+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

ТАНЛОВ FОЛИБЛАРИГА СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛДИ

тадбир

Андижон шаҳрида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлинмаси томонидан навбатдаги давлат грант ва ижтимоий буюртма танловлари якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутатлари, вилоят адлия бошқармаси мутахассислари, вилоятда фаолият олиб бораётган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган анжуманда ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида эълон қилинган грант ва давлат буюртмаси танловлари натижалари, танловларда вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамияти    бошқа институтларининг иштироки хусусида атрофлича сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зардуной Исмоилова томонидан вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари жамиятдаги турли жараёнлар, хусусан, давлат гранти танловларида фаол иштирок этаётганлиги алоҳида қайд этилди.

-  Маълумки, Жамоат фонди томонидан жорий йилда ҳудудлардаги ижтимоий муҳофаза, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият, спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш сингари қатор йўналишларда давлат гранти танлови эълон қилинган эди, - дейди Зардуной Исмоилова. -  Вилоятдан ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан электрон, яъни ngo.gov.uz платформаси орқали ўтказилган  танловга 28 та, Фонднинг вилоят бўлинмаси танловида эса 14 та, жами 42 та лойиҳа тақдим этилди. Танловда 22 та лойиҳа тақдим этувчи илк бор иштирок этган.

Таъкидлаш жоизки, грант танловига лойиҳа тақдим этиш, уларни Парламент комиссияси томонидан баҳолаш жараёнларининг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида танлов илк марта рақамлашган ҳолда ngo.gov.uz платформасида амалга оширилди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон вилоятидан танловда 10 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 миллиард 243 миллион сўм маблағ жалб этилиши кўзда тутилган.

Анжуманда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Шерзодбек Валиевнинг "Фуқаролик жамияти институтларини кўллаб-қувватлаш бўйича "Ягона электрон платформа"дан фойдаланиш", Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахоновнинг "Давлат гранти маблағларини самарали бошқариш: шаффофлик, мақсадлилик ва манзиллилик тамойиллари" мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Анжуманда грант танлови ғолибларига сертификатлар топширилди, лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

Яхшилик қолур

Сочларга оқ тушар, кетар қувватинг,

Кетади кўзингдан чақнаётган нур.

Шошилма, кун келиб келар навбатинг,

Сендан ёдгор бўлиб яхшилик қолур.

 

Жисмнинг вақти келиб кирмас сўзингга,

Эҳтимол яқининг, ётдир ўзингга.

Бир куни ширин жон келар бўғзинга,

Сендан ёдгор бўлиб яхшилк қолур.

 

Кетади соғлигинг, кетади бир кун,

Дардлар остонангда қўнғироқ чалур.

Вақти келиб ёки келмаслик мумкин,

Сендан ёдгор бўлиб яхшилик қолур.

 

Яхшиликни одат қил, сен улгуриб қол,

Дўстларинг қалбига эзгуликни сол.

Муҳими, ҳаётда яшагин ҳалол,

Сендан ёдгор бўлиб яхшилик қолур.

               

  Маъмурахон БОЗОРОВА

ШАҲРИХОНГА "ЖАҲОН ҲУНАРМАНДЛАР ШАҲРИ" МАҚОМИ БЕРИЛИШИ МУМКИН

Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши (AISBL) президенти, жаноб Саад ал Қаддумий раҳбарлигида кенгашнинг бир гуруҳ эксперт ва мутахассислари Андижонда бўлишди.

 Андижон вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшодбек Каримов меҳмонлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда меҳмонлар томонидан жаҳон тамаддунида ўзбек ҳунармандчилигининг ўзига хос ўрни ва роли борлиги, қадим тарих ва анъаналарга эга қатор йўналишлардаги ўзбек ҳунармандчилигига дунё халқлари қизиқиш билан қараши, айниқса, Ўзбекистон ҳукумати ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганлиги алоҳида   таъкидланди.

Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши (AISBL) президенти Саад ал Қаддумий ва бошқа эксперт ва мутахассислар ўзбекистонлик ҳунармандлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, ҳунармандчилик марказлари, халқаро кўргазмалар ташкил этиш, мазкур йўналишда таълимни ривожлантириш сингари қатор масалалар хусусида сўз юритди.

Учрашувда меҳмонлар томонидан Шаҳрихонга "Жаҳон ҳунармандлар шаҳри" мақомини бериш хусусида ҳам    фикрлар билдирилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Шаҳрихондаги "Ҳунармандчилик маркази"да иш олиб бораётган ҳунармандлар фаолияти билан яқиндан танишди.

Шаҳрихон азал-азалдан ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти сифатида эътироф этилади. Айниқса, туманда пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш каби қатор йўналишларида ҳунармандалар мактаблари, ҳунармандлар сулолалари шаклланган.

Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши вакиллари пичоқчи усталар, дўппидўз, миллий тўн тикувчи ҳунарманд усталарнинг хонадон ва устахоналарида, тўн ва дўппи музейида, пичоқчилик бозорида бўлишди. 

Учрашув ва сафар давомида халқаро экспертлар Шаҳрихон ҳунармандлари фаолиятига юқори баҳо беришди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

"БОБУР: АНДИЖОН ШАҲЗОДАСИ"

ТаҚдимот

Бобур шаҳрида шу номдаги кинолойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг апрель ойида Андижон вилоятига, хусусан, Бобур шаҳрига ташрифи чоғида улуғ бобомиз ҳақида: "Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз бор-йўғи 47 йил умр кечирди. Шу қисқа вақт давомида у инсон ақли бовар этмайдиган қандай буюк ишларни амалга оширгани, қандай меъморий обидалар, боғу роғлар барпо этиб, ўзидан ўчмас ном қолдириб кетгани ҳам барчамиз учун юксак ўрнак намунасидир.

Шу маънода, ҳазрати Бобурнинг шону шуҳрати ва қадр-қимматини жойига қўйиш, унинг бебаҳо меросини халқимизга янада кенгроқ таништириш, бутун дунёга тарғиб этиш ҳурматли олим ва адибларимизнинг, ҳаммамизнинг муҳим бурчимиз ҳисобланади" деган эди.

Давлатимиз раҳбарининг ана шу фикрларидан келиб чиқиб, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан ўзбек халқининг тарихи ва маънавиятида ўчмас из қолдирган буюк давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳақида "Бобур: Андижон шаҳзодаси" номли янги тарихий кинофильм яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Бобуршунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари, ҳозирда Америка Қўшма Штатларида яшаб, ижод қилаётган кинорежиссёр, продюсер Баҳодир Юлдашев бошчилигидаги бир гуруҳ киноижодкорлар иштирокида ўтказилган тадбирда фильм лойиҳаси, яъни яратилажак бадиий фильм хусусида сўз юритилди.

Тадбир давомида тарихчи ва бобуршунос олимларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Айни пайтда фильмни яратиш бўйича сценарий ва декорациялар тайёрланмоқда, тарихий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Суратга олиш жараёнлари жорий йилнинг куз ойларида бошланиши белгиланган.

Восит АҲМАТХОНОВ

ҒОЛИБЛАР МУСОБАҚАНИНГ МАМЛАКАТ БОСҚИЧИДА ҚАТНАШАДИ

Андижон шаҳрида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида аёллар ўртасидаги стритбол мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Мусобақанинг вилоят босқичида 16-21 ва 22-30 ёш тоифаларида 16 та туман, шаҳар жамоаси иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

 Қизиқарли баҳслар асосида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, 16-21 ёш тоифасида Избоскан тумани жамоаси биринчи, Бўстон тумани вакиллари иккинчи, Булоқбоши тумани жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.

22-30 ёш тоифасида эса Жалақудуқ тумани жамоасига биринчи, Шаҳрихон тумани жамоасига иккинчи, Марҳамат тумани жамоасига учинчи ўрин насиб этди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Ғолиблар мусобақанинг республика    босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя    қилишади.

Назирахон УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.

ЕТИМЛАРГА FАМХЎР БЎЛАЙЛИК

Жамиятда меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож, ота-онасидан эрта айрилган етимлар афсуски, мавжуд. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрар экан, унда хусусан, етимларга ғамхўрлик қилиш, уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига аҳамият берилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида хайру эҳсонни кимларга ва қандай қилинишини айтиб, улар орасида етимларни алоҳида зикр қилиб ўтган. Жумладан, "Сиздан (эй Муҳаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: "ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонингизни билиб тургувчидир".

Маълумки, фарзанднинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш асосан отанинг вазифасидир. Бироқ тақдир тақозоси билан отаси вафот этган бўлса, гўдакнинг барча таъминотлари билан шуғулланишни жамиятнинг зиммасига юклайди. Етимларни кафолатга олиш ва уларга ғамхўрлик қилиш энг шарафли фазилат экани ҳақида ислом таълимотида кўп гапирилган.

Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз (С.А.В.) "Мен ва етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз", деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар", дейди Ҳадиси шарифида. Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.

Афсуски, ҳозирги кунда қариндош-уруғчилик ҳақини унутиб етимларни қаровсиз қолдириб, уларни етимхоналарга олиб бориб ташлаётган инсонлар ҳам оз бўлса-да, учраб туради. Нафақат етимларни, ҳатто ёруғ дунёга келтириб вояга етказган кекса ота ёки онасини қариялар уйига олиб бориб қўяётган фарзандлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ўз тинчларини ўйлаб бундай ғайриинсоний ишларга қўл ураётган фарзандлар унутмасинларки, кексайган вақтларида ўзларига ҳам фарзандларидан шундай жавоб қайтиши муқаррардир.

Кейинги пайтда "тирик етимлар" деган иборанинг тез-тез тилга олинишига ҳам асослар бор. "Тирик етим" деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими?!

Қуръони каримнинг бир   нечта оятлари ва кўплаб Ҳадиси шарифларда бежиз етимларнинг ҳақига риоя қилиш, отасиз қолган болаларга раҳм-шафқат кўрсатиш қайта-қайта таъкидланмаган. Уларнинг таълим-тарбияси, инсоний фазилатлари баркамол бўлиши йўлида лозим бўлган барча ишлар амалга оширилмоқда. Улар балоғатга етиб жамиятда ўз ўринларини топишларида биз ҳам холисона кўмак беришимиз зарур. Шу боис барчаларимиз атрофимиздаги етимларга мусулмонларга хос меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик,  юртимиздаги меҳрибонлик уйларининг аҳволидан ва етим болалар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлайлик, уларга қўлимиздан келганча ёрдам ва шафқат кўрсатайлик.

Биз ўз маҳалламизда яшаётган етимларни яхши биламиз. Уларга қўлимиздан келганча хайр-саховат қилайлик.      Шунингдек. "Мурувват" уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб, Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру савобларга эга бўлайлик.

 Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан адо этувчи саховатли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин.

 

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Олтинкўл туманидаги "Миробод ҳожи" жоме масжиди имоми.

АЛЛА - ЭНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИҚ

Миллий Қадрият

Ҳа, дунёда шундай гўзал қўшиқ бор. Уни эшитган қалблар жунбушга келади. Вужудингиз ўртаниб кетади. Хаёлларингиз узоқ-узоқларга кетади, онаизорингиз овози қулоғингизга чалинади. Бу қўшиқ - алла.

Талабалик - олтин даврнинг суруридан маст бўлган, ҳамма нарсага қизиқишим ортган, сўзга талабчанлигим юқори пайтларим эди. Онам билан бувижоним ёнига боргандик.

Бувим жуда сўзамол, гапни чертиб-чертиб гапирадиган, худди Ўзбекойимдек, "кавушим кўчада қолибдими?!" қабилида фикрлаб, ҳар қандай даврага-да киравермайдиган аёллар хилидан эди. Ҳамон юзида виқор акс этиб турган, ҳануз кўркамлигини йўқотмаган бувижонимга мафтунлик билан тикилиб, алла айтиб беришини илтимос қилдим. Бувим кўп ҳам ялинтирмай бироз жим қолди-да, майин овозда куйлай бошлади.

 

Тол ичидан танлаб олган толи райҳоним мени - алла,

Гул ичидан ҳидлаб олган гули райҳоним мени - алла,

Аллоҳ сенинг умрингни берсин - алла,

Аллоҳ сенинг ризқингни берсин - алла...

Секин-аста алла маҳзунлаша бошлади. Аламли сўзлар тошиб кела бошлади.

 

Мен сариқ, рангим сариқ,

Сарғайганимни кимлар билур - алла,

Кўз ёшим дарё бўлиб жон берганимни кимлар билур - алла,

Сен чаманнинг гули бўлсанг, мен чаманнинг булбули - алла,

Сен чиройингга ишонсанг, мен Худонинг бир қули - алла...

 

Мен "Буви, ёзиб олдим, бўлди", демоқчи бўлдим. Онам "Бўлма", деган маънода бош чайқади. Бувим ҳамон алла айтишда давом этарди...

Бувимнинг аллалари юрагимга малҳам бўлди, бу меҳр - аждодларимнинг оғриқли мероси эди. Ўшандан бери англаб етдимки, ҳар бир алла, бу - аёл тақдирининг қўшиқ шаклида акс этиши экан. Алла фақат гўдакни ухлатиш учун айтиладиган қўшиқ эмас, бу - аёл қалбининг тили, фарёди, дуоси, қолаверса, фидойилиги ва сабри экан.

Мен уларни ёзиб олар эканман, ёзганларимни вақтлар ўтиб, қизларим-у набираларимга, албатта ўргатиб қўйишни кўнглимга тугдим. Шу тариқа бу - дунёдаги  энг гўзал қўшиқ асрлар оша авлоддан авлодга  мерос бўлиб ўтиб бораверади.

Холидахон БЕГМАТОВА,

 филолог, логопед.

РАСМЛАР ТАНЛОВИ ВА ҚИЗИҚАРЛИ ЎЙИНЛАР

Ёз ўтмоҚда соз

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ёзги таътил даврини мазмунли ва қизиқарли ўтишини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда ўтказилаётган "Долзарб 90 кунлик" лойиҳаси доирасида жойларда маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, қизиқарли ўйинлар турли кўрик-танловлар болаларнинг таътил кунларини мазмунли ва мароқли ўтказишларига хизмат қилмоқда. Ана шундай тадбирлар Қўрғонтепа туманида ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Қўрғонтепа туманидаги ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан тумандаги 26- умумтаълим мактабида  "Ёз - ўтмоқда соз" шиори остида ҳарбий хизматчилар фарзандлари иштирокида ўтказилган тадбирлар болажонлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Тадбир давомида болалар ўртасида расмлар танлови ҳамда қизиқарли ўйинлар ташкил этилди. Танлов ва ўйинлар болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтишини таъминлаш билан бирга, мусаввирлик, чаққонлик борасидаги иқтидорларини ҳам намоён этишларига имконият яратиб берди.

Талъатбек ЎЛМАСОВ,

ҳарбий хизматчи.

БОЛАЛАР ОРОМГОҲИДА "ВАТАНПАРВАРЛИК КУНИ"

тадбир

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги "Шифокор" болалар соғломлаштириш оромгоҳида "Ватанпарварлик куни" тадбири бўлиб ўтди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган "Долзарб 90 кунлик" лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан болалар оромгоҳида ташкил этилган тадбир очилишида сўз олганлар мамлакатимизда ёш авлодни Ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, Қуролли Кучларимиз салоҳияти, ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида гапирди.

Болажонларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, дам олиш кунларини янада мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган тадбир болаларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Қолаверса, тадбир ёшларимизнинг чегара қўшинлари, миллий армиямиз ва унинг куч-қудратига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Тадбир давомида қурол-аслаҳалар намойиши, ҳарбийларнинг қўл жанги ва бошқа кўргазмали чиқишлари, болажонлар билан ўтказган мулоқот ва суҳбатлари, айниқса, ҳарбийлар томонидан ижро этилган юртни мадҳ этувчи қўшиқлар болаларнинг она Ватанга муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлашга, ҳарбий бурчга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди. 

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,

катта лейтенант.

ОМАДГА ЕТАКЛОВЧИ ОДАТЛАР

Тавсиялар

 

Дунёда ҳар бир нарсанинг ўз қонунияти, ёзилган-ёзилмаган қоидалари бўлади. Бахт, руҳий ва жисмоний куч муваффақиятга эришишнинг асосий тамойилларидан ҳисобланади. Омадли бўлиш қийин, деб қўл қовуштириб ўтириш ақлли кишиларнинг иши эмас.

Қуйида инсоният ҳаётида йиллар давомида синовдан ўтган муваффаққиятга эришишнинг айрим қоидалари хусусида сўз юритамиз. Ана шу қоидаларга амал қилсангиз, сиз ҳам ҳаётингизда ижобий ўзгаришлар ясашингиз мумкин. Демак:

 

Эрта уйғонинг!

Барча муваффақиятли инсонлар - эрта уйғонувчи "қуш"лардир. Эрта уйғонишда ҳикмат кўп. Тонгни эрта қаршилаш кишига тетиклик ва илҳом бағишлайди. Ётоғида тонг оттирмайдиган, тонг отиб-отмай бугунга мўлжаллаган ишларини режалаштирадиган одамларнинг иши унумли бўлади. Эртадан бошлаб сиз ҳам барвақт уйғонишга ҳаракат қилинг. Орадан бироз вақт ўтиб ҳар куни эрта уйғонишга одатланасиз. Албатта, бу ишларингизда ҳам, руҳий ва жисмоний ҳолатингизга ҳам ижобий таъсир этмай қолмайди.

 

Ўқиш, ўрганишдан

тўхтаманг!

Кунда ҳеч бўлмаганда телевизор ёки комьпютер олдида ўтказадиган вақтингизнинг бир соатини қизиқарли ҳамда фойдали китоб ўқишга сарфласангиз, сиз ақлли инсонлар қаторида экансиз. Бу машғулот сизга маънавий озуқа, миянгизга дам бериш билан бирга, тафаккурингизни ўткир қилади, дунёқарашингиз кенгаяди. Атрофингизда рўй бераётган воқеаларга теран нигоҳ ташлайсиз. Дўст ва яқинларингиз учун сиз билан мулоқотда бўлиш қизиқарли бўлади. Бу эса шубҳасиз сизни ҳурмат қилишларига сабаб бўлади.

Ортиқча нарсалардан халос бўлинг!

Вақти-вақти билан ҳаётингизда, туйғуларингиз ва миянгизда "тозалаш" ишларини амалга оширинг. Дейлик, қачондир ким биландир тортишгансиз, зиддиятга боргансиз. Буни юрагингизда кўтариб юришнинг кераги йўқ. Муваффақиятга эришишингиз учун ҳалақит берадиган нимаики бўлса ҳаммасини миянгиздан ва қалбингиздан ўчириб ташланг. Ўтмишдаги хатоларингиз билан яшаманг. Ҳаётда омад ва бахтга эришиш учун ёқимсиз хотиралар ўрнини ёрқин орзулар билан тўлдиринг!

 

Ҳаётингиз сокин бўлсин!

Муттасил стресс ва тартибсизлик муваффақиятсизликка олиб боради. Ҳаётдан завқланиб яшаш, эртанги кунга умид назари билан қараш омадга эришишга ёрдам беради. Ҳаёт шовқинларидан бир зум тин олинг. Ички овозингизни эшитинг, нима хоҳлайсиз, нима қилсангиз хотиржам тортасиз? Бу саволларга жавоб топган онингиздаёқ уларни амалда бажаринг. Шошқалоқлик одамга панд беради, аммо ғафлат ҳам яхшилик аломати эмас. Ҳаётда меъёрга амал қилишни унутманг.

 

Жисмоний фаоллик

Мунтазам жисмоний фаоллик соғлик гаровидир. Албатта, муваффақиятга эришиш учун саломатлик муҳим ҳисобланади. Спорт машғулотларига қатнашиш одатингизга айлансин. Хоҳланг, спорт залларига боринг, хоҳланг, ҳар куни уйингизда бир соат мобайнида жисмоний    машқлар билан шуғулланинг ёки рақсга тушинг. Ҳаракат - ҳаёт дегани. Жисмоний фаоллик ўз-ўзидан кайфиятингизни яхшилайди. Яхши кайфиятда бажарилган ишлар эса албатта омад ва муваффақият олиб келади.

 

Ёқимли муҳит

Ҳаётда бахтли инсон, муваффақиятли ишбилармон бўлиш учун ўзингизга ёқимли муҳит яратиб олинг. Асабингизни бузадиган, тинмай нолийдиган, ҳаётдан норози инсонлар билан мулоқотда бўлмасликка ҳаракат қилинг. Атрофингизда ўзингизга нисбатан ақлий салоҳияти юксак, кўпни кўрган, кўпроқ муваффақиятларга эришган кишиларни тўпланг. Уларнинг ҳаёт тажрибаларини ўзлаштиринг, маслаҳатларига қулоқ тутинг. Унутманг, инсон маънавий даражаси ўзидан баланд бўлган кишилар билан мулоқот қилгани сари юксалади, кўпроқ нарсаларни ўрганади. Ўрганиш, изланиш эса шубҳасиз омад калитидир.

 

Изланишдан тўхтаманг!

Эдисон ўн мингта омадсиз тажрибадан сўнг электр лампочкани ихтиро қилишга муваффақ бўлди. Уолт Диснейнинг лойиҳаси 303 та банкдан ўтмаганди. Мақсади йўлида жаҳд билан ҳаракат қилган Дисней номини бугун билмайдиган одамнинг ўзи деярли йўқ. Ж Кенфилд ва Марк Хансенларнинг "Душ учун товуқ шўрва" китоби дунё миқёсида энг кўп тарқалган асарлардан бири эканлигини биласизми? Айнан шу китоб бир пайтлар 134 ношир томонидан рад этилганиничи? Шундай экан, муваффақият қозонишингизга ишонинг! Орзуларингиз амалга ошишини истасангиз, изланишдан тўхтаманг ва бир жойда ўтириб қолманг!

Аслида, ёруғ дунёда яшаётганимиз, қўл-оёғимиз бутун, соғ-саломатлигимиз, оиламиз борлиги, ота-она, жигарларимиз, фарзандларимиз омонлиги, касб-коримиз ортидан ризқ-насибамиз етиб турганининг ўзи - катта омад. Ана шу неъматларга шукур қилсак, ўзимизда бор нарсаларни қадрласак, омад ва муваффақият бизни ҳеч қачон тарк этмайди!

Умида АДИЗОВА

тайёрлади.