+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

«Ким етимга яхшилик қилса, у билан жаннатда яқин бўламан»

Муқаддас динимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида адолат, тенглик, меҳрибонлик, раҳм-шафқат ғояларини жорий этиш буюрилади. Динимиз жамиятнинг меҳрга муҳтож қатламларидан бўлган етимлар ҳақида ҳамиша қайғуришга, уларга ғамхўрлик ва меҳрибонлик қилишга чақиради.

Қуръони карим оятлари, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ривоят қилган ҳадиси шарифларда етимларга қарашли молларни тасарруф қилишда исроф ёки хиёнатга йўл қўймаслик алоҳида таъкидланади.

Абу Умомадан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в): "Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочининг устидан ўтса, унинг ҳаққига шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан" деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар.

Етимга яхшилик қилиш, унинг бошини силаш, унга хайру эҳсонлар ҳадя этишлик  нақадар улуғ  мақом, қанчалик буюк мартаба эканлигини юқоридаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин. Албатта, инсон бошидаги сочларнинг саноғига етиш қийин. Бироқ етим болага ҳеч қандай ёрдам беролмаса-да, унинг бошини силаб қў­йишнинг ўзи беҳисоб савобга муносиб амал экан. Етимнинг бошини силаш билан бирга, уни тарбиялаган, едириб-ичирган, кийинтирган, бошпана берган, илму маърифат ўргатган кишига ёзиладиган ҳасанотларнинг миқдори эса беҳисобдир.

Етимни таомга чақириш ва унга ўз таомидан едириш ҳам катта савоб амаллардан саналади. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) қачон таом еса, ёлғиз емас, олдига бир етимни таклиф қилиб, у билан бирга таомланар эди. Ҳар таомда дастурхонга, албатта бева-бечоралар, фақир-мискинларни ҳам таклиф қиларди. Бир куни таом келтирилгач, одатича етим болани чақиришни сўради. Қараса, етим бола йўқ экан. Бироз кутиб туриб, сўнг таомни ўзи еди. Таклиф қилинган етим бола эса овқат тугаганда келиб қолди. Шунда ибн Умар (р.а.) унга ҳам овқат келтиришни буюрди. Бироқ овқат қолмаган экан. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар болага асал билан толқон олиб келишларини буюрди. Сўнг болага: "Ма, буни ол. Аллоҳга қасамки, кам бўлмадинг", деб чиройли муомала қилди. Ибн Умар (р.а.) овқатга кечикиб келган етим болани таомсиз қолдирмасликка ҳаракат қилди. Унинг кўнглини олишга уринди.

Ҳаётимиз давомида атрофимиздаги етим-есирларга меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик, айниқса, меҳрибонлик уйларидаги кўнгли ўксик норасидалар ҳолидан хабар олайлик, уларга қўлимиздан келганча ёрдам ва шафқат кўрсатайлик. Аллоҳ барчаларимизни ана шундай улуғ савоб амалларни адо этиб, икки дунё саодатига мушарраф бўлишлигимизни насиб этсин.

Салимжон  ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хоноқа" жоме масжиди имоми.

Инсон эрки, ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимоячиси

Дунёдаги ҳар қандай жамият маълум бир қонун-қоидалар асосида шаклланади ва тараққий этиб боради. Агар жамиятда бу нарса бўлмас экан, у таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам ҳар бир давлатнинг ўз қонун-қоидаларидан иборат конституцияси мавжуд. Ана шу конституциядан келиб чиқиб, ҳар бир давлат ва жамият ривожланиш йўлидаги мақсад ва вазифаларини белгилаб олади.

Мустақиллик, миллий давлатимизнинг асосларидан бири бўлган Конституциямиз хусусида сўз кетганда беихтиёр ҳар бир фуқаронинг қалби фахр-ифтихор туйғуларига тўлади. Бош Қомусимизда инсонни улуғлаш, унинг эрки, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий тамойиллари - фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурч­ларини, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар, жамиятнинг иқтисодий асослари, республикамизнинг маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши, сайлов тизими, давлат ҳокимияти, олий ва маҳаллий органларнинг тузилиши, уларнинг ваколатлари ва жамият ҳаёти билан боғлиқ бош­қа асосий йўналишлардан иборат бўлиб, уларнинг замирида давлат ва халқ тинчлиги, мамлакат тараққиёти мужассамдир. Хусусан, Конституциямизнинг муқаддимасидаёқ ўзбек халқининг одамийлик, инсонпарварлик, бағрикенглик фазилатлари, демократия ва адолат ғояларига содиқлиги, давлатимизнинг бош мақсади фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш эканлиги баён этилган.

