+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

iqbol

БОЛАЛАРДА ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ МАДАНИЯТИ

Талаба мулоҳазаси

 (Ёш оналарга тавсия)

Минг афсуски, бугунги кунда айрим ёш оналар томонидан телевидение рекламасида кўрган ёки бирор таниши ёхуд дорихона ходими тавсиясига кўра, оғриётган ёш фарзандига турли дори воситаларини бериш ҳолатлари учраб турибди. Ёш оналарнинг шифокор мутахассисларга мурожаат қилмасдан, қолаверса, фарзандига ичираётган дори воситаси ҳақида етарли маълумотга эга бўлмасдан ўзича тутаётган бундай хатти-ҳаракатлари оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатлар юзага келаётганлиги бор гап.

Тўғри, дорихона ходими сиз сўраган, сизни қизиқтирган саволларга қониқарли жавоб бериши мумкин. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Тиббиёт олийгоҳида таҳсил олаётган мутахассис сифатида бундай ҳолатларга тез-тез дуч келаман. Дори воситаларини истеъмол қилишда, айниқса, болаларга беришда жуда эҳтиёт бўлиш лозим.

Совуқ кунлар келиб респиратор ва юқори нафас йўллари яллиғланиш касалликлари билан хасталаниш кўп учрайди. Бир-икки ойлик чақалоғи бор ёш она боласини йўтала бошлагани, тана хароратининг кўтарилганидан безовталаниб, афсуски, болалар шифокорига эмас, балки яқин орадаги дорихонага боради.  Фарзандининг йўтали, тана ҳароратини тушириш учун тез таъсир киладиган  дори воситалари беришни сўрайди. Даволовчи антибиотик восита, истима туширувчи дори ва мукалтик қўшимча, антигистамин препаратлар билан фарзандини ўзича даволашни бошлайди. Муаммоларнинг ҳаммаси айнан шу ердан бошланади.

Антибиотиклар яхши наф берадиган дори воситалари бўлиши билан бир қаторда бемор организмига салбий таъсир этиши ҳам мумкин. Масалан, стрептомицин, канамицин ва неомицин эшитиш қобилиятини пасайтиради, қулоқдаги вестибуляр аъзо фаолиятини бузади. Левомицетин таъсирида айрим беморлар қонида салбий ўзгариш кузатилиши мумкин. Тетрациклин таъсирида жигар фаолияти бузилиши эҳтимоли бор. Айрим беморларда пенициллиннинг озгина дозасида ҳам организмда бошқа дорилар ичилгандагига ўхшаш турли реакциялар - терининг қичишиши, шиш, экзема(темиратки) ва шу каби ўзгаришлар кузатилади. Бу каби ҳолатлар дори воситаси ёқмаслигидан келиб чиққан аллергия ҳисобланади.

Она ўзи билганича бемор фарзандини узоқ вақт пала-партиш дори ичириб, даволаб юриши натижасида дори ёқмаслигидан келиб чиқадиган аллергия сурункали турга айланиб кетиши мумкин.

Баъзи ҳолларда пенициллин ёки бошқа антибиотикнинг озгина дозаси ҳам (айниқса, қайта даволанишда) организмда кучли ўзгаришларга, баъзан ҳаётни хавф остида қолдирадиган анафилактик шокка сабаб бўлиши мумкин. Шуни унутмаслик керакки, кўпчилик антибиотикларни айрим ҳолатларда, масалан, левомицетинни ҳомиладорлик даврида, экзема(темиратки)да ва терининг замбуруғ касалликларида, мономицинни буйрак ва жигар касаллигида қўллаш мумкин эмас.

Антибиотиклар жуда кичик дозада қабул қилинса ёки қабул қилиш тезда тўхтатилса, организмдаги микроблар шу дориларга мослашиб олади. Натижада касаллик сурункали турга ўтади ва тузалиши қийин кечади.

Антибиотиклар ўртача 5-7 кундан кам вақт қўлланилмаслиги керак. Уларни узоқ вақт қўллаш янги касаллик - кандидамикозга олиб келади. Касалликнинг келиб чиқиш сабаби антибиотиклар ичакдаги организм учун фойдали бўлган микроорганизм(микрофлора)ларнинг ривожланишини тўхтатиб қўйиши натижасида замбуруғларнинг кўпайишига шароит яратиб беради. Шунинг учун кучли таъсир этувчи ёки узоқ муддат қўлланишга мўлжалланган антибиотиклар шифокор томонидан буюрилганда албатта, замбуруғга қарши препаратлар (нистатин, фуцис, флуконазол) қўшиб ёзилади.

