+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҲАРБИЙЛАР УЧУН ЯНГИ УЙЛАР

Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун 32 хонадондан иборат кўп қаватли янги уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Қучлари Шарқий ҳарбий округи қўшинлари кўмондонлиги, Андижон шаҳридаги ҳарбий гарнизон ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар иштирокида янги уйларни топширишга бағишланган тадбирда мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда миллий армиямизни шакллантириш, унинг жангавор салоҳиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларнинг оила аъзолари учун кўплаб қулайликлар яратилганлиги таъкидланди.

Хусусан,  "Фартипгарантмонтаж" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилган 2 ва  3 хонали, кенг, шинам ва барча қулайликларга эга 32 квартирадан иборат 4 қаватли уй ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида топширилган янги квартиралар ҳарбийлар учун туҳфа бўлди.

Янги уйга кўчиб кирган оилалардан бири катта лейтинант Анвар Гадоев ва  ва унинг турмуш ўртоғи Дилнозахон  Қодироваларнинг қувончи чексиз.

- Оиламиз учун янги уй ажратилганлигидан беҳад хурсандмиз, - дейди ҳарбий хизматчи, А. Гадоев. - Бу мен учун қўшалоқ байрам бўлди. Яқинда унвоним кўтарилган бўлса, энди янги уй соҳиби ҳам бўлдим. Ватанимизнинг, ҳукуматимизнинг биз ҳарбийларга кўрсатаётган эътиборидан чексиз миннатдорман.

Барпо этилган янги уйлар ҳудудида стадион, ошхона, савдо дўконининг, болалар майдончаси қад ростлаганлиги ҳам яшовчиларга катта қулайликлар яратади.

 

 Тадбирда ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан илғор қурувчиларга эсдалик совғалар топширилди.

FОЛИБЛАР МУНОСИБ РАFБАТЛАНТИРИЛДИ

(5- сон)

Андижон шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 8,10, 12, 14, 16 ва 18 ёшли шахматчилар ўртасида  вилоят чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақаларда 10 та туман ва шаҳар жамоалари таркибида 80 нафардан зиёд ёш шахматчилар иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, қизлар ўртасида Андижон шаҳридан Н. Исроилова, пахтаободлик Ш. Муҳаммадисмоилова, хўжаободлик Ф. Холдарова, избосканлик Ф. Хўжамбердиева, пахтаободлик Ф. Абдуғофурова, М, Раимбердиевалар ўз ёш гуруҳларида ғолибликни қўлга киритдилар.

Fолиб ва совриндорлар турнир ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Моҳидил КАРИМОВА,

 

вилоят чемпионати ҳакамлар хайъати аъзоси.

"ВАТАНГА ХИЗМАТ - ОЛИЙ ФАЗИЛАТ"

(5- сон) тадбирлар

Андижон вилояти футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида "Ватанга хизмат - олий фазилат" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Мактаб-интернат ўқитувчи ва ўқувчилари, мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ходимлари ва курсантлари иштирок этган тадбирда истиқлол йилларида  миллий армиямиз салоҳияти ва қудратини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар,  Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги, ҳарбийлар учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

Тадбирда ўқувчилар томонидан намойиш этилган бадиий дастурда она Ватанни эъзозлаш, ҳарбийларга ҳурмат мавзуларида саҳна кўринишлари, шеър ва қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Гулрухсор Умарова

вилоят футболга ихтисослашган мактаб-интернати ўқитувчиси.

НОДОН БИЛАН ТОРТИШМА

(4- сон)  ривоят

Ёш рассом шогирдлик таҳсилини адо этибди. Буюк  мусаввир шогирдига оқ фотиҳа бераётиб:

- Шогирдликда чизган охирги    суратингни шаҳарнинг гавжум гўшаларидан бирига қўйгин, - дебди. - Сурат олдига қизил қалам ҳам қўйиб қўй. Чизган суратингнинг бирор жойини хушламаган инсонларга қизил қалам билан белги қўйишларини  илтимос қилиб, ёзиб қўйишни ҳам унутма.

Ёш мусаввир бир неча кундан кейин суратни қўйган жойига бориб қараса, сурат қизил белгилар ичида кўринмай қолар ҳолатга келибди. Fамгин бўлиб устозининг олдига борибди. Устоз рассом хафаликни йиғиштириб, суратни бошқатдан чизишни тавсия қилибди.

Шогирд суратни қайтадан чизиб, ўз кўзида маромига етказган бўлибди. Устоз яна ўша гапини такрорлабди. Ёш рассом суратни шаҳарнинг бошқа бир гавжум масканига олиб бориб қўйибди. Аммо устоз бу гал сурат олдига ҳар хил мўйқалам ва бўёқлар ҳамда суратнинг хатосини кўрганлар тузатиб чизиб қўйишлари илтимос қилинган ёзувни илиб қўйишни айтибди.  Шогирд устози айтганидай қилибди.

Бир неча кундан сўнг бориб кўрса, суратнинг ҳеч бир жойига тегинилмаган экан. Севиниб устозининг олдига чопибди.  Уста рассом унга шундай дебди:

Биринчи бора инсонларга имкон бериб, хатоингни кўрсатишларини сўраганингда қанчалик изтироб ичида қолдинг. Умрида бир дона гул суратини чизолмаганлар ҳам сен чизган суратни қоралаб, йўққа чиқардилар. Иккинчи бора улардан ижобийлик кутдинг, яъни сенга маслаҳат беришларини, ўргатишларини, хатоларингни айнан кўрсатишларини истадинг. Бундай қила олиш учун уларга маҳорат таҳсили, яъни, мусаввирликни, истеъдодни англай олишлари керак эди. Шу сабаб ҳеч ким суратинга қалам теккизишга журъат қилолмади.

Сенга ҳаётда асқотадиган уч ўгитим бор:

Меҳнатингга муносиб қадрни қўлидан иш келмаса-да, бировларнинг хатосини излаб юрадиганлардан олмайсан!

Машаққат қийматини билмаганга меҳнатингни исроф этма!

Нодон билан ҳеч қачон тортишма!..

 

 

Умида Адизова тайёрлади.

ЮРТИМИЗ СПОРТЧИЛАРИ ЮКСАК МАРРАЛАРНИ ЗАБТ ЭТМОҚДА

 (4- сон) 21 январь - Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил топган кун

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ, яъни  1992 йил 21 январь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил топган.

Мамлакатимиз Миллий олимпия қўмитаси 1993 йил сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) томонидан расман тан олингач, счпортчиларимиз тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси - қишки ва ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 25 йилдирки, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш орқали жамиятда       соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Олимпия ҳаракати ва олимпия ғояларини кенг тарғиб этиш йўлида фаол иш олиб бормоқда. Ҳар йили спортчи ва мураббийлар билим ва тажрибасини янада юксалтириш мақсадида МОҚ ташаббуси билан халқаро семинарлар, илмий-амалий конференциялар, минтақавий форумлар ташкил этилмоқда. Бу ҳам, ўз навбатида, халқаро спорт майдонларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар салмоғини йил сайин юксалишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимиз Президенти ва ҳукуматимиз томонидан спортга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ўзбекистонлик спортчилар олимпиада ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Истиқлол йилларида олти марта (1996 йил Атланта (АҚШ), 2000 йил Сидней (Австралия), 2004 йил Афина (Греция), 2008 йил Пекин (Хитой) ва 2012 йил Лондон (Буюк Британия), 2016 йилда Рио Де Жанейро (Бразилия) шаҳарларида бўлиб ўтган) ёзги ва олти маротаба (1994 йил Лиллихаммер (Норвегия), 1998 йил Нагано (Япония), 2002 йил Солт-Лейк-Сити (АҚШ), 2006 йил Турин (Италия), 2010 йил Ванкувер (Канада), 2014 йили Сочи (Россия) шаҳарларида ўтказилган) қишки олимпия ўйинларида юртимиз спортчилари иштирок этиб, 12 та олтин, 8 та кумуш ва 17 бронза медалларига сазовор бўлганлар. Ана шу муваффақиятларга вилоятимиз вакиллари Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Хайдаров, Баҳодир Султонов, Хасанбой Дўстматов, Руслан Нуритдинов сингари спортчилар муносиб ҳисса қўшдилар.

Спорт гимнастика бўйича мамлакатимиз вакили Оксана Чусавитина эса олимпиада ўйинларида иштирок этиш бўйича рекорд ўрнатган. Шунинг учун ҳам у расман Гиннес рекордлари китобига киритилди.

Оксана Чусовитина кетма-кет етти марта олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона гимнастикачи аёл сифатида Гиннеснинг рекордлари китоби саҳифаларидан ўрин олди. У олимпия ўйинларида илк бор 1992 йили қатнашган ва ўшанда бирлашган МДҲ жамоаси таркибида жамоавий баҳслар якунига кўра, олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлган.

41 ёшли спортчи учун "Рио-2016" ўйинлари еттинчи Олимпиада бўлди. Бундай кўрсаткичга дунё спорт   гимнастикачилари орасида ҳали ҳеч ким эриша олмаган. Оксана шунингдек, 2008 йилда Пекинда ўтказилган олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган.

Оксананинг профессионал спортдаги фаолияти 25 йилдан бери давом этаётган бўлиб, бу кўрсаткич ҳам спорт гимнастикаси тарихида мутлақ рекорд натижа ҳисобланади.

Ҳамюртимизнинг Гиннес рекордлари китобидан жой олишига сабаб унинг шу йил августда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги - олимпия ўйинларида иштирок этиши бўлди. Оксана 41 ёшида ўзининг севимли йўналиши - таяниб сакрашда 7-ўринни эгаллаб, олимпия ўйинлари тарихида спорт гимнастикаси беллашувларида иштирок этган энг ёши катта спортчи номига сазовор бўлди.

Чусовитина фаолияти давомида айтиб ўтганимиздек олимпия ўйинларининг олтин ва кумуш медадллари, шунингдек, уч карра жаҳон чемпионлиги, Европа чемпионлиги ва Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган. Шунингдек, юртимиз жаҳон чемпионатларида тўрттадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган. 

Оксана Чусовитинанинг спортдаги фаолияти ҳар қандай спортчи учун ўрнак бўладиган даражада. У хақиқий матонат ва жасорат соҳибасидир.

 

Нигора РАЗЗОқОВА.

БАДИИЙ ВА АМАЛИЙ САНЪАТИМИЗ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ

(4- сон) 23 январь - Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил топган кун

Ўзбекистон бадиий академияси  - Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатининг йирик намоёндаларини бирлаштирувчи ҳамда халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий, амалий, миниатюра санъати анъаналарини ривожлантириш, жаҳон санъати тажрибаларини ижодий ўзлаштириш, ёш авлодни миллий маданиятимизга ҳурмат ва ундан ғурурланиш туйғулари руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъатининг равнақи йўлида юксак профессионал, миллий бадиий ижодиётни ривожлантириш, тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш каби қатор йўналишларга илмий методик раҳбарлик қилувчи олий илмий методик ташкилот саналади.

Ўзбекистон бадиий академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 23 январдаги "Ўзбекистон Бадиий Академиясини ташкил қилиш тўғрисида"ги фармонига асосан 1997 йилда ташкил этилган.

Халқаро алоқалар, ахборот ва маркетинг, таълим, методика ва ижодкор ёшлар билан ишлаш, молия-иқтисод ва моддий техник таъминот, марказий ҳисобхона, ижодий бўлимлар бошқармаларидан иборат Ўзбекистон Бадиий академиясининг миллий ва бадиий кадрларни тайёрлашдаги ўрни ниҳоятда катта. Унинг фаолияти тасвирий ва амалий санъат вакилларига ғамхўрлик қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, ёш истеъдодларни кашф қилиш, кўргазмалар уюштириш, миллий анъаналарни ривожлантириш, бадиийлик асосида юксак маънавий тарбия беришга йўналтирилган.

Бадиий Академия санъат ва санъатшунослик бўйича барча фаолиятларни мувофиқлаштириб борувчи Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, ранг-тасвир ва графика, ҳайкалтарошлик, амалий безак, дизайн, санъат тарихи ва назарияси бўлимларидан иборат. Мазкур бўлимлар ижодий, илмий ва ўқув-методик бўғинлар ҳисобланиб, академиянинг ҳақиқий ва фахрий аъзоларини бирлаштиради.

Бадиий академия таълим тизимида Санъатшунослик   инситути, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика рассомлик коллежи, Республика тасвирий ва амалий санъат лицей интернати, Республика дизайн коллежи, Тошкент шаҳри, республика вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган тасвирий ва амалий санъат академик лицейлари ва коллежлари, ишлаб чиқариш устахоналари, шунингдек, унинг таркибида  Марказий кўргазма зали, "Хамар" халқаро алоқалар маркази, замонавий санъат маркази, Тошкент фотография уйи, ЎБА махсус фонди, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси, "Оқтош"  рассомлари ижод уйи, Камолиддин Беҳзод мемориал мажмуи, Халқаро маданият карвонсаройи, Тошкент халқаро биеннале дирекцияси сингари қатор  ташкилотлари фаолият кўрсатади. Вилоятимизда эса Бадиий академия таркибида Избоскан тумани, Тўрткўл қишлоғида жойлашган Андижон тасвирий ва амалий санъат мактаб-интернати иш олиб боради.

Мамлакатимиз тасвирий ва амалий санъатининг тараққиёт даражасини юксалтиришда академия томонидан ўтказилаётган кўргазмалар, халқаро кўргазмалардаги иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, Бадиий академия Голландия, Греция, Франция, Швеция, Корея Республикаси, Сурия, Япония ва бошқа мамлакатларнинг Бадиий академиялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

- Вилоятимизда айни кунда 30 нафардан зиёд ижодкор Академия қошидаги Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси сифатида фаолият юритиб келмоқда, - дейди вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Дилшодбек Юсупов. - Улар бадиий ва амалий санъат намуналарини яратиш, ўзига хос анъаналарини давом эттириш ва кенг тарғиб этиш борасида салмоқли ишларни  олиб бормоқда.

Дарҳақиқат, уста ҳунар- мандлар томонидан тайёрланган гўзал ва жозибакор бадиий ва санъат асарларини кўриб, ҳар қандай кишиниг ҳаваси келади. Шу ўринда Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари орасида ҳунарманд аёллар ҳам самарали фаолият олиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жумладан, санъатшунос, миллий қўғирчоқлар устаси Манзурахон Юсупова, наққош ва рассом Салимахон Акбаржонованинг ижодий ишлар нафақат вилоятимиз, балки республика ва халқаро кўргазмаларда ҳам кенг жамоатчиликнинг юксак эътирофига  сазовор бўлиб келмоқда.

Бугунги кунда вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоларидан Низомиддин Холиқов, Обиджон Бакировлар Ўзбекистон Халқ рассоми, ёғоч ўймакорлиги бўйича Йўлбарс Ўтагенов Ўзбекистон Халқ устаси, Улуғбек Болтабоев "Меҳнат шуҳрати" ордени, Мирзааҳмад Насиббидинов, Абдуллажон Жўрабоев "Шуҳрат" медали, кулол Мирзабаҳром Абдуваҳобов ЮНЕСКОнинг махсус сертификати ҳамда Бадиий академиянинг Олтин медали билан тақдирланган.

Умида СОТВОЛДИЕВА.

 

 

ИСТИҚЛОЛДАН ИЛҲОМ ОЛГАН ИЖОДКОР

(4- сон) Тўйхат ўрнида

Шоир қалби ҳамиша беором. Унга шеър ёзиш истаги ҳеч тинчлик бермайди. Айниқса, тунлари кўзга уйқу инмайди. У тонга қадар қоғоз ва қалам билан сирлашиб чиқади. Уларнинг ҳаёт тарзи шундай.  Гоҳ илҳом соғинчи, гоҳ ижод завқи юракларини тўлқинлантиради. Ана шундай тўлқинлар ичра яшаб, бугун ўзининг 75 ёшини қарши олаётган Эркин Охунд вилоятимизнинг сермаҳсул ижодкорларидан биридир. У ярим асрдан зиёд бўлган ижод йўлини босиб ўтди.

Эркин Охунд Тошкент давлат университетининг журналисика факультетида таҳсил олди. Темир йўлда ишчи, Республика Матбуот қўмитаси бошқармасида муҳаррир, "Ёш ленинчи" (хозирги "Туркистон") газетасида адабий ходим, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир вазифаларида фаолият юритди.

Ҳозирда кексалик гаштини сураётган шоирга истиқлол чин маънода илҳом берди. Чунки унинг аксарият тўпламлари   мустақиллик йилларида чоп этилди.  Жумладан, 1995 йили "Қаҳрамонлик балладаси", 1999 йили "Онам, онажон", 2000 йили "Янгиқишлоқ", 2001 йили "Куйганёр" шеърий тўпламлари   нашрдан чиқди. Ижодкор кўп йиллик самарали меҳнатлари учун "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланди.

Яқинда Эркин Охунднинг 75 ёшга тўлиш муносабати билан Андижон қишлоқ хўжалик      институти қошидаги 2-академик лицейда ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда ижодкорлар, лицей  ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди. Ижодий учрашувда сўзга чиққан Маънавият тарғибот маркази Андижон тумани бўлими раҳбари Фазлиддин Расулов, Ўзбекистон ХДП Андижон тумани Кенгаши раиси Ҳакимжон Муллажоновлар шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида сўз юритдилар. Шундан сўнг шоир ўқувчиларга янги шеърларидан ўқиб берди, мустақиллик, тинчлик ва ҳотиржамлик, халқимиз эришаётган ютуқлари, ёшлар учун яратиб берилган кенг имкониятлар ҳақида гапирди.

  Лицей ўқувчилари томонидан шоир ижоди асосида тайёрланган бадиий чиқишлар, унинг ҳаёт ва ижодига оид савол-жавоблар барчада катта таассурот қолдирди.

Хосият НИГОР.

* * *

Қуйида шоир ижодидан намуналар эътиборингизга ҳавола этилади.

 

ВАТАН

Биз замоннинг фарзандларимиз,

Замон - Ота, макон - Онадир.

Хар қандайин шароитда ҳам,

Ватан ишқи дилда ёнадир.

 

Ватан - умр, Ватан бу - тақдир,

У Аллоҳнинг буюк инъоми.

Муққаддасдир доимо Ватан,

Бор-ки кимнинг қалбда иймони.

 

Бахтни баҳам кўришайлик, кел

 

Янги йил, сен янги достонсан,

Сен менга Ер, менга Осмонсан,

Менинг ҳаётимга посбонсан,

Кел, азизим кўришайлик, кел,

Бахтни бахам кўришайлик, кел.

 

Майдонингда отни ўйнатсам,

Сўйламаган тилни сўйлатсам.

Бўйларингга бўйим бўйлатсам.

Кел, азизим кўришайлик, кел,

Бахтни баҳам кўришайлик, кел.

 

Мен ошиқман сенга азалдан,

Айтиб қўяй сенга аввалдан,

Ширин дейман сени асалдан,

Кел, азизим кўришайлик, кел,

Бахтни баҳам кўришайлик, кел.

 

Сен чечаксан кўксимда унган,

Сен юлдузсан куйдирган, куйган,

Сен ҳур қизсан суйдирган, суйган,

Кел, азизим кўришайлик, кел,

Бахтни баҳам кўришайлик, кел.

 

Пойларингга гуллар сочарман,

Фақат, сенга кўнгул очарман,

Fайрат билан тўлиб тошарман,

Кел, азизим кўришайлик, кел,

Бахтни баҳам кўришайлик, кел.

 

Эркин ОХУНД.

ЁШЛАР, КИТОБ ВА МАЪНАВИЯТ

(4- сон) Мулоҳаза

Биз техника асрида яшамоқдамиз. Юртимизнинг қайси бир соҳасига назар ташламайлик, фан-техника ютуқлари жадал ривожланаётганини кўришимиз мумкин. Шу ўринда биз - ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда техниканинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз.

Айниқса, билимларимизни бойитиш, турли маълумотлардан бохабар бўлишда интернет тармоғи бизга яқиндан ёрдам бермоқда. Шундай бўлса-да, маънавиятимиз, билим ва дунёқарашимизни бойитишда китобнинг ўрни ва роли ниҳоятда каттадир.

Китоб берадиган маънавий бойликни бизга  бошқа ҳеч қандай восита бера олмайди, қолаверса, мунтазам равишда китоб ўқиган инсон жамиятда фаол, ҳамиша эзгу ишларга камарбаста бўлади.

Мен келажакда ўз ишининг етук мутахассиси бўлган ўқитувчи бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Малакали ўқитувчи тарихий, илмий, билимларга эга бўлиш билан бирга, нутқ маданияти ва маҳоратини ҳам пухта ўзлаштирган бўлиши лозим. Чунки нутқ ўқитувчининг асосий қуролларидан бири ҳисобланади. Ўқитувчининг   нутқи тўғри, равон, аниқ, таъсирчан ва бой бўлсагина ўқувчиларга пухта билим бера олади. Нутқ маданияти адабий тил билан боғлиқ ҳодисадир. Уни яхши билиш учун эса бадиий асарларни доимий ўқиб бориш лозим.