Конституция - жамиятимиз, давлатимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир. У барча демократик тамойиллар, умуминсоний ғояларни ўзида мужассамлаштирганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Конституция жамиятдаги барча қонунларнинг қабул қилинишига асос бўлган олий ҳуқуқий кучга эга муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шу боис ҳам жамият тараққиёти ва биз ёшлар камолотида муҳим аҳамият касб этувчи ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз яхши билишимиз ва англашимиз керак.

Конституциямизнинг қай бир боби ёки моддасини олиб қараманг, уларнинг узоқ йиллар тажрибаси ва чуқур билимга асосан яратилганлигига гувоҳ бўламиз. Унинг замирида ҳамма нарса инсон манфаатлари учун хизмат қилиши керак, деган эзгу ғоя мужассам. Шу боис дунё ҳамжамияти ҳам унинг умуминсоний қадриятларга тўла мос келишини муносиб эътироф этган.

Йиллар ўтган сайин Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиз, тараққиётимиз учун аҳамияти қанчалик катта эканлигига, танлаган йўлимиз ниҳоятда тўғри эканлигига қайта - қайта ишонч ҳосил қилаверамиз.

Конституция давлат суверенитети ғояларига содиқлик билан йўғрилди ва инсон ҳуқуқларини муқаддас деб эътироф этди. Президентимиз таъбирлари билан айтадиган бўлсак, мус­тақиллигимиз бизга энг олий неъмат бўлган ҳуқуқни инъом этди. Бу мустақилликни англаш ва фикрлаш, ўз тақдирини ўз халқи билан бирга мустақил ҳал қилиш ҳуқуқидир.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз - бахтимиз қомуси, эртанги порлоқ ва нурафшон ҳаётга етказувчи нурли йўлимиздир.

Насибахон АБДУРАЗЗОҚОВА,

Асака педагогика коллежи махсус фанлар ўқитувчиси.

Фан ойлиги билимларга билим қўшади

Фан ойлиги

Рус тили ва бошқа хорижий тиллар таълимида янги педагогик  ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш жараёнида дарсларни ҳар томонлама пухта ташкил этиш, ўқувчилар томонидан билим ва кўникмаларни ўзлаштиришнинг самарали усулларини излаб топиш, дарснинг сифатлилигини таъминловчи воситаларни қўллаш - бугуннинг энг асосий талабларидан бири. Рус ва инглиз тилини ўрганиш жараёнида тилнинг грамматикаси, унинг самарали услубларини ўзлаштириб олиш зарур. Айниқса, хорижий тиллар таълимининг коммуникатив асослари (оғзаки, ёзма нутқ, эркин мулоқот қилиш кўникмалари)га устувор тарзда ёндашиш лозим.

Тил ўрганиш ўқувчи маънавияти, унинг интеллектуал  салоҳиятини юксалтиради. Аста-секин ўз фикрини  чет тилида баён эта олиш ҳар қандай  киши  кўнглига завқ бағишлайди. Саводхон ўқувчи ҳар қандай тилни ўрганишга она тилини асос қилиб олади.

Сўзни тўғри ифодалаган, чиройли ёзиш, маъноли жумлалар тузишга эътибор қаратади.  Ўқувчиларимизнинг чет тилини ўрганишга иштиёқлари кучли. Хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини оширишда ўқитувчилар учун тақдим этилаётган ўқув-услубий материалларнинг ўрни беқиёс. Мактабда бугун ўқувчиларнинг ҳар томонлама етук билим олишлари учун барча фанлардан берилаётган сабоқларнинг ўрни катта. Айниқса, буни айни дамда рус ва инглиз тилларини бажонидил ўрганишга киришган, дарс машғулотларидан ташқари тўгаракларда қўшимча билим олаётган ўқувчиларнинг сони ортишидан билиш мумкин.

Ноябрь - рус тили ва хорижий тиллар фанлари ойлиги сифатида мактабларда қизиқарли тадбирлар, учрашувлар, танловларга бой тарзда ўтмоқда. Дарсларга тайёргарлик жараёнида ўқувчилар томонидан саҳна кўринишлари, расмлар танловлари, шеърият кечалари, ижодий матн яратиш кўрик мусобақалари ўтказилди. Бугунги мактаб ўқувчиси рус ва чет тилларини ўрганишнинг аҳамияти нечоғли зарурлигини тушунади.  Зеро, ахборот коммуникация технология­ларининг барча турлари саводхонликни, рус ва чет тилларини билишни талаб этади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, ўқувчи мактаб машғулотларида ўзига керакли билимни олсин, қўшимча пуллик курсларга қатнашишига ҳожат қолмасин.

 

Гулнозахон БАХТИЁРОВА,

Иродахон ҲОЗИРДИНОВА,

рус ва инглиз тили фанлари ўқитувчилари.

Хўжаобод тумани.

Бахтимиз қомуси

8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

"Конституция" - лотинча сўз бўлиб, "Қонунларнинг қонуни" ёки "Асосий қонун" деган маъноларни анг­латади. Конституция давлатнинг халқ иродасини ифодаловчи, давлат тузилиши ва бошқарув шакли асосларини  мустаҳкамловчи, ҳокимият идоралари  фаолиятининг ташкил этилиши тартиби  ва принципларини, мамлакатимиз аҳолисининг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.   

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда инсон шаъни, қадр-қиммати, мустақил ва эркин ҳаёти кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муҳим тарихий сана сифатида юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Шу жумладан, мактабимизда ҳам синфлар кесимида тадбирлар ўтказилиб, ўқувчиларнинг ёшига мос тарзда конституциянинг бўлим, моддалари ҳақида кенг тушунчалар берилди. Ўқувчиларнинг давлат рамзлари,  шунингдек, Бош Қомусимиз  ҳақидаги  тасаввурлари кенгайиб бормоқда.

Мен дарс бераётган  4-"А" синфида 27 нафар ўқувчи таҳсил олади. Улар иштирокида "Конституция - бахтимиз пойдевори", деб номланган тадбир ўтказилди. Тадбирда ўқувчилар Конституция  ҳақида шеърларни ёддан ифодали ўқидилар, саҳна кўринишлари намойиш этдилар. Мактабимизда ўтказилаётган ҳар бир тадбирнинг қизиқарли, юқори савияда ўтказилишига алоҳида аҳамият берилади.  Зеро, тадбир иштирокчилари мавзуга оид билимларини бо­йитсин, зарур тушунчаларга эга бўлсинлар. Турган гапки, Конституциямизнинг ўттиз йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам ўқувчиларимиз фаол иштирок этиб, кенг билим ва тушунча олдилар.

Ҳар қандай жиноят: у каттами, кичикми барибир  жазосиз қолмаслиги, қонун барча учун баробар эканлиги, ҳеч нарса жиноятчини жазодан қутқариб қололмаслиги ҳақиқат эканлигини ўқувчилар ўзларининг сахна чиқишларида ифодаладилар. Ўқишда, тадбирларда ҳар галгидек фаол бўлган  Малика Мамадалиева, Мадина Каримова, Малика Жамолдинова,  Ойбек Сойибжонов, Оллоберди  Ваҳобов  каби ўқувчилар  тадбирларнинг мазмунли, таъсирчанлигини оширишда бошқаларга ибрат бўлмоқдалар. Одатда, тарихий саналарга бағишланган тадбирларга ўқувчилар ота-оналари ҳам таклиф қилинади. Одинахон Ҳотамова, Мавлудахон Олимова, Дурдона Каримова  сингари оналар тадбирда иштирок этиб, Конституциянинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида ўқувчиларнинг чиқишларидан келиб чиқиб, ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбирда мактаб ҳамшираси Муҳайё Муродова ОИТС, гиёҳвандликка чалинганлар нопок йўллар орқали, пул топиш илинжида жиноятга қўл уриши натижасида ҳам соғлиғидан, ҳам эркин ҳаётдан мосуво бўлишларига ўзлари сабаб бўлиши ҳақида ўқувчиларга тушунчалар берди. 

Одинахон ОЛИМОВА,

Хўжаобод туманидаги 12-умумтаълим мактабининг  бошланғич синф ўқитувчиси.

