+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ВИЛОЯТИМИЗ САМБОЧИЛАРИ FОЛИБ БЎЛДИ

(7- сон)

Андижон олимпия захиралари коллежида самбо бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди.

Чемпионатда вилоятимиз жамоаси муваффақиятли иштирок этди. Вакиллари  6 та олтин, 7 та кумуш ва 11 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.

Қизлар баҳсида халқаро тоифадаги спорт устаси Маликабону Мирзаева ҳамда  иқтидорли спортчи Зуҳра Маъмуржонова ўз вазн тоифаларида олтин медалга сазовор бўлдилар.

 

Э. АБДУЛЛАЕВ.

ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

(7- сон)

Андижон шаҳридаги 7-умумтаълим мактабида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари Андижон шаҳар кенгаши ташаббуси билан  "Бошланғич ташкилот - касаба уюшма ҳаракатининг асоси" мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Тадбирда кенгаш тасарруфидаги мактаб, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, маданият ва спорт муассасалари касаба уюшма қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари иштирок этиб, мавзу доирасидаги ишлар хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Семинарда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари Андижон шаҳар кенгаши раиси Н. Тўрақулова  жорий - "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да белгиланган ишларни амалга оширишдаги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиққан дастури ва бошланғич ташкилотлар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берди.

Тадбирда, шунингдек, "Ижтимоий шерикчилик - имтиёз ва  кафолатлар", "Меҳнат муҳофазаси талабларига амал қилиш ишларида касаба уюшмаларининг назорати" мавзуларида маърузалар тингланди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олди.

 

 

М. ПИРМАТОВА.

"БОБУР ХАЛҚ ҚАЛБИДАН ЖОЙ ОЛГАН СИЙМО"

(7- сон)

Жалақудуқ агросаноат касб-ҳунар коллежида  ана шу мавзуда адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Коллеж Ахборот ресурс маркази ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда сўз олган коллеж директори  Дилшодбек Абдусаматов, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулидона Саидова, АРМ раҳбари Феруза Темирова Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, "Бобурнома" асарининг аҳамияти, Бобур шахсининг ўзига хос жиҳатлари, унинг ўлмас ижодий мероси, хусусан, жорий йил вилоятимизда "З. М. Бобур йили" деб эълон қилинганлиги ҳақида гапирдилар.

- Бобур буюк тарихий шахс сифатида жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган, - дейди Ф. Темирова. - Жумладан, у Бобурийлар сулоласига асос солди. Ушбу сулола вакиллари нафақат Ҳиндистон, балки бутун Осиё тараққиётида туб бурилишлар ясай олдилар, жамият тараққиётини янада юқори босқичга кўтарилишида муҳим роль ўйнадилар.

Шунингдек, тадбирда "Замонлар қаъридан илм нури келади" деб номланган ўқувчилар томонидан Бобур ҳаёти ва ижодига бағишлаб чизилган        расмлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

 Тадбир орқали ўқувчилар шоҳ ва шоир, улуғ саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, унинг ўлмас мероси ҳақида кенг маълумотларга эга бўлдилар.

 

Марҳабо МУРОТОВА,

 

коллеж АРМ мутахассиси.

ХАЛҚИМИЗНИНГ ИККИ БУЮК СИЙМОСИ

(7- сон)

З. М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида буюк давлат арбоби, сўз мулкининг султони, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг  тавалуд санасига бағишланган "Ўзбекнинг икки буюк сиймоси" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Андижон санъат коллежи, Андижон тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицей ҳамда Андижон туманидаги 10- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари иштирок этган ушбу тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршидабону Қўчқорова очиб берди. 

Тадбирда иштирок этган Андижон давлат университети, Андижон машинасозлик институти ўқитувчилари ҳамда вилоят ахборот-кутубхона маркази мутахассислари икки буюк сиймонинг халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги хизматлари, ўзбек адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссалари, уларнинг ўлмас ижодий мероси ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар бердилар.

