+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

АЁЛ ВА ЭРКАК ҲУҚУҚЛАРИ МУВОЗАНАТИ ТАРАҚҚИЁТГА ЕТАКЛАЙДИ

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик  жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси  доирасида чоп этилди.

Мулоҳаза

АЁЛ ВА ЭРКАК ҲУҚУҚЛАРИ МУВОЗАНАТИ ТАРАҚҚИЁТГА ЕТАКЛАЙДИ

Бугун жамият тараққиётини инсон қадрини улуғламай тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, аёлларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол бўлиши, уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиши — мамлакатнинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, гендер тенглик масаласи нафақат ҳуқуқий, балки маънавий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик асосидир.

Гендер тенглик, бу - эркак ва аёлнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларда тенг бўлиши, жамиятдаги ролини жинс эмас, қобилият, меҳнат ва билим белгилаши демакдир. Ҳақиқий тенглик - аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам ўз орзулари ва қобилиятини эркин рўёбга чиқариши учун шароит яратишдир.

Кўп ҳолларда “гендер    тенглик” деганда фақат аёллар манфаати кўзда тутилади, деган фикр бор, аммо бу тушунча ҳар икки жинс учун адолат ва имконият тенглигини англатади. Яъни, эркак киши ҳам оиладаги тарбия жараёнида фаол бўлиши, аёл киши ҳам давлат бошқарувида ўз сўзини айта олиши мумкин.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий  ҳимоясини кучайтириш йўналишида муҳим қадамлар қўйилди.

2019 йилда қабул қилинган “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун шу йўналишдаги асосий қадам бўлди. Шунингдек, Гендер  тенглик комиссияси фаолияти орқали давлат бошқаруви, иқтисод ва ижтимоий ҳаётда аёлларнинг иштироки сезиларли даражада ошди.

Бугун юртимизда давлат бошқарувида, маҳаллий кенгашларда, тадбиркорлик ва  таълим соҳасида фаол аёллар сони йил сайин ортиб бормоқда. Улар нафақат ўз оиласи, балки бутун жамият ривожига ҳисса қўшишмоқда.

Гендер тенглик фақат сиёсий ёки ҳуқуқий масала эмас — бу, энг аввало, илм ва иқтисодиёт соҳаларида тенг иштирок этиш имкониятидир. Бугун кўплаб қизлар олий     таълим муассасаларида билим олиш орқали ўз орзулари сари қадам қўйишмоқда. Қишлоқ жойларда ҳам кичик бизнесни йўлга қўйган аёллар сони ортиб бормоқда — улар оиласига даромад келтиряпти, шу билан бирга маҳаллий аҳолининг иш билан таъминланишига ҳисса қўшишмоқда.

Грант ва кредит дастурлари орқали аёл тадбиркорларга яратилган имкониятлар ҳам жамиятда янги куч, янги илҳом уйғотмоқда. Бу — аёлларнинг фақат “уй бекаси” сифатида эмас, балки яратувчи, илғор фикрли шахс сифатида намоён бўлаётганидан дарак беради.

Гендер тенглик нафақат жамиятда, балки оилада ҳам муҳим аҳамият касб этади.  Оилада эр ва хотиннинг тенг масъулиятли бўлиши, бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш маданияти оиланинг мустаҳкамлигига, фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.

Шундай экан, ҳар биримиз гендер тенглигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак: аёл сифатида илмий салоҳиятимизни, меҳримизни, куч-ғайратимизни аямайлик. Зеро, тенглик бор жойда адолат, адолат бор жойда эса тараққиёт бўлади.

 

Сожидахон САИДОВА.

Лойиҳа гендер тенглигини таъминлашга ҳисса қўшади

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик  жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Гендер тенглиги - барқарор ривожланиш асосларидан бири”лойиҳаси  доирасида чоп этилди.

 

Муҳаррир минбари

 

ЛойиҲа  гендер тЕнглигини таъминлашга Ҳисса ҚЎшади

“Иқбол” газетаси таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Жамиятдаги ижтимоий, ҳуқуқий ва экологик муаммоларни ҳал этишга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш” мавзусида эълон қилинган грантлар танловининг“Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” йўналишида ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, грант соҳиби бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва эркинликларини      таъминлаш, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар муҳитини яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирокини таъминлаш, шунингдек, опа-сингилларимизнинг тазйиқ ва зўравонлик-лардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мазкур йўналишда 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Жумладан, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Шунингдек, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз парламентида хотин-қизлар сони 32 фоизга етди, шу билан бирга, бошқарув ва раҳбарлик лавозимларида ишловчи хотин-қизлар сафи кенгайди. Бундан ташқари,  хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида «Аёллар дафтари» тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан 5 бобдан иборат “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” тасдиқланди.

Стратегияда мамлакатимизда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар муҳитини яратиш, гендер тенгликни, жамият ва давлат ишларини  бошқаришда уларнинг тенг иштирокини таъминлаш, шунингдек, опа-сингилларимизнинг тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш бўйича қатор вазифалар белгиланган.

Гендер стратегиясини 2023-2030 йилларда босқичма-босқич амалга ошириш учун ҳар йили алоҳида-алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки,  стратегияда белгиланган вазифалар, шунингдек, мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар, Президент ва ҳукуматимизнинг фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган мазкур лойиҳа ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам беради.

Лойиҳа тақдимоти ўтказилади, шунингдек, лойиҳа доирасида 5 ой мобайнида газетамизда 19 марта махсус саҳифа чоп этилади. Саҳифа чоп этилишининг яна бир ўзига хос жиҳати аҳоли вакиллари лойиҳа доирасидаги ишларни нафақат ахборот тариқасида қабул қилиши, балки ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари билан лойиҳа жараёнида бевосита иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Ҳаётий мисоллар асосида ёритиладиган мақолалар, эксперт ва мутахассисларнинг тавсия ва маслаҳатлари орқали ҳар бир фуқаро, хусусан, опа-сингилларимизнинг гендер тенглигига оид билим ва тушунчаларини бойитишга, жамиятимизда гендер  тенглиги билан боғлиқ муаммолар барҳам топишига маълум даражада ёрдам беради.

Махсус саҳифа билан чоп этилган газеталар мактаб, маҳалла, олий ўқув юртлари ҳамда муассасаларга бепул тарқатилади. Бундан ташқари, вилоятдаги 5 та олий ўқув юртида  “Гендер тенглиги ва жамият тараққиёти” мавзуидаги семинар орқали гендер тенглиги стратегияси мазмун-моҳияти, аҳамияти, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тарғиб этилади.

Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Гендер тенглиги ҳақида нималарни биламиз?” мавзусида ўтказиладиган ижодий ишлар танлови орқали талаба ёшлар лойиҳага жалб этилади ва мавзу доирасида кенг маълумотларга эга бўлади, билим ва тушунчаларини янада ошириш имконига эга бўлишади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу лойиҳа вилоятда гендер тенглигини таъминлаш билан боғлиқ ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тарғиб этишга, қолаверса, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга маълум даражада ҳисса қўшади.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

лойиҳа раҳбари.

СУДЛАРНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва одил судловни самарали таъминлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда, шу билан соҳага юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда ва бу борада кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, суд-ҳуқуқ соҳасини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ва кўрилаётган чора-тадбирларнинг давоми ўлароқ куни кеча, аниқроғи жорий йилнинг 21 август куни Давлатимиз раҳбарининг судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва бу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш борасидаги яна иккита муҳим ҳужжати – “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли ва “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-141-сонли Фармонлари қабул қилинди.

 

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:

Жумладан; суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш;

судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш;

иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш;

“Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш кўзда тутилган.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида қуйидагилар белгиланди, хусусан “Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш доирасида:

судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган ҳаражатлар шакллантирилади;

мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;

ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади;

тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;

суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;

суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади;

сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;

суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

2025 йил якунига қадар, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида “Рақамли суд” концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилади.

Шунингдек, Фармон билан суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режаларı белгилаб, 2025 – 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланган.

 

Дастурда қуйидагилар назарда тутилган:

 

2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;

2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;

2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;

2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш;

2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш.

Фармонга асосан Олий суд, Судъялар олий кенгаши ва Савдо-саноат палатасининг 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар тизимида иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қолаверса, Фармон билан 2025 – 2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкwия қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Бунда янги суд биноларини қуришда ва мавжудларини мукаммал таъмирлашда “Рақамли суд” концепцияси асосида суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди.

Шу билан бирга Фармонда 2025 – 2030 йилларда суд соҳасини рақамлаштириш ҳамда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика ва ҳудудий ишчи комиссиялар ташкил этилиши назарда тутилиб, Республика ишчи комиссиясига мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ва топшириқлар бажарилишини таъминлаш бўйича тегишли вазифалар юклатилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-141-сонли фармони одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим қадамдир. Бу чора-тадбирлар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

 

  Муроджон Мамадиев

Жиноят ишлари бўйича

Бўстон туман судининг тергов судьяси.

МАҚСАДИМИЗ, АҲОЛИНИ ЗАҲАРЛАНИШ ВА ЗАРАРЛАНИШЛАРДАН АСРАШ

Жараён

Аҳолининг турли зарарланиш ва заҳарланишлардан сақлаш, жойларда юқумли касалликлар келиб чиқиши ва  тарқалишининг олдини олиш, гигиена ва эпидемиология ҳолатини яхшилаш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилинишини назорат қилиш, мазкур йўналишда   тарғибот ишларини олиб бориш, аҳолининг жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталиги билан боғлиқ билим ва тушунчаларини бойитиб бориш Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги тизими вакиллари зиммасига юкланган.

Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби бизнинг тизимда ҳам кейинги йилларда қатор ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг 6 боб, 42 моддадан иборат "Аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталиги тўғрисида"ги қонуни, давлатимиз раҳбари, Вазирлар Маҳкамасининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ана шу ҳужжатлар тизим фаолиятини самарали олиб борилишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб келмоқда.

Мазкур йўналишда Балиқчи туманида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Балиқчи туман бўлими томонидан туманда зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда туманимизнинг 66 та маҳалласидаги 39 минг 100 дан зиёд хонадонда 220 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бўлимимиз ходимлари ана шу аҳолига, шу билан бирга, тумандаги юридик ташкилотларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Бўлимимизда 7 та -  санитария ва гигиена, эпидемология, паразитология, зарарсизлантириш бўлинмаси ҳамда бактериология, санитария-гигиена, паразитология  лабораториялари ташкил этилган. Бўлинма ва лабораторияларда фаолият олиб бораётган шифокор ва мутахассисларимиз белгиланган ойлик ва йиллик режа асосида иш олиб боришмоқда, амалдаги тартиб ва меъёрлар доирасида туманимиздаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрганишлар, мониторинг текширувлари ўтказишмоқда.  Ходимларимизнинг самарали иш олиб боришлари учун зарур шароитлар яратиб берилган, лабораторияларимиз эса вакциналар, бактериофаглар, дезинфекция воситалари, кимёвий реактивлар, тиббий жиҳозлар ҳамда зарур  асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Фаолиятимиз давомида, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги оғир металл тузлари миқдорининг ишқорийлиги ва ачимтирлиги ҳамда ичимлик сувлари ҳолати бўйича текширувлар муҳим аҳамият касб этади. Хизматимиздаги муҳим жиҳатлардан яна бири бозорлар, умумий овқатлариш шаҳобчалари ҳамда озиқ-овқат дўконларидаги маҳсулотларнинг истеъмолга яроқлилиги текширувларидир. Чунки ушбу жараён  аҳолининг юқумли касалликларга чалинишининг, турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари,  туман ҳудудидаги булоқ, қудуқ ва  сизот сувлари сифати, истеъмолга яроқлилиги бўйича текширувлар ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Овқатланиш гигиенаси бўлинмасида озиқ-овқат маҳсулотларини гигеник хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича доимий равишда лабаратория синовлари ўтказиб борилади. Бунда аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги зарарли моддаларни аниқлаш, салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилади.

 Коммунал гигиена бўлинмасида эса аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида аҳоли истеъмол қилаётган сувлар доимий равишда лаборатория синовларидан ўтказиб борилади.

Ана шу ишларни бажаришда лабораториянинг овқатланиш,  коммунал, меҳнат ва заҳарли оғуларни текшириш бўлинмалари мутахассисларининг фаолияти алоҳида эътирофга муносиб.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2018 йил 27 августдаги "Республикада вирусли гепатитларга қарши кураш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи ижросини таъминлаш бўйича туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда жойларда қатор режали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тумандаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, даволаш профилактика ташкилотларининг 14 минг 100 нафар тиббий ходими кўрикдан ўтказилди. Умра сафари зиёратчиларининг 772 нафари безгакка қарши эмланди. Шунингдек, болалар ўртасида белгиланган йўналишлар бўйича ёшга доир эмлашларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш юзасидан марказий поликлиника, оилавий поликлиника, қишлоқ шифокорлик пунктлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Тиббий муассасалар патронаж ҳамшираларига зарур тавсия ва тушунтиришлар берилди.

Туман аҳолиси ўртасида юқумли касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг  олдини олиш мақсадида дезинфекциялаш ишлари ҳам белгиланган тартиблар асосида, ўз вақтида олиб борилмоқда. Жумладан, юқумли касалликлар қайд этилган ҳудудларда, аҳоли хонадонлари, умумтаълим ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида дезинфекциялаш ишлари амалга оширилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 212 та  касаллик қайд этилган ўчоқларда сифатли дезинфекциялаш ўтказилди. Бундан ташқари, тумандаги аҳоли кўп йиғиладиган масканлар, бозорларда, жоме масжидларда, " Уч соҳил" болалар дам олиш оромгоҳида, кўп қаватли уйларнинг йўлаклари ва ертўлаларида дезинфекциялаш ишлари олиб олиб борилиб, сан-эпидемологик ҳолат билан боғлиқ турли хавфларнинг олди     олинди.

Фаолиятимизда тарғибот-тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатни бартараф этгандан кўра, унинг олдини олган афзалроқдир. Шу маънода ходимларимиз томонидан озиқ-овқатлардан заҳарланишнинг олдини олиш, агар ана шундай ҳолат юзага келса, қандай ҳаракатланиш бўйича меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида доимий равишда  тарғибот тадбирлари, суҳбат ва мулоқотлар ўтказиб    келинмоқда.

Мисол учун "Маҳаллабай" ишлаш тизими асосида  туман маҳаллаларидаги 39 мингдан зиёд хонадонга уйма-уй кириб чиқилди. Аҳолига санитария ва эпидемиологик ҳолат бўйича тушунчалар берилди, тарқатма материаллар тарқатилди. Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида йил бошидан 485 марта режали ва мониторинг текширувлари, ўрганишлар ўтказилди. Мактабларнинг ўқитувчи, ўқувчилари, боғчаларнинг тарбиячи ва тарбияланувчиларининг мазкур йўналишдаги билим ва тушунчаларини бойитиш бўйича суҳбатлар ўтказилди.

Фаолиятимиз самарадорлигини оширишда кўп йиллардан буён бўлимимизда иш олиб бораётган Турғунбой Араббоев, Миролим Комилов, Ёқутхон Ҳайитова, Носиржон Абдуллаев, Фотимахон Ибрагимова, Абдумаъруф Маҳмудов, Икромжон Муродов, Сайёра Раҳматова, Баҳромжон Маткаримов сингари катта тажрибага эга, малакали шифокор ва мутахассисларимизнинг хизматлари катта.

Мухтасар айтганда, юқорида айтиб ўтилган ва қилиниши лозим бўлган бошқа ишларни бажариш асносида бизнинг асосий эътиборимиз туманимизда яшовчи 220 минг нафарга яқин аҳолининг саломатлиги, уларни турли юқумли касалликлардан асраш, келиб чиқиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилади.

Бахтиёржон МАМАДАЛИЕВ,

вилоят Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Балиқчи тумани бўлими раҳбари.

СУД ФУҚАРОНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

ҲуҚуҚшунос минбари

Бугун ҳуқуқий-демократик, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан бораётган мамлакатимизда давлат томонидан фуқароларнинг Конститутция ва қонунларда  мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракати устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Юртимизда ҳар бир фуқаро давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек, ҳаёти ва     соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд      ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Суднинг асосий вазифаси ҳам фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Ҳар бир шахс маъмурий органлар томонидан ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган тақдирда судга мурожаат қилиши ва айнан суд маъмурий органларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари қонунларга қай даражада мувофиқлигини кўриб чиқиб, ўз баҳосини бериши зарур.  Чунки  қонунлар қанчалик мукаммал бўлмасин, уни қўллашда турли низолар юзага келиши, қонунни талқин қилиш масаласида қарама-қаршиликлар юзага келиши табиий ҳол. Шу маънода суд кўрилган ҳар бир иш бўйича ўз баҳосини бериши, адолатли ҳукм чиқариши муҳимдир.

 Фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишини таъминлашда суд муҳокамасининг барча босқичларида ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги масалалар судлар томонидан кўрилаётганда албатта, прокурор иштирок этади.

Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, фаолиятини янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган қатор қонунлар, Президент, ҳукумат, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Натижада суд ишларни кўришда очиқлик, шаффофлик шаклланди. Бугунги кунда аксарият суд жараёнларини онлайн кузатиш имкони яратилган. Бундан ташқари, судьянинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги давлат томонидан кафолатланди. Бу одил судловга эришиш - қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишини таъминламоқда.

Амалга оширилаётган юқоридаги каби ишлар энг аввало, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга, уларнинг шаъни, қадр-қимматини улуғлашга, шунингдек, суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

Нодирбек МИРЗАЖОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман судининг раиси.

УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТАЙЛИК

Дил изҳори      

Юртимизда кенг нишонланадиган Ўқитувчилар ва мураббийлар куни таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган устозларимизга бўлган чексиз ҳурмат ва миннатдорлик рамзидир. Зеро, ўқитувчи шахсининг жамият тараққиётидаги ўрни беқиёс бўлиб, ота-она болани жисман дунёга келтирган бўлса, устозлар уни маърифий ва маънавий жиҳатдан камол топтирадилар. Бежиз халқимиз ўқитувчиларга нисбатан "Устоз отангдек улуғ", деб айтмаган.

Устозларга эҳтиром кўрсатиш қадим аждодларимиздан ота меросдир. Ҳазрати Навоий ғазалларидан бирида бир ҳарф ўргатган устознинг ҳақини юз ганж билан ҳам адо этиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтган. Буюк Амир Темур ўз жасадини устози Саид Барака пойи томонига кўминглар, деган васиятнинг замирида ҳам устозга нисбатан улуғ эҳтиром ётибди.

Дарҳақиқат, инсоният тараққиётининг барча босқичларида устозлик энг шарафли ва  масъулиятли касб сифатида эътироф этилганини тарих саҳифаларидан биламиз. Шунинг учун ҳам бугунги кунда юртимизда таълим-тарбия масаласига давлат даражасида эътибор қаратилиши  билан бирга ўқитувчи шахсининг обрў-эътиборини ошириш, уларнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ёш авлодни баркамол инсон қилиб тарбиялаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу боис, устозни қадрлаш, бу миллатни   қадрлаш, устозни эъзозлаш, бу - келажакни эъзозлашдир. Ўқитувчиларга бўлган ҳурматимиз ва эҳтиромимиз уларга энг катта мукофотдир. Шунинг учун буюк Жалолиддин Румий айтмоқчи, ҳаёт йўлимизни ёритиб турувчи машъала - устозларимизга чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатайлик.

Зилолахон ҚАМБАРОВА,

АДУ тарих ва ижтимоий фанлар факультети 1-босқич талабаси.

ҲУҚУҚБУЗАРГА ЖАРИМА ТАЙИНЛАНДИ

Қилмиш-Қидирмиш

Мамлакатимизда барча соҳаларда қонун устуворлигини, амалга оширилаётган ишларнинг адолатли, шаффоф бажарилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Қонуний, белгиланган тартиблар асосида бажарилган иш ҳамиша эътироф этилади.

Қайси соҳа вакили бўлмасин, у тадбиркор дейсизми, қурувчими ёки оддий ҳунарманд - ҳалол йўл тутса, ноқонуний ишга қўл урмаса, қилган ишининг роҳату фароғатини кўрганига кўп бор гувоҳ бўламиз. Аксинча бўлса-чи?! Албатта унинг натижаси яхши бўлмайди. Бунинг ортида албатта жавобгарлик туради.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бўстон туман бўлими талабномасига асосан "Ziyo-2002 MX" МЧЖ томонидан тумандаги 48- сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб бино ва иншоотларни таъмирлаш ишлари, объектда бажарилган ишлар юзасидан  тайёрланган тегишли ҳужжат ва ҳисоботлар кўриб чиқилганида, корхона раҳбари З.К. томонидан бажарилмаган ишлар учун сохта ҳужжатлар тайёрланганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат бўйича тақдим этилган иш Жиноят ишлари бўйича Бўстон туман судинингочиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, жамият қурувчилари томонидан шартнома бўйича 1 миллиард 57 миллион 437 минг 900 сўмлик иш бажарилган. Лекин аниқланишича, шартномадаги Форма-1, Форма-3 шаклдаги ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, бажарилмаган ишлар учун 9 миллион 436 минг 747 сўм қўшиб ёзилган.

Суд "Ziyo-2002 MX" МЧЖ раҳбари З.К. ўз ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 61- моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деган хулосага келди. 

Ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини, содир қилган ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини тушуниб етганлиги, моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шароитини ҳисобга олиб,  унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 61-моддасининг биринчи қисми санкциясида назарда тутилган жарима жазоси тайинлади. Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, яъни 1 миллион 125 минг сўм жарима тўлайдиган бўлди.

Унутмаслик керакки, қонун устуворлигини таъминлаш борасида катта ишлар қилинаётган юртимизда ҳар қандай ноқонуний иш, албатта ўз жазосини олади. 

Муроджон МАМАДИЕВ,

Бўстон туман судининг тергов судьяси.

 

ҲАМШИРАЛИК МАСЪУЛИЯТЛИ ВА ШАРАФЛИ КАСБ

Туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги тиббий муассасаларда бугунги кунда 1 минг 500 нафар ўрта тиббиёт ходими - ҳамширалар самарали фаолият юритишмоқда. Уларнинг аксарияти кўп йиллик тажрибага эга, малакали ҳамширалардир. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, касалликлар профилактикаси, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва юртдошларимизнинг тиббий маданиятини юксалтиришда уларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

Ҳамширалик касбини танлаган инсон аввало, зиммасидаги бурч ва масъулиятини чуқур  англаши, касбига фидойи бўлиши лозим. Шундагина у жамоада, одамлар ўртасида ҳурмат-эътибор топа олади. Бирлашмамизда ана шундай ҳамширалар талайгина. Улардан марказий поликлиника Луғимбек филиали катта ҳамшираси Шоҳидахон Ортиқова, 28- оилавий поликлиника катта ҳамшираси Шоҳидахон Ўринбоева, Чувама оилавий поликлиникаси катта ҳамшираси Ферузахон Қорабоева,  шунингдек, Наврўзобод оилавий шифокорлик пункти катта оғаси Шуҳрат Абиддинов намунали иш олиб бораётган ҳамкасбларимиздир. Шу билан бирга, Гулчеҳра Усмонова, Минаввар Пакирдинова, Асилбек Уришев, Ойдиной Аҳмедова сингари патронажларимиз ҳам  самарали фаолияти билан   ҳамкасбларига намуна бўлишмоқда. 

Биламизки, кейинги йиллар бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш даври бўлди. Бирлашмамизда ана шу тизим мутахассислари, хусусан, патронаж  ҳамширалар фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, соҳага қаратилаётган эътибор, ҳукуматимиз,  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарор ва буйруқлари билан патронаж ҳамшираларимиз янги иш кийими, зарур жиҳоз ва воситалари ҳамда махсус сумкалар билан тўла таъминланган.

Патронаж ҳамширалар хонадонларга ташрифлари чоғида ҳомиладор ҳамда чилла давридаги аёллар, илк ёшдаги чақалоқларнинг уй шароитида парвариши, уларнинг саломатлигига таъсир этувчи хавф ва хатарларни эрта аниқлаш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб бораётганликлари турли кўнгилсизликларнинг олдини олмоқда.

Бирлашмамизда ҳамшираларнинг касбий билим ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Белгиланган режа асосида улар малака ошириш курсларига юборилмоқда, ёш мутахассислар эса "Устоз-шогирд" анъанаси асосида малакали ва тажрибали ҳамшираларга бириктирилади.

 Ҳамшираларимиз турли танлов ва тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, уларнинг касбий малакасини юксалтириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Йил ҳамшираси" кўрик-танловининг ҳудудий ва туман босқичлари юқори кўтаринкилик билан ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилда туманимиздаги 30- оилавий поликлиника ҳамшираси Марғубахон Пазлиддинова танловнинг туман босқичида биринчи ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичида муваффақиятли иштирок этди. 

Бир сўз билан айтганда, масъулиятли ва шарафли касбини сидқидилдан адо этиб, туман аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бирлашмамиз ҳамширалари ҳамиша  халқимиз хизматидадир. 

Нодирахон КОМИЛОВА,

туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси.

УЮШМА АЪЗОЛАРИ МАНФААТИ ҲАМИША ЭЪТИБОРДА

Юртимизда инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ва манфаатлари энг олий қадрият сифатида эъзозланади. Мамлакатимиз Бош қомусида кафолатлаб қўйилган ушбу тамойил Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма ташкилоти фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилайди.

Фаолиятимизда касаба уюшмаси аъзоси бўлган ходимларни, шунингдек, тизим фахрийларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини яхшилаш, мазмунли дам олишини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, бирлашма раҳбарияти билан келишган ҳолда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида муассасамизда меҳнат қилаётган кўплаб ходимларимизга, фахрийларга, айниқса, эҳтиёжманд оила вакили бўлган ходимларимизга моддий ёрдамлар кўрсатилди, саломатликларини тиклаш учун республикамизнинг турли сиҳатгоҳларига йўлланмалар берилди.

Турли байрам саналари, Рамазон ва қурбон ҳайитлари муносабати билан моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари, бир гуруҳ ходимларимиз, фахрийларимизни кўнгилли дам олишларини таъминлаш мақсадида республикамизнинг тарихий шаҳарларига, вилоятимиздаги зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштирилди. Айниқса, Хонобод шаҳрида бўлиб ўтган "Дунё садолари" III халқаро миллий эстрада санъати фестивали доирасидаги тадбирларда кўплаб ходимларимиз иштирок этиб, кўнгилли хордиқ чиқаришди.

Бир сўз билан айтганда, бирлашма касаба уюшма ташкилоти ва маъмурияти ҳамкорлигида аъзоларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнатларини қадрлаш, уларнинг дам олишлари ҳамда саломатликларини тиклашлари учун зарур шароитларни яратиш борасида лозим бўлган барча ишлар олиб борилмоқда.

 

Аъзамжон ХАЗРАТҚУЛОВ,

туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма ташкилоти раиси.

МУКОФОТЛАР МУБОРАК!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир гуруҳ устозлари ҳам бор. Улар қуйидагилар:

 

"Дўстлик" ордени билан

Марсден Аббей Николе - Андижон шаҳридаги Президент мактабининг кимё фани ўқитувчиси.

 

"Шуҳрат" медали билан

Ахунова Тамара Уктамовна - Булоқбоши туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Салимов Хайтбой Мирзаевич - Марҳамат туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси.

Умарова Озодахон Исраиловна - Жалақудуқ туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси.