Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Азиз опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар, азизҳамюртлар! Сизларни кириб келган янги - 2023 йил билан чин қалбимдан муборакбод этамиз.
Янги йил барчангизга қувонч, бахт-саодат, улкан ютуқлар олиб келсин. Юртимиз ва халқимиз учун янада баракали, барқарор тинчлик ва юксалиш йили бўлсин.
Ҳаммамизга яхши маълумки, юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, опа-сингилларимизни ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ишонч билан айта оламизки, ана шундай хайрли ишлар кўлами, ютуқларимиз салмоғи "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланган янги йилда янада ортади.
Кириб келган Янги - 2023 йил ҳар бир хонадонга шодлик, файзу барака келтирадиган, одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайдиган, бир сўз билан айтганда, халқимиз, хотин-қизларимиз учун хайрли йиллардан бири бўлсин.
Азиз опа-сингиллар! Янги йилнинг шукуҳли илк кунларида барчангизга энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, оилангизга тинчлик-тотувлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб бораётган ишларингизда омадлар тилаймиз.
Китобни бежиз офтобга қиёсламайдилар. Қуёш бутун оламни ўзининг заррин нурлари билан ёритгани каби китоб дилларни илм-маърифат нури билан мунаввар этади. У донишманду олимлар фикрларига тўлган бебаҳо хазина, ҳикматлар бўстонидир.
Кимки китоб билан дўстлашса, зеҳни ўткир, тафаккури кенг бўлади. Китоб инсонни мозийдан ҳам, бугундан ҳам хабардор этади. Муҳими, у ўқувчидан ҳеч нарса талаб қилмайди, фақат уни камолотга, истиқболнинг порлоқ йўлларига етаклайди.
Китоб инсонга ҳаётда жуда кўп ёрдам беради. Кишига маънавий сирдош, ҳар қандай вазиятда оқил ва доно маслаҳатчига айланади. Зеро, Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар", Эрнест Хемингуэйнинг "Чол ва денгиз", Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" романларини, Абдулла Қаҳҳор ҳикояларини, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф шеърларини ўқиган киши ҳеч шубҳасиз, улкан маънавий озуқа олади.
Очиғи, бугун тенгдошларимизнинг аксарияти китоб ўқимай қўйди. Китоб ўқишдан кўра, телефон ўйинлари, турли интернет сайтларидаги "оммавий маданият" кўринишларини тарғиб этувчи ёки вақтни ўғирловчи, савиясиз маълумотларни ўқиш билан банд бўлиб қолмоқда. Тўғри, интернетнинг кундалик ҳаётимизда ўзига яраша ўрни, аҳамияти катта. Минг афсуски, ундан айрим ёшлар тўғри, оқилона фойдалана олишмаяпти. Лекин ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, интернет инсонга китобчалик дўст бўла олмайди.
Бугунги ёшлар, назаримда, янада кўпроқ китоб ўқишлари лозим. Китоб ўқиган кишининг дунёқараши кенг, салоҳияти юксак, фикрлаши теран, атрофдаги воқеаларга ҳушёр муносабати шаклланади.
Машҳур ёзувчи Томас Жефферсон "Китоблар сизни минглаб аср аввал дунёдан ўтган доҳийлар билан учраштиради" деган ҳикматли сўзларини қанчалик кўп китоб ўқисак шунчалик чуқур англаб борамиз. Европалик машҳур ижодкор Франческо Петрарканинг: "Китоб ўқимаган одамнинг мурдадан фарқи йўқ" деган гаплари ҳар биримизни мулоҳаза қилишга чорлаши керак.
Азиз тенгдошлар, келинг,китобни ўзимизга энг яқин ҳамроҳ, дўст деб билайлик. Зеро, у йўлимизни ёритгувчийўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади.
