+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОНА МЕҲРИ

Эҳтиром

Инсон учун она меҳридан улуғ ва азизроқ нарса йўқ. Ана шу меҳр яхши ва ёмон кунларимизда бизга куч ато этади, умид билан яшашга ундайди.

- Майли, қизим яхши етиб олинглар, ҳаммаларига мендан дуо-саломимни етказгин. Катталарни ҳурмат қилгин, қадр топасан, - дея Гулсум хола қизини ўз уйига кузатаркан, ширинтой набираларининг ҳам қўлчаларидан ўпиб қўйди. Яна кўнгил узолмай, «Дамас» машинаси одамлар билан тўлгунча кутиб туришни баҳона қилди.

- Узоққа қиз берибсиз-да, ўргилай?! - деди бир йўловчи онахон.

- Тақдирдан айланай, энди иккинчи қизимни ҳам ёнига олиб кетишади. Қудаларим инсоф-диёнатли одамлар. Шунинг учун синглисини ҳам ўзига овсин қилиб узатяпмиз,- дея Гулсум хола табассум қилди.

- Ҳа, ўзингизнинг катта қизингиз яхши эканки, синглисини ҳам келин қилишмоқда, менимча, бўлмасам, бошқа ердан келин излашармиди, тўғрими, - дея онахон боласини кўтариб турган ёш келинга қаради. Шу пайт икки ёш қиз келиб машинага чиқишди. Қизлар машинага ўтираркан она улардан илтимос қилди:

- Жон қизларим, мана шу опангиз манзилга етганда ёрдамлашиб юборинглар, сизлардан илтимос, болалари билан қийналиб юрмасин, - дея умид билан уларга тикилди.

- Хўп бўлади, холажон, хавотир олманг, уйигача олиб кириб қўямиз, - деб қизлар жавоб қайтаришди.

Аёл ҳали кетиб улгурмаган қизини яна соғинишини ўйлаб, кўзи намланди. Буни билинтирмаслик учун кўзларини яширди. Ҳайдовчи машинага ўтирди.

- Хўп, эсон-омон етиб олинглар, етиб олиб қўнғироқ қилиб қўйгин, қизим.

Ниҳоят, машина юриб аста олислай бошлади. Она улар ортидан кузатганча бир зум ўйланиб қолди.

Аслида она меҳри шунчалар буюк ва улуғ бўларканки, буни англаб етиш учун баъзан бир инсоннинг умри ҳам етмайди. Оналаримизнинг диллари шундай соф ва беғуборки, уни оддий сўз билан таърифлаш мумкин эмас. Улар дунёдаги, ҳаётимиздаги энг яқин инсонимиздир. Биз ҳам улар учун энг қадрдон инсонларимиз. Шундай экан, оналаримизни борида қадрлайлик, улардан бор меҳримизни аямайлик!

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

Жалақудуқ тумани.

"Ёшлар кутубхонаси" ташкил этилди

Ибратли ташаббус

Андижон давлат чет тиллар институтининг талабалар ётоқхонасида "Ёшлар кутубхонаси" ташкил этилди.

Маълумки, юртимизда талабаларнинг пухта билим олиши, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан талабалар ётоқхоналарида истиқомат қилаётган ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида "Китоб карвони"  лойиҳасининг амалга оширилиши ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

Лойиҳа доирасида вилоятимиз олий таълим муассасалари талабалар ётоқхоналарида "Ёшлар кутубхонаси" ташкил этилиб, уларга замонавий ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўз ичига олган 50 турдаги  китоблар жамланмаси топширилди.

Айни кунда ёшлар ўртасида севиб ўқилаётган қатор китобларнинг ётоқхоналаримиз кутубхоналарига тақдим этилганлиги биз - талабаларни беҳад қувонтирди. "Китоб карвони" лойиҳаси ётоқхонада яшовчи талабаларга қулайлик яратиш билан бирга, китобхон ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.  

Лойиҳа доирасида институтимиздаги иккита талабалар ётоқхонаси кутубхонасига 200 нусха китоб тақдим этилди.

Энди институт кутубхонаси ёки вилоят ахборот-кутубхона марказига бориб юрмасдан ётоқхонанинг ўзида ташкил этилган "Ёшлар кутубхонаси"дан сара  китобларни олиб ўқишимиз мумкин. Бу албатта, бизга катта қулайлик яратади, вақтимизни тежаш имконини беради.  

Умуман, лойиҳа доирасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Андижон вилоятидаги 6 та олий таълим муассасасининг 15 та талабалар ётоқхонасига 1 минг 500 дона китоб ҳамда 30 дона QR кодли стенд тақдим этилди.

Рисолат ОЧИЛОВА,

Андижон давлат чет тиллари институти француз тили таълим йўналиши талабаси.

ЯХШИЛИК ЯХШИ

Ҳаёт - ибрат мактаби

Дунёда яхшилик бор экан, диёнат, инсоф яшайверади. Инсон умри давомида кимгадир эзгулик соғинса, унинг қийин кунларида ёрдам қўлини узатса, дардига малҳам, ташвишига шерик бўла олса, демак, у бекор яшамабди. Қилган яхши амаллари билан одамлар дилида абадий қолади, ўзидан яхши ном қолдира олади.

Имонли инсон қўлидан келганча одамларга яхшилик қилади. Тили ва иши билан бировга зиён етказмайди. Билмайин бирор хатога йўл қўйса, уни дарҳол тўғрилашга интилади.

Яқин бир танишим бор. Унинг юзидаги нур, кўзидаги меҳр яхши ишлари билан яна-да зиё сочади. Дилоромхонни таниганлар унинг сахийлигига, оқибатлилигига, инсоний фазилатларига ҳавас билан қарайдилар. Дўсту яқинларидан, ҳатто бегоналардан ҳам энг оғир вазиятларда ёрдамини аямайди.

Камхаржроқ дугонамиз тўй қилди. Қиз узатишнинг ўзи бўлмайди. Ҳамма ота-она ҳам эл қилганини қилгиси келади. Фарзандининг ўксинишини истамайди. Дугонам ҳам етиниб-етинмай сарполарни қилишга уринарди. Бироқ қизнинг бир камини тўлдиргунча, яна бир кам-кўсти кўринарди. Мебелгаку хали ортинганича йўқ. Дугонам қизига уларни тўйдан кейин олиб беришларини, ҳозирча имкониятлари етарли эмаслигини тушунтиришга уринар, бўлажак келинчак эса тушунишни истамасди. Бу кўнгилхираликка олиб келарди.

Шундай қийин бир даврда Дилоромхон билан суҳбатлашиб қолдим. У дугонамизнинг қандай камлари борлиги ҳақида билишни истади. Тўй харажатлари аста-секинлик билан бўлаётгани, бироқ мебель тўғрисида муаммо чиқаётганини айтдим. Дилоромхон ўйланиб турди-да, ётоқхона мебелларини тўёна қилишини айтди. Бироқ буни у қилганини ҳеч ким билмаслигини истади. Сабабини сўрадим.

- Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, дейилади ҳадисларда. Мен буни одамлар билиши учун қилмоқчи эмасман. Фақатгина ёрдамга муҳтож бўлган одамга чин кўнгилдан ёрдам бермоқчиман. Эртага уларнинг манзилини бериб, тўёна дея икки энлик хат ёзиб, бозордан тўғри уйларига жўнатаман. Сиздан илтимос, бу ҳақда ҳеч кимга айтманг. Эҳсон айтиб қилинса, ўз қадрини йўқотади, - деди Дилоромхон. Мен рози бўлдим.

Дугонамиз тўйдан кейин ҳам анча вақтгача яхши бир одамнинг жуда оғир вазиятда ёрдам бергани, фақат ўзини таништирмагани, ундан бир умр миннатдор экани ҳақида гапириб юрди, уни дуо қилишдан чарчамади.

Дарҳақиқат, орамизда мана шундай олиҳиммат инсонларнинг борлиги ҳаёт синовларини енгишимизга кўмак беради. Яхшилик барибир яхши эканини ёдда тутишимизга ундайди.

Оқибатхон МАДАМИНЖОН қизи,

Булоқбоши тумани.

Камтар, сахий ва бағрикенг устоз

Тўйхат ўрнида

Назиржон ака билан бундан қарийб ўттиз йил аввал илк бор танишган эдим. Нуфузли даргоҳда, нуфузли инсонлар даврасига тушиб қолганимдан бироз хижолатда қолгандим.

Устоз дўстона суҳбат асносида белгиланган вазифаларни ишчанлик руҳида изоҳлар экан, бошқалар қатори менга ҳам исми шарифим билан мурожаат қилиб, ўз тавсияларини берди, айрим масалалар юзасидан фикримни сўраган бўлди.  Шундай раҳбар, ажойиб журналист билан ҳамкасб бўлганимдан ғурур туйдим ўшанда. Узоқ йиллик устоз-шогирд муносабатларимиз давомида серқирра фазилатларини янада чуқур идрок этиш учун ҳаётий мисоллар кўп бўлган.

Тақдир томонидан баланд толе, баракали ризқ ато этилган Назиржон Саидов Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида деҳқон оиласида туғилди. Мусаффо қишлоқ тафти билан йўғрилган орзу-умидларга тўла беғубор қалб соҳибини олдинда катта ҳаёт йўли кутиб турар эди. Ярим асрдан зиёд ҳалол меҳнат эвазига маҳалладошлари, ҳамкасблари, жамоатчилик эътиборини қозониш, билдирилган ишончни оқлаш, инсонлар корига яраш, қисқаси, эл оғзига тушиш замирида катта масъулият ётади, албатта.

Назиржон Саидов ижод  завқини 1970 йилда туманнинг "Коммунизм тонги" газетасида юқтирган куйи журналистика дунёсига кириб келди. Қўли тўрт, оёғи олти бўлиб туман ҳаётини ёритишга бел боғлади. Гоҳ пиёда, гоҳо велосипедда қайноқ нуқталарда пайдо бўлар, замон руҳини акс эттиришга интилар эди. Ҳаш-паш дегунча анча сувлар оқиб кетди, битган сатрлари равонлашди. Тошкент давлат университетини сиртдан тамомлади. Амалий тажриба назарий билимлар билан уйғунлашди.

Хуллас, газетачиликнинг барча поғоналаридан юқорилаб бораётган ёш мутахассисни Олтинкўл тумани ижрокўмига муовин этиб тайинлашди. Бу орада улкан мамлакатда қайта қуриш сиёсати авж олиб,   бошқарув издан чиқа бошлаганди. Тумандаги энг илғор "Олтинкўл" жамоа хўжалиги ҳам бошбошдоқлик касалига чалинди, кўрсаткичлар орқага кетди. Вазиятни ўнглаш учун ижроқўм раиси муовини сафарбар қилинди. Қисқа муддатда хўжалик оёққа турди, аввалги нуфузи тикланди.

Эркни қайтарган Истиқлолни ҳар ким ҳар мақомда кутиб олган. Назиржон ака чекига эса ўша кезларда туманни бошқариш вазифаси тушганди. Партия қўмитасининг биринчи котиби, айни дамда халқ депутатлари туман Кенгаши раиси ўз ҳудудида ўз ваколати доирасида эски тузумдан янгисига беталафот ўтишни, нафақат иқтисодий, балки руҳий барқарорликни таъминлашда жонбозлик кўрсатди. 1992 йили мустақил республикамизда маъмурий-сиёсий бошқарув соҳасида ҳокимлик тизими жорий қилинди. Олтинкўл тумани биринчи раҳбари лавозимига номзод илк бор бевосита халқ томонидан муқобиллик асосида тайинланадиган бўлди. Якунда кўпчилик ёқлаб чиққан Назиржон Саидов ҳоким сифатида эътироф этилди. Ҳа, ишониш қийин, аммо шу   даврда мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига жалб қилмасдан Олтинкўл тумани режани республикада илғорлар қатори уддалаган. Бундай дадил қарор раҳбарнинг қатъиятлилигидан, қишлоқ аҳли оғир-енгилини яхши англашидан далолат эди.   

1993-1999 йилларда эса устоз Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари вазифасида ҳудудни ижтимоий ривожлантиришга масъул бўлди. Унинг маҳаллий давлат бошқаруви соҳасига шу тариқа ихтисослашуви ижодкорлар учун беиз кетмади. Журналист эканлиги бошқа тармоқлардан етишиб чиққан раҳбарларни ҳам оммавий ахборот воситаларига эътибор билан қарашга ундар эди. Таълим, соғлиқни сақлаш, маънавият, маданият ва спорт каби ўнлаб соҳалар қатори қалам аҳлини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, турли кўрик-танловлар ўтказиш, ёш иқтидорларни кашф этиш ишлари тизимли равишда олиб борилди.

Олий Мажлис иккинчи чақириғи депутати, қатор чақириқлар вилоят ва туман кенгашлари депутати сифатида миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳисса қўшди, ҳудудлар ривожи, сайловчилар манфаати йўлида самарали иш олиб борди.

Чўққини забт этган чемпионга ҳавас билан боқамиз, ҳолбуки бунинг учун спортчи кўп тер тўккани парда ортида қолади. Худди шу каби устознинг ҳаёт йўлини сарҳисоб қилар эканмиз, одатда ютуқлар ёдга олинади. Аслида эса тақдир сўқмоқлари ҳеч қачон равон бўлмаган. Масъулиятли, ҳатто қалтис дамларни бошдан кечиришга, омма орасига дадил кириб боришга тўғри келган. Бундай ҳолларда устоз ҳамиша қалбига қулоқ тутганлиги бор гап.

 Инсонийликни, меҳр-оқибатни унутмаслик фалсафаси Назиржон акада эл ардоқлаган улуғ инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш асносида янада сайқалланди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, Қирғизистон ва Қозоғистон халқ ёзувчиси Чингиз Айтматов сингари қатор дарғалар билан бўлган дилкаш мулоқотлар бир умрга ёдда қоладиган воқеаларга бой.

Қалам билан оила тебратиш нималигини жуда яхши тушунган журналист вилоят "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталарига бош муҳаррирлик қилган йилларда жамоа учун барча шароитларни яратишга, ижодий муҳитни янги даражага кўтаришга алоҳида эътибор қаратди. Инсон қадрини улуғлаш тамойилини маҳкам тутган Н. Саидов ҳамкасблари, соҳа фахрийларини йўқлаб туришни шогирдларига ҳам ўргатди. Айниқса, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида раис ўринбосари бўлиб ишлаган, кейинчалик Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимини   бошқарган даврда устознинг ана шу фазилати янада намоён бўлди. 

- Назиржон Саидовни соҳа фидойиси сифатида яхши биламан, - дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳузуридаги фахрий журналистлар кенгаши раиси Шерзод Ғуломов. - Уюшмамизнинг Андижон вилояти бўлимини бошқарган даврда у киши билан яқиндан ҳамкорлик қилганмиз. Ҳалол ва бағрикенг инсон нафақат вилоятда, балки республикамизда ҳам обрў-эътибор қозонган. У киши бош қўшган ҳар қандай тадбир ўзгача файз билан самарали ўтар эди.

- Ҳалоллик, фидойилик, инсонпарварлик, ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш... Назиржон Саидовнинг ҳаёти ва фаолиятининг асоси бўлиб келмоқда, - дейди таниқли ижодкор, "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат. - Бу инсон қайси мансаб-мартабада бўлмасин, оёғи ердан узилгани йўқ. Яхшилик, эзгу ном кишидан қоладиган энг катта хазина эканини чуқур англайди. Шу маънода унинг йўл-йўриғи, кўмаги билан қанчадан-қанча ёшлар ҳаёт сўқмоқларида адашмай, ўз йўлини, ўрнини топди. Бугун ҳам навқирон авлоддан ўз ёрдамини аямай, бор билим-салоҳиятини, тажрибасини баҳам кўриб келмоқда.

Назиржон Саидовни устозлик мақомининг энг баланд даражасига кўтарила олган инсон, десак асло муболаға бўлмайди. Нафақат журналистика, балки вилоятдаги катта-кичик раҳбарларнинг жуда кўпчилиги у кишини устоз сифатида эътироф этади.

Бутун фаолияти давомида самарали ижод қилган ва қилаётган ҳамкасбларимиз Нажмиддин Эргашев, Шукурилло Неъматов, Иброҳимжон Зуфаров, Матлуба Юсупова, Зумрадхон Абдуллаева, Маҳфуза Норбоева, Муҳаббат Отамирзаева, Махпурахон Артиқова, Фахриддин Ибайдуллаев, Аббосбек Исроилов, Саминжон Ҳусанов, Хурсандбек Араббоев, Акбаржон Назаров, Толибжон Шерматов, Марибжон Ғозиев, Шаҳзодахон Каримова, Муроджон Тўхтаназаров, қўйингки, вилоятимиздаги жуда кўп  журналистлар устознинг панд-насиҳат, маслаҳат ва дуолари билан соҳанинг етук мутахассиси даражасига эриша олдилар.  

Устознинг ҳалол меҳнатлари эътирофи сифатида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони ҳамда "Эл-юрт ҳурмати" ордени, қатор эсдалик ва кўкрак нишонлари дарак бериб турибди. Шу кунларда кексалик гаштини сураётган, ўзининг муборак 75 ёшини қарши олаётган Назиржон ака Саидов нафақат Олтинкўл тумани Маслаҳат қишлоғи аҳлининг, балки кўпдан-кўп шогирдларининг маслаҳатгўйи, дуогўйидир.

Ўзининг муборак ёшини нишонлаётган устозга энг аввало, тани сиҳатлик тилаймиз, эл-юрт ардоғида яна узоқ йиллар умргузаронлик қилиш насиб этсин.

 

Саидаҳмад ШУКУРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

ХЎЖАОБОДДА "ИНСОН ҚАДРИ" АКЦИЯСИ

Аномал совуқ ҳукм сурган кунларда Хўжаобод туманида "Инсон қадри" акцияси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига иссиқ кийим-бош, кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Туман ҳокими Ўткирбек Шукуров ташаббуси билан туманда фаолият олиб бораётган корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари томонидан қиш мавсумини беталафот ўтказиш, айниқса, аёзли кунларда туманнинг турли маҳаллаларида яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, кам таъминланган, ёлғиз яшовчи ҳамда ногирон фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтказилаётган акция ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларининг оғирини енгил қилди.

Акция доирасида туман оила ва хотин-қизлар бўлими мутасаддилари тумандаги Бобур маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли билан биргаликда ушбу маҳаллада яшаётган эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширдилар.

Бугунги аёзли кунларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига кўмаклашиш ҳар бир юртдошимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Бу борада айниқса, турли даражадаги раҳбарлар зиммасида янада кўпроқ масъулият ётади. Шу боис ҳам тумандаги қатор корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари бугунги синовли кунларда эҳтиёжманд фуқароларга имкон қадар саховат кўрсатишмоқда, уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилишмоқда.

"Инсон қадри" акцияси доирасида туманимизнинг барча маҳаллаларида хайрия ва саховат ишлари амалга оширилди.

 

Малоҳатхон САПИЕВА,

туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.

Ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам

саховат тадбирлари

Об-ҳаво кескин совиб кетган  кунларда Шаҳрихон туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари ва оилаларга кўмир ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилмоқда.

Туман ҳокими Х. Дадахонов бошчилигида бир гуруҳ фаоллар, туман оила ва хотин-қизлар бўлими масъуллари туманнинг Бешариқ, Намозгоҳ, Мустақиллик, Яккатут, Шаҳрихон, Ёшлар ҳамда Андижонлик маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, мазкур маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчилари билан биргаликда кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, яқинлари хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

-      Турмуш ўртоғим Россия давлатига ишлагани кетган, - дейди Бешариқ маҳалласида яшовчи Оязимхон Бобожонова. - Қишга ўтин, кўмир захираси тайёрлаб олмаганимиз учун аёзли кунларда ёш фарзандларим билан анча қийналдим. Президентимизга раҳмат, юртбошимизнинг ташаббуси билан мен каби қийналган кўплаб аёлларга ёрдам кўрсатилиб, кўмир, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Бундан беҳад мамнунман.

Мустақиллик маҳалласида яшовчи Умиджон Сиддиқов ота-онасидан айрилган. У укаларига бош бўлиб оила, тирикчилик юкини тортиб келмоқда. Ушбу совуқ кунларда унинг хонадонига ҳам кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Аёзли кунлар давом этаётган шу кунларда туманимизда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган юқоридаги каби ишлар давом эттирилмоқда.

 

Маҳфуза АБДУРАСУЛОВА,

Шаҳрихон туманидаги Мустақиллик МФЙ хотин-қизлар фаоли.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

 

"АЁЛЛАР ДАФТАРИ": ТЎРТИНЧИ БОСҚИЧ

Ислоҳотлар жараёни

Вилоятимизда "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, якунланган 2022 йилда дафтарга киритилган 63 минг нафар аёлга амалий ёрдам кўрсатилди.

Жорий йилда эса тўртинчи босқич "Аёллар дафтари"га 91 минг нафар аёлни киритиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш белгилаб олинган. Айни кунда тўртинчи босқич  "Аёллар дафтари" рўйхатини шакллантириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

 Жалақудуқ тумани оила ва хотин-қизлар бўлими ходимлари томонидан ҳам  маҳаллаларда уйма-уй юриб, ўттиз ёшдан юқори бўлган барча аёллар рўйхатга олинмоқда. Уларни қийнаётган муаммолар аниқланмоқда, қизиқиш ва имкониятлари ўрганилмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, рўйхатга олинаётган опа-сингилларимиз турли йўналиш ва тоифаларга ажратилмоқда.

Бундан буён ҳам "Аёллар дафтари"га киритилганлар билан ишлаш жараёнида оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ажримларнинг олдини олиш, низоли оилалардаги келишмовчиликларни бартараф этиш, айниқса, хотин-қизлар иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бунда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, маҳаллаларимизда ташкил этилган "Оқила аёллар" ҳаракати фаоллари, мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда зарур барча ишлар олиб борилади.

Оилаларимизнинг тинч ва фаровон бўлиши, хотин-қизларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, бахтли яшашини таъминлаш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Рўйхатга олиш жараёнида об-ҳавонинг ўта совуқлиги ҳисобга олиниб, хотин-қизларга уйларини иссиқ сақлаш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, ёш болаларни совуқ ҳавода кўп юришига йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ва тавсиялар ҳам берилмоқда.

Шу кунларда туманимизнинг барча маҳаллаларида тўртинчи босқич аёллар дафтарини шакллантириш бўйича ишлар қизғин давом этмоқда.

Дилноза МЎМИНОВА,

Жалақудуқ тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

"Саховат ва кўмак" жамғармаси: 30 мингдан зиёд оилага кўмак берилди

Сарҳисоб

"Маҳалла" ҳайрия жамоат фондининг Андижон вилояти бўлими ва унинг туман, шаҳар бўлинмалари ҳузуридаги "Саховат ва кўмак" жамғармалари томонидан якунланган 2022 йилда 22 минг 844 та эҳтиёжманд, 7 минг 290 та "Темир дафтар"га киритилган оилани, шунингдек, 1 минг 188 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизни қўллаб-қувватлаш мақсадида 27 миллиард 803 миллион сўмдан зиёд миқдорда ёрдамлар кўрсатилди.