Ижодкор ўқувчи томонидан Навоий ва Бобур ижодидан ўқилган намуналар, намойиш этилган саҳна кўринишлари барчага ҳуш кайфият улашди.

 

 

Рўзимуҳаммад СОДИҚОВ.

АЁЛЛАРГА ТАВСИЯЛАР ТАҚИНЧОҚ - СИЗГА КЎРК БЎЛСИН

(7- сон)

Либос аёлнинг кўрки, шу билан бирга, уларнинг чиройига-чирой қўшиб турадиган нарса бу - зебу-зийнат ва турли тақинчоқлардир.

Тақинчоқлар аёлларнинг ички дунёси, характери ва дунёқарашини ҳам кўрсатиб беради. Шу боис ҳам тақинчоқ танлашда аёл киши эътиборли бўлиши, танлаган тақинчоқлари ўзига ярашиб туришига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Умуман, тақинчоқ танлаш борасида қуйидаги тавсияларимиз азиз опа-сингилларимизга  асқотади, деб умид қиламиз.

Энг аввало, тақинчоқ танлаганда либосингизнинг рангига эътибор қаратинг. Агар либосингиз қора рангда бўлса, атрофи оқ кумуш, қора тошли зирак танлаганингиз маъқул. Қизил рангдаги либослар билан эса қора тошли ёки кулранг тошли тақинчоқлар танланг.

Агар либосингиз ранги пушти бўлса, ҳеч иккиланмай осилиб турадиган ингичка зиракларни танлашингиз мумкин. Яшил рангдаги либосларга катта, думалоқ тўртбурчак тошли зираклар ярашади. Кўк-мовий рангдаги либосларда бўлсангиз унча катта бўлмаган шу рангдаги тақинчоқ сизни янада жозибали кўрсатади. Оқ рангли либосларни қора ёки қизил тошли тақинчоқлар билан кийган маъқул.

Сариқ, оловранг тошлар билан безалган бежирим зирак ва тақинчоқлар кўпроқ оқ либослар билан уйғунлашиб туради.

Агар либосингиз зангори бўлса, бу либос билан оқ тошли зиракларингизни таққанингиз маъқул. Балдоқ ёки айлана шаклдаги зиракларни турли тўй-тантаналарга рангли, кўзга ташланиб турадиган тунги кўйлаклар билан тақиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Либосингиз ялтироқ бўлса, унда майда ялтироқ ва оқ тошлар билан уйғунлашган тақинчоқларни тақинг.

Мободо либосингиз сариқ рангда бўлса, у билан асло тилла тақинчоқлар тақманг. Сариқ либосга оқ кумуш ёки бриллиант кўринишдаги тақинчоқлар ўзгача чирой қўшиб, сизни янада мафтункор ва гўзал кўрсатади.

Шу ўринда нозик аёллар катта тошли тақинчоқлардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ, чунки бу тақинчоқлар кўзга ташланиб туради.

Хулоса сифатида айтганда, танлаган тақинчоқларингиз қоматингиз ва либосингизга мос, ўзингизга ярашиб туришига эътибор қаратинг.

 

МОҲИМБОНУ тайёрлади.

ШОШҚАЛОҚЛИКНИНГ ЗИЁНИ

(7- сон) Ҳаёт ҳикматлари

Қайсидир ҳикоятда ёзилишича, бир табибнинг жуда зийрак, лекин бесабр шогирди бор экан. Бир куни табибнинг олдига кўзи ожиз одамни олиб келишибди. Табиб шогирдига малҳам тайёрлашни буюриб, қандай гиёҳлар солиш кераклигини айтибди. Шогирди ҳамма ишни устози айтганидек бажарибди. Малҳамни беморнинг кўзига қўйишибди. Эртасига кўр одамнинг кўзлари очилиб, кўра бошлабди. Бундан севинган беморнинг қариндошлари табибга миннатдорчилик билдириб, совға-саломлар беришибди.

Шогирднинг бир қўшниси бўлиб, анча йиллардан бери кўзининг хиралигидан нолиб юрар экан. У устози каби шуҳрат қозонишни ўйлаб, уни даволамоқчи бўлибди ва олдинги бемор одамга тайёрлагани каби малҳам тайёрлаб, унинг кўзига қўйибди. Лекин эртасига қўшнисининг кўзи умуман кўрмай қолибди. Буни эшитган устоз-табиб шогирдидан қаттиқ ранжиб, шундай деган экан: - "Ҳар бир касал эгасининг ўзига хос касаллик сабаблари бўлади. Уларни атрофлича ўрганиб, кейин дори тайёрланади. Бу эса анча тажрибани талаб қилади. Сен каби шошқалоқлар эса мана шундай кўнгилсизликларни келтириб чиқаради".

Дарҳақиқат, айрим талаба-ёшлар устоз ҳамда ёши улуғ кишиларнинг билган-ўргатганларини чала-чулпа билиб олиб, шошқалоқликлари туфайли уни амалда қўллашда хатоликка йўл қўядилар. Натижада бошқаларга ёрдам бераман деб, зиён етказиб қўядилар.

Аслида инсоннинг билиш жабҳаси чексиздир. Аммо бир инсон учун ҳамма нарсани билишнинг ҳожати йўқ, яъни меъёрга амал қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки, киши истеъмол қилгани билан эмас, хазм қилгани билан яшайди. Бу таъриф нафақат танага, бали ақлга ҳам тааллуқлидир. Инсонга хос барча фазилатларнинг энг муҳими ақл ҳисобланар экан, киши илм ўрганишда шошмашошарликка эмас, сабр ва аниқлик каби жиҳатларга суянмоға лозим. Зеро, мана шундагина унинг илмидан одамлар баҳраманд бўлади, ўрганган илм нурининг чироқлари ўзгалар ҳаётини машъала каби ёритиб туради.

Инсон учун энг муҳими шу эмасми?!

 Сайфиддин ЮЛДАШЕВ, Андижон шаҳри.

«ЎЗИ КЕТАР ЁР-ЁР»

(7- сон) Ҳикоя

Зулхумор кенжатойи Бобурнинг хўл бўлиб кетган сочларини артиб силаркан, оғир "ух" тортди.

- Мен катта бувингларникига тикадиган ишларимни олиб кетяпман. Даданг ишдан келса, айтиб қўй. Укангни ўша ерда ухлатаман. Ақилли бол бўлгин.

Қайнонаси Саодатхон опа бу вақтда неваралари Асилбек ва Муроджонларга ичкари уйда "тарбиявий соат" ўтказарди. Келинининг жаҳл устида ота эшигига кетиб қолганини сезмай ҳам қолди.

Зулхуморнинг кўча дарвозасини тарақлатиб очиб асабий кириб келиши онаси Ҳалима опани сескантирди: "Оббо, яна нима гап бўлдийкин?"

Она-бола ҳол-аҳвол сўрашиб, саломлашишди. Зулхумор бир бошдан: Қайнсинглиси Малоҳатнинг икки ўғли билан келгани, ўғиллари уйда шовқин-сурон кўтарганини ва ҳамма ёқни ивирситишганини, бу ҳам етмагандек кенжатойини велосипеддан йиқитиб, бетон ариққа тушириб юборишганини, Бобурнинг лаби ёрилиб кетганини-ю кейин уни уришганини гапириб берди. Қайнонасининг: "Қизларимнинг боласи шу уйга келса, малол оласиз, ҳеч сиғдирмайсиз", - деган гапларига чидолмаганини айтиб ҳасрат қилди.

- Вой болам-эй, шуни баҳона қилиб, иссиқ ўрнингни совитиб чиқиб ўтирибсанми? - деди Ҳалима опа куюниб.

- Ие, бечора боламни уч ёшга киргизгунимча жигарим эзилиб кетдику! Биласиз, Бобур жуда нимжон, - деди отдан тушса ҳам эгардан тушишни истамаган ўжар Зулхумор.

- Кўп қайсар бўлаверма, - дея она қизини бир оз жаҳлидан туширмоқчи бўлди. - Қизим, битта сенми, бола боқиб қийналган. Майли, ҳозир болангни ухлат. Дам олиб, ўзингни босиб ол. Кечки овқатни эртароқ пиширамиз. Эринг келса, уйда бўлмасанг жаҳли чиқади. Сўрамай, рухсат олмай келганингнинг ўзи катта айбинг.

- Доим ўшаларнинг тарафини оласиз. Кетмайман, хотин керак бўлса, куёвингиз келсин. Боласидан хабар олгани келар. Кейин бирга кетамиз.

- Учта боланг бўлса ҳам, эсинг кирмади, - деди онаси.

Зулхумор хом ўйлаган экан. Ботиржон кечқурун ўғлидан хабар олгани келмади. Ошналари билан ишдан кейин ўтириши бор экан. У ердан ўзи ҳам уйга ярим кечада қайтди.

Онасидан бўлган гапларни эшитиб, "Эртага ўзи келар", дея кўнглидан ўтказди. Лекин эртасига ҳам Зулхумордан дарак бўлмагач, Ботиржоннинг кўнгли оғриди. Энди унинг ҳам ғазаби келиб, тўнини тескари кийиб олди. Аразласа, қачонгача  орқасидан бориб ялиниб олиб келаман. Менинг айбим нима? Э...э... "Ўзи кетган ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр", - деб қўйди. Хотинининг феълини яхши билгани учун, арқонни узун ташлади. Чунки Зулхуморнинг бу кетиши биринчиси эмасди-да.

Шу зайлда кунлар ўтди. Ўртада ўғиллари - Бахтиёр ва Баҳодир икки эшик орасида сарсон бўлиб "гап ташиб" юришди.

- Дадам Бобурни олиб келинглар, деди. Тезда уйга бораркансиз. Дадам тўйга борар экан, кирларини ювиб, шимини дазмол қилиб бераркансиз?

- Ўзи ҳол-аҳвол сўраб, бу ерга келолмас эканми? - дўнғиллади Зулхумор.

Зулхумор эрининг бу чақириғи остида унга нисбатан меҳр-муҳаббати яширинганини, кўз очиб кўрган ёрига нисбатан беэътибор эмаслигини, эрининг соғинганини, кир ювишни баҳона қилиб ҳузурига чорлаётганини ҳис қилса-да, ғуруридан тушмади.

Ботиржон кўп ўйланди. Fалва чиққан ўша куни у ишда эди. Хотинига бир оғиз ёмон гапирмаган бўлса. Онасига қачонгача аччиқ қилади. Учта бола топиб, эр бўлиб ҳурматим, қадрим йўқми.

Эр-хотин иккаласи икки тарафда - ялингандек бўлиб бориб олиб келишга эрнинг ғурури йўл қўймас, хотин ҳам бўйсунгиси келмасди. Ўртада болаларга қийин бўлди.

Бир куни Ҳалима опанинг қишлоқдаги қариндоши тўйга айтиб келди.

- Зулхумор, сен тўйга бормай қўя қол. Қайнонанг, эринг эшитиб қолса яхши эмас. Мен ўғилларингни тўйга олиб бориб, қишлоқни кўрсатиб келаман - деди онаси.

Зулхумор онасининг қаршилигига қарамай уларга қўшилиб тўйга кетди.

Уйда ёлғиз қолган 8 ёшли Бахтиёр тоғасининг уйига кириб сигарет олиб чиқди. Ҳовли этагига ўтиб, ғарамлаб қўйилган сомон панасида ёнбошлаганча сигаретни туташтирди. Шу пайт кўча тарафдан келаётган тоғасининг овозини эшитиб, қўлидаги сигаретни ташладию, ўрнидан туриб кетди.

Тоғасига қўшилиб Бахтиёр ҳам уйга кирди. Тоға-жиян биргалашиб телевизор томоша қилиб ўтиришди. Бирдан қўшни аёлнинг дод солгани эшитилди. Ташқарига югуришди.

Ҳовли этагидаги сомонга ўт кетиб, олов томга туташиб бўлган экан. Ҳамма оёққа туриб, сув ташиб оловни зўрға ўчиришди. Тоғаси Бахтиёрни сўроқ-саволга тутди. "Ҳовли томондан бежо писиб келаётганингда кўнглим хира тортганди!" -деб роса койиб берди.

Тўйдан келган Зулхумор воқеадан хабар топгач:

- Мени ҳеч қаерда тинч ўтқизишмагин, - дея камига у ҳам боласини урди.

- Шу болаларнинг қитмирлиги, ғалвалари жонимга тегди. Ҳеч қаерга сиғмайман. Айбни улар қилади, гапни мен эшитаман, - дея қўлидаги кичкинтойига ҳам дўқ уриб тўшакка ўтқазаркан, - асабийлашди Зулхумор.

Ҳалима опа невараси Бобуржонни тиззасига олиб овутаркан, қизига насиҳат қилди:

- Болам, она бўлиш, болаларни катта қилиб эл қаторига қўшиш осон эмас. Болаларинг кичкина. Уларнинг ғалвасини гапирма. Катта бўлганда фойдаси тегиб ҳам қолар. Тўғрисини айтсам, хафа бўлмагин-у мана мен ҳам, сени болаларингнинг ғалваларига сабр қилиб, чидаб ўтирибман. Битта гапдан қолиб уйингда тинч ўтирганингда уйга ўт кетмаган бўлармиди. Бахтиёрни ҳадеб уравермай, ўзингда ҳам айб борлигини ўйлаб кўр, - деди.

Қудасиникига ўт кетганини эшитган Саодатхон опа ҳеч иккиланмай ҳол сўрагани йўлга тушди. Иккала қуда суҳбатлашиб, ҳасратлашиб ҳам олишди. Зулхумор овқат пишириб қайнонасини меҳмон қилди.

- Қизим, - деди Саодатхон опа, - Уйга кетамиз. Сиз йўқ уйларингиз хувиллаб қолди. Дадаси Бобуржонни роса соғинган. Ҳамманинг ўз уйида тинчигани яхши. Бўла қолинг!

Кетар вақтида онаси Ҳалима опа қизига тайинлади:

- Қизим, бундан буёғига оғир бўл. Кўряпсанми, қайнонанг яхши аёл. Бечора катта бошини кичик қилиб келибди. Лекин доим шундай бўлади, деб ўйласанг хато қиласан.

Зулхумор онасининг айтган сўзларини ҳеч ёдидан чиқармай, бу насиҳатга бир умр  амал қилишга аҳд қилди.

 

Ойдин МАМАДАЛИЕВА.

ГУЛ ЖАМОЛИН ЁПҚОН УЛ ГУЛНИНГ ИКИ РАЙҲОНИДУР

Заҳириддин Муҳаммад БОБУР

 

Гул жамолин ёпқон ул гулнинг ики райҳонидур

 

Гул жамолин ёпқон ул гулнинг ики райҳонидур,

Fунча сиррин очқон ул икки лаби хандонидур.

 

Ул мусалсал икки зулфи гул юзининг даврида,

Гул уза ағнар, магар ул иккининг давронидур.

 

Ўқи захмини кўруб ҳар ён танимда, эл дегай -

Ким, бу кўҳи дарднинг ул лолаи нўъмонидур.

 

Сел эмасдур ер юзин тутқон - кўзумнинг ёшидур!

Раъд эмасдур кўкка чирмашқон - кўнгул афғонидур!

 

Ложарам, бўлғай паришону хавойи мен киби

Зарра янглиғ кимки бир хуршид саргардонидур.

 

Ул пари ишқида, Бобур, қўнглум андоқ телбадур-

Ким, сочи занжиридур, чоҳи зақан зиндонидур.

 

 

МЕҲРИБОН СУЛТОНИ ЙЎҚ

Алишер Навоий ғазалига тазмин

 

Ёрдин айро кўнгил мулкедурур султони йўқ,

Мулким султони йўқ жисмедурур ким жони йўқ.

 

Жони йўқ бўлса агар тан не керакдур ёр учун,

Қилса фарёд, тўксада ёш ғунчалаб жонони йўқ.

 

Fунчалаб жононни ўйлаб кечалар тортсам алам,

Келди ғойибдан овозким: "Йиғлама имкони йўқ!"

 

Йиғламай шоҳона уйларга кириб ётсам ғариб,

Пардаси нозик ипакдин унга меҳрибони йўқ.

 

Унга мехрибони йўқ деб телбалансам боғда мен,

Сабзалар ҳам қилди тазим: лек гули райҳони йўқ.

 

Сабзалардан боғ яратдим жонга рохат бўлсин деб,

Очди ғунча, кулди лола, тергани боғбони йўқ.

 

Йўқ эса боғбони майли, дедилар қилсам сабр,

Сабр ила бардошни билган бир азиз инсони йўқ.

 

Эй, Раҳимий, чекма афсус, эрка қушсан ва лекин,

Қолган умрингни азизроқ меҳрибон султони йўқ!..

 

Олимжон РАҲИМОВ, Асака тумани.

 

 

МЕНИНГ БОБУР БОБОМЛАР

Андижондан йироқда,

Ўз юртини ўйлаган,

Келолмасдан узоқдан,

Юрт меҳрини қўмсаган,

Менинг Бобур бобомдир.

 

Ўзга юртда бўлса ҳам,

Ватанини ўйлаган.

Йўллар олис бўлса ҳам,

Қайтмоқликни кўзлаган,

Менинг Бобур бобомдир.

 

Деҳқон бобо борганда,

Қовун сўйиб берганда.

Ўз юртини эслаб ул,

"Андижоним" деган шул -

Менинг Бобур бобомдир.

 

Оламга донғи кетган,

Ҳам ижод, ҳам жанг қилган.

Ҳинд сорига юзланган,

Илм-фанни кўтарган,

Менинг Бобур бобомдир.

 

Машҳура БОТИРОВА,

Пахтаобод туманидаги 37-давлат  ихтисослаштирилган мактаби 7-синф ўқувчиси.

ҲАЗРАТ БОБУР ИЖОДИДА МУҲАББАТ FОЯСИ

(7- сон)

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди шуни кўрсатадики, у  табиатан мард меҳр-мурувватли, саховатпеша ва кечиримли инсон бўлган. Бобур адолатли ҳукмдор, моҳир саркарда ва олийжаноб инсоний сифатлари билан бирга, ижодида ишқ-муҳаббатни ўзига хос усуллар ва воситалар орқали тараннум эта олган нозик дидли ижоркор сифатида ҳам машҳурдир.

Бобурнинг бизгача етиб келган лирик мероси 4000 мисрага яқин бўлиб, улар ғазал, рубоий, туюқ, қитъа, фард ва маснавийлардан иборатдир.

Шоир лирикасида аёлга бўлган муҳаббат мавзуси, инсоннинг пок севгисини улуғлаш, висол орзуси, вафодорлик мотивлари алоҳида ўрин тутади. Шоир ёр висолига эришишда ҳар қандай қийинчиликларга бардош беражагини таъкидлайди.

Бобур тушунчасидаги севги садоқат, вафодорлик ва олийжаноблик тимсолидир. Шоир ишқ-мухаббатни молу-дунё, мансаб ва барча ҳузур-ҳаловатлардан юқори кўяди. Бобур ўзининг ажойиб ғазалларида жозибадор бадиий воситалар орқали ёр қиёфасини маънан гўзал, хаё ва ибода тенгсиз, мислсиз чиройга эга тарзда тасвирлайди.

 

Жонима ўт солди ул рухсорайи зебо яна,

Кўнглима ул зулф бўлди мояйи савдо яна.

Кўрсатиб рухсори зулфин парий-пайкор манга,

Жону-кўнглимни қилибдур волаву-шайдо яна.

 

Ёр куйиндаги том сенсан манга тушти панох,

Сояйи лутфингни сол, Мун санга келдим то яна.

 

Ёрга қулмен дегач Бобурни расво айлади,

Тангри мендек бандасини қилмасин расво яна.

 

Бобур ишқнинг энг нозик ҳиссиётларини, инсоний севги барқарорлигини куйлар экан,  ёр ҳажрида жамики ҳаловатдан  кечади.

Бобур садоқатли ўғил, меҳрибон ота, содиқ дўст, вафодор ёр ва ғамхўр қариндош эди. У кекса ёшдаги қариндошларининг ҳурматини жойига қўяр, ўз болаларининг ўқиши ва тарбияси, шахсиятининг шакилланишига катта эътибор билан қарарди. Бобур қариндош-уруғларидан меҳр-муривватини аямас, дўстларининг ташвишига ҳамдардлик  билдирар ва қувончларига шерик бўлар эди. Хотинларининг барчасига бирдек эҳтиром кўрсатган.

Ҳазрат Бобурни ёр васли, ишқнинг тотли шароби, ҳижроннинг ўткир тиғини маҳорат билан тасвирлаган буюк ижоркор десак муболаға бўлмайди. Унинг ижодий ғояларини ўрганиш адабиёт хусусан, шеърият аҳли, қолаверса, кўнгли муҳаббат дардига ошно инсонларни ҳамиша ўзига ром этиб  келаверади.

Ниҳола РАҲИМОВА,

Умида СОТВОЛДИЕВА.

Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари.

АСРЛАР ДОВОНИДАН ЯНГРАГАН АШЪОР

(7- сон) Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 534 йиллиги олдидан

Андижоннинг ифтихори, улуғ ўзбек шоири Заҳириддин Муҳаммад Бобур мутафаккир, тарихчи ва давлат арбоби, марказлашган давлат ва бобурийлар сулоласига асос солган буюк шоҳ ва шоир эди.

У ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, географ, ҳарб санъатини чуқур эгаллаган моҳир саркарда сифатида тарихда ўчмас из қолдирган. Қолаверса, инсоний фазилатлари билан комил инсон даражасига эришган шахс ҳисобланади.

Бобур ўз юрти Андижонни бор вужуди билан севган, уни бошқа ҳеч бир ўлкага ўхшамаслиги, бетакрор ва жозибадор эканлигини насрий асарлари, ғазал ва рубоийларида кўп бор такрорлаган, умри давомида ватанини соғиниб, она юртидан олисда, хижрон азобида яшаган. Ватанига бўлган муҳаббати ва эҳтиромини ўз асарларида тараннум этган.

Ана шундай улуғ инсон хотирасига ҳурмат сифатида жорий йил вилоятимизда "Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили" деб эълон қилинди. Бу халқимиз, айниқса, биз ёшлар қалбида улуғ юртдошимиз ижодини янада пухта ўрганиш,  ҳурмат, фахр-ифтихор, Ватанпарварлик  туйғуларини мустаҳкамлайди. Қолаверса, биз ёшларни жаҳон тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган улуғ бобомизга муносиб авлод бўлишга ундайди. Асрлар довонидан ошиб, инсонларни ҳамиша эзгуликка чорлаб келаётган  ашъор - Бобур ижоди биз учун ўлмас маънавий бойликдир.

Хилола БАҲОДИРЖОНОВА,

 

Андижон политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.