Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Куни кеча Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган "Аёллар ва ёшлар манфаатини ифода этувчи ННТ фаолиятини ёритган энг яхши ОАВ ва журналист" танлови якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур танловда вилоятимиз хотин-қизларининг кўзгусига айланган "Иқбол" газетаси таҳририяти фахрли 3-ўринга сазовор бўлди. Ташкилотчилар томонидан газета саҳифаларида хотин-қизлар қўмиталари, бошланғич ташкилотлари, турли жабҳаларда меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз ҳаёти ва фаолияти, улар томонидан амалга оширилаётган ибратли ишлар кенг ёритиб борилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Кўпсонли газета муштарийлари номидан таҳририят ижодий жамоасини қўлга киритган ютуғи билан муборакбод этамиз. Жамоанинг келгусидаги ижодий ишларида муваффақиятлар тилаймиз.
Буюк Хитой девори сайёрамиздаги инсон қўли билан яратилган энг йирик, шу билан бирга, энг ноёб меъморий иншоотлардан бири ҳисобланади.
Эрамиздан аввалги 247 йилда Цинь ҳукмдори Чжуан Сян Ван вафот этганидан сўнг Цинь Ши Хуанди номи билан тахтга ўтирган Ин Чжэн даврида бошланган "Вань ли чан чэн", яъни "10 минг ли узунликдаги девор" (1 ли 576 метрни ташкил қилади) номини олган мазкур иншоотнинг қурилишида ўша даврда яшаган Хитой аҳолисининг бешдан бир қисми иштирок этган.
Буюк Хитой девори бугунги кунда Давлат муҳофазасига олинган бўлишига қарамай, аста-секин емирилаётгани ҳақида ўтган асрнинг ўрталарида хабарлар тарқалган. Мамлакатда ер ости бойликларини қазиб олиш билан шуғулланадиган конларнинг Буюк Хитой девори яқинида жойлашганлиги бунга асосий сабаб қилиб кўрсатилган эди. Айрим оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Буюк Хитой деворининг Хэбей вилоятидаги Лайюань уезди яқинидан ўтувчи 700 метрлик қисми бутунлай вайрон бўлган. Агар вазият шу даражада давом этадиган бўлса, тез орада девор миноралари ҳам ағдарилиши мумкинлиги таъкидланганди. Ўша пайтда ЮНЕСКО ва Хитой ҳукумати томонидан муҳофаза қилинадиган иншоотни сақлаб қолиш ва асраб-авайлаш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Ҳар бир давлатнинг расмий рамзларидан ташқари маълум бир тимсоли бўлади. Сариқ денгиздан то мамлакат Шимоли-ғарбий минтақасидаги чўлларга қадар чўзилган, шаҳар ва қишлоқ, водийлар, тоғ-у ўрмон, ҳатто ботқоқликлардан ўтган Хитой давлатининг рамзига айланган Буюк Хитой деворининг қурилиши эрамиздан аввалги 5 асрда бошланиб, эрамизнинг 17 асрига қадар давом этган. Жаҳон архитектура тарихида беқиёслиги билан ажралиб турадиган Буюк Хитой девори қурилишини уч босқичга бўлиш мумкин.
Биринчи босқич, таъкидланганидек Цинь императори Ши Хуанди даврида бошланган. Хитой ерларини бирлаштирган ҳукмдор сифатида танилган Ши Хуанди ўз куч-қудратини намойиш қилиш мақсадида буюк иншоотлар барпо этишга аҳд қилади. Шуни таъкидлаш керакки, Буюк Хитой девори бўш жойда, бирданига қурилмаган. Қадимги Хитойда ўзаро рақобатда бўлган шаҳарлар мавжуд бўлиб, уларнинг атрофи деворлар билан қуршаб олинган эди. Император Ши Хуанди мана шу шаҳарлар атрофидаги деворларни бирлаштиришга, яъни ягона мудофаа иншооти қуришга қарор қилади. У мазкур иншоот қурилишига 500 минг кишини (айрим манбаларда 3 миллион киши дейилади) жалб этлади. Улар орасида Конфуций таълимотига эътиқод қилувчи донишмандлар ҳам бор эди. Ўша даврда барпо этилган Буюк Хитой девори ҳақида халқ томонидан "Инсонлар қони ва суягидан қурилган", "Жаҳондаги энг узун қабристон" ёки "Йиғи девори" деган фикрлар ҳам айтилади.
