўтирмас, телефонга михланиб қолмаган бўларди. Ахир китоб бизнинг билим калитимиз, маънан бой, билимли, интеллектуал салоҳиятли бўлиб камол топишимизга ёрдам бергувчи беминнат дўстимиздир.

 Буюк  боболаримиз қолдирган бебаҳо маънавий мерос бутун дунёни лол қолдирса-ю,  улуғ аждодларнинг авлодлари бўлган биз ёшлар ўша китоб-ларни ўқиб, ўрганишдан кўра, интернет тармоғидаги маънавиятимизга, тарбиямизга зид ўйинларни ўйнаб, вақтимизни зоя кетказишимиз тубанликдан ўзга нарса эмас. 

Азиз тенгдош! Жаҳон ёшлари билан тиллашиб, беллашиб, юртимиз довруғини ошираётган дўстларимиздан сабоқ олайлик, аъло баҳоларга ўқишимиз, одоб-аҳлоқимиз билан ота-онамизга, юртимизга муносиб фарзанд бўлишга интилайлик. Шунда ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз.

 

Садоқат СОЛИЖОНОВА,

АДУ қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчиси.

ТЕЖАМКОРЛИК - ФАРОВОНЛИК КАФОЛАТИ

(14-сон)

Ҳар бир инсон ўз ҳаётини гўзал бўлишини хоҳлайди. Бирор бир касб эгаси бўлиб, ҳалол меҳнат эвазига фаровонликка эришиш аслида инсон учун катта бахт. Аммо ана шу бахтнинг бардавом бўлиши учун киши меъёрга амал қилиши, тежамкор бўлиши муҳим ҳисобланади. Бир донишмандга тежамкорлик хусусида савол билан мурожаат қилишганида, у ердан бир сиқим қумни олибди-да, қаттиқ сиқибди. Шунда қумнинг бир қисми бармоқлари орасидан тўкилибди. Кейин мўйсафид яна қўлига қум олиб, кафтини очиб юборган экан, қум "дув" этиб тўкилибди. Донишманд такрор ховучига қумни олиб маҳкам ушлаб турса, унинг бир зарраси ҳам тўкилмабди. Сўнг, донишманд изоҳ берибди: " - Болаларим, тежамкорлик бу қуруқ гап эмас. Унинг ўзига хос илми бор, тажрибаси бор. Бунга оддий қумни қўлга олиб, уни қандай ҳолатда ушлашимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Яъни, қумни қаттиқ сиқиб турганимда бармоқларим орасидан тўкилиб тушгани каби, ҳаётда ўта зиқна ва хасислик қилиниши оқибатида қўлдан барака кетади. Кафтни очиб юборганимда қумнинг "дув" этиб тўкилиб кетишидай, турмушдаги ортиқча сарф-ҳаражат, шунингдек, исрофнинг уволи кишини камбағал бўлишга олиб боради. Демак, ҳар жабҳада меъёрни маҳкам тутиш орқали инсон ҳаётини фаровон қила олади". Оила ҳам бир кичик давлат. Бу давлатда истиқомат қилаётган фуқаролар фаровон яшашлари учун тежамкорликка эътибор беришлари лозим. Тежамкорлик хасислик, зиқналик эмас, балки келажакка умиддир. Тежамкорликни фаровонликнинг кафолати, дейиш мумкин. Тежамкор одам ҳеч нимага муҳтож бўлмайди. Хотима ўрнида бир донишманднинг қуйидаги ўгитини эслаб ўтиш жоиз: "Истеъмол қилинг, лекин суистеъмол қилманг - доноларнинг таомили шу. Ўзни тийиш ҳам, ошириб юбориш ҳам бахт келтирмайди".

Ҳайрулло СУЛАЙМОНОВ, Андижон шаҳри.

ИЗН СЎРАШ ОДОБИ

(14-сон)

Ҳаёт ҳикматлари

Инсонни тўғри йўлдан юриши, бу дунёда фаровон ҳаёт кечириб, охиратда нажот топиши кўп жиҳатдан унинг одоб-аҳлоқига боғлиқдир. Ота-боболаримиз ўгитлари, тарихий, диний китобларимизда кишини ҳидоятга бошловчи жуда кўп панд-насиҳатлар баён этилган.

