+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Синовли кунлар бизга сабоқ бўлади

ташаббус

Юртимизда бир неча кун ҳукм сурган аномал совуқ ва қалин қор ёғиши мамлакатимиз аҳолиси учун айниқса, коммунал соҳалар - табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, қўйингки, ҳаётимизнинг барча жабҳасида қийинчиликлар, муаммоларни юзага келтирди. Очиғи, юзага келган ана шу ҳолат халқимиз, юртдошларимиз сабр-бардошини, ҳамжиҳатлигини яна бир бор синовдан ўтказди.

Жорий йил 16 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг қиш мавсумига, фавқулодда ҳолатларга зарур даражада тайёргарлик кўрмаганликлари кескин танқид қилинди. Шунингдек, аёзли кунларда ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олиш, "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш бўйича вазифалар топширилди.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, қолаверса, бугунги синовли кунларда партиямиз томонидан ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, эҳтиёжманд аҳоли вакиллари, ногирон, якка ёлғиз яшаётган фуқаролар, шу билан бирга, бугунги кун қаҳрамонлари - йўлларни қор уюмлари, музлардан тозалаётган ободонлаштириш тизими ишчилари ҳолидан хабар олиш, уларга кўмаклашиш мақсадида "Меҳр-саховат улашиш" акцияси ўтказилди.

Акция доирасида партия фаоллари, депутатларимиз томонидан ҳашарчилар, кунни тунга улаб меҳнат қилаётган турли соҳа хизматчилари ҳамда эҳтиёжманд аҳоли вакилларига иссиқ қаҳва, чой ва егуликлар улашилди, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 

Сектор раҳбарлари, жойлардаги мутасадди ва масъуллар билан биргаликда Қўрғонтепа туманидаги Учтегирмон, Эшонобод,  Навниҳол,  Туронзамин, Норбўта, Бешкалтак ва Намуна маҳаллаларида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Халқимиз барча даврларда ҳар қандай ташвиш-у қувончда бир-бирига елкадош бўлган, синовлардан эсон-омон ўтган. Халқимиз бугунги синовли кунларни ҳам ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтишига асло шубҳа йўқ. Энг асосийси, табиатнинг бу синови ҳар бир тизим раҳбарининг, айниқса, коммунал соҳа мутасаддиларининг ўз ишига, бажараётган вазифасига масъулият билан ёндашиши нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатди. Ишонаманки, ушбу синов бизга сабоқ бўлади.

Шукрки, ташвишли кунлар ортда қолмоқда. Лекин Президентимиз ташаббуси билан аномал совуқ юзага келтирган асоратларни бартараф этиш, қийналган аҳолига кўмаклашишга қаратилган хайрли ишлар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.

 

Хуршида ХАЛИЛОВА,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси.

Аҳолининг муаммолари ўрганилмоқда

Жараён

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва топшириғи билан қишнинг  аёзли кунларида барча даражадаги раҳбарлар, маҳалла раислари, маҳаллаларда иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, одамларнинг яшаш шароитлари билан танишмоқда, мавжуд муаммоларини бартараф этиш чораларини кўрмоқда, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатмоқда.

Вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар   бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева Андижон шаҳридаги "Ёйилма" маҳалласида бўлиб, маҳалла аҳолисининг яшаш шароитлари, муаммолари билан танишди, кексалар, уй бекалари, болалар, шунингдек, электр энергияси, табиий газ таъминотига масъул ташкилотлар вакиллари билан мулоқот ўтказди.

- Ҳақиқатдан ҳам совуқ кунларни ўтказиш юртдошларимиз учун осон кечгани йўқ, - дейди Гулнорахон Абдуллаева. - Уйма-уй юришдан кўзланган асосий мақсад, ана шу қийинчиликларни сабр ва матонат билан енгиб ўтган фуқароларимизнинг кўнглини кўтариш, уларга далда бўлиш, мавжуд муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, энг асосийси, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатишдан иборат.

Айни кунда  "Ёйилма" маҳалласида 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аномал совуқ шароитида барча юртдошларимиз қатори маҳалла аҳли ҳам ниҳоятда қийин кунларни бошидан ўтказди. Табиий газ, электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келди. Мутасадди ташкилотлар томонидан тизимлардаги носозликлар бартараф этилиб, таъминот тикланди.

Маҳалла аҳолиси вилоят ҳокими ўринбосари билан суҳбатда ана шулар, қолаверса, бугунги кунда ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида гапирди.

Вилоят ҳокими ўринбосари уйлар, жумладан, кўп қаватли уйлар хонадонларига кириб, табиий газнинг бир меъёрда етказиб берилаётганлиги, хонадонлар қай даражада иссиқ эканлиги билан  бевосита танишди.

Айрим уйлар, хонадонлардаги коммунал соҳа билан боғлиқ муаммолар мутахассислар томонидан шу куннинг ўзидаёқ бартараф этилди.

Уйма-уй юриш жараёнида Гулнорахон Абдуллаева маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари, кўп қаватли уйларнинг уйбошилари, болажонлар билан ҳам суҳбатлашди. Шунингдек, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган ёрдамлар, ўқувчи ёшларнинг мактабга бориши, бўш вақтларини қандай ўтказиши билан қизиқди. Ана шу йўналишлардаги ҳолатни яхшилаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди, тавсиялар берди.

Аҳоли билан мулоқот қилиш, уйма-уй юриш орқали қатор муаммо ва масалалар ўз ечимини топди. Бундан албатта, аҳоли мамнун бўлмоқда.

Бу каби ўрганишлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда.

 

Восит АҲМАТХОНОВ

ВАТАН, ОНАМ КАБИ МЕҲРИ УММОНСАН

Ватан, онам каби меҳри уммонсан,

Бағри бахтга макон азим диёрим.

Мардларинг эркингга посбон - омонсан,

Кўксимдаги шоним, ғурурим, орим.

 

Қадим анъаналар бешиги ўзинг,

Асрлар қаъридан янграган нидо.

Буюк тарих айтар дилдаги сўзинг,

Шавкатли мозийдан келади садо.

 

Ватан, отам каби силайсан бошим,

Бобом, момом бўлиб қиласан дуо.

"Болам" деб эркалар танти юртбошим,

Ёруғ келажакдан таралар зиё.

 

Дунёни тутгайдир ўзбекнинг номи,

Саждагоҳдай азиз шу қутлуғ маскан.

Кўнгилда яшайди истиқлол шони

Юракдан бунёддир асли ҳур Ватан!

 

Дилмурод СОТВОЛДИЕВ

Мутахассислар билим ва малака оширди

Андижон вилояти Андижон шаҳрида вилоят Оила ва хотин-қизлар  бошқармаси ҳамда USAID халқаро ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигидаги "Гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш" мавзусида  семинар-тренинг ўтказилди.

Вилоятда фаолият олиб бораётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, туман, шаҳар Реаблитация марказлари ходимлари иштирокида ташкил этилган семинар жамиятда гендер тенглигини таъминлаш, бу борадаги ишларни самарали олиб бориш ва илғор тажрибалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Семинар машғулотларида иштирокчиларнинг билим ва тажриба даражасини  баҳолаш, флип-чартлар билан ишлаш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича миллий қонунчиликнинг умумий тавсифлари, кейслар билан мини гуруҳларда ишлаш, гендер эркинлиги бўйича халқаро стандартлар ҳақида кенг маълумотлар берилди. Ҳар бир мавзу бўйича тақдимотлар ўтказилди.  Шунингдек, мавзуга доир видеороликлар намойиш этилди.

Қизиқарли ўйинлар, ўзига хос машғулотлар асосида ўтган семинар иштирокчилари мавзу доирасидаги билим ва тажрибаларини янада бойитдилар.

Вилоятимизда гендер тенглиги ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича фаолият олиб бораётган ҳамда маҳалла фаолларини ўқитиш бўйича тренерлар тайёрлаш курсини тамомлаган 25 нафар тингловчига ташкилотчилар томонидан махсус сертификатлар топширилади.

 

Муножот КАМОЛОВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар   бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.

"ҚУЁН ЙИЛИ" ХУСУСИЯТЛАРИ

Ушбу йилда таваллуд топганлар ўзига хос хислатларга эга бўлиб, қобилиятли, иззатталаб, камтар, босиқ ва саховатли кишилар бўладилар. Ўзига хос  диди билан ажралиб туради, кўпчиликнинг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлади. Бироқ уларнинг энг катта камчилиги бор, бу - енгилтакликдир, қолаверса, яхши хислатлари ҳам юзаки бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ғийбат қилишни, гап ташишни яхши кўришади, лекин буни киши билмас ҳолда эҳтиётлик билан амалга оширишади.

 Oдатда, оғир, вазмин бўлганликларидан уларнинг тинчини бузиш қийин. Уларда ҳақиқий ҳиссиётдан кўра, тантиқлик кучли. Арзимас баҳона билан йиғлашлари мумкин.

 Oдатда, улар ўзларининг ҳаёт тарзига путур етказадиган ҳар қандай янгиликка тоқат қилолмайдилар. Энг аввало, хавф-хатарсиз яшашга интилишади.

Oлдиндан яхши ва ёмон томонларни ҳисоб-китоб қилмагунча ҳеч бир ишга қўл уришмайди. Ажойиб ишчанлик қобилиятига эга кишилардир. Баъзан ўтакетган расмиятчи бўлишса-да, ҳалол, ўз сўзининг устидан чиқишади. Иқтисодий жиҳатдан ҳамиша омадлари юришади, ўйлаган ишларини амалга оширишда фаол бўлишади. Улардан ажойиб ишбилармонлар етишиб чиқади.

Ушбу мучалда туғилган аёллар дидли, меҳмондўст ва яхшиликка интилиб яшайдилар, ҳар қандай соҳада ўзларини кўрсатиши мумкин. Умуман, ушбу йилда таваллуд топганлар ўзлари ёқтирган одамларга нисбатан жуда хушмуомала, уларга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиладилар. Лекин дўстлар манфаатига хизмат киламан деб, яқин кишиларидан жудо бўлишлари осон.

Умуман, қуён йили кўплаб мучал соҳиблари учун омадли бўлади. Бу йил тинч-хотиржамлиги, қизиқарли хусусияти билан ажралиб туради.

Қуён шовқинли зиёфатларни ёқтирмайди, тинч учрашувларни афзал кўради. Никоҳ учун 2023 йил қулай, чунки қуён йилидагилар оилани қадрлайдилар.

Меҳр риштаси

Ҳикоя

Қизчаларим, қизчаларим,

Олтин юлдузчаларим,

Тиллари чучук-чучук,

Бир-биридан кичик-кичик.

 

Ҳар гал кун қорайгач, дала юмушларидан ҳориб қайтган дадасини қарши олиш учун югургилаб пешвоз чиққан қизалоқларини Мўминжон ака эркалаб, ўзи тўқиган сўзларни айтиб, бағрига босади, пешона, юз-кўзларидан ўпади. Оила бекаси Озода ая ота-болаларнинг дийдорлашувини завқланиб кузатади.

Дилфуза, Феруза, Наргиза...бирин-кетин улғайишди, мактабга қатнашди. Йиллар ўтиб, мактабни аъло баҳоларга битиргач, кетма-кет олий ўқув юртлари талабалари ҳам бўлдилар.

Кунлар ўтиб, қизларга совчилар кела бошлади. Бирини кузатсалар, бошқаси  кириб келарди. Кўп ўтмай, навбати билан қизларни яхши жойларга узатиб, эгаларига топширдилар. Чаққон, ўқимишли, оқила қизларнинг бахтлари кулди. Яхши жойларга  келин бўлишди. Энди қизлари вақтига қараб, ота уйига бирров келар, иш, турмуш ташвишларидан  гапириб, дарров жўнаб қоладиган бўлдилар.

Бир сафар кичик қизи Наргиза ота-онасидан хабар олиш учун кириб келганида, қизларининг ташрифини байрамдек кутиб оладиган онасини ғамгин ҳолда  кўриб, ҳайрон бўлди.

- Оғирлашмай юрибсанми? - ой-куни яқин Наргизадан ҳол сўради Озода ая.

- Яхшиман, ая, хавотир олманг, тинчликми, жуда хомушсиз?

 Озода ая ҳушёр қизидан сир яширолмасди.

- Бир нимадан сиқиляпсизми? - бетоқатланиб сўради Наргиза.

- Опанг, Дилфузадан хавотирдаман, - ахийри ёрилди она. - Беш йилдан буён тирноққа зор.

Опалари билан кўришганда, Дилфузанинг очилиб, ёзилиб ўтиролмаслик сабаби  айнан шу фарзандсизлик эканини Наргиза ҳам сезарди.

- Яқинда бир гап эшитдим,-давом этди Озода ая. - Қайнонаси агар булар болали бўлишмаса, Анваржонни бошқа уйлайман, деган эмиш. Опангнинг уйи бузиладиган чоғи, - ая кўз ёшларини бармоқлари билан сидирди. Онасининг эзилганига тоқат қилолмай  ўтирган Наргиза ўйланиб қолди. Ўзича, опасига қандай ёрдам бериш чорасини излади. "Бечора онам, қиз ўстириб, яйраб ўтириш ўрнига..."

- Дўхтирларга  кўринишётувди  шекилли...

- Нафи бўлмаяпти...

 Узоқ жим қолишди. Наргиза бирдан хаёлида айланаётган фикрини айтишга жазм қилди.

- Бир нарса айтсам, койимайсизми?

- Олдин айт-чи?

- Шу...Кўзим ёригач, боламни опамга берсам. Бизни ўғлимиз бор.

- Эсинг жойидами? Уйингдагилар нима дейди? Эринг бунга кўнадими?

- Олдиларидан ўтаман, тушунтираман.

Озода ая бу кутилмаган таклифни тасаввурига сиғдиролмай, бир зум бўшашиб туриб қолди. Тўғри, ўзаро келишиб, шундай йўл тутаётганлар бор, бу ҳақда эшитган. Бироқ шу сабабли Наргизанинг турмуши бузилиб кетмасайди! Унинг қарори уйидагиларга маъқул бўлмаслиги мумкин!

-      Майли, тушунтир, агар қарши бўлишса, оёқ тираб туриб олма, рўзғоринг дарз кетмасин, опангнинг ҳам пешонасига ёзгани бўлар...

... Одилжон Наргизани индамай эшитди. Бундан ота-она- Шарофат ая ҳам, Эгамберди ота ҳам хабар топди.

- Агар рози бўлсанглар, опамга ёрдам бермоқчиман,- Наргиза уларга қарорини тушунтиргач, қўшиб қўйди. Ҳеч кимдан садо чиқавермагач, Эгамберди ота қатъий, аммо кескин гапирди.

- Келин, шу қарорга келган бўлсанг, тўғри ўйлабсан, ҳеч кимни кўз очиб кўрган рўзғоридан айирмасин. Сен савоб ишга қўл уряпсан.

Шарофат ая ҳам отанинг фикрини маъқуллар экан, "хола ҳам она қатори", деб қўйди. Наргиза қайнона-қайнотаси уни тушунганидан беҳад суюнди. Энди у бу ҳақда албатта опасига етказиши керак.

Поччаси, унинг ота-онаси нима дер экан.

... Яхшики, опасининг қайнота-қайнонаси: - майли, ўша фарзанддан кейин ўзи ҳам фарзанд кўрса ажабмас, - дея рози бўлишибди.  

...Наргиза қиз кўрди. Туғруқхонадан чиққан куни у мунчоқдек жажжи чақалоғини уни ҳаяжонланиб кутиб турган Дилфуза опасига тутқазди.

-      Мени ҳаётга қайтардинг, синглим,- Дилфузанинг ёш тўла кўзлари Наргизага  миннатдор боқар, чақалоқни бағрига босиб, уни ҳидлар, қўл, юзларига секин юзларини тегизиб қўярди. Кўпдан бери орзиқиб кутилган шодлик, қувонч чақалоқ билан бирга Дилфузанинг хонадонини обод қилганди...

... Орадан йиллар ўтди. Бу орада Наргиза яна бир ўғил, бир қиз кўрди. Дилфуза ҳам ҳам ўғилли бўлди. Ҳар сафар байрам, ҳайит кунлари ота уйига йиғилганларида  болаликлари ўтган хонадон файзга тўлади. Катта-кичик болажонларнинг шодон  қийқириғи, ўйинлари ҳовлига сиғмайди. Шунда, кексайиб қолган Мўминжон ота атрофига набираларини йиғиб олади-да, бир вақтлар қизалоқларига айтган эркаловчи оҳангдаги сўзларини ўзгартириб, хониш қилади:

Набираларим, набираларим,

Олмос кўз қароғларим,

Тиллари чучук-чучук,

Бир-биридан кичик-кичик...

Умида  ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган бойлик

2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

Илмли, ўқимишли бўлиш инсон учун улуғ неъмат. Илмли киши ҳаётда ҳамиша қадр топади. Илм йўлимизни ёритувчи юлдуз. Ўқиб, илм олиш билан инсон камолотга эришади. Зеро, Арши аълодан келган илк даъват ҳам, - "Ўқи!" деган сура бўлган экан.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бугун юртимизда илм ўрганиш, таълим сифатини ошириш, илм-фан ривожига, айниқса, таълим-тарбия, ўқитувчи ва мураббийлар нуфузини ошириш, меҳнатини қадрлаш  масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Насиб этса, энди эзгу мақсад йўлидан бораётган муаллимлар, устозлар меҳнати қадр топади, уларга чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Чунки миллатнинг эртаси, юртнинг порлоқ келажаги кўп жиҳатдан ана шу инсонлар, уларнинг меҳнати маҳсули билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, таълим соҳасидаги ўзгаришларни кузатиб, қувонаман. Ушбу ислоҳотлар замирида энг аввало, ёшларнинг пухта билим олиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишларига кўмаклашишдек эзгу мақсад ётибди. Қани эди буни бугунги ёшларимиз чуқур англаб етсалар, берилган имкониятлардан ҳеч иккиланмай оқилона фойдаланар эдилар.

 Болалигимизда онам: "Илмли минг яшар, илмсиз бир яшар" деган мақолни кўп такрорлар эди.Бугун юртимизда илм, таълим-тарбияга берилаётган эътиборни кўриб, онамнинг гапларини, ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган бойлик - илм эканлигини  янада чуқурроқ англаяпман.

Ўқувчи ёшларнинг пухта билим олиши, уларнинг тафаккури ва билим салоҳиятини юксалтириш борасида бутун юртимизда бўлгани каби мактабимизда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, фан ойликлари, очиқ дарслар, дарсларда илғор ва замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш, турли маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик танловлари, интеллектуал ўйинлар ўтказиш мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Ватан ҳимоячилари куни олдидан туманимиздаги Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм аскарлари ҳамда ўқувчиларимиз ўртасида ўтказилган "Заковат" интеллектуал ўйини ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

ЁЧТ фани раҳбари Музаффар Қўлдашев, фахрий устоз Фотима Мирзаева, тарих фани ўқитувчиси Саида Насриддинова ташаббуси билан ташкил этилган танлов ўқувчиларимизнинг билим ва салоҳиятини бойитишга, қолаверса, таътил кунларини мазмунли ўтказишларига ёрдам берди.

Якунда танлов ғолиблари ва иштирокчилар мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

  Соҳибахон ЖАББОРОВА,

Жалақудуқ туманидаги 30- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Андижоннинг қирғиз журналистлари: Дўстлик ва миллатлараро тотувлик тарғиботчилари

Миллатлараро дўстлик

Андижонда вилоят қирғиз миллий маданий марказининг фаолият кўрсатаётганига йигирма беш йил бўлмоқда. Ўтган ана шу давр мобайнида марказ томонидан қирғиз тили, миллий қадрият ва анъаналарини ривожлантириш, юртимизда   миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Айниқса, марказнинг биринчи раиси, "Дўстлик" ордени соҳиби Қодиржон Маматов, ундан кейин узоқ йиллар раис бўлиб иш олиб борган, у кишининг ўғли Ҳамиджон Маматов вилоятимиздаги қирғиз миллатига мансуб журналистлар билан жуда яхши ижодий хамкорлик ўрнатишган эди.

Миллатлараро дўстлик ҳамиша улуғланиб келган, одилона миллий сиёсат юритилган юртимизда барча миллат ва элат вакилларининг эмин-эркин яшаши, ишлаши, ўзларининг миллий анъаналарини ривожлантириш учун, айниқса, мустақиллик йилларида барча шароитлар яратиб берилди.

Марказимизнинг биринчи раҳбари Қодиржон Маматовнинг ташаббуси билан қирғизлар уюшган ҳолда яшайдиган Хўжаобод, Булоқбоши, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Марҳамат туманлари ва Хонобод шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда турли маданий-маърифий, ижодий тадбирлар, дўстлик фестиваллари тез-тез ўтказилиши анъанага айланган эди.  Ана шу тадбирлар ҳақида юртдошларимиз, кенг жамоатчиликни хабардор этишда албатта, вилоятимизнинг қирғиз журналистлари фаоллик кўрсатишган. Уларнинг телевидение, радио ва матбуот нашрларидаги ижодий материаллари халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бу борада ҳамиша етакчилик қилган устозимиз Узоқбой Саксонбоевнинг (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринли. У ўша йиллари Жалақудуқ тумани ҳокимлиги   нашри "Жалақудуқ ҳаёти" газетасида муҳаррир ўринбосари, кейинчалик вилоят радиосида катта муҳаррир вазифасида хизмат қилди. Узоқбой ака Наманган давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тугаллаб, тўғри туман газетасига ишга келганди.

Узоқбой ака ҳам ўзбек, ҳам қирғиз, ҳам рус тилларида бирдай ёза олар эди. Кўплаб асарларни қирғиз, рус  тилларидан ўзбек тилига таржима қилиб, чоп эттирган. Ўзи ҳам яхшигина ғазаллар ёзарди. Унинг учта шеърий тўплами нашр этилган.

 Асли қўрғонтепалик устоз журналист Жонибек Мадумаровнинг ҳаёти, ижод йўли ва меҳнат фаолияти ҳар жиҳатдан бизга ибрат бўла олади. У кўп йиллар "Андижоннома" газетаси таҳририятида хизмат қилди, сўнг Балиқчи туман газетасига муҳаррирликка юборилган. Самарали фаолият олиб борган устозни ҳали ҳануз балиқчиликлар ҳурмат билан эслашади.

Яна бир устозимиз, мархум Абдураҳмон Тўланов касбининг ҳақиқий фидоийси эди. Жалақудуқ туманининг Қатортол қишлоғида туғилиб ўсган Абдураҳмон ака вилоят телерадиокомпаниясига тамал тоши қўйган ижодкорлардан бири, вилоят радиосининг биринчи муҳаррирларидан эди.  Вилоят  телерадиокомпанияси шаклланиши ва тараққий этишида у инсоннинг алоҳида хизматлари бор. Турмуш ўртоғи, истеъдодли радиобошловчи Турсуной Саидова билан кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Улар ижод, телерадио соҳасида ўзига хос тажриба мактабини ярата олганлар. Вилоят телерадиокомпаниясида фаолият юритган жуда кўп ижодкорлар уларни ўз устозлари, деб билишади.

Ўз даврида туман газетасининг оддий мухбирлигидан Жалақудуқ тумани Халқ назорати бўлими раҳбари лавозимигача кўтарилган устоз Усмонжон Каримов ўткир қалам соҳиби, фельетончи журналист эди. Нафақага чиққанидан кейин ҳам эл-юрт хизматида бўлди. Узоқ йиллар Жалақудуқ туманидаги Ҳамзаобод маҳалласи раиси сифатида самарали фаолият юритди, "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланди.

Қўрғонтепа туман газетаси таҳририятида марҳум Собиржон Бурқашев мухбир, устозимиз Ҳурриятхон Жалилова эса муҳаррир ўринбосари лавозимида узоқ йиллар ишлашди. Ҳурриятхон опа самарали ва баракали ижод қилди. Унинг ҳикоялари, қизиқарли мақолалари нафақат туман,  вилоят, балки  республика газета ва журналларида тез-тез эълон қилинарди.

Ҳабибахон Абдураззоқова эса "Жалақудуқ ҳаёти" газетасида масъул котиб, "7х7", "Ёғду" газеталарида бош муҳаррир сифатида самарали фаолият юритди. Ижоди билан вилоятга, республикага танилди.

 "Умр оқар сув", "Ҳаёт бешафқат" деган гаплар халқимиз томонидан бежиз айтилмаган экан. Ҳаётнинг бешафқатлигини қарангки, мен билан вилоятнинг отахон газетаси "Андижоннома"да бирга ишлаган, кейинчалик вилоят радиосида, шоир Фарид Усмон муҳаррирлигидаги "Келажак тонгги" газетаси таҳририятида ишлаган укам Абдуқаҳҳор Абдураҳимов ҳаётдан эрта кетди. У фаолияти давомида журналист сифатида баракали ижод қилди.

Жалақудуқлик Раҳимахон Абдураҳмонова ҳам самарали ижод қилиб келаётган ҳамкасбларимиздан. Унинг танқидий, маънавий-тарбиявий мақолалари кўплаб республика нашрларида, хусусан, "Муштум" журналида кўп марта чоп этилган. У ҳозирда нафақада бўлса ҳам яхшигина қалам тебратиб турибди.

Андижон давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Маҳбубахон Темирова ҳам ўзининг ижодий фаолиятини Жалақудуқ туман газетасида бошлаган. Кейин вилоят радиосининг қирғиз тилидаги эшиттиришларига муҳаррирлик қилди. Маҳбубахоннинг ширали овози, мазмунли, қизиқарли эшиттиришлари нафақат Қирғиз тингловчилари, балки кенг жамоатчиликнинг эътиборини қозонган.

Таъкидлаш керакки, мухбирликдан олималикка ўтган ҳамкасбимиз ижодни ташлагани йўқ. Ёшларга таълим-тарбия бериш билан бирга, у кейинги йилларда қатор асарларни қирғиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Қирғиз тилида ўқитиладиган мактаблар учун нашр этилган дарсликларга муҳаррирлик қилди. Бугунги кунда унинг кўмагида ёш ижодкорлар сафи тобора ортиб бормоқда.

Хўжаобод тумани "Ҳақиқат" газетасининг муҳаррири Толибжон Шерматов юксак давлат мукофоти - "Дўстлик" ордени билан тақдирланган вилоятимиздаги ягона  қирғиз журналистидир. Бундан ташқари, у ўзбекистонлик қирғизлар вакили сифатида Иссиқкўл шаҳрида ўтказилган Туркий тилли давлатлар биринчи халқаро форумида қатнашган андижонлик журналист ҳисобланади.

  У форумда қирғиз тилида қилган ифодали, мазмунли нутқи билан  улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг эътиборини қозонган. Чингиз Айтматов Толибжонни ёнига чақириб, яқиндан суҳбатлашган. Янги чоп этилган китобига дастхат ёзиб берган. Ҳамкасбимизнинг буюк  ёзувчи билан бирга тушган сурати туркий тилли давлатлар "фотокўргазма"ларида намойиш этилди.

Муҳаррир дўстимизнинг жонажон Ўзбекистонимиз равнақи, она Ватанимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт, миллатлараро дўстлик, юксак инсоний фазилатлар ҳақидаги мақолалари, чоп этилган китоблари алоҳида эътирофга муносибдир.

Инсон қадри, миллатлараро  дўстлик улуғланаётган Ўзбекистондай жаннатмонанд юртда яшашнинг ўзи бахт. Миллатидан қатъи назар шу юрт фарзанди сифатида ўзининг меҳнати, ижоди билан Ватан равнақига хизмат қилиш улуғ саодатдир. Озод, обод юртда эмин-эркин яшашлик бахти сизу бизни асло тарк этмасин, Ўзбекистонимизга асло кўз тегмасин. Ўз халқидан, юртидан куч олаётган журналистларимиз ижоди юксалаверсин. 

 

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист.

ОППОҚ ҚОРЛАР СОFИНЧИ

Дил туFёни

Қиш...Бу фасл инсон ҳаётининг қиёсий кўринишидир. Қиш фасли ўйчан бўлиб, умрнинг теран фасли ҳисобланади. У ўзида бироз маҳзунлик манзараларини очиб беради.

Табиатнинг покликка бурканган оппоқ либоси биллур каби кўзни қамаштириб, инсонга ажойиб ҳузур бахш этади.

Қалб хислатларига тўла бир пайтда жонга ородир унинг қорлари. Дардманд кўнгилларга малҳам унинг учқун қорлари. Қишдадир, ингроқи дарахтларнинг маъюслик саси. Сирпанчиқ учаётган бир тўп болаларнинг шодон қийқириғи...

Бу кун умид кўзларимиз унинг раҳмати аталмиш соғинч қорларига нигорон. Умидли   қалбларимиз "Ана, оппоқ қор учқунламоқда" демоқ учун ҳамон шай турибди. Чунки биз ўша оппоқ қорларни соғинч билан кутамиз. Уни кўрмоқ истагида бир олам қувонч билан ташқарига отиламиз.

Ана, оппоқ қорлар, кўнгилларни шодон айлагувчи оппоқ қорлар учқунламоқда. Уларга боқиб "Ёғавер соғинч қорлари. Сен ризқ-рўзимиз бўлган азиз неъматларнинг мўл-кўлчилик сабабчисисан" деймиз.

Чунки сен биз кутган оппоқ қорлар - соғинчимизсан.

 

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

Бўз тумани.

Ҳар фаслнинг ўз гашти бор...

Кўнгил битиги

Ҳар фаслнинг ўз гашти бор. Менинг наздимда қиш - кўнгилни оппоқ орзулар билан тўлдирадиган умид ва ишонч фасли. Қишнинг аёзли кунларида беихтиёр болалигим ёдимга тушди.

 Болалигимда катта асфальт йўлда маҳалладаги ёшлар билан қалин сирпанчиқ  қорда завқланиб ўйнаган кечаларни эсладим, у вақтлар йўллардаги машиналар қатнови бугунгидек гавжум эмасди-да.

Бугун эса ўша беғубор дамларни ва оппоқ қорни соғиндим, рақсга тушгандай осмондан ёғилаётган лайлакқорни қўмсайман...

Қиш завқида дунё чапак чалсаю, биз ўйнасак, кулсак! Қордан улкан Қорбобо ясаб, кўнгиллар роҳатланса.Каттаю кичикнинг қалби қувончу шодликка тўлса, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлса.

Дарвозам остига, қорга катта ҳарфлар билан қадр, соғлик, омонлик, халоват, дўстлик, барака, шукр  каби  сўзларни ёзгим келди...

Қиш фасли! Ҳар доим юртимга ҳозиргидай оппоқ либосларингни ёйиб келавер. Қалбларга оппоқ умидлар солиб кел!

Зеро, ҳар фаслнинг ўз гашти бор. Қишнинг ўзгача зийнати одамларни оқ ниятларга буркайди...

 

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

Жалақудуқ  тумани.