Андижонда боғдорчилик ва узумчилик янада ривожланади

Ислоҳот ва самара

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожида боғдорчиликнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Халқимиз дастурхонининг сифатли ва сархил мевалар билан таъминлаш мақсадида юртимизда кейинги йилларда боғдорчилик ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада вилоятимизда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ислоҳ қилиш, соҳани ривожлантириш, боғлар ҳосилдорлигини кўтариш, янги боғлар яратиш, мавжудларини реконструкция қилиш,  кўчатларни турли касалликлардан асраш, навларни янгилаш, мева ва узум етиштириш, экспорти ҳажмини ошириш борасида кенг-кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда вилоятда 18,7 минг гектар майдонда боғ парвариш қилинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 634 минг 923 тонна мева, 77 минг 125 тонна узум етиштирилди. Қарийб 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мева ва узум, шунингдек, 2 миллион 500 минг доллардан зиёд қуритилган мева ва сабзавот 20 га яқин хорижий давлатларга экспорт қилинди.

Вилоятда боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган 2 минг 600 та фермер хўжалиги самарали фаолият кўрсатмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 802 гектар самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар бузилиб, ўрнига янги боғлар ташкил этилди. 611 гектар майдонда мевали боғ, 191 гектар майдонда узумзор барпо этилди.

Мавжуд боғлардан юқори ҳосил олиш мақсадида зарур барча ишлар амалга оширилмоқда. Боғлар алоҳида эътибор билан парваришланмоқда. Эрта баҳордан дарахтларга тўла шакл берилиб, қилинишига зарур бўлган агротехник тадбирлар режа асосида амалга оширилди. Ҳар бир жараённинг ўз вақтида, сифатли бажаришда илғор ва самарали усуллар қўлланилди.

Таъкидлаш керакки, Андижонда боғдорчилик борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Боғ парваришида илғор технология ва тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётганлиги, турли касалликларга қарши белгиланган тартибда ишлов берилаётганлиги боғлардан юқори ҳосил олиш имконини бермоқда. Айниқса, мавжуд боғларнинг кўчат қатор ораларига сабзавот ва полиз экинлари экиш, уларда мўл ҳосил олиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бу сабзавот ва полиз маҳсулотлари мўл-кўлчилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунда Хўжаобод туманидаги "Навигул" қўшма корхонаси, Қўрғонтепа туманидаги "Интерагростар" МЧЖ, "Боғи Фурқат", Жалақудуқ туманидаги "Умиджон даласи" сингари илғор боғдорчилик хўжаликларида ишлар намунали йўлга қўйилган.

Қўрғонтепа туманидаги "Интерагростар" масъулияти чекланган жамиятида 40 гектар майдонда гилоснинг бир неча тури етиштирилади. Корхона мутахассислари, боғбонлари томонидан гилос парвариши билан боғлиқ барча агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли амалга оширилади. Бу ўз навбатида мўл ҳосил олиш имконини бермоқда. Жорий йилда ҳам боғлардан  мўл ҳосил олиниб, маҳсулот асосан экспорт қилинди.

- Илғор ва самарали усуллар асосида иш ташкил этиш муваффақиятлар омили бўлмоқда, - дейди Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими бош мутахассиси Абдумуталиб Сулаймонов. - Ана шундан келиб чиқиб, мутахассисларимиз томонидан боғдорчилик хўжаликларига вилоят шароитида интенсив боғлар яратиш, кўчатларни жойлаштириш, экиш технологияси, умуман, илғор усулларни жорий этиш бўйича зарур тавсия ва амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Вилоятдаги боғларнинг асосий қисми адир ҳудудларида жойлашган. Адир шароитида сувнинг танқислиги, тупроғида намлик узоқ сақланмаслиги ҳисобга олиниб, суғоришда тежамкор ва самарали усуллардан фойдаланишга, айниқса, томчилаб суғоришни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунда мавжуд боғларнинг 2 минг гектарга яқин қисмида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган.

Кейинги йилларда вилоятда узумчиликни ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда 2 минг 225 гектар янги узумзорлар барпо этилиши кўзда тутилган. Янги узумзорларнинг 700 гектари янги ўзлаштириладиган ерлар, 857 гектари камҳосилли пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш, қолган қисми эса самарасиз боғ-токзорларни янгилаш ҳисобига ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 369 гектар майдонда узумзорлар барпо этилди.

Бундан ташқари, Асака туманидаги адирлик ҳудудларида 600 гектар майдонда замонавий токзорлар барпо этилди, мазкур узумзорларга томчилатиб суғориш тизими тўлиқ жорий этилди.

Вилоятда 2022 йилнинг кузи ва 2023 йил баҳорида экиш учун 580 минг туп узум кўчатлари етиштирилди. Янги кўчатлар экишда токнинг харидоргир нав­ларини экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўрғонтепа туманидаги "Боғи Фурқат" фермер хўжалигида ташкил этилган "Ин-витро" лабораториясида узумнинг камёб "Аватар" навини етиштириш ишлари йўлга қўйилди.

Шунингдек, вилоятда узумчиликни ривожлантириш мақсадида Асака, Булоқбоши, Жалақудуқ туманларида узумчилик кластерлари ташкил этиш белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, бугун Андижон вилоятида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, юқори даромад келтирадиган тармоққа айлантиришга қаратилган ишлар изчил ва тизимли олиб борилмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Эътибор ва ғамхўрликдан обод кўнгиллар

МеҲр-саховат

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрами арафасида туманимизда 6 нафар уй-жойга муҳтож аёлга янги уй-жойлар топширилди.

Туман ҳокими Ўткирбек Шукуров, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Мустақилликнинг 30 йиллиги маҳалласида барпо этилган кўп қаватли уйлардан ажратилган хонадонларни топширишга бағишланган тадбирда сўз олганлар барчани Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг ўттиз йиллиги билан ҳамда янги уй соҳибаларини муборакбод этдилар. 

Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, қийин шароитларда яшаётган аёлларнинг муаммоларини бартараф этиш, уларга кўмаклашиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Хўжаобод туманида қийин шароитларда яшаётган, уй-жойга муҳтож бир гуруҳ аёлларга янги уйлар топширилганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

Чимбулоқ маҳалласидан бўлган Гулузро Расулованинг ота-онаси вафот этган, уй-жойи йўқ. Шу боис, вояга етмаган фарзанди билан турли жойларда ишлаб, ўзи ишлаган корхонанинг қоровулхонасида яшаб келаётган эди.

Туман ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими кўмагида у энди ўз уйига эга бўлди.

- Эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди, - дейди Г. Расулова. - Мен каби ота-онасиз қолган аёлларнинг бошини силаётган давлатимизга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган барча инсонларга мингдан-минг раҳмат айтаман.

Узункўча маҳалласидаги нотураржойда яшаб келган Муҳиба Позилова ҳам янги уй соҳибасига айланди.

-       Турмуш ўртоғим вафот этган, - дейди у. - Уй-жойим йўқлигидан уч нафар фарзандим билан кўп сарсон бўлдим. Бошимдан ўтган қийинчиликларни эсласам, юрагим орқага тортади. На­илож, тақдиримга шу битилган экан. Бугун эса дунёда мендан бахтли инсон йўқ. Давлатимизнинг эътибори туфайли янги уйли бўлдим.

Эътибор ва ғамхўрликдан кўнгиллари обод бўлган янги уй-жой соҳибалари мана шундай эзгу ва хайрли ишнинг бошида турган инсонларга, Президентимизга ўз миннатдорчилигини билдирдилар.

Малоҳатхон САПИЕВА,

Хўжаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари.

Аёллар бандлигини таъминлаш бўйича долзарб ўн кунлик

Ибратли ташаббус

Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Андижон вилоятида аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакл­лантириш мақсадида долзарб ўн кунлик ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева, вилоят "Оқила аёллар ҳаракати" раҳбари Манзурахон Эгамова, бошқарма мутасаддилари, туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда жорий йил 5-15 декабрь кунлари ўтказиладиган долзарб ўн кунлик доирасидаги ишларни самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

-      Долзарб ўн кунлик доирасида ишлаш лаёқатига эга, лекин ишсиз хотин-қизлар рўйхати шакллантирилади, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Г. Абдуллаева. - Уларнинг ҳар бири билан бевосита суҳбатлар ўтказилиб, яшаш ҳудудларига яқин жойлашган корхона, ташкилот ва муассасалардаги мавжуд бўш иш ўринлари билан таништирилади, аёлларимизнинг имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилади. 

Йиғилишда ушбу тадбирнинг мақсад ва вазифаси, ишсиз хотин-қизларни аниқлаш бў­йича хатлов ўтказиш, ишсиз аёллар рўйхатини шакллантириш, умуман, мазкур йўналишда белгиланган ишларни самарали ташкил этиш бўйича иштирокчиларга кенг маълумот ва тушунчалар берилди.  

Бу борадаги вазифалардан келиб чиқиб, айни кунда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу хайрли ташаббус ишсиз, лекин ишлаш имконига эга опа-сингилларимизнинг банд­лигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлишларига яқиндан ёрдам беради.

Феруза РУСТАМОВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бўлим бошлиғи.

Бўстон ва Булоқбоши туманларида янги трикотаж корхоналари ишга тушди

Ўзбекистон Респуликаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрами арафасида Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди.

Ана шундай корхоналардан бири Бўстон туманидаги "Сайёра фаввораси" масъулияти чекланган жамияти томонидан  "Elegance SM" тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасидир.

Умумий қиймати 116 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида барпо этилган мазкур корхонада эркаклар, аёллар ва болалар учун 50 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Корхона тўла қувват билан иш бошлагач, минг нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Шунингдек, Булоқбоши туманининг Қумгузар маҳалласида "Ko'hna buloq" масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 5-7 миллион дона тирикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ҳам иш бошлади.

Умумий қиймати 16,5 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида барпо этилган, Хитой, Туркия давлатлари технология ва дастгоҳлари билан жиҳозланган мазкур корхонада болалар, ўсмирлар, эркаклар ва аёллар учун, шунингдек, спорт кийимлари ишлаб чиқарилади.

Бежирим, сифатли корхона маҳсулотлари 100 фоиз экспортга йўналтирилади, умуман, йилига 2,5-3 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Корхонада 250 нафар киши доимий иш ўрни билан таъминланди.

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Эътибордан кўнглим тоғдай кўтарилди

Жараён

Мамлакатимизда эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва қийин шароитларда яшаётган аҳоли вакилларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, унинг туман, шаҳар бўлинмалари томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 Бу борада жамғарманинг Бўстон туман бўлинмаси ҳамда туман оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эҳтиёжманд ҳамда "Темир дафтар"га киритилган оилалар, "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга, шунингдек, эҳтиёжманд оилаларда яшовчи 71 нафар фуқарога 81 миллион 930 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули ажратилди. Кўплаб эҳтиёжманд оилаларга бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Бундан ташқари, 1-2- гуруҳ ногиронларига ҳамда  соғлигини тиклаш, операция қилдиришга муҳтож 119 нафар фуқарога 223 миллион 460 минг сўм миқдорида моддий ёрдам пули берилди, 365 миллион 176 минг сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.

- Давлатимизга раҳмат, мен каби қийин шароитда яшаётган, саломатлигини йўқотган  инсонларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ, - дейди Бўстон тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Хосиятхон Эргашева. - Мен бир неча йилдан буён оғир хасталик билан оғрийман. Шифокорлар Ҳиндистон давлатига бориб даволанишим мумкинлигини айтишганда ҳаётдан умидимни узган эдим.

Умидсизликка тушиб, лекин бир илинж билан ёрдам кўрсатишларини сўраб, "Маҳалла" фонди туман бўлинмасига мурожаат қилдим. Очиғи, кутмагандим "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан даволанишим учун 20 миллион сўм маблағ берилди. Кўрсатилган ёрдамдан, эътибордан кўнг­лим тоғдай кўтарилди.

Туманимизда эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Кумушой  МУРОДОВА,

 "Маҳалла" хайрия жамоат фонди  Бўстон туман бўлинмаси ходимаси.

 

Ғассоллик – хайрли ва савобли иш

Орамиздаги аёллар

 

Дунёда шундай бир касб-кор эгалари борки, уларга шоҳнинг ҳам гадонинг ҳам бирдек иши тушади. Улардан бири гўрковлар бўлса, яна бири – кишини сўнгги манзилга, охират уйига поклаб жўнатувчи ғассоллардир. Айрим маҳаллаларда бу савоб юмуш билан шуғулланувчи алоҳида кишилар бор. Аммо, ғассол йўқ пайти майитни ювиш ва кафанлашни асосан, отинойилар бажарадилар.

 

Ойтожихон Ҳамроқулова 30 йилдан зиёд вақт давомида туман туғруқхонасида доя бўлиб ишлаган. Нафақага чиққач, маҳалла ишига шўнғиди. Одамларнинг тўю-тантана, маърака-маросимларида беминнат хизмат қилиш учун бел боғлади. Ғассол онасидан ўрганганлари, доя бўлиб ишлаган жойидаги тажрибаси қўл келиб, аза маросимларида майитни ювиш, кафан бичиш ва кафанлаш каби юмушларда ёрдам бера бошлади. Мана, 10 йилдирки, Ойтожи Ҳамроқулова маҳаллага отинойи, шу билан бирга, ғассоллик юмушини ҳам бажариб келмоқда.