Иккинчи босқич эрамиздан аввалги 206-220 йилларга тўғри келади. Хань сулоласи императорлари мамлакат ҳудудларини кўчманчилардан муҳофаза қилиш мақсадида Буюк Хитой девори қурилишини давом эттириб, уни мустаҳкамлашга қарор қилади. Тупроқдан қурилган девор ўша даврда тошлар билан мустаҳкамланади.
Буюк Хитой девори қурилишининг учинчи босқичига Мин сулоласи ҳукмдорлари 1 миллионга яқин кишини жалб қилади. Шуни таъкидлаш керакки, Буюк Хитой деворининг ҳозирги кунга қадар сақланиб қолинган қисми 1368-1644 йилларда ҳукмронлик қилган Мин сулоласи даврида барпо этилган. Қурилишда асосан ғишт ва тошдан фойдаланилган. 1644-1911 йилларда, яъни салкам уч аср мобайнида ҳукмронлик қилган Син сулоласи даврида истеҳком сифатида Буюк Хитой деворига эҳтиёж бўлмагани сабаб қаровсизлик оқибатида ҳамда табиий омиллар боис мазкур иншоот аста-секин нурай бошлайди. Маҳаллий аҳоли эса ўзлари учун турар жой бинолари қуриш мақсадида Буюк Хитой деворидан ғишт ва тошларни олиб кета бошлайди.
XIX асрнинг 50- йилларида бошланган ерларни ўзлаштириш сиёсати натижасида Буюк Хитой деворининг Шаньси вилояти Мингин минтақасидан ўтувчи қисмининг 60 километри емирилаётгани маълум бўлади. Ўшанда деворнинг 40 километри деярли йўқолиб кетганди.
Айни дамда мамлакатнинг 16 та вилояти ҳудудида вайроналари сақланиб қолган Буюк Хитой девори 1962 йилда Хитой Миллий ёдгорликлари рўйхатига, 1987 йилда эса ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. Давлат муҳофазасига олинган Буюк Хитой деворининг Бадалин, Шаньхайгуан ва Цзяюйгуандан ўтувчи қисми таъмирланди. Бугунги кунда айни шу ҳудудларга сайёҳлар олиб борилади. 1984 йилда Дэн Сяопин ташаббуси билан Буюк Хитой деворини таъмирлаш дастури қабул қилинди. Бу дастур Хитой ва хориж компаниялари ҳамда хусусий шахслар томонидан молиялаштирилди. Таҳлилчилар Буюк Хитой девори қурилишининг тўртинчи босқичини Дэн Сяопин номи билан боғлашади.
Буюк Хитой деворида жами 25 мингта минора борлиги айтилади. Ҳар бир минора чап ва ўнг томондаги иккита минорадан кўриниб туриши шарт эди. Айрим манбаларда 4 минг, бошқа манбаларда 6 минг километрни ташкил қилиши айтиладиган Буюк Хитой девори барча сулолалар сиёсати, иқтисоди, ҳарбий фаолияти ва маданиятини акс эттирган.
"Осмон ости мамлакати" қудратини кўз-кўз қилувчи "Тош белбоғ"ни томоша қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли жойларидан 2 миллион нафарга яқин сайёҳ ташриф буюради.
ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ УЧУН НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ КЕРАК?
8- (сон) Мутахассис тавсиялари
Тан олишимиз лозим, бугун оилавий муносабатларда арзимас муаммолардан зиддиятлар келтириб чиқараётган, никоҳ риштаси нечоғлик муқаддас эканлигини ҳис этмаётган кишилар орамизда кам эмас. Бу борада ёшлар, хусусан, қизларимизни турмушга тайёрлаш деганда сеп-сидирға, мебелу турли жиҳозларни тўплашга аҳамият қаратяпмизу лекин уларни оилага, бекаликка тайёрлашни, оила мустаҳамлиги кўп ҳолларда аёлларга боғлиқлигини, аёл ширинсўз, тадбирли, зукко ва пазанда бўлиши кераклигини ўргатишга панжа ортидан қараяпмиз. Кези келганда айтиш керакки, нафақат қизлар, балки йигитларни ҳам оилавий ҳаётга тайёрлаб боришга жиддий эътибор қаратишимиз лозим.