Мукалтиклардан эса 2 ёшга тўлгандан кейингина фойдаланиш керак. Сабаби: амброксол йўталга қарши балғамни суюлтириб чиқарувчи дори ҳисобланади. Бу балғамни ташқарига чиқариб юбориш кўникмаси бўлмаган ёш болада қўлланилса, балғам секрециясини кучайтириб, нафас йўлида  томоқ увишиши, нафас кисиши, бронхоспазм тиқилишларга сабаб бўлиши, болада асфиксияни келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис ҳам, айниқса, ёш оналар фарзандларини қандайдир хасталик безовта қилганида биринчи навбатда шифокорга мурожаат қилишлари керак.

 

Ҳасанбой АСОМИДДИНОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти талабаси.

She’riyat gulshani

TINChLIK BO`LSIN

 

Tinchlik bo`lsin dunyoda,

Umrimiz ham ziyoda,

Barcha millat qadrdon,

Dildan kеtmasin imon.

 

Do`st-qadrdon bo`laylik,

Ahl-inoq yuraylik.

Shunday go`zal zamonda,

Hamma bo`lsin omonda.

 

Urushning nomi o`chsin,

Shukr tillarga ko`chsin.

Baxt nishoni - erk bo`lsin,

Qalblar shodlikka to`lsin.

 

Oqibatxon MADAMINJON qizi,

Buloqboshi tumani.

 

Sinovli hayot

 

Hayot, sеn bunchalar ajoyibsan-a?

Gohida shirinsan, gohida achchiq,

Nеlarni solmading, bu aziz boshga,

O`ylansam, qalbimda turadi sanchiq.

 

Erta tong turaman, najotsiz, bеhol,

Xayollar suraman, bormi dеb imkon,

Nahotki, bu umrim topmoqda zavol?

O`ylayman, izlayman, chora darkor.

 

Sabrlar so`radim, suyanchim-Alloh,

Yo`q edi aslida o`zga bir panoh,

Yugurdim, har tomon izlab choralar,

Lеkin hеch topmadim, ko`nglimga panoh.

 

Dilnoza KAZAKOVA,

Xo`jaobod tumanidagi 9- umumta'lim maktabining ijodiy-madaniy masalalar bo`yicha targ`ibotchisi.

 

Maqtanchoq baqa

Bir kun ko'lda qurbaqa,

Toshbaqaga qotdi gap.

Imillaysan, ezmasan,

Deya ermaklar boplab.

 

Tosh kosam bor sog'dirman,

Toshbaqa der harsillab.

Men-ku ming yil yasharman,

Seni qushlar bir yamlar.

 

Baqa, kula dedi, burgut,

Laqqa tushgan hiylamga.

Mayna qilib turgan vaqtda,

Yem bo'libdi ilonga.

 

Ne'matillo Odilxonov,

 Andijon tumanidagi 53- umumta'lim maktabining 5- sinf o'quvchisi.

 

Bizning shior

Shaxdam qadam tashlaymiz,

Kuch- quvvatga to`lamiz,

Hеch qachon yеngilmaymiz,

Bu - bizning shiorimiz!

 

Kitob o`qib barchamiz,

Buyuk ishlar qilamiz,

Doim olg`a yuramiz,

Bu- bizning shiorimiz!

 

Ta'til bizga zo`r imkon,

O`qiymiz ko`p-ko`p kitob,

Ilm sari borib shitob,

Bu-bizning shiorimiz!

 

Xalq uchun, tinchlik uchun,

Xizmatdamiz yurt uchun,

Nurli kеlajak uchun,

Bu-bizning shiorimiz!

 

Azizaxon  O`KTAMOVA,

Xo`jaobod tumanidagi  9-umumta'lim maktabining 9- sinf o`quvchisi.

 

"qushlar-еy"

Osmon uzra charxlar urib,

Ertak aytarlar bulutga.

O`lkamizdan salomlar dеb,

Qushlar uchar o`zga yurtga.

 

qanotlari nur qo`ynida,

Quvlashmachoq o`ynashadi.

Nеcha-nеcha yurtlar oshib,

Ovullarga qo`nishadi.

 

Baxt ulashar ko`rgan dilga,

Qushlar, qushlar, qushlar-ey.

Yana qaytib bizning elga,

Kеling ko`ngil xushlar-ey,

 

qushlar, qushlar, qushlar-ey.

 

Mеhriniso NЕ'MATOVA,

Andijon tumanidagi 53- umumta'lim maktabining 5- sinf o`quvchisi.

 

YoRDAMChI

 

Onam qaytmoqda ishdan,

Bo`shab tashvishlaridan.

Uyda ham tinmay yana,

G`am chеkar yumushlardan.

 

Onam olsinlar orom,

Tayyorlay kеchki taom,

Onam xursand bo`lsinlar,

Yordamchim, dеb suysinlar.

 

KAPALAK

 

O`zi mitti, jonsarak,

qanoti go`yo ipak.

Guldan-gulga qo`nar u,

Nozik, go`zal kapalak.

 

Chamanzorda kеzadi,

Gulga chiroy qo`shadi.

Bir nafis ajib malak,

Rangdor, go`zal kapalak.

 

Mubina MARIFOVA,

Buloqboshi tumanidagi 6-umumta'lim maktabining 9- sinf o`quvchisi.

 

Ona sog'inchi

Nima uchun shu bugun

Yuragim g'ash bo'lyapti,

Chunki bugun onamni,

Juda ko'rgim kelyapti.

 

Sog'lom bo'laylik

Sog'lom bo'lish uchun,

Yuz - qo'limiz yuvamiz,

Agar kasal bo'lsak biz,

Dori-darmon ichamiz

Omadbek OLIMOV,

 Izboskan tumanidagi 45-umumta'lim maktabining 7- sinf o'quvchisi.

 

БЕМИННАТИМ

Қалб туҒёни

Яратган ҳар бир бандасига она меҳрини беради. Оналарнинг сабри само каби чексиздир. Қўлларини ҳаёт қисматига қалқон қилиб, бардош билан яшайди. Бизларни ҳимоялайди, асраб-авайлайди. Бугун онам тимсолида бутун оламдаги оналар ҳақида фикр юритмоқчиман.

Ҳаёт боғининг боғбони бўлган она, бўронли, тўзонли йилларда қалқон бўлган она!

Оналарни таърифлашда сўз топиш қийин. Бежиз жаннат оналар оёғи остидадур, дея айтилмаган. Аммо айрим шахслар борки, жаннат деб аталмиш муқаддас зот - онажонларимиздан оддийгина меҳрини аяб ўтадилар.   

Ҳар кимсанинг суюкли ва азиз бўлмиш боласи бўлади, тўғрими? Ҳар қандай она ўзганинг эмас, ўз боласи томонидан меҳр- оқибат кўрсатилишини хоҳлайди. Ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, бир аёл Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ёнларига келиб, "Эй, Расулаллоҳ, менинг эрим ҳар куни ичади, бегона аёллар билан юриб, менга хиёнат қилади. Мен у билан ажрашмоқчиман", дейди. Шунда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Эй, ерга тушган қаноатсиз фаришта, сенга Оллоҳ таоло ёнларида бир қаср қурилмоқда. Агар сен турмуш ўртоғинг билан ажрашсанг, бу қаср бузилади. Энди хулосани ўзинг чиқар" дейди.

Аёл ўйлаб қараса, унинг эри билан яшаш даврида сабр-бардоши эвазига бир қаср бунёд этилаётган экан. У эри билан яшашда давом этибди. Кун келиб, ўша аёлнинг сабри туфайли қаср ўз бағрига олибди. Ўн саккиз минг оламни яратган Эгам аёлнинг бардоши туфайли унга жаннатдан жой берибди.

Азиз тенгдошим, ҳурматли опажоним, белида белбоғи бор акажонларим, иззатли укажонларим, оналаримизнинг гўзал ва бардошли қалбини меҳримиз ила нурафшон қилайлик. Унутмайликки, беминнатимиз, меҳрдарё онажонларимизни ҳамиша ардоқласак, албатта, икки дунё саодатига эришамиз.  

       Насибахон ИБРОҲИМОВА,

Андижон давлат университети талабаси.

Она тили барча фанларнинг асоси

Фан ойлиги

Ўқувчиларнинг таълим олишларида она тилининг аҳамияти каттадир. Қолаверса, ўқувчининг бошқа фанларни ўзлаштириши она тилидан қай даражада билимга эгалигига боғлиқ. Жамият нечоғлик тараққий этмасин, фан, ахборот коммуникацион технологиялар қанчалик ривожланмасин, тил асосий алоқа воситаси бўлиб қолаверади. Мулоқот воситалари кўп, бироқ фақат тил орқалигина фикрни, қувонч ва ташвишларни, ҳиссиётларни тўлақонли ифодалаш мумкин. Бошқа воситалар инсон руҳиятини, ҳиссиётларини тил қадар ифодалай олмайди.

Баркамол шахс тарбиясида она тили ва адабиёти фанининг ўзига хос ўрни бор. Мактабда адабиёт ўқитишнинг бош мақсади- соғлом эътиқодли, ўзга инсоннинг туйғуларини англайдиган, ўткир ҳиссиётли, юксак дид ва маънавиятли, ахлоқан пок, ақлан етук, ўз хатти-ҳаракатларига масъул бўла оладиган комил шахснинг маънавий дунёсини шакллантиришдан иборат.

Вилоятимиз умумтаълим мактабларида ўтказилаётган октябрь - она тили ва адабиёти фани ойлиги давомида ўқув даргоҳимизда оммавий тадбирларнинг ўтказилиши ана шу мақсадларни назарда тутади.

Ойлик давомида очиқ дарслар, танловлар, турли қизиқарли мусобақалар, сўз ўйинлари, давра суҳбатлари уюштирилди. Юқори синфлар ўртасида "Она тили ва унинг бебаҳо сеҳри" мавзусида услуб бирлашма аъзоларининг рефератлари тайёрланди, ўзбек ва жаҳон адабиётининг ёрқин намояндалари ижодига бағишланган адабий кеча, "Тилга эътибор - элга эътибор", "Ёш тилшунослар" тўгарагининг тақдимотлари бўлиб ўтди.

"Ижодкор - ўқувчилар даврасида" шиори остида таниқли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ташкил этилди. Ўқитувчилар ўртасида "Намунали дарс ташкил этган ўқитувчи", "Фаол ўқитувчи" танловлари ўтказилмоқда. Танлов ғолиблари фан ойлиги якунида рағбатлантирилди

Барнохон  ҚАМЧИЕВА,

Хўжаобод туманидаги 9-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

ДУНЁ ВА ТУН ХАЁЛЛАРИ

ТуйҒу

О, дардкаш дунё, кўнглимга ногоҳ оғриқ ботса, менга овунч топгандайсан. Соғинчимни худди ўзгалардан қизғаниб, қаро кўзларингга яшириб олгансан. Зулматни ёритган ой бу кеча менинг ҳам кўнглимга ёруғлик улашади.

Тун таниш чошгоҳларини ой нурида кўз-кўз қилиб чарчамайди. Ҳамон юлдузлар сочилган этагини йиғиштиролмай мен каби сарсон. Шамол дунёнинг парчасидек сирли    дастрўмолимни ҳали у ён, ҳали бу ён хилпиратмоқда. Менинг хаёл чўккан кўзларим фақат сени кўриш учун яралгандай. Сен ҳам менга термулиб, ёруғ висолингни сочасан. Фақат дил қатраларимни ҳам шамол келиб титкилаб кўради.

Сукунат дардлари туннинг ва менинг ташвишли оҳангларимизга қовушиб кетган каби нозик ҳислар торини чертиб ўтмоқда. Аммо ёлғизлик,  уйқусизлик мени тарк этмаган. Паноҳ излаган юрак хавотир пиллапоясидан қадам ташлаб юқорига кўтарилмоқда. Керакмикан қадам босмоқлик, керакмикан азоб чекмоқлик? Саволлар қалбимда бир талай. Кечир, муҳаббатли дунё, шунча дард билан сени қайғуга кўмганим учун.

Дунёдан дунёга ўтиш фақат телба юракларга хос. Мен ҳам осмонингда ой бўлгим келяпти, фақат зулмат кўнгилларни ёритиб, уларга нур бергим  келяпти, дунё.

Кўз ёш тўксам ҳам ёшларим қувнаб-қувнаб ирғиб тушгандай. Тилимда сўроқ қотган. Наҳот, ҳақиқат бўйин эгса маломатларга? Бу кеч ой, эҳтимол, хайрлашар мен билан бир умрга. Барибир, ой ва юлдузларни бўйнимга тақиб олгим келяпти. Аммо улар қўлим етмас жойда. Бўйнингни эг эй, осмон. Мен ҳам орзуимга эришай...

Гулбаҳор ЙЎЛДОШЕВА, Андижон тумани.

МЕҲР

Армонли дунё

Севишиб турмуш қурган икки ёш нима сабаб бўлдию, ажрашиб кетишди. Аёл ёш гўдагини отасига ташлаб, бошқа турмушга чиқди. Гўдак ўгай она қўлида қолди, унинг бағрида ўсиб-улғайди. Вояга етгач, унга тўй қилишди.

Тақдир тақозоси билан бу тўйда унинг туққан онаси ҳам қатнашди. Аммо ўз ўғли уни танимасди, ўгай она бағрида эди. Чунки ўгай она ўгайлик қилмади. Уни ўз фарзандидек ардоқлади. Ука-сингиллари ҳам унга гиргиттон эди.

Ўз онаси тўйхонанинг чеккасида кўзларидан ёши шашқатор оқиб, мунғайиб ўтирар, беҳуда ўтган умрини лаънатлар эди. Ахир, бир неча марта эрга чиққан бўлса-да, Яратган унга бошқа фарзанд бермади.

Ёшлигидаги хатоси эса уни ягона фарзандидан жудо қилган эди.

Ўшанда эрига, фарзандига меҳр бермаганидан минг пушаймон бўлди. Лекин энди кеч...

Комил ШАРОПОВ

Тил билмоқ дунёни билмоқдир

ТАЛАБА ТАДҚИҚОТИ

Дунёдаги глобаллашув жараёнлари инсонлардан ўз она тилидан ташқари яна бошқа бир ёки бир неча тилни ўрганишни тақозо этмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганиш бўйича қатор  қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Андижон давлат чет тиллар институтининг ташкил этилганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021 йил 19 майдаги "Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида, қолаверса, 2021 йил 6 май куни Президентимиз раислигида чет тилларни ўқитиш сифатини янада ривожлантириш мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юртимизда чет тилларни ўқитиш ва ўрганишга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтарди.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида: "Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим", - деган эди.

Президентимиз ташаббуси билан чет тилларни ўқитиш бўйича илғор, янгича тизим яратилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилди. Ушбу Агентлик дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини таълим тизимида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашмоқда. Шунингдек, Агентлик таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини ўргатишни ташкиллаштиш, вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга, хизматчиларнинг касбий фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, профессионал таржима қилиш методикаларини яратиш, хорижий тилларни билиш рейтингини юритиш, чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда малака тоифаларини бериш сингари қатор вазифаларни ҳам бажаради.

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра,  чет тилини ўрганишни эрта ёшда бошлаш самарали бўлиши эътироф этилади. Ана шундан келиб чиқиб, юртимизда чет тилларни ўргатишни мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда ушбу жараён қизғин олиб борилмоқда. Жумладан, ҳозирда нафақат давлат, балки хусусий тармоқдаги мактабгача таълим муассасаларда ҳам  инглиз тилини ўргатиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, болага илк ёшидан чет тили, хусусан, инглиз тилини ўргатишда машғулотларни қизиқарли ўйинлар, эртаклар қаҳрамонлари мисолида олиб бориш ижобий натижалар бермоқда. Айнан таълимий ўйинлар болаларни инглиз тилини осон ва пухта ўзлаштиришига ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, турли      расмлар, видеотасвирлар,   мультфильмларлардан фойдаланган ҳолда ўтиладиган машғулотлар ҳамижобий самаралар беради.

Мухтасар айтганда, болага ёшлигидан чет тилини ўргатиш унинг билим ва салоҳиятининг тўлақонли шаклланиши,    фикрлаш доирасининг кенгайишига, қолаверса, келажакда уларнинг етук мутахассис бўлиб камол топишига хизмат қилади.

Сарвиноз МАМАТҚУЛОВА,

Андижон давлат чет тиллари институти талабаси

ФАН ОЙЛИГИ ИСТЕЪДОДГА ЙЎЛ ОЧАР

Таълим ислоҳотлари

 

Ҳар қандай тил ўзи мансуб бўлган халқнинг маънавияти, руҳий олами, ақл-идроки, инсоний фазилатларини ифодаловчи воситадир. Халқимизда азалдан тилга катта эътибор қаратилган  бўлиб, турли мақоллар, ҳикматли сўзлар яратилган.

Кейинги йилларда мамлакатимизда  тилимиз нуфузини кўтариш, мавқеини ошириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги "Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил  сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсидаги обрў-эътиборини янада ошириш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, давлат тилини жамият ҳаётига тўлақонли жорий этиш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Турли хорижий тилларни ўрганиш имконияти кенгайгани сари унга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Зеро, тил билган - эл билади, дейди доно халқимиз. Бироқ, чет тилларини ўрганувчи ҳар қандай инсон, энг аввало, ўз она тилини яхши билиши, ўз тилида равон гапириши, ёзиши ва фикрларини ифода эта олиши шарт. Ёшларимиз ўз она тилимизни яхши ўрганиб, уни ардоқлаб, қадрига етсагина, бошқа тилларни ҳам шу тариқа қадрлайди, ўрганади. Бу - бизга аллома боболаримиздан мерос.

Умумтаълим мактабларида ўтказилаётган октябрь - она тили ва адабиёти фани ойлиги мактабимиз ўқитувчи, ўқувчилари учун унутилмас ва мазмунли тадбирларга бой бўлмоқда. Одатда, ҳар бир фан ойлиги давомида ўқитувчи, ўқувчиларнинг ижодкорлик салоҳияти кашф қилинади, ўрганилади, қайсидир йўналишда намойиш қилинади. Мактабда фаолият юритаётган ҳар бир ўқитувчи, айниқса, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси энг аввало, одоби, сўзни чиройли ифодалай олиши, дарсларни мазмунли, адабий тилда ифода эта олиши билан барчага намуна бўлиши муҳим. Шундагина у бошқалардаги қобилият, истеъдодни кашф этишга қодир бўлади.

Мактабимизда Назирахон Саидхўжаева, Манзурахон Турсунова, Барнохон Сатторова, Ҳуснида Турсунова,  Дилноза  Мўминова каби ўз фанининг усталари, фидойи муаллимлар ёшларга фан сирларидан сабоқ бериб келмоқдалар. Фан ойлиги дастлаб, услуб бирлашма йиғилишида қандай ташкил қилиниши режалаштириб олинди ва ўқитувчиларга керакли топшириқлар берилди. Ўқитувчи ва мураббийлар кунини нишонлаш билан бошланган ойлик ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш мақсадида тестлар олиш билан давом эттирилди. Синфлар кесимида "Заковат" ўйинлари, савол-жавоб викториналари ўтказилди. Юқори синф ўқувчилари ўртасида  "Она тилим - фахрим", "Она тилим - қадринг буюк" мавзуларида иншолар танловлари, ёш рассомлар мусобақалари ташкил этилди. Ҳар бир дарс очиқ дарс деб, эълон қилинди ва дарсларга ота-оналар, маҳалла фаоллари таклиф қилинди. Фан олимпиадасининг шаҳар босқичида  10- синф ўқувчиси Муслима Шомуродова 1-ўринни эгаллади. Бошланғич синфларда "Чиройли ҳуснихат эгаси", "Эртаклар - менинг тасаввуримда" танловлари ўтказиб борилди.

Фанга доир викторина саволлари нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларнинг билимларини синаш учун ҳам жорий қилинади. Чунки ўз фанини яхши билган, билимдон, зукко ўқитувчигина ўқувчига зарур билимни беради ва бугунги кун талабига жавоб бера олади. Фан ойлиги мактаб ўқитувчи, ўқувчилар жамоаси ҳаётида мазмунли, қизиқарли, тадбирларга бойлиги билан яхши таассурот қолдирди, қайсидир ўқитувчи ва ўқувчининг ўз истеъдодини намоён қилишига имконият яратди, деб ўйлаймиз.

Ўқувчиларни энг аввало, Ватанига, миллатига, она тилига садоқатли қилиб тарбиялаш, Ватан тараққиётига, юрт равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган инсонлар қилиб камолга етказиш бугун мактаб ўқитувчилари олдида турган энг асосий вазифалардан биридир. 

Гулхумор АБДУРАҲИМОВА,

 Барнохон САТТОРОВА,

Андижон шаҳридаги 48-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари.

"ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ" ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА МАҲАЛЛА ЙЎЛЛАРИ ТАЪМИРЛАНДИ

Маҳалламизнинг таъмиртаълаб йўллари "Open byudjet" платформасида овоз тўплаш орқали таъмирланиб, маҳалла аҳлининг кўп йиллик орзуси амалга ошди.

Маҳалламиз туман марказидан 15 километр олисда жойлашган бўлиб, 3 минг 100 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.

-      Маҳалламиздаги энг оғриқли муаммолардан бири ички йўлларимизнинг ўта таъмирталаблиги эди, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зуҳриддин Қодиров. - Айниқса, маҳалладаги "Зиёлилар" кўчаси йўлларининг носозлиги, қишда лой, ёзда чанг эканлиги одамларнинг жиддий эътирозларини келтириб чиқараётганди.

Шу боис ҳам маҳалла аҳли "Ташаббусли бюджет" лойиҳасида фаол иштирок этиб, ғолиб бўлди. Натижада қатор муаммоларимиз ижобий ҳал бўлмоқда.

Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси йўлсозлари томонидан маҳалланинг Қўшқўноқ, Зиёлилар кўчаларидаги 1,5 километр масофадаги йўл асфальтланди, 2,5 километр масофадаги "Юксалиш" кўчаси эса шағалланди. Бундан ташқари, "Менинг йўлим" лойиҳаси доирасида мазкур кўчанинг қарийб 1 километр қисми асфальтланмоқда.

Шунингдек, маҳалла ҳудудига 1 та янги трансформатор, 123 та замонавий бетон таянчлар ўрнатилиб, 3 минг 480 метр янги электр тармоғи тортиш ҳамда лойиҳа қиймати 800 миллион сўм бўлган мини-стадион қурилиши якунига етказилмоқда.

Маҳалламиз кўчаларининг таъмирланиб, кундан-кунга обод масканга айланаётганлигидан одамларнинг қувончи чексиз. Бу каби хайрли ишлар, шубҳасиз,  фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишонч ва умидини оширади, бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

 

Нилуфархон РАСУЛОВА,

Шаҳрихон туманидаги Қўшқўноқ маҳалласи хотин-қизлар фаоли.

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.  

ТАРҒИБОТЧИ ФАОЛИЯТИ ТАЛАБГА ЖАВОБ БЕРЯПТИМИ?

Андижон шаҳридаги "Маърифат уйи"да умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолияти самарадорлигини ошириш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Республика маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган семинарда Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар, Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари раҳбарлари, мутахассислари, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирок этдилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги "Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмасининг қўшма қарорига асосан, жорий йил май ойидан умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иш олиб боришмоқда.

Ўтган давр мобайнида тарғиботчилар зиммаларига юклатилган вазифаларни қай даражада уддалади? Мактабда ижодий муҳитни ярата олдими? Фаолияти давомида қандай ютуқларга эришди, бугун қандай муаммоларга дуч келмоқда? Умуман, мазкур йўналишдаги натижалар қониқарлими? Семинарда ана шу саволлар доирасида атрофлича сўз юритилди, эришилган натижалар таҳлил қилинди.

-      Фаолият олиб бораётган тарғиботчиларнинг аксарияти мактабларда ижодий муҳитни ярата олди, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Зилола Тоштемирова. - Лекин ишни кўнгилдагидек олиб бормаётган тарғиботчилар ҳам йўқ эмас. Ана шундан келиб чиқиб, Ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир тарғиботчи фаолияти ўрганиб чиқилмоқда. Мақсадимиз, ушбу вазифага энг аввало, ҳақиқий ижодкорларни жалб этиш, ижобий натижага эришиш, қолаверса, уларнинг белгиланган ишларни самарали ташкил этишларига кўмаклашиш.

Семинарда республика Маънавият ва маърифат маркази таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Тўхтасин Арслонов тарғиботчининг асосий вазифалари, фаолиятининг муҳим ва ўзига хос жиҳатлари хусусида тўхталди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўзининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари раҳбарлари Хуршидабону Қўчқорова, Махпурахон Ортиқова тарғиботчилар эришаётган ютуқлар, уларнинг илғор иш тажрибалари, фаолиятидаги муаммолар, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда ёзувчи, шоир ва журналистлар имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш хусусида сўз юритдилар.

Семинар доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази таълим муассасалари билан ишлаш бўлими томонидан ишлаб чиқилган "Ижодий-маданий масалалар бўйича  тарғиботчилар учун ўқув-услубий қўлланма" тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча масала ва саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олдилар.

Гуломиддин АБДУЛЛАЕВ,

Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.