Динимиз кишиларни юксак ахлоқ, чинакам инсоний фазилатлар соҳиби бўлишликни тарғиб қилиш баробарида кичикларга раҳм-шафқатли, марҳаматли бўлишга ҳаттоки, ёш болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишга чақиради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) "Жаннат райҳонлари" деб эъзозлаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари исломда ҳар томонлама муҳофаза этилган. Қуръони каримда "Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизилиши бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни яхшилик билан едириб, кийдириш отанинг зиммасидадир" дейилган ("Бақара" сураси, 233-оят).
Ҳалқимиз азал-азалдан фарзанд тарбияси ва уларни комил инсон бўлиб вояга етишишига катта эътибор қаратган. Қолаверса, давлатимиз томонидан ҳам ёшлар тарбиясига, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда она ва бола муҳофазаси, ёшларнинг ўқиши, таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Дунёнинг жуда кўп мамлакатлари ёшлари ҳавас қиладиган Ўзбекистон ёшлари берилаётган имкониятлардан нафақат фахрланишлари, балки унумли ва оқилона фойдаланишлари, қолаверса,кўрсатилаётган ана шу эътиборга муносиб бўлишлари лозим.
Баркамол фарзанд тарбияси, дини исломга, эртимиз равнақига хизмат қилувчи авлодни тарбиялаш жамиятимизнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Ана шу вазифани, зиммамиздаги ана шу бурчни чуқур англаган ҳар бир ота-она, юртдошимиз фарзандлар таълим-тарбиясига, одоб ва ахлоқига, юриш-туришига алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашиши лозим. Шундагина биз улардан ўзимиз истаган, кутган нарсани олишимиз мумкин. Комил инсон сифатида бизнинг муносиб давомчиларимиз бўла оладилар.
Ҳақ таоло фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол авлод қилиб тарбиялайдиган бандалари қаторида бўлишликни, бу йўлда эзгу ва хайрли амалларни бажаришликни барчамизга насиб этсин.
Расулжон ШЕРМАТОВ,
Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жоме масжиди имоми.
Халқимизда миллий анъана, қадриятларга, хусусан, халқ оғзаки ижодига бўлган эътибор кучли. Халқ оғзаки ижоди халқчиллиги, тилининг бой ва соддалиги билан ажралиб туради. У халқнинг ҳақиқат, адолат, тинчлик ва бахт ҳақидаги тасаввурларини акс эттиради.
Қўшиқ, мақол, матал, топишмоқ, афсона, ривоят, эртак, латифа, лапар, достон, тез айтиш ва масаллар халқ оғзаки ижодининг асосини ташкил этувчи жанрлардир. Жумладан, ана шу жанрлар орасида эртакнинг ҳам ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Эртаклар халқ оғзаки ижодининг эпик турига мансубдир.
Бошланғич синф ўқувчиларида эртакларда тасвирланган қаҳрамон, образларга нисбатан меҳр уйғотиш, уларнинг табиатида мардлик, олижаноблик сифатларини шакллантириб, ёлғончилик, қўрқоқлик каби салбий сифатларга қарши нафрат уйғотиш уларнинг кичик ёшидан амалга оширилади. Бу жараёнда эртаклардан фойдаланиш ижобий натижалар беради. Бошланғич таълим ёшидаги болалар уй ҳайвонлари, уларнинг яшаш тарзи ҳақида муайян тушунчаларга эга бўлишади. Аммо ёввойи ҳайвонлар - бўри, айиқ, тулки, йўлбарс ва бошқаларнинг ҳаёти, яшаш тарзи ҳақида етарли тушунчага эга бўлмайди, қолаверса, болаларда улар ҳақида билишга қизиқиш кучли бўлади.
Болалар эртакларни яхши кўрадилар. Шу боис, эртаклар, эртаклардаги турли ёввойи ҳайвонлар, қаҳрамонлар орқали болаларда юқоридаги фазилатларни шакллантириш ва тарбиялаш муҳимдир. Бошланғич синф ўқувчиларига эртаклар ўқиб беришда ўқитувчи айрим қоидаларга эътиборли бўлиши лозим. Ўқувчига эртакни сўзлаётган вақтда ҳайвонларнинг ҳаёт кечириш тарзи ҳақида маълумотлар беради. Эртакларда бўрининг ваҳшийлиги, одамга ҳужум қилиши мумкинлиги, тулкининг айёрлиги, айиқнинг қўполлиги сингари жиҳатлари эртак айтувчи томонидан изоҳланади.
Бир қатор эртакларда нима учун қарға қора, кийикнинг думи тўмтоқ, тулки айёр, қуён қўрқоқ эканлиги каби саволларга жавоб топишимиз мумкин. Эртакларда ҳайвонларнинг кўринишига, табиатига хос белгиларни болаларча тасвирлаш орқали ўқувчи онгида ана шу белгилар ўчмас бўлиб муҳрланади. Эртак ўқишда болаларнинг ёш хусусиятлари алоҳида эътиборга олиниши, воқеалар қизиқарли ва қисқа баён этилиши лозим.
Ўтилган эртаклар юзасидан ўқитувчининг берган саволларига ўқувчиларнинг жавоб бериши орқали уларнинг фикр, тафаккур доиралари кенгайиб, сўз бойлиги ривожланиб боради. Ўқитувчи эртак сўзлаётганда, образга киришиб, яъни ҳар бир қаҳрамоннинг нутқини худди ўша ҳайвоннинг образига тақлид оҳангида сўзлаши ўқувчиларда унутилмас таассурот қолдиради, эртакдан маънавий, тарбиявий озуқа олади, эртак қаҳрамонлари характерини чуқур англаб етади.
Ўқилаётган эртакнинг ғоявий асоси мардлик, ҳалоллик, тўғрисўзлик, садоқат каби туйғуларнинг уларга қарши бўлган ҳислар устидан ғалаба қозонишга қаратилган бўлиши аҳамиятлидир. Эртаклар ҳамиша яхшиликка етаклайди. Шунинг учун ҳам болаларга кўпроқ эртак ўқиб беришимиз лозим. Ана шу эртаклар орқали болаларда атрофдагиларга яхшилик қилиш, эзгу ишларга камарбаста бўлиш, самимийлик, очиқ кўнгиллилик, сахийлик хислатлари мустаҳкамланиб боради.
Дарс жараёнида ўқувчиларимизни эшитганлари юзасидан суҳбатга тортамиз. Уларнинг фикрлари, таассуротлари билан ўртоқлашиш болада ўз фикрини, муносабатини билдириш, сўзлаш хислатларини бойитади.
Ўқувчилар доимо тартибли, сариштали бўлишга, кун тартибига риоя қилишга, вақтни тўғри тақсимлашга ўргатиб борилади. Замонавий техника воситалари, ранг-баранг кўргазмали қуроллар, эртак қаҳрамонларининг расмлари, мультимедия, тестларга асосланган дарслар боланинг тасаввурини бойитади. Унинг ўтилаётган эртак ёки бирор мавзуни осон ўзлаштиришига ёрдам беради.
Айни кунда коррупцияга қарши кураш масаласи бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам долзарб ва муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Коррупция жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократик принципларини емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун жиддий хавф туғдиради. Шу боис ҳам, ушбу иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилган. Бу борадаги энг муҳим ҳужжат 2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунидир. Мазкур қонунда юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар, вазифалар белгиланган.
"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир, дея таъриф берилади.
Қонуннинг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар - аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар, омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат эканлиги қайд этилган.
Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирлиги сингари қатор тизимлар белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак, ҳуқуқий таълим-тарбияси етук, маънавиятли инсонлар жамият ривожига соя солувчи иллат - коррупцияга асло йўл қўймайдилар.
Бугунги кунда жамият ривожига соя солувчи коррупцияга қарши курашиш борасида суд идоралари томонидан ҳам аниқ ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича мутасадди ташкилотлар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун мазмун-моҳиятини тарғиб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда диний эркинликни таъминлаш, инсонларнинг эмин-эркин ибодат қилиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, хайит байрамлари умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Биргина вилоятимизнинг ўзида барча қулайлик ва шарт-шароитларга эга 182 та жоме масжиди намозхонларга хизмат қилиб келмоқда.
- Аллоҳга шукр, жаннатмонанд юртимизда барча жабҳаларда бўлгани каби диний ишлар соҳасида амалга оширилаёган ижобий ўзгаришлар барчамизни қувонтиради, - дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов. - Қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, бутунлай янгича қиёфа касб этган вилоятимиз марказидаги "Девонабой" жоме масжиди ўтган йили фойдаланишга топширилган бўлса, шу кунларда Жалақудуқ туманидаги "Иттифоқ" жоме масжидининг замонавий кўринишга эга янги биноси ишга тушди. Умуман, жорий йилда Андижон шаҳридаги "Пистамозор", Хўжаобод туманидаги "Эркабой девона", Балиқчи туманидаги "Қиличбурхон", "Мирзақосимҳожи" жоме масжидларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Имом-хатиблар томонидан тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 11 ойи давомида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда уларнинг 23 минг 143 та мақоласи эълон қилинди.
Бундан ташқари, малакали мутахассислар тайёрлаш, уларнинг билим ва малакасини ошириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, малака ошириш курслари ташкил этилган. Шу билан бирга, имом-хатиблар, отинойиларнингбилимини ошириш, маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш бўйича анжуманлар, илмий суҳбатлар мунтазам равишда ўтказиб борилмоқда, олий таълим бериш модул тизими асосида кўплаб домлалар олий маълумотли бўлди.
Айниқса, диний таълим муассасалари талабалари, масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ҳамда Қуръони карим қироати бўйича иқтидорга эга қори ҳамда қориялар ўртасида ўтказиб келинаётган "Қуръон мусобақаси" кўрик-танлови мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан имом-хатиблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бўйича ўтказилаётган танлов ҳамимомларнинг юксак иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқармоқда.
Яқинда Тошкент шаҳрида "Энг маърифатли имом" кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Имом-хатибларнинг маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, "Жаҳолатга қарши маърифат" шиори остидаги тадбирлардаги иштироки, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экстремизм ва ёт ғояларга, миссионерликка, ижтимоий тармоқлардаги ғоявий таҳдидларга қарши курашиш, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш борасидаги фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича ўтказилган ушбу танловда Андижон шаҳридаги "Ғиштли" жоме масжиди имомиБотиржон қори Тожибоев ғолиб чиқиб, "Йил имоми" номига сазовор бўлди, Ҳаж зиёратига бориш учун йўлланма билан тақдирланди.
- Юртбошимиз, ҳукуматимиз ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг биз - имом-хатиблар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътиборидан беҳад мамнунмиз, - дейди Ботиржон қори Тожибоев. - Аллоҳнинг марҳамати билан танловининг шаҳар ва вилоят босқичларидан муваффақиятли ўтиб, республика босқичида ғолиб чиқиш менга насиб этди. Ушбу муваффақият зиммамга янада катта масъулият юклайди. Ўз устимда кўпроқ ишлашга, янада фаол бўлиб меҳнат қилишга ҳаракат қиламан.
Шу ўринда вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, вилоят бош отинойиси Шоирахон Қосимова раҳбарлигидаги отинойиларнинг самарали фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тўй ва бошқа маросимларни ихчам, камчиқим, исрофгарчиликсиз ўтказиш, билимсизлик ва бидъатларга қарши курашиш борасидаги ишларнинг самарали бўлишида вилоятдаги махсус сертификатга эга бўлган 365 нафар отинойининг алоҳида ҳиссаси бор.
