+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

«ХОТИРАНГИЗ БИЗ УЧУН АБАДИЙ»

(6- сон)

Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежида "Хотирангиз биз учун абадий" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган коллеж директори Достонбек Ўринов ва    бошқалар биринчи президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий таълим муассасалари барпо этиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг ўз имконият ва салоҳиятларини юзага чиқариш, уларни рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги, ўзига хос миллий тизим шаклланганлигини таъкидладилар.

Шунингдек, улуғ йўлбошчимиз ҳаёти, фаолияти, юртимиз тараққиётини юксалтириш йўлидаги буюк хизматлари ҳақида кенг маълумотлар берилди. Хусусан, биринчи президентимиз раҳнамолигида биргина вилоятимизда кўплаб мактаб, академик лицей ва коллежлар барпо этилганлиги, бу ёшларнинг пухта билим олиши учун хизмат қилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

Тадбир доирасида ўқувчилар  махсус бурчакка ўрнатилган Ислом Каримов портрети пойига гулчамбарлар қўйдилар, у инсоннинг хотирасига бағишлаб ёзган шеърларидан ўқидилар.

Тадбир ўқувчи-ёшлар қалбида улуғ йўлбошчимиз хотирасига бўлган ҳурмат-эҳтиром туйғуларини янада мустаҳкамлади.

 

Муқаддасхон ҚОСИМОВА,

 

коллежнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

ТОЗАЛИК ВА ОБОДЛИККА МАСЪУЛМИЗ

(6- сон) Касбининг фидойилари

Юрт озодалиги, ободлигини таъминлаш шарафли ва савобли иш. Бундай иш билан шуғулланувчи касб эгалари шаънига ҳар қанча таҳсин айтса ярашади.

Азиз юртдош! Ҳар тонг ишга, ўқишга кетар чоғингизда атрофга назар ташласангиз, покизаликдан кўнглингиз равшанлашади, кайфиятингиз кўтарилади. Сизга ана шундай хуш кайфият улашаётган ободонлаштириш хизмати ходимлари аслида оддий, камтар инсонлар. Улар ҳеч қачон меҳнатини миннат қилмайди, чор-атроф, кўчаларимиз покиза бўлса, гулларга бурканса, одамларга, меҳмонларга ҳузур бағишласа, деган ният билан меҳнат қиладиган фидойи инсонлардир.

Айни кунда Миролимжон Мирзаев раҳбарлик қилиб келаётган Олтинкўл тумани ободонлаштириш бошқармасида 212 нафар ишчи-хизматчи ана шундай ният билан самарали ишлаб келмоқда. Уларнинг 45 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Аҳил жамоамиз зиммаларига юклатилган барча ишларни бекаму-кўст адо этаётирлар. Туман ҳудудидаги 745 км. узунликдаги йўллар, 30 гектардан зиёд ҳудуддаги майдон, гузар, кўча ва хиёбонларнинг тозалиги ва ободончилигини таъминлаш учун бириктирилган масъул ходимларимиз ҳар куни, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ўз ишларини кўнгилдагидек уддалаб келишмоқда.

Айниқса, Андижон - Наманган     магистраль йўлининг икки четида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳақида алоҳида тўхталиш керак. Кейинги йилларда йўл четларига экилган минглаб туб гул ва манзарали дарахт кўчатлари бўй чўзиб, кўчаларимизга кўрк бағишламоқда, кўча ва хиёбонлар ўзига хос ёриткичлар билан таъминланганлиги боис улар янада нурафшон бўлмоқда. Бундан ташқари, туманимиздаги 69 та қабристонда ҳам ободонлаштириш ишлари намунали тарзда олиб борилмоқда. Инсонларнинг охирги борар манзили бўлган ана шу масканлар тартибга солиниб, покизалигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамоамизнинг аксарият ишчи ва хизматчилари кўп йиллик иш тажрибасига эга малакали мутахассислардир. Улар бажараётган вазифаларига    сидқидилдан ва масъулият билан ёндашади. Шу боис ҳам барча ишларимиз кўнгилдагидек олиб борилмоқда. Бунда айниқса, Сотқиной Акбарова, Мадинахон Умарова, Минаввархон Абдуллаева, Раҳимахон Акрамова, Нигорахон Узоқова, Қобилжон Ҳасанов, Йўлчибой Қўчқоров, Қўлдошбой Тўраев, Шаробиддин Қосимов, Шуҳратбек Исмоилов, Санжар Ортиқов сингари  фидойи ишчи ва хизматчиларимиз ҳамкасбларига намуна бўлмоқдалар.

Бошқармамиз раҳбарияти ҳамда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан ҳамкасб опа-сингилларимизнинг саломатлигини сақлаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, фаолияти, оиласида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Инсон меҳнати қадрланадиган, тинч ва фаровон, осойишта ва обод юртда яшашнинг ўзи бахт. Шундай юрт равнақи учун оз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан бахтиёрмиз. Мухтасар айтганда, жамоамиз бир жон, бир тан бўлиб, юрт ободлиги, озодалигини таъминлаш йўлида астойдил меҳнат қилади.  

 

Дилдора ТОЖИБОЕВА,

Олтинкўл тумани ободонлаштириш бошқармаси муҳандиси, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИЛАРИМИЗ САФИ КЕНГАЙМОҚДА

(6- сон) Намунали таълим масканлари

Айни кунда Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежида 1100 нафар йигит-қиз олти касб йўналиши бўйича таҳсил олади. Ўқувчиларга ўз соҳасини яхши биладиган, касбининг фидойиси бўлган 65 нафар педагог-ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда. Педагогларимизнинг 35 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Таълим муассасамизда фаолият кўрсатаётган умумтаълим, шунингдек, ижтимоий гуманитар ҳамда маҳсус фанлар кафедраларида таълим сифатини ошириш, дарс жараёнларига илғор педагогик технология ва интерфаол усулларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ўқувчиларга пухта билим бериш ва касб-ҳунар сирларини мукаммал ўргатиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Мавжуд 60 та фан , 57 та махсус ўқув хоналарининг давлат таълим стандартларига мослиги, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланганлиги, шунингдек, махсус лаборатория, лингафон, информатика, мультимедия хоналари, 15 мингдан зиёд китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, спорт зали, ошхона ҳамда ётоқхонанинг мавжудлиги, шу билан бирга, 40 фан тўгараги, 8 спорт секцияси, "Ораста қизлар" тўгараги самарали фаолият кўрсатаётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.  Ўқувчиларимиз яратилган ана шу кенг имкониятлардан тўлиқ фойдаланаётганлиги туфайли барча йўналишлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эришиб келмоқда.

Таълим-тарбия ишлари, касбий билимларни мукаммал ўргатиш борасидаги ишларни намунали ташкил этишда коллежимиз директори Насибулло Мўминов, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Моҳинур Қосимова раҳбарлигида кўп йиллик педагогик тажрибага эга Одилжон Сотволдиев, Альмира Набиева, Абдумуталлиб Юсупов, Собитхон Маматхонов, Дониёрбек Усмонов, Барно Каримова,  Ирода Рустамова, Ниҳола Раҳимова, Анваржон Аҳмедов, Муаззам Каримова сингари қатор ўқитувчиларимиз ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Улар дарсларни қизиқарли, кўргазмали воситалар ва замонавий педагогик усуллар асосида ўтишлари, коллежда ўтказиладиган турли тадбирлар ва жамоат ишларида фаол иштироклари билан ҳамкасбларига намуна бўлмоқдалар.

Таълим муассасамизда ўқувчиларнинг илм олишга бўлган интилиши ва ижодий ёндашишларини қўллаб-қувватлаш, касбий малакани пухта эгаллаш, уларнинг фаоллигини ошириш, истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, кўплаб ўқувчиларимиз ўтказилаётган турли тадбирлар, фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, она тили ва адабиёти фанидан Маҳлиё Комилжонова, Моҳинур Маткаримова, рус тили фанидан Моҳичеҳра Анваржонова, инглиз тили фанидан Мирзоулуғбек Шокиров, физика фанидан Ҳаётбек Телманов, амалий география фанидан Шоҳруҳ Абдумажидов, математика фанидан Моҳларой Эргашевалар фан олимпиадасининг шаҳар босқичида фахрли ўринларни эгаллади. Энди улар фан олимпиадасининг вилоят   босқичида ўз билимларини синовдан ўтказадилар.

Коллежимизда прокуратура, ички ишлар бўлими ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари, отин аёллар, намунали оилалар вакиллари, ҳуқуқшунос ва шифокорлар иштирокида давомат барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, шунингдек, ёшларимизнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мавзуларида ўтказилган тадбир ва давра суҳбатлари ижобий натижалар бермоқда.

Ташкил этилаётган тадбирларда, қолаверса, ўқишда, кийинишда, интизом ва давоматда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналиши 1- босқич 492- ва 3- босқич 468-  гуруҳлар, кенг ассортиментдаги кийимлар модельер-конструктори йўналиши 2- босқич 485-, 486-гуруҳлар, 3- босқич 472- гуруҳ ўқувчилари тенгдошларига намуна бўлмоқдалар.

Айниқса, коллежимизда "Ораста қизлар тўгараги" фаолияти самарали олиб борилмоқда. Тўгарак  машғулотларида қизларга оилавий ҳаёт, оиланинг муқаддаслиги, бекалик сирлари, соғлом турмуш борасида кенг билим ва тушунчалар берилмоқда. Шунингдек, ўқувчиларнинг кийиниш маданияти, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда спорт ва фан тўгараклари фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Ёшлар бизнинг келажагимиз, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ўз ишининг етук мутахассиси, баркамол, мустақил фикрли, юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялаш, ўқувчиларимиз, айниқса, ўқувчи қизларимиз ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бизнинг муҳим вазифаларимиздан биридир.

 

Гулчеҳра МЎМИНОВА,

коллеж хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси,

Умидахон СОТВОЛДИЕВА,

 

коллеж ўқитувчиси.

ФАН ОЙЛИГИГА БАFИШЛАНДИ

(6- сон)

Маълумки, умумтаълим мактабларида "Январь - тарих ва ҳуқуқ фанлари ойлиги" деб эълон қилинган. Ойлик доирасида мактабларда кўплаб тадбирлар ўтказилди.

Андижон туманидаги 18-умумтаълим мактабида ҳам "Аждодларимиз мероси - буюклик рамзи" деб номланган кўрик-танлов ташкил этилди. Унда мактабнинг 7- синф ўқувчилари деворий газета тайёрлаш, савол-жавоб, эркин мавзу ва  "Қишлоғим тарихи" деб номланган тўрт шарт асосида ўз билимларини синовдан ўтказдилар.

Якуний натижаларга кўра, 7 "Д" синф ўқувчилари 1-ўринни қўлга киритди. Бу каби тадбирлар ёшларнинг тарих фанига ҳамда юртимиз тарихига бўлган қизиқиш ва билимларини оширишга, ўқувчилар қалбида қадим тарихимизга, она Ватанимизга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Танловнинг ғолиб ва совриндорлари мактаб маъмурияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Элмурод АБДУЛЛАЕВ.

ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДАГИ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР

(6- сон)  

Андижон тиббиёт коллежида Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият-тарғибот маркази  шаҳар бўлими, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар кенгаши ҳамкорлигида "қизлар тарбиясидаги долзарб масалалар" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Маънавият тарғиботчилари, халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутатлари, шифокорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган мазкур тадбирда ёшлар, хусусан қизлар тарбияси, бу борадаги муҳим вазифалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда "Оилаларда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар", "Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва хуқуқбузарликнинг олдини олиш", "Эрта турмуш  ва эрта туғруқнинг салбий оқибатлари", "Оммавий маданият"нинг тарбияга таъсири"  мавзуларида  маърузалар ўқилди.  Маърузалар, умуман, ана шу йўналишдаги ишларни ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш юзасидан  Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Қосимова,  вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар мактаби" раиси Замирахон Тиллаева, АДТИ қошидаги академик лицей маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, шаҳар Кенгаши депутати Муаззам Ваққосова, "Камолот" ЁИҲ шаҳар Кенгаши раиси Файзулло Дадажонов, Андижон шаҳар маънавият-тарғибот маркази раҳбари Бегойим Нуриддинова, шифокор Моҳирахон Аҳмедовалар ўзларининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Шунингдек, тадбирда оилалардаги ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар, асосан қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, эрта туғруқларнинг олдини олиш, оилаларда қайнона-келин муносабатларини яхшилаш юзасидан ҳам  фикр-мулоҳаза, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Ушбу давра суҳбати иштирокчилар, айниқса, ўқувчи қизларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини бойитишга хизмат қилди.

Махзуна ҲАКИМОВА.

 

Андижон тиббиёт коллежи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

ЮРТБОШИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

(6- сон)

Андижон давлат университети педагогика факультетида "Юртбошимиз ёди абадий" деб номланган  маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбирда факультетнинг бошланғич таълим спорт ва тарбиявий ишлар таълим йўналиши ўқитувчи ва талабалари иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар биринчи Президентимиз ҳаёти, фаолияти, айниқса,   Юртбошимизнинг ёшлар камолоти, уларнинг пухта билим олишлари учун улкан имкониятлар эшигини очиб берганлигини  алоҳида эътироф этдилар.  Президентимиз портрети пойига гуллар қўйилди.

Тадбирда 201- гуруҳ талабалари томонидан юртбошимиз хотирасига бағишланган шеърлар ўқилди, у инсон раҳномолигида ёшлар маънавиятини юксалтириш, олий таълим тизимида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар акс этган сахна кўринишлари, видеороликлар намойиш этилди.

Университетнинг барча факультет ва гуруҳларида ўтказилган бу каби тадбирлар орқали И.Каримов хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди.

Сурмахон ИСМОИЛОВА,

 

АДУ ўқитувчиси.

"МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОН АСОСЧИСИ"

(6- сон)

"Водийгазтаъминот" унитар корхонаси Андижон шаҳар филиалида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб "Мустақил Ўзбекистон асосчиси" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Корхона ишчи-хизматчилари иштирокида ўтган тадбирда филиал директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Л. Жалилов сўз олиб, биринчи Президентимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, у кишининг ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ишлар хусусида гапирди.

Шундан сўнг иштирокчилар томонидан юртбошимизнинг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борган эзгу ва хайрли ишлари ҳақида  фикр ва мулоҳазалар айтиб ўтилди.

Ушбу тадбир биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотираси, унинг номи ҳамиша   барҳаёт эканлигини амалдаги ифодаси бўлди.

Гулмира ИКРОМОВА,

 

Андижон санъат коллежи ўқувчиси

Гулдан кўйлак кийгазган чаман

Қўлларимни кўтариб кўкка,

Юрагингга яқинлашаман.

Эй, жонимни яратган ўлка,

Гулдан кўйлак кийгазган чаман.

 

Мусичанинг полапонидай

Шўхлик билан потирлаб ўсдим.

Йиқилсам гар юзимдан ўпиб,

Эркалади, тупроғинг - дўстим.

 

Шамол билан кездим далангда,

Тоғлар билан сирдош тутиндим.

Вужудингга кузги жалангга,

Синггиб кетди шўхликларим жим.

 

Гулдай асраб, гулдай эркалаб,

Отамдайин ҳеч олмадинг тин.

Қўлларимга кўзмунчоқ тақиб,

Ўзинг мени улғайтдинг, замин.

 

 

Эъзоза ОБИДЖОНОВА, Марҳамат тумани.

ОЛТИН ХОНИМ ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАР ҚОЛДИРГАН ҲАЙКАЛМИ?

(5- сон) Дунё мўъжизалари

Шимолий Урал тоғларининг қоқ марказида Мань пупу текислиги деб аталувчи сирли жой бор. Маҳаллий манси халқи бу ерни "Маъбудлар тоғи" деб атайди. Бу ном бежизга қўйилмаган. Чунки бу ерда еттита баланд тош ҳайкал бор. Қадимги манси афсонасида айтилишича, бу ҳайкаллар етти нафар улкан паҳлавонларга тегишли бўлиб, улар вогуллар деб аталувчи халқ билан жанг қилишга кетаётиб тошга айланиб қолишган.

Урал тизмасидан ғарбда жойлашган Койп тоғи томонга қаралса, қўрқинчли қиёфага эга аёл тасвири намоён бўлади. Айтишларича, у Шимол халқларининг маъбуди бўлган Олтин хонимни ҳақоратлагани учун жазоланган шаман аёл эмиш. Афсоналарга кўра, Олтин хоним Урал тоғи орқали ўтаётганида, ўзини тоғларнинг ҳукмдори деб билган шаман аёл унинг йўлини тўсади. Олтин хоним бор овози билан қичқирганида, атрофдаги барча жонзот ҳалок бўлади, шаман эса ерга йиқилади ва тошга айланиб қолади.

Олтин хоним ҳақидаги илк битиклар 1538 йилги Новгород солномасида учрайди. Солномада Стефан Пермский исмли миссионернинг фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. У қадимги саждагоҳлар ўрнига черковлар қуриш билан шуғулланади. Солномада у илгари ҳайвонлар, дарахтлар, олов ва Олтин хонимга сиғинганларни христианликка даъват қилгани битилган.

Манси халқида бу маъбуд қандай пайдо бўлган? Аксарият олимлар у Сорни-эква маъбуди эканлигини айтишади. Манси тилидан таржима қилинганда, бу исм "олтин аёл" маъносини билдиради.

Уфолог Станислав Ермаковнинг фикрича, Олтин хоним ҳайкали ўзга сайёраликлар томонидан ташлаб кетилган.

Уралда яшовчи буғубоқарлар атрофи ўрмон билан ўралган Манья-Тумп тоғи яқинига боришмайди. "У ерга бориш мумкин эмас. Борган инсон ҳалок бўлади. Ота-боболаримиз у ерда Олтин хоним яшашини айтишган. У қичқирганда барча жонзот ҳалок бўлади", дейишади улар.

Манья-Тумп ва Койп тоғлари орасида яна бир жой бор. Бу Отортен тоғи бўлиб, Уралнинг энг баланд нуқтаси ҳисобланади. 1959 йилда Урал политехника институтининг моҳир чанғичилари бу ерда ҳалок бўлишган. Уларни қидиришга чиққан қутқарувчилар йиртилиб кетган чайла ва қорда ётган жасадларга дуч келишган. Ҳалок бўлганларнинг барчасининг юзларида даҳшат ифодаси қотиб қолганди.

Фожиа сабабини ўрганган комиссия аъзолари бундай даҳшатли ўлимга ўта кучли инфратовуш сабаб бўлган деган хулосага келишган. Бундай ўлдирувчи инфратовушни ким чиқариши мумкин? Балки Станислав Ермаков айтган роботдир?

Бу саволга Торир Хунд исмли сайёҳнинг кундалигидан жавоб топиш мумкин. У шундай деб ёзади: "Биз мудраб ётган ўрмон бағридаги ибодатхонага етиб келдик. Дарвозадан ошиб ўтдик. Карли ҳам шундай қилди. Ичкарида олтин кўп экан. Кейин эса улкан ҳайкални кўрдик. Олтин қопланган бу ҳайкалнинг бўйнида катта тилла занжир бор эди. Карли занжирни узиб олди.

Аммо бойликларни олиб кетолмадик. Ибодатхонани қўриқловчилар келиб қолишгач, қочишга мажбур бўлдик. Улкан тилла ҳайкал ва унинг атрофидаги барча бойликлар қолиб кетди".

Бу олтин ҳайкал ҳозир қаердалигини ҳеч ким билмайди. Олтин хоним яширилган жойни инсон оёғи етиши қийин бўлган Об дарёсининг қуйи қисмида, Иртишнинг юқорисида ёки Путоран дарасида, деб тахмин қилишади.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРДА НИМАГА КЎПРОҚ АҲАМИЯТ БЕРИШ КЕРАК?

(5- сон) Оила сирлари

Бугун арзимаган сабаблар туфайли айрим оилаларнинг бузилиб кетаётганлиги жамиятимиздаги оғриқли муаммолардан биридир.

Сир эмаски, миллатимиз вакиллари қадимдан жуфтига садоқат билан умргузаронлик қилган, оиласининг яхшисини ошириб, ёмонини яшириб пиру-бадавлатлик мақомига эришган. Момоларимиз хотин қўйган эркакка қиз узатишни шармисорлик деб билган, ажрашган эркаклар оила қурмаган қизларга оғиз солишга журъат қилмаган. Минг афсуски, бугунги кунга келиб ана шу ўзбекона андиша-ю орга путур етиб, ҳатто икки-уч марта хотин қўйган эркакларнинг қизларга уйланиш холатлари оз бўлса-да учрамоқда.  Ажрашган эркакнинг ортида қолаётган икки-уч бола, "турмуши бузилган"  деган тамға пешонасига ёпишган аёл турли муаммолар гирдобида яшашга мажбур бўлмоқда.

Айрим кишиларнинг оилавий ҳаётга енгил қараши оқибатида жуфтлар муносабати ҳам дарз кетган шишадек мўрт бўлиб қолмоқда, айрим оилалар парокандаликка юз тутмоқда. Бу эса айни пайтда оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш борасида жиддий ишларни олиб боришни тақозо этади.

Эр-хотин муносабатларининг босқичлари

Ҳар бир эр-хотин оилавий ҳаёт давомида турли босқичларни бошидан кечиради. Психологлар уларни қуйидаги беш даврга ажратган. Демак,

Муҳаббатга тўла дамлар. Оилавий турмушнинг илк дамлари. Севги-муҳаббатга лиммо лим тўлган даврлар. Жуфтлик бир-бирининг ҳуснига боқиб тўймайди. Совғалар, гуллар ва меҳр-муҳаббат оилавий ҳаётнинг дастлабки бир-икки йилида авжга чиқади. Энг қизиғи, бу даврда эр-хотин бир-биридан туйғу таъма қилмайди. Яъни, бир-бирларини яхши кўради, қадрлайди, меҳр беради.

Мослашиш ёки кўникиш   босқичи. Жуфтлик бир қанча вақт бирга яшаган, бир-бирига бўлган қизиқиш, эҳтиёжи бироз сўнган. Бирининг феъли иккинчисига малол келади. Энди қадр-қиммат деган тушунчалар юзага келади. Турмуш ташвишлари муҳаббат оловига сув пуркайди. Ўртада турли келишмовчиликлар юзага келади. Айнан мана шу давр улардан сабрли бўлишни тақозо этади.

Муроса босқичи. Юқоридаги ҳолатдан эсон-омон ўтиб олган эр-хотин энди бири бирига ён беришга, келишиб, муроса қилиб яшашга интилади. Ўртада фарзандлар бор, ажрашиш билан муаммо ечим топмайди. Яна ким биландир ҳаммасини бошидан бошлаш, эндигина ҳаёт оқимига мослашган туйғуларини янгилаш кўпчиликка хуш ёқмайди ва эр-хотин оила саҳнасида ўзига теккан ролни бажаришда давом этади.

Одатийликдан зериканлик босқичи. Оилавий муносабатларда эҳтирос ва муҳаббат сусайган давр. Эр-хотин бир-биридан зерикади. Шундай пайтда айрим табиати енгилроқ кишилар кўчадан "саргузаштли муҳаббат" излай бошлайди.

Мукаммал оила. Юқоридаги тўрт босқични ақл ва идрок билан ҳиссиётларини енгиб ўтган жуфтлик оилавий ҳаётнинг бешинчи босқичида кўпга ибратли оила бўла оладилар. Энди бу эр-хотинлар севги-муҳаббатга ёпишиб олмай, оила муқаддаслигини онгли равишда англаб етган ва никоҳ риштаси муҳаббатга эмас, меҳрга асосланиб боғланишини ҳис қилган бўладилар. Бу даврга келиб, жуфтлик бир-бирини ҳурмат қила бошлайди, бир-бирига билмаганини ўргатади ва энди ёнидаги шундай инсонни  йўқотишдан хавотирланади.     

Оилавий инқирозлар даври

Оилавий инқироз - муносабатларнинг янги даврга ўтишига тўғри келади. Таъкидланганидек, эр-хотин оилавий муносабатларнинг бир неча босқични бошдан ўтказадилар ва бу пайтда кимдир жуфтига ён беради, яна кимдир оиласини сақлаб қолиш учун севган ишидан кечади. Хуллас, бу жараёнлар босиқлик билан ҳал этилгунига қадар оила бир қанча таназзул даврини бошдан кечиради. Оила руҳшунослари оилавий муносабатларни ҳам  бир неча даврга бўлиб чиқишган:

- Оилавий ҳаётнинг илк йили - эр-хотин бир-бирининг феъл-атворини ўрганиши ва рўзғор тутуми, оилавий қоидаларни барпо қилиш даври.

- Турмушнинг 3-5 йиллари - илк фарзанднинг туғилиши, уй-жой, иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ва оилада нафақат эр ёки хотин, эндиликда ота ва она ролидаги вазифаларни тақсимлаш ҳамда уларни масъулият билан бажаришни ўрганиш жараёни.

- Оилавий ҳаётнинг 7-9 йиллари - болаларнинг улғайиши, турмуш ташвишлари оқибатида жуфтлик ўртасида романтиканинг йўқолиши ва эр-хотиннинг одатий, мажбурият юзасидан кундалик муносабатга кўниккан давридир.

- Турмушнинг 15-20 йиллари - болалар улғайган. Фаолиятда ўсишлар ва ўзгаришлар, яхшигина ютуқлар қўлга киритилган. Бу ҳолатда баъзиларнинг оилавий ҳаётида маъно  йўқолгандай бўлади. Қолаверса, ёши ҳам қирқ-қирқ бешларга бориб қолган жуфтликнинг ҳар иккиси руҳият билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин.

Хиёнатдан сақланиш  керак

Бу - энг нозик масала. Аввало никоҳни муқаддас билиш, хиёнатдан сақланиш инсоннинг ахлоқ тушунчалари ва дунёқарашига боғлиқ. Қолаверса, инсон руҳиятида шаҳвоний нафс мавжуд ва бу истакни ҳамма ҳам ақл билан бошқаролмайди. Оилавий ҳаётда жуфтлар жинсий муносабатда ҳам бир-бирларининг кўнглини оғритмасликлари лозим.

Айниқса, жуфтидан қониқиш, ўзига нисбатан ишончсизлик, жуфтининг турмуш ўртоғини назарига илмаётгандек туюлиши, ўрталарида руҳий яқинлик мустаҳкам бўлиш билан боғлиқ жиҳатларига жиддий эътибор қаратишлари муҳимдир.

Инсон оилавий муносабатларда ўзига зарур бўлган нарсалар: севги, муҳаббат, ҳурмат, ишонч каби туйғуларни ўз жуфти, оиласидан тополмаса,      бошқа жойдан излашга тушади. Оилада бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун аввало, кўнгил яқинлигини бир-биридан топиши ва жинсий муносабатларга тирикчилик муаммоларининг дахл қилишига йўл қўймасликлари керак.

Оила мустаҳкамлиги кимга ёки нимага боғлиқ?

Оилани мустаҳкамлаш, никоҳни сақлаб қолиш - фақат бир кишининг иши эмас. Бунинг учун эр ва хотин бирдай масъулиятни ҳис этиши зарур. Бир-бирининг фикрини ҳурмат қилиш, муроса билан муаммоларни ҳал этиш ва ён беришда оилавий ҳаётнинг бахт калити яширинган.

Демак, низоларни бартарф этишда мулоҳаза билан иш юритиш лозим. Ҳеч қачон жуфтингизни бировнинг хотини ё эри билан солиштирманг. Ҳамманинг ўзига хос айби, камчилиги бўлади. Ахир, ўзингиз ҳам мукаммал инсон эмассиз-ку? Fазабингиз қайнаб, жаҳлингиз танангизга сиғмай қолаётганида ҳам жуфтингизни ҳақорат қилманг. Ўз масъулиятини ҳис қилган инсон, бурчини унутмайди. Бурчини унутмаган инсон   ишончни оқлайди. Ишончга муносиб инсон эса, албатта, меҳр-муҳаббат билан тақдирланади.

Оилавий ҳаётда бахтингиз бекам, меҳр-муҳаббатингиз бардавом бўлсин.

 Умида АДИЗОВА.