Ислом таълимоти, хусусан,  муқаддас Қуръони каримга эътибор қаратсак,  ҳатто, кўчада юришлик, ўзга инсонлар хонадонига киришлик одоби ҳам кўрсатиб берилганлигига гувоҳ бўламиз. Ўзгалар хонадонига кириш, қараш масалалари муҳим бўлганлигидан муқаддас каломда ва ҳадиси шарифларда такрор-такрор айтиб ўтилади.

Ҳар бир инсон учун ўз хонадони ўзини эркин ва ҳотиржам тутадиган, тинч, ўзгалар даҳл қилмайдиган, қадрли маскандир. Шунинг учун ҳам ўзга хонадонга изн олмасдан қарашлик, киришлик гуноҳ саналади. Уламоларимиз ўзга уйга назар солишга оид хукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қиладилар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик гуноҳ бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик гуноҳдир.

Хонадон эгалари ҳар-хил ҳолатда бўлиб, меҳмон кута оладиган шароитда бўлмасликлари ҳам мумкин. Шундай ҳолатларда уч маротаба изн сўраса-ю жавоб бўлмаса, чақираётган инсон эшик олдида туриб олмасдан, ортига қайтишлиги, кўнглига олиб хафа бўлмаслиги, уй эгалари менга хурматсиз қилди, деган хаёлга бормаслиги керак.

Техника ривожланган бугунги кунда уйларда қўнғироқ ва сўзлашувчи ускуналар бор. Ана ўшалар орқали уйда бор кишилар эшитадиган қилиб, уч марта чақириш керак. Агар жавоб берилмаса, ортига қайтиш лозим. Мабода, уй ичида одам борлиги билиниб турган чоғида ҳам жавоб бермаса, уларнинг бирор узри борлигини англатади. Ўзи хоҳламаётган кишини мажбур қилиб чақириш одобдан эмас, албатта.

Хонадон эгалари ҳам уйларини очиқ-сочиқ ҳолда қолдирмасликлари, ўзгаларнинг назаридан хонадонларини асрашликлари лозим. Акс ҳолда бегона инсонларнинг назари тушиши сабабли қаттиқ гуноҳга ботар эканлар. Ўзга инсонлар мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, бировнинг мактубига рухсатсиз назар солиш ҳам оғир гуноҳдир.

Бундан кўринадики, ўзга хонадонларга кириш олдидан албатта, юқорида зикр этилган одоб-аҳлоқ меъёрларига амал қилишликни унутмаслигимиз лозим.

 

Абдулло АБДУВОҲИДОВ,

Тошкент Ислом институти талабаси.

 

 

ИЗТИРОБ

(14-сон) ДИЛ ТУFЁНИ 

 Ота-онамни рози қиламан, орзуларини рўёбга чиқараман деб уларнинг раъйига қарши бора олмадим. Ўз орзуларимни бир четга сурдим... Бугун эса минг афсус, надоматдаман. Ўтган ишни  ҳеч қачон ортга қайтариб бўлмайди. Қани эди мен ҳам тенгдошларим сингари олий ўқув юртларида таҳсил олсам. Улар каби билим олиб, бирор касбнинг мутахассиси бўлсам эди.

Афсус бундай бўлмади. Бувим бетоблиги боис ота-онам тезроқ мени турмушга узатиб тўйимни кўриш орзуйида эдилар. Қиз болага ўқишнинг кераги йўқ дея, ҳали коллежни тамомламасимдан бой хонадондан келган совчиларга розилик беришди. Бадавлат хонадонда бекам-у кўст яшайди, деб ўйладилар.

Отам мени 17 ёшимда турмушга узатди. Турмуш ўртоғим ҳам эндигина 18 ёшни қаршилаган эди. У ҳам ёш бўлгани учунми кўп нарсалардан айб излаб, мен билан жанжаллашаверарди. Мени тушунишни,  тинглашни истамас эди. Қайнонам аввалига ўзимиз ўқитиб оламиз, дея ота-онамга ваъда берганди. Аммо ундай бўлмади. Ўқишга ҳам бир кун борсам, икки кун боролмас эдим. Бир куни хўжайиним ишдан эрта қайтиб, онасини уйда иш қилаётганини кўриб қолибди. Ўша куни коллежга бориб, кечроқ қайтган эдим. Сўнг менга: уй ишларига улгурмасанг нима қиласан ўқиб, дея роса уришди. Шундан кейин ўқишга бошқа бормадим. Уй ишларига кўмилиб кетдим. Баъзан тез чарчаб қолар, дармоним қурирди. Шифокорга учрасам, буларнинг барчаси эрта турмушнинг натижаси эканлигини айтди. Шу-шу тез-тез касал бўладиган бўлдим, бу ҳеч кимга ёқмасди. На эрим, на қайнонам мени тушунишни истамас эди. Турли баҳоналар туфайли ёш оиламга дарз кетди, бир йил ҳам ўтмасдан ажрашишимга тўғри келди.