 "Мозийга қайтиб иш кўрмоқ - ҳайрлидир", - деган эди буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий. - Мен ёзувчининг "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" асарларини бир неча маротаба ўқиб чиққанман. Асар қаҳрамонлари Кумуш ва Отабекнинг маънавий қиёфаси, кийиниш маданияти, сўз бойлиги, нутқи тиниқ ва равонлиги, сўзлашиш одоби ҳар қандай кишини ўзига жалб қилади. Раъно ва Анварнинг билими, сўз бойлигини нутқ маданиятининг энг гўзал намуналаридан дейиш мумкин.  Айниқса, Анвар билан Раънонинг шеър айтишувлари уларнинг адабиёт билан таниш эканлигидан, кўп китоб мутолаа қилишганлигидан дарак беради. Келажакда биз малакали мураббий, ўз касбининг билимдони бўлишимиз учун ҳам кўпроқ бадиий китоблар ўқишимиз керак.

Китоб ҳаётимиз мазмунини янада бойитадиган, бизга дунёни янада гўзал кўрсата оладиган, қалбимизга маънавий озуқа берадиган, ҳайрли ва эзгу ишларга илҳомлантирадиган воситадир.

Президентимиз томонидан 2017 йил 12 январда қабул қилинган "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиш халқимизнинг, айниқса, биз талаба  ёшларнинг дилидаги иш бўлди. Мазкур ҳужжат халқимизнинг китобхонлик даражасини юксалтириш, маънавиятини янада бойитиш учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шуцбҳасиз.  

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг қалбида, онг-шуурида китобга бўлган меҳр ва қизиқишни оширишда оиладаги муҳит, ота-онанинг роли ниҳоятда катта. Эс-ҳушини таниган бола китоб ўқишни, уни севишни энг аввало, оилада ўрганиши керак. Муборак ҳадисларда ҳам   фарзандга гўзал исм қўйиш, илмли қилиш, яхши  тарбия бериш ота-онанинг асосий бурчлари  сифатида эътироф этилади. Бу борада ота-оналар китобга суянишлари, фарзандлари қалбига уларнинг болалигидан китобга муҳаббат туйғусини муҳрлаши керак. Шундагина келажак авлод оқил ва доно, юксак салоҳиятли, эл-юрт, Ватан равнақи учун фидойи инсонлар бўлиб камол топадилар.

 

Гулҳаё ХАБИБУЛЛАЕВА,

 

Андижон давлат университети 3-босқич талабаси.

ШОИРГА ЭҲТИРОМ

(4- сон) Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 7 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори атоқли шоир, давлат ва жамоат арбоби бўлган ижодкорга юксак ҳурмат ва эҳтиром белигисидир.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг "Тонг нафаси", "Қўшиғим, сизга", "Ақл ва юрак", "Ёшлик девони", "Тирик сайёралар", "Менинг юлдузим", "Келажакка мактуб", "Шарқий қирғоқ" каби шеърий тўпламлари, "Нидо", "Руҳлар исёни", "Қуёш маскани", "Кўхинур" достонлари, "Истанбул фожиаси", "Олтин девор"сингари  саҳна асарлари, "Сўз латофати" бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби буюк намоёндалари ижодидан қилган таржималари бизга катта мерос бўлиб қолди. Шунингдек, шоирнинг ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. 

Эркин Воҳидов бугун шеърият мухлислари қалбида ўлмас ва ўчмас сиймога айланган. Унинг ҳаёт ва ижод йўли биз учун ибрат мактабидир, яратган асарлари эса адабиётимиз хазинасини янада бойитганлиги билан аҳамиятлидир.

Ўзбек халқининг ардоқли шоири Э. Воҳидов нафақат ёзган асарлари, балки, ўзининг маърифатпарвар, инсонпарвар, жонкуяр ва фидойилиги билан ҳам ҳурматга сазовор инсон эди.

Бугун бутун республикамизда севимли шоиримизнинг хотирасини қалбларга муҳрлаш, у  қолдирган адабий мероснинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш, шунингдек, шоир хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида  ижодий кечалар ташкил этилмоқда.

Вилоятимизда ҳам шоир хотирасига бағишлаб, кенг жамоатчилик вакиллари,  шеърият ихлосмандлари, шоир ва ёзувчилар иштирокида адабий анжуманлар бўлиб ўтмоқда.

Шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фарид Усмон ҳам Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовни ўзига устоз деб билган ва у билан кўп бор мулоқотда бўлган, адабий сабоқ олган ижодкорлардан биридир. Фарид Усмон адиб хотирасига бағишлаб, "Ҳар кимнинг ўз хотираси бўлур" номли китобини ўқувчиларга тақдим этди. Мазкур китобда муаллиф устоз Эркин Воҳидов билан боғлиқ хотираларини қаламга олган. Шоирнинг дилкаш, хушмуомала, очиқчеҳра ва юксак маънавиятли инсон эканлигини алоҳида таъкидлайди.

Китобда Ф. Усмоннинг "Ёш Ленинчи" (ҳозирги "Туркистон") газетасида Эркин Воҳидов имзоси билан "Оқ йўл, Фарид" мақоласи остида бир нечта шеъри ва Эркин Воҳидовнинг "Дебоча" ғазалига ёзган мухаммаси босилиб чиққанини ва ўша дамдаги ҳаяжон ёдидан ҳеч кўтарилмаслигини ёзади:

 

Куйлагач булбулмуҳаббатномани ошёнида,

Бор экан билдим, дилим рози ҳаёт бўстонида,

Шул сабаб фикрим бўлиб шеърнинг гулу райҳонида,

Истадим сайр айламакни мен ғазал бўстонида,

Кулмангиз не бор сенга деб Мир Алишер ёнида.

Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб ва шоир, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов хотирасига бағишланган ушбу тўплам китобхонлар учун ажойиб туҳфа бўлди.

 

Дилдора Хушвақова.

ҚАЙНОНАЛИК - ШАРАФЛИ ВА МАСЪУЛИЯТЛИ МАҚОМ

(4- сон)

Бизнинг суҳбат

Замирахон Тиллаева 1953 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Олий маълумотли, Андижон давлат университетини тамомлаган, кўп йиллар таълим-тарбия соҳасида самарали фаолият олиб борган. 2 нафар фарзандни тарбиялаб камолга етказган, ҳозирда 6 нафар набиранинг севимли бувижонисидир. Нафақада бўлишига қарамай, вилоятимиз ижтимоий ҳаётидаги жараёнларда фаол    иштирок этиб келмоқда.

Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш оилаларнинг ҳаётда мустаҳкам илдиз отиши ва жамиятда ўз ўрнини топишида  қайноналарнинг роли ниҳоятда катта. Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида "Қайноналар мактаби" ташкил этилган.

Айни кунда ушбу жамоатчилик тузилмаси томонидан эътиборга молик тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ана шу ишлар, қолаверса, қайнона-келин муносабатлари, оила тутумлар, улар билан боғлиқ  халқимизнинг қадрият ва анъаналар, шунингдек, аёллар маънавиятига доир қатор саволлар хусусида "Қайноналар мактаби" раҳбари Замирахон опа ТИЛЛАЕВА билан суҳбатда бўлдик.

- Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар мактаби"нинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

- Жамоатчилик асосида фаолият олиб борувчи мактабимиз қўмита ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бир неча йиллардан буён самарали фаолият юритиб келмоқда. Мактабимизнинг асосий мақсади, оилалар мустаҳкамлигини, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, нотинч оилаларга кўмак бериш, хусусан, қайнона-келин, шунингдек, оиланинг  бошқа аъзолари ўртасида гўзал муносабатларини шакллантириш, бу борадаги халқимизнинг ўзига хос ва миллий анъаналарини давом эттириш, ёш оилаларда оила тутумларини жорий этиш, фарзанд  тарбияси билан боғлиқ ишларни самарали йўлга қўйиш бўйича  маҳаллалар, таълим муассасалари, айниқса, оилалар ўртасида кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришдан иборат. Бу ишларни ташкил этиш ва амалга оширишда энг аввало, вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, уларнинг бошланғич ташкилотлари, шунингдек, маҳалла маслаҳатчилари, отин аёллар ҳамда таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

- Олиб борилаётган    тарғибот ишлари ҳақида тўхталсангиз?

- Тарғибот ишлари маҳаллалардаги кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар, ижодкорлар, олималар кўмагида олиб борилмоқда. Айтиш жоизки, ўзига хос оилавий муносабатларнинг шаклланиши, фарзанд тарбияси, оила камолоти сингари кўплаб масалаларда қайноналар зиммасида улкан масъулият ва вазифалар борки, улар чиройли тарзда адо этилмаса, оила ҳаётининг изга тушиб кетиши анча оғир кечади. Шу боис ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина ўтган 2016 йилда маҳаллалар, шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежларда 200  дан ортиқ учрашув, давра суҳбатлари ташкил этилди. Ана шу тадбирларда кўплаб қайнона ва келинлар, уй бекалари, ёшлар иштирок этди.

- Бугунги кун аёлининг сурати ва сийрати ҳақида фикрларингиз?

- Бугунги кун аёлининг сурати ҳам, сийрати ҳам  гўзал. Бугун аёлларимиз оила юмушларидан ортиниб, раҳбар, депутат, тадбиркор, қўйинки, жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларида, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.  Бу борада юртимиз аёлларига жуда кенг имкониятлар яратиб берилган. Аммо айрим аёлларимизнинг хатти-ҳаракатларидан кўнглимиз хижил бўлади. Шундай аёлларимиз ҳам борки, уйида бир дунё юмуши турибди, фарзандлари унинг қаровига муҳтож, лекин у кўчага чиқиб олиб, ўтган кетган билан саотлаб гаплашиб туради, кимларнидир ғийбат қилиш билан олтинга тенг вақтини ўтказади.

Аёл учун энг улуғ мартаба унинг оналиги, фарзанд   тарбияси ва оиласининг тинчлиги-хотиржамлиги эканлигини ҳар бир аёл дилдан англаши лозим. Қолаверса, у фидойи бўлиши  оналик, аёллик, бекалик бурч ва масъулиятини ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги керак.  Давлатимиз томонидан турли қонун ва қарорлар орқали ҳимояланиб, отамиз, ака-укаларимиз, турмуш  ўртоғимиз ва ўғлонларимиз қуршовида бахтли  яшаётган биз ўзбек аёллари - ана шу эъзозга муносиб бўлишимиз шарт. Шуни билдимки, ўзлигини англаган, зиммасидаги бурч ва вазифаларни адо этадиган опа-сингилларимиз оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳурмат-эътиборга сазовор бўладилар.

