Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ушбу гўзал мисраларни ўқиганимизда ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги буюк намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўз олдимизда гавдаланади. Машҳур муаррих Мирзо Ҳайдар таъбири билан айтганда, "Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас". Дарҳақиқат, Бобур ижоди мумтоз сўз санъатимизда Навоийдан кейин алоҳида ўрин эгаллайди.
Бобур асарлари бизгача мукаммал ҳолда етиб келмаган. Олим ва адабиётшунослар томонидан шоирнинг 119 ғазал, 1 маснавийи, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари сақланганлиги, девони таркибидан умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олганлиги таъкидланади.
Кейинги йиллардатурлидаврларда яшаб ўтган халқимизнинг улуғ алломалари, буюк ижодкорлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, номларини абадийлаштириш, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни юзага чиқариш, қолаверса, уларнинг юксак инсоний туйғулар тараннум этилган асарлари орқали ёш авлод маънавиятини, тафаккурини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 25 январдаги "Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори ҳам ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин бир мисолдир.
Қарорда жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига - Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилади.
Ушбу сана муносабати билан мамлакатимиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, Бобурнинг ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарларни аниқлаш, уларни тадқиқ қилиш, ибратли ҳаёти ва бой меросини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, талабалар ҳамда тадқиқотчилар ўртасида Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-публицистик ҳамда бадиий асарлар танловини ўтказиш, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб олийтаълим муассасалари талабалари учун тарих ва география йўналишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат стипендияси таъсис этиш, умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида "Бобур асарларининг билимдонлари" танлови ва "Бобурни англаш" мавзусида иншолар танловини ўтказиш сингари қатор вазифалар белгиланган.
Қарор ижроси доирасидаги ишлар натижасида халқимиз, айниқса, ёш авлод Бобур шахси ва ижодини янада чуқурроқ англаб етади, унинг ҳаёти, ижоди ҳақида янада кенгроқ маълумотларга эга бўлади. Бу албатта, юртдошларимизнинг Ватанимизнинг бой тарихига, адабиётига, мумтоз шеъриятга, миллий қадриятларимизга бўлган қизиқиш ва ҳурматини, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зеро, Заҳириддин Муҳамад Бобур ижодида Аллоҳ ишқи, юрт соғинчи, ёрга муҳаббат, ҳаёт машаққатлари ўзига хос, гўзал ва бетакрор мисраларда тараннум этилади.
Жонимда менинг ҳаёти жоним сенсен,
Жисмимда менинг руҳу равоним сенсен.
Бобурни сенингдек ўзга йўқ ёри азизи,
Алқиссаки, умри жовидоним сенсен.
дея шоир ўзининг ҳаққа, юртга бўлган муҳаббатини изҳор этади.
Айниқса, Бобур ижодида Ватан соғинчи бош мавзуга айланган.Рубоийларида бу масала кенг талқин этилади. Бобур ватанини севимли бир "ёр" образи сифатида тасвирлайди, "ёр васлини" "диёр соғинчи"гаменгзайди. Юрт соғинчи зор, ҳижронга гирифтор этганидан азият чекади.
Бобурни бурун маҳрами асрор эттинг,
Васлингға бериб йўл, ўзунга ёр эттинг,
Охир бординг, доғи они зор эттинг,
Ҳижрон алами бирла гирифтор эттинг
Шоҳ ва шоир, улуғ саркарда, олим ва тилшунос бобомиз Мирзо Бобур ҳаётининг сўнгги кунларига қадар юрагида бир дард билан яшади. Ватанини севди, дийдорини кўришга интизор бўлди. Тақдирнинг аччиқ қисмати ўлароқ, ундан гўзал ғазаллар, дардчил сатрлар мерос қолди. Унинг ғазал ва сатрлари шубҳасиз,мангуликка дахлдордир.
Вилоятимизда буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навиой таваллудининг 582 йиллигига бағишланган "Хазрат Навоийга эҳтиром" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирокидаги тадбир аввалида Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, улуғ мутафаккир хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
Жаҳон адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшган улуғ аллома Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини, унинг бебаҳо адабий мероси, инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарларини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бу аҳоли, айниқса, ёшларда адабиётга қизиқишни, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қамчибек Кенжа, адабиётшунос олим Баҳодир Раҳмонов сўз олиб,ўзбек тилининг асосчиси,буюк мутафаккир ва давлат арбобиАлишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, ижодий меросининг аҳамияти ҳақида гапирдилар. Иқтидорли ёш ижодкорлар томонидан Навоийнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.
Вилоят маданият бошқармасисанъаткорлари томонидан Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилиб, унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.
Бу каби тадбирлар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарлари, таълим муассасаларида бўлиб ўтди.
Аёлларга кўпроқ қайси машинани миниш ярашади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? “Спарк” ми ёки “Жентра”? Ёки энг сўнгги русумдаги “иномарка”ми? Пул бўлса, ҳар қандай машина ҳам ярашаверади, дейдиганлар топилади.
Тўғри, кейинги пайтларда автомашина ҳайдайдиган аёллар сони кўпайган. “Матиз”, “Спарк”, “Нексия”, “Ласетти”...Хуллас, уларни барча автомобиллар бошқарувида кўришимиз мумкин. Фақат “Дамас” минадиган аёллар бироз камроқ.
-“Дамас” - аёллар учун анча ноқулайда, - дейди 35 йилдан буён ҳайдовчилик қилиб келаётган Ҳамрохон Шералиева. – Нозик хилқат вакилаларига бу машина ярашмайди, чунки қаттиқ, худди юк машинасидай. Аммо, “тирикчилик қиламан”, деган одамга бу - яхши мошина! Мана, 15-20 йилдан бери миниб, тирикчилик қилиб келаяпмизу.
Эски шаҳардан - Оқ-ёр қишлоғига қатнайдиган “41” йўналишида 10 га яқин ҳайдовчи Дамас минади. Улар орасида албатта, Ҳамро опанинг алоҳида ўрни бор. Аёл ўзининг “Дамас”ини жуда яхши кўради. Ҳар тонг ювиб-тозалаб, “стоянка”га навбатга қўяди. Ҳайдовчилар ҳар 10 дақиқада навбат алмашадилар. Яъни, ҳеч ким бекатда соатлаб кутиб қолмайди.
Ҳамро опанинг айтишича, ҳайдовчилик аввалига унинг учун севимли машғулот(хобби) бўлган. Аммо, бора-бора ҳаётий зарурат, даромад топиш манбаига айланган. Аёл савдо-сотиқ қилиш билан бирга, “Дамас” автомашинаси дакиракашлик ҳам қилади.
- Аёл киши тадбирли бўлиши керак-да, синглим!, - дейди у. - Оилада ҳар-хил вазиятлар бўлади. Эркак кишининг топиш-тутиши яхши бўлса-ку, нур устига - аъло нур. Аммо, рўзғорга етказа олмасачи? Тўрт мучаси соғ, ишлашга имконияти бўла туриб, “берсанг – ейман, урсанг – ўламан!”, деб ўтирган аёлдан қандай қилиб яхши хотин чиқиши мумкин? Эримга харна енгиллик бўлади, деб ёнига кириб, биргаликда савдониям юргизамиз, кирагаям бирга чиқамиз.
Шералиевлар оиласи бекат ёнидаги эски дўконни кенгайтириб,Минимаркет очишди.Оиланинг барча аъзоси савдо-сотиқ билан банд. “Дамас”ни навбатга қўйиб қўйишган. Орада ғир этиб, шаҳарга йўловчи ташиб туришади.
- Бу кунлар ўз-ўзидан келгани йўқ. Эҳҳе, не-не қийинчиликларни кўрмадик, дейсиз. Уч нафар ёш болам билан ижарама-ижара сарсон бўлганмиз. Кези келганда бозорда юк ташидик, киракашлик қилдик, фаррошлик, деҳқончилик билан шуғулландик. Нима бўлгандаям, тинмадик. Муҳими, ҳалол меҳнат қилдик. “Эр-хотин – қўш хўкиз” дейишади-ку, ахир. Мана, ҳозир ўз уй-жойимиз, иккита машинамиз бор, фарзандларни уйлаб-жойлаганмиз. Ҳаракат қилганга - Оллоҳ бераркан, - дейди аёл.
Касбнинг яхши-ёмони бўлмайди. Тўғри, киракаш аёллар жуда кам. Боз устига “Дамас” минадиганлари. Аммо, менимча, киши қайси касб-корнинг этагидан тутиши аҳамиятсиз, муҳими, топгани ҳалол бўлсин! Ҳалол меҳнат билан топилган ризқда эса барака бор!
Кечқурун истеъмол қилинган ёғли таомлар ошқозон ва ичакларни тўлдириб, уларни тинимсиз ишлашга мажбур қилади. Оқибатда тана дам олмайди. Зираворлар эса ошқозонни ачиштириши мумкин ва шу билан тиниқиб ухлашга ҳалақит беради. Таркибида кофеин мавжуд бўлган барча маҳсулотлар уйғотувчи, қўзғатувчи ҳисобланади. Шунинг учун уйқуга яқин шоколад еманг, қаҳва, чой ва кучли газланган ичимликларни ичмаганингиз маъқул.
Спиртли ичимликлардан тийилинг
Спиртли ичимликлар яхши дам олишга ёрдам беради, деб ўйлаганлар қаттиқ адашади. Истеъмол қилинганидан бир неча соат ўтиб у ўз кучини кўрсатади - уйқунгиз узуқ-юлуқ бўлиб қолади. Натижада тана кучини тўлиқ тиклаб олиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Тўғри овқатланишга амал қилинг
Кечки овқатга гуручли таомлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Чунки унинг таркибиовқатнинг тез ва енгил ҳазм бўлишини таъминловчи крахмалга бойдир. Шунингдек, у тана томонидан яхши кайфият гормони ҳисобланган серотонин моддаси ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Тана учун етарли миқдорда серотонин моддасининг бўлиши жуда муҳимдир. Чунки бевосита унинг иштирокида уйқу гормони - мелатонин ишлаб чиқарилади. Умуман олганда, овқат яхши уйқуга ёрдам бериши учун у оқсилларга бой бўлиши лозим. Оқсил эса нон ва макаронларда сероб бўлади.
Сабзавотлар ҳам ёдингиздан чиқмасин. Кўкатлар таркибида кўп учрайдиган магний моддаси асабларга бўшаштирувчи ватинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Агар ошқозонингиз уларни кўтара олса, пиёз ва саримсоқпиёз ҳам яхшигина уйқу дори вазифасини бажариши мумкин. Фақат уларни уйқуга ётишдан камида уч соат олдин истеъмол қилиш керак.
Спорт ва мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш одамни чарчатади. Аммо уйқуга кетишни тезлаштиришга ёки осонлаштиришга хизмат қилмайди. Боиси, улар танада уйғотувчи, қўзғатувчи модда ҳисобланган адреналиннинг катта миқдорини қонга чиқарилишига олиб келади. Уйқу олдидан кучли жисмоний машқларни бажармаган маъқул. Агар сиз хоналарни тозаламоқчи, мебеллар жойини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, яхшиси, уни эрталабга қолдиринг.
Уйқу вақтини белгиланг
Кўпчилигимиз йўл қўядиган энг оддий ва кўп учрайдиган хатолардан бири ҳар сафар турли вақтларда уйқуга ётишдир. Ваҳоланки, бизнинг танамиз ўз одатларининг ҳақиқий қули ҳисобланади. Демак, одатларга риоя этган ҳолда ҳар куни бир вақтда уйқуга ётишга ўрганиш лозим.
Ҳар куни кечқурун уйқуга ётишдан олдин бажаришингиз мумкин бўлган оддий, ортиқча куч талаб этмайдиган машқлар туркумини ўйлаб топинг. Улар танага худди уйқу дори каби таъсир кўрсатади.
Илиқ ванна қабул қилинг. Ётоқхонадаги соат овоз чиқармасин.
Негаки, у тиниқиб ухлашга жиддий халақит бериши мумкин. Чунки одамнинг хаёли ҳозир соат неча бўлганини ҳисоблаш билан банд бўлиб қолади ва уйқу қочиб кетади.
Уйқуга ётишда ички кийимларингиз табиий матолардан бўлгани маъқул. Чунки улар тананинг бўшашишини таъминлайди, тери терламайди, яхши нафас олади. Ўрнингиз қаттиқроқ бўлгани яхши. Ёстиқни ҳам баланд қўймаслик керак.
Кечқурун компьютерда ишламанг
Ҳеч нарса компьютерда ишлаш каби уйқусизликка сабаб бўлмайди ва танани "уйғотмайди". Уйқуга ётишдан олдин икки соат компьютер ёнида ўтирдингизми, яна камида икки соат уйқусизликдан қийналишга тайёр тураверинг.
Тунда телевизор кўрмаган маъқул
Ётоқхонада телевизор турмаслиги керак. Навбатдаги кинога қизиқиб кетиб, тун ярмидан ошганда кўзингиз илинади. Яна ҳам ёмони, тананинг ноқулай ҳолатида ухлаб қолиш мумкин. Агар сиз уйқу олдидан психологик жиҳатдан "ҳазм қилиш" оғир бўлган фильм томоша қилган бўлсангиз, уйқунгиз шунга яраша нотинч ва қўрқинчли бўлади. Яхши кайфият доимий ҳамроҳингиз бўлсин
Уйқу олдидан дўстларингиз, таниш-билишлар, қўни-қўшнилар ва оила аъзоларингиз билан тортишишдан сақланинг.
Ётоқхонангиздан хуш ифор таралсин
Ётоқхонада апельсин, мойчечак исларининг бўлиши танани тинчлантириш ва бўшаштиришга хизмат қилади. Жуда кучли ифор таратмаслиги учун пурковчи воситадан воз кечинг. Яхшиси, рўмолчага эфир мойларидан икки-уч томчини томизиб, уни ёстиғингиз тагига қўйинг.
Ҳар гал қор ёғишини завқ билан томоша қиламан. Улар гўё оппоқ орзулар каби беҳисоб ва саноқсиз. Уларни кафтда тутиб қолишнинг иложи йўқ. Бугун ҳам ёмғир аралаш қор ёғди. Аммо бу узоққа чўзилмади. Қишнинг иккинчи ойи яримлашига қарамай, ҳали ҳеч ким қорнинг тафтига тўймади. Барчанинг қалбида совуқ қорнинг қайноқ меҳрига бўлган ташналиги бор.
Эсимда, ўтган галги қишда дўстларим менга "Биринчи қор" билан деган қорхат-мактублар жўнатишган эди. Худди бола каби қувонгандим. Энди мен ҳам уларга қор ёғиши билан қорхатлар ёзиб жўнатаман. Улар кўнглимга яқин инсонлар эканлигини, улар билан бир бутунлигимни изҳор қиламан.
Табиатнинг ҳар бир бўлаги назаримда қор ёғишини мен каби интизор кутаётгандек.
Юртимизда намунали, ибратли, аҳил оилалар жуда кўп. Оила жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланади. Зотан, оила тинч бўлса, унда ўсиб келаётган ёш авлод ҳам ҳар томонлама етук шахс бўлиб камол топади. Бу эса ўз навбатида жамиятнинг соғлом бўлишини таъминайди.
Оила мустаҳкамлигини таъминлашда эса аёлнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Она, опа-сингил деганда кўз ўнгимизда меҳрибон, ҳаёли, андишали, эътиборли, оқибатли яқин инсонларимиз намоён бўлади. Хонадонларимиз мунис волидаларимиз, опа-сингилларимиз, рафиқаларимиз билан янада файзлидир. Аёлларимиз ҳамда қизларимиз бор жойда ҳамиша озодалик, покизалик ва саришталик бор.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Жаннат оналар оёғи остидадир!" дея бежиз марҳамат қилмаганлар. Бу билан Ҳазрати Набий (с.а.в.) онанинг, аёлнинг мақоми нақадар улуғ эканлигини, уларга юксак эҳтиром кўрсатиш кераклигини ифодалайдилар. қолаверса, бу йўлда ўзлари ҳам бутун инсоният учун ўрнак зот бўлганлар.
Дарвоқе, оиласида тинчлик ҳукм сурган инсоннинг қалбида хотиржамлик ва ҳаловат бўлади. Хонадонларимиз қанча соғлом ва осойишта бўлса, жамият ҳам шунча соғлом ва фаровон бўлади. Оила ҳаётининг бузилиши эса жамият ҳаётида нотинчликлар келтириб чиқаради.
Демак, оилаларнинг осойишталиги ва чиройли муҳитнинг барқарорлиги кўпроқ аёлларимизга боғлиқ экан. Фарзандларимизни билимдон, меҳнатсевар, комил инсон қилиб тарбиялаш ишида ҳам мунис аёлларимиз зиммасида улкан масъулият ётади. Хусусан, пайғамбаримиз Набий (с.а.в.) ҳам болаларнинг саломатлигига, одоб-ахлоқига, таълим-тарбиясига ва бу йўлда рисоладаги аёлнинг беминнат хизматларига доимо эътиборли бўлиб, тинч оилавий ҳаётни Яратгандан тилар, хоҳлар ва жуда орзу қилар эдилар.
Биламизки, боланинг илк тарбия мактаби оила ҳисобланади. Фарзандларимиз тарбия-ни, аввало, оиладан олади. Улар ота-онадан ўринли насиҳатлар тинглаб, мурғак қалблари қувватланади. Бола ва ота-она ўртасидаги меҳр-оқибат, шафқат туйғулари шаклланиб, келажакда одамларга, жамиятга, миллатига фойдали ишларни қиладиган етук инсон бўлиб камол топади. Бола меҳр-муҳаббатни, оқибатни оиладан олар экан, ана шу жараёнда ҳам аёлнинг ўрни ниҳоятда катта эканлигини Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Фазилатли аёл буюк хазинадир", дея эътироф этиб, фазилатли аёл оилага ҳамиша саодат келтиришлигини айтиб ўтганлар.
Дарҳақиқат, фарзандтарбиясида, оила мустаҳкамлигини таъминлашда аёлнинг ўрни беқиёс. Оилада, жамиятда меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат туйғулари камол топишида ҳам аёлнинг хизматлари катта. Шундай экан, муҳтарама опа-сингилларимизни ҳамиша ардоқлайлик. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини имонли, инсофли, оилаларимизга саодат келтиргувчи бандалари қаторида бўлишликларини насиб этсин.
Қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари биз учун олий қадрият
ҲуҚУҚшунос минбари
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили декабрь ойида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси юртдошларимиз томонидан қизғин кутиб олинди. Мурожаатномада 2022 йилда амалга оширилган ишлар чуқур таҳлиллар билан сарҳисоб қилинди ва жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган олтита устувор йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиланган ҳолда ушбу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, бардавом бўлиши ҳамда "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"нинг мантиқий давоми сифатида ҳурматли Президентимиз 2023 йилга "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили", деб ном беришни таклиф қилганлиги барча юртдошларимизни қувонтирди.
Мурожаатноманинг 2023 йилдаги устувор йўналишлардан учинчи йўналиш сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши бўйича тизимли ишларни амалга ошириш таклифи билдирилди.
Президентимиз мурожаатномада: "Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилдик. Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар бор. Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда." дея таъкидлаб, бу борада қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида тўхталди. Жумладан, Давлатимиз раҳбари: "Шу боис, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратамиз. Бу масалада алоҳида Фармон имзоланади.
Энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади. Бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади.
...
Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади" деди.
Дарҳақиқат, қонун устуворлиги йилдан-йилга мустаҳкамланиббораётган юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам ислоҳотлар жараёни давом этади. Президентимиз мурожаатномасида таъкидланганидек, қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари - биз учун олий қадриятга айланади.
Суд-ҳуқуқ тизими ходимлари Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар, умуман, суд-ҳуқуқ тизими ишини янада юқори босқичга кўтариш, соҳа фаолиятини соддалаштириш, фуқароларга қулайликлар яратадиган, энг асосийси, одил судлов ва қонун устуворлигини таъминлаш учун бор билим ва имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
Адвокатлик - шарафли ва ўта машаққатли касб. У одил судлов жараёнида муҳим вазифани бажаради. Суднинг очиқ-ошкора, адолатли ўтиши, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, энг асосийси, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, адвокат ўз фаолияти билан хайрли ва эзгу ишларга бош-қош бўлади. Бугунги кунда ана шу соҳада самарали иш юритиб, одамларнинг дуосини олаётган малакали ва тажрибали адвокатларимиз талайгина.
Андижон шаҳридаги "Нурзиё фемида" адвокатлар хайъатида иш олиб бораётганМавлудахон Аҳмедова ҳам вилоятимиздаги тажрибали адвокатлардан биридир. У малакали адвокат сифатида 2022 йил давомида барча мурожаатлар бўйича самарали натижаларга эришди. Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилган ҳар бир жараёнда ишга тааллуқли ҳолатлар, ҳужжатларни пухта ўрганиб, судга асосли маълумотлар тақдим этди, мижозларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тўла таъминлай олди.
-Аслида фуқаролик ишлари кенг қамровли бўлади, - дейди адвокат Мавлудахон Аҳмедова. - Жамоамиз адвокатлари ўтган йили асосан, уй-жой, мерос, мол-мулк, оилавий низолар, турли шартномалар, алиментни ундиришга оид мурожаатлар билан ишлаш асосида ижобий натижаларга эришди. Ҳуқуқий ёрдамларимиздан фуқароларнинг миннатдор бўлишлари бизни беҳад қувонтиради.
Мавлудахон Аҳмедова фаолияти давомида хотин-қизларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид жуда кўп ишларни амалга оширди. Масалан, ўтган йили фуқаро Ферузахон Абдураҳимова бир неча йил "Асакабанк" Андижон филиалида нуқсонсиз ишлаб келаётган бўлса-да, банк филиали маъмурияти уни асоссиз равишда ишдан бўшатиб юборгани, ўз ишига тикланишига ёрдам кўрсатилишини сўраб, мурожаат қилган.
Ферузахон Абдураҳимованинг аризасига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида ушбу масала бўйича кўриб чиқилган иш адвокатнинг саъй-ҳаракати билан муваффақиятли якун топди. Суд томонидан Ф. Абдураҳимовани ўз ишига тиклаш бўйича қарор чиқарилди. Бироқ банк маъмурияти суднинг қароридан норози бўлиб, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритди. Ишни кўриб чиққан вилоят суди биринчи инстанция -Андижон туманлараро судининг ҳал қилувчи қарорини ўз кучида қолдирди. Натижада, мурожаатчи Ф. Абдураҳимова даъвоси қаноатлантирилиб, иш ўрни ва эгаллаб турган лавозимига қайта тикланди.
Яна бир мисол. Қўрғонтепа туманидаги Бобур маҳалласида яшовчи аёл икки нафар вояга етмаган фарзанди билан турмушидан ажрашган.Турмуш ўртоғи 2018 йилдан бери ўзининг қонуний бурчи - фарзандларининг моддий таъминотига ёрдам бермасдан келаётган эди. Адвокатнинг кўмаги билан , судда иш аризачининг фойдасига ҳал этилди, масъулиятсиз ота алиментни тўлайдиган бўлди.
Тажрибали адвокат Мавлудахон Аҳмедова фаолияти билан боғлиқ бу каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Опа нафақат тажрибали адвокат, балки ўта маданиятли, дилбар ва назокатли аёл, ибратли оиланингбахтли бекаси.У ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашади, ўз ишининг моҳир мутахассиси, айниқса, миллий қадриятларимизга, она тилимиз софлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратади. Унинг адабий тилда сўзлашиши, нотиқлиги, жумладан рус тилини мукаммал билиши кўпчиликни лол қолдиради.
Энг муҳими, Мавлудахон Аҳмедова ҳар бир мурожаатчини инсон сифатида ниҳоятда қадрлайди ва унга ишонч билдиради. Ўй-фикрлари, дарду ҳасратларини эринмай эшитади. Муаммоларга қонуний ечимлар топа олади.
Қаҳрамонимиз М.Аҳмедова 1975 йилда ўрта мактабни олтин медалга тамомлаб, шу йилнинг ўзида Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетининг кундузги бўлимига ўқишга киради. Университетни муваффақиятли битиргач, меҳнат фаолиятини Андижон шаҳар ҳокимлиги уй-жой бошқармасида ҳуқуқшунос лавозимида бошлаган. Мазкур идорада ўн йил фаолият олиб борди. Ана шу вақт ичида чинакам ҳуқуқшунос, фуқаролик ишларига ихтисослашган малакали мутахассис сифатида шаклланди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришган дастлабки йиллардаАндижонда вилоят адвокатлар палатаси ташкил этилди. Кейинги фаолиятини адвокатлик касби билан боғлаган Мавлудахон Аҳмедова биринчилардан бўлиб янги очилган палатага аъзо бўлди.
- УстозларимЖиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг судьяси Козимжон Каримов, вилоят адвокатлар палатасининг биринчи раиси Ҳамиджон Жалоловлардан касбимизга оид жуда кўп нарсаларни ўрганганман, - дейди Мавлудахон Аҳмедова. -Ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиш, мижоз билан самимий бўлиш, ишончини қозона олиш сингари адвокатликнинг нозик сир-асрорларини ўрганишимда уларнинг хизматлари жуда катта бўлган. Фаолиятимни муваффақиятли олиб боришда ҳамиша кўмак берган ана шу ва бошқа қатор устозларимдан миннатдорман, улар биланфахрланаман.
Бугун соҳанинг тажрибали устозларидан сабоқ олган Мавлудахон Аҳмедованинг ўзи кўплаб ёш мутахассисларнинг устози ҳисобланади. Уларга ўз тажрибаларини, соҳанинг ўзига хос жиҳатларини ўргатиб келмоқда.
-Устозимиз Мавлудахон Аҳмедова ишда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам бизга ибратдир, - дейди шогирдларидан бири, олий маълумотли ҳуқуқшунос Мадинахон Соқиева. - Опанинг иш услуби, мижозлар билан мулоқоти, инсоний фазилатларига ҳавас қиламан. Шу боис ҳам "Нурзиё фемида" адвокатлик хайъатида бирга ишлаш жараёнида опага ўхшашга, у каби малакали адвокат бўлишга ҳаракат қиламан.
Унинг шогирдлари салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этишини алоҳида эътироф этиш жоиз.Чунки опадан ибрат олиб, унга ўхшаган тажрибали адвокат бўлиш мақсадида иш олиб бораётган ҳуқуқшунос опа-сингилларимиз сафининг ортиши шубҳасиз, хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ортишига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Мавлудахон Аҳмедова самарали адвокатлик фаолияти, қолаверса, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор қозона олган ҳуқуқшуносдир.
Теграмизга назар ташласак, қанча инсонлар жуфт-жуфт яшаб, бахтли ҳаёт кечираётганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг ширин турмушини кўриб, дилингиз яйрайди, оила нақадар муқаддас гўша эканлигига яна бир бор амин бўласиз. Аммо... менқуйида бошқа бир тоифа кишилар, аниқроғи, ёлғиз аёллар, қари қизлар ҳақида тўхталмоқчиман.
Ёлғизлик яратганга хос. Ёлғиз яшаш, айниқса, аёл кишининг ёлғиз яшаши қанчалар азоб эканини ана шу тоифадаги опа-сингилларимиз яхши англашади.
... "Шайтон қўлин солар ёлғиз аёл товоғига" дейилади бир қўшиқда. Ҳаётда турфа одамлар бор. Ҳамма ҳам ёлғиз аёл ҳақида тўғри, соғлом фикр юритмайди. Баъзи бир енгилтабиат эркаклар ҳам уларга олача қараши бор гап.
Тўғри, айрим қизлар танлаб-танлаб ёки ота-оналарининг орзу-ҳаваслари қурбони бўлиб ёхуд оила қуриш масаласига ўз вақтида эътиборсиз бўлгани боис, шу ҳолга тушганлиги ҳам ҳақиқат. Лекин азизлар, ёлғиз аёлнинг, аниқроғи, турмуш қурмай яшаётган қари қизнинг шу кўйга тушишига ўзигина сабабчи, десак хато қиламиз. Аввало бу - тақдир. Қолаверса ҳар бир яшаётган ёлғиз аёл қисматининг катта-кичик сабаблари бор, албатта. Улар бугун ота-оналари (ҳаёт бўлса), ака-укалари, опа-сингиллари даврасида эллик ёшгача бўлган даврини сурурли ўтказар. Эртага-чи?! Фасллар алмашганидай, умрнинг ҳам баҳор ва ёзидан кейин изғиринли кузи, қаҳратон қиши келади. Ана шундай даврларда ёлғиз бўлишлик, ёлғизликнинг азоб-уқибатларини енгиб ўтишлик осон кечмаслиги аниқ. Фарзандлари бахти, камолидан бонг ураётган дугонаси, қўшнисининг гапларини эшитиш нақадар оғир.Ҳа, ёлғиз яшаётган аёл учун ана шундай кунлар келиши аниқ.
Шу боис, ёлғиз яшаётган аёлларнинг ўз бахтини, тенгини топишга кўмаклашайлик.
Нима бўлганда ҳам, бахтли ҳаёт кечираётган сизу биз бугун уларнинг кўнглини кўтарайлик, уларга тасалли берайлик. Уларни бугунги куннинг Лайлолари деб атайлик-да, бир кун келиб, ўз шаҳзодаларини кутиб олишларига тилак билдирайлик.