Баъзан ўйланиб қоламан. Бундай ҳолга тушишимга ким айбдор?  Хали ёш бўлишимга қарамай, мени турмушга узатган ота-онамми, ёки мени тушунишни истамаган қайнонам билан эримми? Хали 18 ёшга тўлмасдан ажраган қиз, деган ном олганимга балки ўзим айбдордирман. Эрта турмушга чиққаним мени бахтсиз қилди. Ё оилада, ё жамиятда ўз ўрнимга эга бўлолмадим.

Мен барча ота-оналардан илтимос қилар эдим. Ҳеч қачон қизингизни эрта турмушга берманг, мен каби бахтсиз бўлиб қолишига йўл қўйманг. 

Ёш аёлнинг дил изтиробларини Гулзода САИДАЗИМОВА оққа кўчирди.

МАҲАЛЛАДА НАВРЎЗ ШОДИЁНАСИ

(14-сон)

Андижон шаҳридаги Саноат маҳалла фуқаролар йиғинида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Бир дастурхон атрофига йиғилган маҳалладошлар олдига баҳорий таомлар, пишириқлар тортилди. Бу йилги Наврўз шодиёналари ҳар йилгидан ҳам ўзгача тарзда, уюшқоқликда ташкил этилди. Байрам тадбирига маҳалла ўрамида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг 9 нафар фарзандларини "Хатна" тўйлари қўшиб ўтказилиши болажонларнинг ҳам, ота-оналарини ҳам хурсанд қилди.

- Меҳр-мурувват ва саховат рамзи бўлган Наврўзи олам шодиёналари юртимиз бўйлаб кезиб юрган шундай фарахбахш кунларда Андижон шаҳар ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси ҳамда фуқароларнинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган  байрам кунида ҳудудимизда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун "Хатна" тўйлари ҳам ўтказилди, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Орзихон Эгамбердиева. - Бугунги шодиёна унинг иштирокчилари хотирасида шубҳасиз, бир умрга сақланиб қолади.

Тадбирда сўзга чиққанлар барчани муборакбод этдилар ва тўй болаларни келгусида юртимиз учун муносиб фарзандлар бўлиб камолга етишишларини тиладилар. Шўх қўшиқлар қалбларга кўтаринкилик бахш этди.

Фаридахон ИСМАТУЛЛАЕВА,

 

маҳалла фаоли.

ИНСТИТУТДА БАЙРАМ ТАДБИРИ

(14-сон)

Наврўз байрами тадбирлари

Андижон давлат тиббиёт институти ходимлари Наврўзи оламни катта шодиёна ва кўтаринкилик билан қарши олдилар. Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда      институтнинг 900 нафарга яқин профессор-ўқитувчилари, ишчи-ходимлари иштирок этди.

- Наврўз байрами олдидан ўтказилган умумхалқ ҳашарида институтимиз ходимлари ва талабалар фаол иштирок этдилар, - дейди АДТИ ходимлар касаба уюшма қўмитаси раиси Шаҳобиддин Деҳқонов.- Улар институт тасарруфидаги ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш, дарахтларга шакл бериш, бўш ер майдонларига турли хил экинлар экиш ишларини бажариб, вилоятимизнинг гуллаб- яшнаши, обод бўлишига ўзларининг муносиб улушини қўшдилар.

Дарҳақиқат, ана шундай  хайрли тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган қатор ўқитувчи ва ходимлар байрам шодиёнасида институт раҳбариятининг Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам тадбирида сўзга чиққанлар барчани халқимизнинг азалий ва абадий байрами билан муборакбод этар эканлар, юртимизга тинчлик-осо-йишталик, хонадонларга қут-барака тиладилар. Хонандалар томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар тадбирга файз бағишлаб, ўйин-кулгуларга уланиб кетди.

Моҳигул ЖўРАЕВА,

 

АДТИ хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.