- Тўй-маъракалардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш ҳақида қанча кўп гапирилаётганлигига қарамай, бугун бу иллат барҳам топаётгани йўқ. Кўпчилик ана шу иллатлар аёлларнинг хоҳиш-истаги билан боғлайди. Сиз бунга нима дейсиз?

- Тўғри, кўп ҳолларда ана шундай иллатларнинг урчиб кетишига аёлларимиз сабаб бўлаётгани бор гап. Лекин шу ўринда мен бир нарсани алоҳида таъкидлашни истар эдим. Миллатимизда оила бошлиғи эркак ҳисобланади. У тўй-маъракаларда бу каби иллатларга йўл қўймаслиги, аёлини ўз измига солиши лозим. Мазкур масалада эрнинг айтганига итоат қилгувчи аёл шубҳасиз, мулоҳазали аёлдир. Юқоридаги каби иллатларнинг олдини олишда кексалар, кўпни кўрган онахонлар, фаол аёллар томошабин бўлиб турмасликлари керак, бунга йўл қўяётган аёлларга нисбатан кескин чоралар кўришлари лозим.

Афсуски, бугунги кунда айрим кишилар тўйни кўз-кўз қилиш, бойлигини, бошқалардан ўзининг устунлигини кўрсатишга уринмоқдалар. Фарзандлари оиласининг мустаҳкам бўлишини, уларнинг бахтли ҳаёти билан боғлиқ жиҳатларга иккинчи даражали масала сифатида қарамоқдалар. Бу моддий жиҳатдан бой бўлса-да, ўша кишининг маънавияти қашшоқ эканлигини кўрсатади.  Бу жуда ҳам ачинарли ҳол.   Кибрга берилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш исломда ҳам, инсонийликда ҳам  қораланади. Айримлар "Тўйнинг ортиқча удумлари, сарф-харажатлари аёллардан чиқади" деб ҳамма айбни аёлларга ағдаришади. Мутлақо қўшилмайман бу гапга. Юқорида айтганимдай, эркак тўйнинг бошида туриб, аёлига гапини ўтказа олмаса, кераксиз сарф-харажатларнинг олдини ололмаса нима қилиб юрибди? Эркак киши оиланинг устуни бўлиб, аёл кишини йўлга солиши керак. Ҳамма нарса билимга бориб тақалади. Фарзандларимизни китоб ўқишга ўргатишимиз керак. Оила асосларини, муқаддаслигини болаларимизга тушунтиришимиз лозим. Оилани қадрлай олган, билимли болалардан ёмон одам чиқмайди. Демак - ҳамма гап тарбияда.

- Қайноналаримизнинг бугунги маънавий қиёфасига қандай баҳо берасиз?

- Орамизда шундай қайноналар борки, уларнинг қилаётган муомала-муносабатини кўриб, беихтиёр кўнгил қувнайди. Оилаларига ҳавас қиласан.  Шукрки, орамизда бундай қайноналар жуда кўп.

Қайноналик масъулиятли ва шарафли мақом. Унга ҳар бир аёл энг аввало, тайёр бўлиши керак. Яъни келин тушириб, бировнинг боласини хонадонимга олиб келиб, унга оналик қила оламанми, деган саволни ўзига бериши керак.  Қолаверса, келинга хизматкор сифатида эмас, у оиламнинг, зурриётимнинг давомчиси бўлади, деган назар билан қараши зарур. Келиндан жуда кўп нарсани талаб қилиш керак эмас, унга ўргатиш, панд-насихат, чиройли муомала билан уни  ўз измига сола билиш керак. Шундагина қайнона оиланинг мустаҳкам бўлиши учун таъмал тошини қўяди.

Тўғри, бугунги кунда қайнона бўлдим, деб кўксини кериб, келинини қийнаётган аёллар ҳам орамизда йўқ эмас. Яқинда олти ойлик келинчак менга мурожаат қилди: "Қайнонам ҳайит куни ота-онам юборган совға-саломларни кўриб, тозза жанжал кўтардилар "Ўғлимга урфдан қолган жемпердан қилишибди, кўйлаги ҳам турецкий эмас. Ҳамма куёвлар ҳозир турецкий кўйлак киляпти. Қудалар қўни-қўшнилар олдида уялтиришдими, қизларини олиб кетишсин" деб менга кун бермаяпти. Эримдан нажот истасам, у ҳам онасига қарши бирор сўз айта олмаяпти. Нима қилишга хайронман, ота-онам ҳам ойликка тирикчилик ўтказишади, оиламизни кўриб-билиб келин қилишганди. Бу гапларни онамга қандай айтаман? Ҳали узатилмаган синглим, уйланиши керак бўлган иккита укам бор. Қайнонам эса бу нарсаларни хаёлига ҳам келтирмайдилар..."

Келинни тинчлантириб,    уйига жўнатдим. Бир неча кун ўтказиб, ўша қайнона билан суҳбатлашдим. Қилаётган ишлари тўғри эмаслигини ётиғи билан тушунтирдим. Лекин у аёлни йўлга солиш осон бўлмади. Чунки у маънавияти хаминқадар, фикрлаш доираси ҳам тор аёл экан. Афсуски, орамизда бу каби қайноналар оз бўлса-да бор. Шу ўринда опа-сингилларимизга шундай маслаҳат берган бўлардим. Ўқимишли, кўпни кўрган аёллар билан тез-тез суҳбатда бўлинг. Китоб, газета ўқинг, турли сериалларни эмас, маънавиятни юксалтирувчи кўрсатувларни томоша қилинг. Шундагина юқоридаги каби кўринишлар нақадар ўринсиз эканлигини англайсиз, турли майдакашликлардан ўзингизни баланд тутасиз.

- Сизнингча, аёл киши, умуман, инсон ўз бахтига қандай эришади?

- Албатта, инсон меҳнати билан бахт топади, қадр-қиммат, эъзоз-эътиборга муносиб кўрилади. Ҳамма шароити тўкис хонадонда роҳатланиб яшаб, қиматли вақтларини беҳуда ишларга, кўча-куйда гап сотишга сарфлайдиган аёллар етишмовчиликдан нолиганини эшитганимда хафа бўлиб кетаман. Аёл ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланишни билса ҳеч қачон муҳтожлик кўрмайди. Ҳар ким ўз бахтини ўзи қуриб, фаровон турмушга ўз меҳнати билан эришади.

- Кўпчилик аёллар рўзғордаги етишмовчилик, кам-кўстда турмуш ўртоқларини айбдор қилишади. Эр-хотин қўш ҳўкиз, деган нақл бор элимизда. Аёл ҳам оиласининг фаровонлиги учун ҳаракат қилса яхши эмасми?

- Албатта! Эр-хотинлик, оиланинг мустаҳкамлиги ҳам ана шундай илдизларга бориб тақалади. Айрим аёллар "мен пул топяпман", "эрим мендан кам пул топади" деган гаплар билан оиласининг тинчини бузиб, гап-сўз бўлиб юришади. Бундай аёлларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Рўзғор сизники, оила, уй-жой, эр, бола сизники. Хўш, ўз эрингиз, ўз фарзандларингиз, рўзғорингиз учун тиришсангиз, меҳнат қилсангиз бунинг нимаси ёмон? Оилангиз фаровонлиги, болангизнинг қорни тўқ, усти бутлиги сизнинг бахтингиз эмасми?

- Аёлни иқбол  чироғи, саодат посбони дея алқаймиз. Аммо кўп ҳолларда маиший ҳаётдаги кўнгилсизликларда аёллар бош сабабчи бўладилар...

- Бугунги аксарият келинларимиз сабр-қаноатли бўлиб ҳамма нарсага ўз меҳнати, ҳаракати билан эришиш ўрнига тезроқ бойиб кетишни, оиласи тўкис бўлишни истайди. Бу нотўғри! Афсуски, қиз узатаётган, ўғил уйлаётган айрим ота-оналар ҳам бу борада   фарзандларига етарли сабоқ бера олмаяптилар. Бу энг аввало, тарбия билан боғлиқ. Яъни бугун биз тарбия борасида халқимизнинг йиллар синовидан ўтган анъана ва тажрибаларидан унумли фойдалана олмаяпмиз.

Азал-азалдан тўй, қиз узатиш, ўғил уйлаш ширин ташвиш, тотли ҳаяжон билан кутиларди. Бугун эса бу муқаддас ва ширин дамларни дилгирлик, изтироб билан қарши олаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас.  Бунга айрим аёлларимизнинг молпарастлиги сабаб бўлмоқда. Қизига қиммат идишлар, чойшаб, пардалар, тақинчоғу кийим-кечаклардан сарпо тахлаган она қизига бекалик илмидан сабоқлар беришни унутиб қўймоқда. Ҳатто, бу сабоқлар ўшандай  оналарнинг ўзида ҳам йўқ. Оиланинг мустаҳкам қўрғон даражасига етиши, жуфтлар орасида ишонч, ўзаро-ҳурмат эътибор қарор топиши учун маълум вақт керак. Бу вақт эса аёл кишидан сабр-тоқатни талаб этади. Айрим аёлларда мана шу сабр етмагани учун ҳам баъзи бир оилалар пароканда бўлмоқда ёки бузилиб кетмоқда. Қиз бола онасидан андоза олиб рўзғорини юритади, онасининг отасига қилган муомаласига қараб эрига муносабатда бўлади. Оналарда гап кўп. Мендан дунёдаги энг оқила аёл ким, деб сўрашса, ҳеч иккиланмай "эрининг ҳурматини жойига қўйган аёл" деб жавоб берган бўлардим. Аёл қанчалик эгилгани, айниқса, ширин гап билан қайнонасини кўнглига йўл топа олгани  сари оилада шу қадар қадр топади, толеи кулади. Аёл қадрланган хонадонда улғайган фарзандлар эса шубҳасиз,    бахтли бўлади.

- Келинлик остонасида турган қизларга маслаҳатларингиз?

- Қизларимиз рўзғорнинг баланд-пастини бувижонлари, оналаридан ўргансинлар. Энг асосийси, турмушга чиқаётган қизлар оиланинг мустаҳкамлигини сақлаб қолувчи сеҳрли сўзлар "Лаббай", "Хўп бўлади", "Кечирасиз" кабиларни ўрганса, ҳаммаси рисоладагидек бўлиши шубҳасиз. Бошга келувчи омад ҳам, бало ҳам тилдан эканлигини унутмасликлари керак. Борадиган хонадонини обод қиламан, ўша ерда униб-ўсаман, турмуш ўртоғимнинг ота-онаси, жигарлари хизматини астойдил қиламан, деган ниятда бўлиши ва ана шунга амал қилиши лозим. Шундагина қизларимиз ўз бахтини ярата олади.

-     Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, соғ бўлинг.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.