Мустаҳкам оила нималар асосига қурилади, деган савол табиий равишда кўпчиликни қизиқтиради. Мавзу доирасида "Оила" илмий, амалий маркази вилоят бўлими директори Дилдора Саматованинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик. У оилавий масалаларни ўрганиш бўйича мутахассислар томонидан муҳим дея эътироф этилган жиҳатлар хусусида қуйидагиларни гапириб берди:
Бурч ва масъулиятни асло унутмаслик лозим
Ота-она фарзандини оилага тайёрлашни у турмуш қуриш ёшига етишидан анча олдин бошлаши лозим. Айниқса, қиз болага ёшлигидан оила сир-синоатлари, аёл кишининг масъулият ва мажбуриятларини тушунтириш, пазандалик, чеварликни ўргатиш, қолаверса, ўзига оро бериш, зийнатланиш ва орасталикка қатъий амал қилишни уқтириб бориш керак. Ўғил болаларга эса эркак киши оила устуни эканини, рўзғорнинг моддий-маънавий таъминоти унинг зиммасида бўлишини амалда кўрсатиб, тушунтириш билан бирга, хўжалик ишларини ҳам ўргатиб бориш муҳимдир.
Умуман олганда, оилада тўғри муносабатни шакллантириш ва йўлга қўйиш мустаҳкам оила қуришнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Бу борада оиланинг ҳар бир аъзоси ўз бурч ва масъулиятларини тўла-тўкис адо этишига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Бизнинг тасаввуримизда рисоладагидек эркак деганда асосан, топарман-тутарман, маошини хотинидан бекитмайдиган, уйим-жойим деб тинмайдиган эр, рисоладагидек аёл деганда эса пазанда, эпчил, ширинсўз, уй-рўзғор юмушларини бекаму кўст адо этадиган рафиқа жонланади. Албатта, бу нисбатлар ҳам ўз ўрнида тўғри. Аммо эр-хотинни бир-бирига яқинлаштирадиган ва оилани мустаҳкамлайдиган асосларга руҳий яқинлик, кўнгилдошлик ҳам киради. Пул топиб рўзғорни таъминлаш ва мазали таомлар қилишнинг ўзи билан оилавиий ҳаёт гўзал бўлмайди. Демак, оилани мустаҳкам бўлишида эр-хотин бир-бирини тушуниши, кўнгил яқинлиги бўлиши муҳимдир. Кўнгил яқинлиги ва ўзаро муҳаббат бор жойда моддий етишмовчилик ва бошқа қийинчиликлар осон енгиб ўтилади.
Муҳаббатнинг афзали -ҳурмат
Эр-хотин ўртасида аввало, ўзаро ишонч ва ҳурмат мустаҳкам бўлиши керак. Негаки, ўзаро ҳурмат бўлмаган жойда муносабатлар мўрт ва заиф бўлади. "Сенга тегиб нима кўрдим?", "Сен ношуд хотинсан" каби маломатлар шундоқ ҳам таранг тортилиб турган муносабатларни узиб юборади. Бежизга буюклар "Бошга бало недан келур, бир қаричлик тилдан келур" демаганлар. Бир-бирингизнинг ютуқларингизни кўра оладиган нигоҳингиз бўлсин. Муваффақиятларингиз, қувончли дамларингизни бирга баҳам кўринг. Ишда бирор яхши натижага эришсангиз, жуфтингизга "Бу - сизнинг ҳам ютуғингиз. Сиз бўлмаганингизда балки бундай ютуқларга эришолмасмидим" деган такаллуфни изҳор қилишдан тортинманг. Бу билан орангиздаги меҳр-муҳаббат янада мустаҳкамланади.