Мамлакатимизда эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва қийин шароитларда яшаётган аҳоли вакилларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда "Саховат ва кўмак" жамғармаси фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

- Ўзгаларга меҳр-саховат кўрсатиш, муҳтожларга кўмак бериш халқимизнинг асрлар оша давом этиб келаётган ўлмас қадриятларидан биридир,  - дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бошқарув раиси Бахтиёржон Турсунов. - Бугунги кунга келиб, ана шу қадрият юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина Андижон вилоятида 2022 йил давомида "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан олиб борилган ишлар мисолида кўриш мумкин.

Жумладан, вилоятда   жамғарма томонидан 8 минг 173 та эҳтиёжманд ва "Темир   дафтар"га киритилган оилаларга ҳамда 557 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизга 12 миллиард 824 миллион 360 минг сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

-      Мен бир неча йилдан буён жигар циррози хасталиги билан оғрийман, - дейди Андижон тумани, Мустақиллик маҳалласида яшовчи Дилшодбек Юлдашев. - Шифокорлар хасталикдан қутулишим учун хорижга бориб жарроҳлик операциясини ўтказиш лозим деган хулосага келишди. Хорижга бориб операция қилдириш оиламиз учун имконсиз эди.

Шунда танишларимнинг маслаҳати билан кўмак сўраб, вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Шукр, мурожаатим эътиборсиз қолмади. Менга "Саховат ва кўмак" жамғармаси вилоят бўлими томонидан Ҳиндистон давлатига бориб, жигар кўчириш операциясини қилдиришим учун 140 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Ана шу эътибор ва ёрдам туфайли хасталикдан қутулдим, оилам бағридаман. Бунинг учун юртбошимизга, ҳокимимизга, мана шундай  хайрли ишларнинг бошида турган барча инсонларга мингдан-минг раҳмат.

Жамғармадан бу каби кўмак олиб, саломатлигини тиклаган жуда кўп юртдошларимизни мисол қилиб келтириш мумкин.

Бундан ташқари, ўтган йили 18 минг 540 та эҳтиёжманд ва "Темир дафтар"га киритилган оилалар, "Аёллар дафтари"га киритилган аёлларга умумий қиймати 6 миллиард 753 миллион 135 минг сўмлик кундалик истеъмол  маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, 1 минг 683 та эҳтиёжманд ва "Темир дафтар"га киритилган оилаларга ҳамда 441 нафар "Аёллар дафтари"га киритилган опа-сингилларимизга 5 миллиард 866 миллион 484 минг сўмлик дори воситалари ва соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам кўрсатилди.

-      Ёнғин туфайли яшаш уйимизнинг асосий қисми ёниб кетган эди, - дейди  Асака тумани Маркаюз маҳалласида яшовчи Ойнура  Шералиева. - Бу офат қийин шароитда яшаётган оиламизни янада мушкул аҳволга солиб қўйди. Ана шундай шароитда "Саховат ва кўмак" жамғармаси туман бўлинмаси томонидан уйимизни таъмирлаш учун ажратилган 10 миллион сўм жонимизга оро кирди. Ана шу маблағ, қолаверса, қариндош-уруғ, маҳалладошлар кўмаги билан уйимизни тиклаб олдик.

Жамғарма томонидан эҳтиёжманд оилалар вакиллари ҳамда "Аёллар дафтари"га киритилган ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун уларга 293,1 миллион сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Юртимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар, олиб борилаётган хайрли ишлар одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.      

СОВУҚ КУНЛАРДА ОДАМЛАРНИНГ ОҒИРИНИ ЕНГИЛ ҚИЛГАНЛАРГА РАҲМАТ

Президентимиз томонидан қарийб икки ҳафтадан ортиқ давом этган аномал совуқ кунларда  ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олиш, ёлғиз   қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш юзасидан вазифалар топширилган эди.