Умуман, вилоят отинойилари турли тадбирлар, шу жумладан, "Маърифатли отинойи" кўрик-танловида ҳам фаол иштирок этишмоқда. Намунали иш олиб бораётган отинойилардан бир гуруҳининг меҳнатлари эътироф этилиб, турли мукофотлар билан тақдирланди. Хусусан, уларнинг бир нафари "Шуҳрат" медали, 4 нафари "Мўътабар аёл" кўкрак нишони, 6 нафари "Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги", 16 нафари эса, "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги" нишонларига эга бўлишди.
Пахтаобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам таъминланган оилаларда яшаётган 61 нафар хотин-қизга субсидия асосида тикув машиналари топширилди.
Тумандаги 67 та маҳалла фуқаролар йиғинида "Аёллар дафтари" ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилганхотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Туман ҳокими Азизбек Латифжонов, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази вилоят бўлими мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 61 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга субсидия асосида 90 та тикув машинаси берилганлиги ана шу йўналишлардаги ишлардан бири бўлди.
Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманимизда ҳам бу борадаги ишлар изчил ва тизимли равишда олиб борилмоқда. Натижада кўплаб опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланмоқда, уларнинг доимий даромад манбаи шакллантирилмоқда.
Туманда кўрсатилаётган эътибор ва берилаётган кенг имкониятлар натижасида субсидия ҳисобига тикув машиналари олиб, ўз хонадонида тикувчилик фаолияти билан шуғулланаётган аёллар сафи тобора ортиб бормоқда.
-Тикувчилик ҳунарини эгаллаганман, лекин тикув машинам йўқлиги учун бу иш билан шуғуллана олмаётгандим, - дейди Тўпажувоз маҳалласида яшовчи Марҳабохон Бозорбоева. - Янги тикув машинаси сотиб олишга эса имконим йўқ эди. Туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими вакиллари, маҳалламизда иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли шароитимизни ўрганиб субсидия асосида тикув машинаси олишим учун тавсия беришди.
Умуман, туманда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"да турувчи эҳтиёжманд аёл ва қизларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган юқоридаги каби ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Раънохон ИСМОИЛОВА,
Пахтаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.
Ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасини бутун халқимиз қатори биз - андижонлик аёллар ҳам катта ҳаяжон ва эътибор билан тингладик.
Мурожаатнинг мазмун-моҳияти юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давомийлигини таъминлашга, жамият тараққиётини янада юқори даражага кўтаришга қаратилди, десам асло муболаға бўлмайди.
Мурожаатномада халқимизнинг орзу мақсадлари, ўй-истаклари, фаровон турмуши учун амалга ошириладиган ислоҳотлар, турли йўналишлар бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир соҳа, масала бўйича билдирган фикр ва ташаббуслари қалбимизга чуқур кириб борди. Чунки долзарб бўлган ана шу масалалар ҳар бир юртдошимизни ўйлантираётган, қалбидан кечаётган эди. Қолаверса, ана шу масалалар, муаммоларни ҳал этишга масъул бўлган биз - турли даражадаги раҳбарлар ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда, аниқ тизим асосида ишлаш, фуқароларимизнинг хоҳиш-иродаси, истаклари рўёби, қадр-қимматини оширишга хизмат қиладиган муҳим вазифаларни белгилаб олдик.
Жумладан, Президентимиз томонидан келгуси йил учун ривожланишнинг асосий олти йўналиши белгилаб берилди. Бу ҳар соҳада, жумладан, оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, яшаш шароитларини яхшилаш борасида ҳам аниқ режалар асосида иш олиб боришимиз кераклигини тақазо этади.
Шу ўринда таъкидлашим керакки, Андижон вилоятида мазкур йўналишда жорий йилнинг ўтган даврида эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. Жумладан, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган қарийб 140 минг нафарга яқин фуқарога 68 миллиард сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди. Минглаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг доимий даромад манбаи шакллантирилди.