Кўзингиз "кўр" бўлсин
Оилангиз мустаҳкам, бахтингиз бардавом бўлишини истасангиз, жуфтингизнинг нуқсон ва камиликларига кўз юминг. Айбларини "кўрманг". Хато ва нуқсон сизда ҳам керагича топилади. Ўзингизга савол бериб кўринг, бу феълингизга ўзингиз қандай тоқат қилардингиз? Зиддиятли вазиятлардан узоқроқ юринг. Унутманг, ҳар қандай одат такрорлангани сари одатийликка айланиб бораверади. Арзимаган нарсаларга дилхиралик келтириб чиқариш, жанжаллашиш, бир-бирини беҳурмат қилиш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди.
Баҳслашманг, бир-бирингизни тингланг
Жуфтингизнинг кайфияти яхши бўлмаслиги, чарчаган, зериккан бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда сўроқ-савол билан тергаш ўрнига унинг кайфиятини кўтаришга урининг, эрингиз ёки рафиқангизни маълум вақт дам олиб, ўзига келиб олишига имкон беринг. Агар ишдаги ёки кўчадаги кўнгилсизликни кўтариб келиб, аламини сиздан ёхуд болалардан олишга уринаётганида ҳам баҳслашманг. Бироз вақт ўтиб, ўзига келади ва мулоҳазангизни ётиғи билан тушунтириш имкони бўлади. Бир-бирингизни тингланг. Фақат эр-хотин эмас, ҳаётда бир-бирингиз учун яқин дўст бўла олинг!
"Сеҳрли сўз"ларни кўп ишлатинг!
"Лаббай?", "Хўп бўлади!", "Сиз учун тайёрладим!", "Меҳр ва эътиборга арзийсиз!", "Сиз билан жуда бахтлиман!", "Бизга кераксиз!" каби жумлалар бахт эшигининг калити ҳисобланади. Оилангиз мустаҳкам, бахтингиз бардавом бўлишини истасангиз бу жумлаларни тез-тез ишлатинг.
Инсон ёлғизликда бахт ва ҳаловат тополмайди. Бу - ҳаётнинг исбот талаб қилмайдиган ҳақиқати. Шундай экан, оила мустаҳкамлигига ҳали оила қурмасдан аввал ҳаракат бошланг. Олдингизда бир мақсад бўлсин: турмуш ўртоғингиз сиз билан фахрланишини астойдил истанг. Ишонинг, бу истак турмушда учрайдиган барча қийинчиликларни енгиб ўтади ва оилангиз мустаҳкам бўлишини таъминлайди.
Ўша, сизла ўтган қадрли ҳар он, қор бағрида диллар масрур, ғанимат, соғинган кўнгилларга дийдор улашган ўша бетакрор дамлар.
Қорнинг ўзгалар билмайдиган, лекин сиз ва мен билган илиқ нафаси, тафти бор. Бу қорлар бағрида гўёки сиз бор. Ана сиз кетиб боряпсиз, юракларим қафасига сиғмайди, гўё унинг уришлари оламни тутган, аммо жисмим қимир этолмас ҳамон. Сиз ва мен кетдик, шу қорлар бағридан айро йўл томон. Аммо ўз ўрнида муҳрланган юраклар жилмасди, дардлашишдан тўхтамасди бир он. Юракнинг дук-дук урган оҳангига, бетиним айтаётган, биз қулоқ тутмаётган ҳонишига, зорланиб мунгли куйлаётган нолишига ҳамоҳанг, жўр бўлгандек дардкаш қор парчалари замин бағридан паноҳ топмоқда.
Юраклар эса сўзлашар сўзсиз, жимгина бир-бирга сўзлайди, йиғлайди унсиз.
Ортингиздан боқиб қоламан, қошингизга яна ва яна чорлайди ипсиз бир ришта. Изингизга термулиб, шу изларни кўрганидан ҳам кўзлар қувонади.
Ҳа, сиз юрган йўллар ҳам менга қадрдон, бу излар кўнглилларимиз яқинлигига гувоҳ. Қорлар қўниб кўмила бошлаган излар, менга шу қадар азиз, кўзларимга муҳрланган эди бу онлар...
Улуғ донишмандлардан бири: "Аёл - мўъжиза, унинг мўъжизалиги яратувчанлигидадир", деган эди. Дарҳақиқат, аёлга фарзандларни дунёга келтириш, авлодлар давомийлигини таъминлашдек улуғ неъмат инъом этилган. Қолаверса, у оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг тиргагидир.
Агар бу тиргак бўлмаса, оила қўрғони бир томонга оға бошлайди. У йўқ бўлса, уйнинг чироғи нурсиздек, уй бефайздек кўринади. Аёлсиз фарзанд-лар тарбиясида ҳам, оила тутумида ҳам албатта, камчилик кўринади.
Ривоят қилинишича, Аллоҳ аввал Одам атони яратиб, унинг учун барча нарсаларни муҳайё қилибди, фаришталар ҳам унинг хизматига қўйилибди. Аммо унинг кўнгли ҳеч тўлмабди. Шунда Аллоҳ Одам ато учун Момо ҳавони яратиб, унга жуфти ҳалол қилиб берибди. Шундан буён эркак ўзининг аёли билан бир бутун ҳисобланаркан.
Аёл билан оила, фарзанд тарбияси тўкис бўлади. Чунки фарзандларни гўзал хулқли қилиб тарбиялаб, жамият ва Ватан корига яровчи инсонлар қилиб вояга етказишда аёлнинг ўрни ниҳоятда катта. Бундан ташқари, оила тутуми, рўзғор юмушларини адо этишда ҳам кўп вазифалар аёлнинг зиммасига юкланган. Аёл ҳар қандай ишнинг удасидан чиқадиган хилқатдир.
Баъзан оғир юкларни кўтариб, турмуш ташвишларидан андармон бўлган аёлларни кўриб, уларга раҳмимиз келади. Аксинча, нуфузли ташкилотда ишлаб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, ақл-заковати билан ютуқларга эришган, назокати ва уддабуронлиги билан оила аъзоларининг ҳам меҳрини қозонган аёлларни кўрганда эса беихтиёр уларга ҳавасимиз келади. Нима бўлганда ҳам аёл ҳурмат ва эҳтиромга сазовор зотдир.
Аёл ҳеч қачон меҳрсизликка, эътиборсизликка чидай олмайди. Шунинг учун ҳам ундан асло меҳримизни аямайлик. Мен истар эдимки, ҳар бир инсон аёлни ҳамиша қўллаб-қувватласин, уни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймасин, унинг қувонч ва ташвишларига елкадош бўлсин. Сиз тақдир синовлари олдида аёлнинг суянчи ва таянчига айланинг. Шунда у ҳаёт ташвишларини осон енгиб ўтади, оиласи ва фарзандлари учун бутун борлиғини, меҳрини бахшида этади.
Бобур ғазали билан айтиладиган қўшиқ янграмоқда. Мумтоз куй ва қўшиқ оҳанграбоси кўнгилларни сел этади:
Бори элга яхшилиғ қилғилки мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Бобур номидаги Андижон давлат университети хорижий тиллар факультетида ўтказилган адабий тадбир иштирокчилари инсон қалбининг туб-тубига етиб борадиган, ҳар қандай кўнгилни ларзага соладиган қўшиқ сўзларига ҳамоҳанг тебранади, маънавий озуқа олади. Талабалар шоир ғазал ва рубоийларини ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларида ўқийди. Беш асрдан кўпроқ вақт аввал яшаб ўтган улуғ аждодимиз ҳаёти ва ижодига бугун ҳам жаҳон миқёсида қизиқиш тобора ортаётгани қалбларни ифтихорга тўлдиради.
Ўн икки ёшида тахтга ўтирган ёш Бобурнинг ҳаёти жангу жадаллар билан ўтди. Бобур темурийлар сулоласи ҳукмронлигини сақлаб қолмоқчи бўлади, бироқ бунга эриша олмади. Унинг Мовароуннаҳрда йирик ва қудратли давлат қуриш ҳақидаги орзу-истаклари амалга ошмайди. Охир-оқибат она Ватандан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Бобур Ҳиндистон заминига бориб, у ерда улкан салтанат барпо этгунга қадар ҳаётини юришлар, жангу жадаллар билан ўтказади, Ватан иштиёқида беадад ёнади. Ана шундай машаққатлар билан ёнма-ён юрса-да, ижодни четга суриб қўмади.
Бобурнинг бетакрор ғазаллари, хассос рубоийларида асосан Ватан, хижрон, Ватанни кўмсаш мавзулари юксак маҳорат билан ўзига хос, жозибадор сатрлар орқали баён этилади. Шоҳ бўла туриб, бахти ва толеи йўқлигидан қайғуради, юртга бўлган соғинч уни буюк шоир қилиб дунёга танитди.
Толе йўғки жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ё раб, нетайин не юз қаролиғ бўлди.
Жаҳон маданияти, илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти беҳаловат ўтса-да, адабиёт, мусиқа, тарих, география ва бошқа фанлар ривожига хизмат қиладиган дурдона асарлар яратди.
Собиқ тузум даврида бошқа улуғ аждодларимиз қатори Бобурнинг ҳам шахси ва ижодини ўрганиш таъқиқланди. Мустақиллик йилларида жаҳон маданияти ва илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган бобокалонимизнинг шахси ва ижоди кенг ўрганилди, тадқиқ қилинди, юксак қадр топди.
Андижонда "Боғи Бобур" мажмуаси барпо этилиб, унинг рамзий қабр-мақбараси қад ростлади. "Бобур ва жаҳон маданияти музейи" ташкил этилди. Вилоят марказида адибнинг ҳайкали ўрнатилди. Бугун Бобур шоҳ кўчаси Андижон шаҳридаги энг обод кўчалардан биридир. Андижон давлат университети, вилоят театри ва кутубхонаси унинг номи билан юритилади. Бобур ёдгорлик музейи фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали, Бобур халқаро жамоат фонди томонидан Бобур халқаро мукофоти таъсис этилган.
"Боғи Бобур" мажмуаси нафақат вилоят аҳли, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан келадиган юртдошларимиз, хорижлик сайёҳлар билан ҳамиша гавжум.
- Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Андижонни замонавий шаҳарга айлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли "Боғи Бобур" ҳам ғоят гўзал ва обод масканга айланди, - дейди филология фанлари доктори, профессор Ҳанифа Солиҳова. - Мен фарзанд ва набираларим билан бу ерга тез-тез келиб тураман. Бобур мақбарасини зиёрат қилиб, ёшларимизга боболари қандай улуғ зотлар бўлганлиги ҳақида фахр билан сўзлаб бераман. Улуғ шоир руҳи озод ва обод юртимизда рўй бераётган беқиёс ўзгаришлар, юксалишларни кузатиб, бизни қўллаб тургандай бўлади.
Бобур номидаги Андижон давлат университети мамлакатимиздаги етакчи олий ўқув юртларидан. Йигирмадан зиёд йўналишда малакали мутахассислар тайёрлаётган илм даргоҳининг бакалавр ва магистратура йўналишларида 7 мингга яқин талаба замонавий шароитларда таҳсил олмоқда. Кейинги йилларда бу ерда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Бобур номидаги мусиқали комедия ва драма театри ҳамда ахборот-кутубхона маркази маданият, маънавият ва зиё маскани сифатида халқимизга хизмат қилмоқда. Бобур халқаро жамоат фонди томонидан шоир ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
- Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб давлатларга илмий экспедициялар уюштирилди, - дейди Бобур халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. - Илмий сафарлар давомида қўлга киритилган Бобур ҳаёти ва ижоди, юртимиз тарихига оид кўплаб ноёб қўлёзмалар, илмий маълумотлар "Бобур ва жаҳон маданияти" музейидан ўрин олган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Бобур ўз даврида "Бобурнома" асарининг уч нусха қўлёзма нусхасини тайёрлатгани маълум. Айни пайтда ана шу қўлёзмалардан бири Оксфорд, яна бири Ҳайдарободдаги музейда, учинчи нусхаси айнан бизнинг музейда сақланмоқда.
"Бобурнома" ҳозиргача ўттиздан зиёд тилга таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этилган. Ана шу китоблардан йигирмадан ортиғи музейимиз экспонатлари қаторидан жой олган.
Улкан шоир меросини ўрганишда Бобур ёдгорлик музейининг ҳам алоҳида ўрни бор. Музей Андижоннинг Эски шаҳар ҳудудидаги Ҳожар Нойиб мадрасаси меъморий обидасида жойлашган.
- Ҳожар Нойиб мадрасаси қадимий меъморий ёдгорликлардан биридир, - дейди вилоят адабиёт ва санъат музейи директори ўрнбосари Дилшодбек Юсупов. - Тарихдан маълумки, Бобурийлар томонидан ва Бобургача қурилган Аркону давлат, подшоҳ саройи XVI аср бошларида Шайбонийлар томонидан вайрон қилинган. Талон-тарождан омон қолганлари турли зилзила ва бошқа табиий офатлар туфайли йўқ бўлиб кетган. Бизгача қадимги қалъа деворлари сақланиб қолган, холос.
Тарихчи олимлар Ҳожар Нойиб мадрасасида ёш Бобур таҳсил олган деган фикрни илгари суради. Меъморий обида бетакрор, ўзига хос тарх асосида бунёд этилган бўлиб, олти бурчакли ёпиқ ҳовли, учта гумбазли хона, 27 ҳужра ва нақшинкор айвонли намозгоҳдан иборат.
Музейга келган киши аввало қадимий меъморий санъат асари - Ҳожар Нойиб мадрасаси билан танишади. Бу маскан ёз ойлари жуда сўлим ва гўзал қиёфа касб этади, шунинг учун зиёратчилар билан гавжум бўлади. Музей экспозициясидан Бобур ҳаёти ва ижоди, унинг жаҳон маданияти, адабиётида тутган ўрни, шажараси, қудратли темурийлар салтанатини тиклаш йўлида чеккан машаққатлари, она юртдан бош олиб кетиши, Ҳиндистонга юриши, 332 йил ҳукм сурган Бобурийлар империясига асос солиши, Бобур авлодлари - Акбар, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон, Аврангзеб салтанати ва буюк Бобурийлар сулоласининг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси, Бобурийларнинг боғлар яратиш санъати, сулола томонидан барпо этилган мафтункор Тожмаҳал ҳақида кўплаб маълумотлар ўрин олган.
Музейдаги манбаа ва маълумотлар Бобур шоир, тарихчи, табиатшунос, тилшунос, мусиқашунос, қўйингки, унинг қомусий билимлар соҳиби бўлганидан дарак беради. Бобурнинг адабий мероси, "Бобурнома" асари, ғазал, рубоий, мухаммас, фард ва қитъа жанрларидаги бетакрор шеърияти, мусиқа санъати, жанг санъати, тилга оид асарлари ҳақида кўплаб маълумотлар музейдан ўрин олган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Ўз ижодида Ватанни улуғлаган, бир умр она юрт соғинчи билан яшаган шоир ижоди бугун ҳам ёш авлодни ватанпарварлик, меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби юксак инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Ўзининг қутлуғ саксон ёшини қаршилаган Одашхон ая Каримова Пахтаобод туманининг Ёлғизбоғ маҳалласида умргузаронлик қилаётган табаррук онахонлардан бири. У кишининг мазмунли ҳаёт йўли кўплар учун ибрат мактаби десак, асло муболаға бўлмайди.
Одашхон момонинг болалиги Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир йилларга тўғри келди. Ўша давр болалари қатори у ҳам оғир қийинчиликларни бошидан ўтказди, 10-12 ёшиданоқ онаси, опалари билан далада меҳнат қилди.
- Биз кўрган оғир кунларни авлодларимиз асло кўрмасин, - дейди Одашхон момо. - Одамлар эрта тонгдан то қорон-ғу тушгунча фақат қорин тўйғазиш учун ишларди. Улар уруш келтирган мусибатлардан зада бўлган, қалблари дард-аламга тўла эди. Ҳамма бор аламини меҳнатдан олар, ёруғ кунлар умиди билан яшарди.
Ёшлигидан шаддот, тиришқоқ ва уддабурон Одашхон ҳам барча қатори ҳалол меҳнат қилди, одамларга қўлидан келганча яхшилик қилди. У очиқ чеҳра, меҳнатсевар, кўнгли тоза ва хушмуомалалиги, ижодкорлиги билан маҳалладошларининг ҳурмат-эътиборини қозонди. Оила қурди. Ўз пайтида қўл-оёғи чаққон келин, оқила жуфти ҳалол ва меҳрибон она бўлишлик вазифаларини бекаму кўст адо этди. Турмуш ўртоғи билан икки фарзандини тарбиялаб, эл қаторига қўшди.
Одашхон момо кўп йиллар тўқув корхонасида ишлади, жуда кўп шогирдлар тайёрлади, ташкилотчи, ташаббускор етакчи сифатида ҳамиша биринчилар қаторида зиммасидаги вазифаларни аъло даражада бажарди.
- Бугунгидай дориломон кунларга етказганига шукр, - дейди момонинг кўзларидан қувонч ёшлари балқиб. Ахир қанча-қанча мен билган одамларга мана шундай тинч, тўкин даврларни кўриш насиб этмади. Бугунгидай ҳаётимиз учун фақат шукроналар айтишимиз керак.
Айниқса, бугун ёшларга кўрсатилаётган эътбор ва ғамхўрлик, яратиб берилаётган кенг имкониятларни кўриб, қувонаман. Бизнинг даврда бундай имкониятларни ҳатто, хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Бугун ёшларимиз ана шу мкониятлардан унумли фойдаланишлари, шундай ҳаётга муносиб бўлишлари керак.
Одашхон момо эндиликда маҳалла- кўй, оила аъзолари - ўғиллари Исроилжон, Исомиддин, келинлари Эътиборхон, Муҳаббатхон, Севарахон ва Маҳлиёхон исмли шириндан-шакар набиралари эътиборида қарилик гаштини суриб, тинч ва осойишта ҳаётимиз учун дуо қилиб яшамоқда.
Одашхон момонинг ёшлар учун ибрат бўладиган ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, ҳалол меҳнат ва сабр-тоқат инсонни бахтга етказишига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Бизнинг камолимизни сўраб, дуо қилиб яшаётган, меҳрибон ва бағрикенг Одашхон момдай оналаримиз доимо соғ-саломат, бўлсин.
Андижон шаҳридаги 41-умумий ўрта таълим мактабида "Бобурга эҳтиром" деб номланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Улуғ шоир, шоҳ ва саркарда З. М. Бобур таваллуд санасига бағишланиб ўқитувчи Умидахон Орифхўжаева ташаббуси билан ўтказилган тадбирда 4-синф ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирда мактаб директори Хилола Саминова сўз олиб, барчани улуғ шоир таваллуди билан табриклади. Шундан сўнг ўқувчилар томонидан Мирзо Бобурнинг ҳаёти, ижоди ҳақида саҳна кўринишлари намойиш этилди, унинг ғазал ва рубойиларидан намуналар ўқилди. Тадбирда Ҳ. Ибайдуллаев, Ф. Иброҳимжонов, Ф. Содиқов, М. Васиева, М. Ҳамрақулова, М. Восилова, М. Мамажонова, Г. Рустамова, Ж. Набижонов сингари ўқувчилар фаол қатнашдилар.
Ўтказилган тадбир ўқувчиларга улкан маънавий озуқа берди.
Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежида "Бобур - қомусий олим" деб номланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Жорий йил вилоятимизда З.М. Бобур йили деб эълон қилинганлиги ҳамда улуғ шоир таваллудининг 534 йилиги муносабати билан ўтказилган тадбирда коллеж ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этди. Тадбирни коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари М. Қосимова очиб, барчани адабиёт байрами билан табриклади.
Шундан сўнг бўлим бошлиғи М. Солиеванинг Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида маърузаси тингланди, иқтидорли ўқувчилар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди, улуғ шоир ғазал ва рубойиларидан намуналар ўқилди.
Қомусий олим З.М. Бобур китоблари, унинг ҳаёти ва ижоди акс этган расмлар кўргазмаси барчада катта таассурот қолдирди. Тадбир ўқувчиларнинг буюк сиймо З.М.Бобур ҳақидаги билимларини бойитишга хизмат қилди.