Ана шу топшириқ ижроси доирасида Бўстон тумани ҳокимлиги ва Мудофаа вазирлигининг Андижон вилоятидаги ҳарбий қисми ҳамкорлигида туманнинг қатор маҳаллаларида исиниш пунктлари ва ҳарбий дала ошхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Туманннинг чекка ҳудудлари ҳисобланган Сариқ жўга, Наврўз, Гулшан, Меҳнатобод маҳаллаларида ташкил этилган ана шундай масканларда туман ҳокими Санобархон Носирова ҳамда сектор раҳбарлари ташаббуси билан аҳоли учун палов тайёрланди, шунингдек, иссиқ чой ва бошқа егуликлар таклиф этилди. Ушбу масканларда фуқароларнинг исиниб, овқатланиши, балки китоб ўқиши ва шахмат-шашка ўйнаб вақтини мазмунли ўтказиши учун ҳам зарур шароитлар яратилди.

Гулшан маҳалла фуқаролар йиғинида 2,5 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла ҳудудида ташкил этилган ҳарбий дала ошхонасига маҳалладаги эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар аъзолари таклиф этилиб, уларга иссиқ  овқат берилди.

Ҳарбий дала ошхонасига кела олмайдиган ногирон, ёши улуғ инсонларнинг хонадонларига егуликлар олиб бориб берилди.

-      Хасталик туфайли анчадан буён бир жойда бўлиб қолганман, - дейди Гулшан маҳалласида яшовчи Арофатхон Ибрагимова. - Шундай совуқ кунларда одамларнинг оғирини енгил қилаётганларга, Президентимизга, ҳокимларимизга раҳмат. Маҳалла хотин-қизлар фаоли хонадонимга иссиқ овқат келтириб берганлигидан  хурсанд бўлдим.

Ушбу хайрли ишга тумандаги саховатли фермерлар, тадбиркорлар муносиб ҳисса қўшишмоқда. Айниқса, бир гуруҳ ошпазлар одамларга беминнат хизмат кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, туман маҳаллаларига бориб хизмат кўрсатувчи  арзонлаштирилган кўчма савдо дўконлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Кўрсатилган эътибор, яратиб берилган шарт-шароитлардан аҳоли беҳад мамнун бўлмоқда.

 

Юлдузхон АЗИМОВА,

Бўстон тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари.

Ҳарбийлар ногиронлар ҳолидан хабар олишди

Эътибордан обод кўнгиллар

Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан Ватанпарварлик ойлиги доирасида ҳудуддаги маҳалла, умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, аномал совуқ ҳукм сурган аёзли кунларда ҳудуддаги ногиронлар ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, саховат тадбирлари доирасида ҳарбийлар маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда бир гуруҳ ногиронлар ҳолидан хабар олиб, уларга совға-саломлар улашдилар.

Оғир кунларда эҳтиёжманд инсонларга саховат кўрсатиш халқимизга хос қадрият. Ана шундан келиб чиқиб, аёзли кунларда кўнгли ўксик инсонларга оз бўлса-да ёрдам беришга, уларнинг кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилдик.

Ҳарбийлар томонидан Булоқбоши туманидаги Навоий маҳалласи Жасорат кўчасида яшовчи, 1- гуруҳ ногирони Бекзод Абдуваҳобов, Ғунча кўчасида яшовчи, 2- гуруҳ ногирони Моҳларой Ғаниева ҳамда Равнақ кўчасида яшовчи, 1- гуруҳ ногирони Ойдиной Жабборовага совғалар топширилди.

- Мендан хабар олиш учун уйимизга ҳарбийлар келганидан жуда хурсанд бўлдим, - дейди 2- гуруҳ ногирони Моҳларой Ғаниева. - Бунинг учун уларга мингдан-минг раҳмат.

Ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган юқоридаги каби хайрли ишлар давом этмоқда.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

ҳарбий қисм бўлинма командирининг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, лейтинант.