2023 йилнинг "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб эълон қилиниши ҳамюртимизда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш, улар учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, бунда илмга таяниб иш кўриш, келажак авлодни билимли, салоҳиятли қилиб тарбиялаш орқали мамлакатмиз равнақини янада юксалтиришга қаратилган жараёнларда ҳар биримизни фаол бўлишга ундайди.
Оилада фарзандлар, айниқса, қизларимиз илмли, маърифатли, оқила бўлиб вояга етса, албатта, оилаларимизда маънавий муҳит барқарор ва мустаҳкам бўлади. Давлатимиз раҳбарининг оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом овқатланиш борасидаги фикр ва таклифлари аёлнинг, ёш авлоднинг қадри ва манфаатлари, уларнинг фаровон турмушини таъминлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга қаратилган эътиборнинг намунасидир.
Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ўз олдимизга аниқ режа ва мақсадларни қўйган ҳолда бор имконият ва куч-ғайратимизни ишга солиб, янада фаол меҳнат қиламиз.
Гулнорахон АБДУЛЛАЕВА,
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.
Қўрғонтепа туманида "Фаолият самарадорлиги: тажриба, ютуқ ва муаммолар" деб номланган тарғибот семинари ўтказилди.
Туман ҳокимлиги, оила ва хотиин-қизлар бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тарғибот семинарида тумандаги маҳаллалар хотин-қизлар фаоллари иштирок этиб, маҳаллаларда "Оқила аёллар ҳаракати", "Аёллар маслаҳат кенгаши", "Бувижонлар мактаби", "Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси" фаолиятини ташкил этиш, оила ва хотин-қизлар йўналишида эришилган ютуқлар, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, хотин-қизлар фаоллари иш самарадорлигини ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Семинар иштирокчилари "Энг намунали хотин-қизлар фаоли" танлови республика босқичининг совриндори, намунали иш олиб бораётган туман марказидаги Хонкўча маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Маъмура Мирзаеванинг фаолияти, амалга ошираётган ижобий ишлари, илғор иш тажрибалари билан танишишди.
Иштирокчилар М. Мирзаеванинг фаолияти мисолида иш ҳужжатларини юритиш, юқорида қайд этилган йўналишлардаги ишларни самарали ташкил этиш, оилалар ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги билим, малака ва тажрибаларини оширди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Семинар доирасида маҳалла фаолининг иш юритиш ҳужжатлари, маҳалла ҳунармандлари томонидан тайёрланган миллий либослар, таомлар ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Зилолахон РАҲМОНОВА
Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган, ишсиз аёл ва қизларнинг бандилигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Марҳамат туманида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Марҳамат тумани ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида тумандаги турли маҳаллаларда яшовчи ишсиз, лекин ишлаш истаги бўлган 120 нафар хотин-қиз Турон маҳалласида жойлашган "Royal Thaybranch"масъулияти чекланган жамиятининг трикотаж корхонасида бўлди.
Хотин-қизлар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда мавжуд иш ўринлари билан таништирилди.
Асосан, болалар учун трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Royal Thaybranch" да 100 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Айни кунда корхона яна 200 нафар кишини ишга қабул қилиш имконига эга. Корхонада ишчи-хизматчиларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган, бажарилган ишга қараб, ойлик иш ҳақи мунтазаб бериб борилади.
-Корхонанинг уйимга яқинлиги, қолаверса, бу ерда яратилган шароитлар менга маъқул келиб, ишга жойлашдим, - дейди Қушчи маҳалласида яшовчи Собирахон Назарова. - Насиб этса, ишни пухта ўрганиб, яхши ишлаб, оиламга моддий жиҳатдан ёрдам беришга астойдил ҳаракат қиламан.
Корхонада бўлган аёлларнинг 30 нафари ишлаш истагини билдирди. Улар билан шу ернинг ўзида меҳнат шартномаси тузилди.
Ҳафизахон МАМАРИЗАЕВА,
Марҳамат тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.