 

- Ёшлигимда - қувончу шодликлар билан дунёга келган чақалоқларни кутиб олиб, поклаб йўргакка ўраган бўлсам, ёшим ўтганида - охиратга рихлат қилаётганларни яна поклаб, кафанга ўраб, сўнгги манзилига кузатаяпман. Яратган шундай масъулиятли, савоб ишни бажаришни тақдиримга битибди, алҳамдулиллаҳ! – дейди Ойтожи отин.

Отиннинг айтишича, бу юмушни аслида вафот этган инсоннинг яқинлари бажариши керак. Аммо, баъзи бир одамлар майитдан қўрқадилар. Шу сабаб, хонадон эгалари дарров ғассол чақирадилар.

- Ўлим ҳақ, у эшик тақиллатиб, олдиндан хабар бериб келмайди. Шундай бўлгач, майит ювиш, кафанлашни ҳар бир мусулмон киши билиши шарт. – дейди ғассол. – Оналари вафот этса қизлари ё келинлари, оталари ўтса ўғиллари ювиши керак. Борган хонадонларимизда “қўрқиш керакмас, майит ўзингизни яқин одамингиз, фақат руҳи чиқиб кетди холос, яқин келинг, у ҳозир сизга муҳтож” деб, уларга ювиш сирларини, қонун-қоидаларини ўргатамиз.

 

- Илк марта майит ювганингизда нималарни ҳис қилгансиз?

- Фақат қайғу бор эди, чунки, илк марта онам раҳматлини ювишга кирганман. Оилада беш қиз эдик. Онам “Агар вафот этсам, ювгани фақат ўзинглар кирасизлар”, деб васият қилган. Яна, “руҳим ажралиши билан кўзимни уқалаб-уқалаб юмиб қўйгин, одамларнинг кўзига қўрқинчли кўриниб қолмайин, жағимни танғиб, чиройли қилиб ясантириб қўйинглар, ювинтираётганингларда сувга райҳонлардан солиб қўйинглар хушбўй бўлиб турсин!”, деб айтарди. Раҳматли райҳонларни яхши кўрарди. Ҳеч қанақа сесканмасдан онамни чиройли ҳолатда ювинтирганман.

 

- Майит ювишда қандай амаллар бажарилади?

- Аввало, ният қилинади. Ювишдан олдин маййитни нажосатлардан холи қилиш учун бир оз ўтиришга мойил қилиб, қорни силанади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, майитни усти очиқ ҳолатда ювишлик, кўз ташлашлик макруҳ саналади. Майитни усти барча авратлари беркитилган ҳолда, мато билан ёпилган бўлиши керак. Сўнг истинжо қилдирилади.

Ғассол қўлига қўлқоп кийиб (кафанликдан ошган матодан тикса ҳам бўлади, тиббиёт қўлқопи ҳам ишлатиш мумкин), у билан аврат аъзоларини сув қуйган ҳолда ювиб чиқади. Қўлқопсиз, қўл билан ушлаш - харом. Сўнг инсон тириклигида қандай таҳорат олса, шундай таҳорат қилдирилади, лекин оғиз-бурнига сув олдирилмайди. Негаки, ичига сув кириб кетса, уни чиқариш қийин. Қўлқопни хўллаб, маййитнинг лаби ва бурнининг атрофларини ювиб чиқади. Мато остидан чиқариб, аввал ўнг қўлини, сўнгра чап қўлини тирсаклари билан қўшиб ювилади. Оёқлари ҳам шундай тартибда, тўпиқлари билан ювилади.

Таҳорат қилдирилгач, совун билан аввало маййитнинг боши, юзи ювилади. Сўнгра маййитни чап ёни билан ётқизилади ва босиб ётган жойларигача сув борадиган қилиб ўнг елкасидан бошлаб, оёғигача сув қуйиб, совунлаб, ишқаланади. Сўнг сув қуйиб, чайилади. Кейин эса ўнг тарафига ёнбошлатиб, худди шундай қилинади. Мана шундай тартибда ўгириб ювиш уч марта такрорланади. Ювиб бўлингач, кафан ҳўл бўлмаслиги учун маййитнинг бутун бадани тоза латта билан артиб, қуритилади.

 

- Ғассолликнинг қандай шартлари бор?

- Ғассол - ювиш ишларини яхши биладиган, таҳоратли (таҳоратсиз бўлса ҳам жоиз), ишончли, тақводор бўлгани афзал. Майит эркак бўлса, эр киши, аёл бўлса, аёл киши ювиши керак. Эркакни аёл киши ёки аксинча, аёлни эркак киши ювиши мумкин эмас. Ҳанафий мазҳаби уламолари “киши ўз хотинини ҳам ювиши мумкин эмас”, дейдилар. Чунки, аёл вафот этиши билан ўрталаридаги никоҳ узилади ва  хотин эрига номаҳрам бўлиб қолади.Аммо истисно тариқасида хотин ўз эрини ювиши мумкин. Балоғатга етмаган ўғил ёки қиз болани эркак ҳам, аёл ҳам ювишлари мумкин.Ғассол ёлғиз ўзи ювишга қийналса, бошқани ёрдамга таклиф қилиши дуруст. Маййитниювгандаавратигақарашмумкинэмас. Шунингдек, ғассол маййитнинг баданидаги айб ва нуқсонларни бошқаларга айтмаслиги шарт. Ювинтириладиган сув қайнатилган бўлиши, иссиқроқ бўлиши лозим.

 

- Кафанни олдиндан бичиб қўйса бўладими?

- Баъзилар, “менга олдиндан бичиб беринглар, сақлаб қўяман”, дейди. Баъзилар эса, “вафот этганимда, кўпчилик бўлиб, ҳислатларимни гапириб ўтириб, тайёрлайсизлар”, дейди. Ҳар кимнинг ўз хоҳиши. Унисиям маъқул, бунисиям. Аввалдан бичиб қўйсаям, зарари йўқ. Ана шу кунда бичилсаям нур устига аъло нур.

 

- Кафанлик учун неча метр мато керак бўлади?

- Агар эни энлик сурп матоси бўлса, 25 метр, эни энсиз бўлса, 30 метр кетади. Уни ҳаммасиям ўраш учун ишлатилмайди. Бичаётган пайтимизда ёнидан ёндамалари чиқиб қолади. Ана шулардан фартук, қўлқоп тикилади. Сочлари, баданларини артиб қуритиш учун ҳам ана шу қийқимлари ишлатилади. Эркак киши ва аёл кишининг кафанлигида фарқ бор. Эркакларга уч, аёлларга беш қаватлик кафанлик буюрилган.

Ойтожи опа илми, ҳаётий тажрибаси, жамоатчилик ишига меҳри сабаб қадр топди. Жалақудуқ туманига бош отинойи этиб тайинланди. Унинг қўл остида 30 дан ошиқ отинойилар фаолият кўрсатадилар. Уларга “Сўфиқишлоқ” жоме масжиди биносидан хона ажратиб берилган.

- Туман бўйича 63 та маҳалла бор. Тан олиш керак, отинойиларимиз етишмайди. Шу сабаб маҳалланинг келинлари, қизлари орасидан ўзлари хоҳиш билдирганларини шогирдликка оламиз. Уларга Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан берилган қўлланмалар, китоблар асосида дин аҳкомлари, шариатимиз мезонларини ўргатамиз. Отинойи ё ғассол эмас, ҳар бир аёл билиши ва бажариши лозим бўлган вазифаларни тушунтирамиз, - дейди у.

Инсон - моддий таъминот учун ишлайди. Меҳнатига яраша ҳақ олади, тирикчилик ўтказади. Аммо, отинларнинг ойлик маошлари йўқ. “Бепул қандай ишлайсиз?” деб берган саволимга, Ойтожи опа “савоб учун ишлайман”, деб жавоб берди.

-      Ғассоллик - касб ҳам, ҳунар ҳам эмас,отинойининг елкасидаги вазифа саналади. Ҳар бир отинойи ғассол бўлмаганда ғассоллик вазифасини, кафанловчи бўлмаса кафанлаш ишини бажариши лозим. Лекин, унга ҳақ олмаслиги керак. Баъзан,  “ғассолга,кафанлаганга кўп нарса берилади”, деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу- ҳар бир отинойининг виждонига ҳавола. Холис хизмат қилаётганда гўрковлар ҳам, ғассоллар ҳам ҳақ олмаса, нур устига - аъло нур бўлади. Шунингдек, майитни юваётганда бўладиган ҳар-хил ҳолатларни гапириб чиқиш катта гуноҳ. Шундай экан, ўлган одамнинг айби, нуқсонларини ёймасдан, чиройли ҳолатда ювиб-кафанлаб, Аллоҳнинг ҳузурига, қабрга кузатишимиз керак. Ҳаёт - аслида бешик ва тобут орасидаги синовлийўл! Уни қандай босиб ўтиш - ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи