+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

«Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46 сон Қарорининг 12-бандига мувофиқ, барча ҳудудларда 2023 йилнинг 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари” хафталиги ўтказилади.

Инсон ҳуқуқлари — инсоннинг давлат билан муносабатидаги ҳуқуқий мақомини, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий соҳалардаги имкониятлари ҳамда даъволарини тавсифловчи тушунча. Инсон ҳуқуқларини эркин ва самарали тарзда амалга ошириш фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан биридир. Инсон ҳуқуқларини мутлақ ва нисбий инсон ҳуқуқларига бўлиш мумкин. Яшаш ҳуқуқи, қийноқларга, зўравонликка, инсон шаънини ерга урадиган бошқа хил муомалага ёки жазога дучор этилмаслик ҳуқуқи, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги ҳуқуқи, шахсий ва оилавий сир сақлаш ҳуқуқи, ўз шаъни ҳамда яхши номини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, виждон эркинлиги ва динга эътиқод қилиш ҳуқуқи, шунингдек, суд томонидан ҳимоя қилиниш ва одил судлов ҳуқуқи ҳамда шулар билан боғлиқ энг муҳим процессуал ҳуқуқлар мутлақ инсон ҳуқуқлари сирасига киради. Қолган ҳамма инсон ҳуқуқлари нисбий бўлиб, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат тартиби жорий қилинган вазиятда чеклаб ёки тўхтатиб қўйилиши мумкин. Демократик давлатда мутлақ инсон ҳуқуқларини ҳар қандай вазиятда ҳам чеклашга ёки вақтинча тўхтатишга (бекор қилишга) йўл қўйилмайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳуқуқий давлат конституциявий ҳуқуқининг негизини ташкил этиб, шахснинг ҳуқуқий мақоми асосини ва асосий ҳуқуқларини мужассамлаштиради.

Умуман, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг шаклланиши ўз тарихига эга. Ҳозирги давр тушунчасидаги инсон ҳуқуқлари концепцияси Европада Уйғониш ва Реформация даврларида бошланган деб ҳисобланади. 1215 йили Англияда Буюк эркинликлар хартияси қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда солиқ солиш, суд ишлари, диний ҳуқуқлар, мулк ҳуқуқи, васийлик ва бошқа масалаларни тартибга соладиган 63 модда бўлган. Декларацияга эркинлик, мулкчилик, хавфсизлик ва камситишга қаршилик кўрсатиш каби ҳуқуқлар киритилган. Барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги принципи эълон қилинган.

Иккинчи жаҳон урушининг фожиали оқибатлари инсон ва фуқаро ҳуқуқлари институтини ривожлантиришни ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига қўйди. Натижада халқаро миқёсда инсон ҳуқуқлари кафолатланиши соҳасида сифат жиҳатдан янги босқич бошланди. 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси ўзининг 217 А (III) – резолюцияси билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилди. Декларациянинг Муқаддимасида "Бош Ассамблея мазкур Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилар экан, бундан муддао шуки, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо ушбу Декларацияни назарда тутган ҳолда маърифат ва таълим йўли билан бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши, миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар орқали ҳам унинг бажарилиши таъминланишига, Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар халқлари ўртасида ва ушбу давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида ялписига ва самарали тан олинишига интилишлари зарур" деб эълон қилинган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида:

-яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик;

-қийноқ ҳамда бошқа шафқатсиз муомала ва жазо турларидан озод бўлиш;

-суд орқали ҳимояланиш;

-турар жой дахлсизлиги;

-сўз эркинлиги;

-виждон ва дин эркинлиги;

-тинч йиғилишлар ўтказиш эркинлиги;

-билим олиш, меҳнат қилиш, дам олиш ҳуқуқи;

-ижтимоий таъминот ва бошқа шу каби ҳуқуқлар кафолатланиши кўрсатилган.

1950 йилдан бошлаб ҳар йили Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган 10 декабрда Халқаро инсон ҳуқуқлари куни нишонланади.

Шунингдек, 1966 йилда БМТ шафелигида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт қабул қилинди. Декларация ва ушбу халқаро пактлар Инсон ҳуқуқлари халқаро билль номини олган. Халқаро билль ва шундан кейинги халқаро битимлар инсон ва фуқаро ҳуқуқларининг халқаро стандартлари ҳамда ушбу ҳуқуқлар таъминланиши кафолатларини тасдиқлаган.

Жоҳонгир ХАФИЗОВ,

Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси.

МАЪМУРИЙ СУД ИШ ЮРИТУВИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Жамиятда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини мустаҳкамлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш Президентнинг жорий йил 16 январдаги “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларида ўзининг амалий ифодасини топди.

Бунда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш борасидаги ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилган.

Хусусан, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бирга, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.

Бу борада фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштирилади. Судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштирилиб, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтирилади.

Судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш ҳам белгиланди.

Бундан ташқари “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш ҳам мазкур вазифалардан бири сифатида 2023 йил ноябрь ойига қадар белгиланиб, унда маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш, маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш назарда тутилган.  

Шунингдек, маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш, маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро – аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этишни белгилаш лозимлиги кўрсатилган.

Зеро, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати, қонуний манфаатлари адолатли таъминлаш ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланган.

 

Акмалжон ШЕРМАТОВ,

Андижон туманлараро  маъмурий суди раиси.

 

БОБУР СИЙМОСИ

ёки ҳукумдор Бобур акс эттирилган суратлар унинг асл кўринишига мос бўлганми?

 

Шоҳ ва шоир, тилшунос, саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда бобурийлар сулоласининг жаҳон илм-фани, Осиё мамлакатлари, айниқса, Осиёдаги энг йирик давлат Ҳиндистон ривожидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам улуғ бобомиз яшаб ўтган даврдан ҳозирги кунга қадар дунёнинг жуда кўп мамлакатларида олимлар, ижодкорлар томонидан Бобур ҳаёти, фаолияти ва илмий-ижодий меросини ўрганишга катта қизиқиш билан қараб келинади. Жумладан, француз тарихчилари, ижодкорлари томонидан Бобур ва бобурийлар сулоласи ижоди, ҳаёти, илмий мероси ҳақида кўплаб асарлар, китоблар яратилган. Бу борада самарали ижод қилган француз олимларидан бири Жан Поль Рудир.

 

 Жан Поль Ру 1925 йилда Париж шаҳрида туғилиб, 2009 йилда 84 ёшида вафот этган. У осиё тирик тиллари миллий институти ва Лувр институтида таҳсил олган. Лувр иститути профессори илмий даражасини олган ва институтда ислом санъатидан дарс берган. У  Шарқ, Осиё ва дин тарихига бағишланган кўплаб илмий асарлар ёзган. Европада турк ва мўғил ҳалқлари тарихи, мифологиясининг билимдони сифатида машҳурдир.

 

Олим ислом дунёси санъатига алоҳида меҳр ва қизиқиш билан қараган.  У турли йилларда Париждаги Катта Сарой ва Оранжерийда иккита “Ислом дунёси санъати” кўргазмаларини, 2003 йили эса Лувр музейида Ислом санъати бўлимини ташкил этган. Шунингдек, у “Буюк мўғиллар тарихи. Бобур” (1986), “Темурланг” (1991),  “Ўрта Осиё, унинг тарихи ва цивилизацияси” (1997) асарларининг муаллифидир.

 

Мен аввал Андижон давлат университетида, ҳозирда эса Андижон давлат чет тиллар институтида талаба ёшларга француз тилидан сабоқ бериш билан бирга, Бобур ҳақида француз тилида ёзилган асарларни ўзбек тилига таржима қилишга ҳаракат қилиб келаман.

 

 Қуйида 1986 йилда Париждаги “Артём Файар” босмахонасида чоп этилган “Буюк мўғуллар тарихи. Бобур” деб номланган китобнинг қириш қисмидан қилинган таржимани ўқувчилар эътиборига ҳавола этмоқчиман.

 

ЧИЗГИЛАР

 

Бирор кишининг узоқ вақт кузатувни талаб қиладиган ички дунёсига кириб боришдан олдин, унинг умумий кўринишига, қалбида нима борлигини ифодалаб турувчи юз тузилишига эътибор берилади. Қайсидир инсон бир қарашда одамни ўзига тортади ёки ўзидан узоқлаштиради: унинг қандайдир ўзига хос сифатларга эга, эга эмаслигини тасаввур қилади. Мен бу ерда аввало, Бобур суратини биринчи кўришда тасаввуримда юзага келган фикрлар билан бошлашни хоҳлар эдим.

 

Мен бироз четда қолиб кетган, назарга тушмай қолган айрим кичик тафсилотларни баъзи бир тарихий, психологик тафсилотлар билан тушунтирмоқчиман. Бир жангнинг таърифини унинг ғолиби қандайдир қушларнинг учишини томоша қилаётган ҳолатини таъкидлашда узиб қўйишадими? Буюк бир воқеа таърифига бир шоир ёки мусиқачининг танқидини киритишадими? Лекин, Бобур қушларнинг учишига шунчаки қараб тургани йўқ, ёки у ёки бу саънаткорнинг асари ҳақида фикр юритаётгани йўқ: у шу кичик нарсалардан кенг маъноларни ярата олган.  

 

БОБУР СИЙМОСИ

Бобурда улкан бир латофат уфириб туради. Агар биз Бобурнинг ҳақиқий кўринишига эга бўлганимиз тақдирда ҳам, унинг юз тузилишини аниқлик  билан чизиб бериш биз учун жуда қийин бўлган бўлар эди. У ўзининг  жисмоний томанлари ҳақида ҳеч нима демайди ва ёзганларида бу ҳақда маълумот ҳам бермайди. Тўғри, биз унинг сиймосини акс эттирувчи кўплаб минатюраларга эгамиз. Лекин, бу асарлар бизга тўла маълумот берадими?

 

Аксарият мусулмон дунёси санъати тарихчиларининг таъкидлашларича, мусулмон рассомлари жонли нарсаларни асл кўринишида ифода этишмаган, аксинча фикрга, умумий кўринишга, сифатларига эътибор қаратиб, ҳаракати, касби-корини ифодалаб ёхуд воқеликларга муносабати кўринишида тасвирлашга ҳаракат қилишган. Шундай қилиб, улар Оқни, Қорани, ғамгин ёки шодон одамни, оҳуни кўтариб кетаётган кишини, камончини, раққосани, шоҳзодани... аксинча айнан ўша Оқни, Қорани, камончини, ўша шоҳзодани ўз ҳолича кўрсатишмаганликлари эҳтимолдан узоқ эмас.

 

Шоҳзодага келсак, мусулмон рассоми узоқ вақт бир ёки бир неча қолипга, жамлаб айтганда “савлат тўкиб турган ҳукумдор” кўринишини асос қилиб олишган. Ушбу услуб аввало, қадимий Сасанидлардан олинган, сўнг турклар таъсири остида, IX асрдан бошлаб, камон ва пайкон билан қуролланган чордана қуриб ўтирган  ёки кўпинча, ўнг қўлида қадаҳни кўкраги баробар тутиб турган ва чап қўлини сочиқ ёки рўмолча ташланган тиззасига қўйган одамни асос қилиб олинган. 

 

Бу тасвир ўрта асрларда катта муваффақиятларга эришди, лекин XV асрларга келиб унутилди. Бундан айрим нарсаларгина сақланиб қолган. Жумладан, тиззага ташлаб қўйилган қатлари осилиб турган мато: буни бугун ҳам тахтда ўтирган Бобурнинг тасвирларида кўриш мумкин. Портретларга янгича эстетик қараш  бир вақтнинг ўзида Усмонли турклар ва темурийларда, турклар юртида дунёга келди. Турк рассоми Наккас Синанбей ва итальян рассоми Белини ҳудди шу кўринишда Византия истилочиси Меҳмет II ни тасвирлашган. Кўпчилик ичида тасвирланган Бобур минатюраларида Бобурни нафақат мартабали жойда ўтиришига қараб, балки унинг ўзига хос кўринишига ва юзига қараб ажратиб олиш мумкин.

 

Бу минатюралар, кўпчилик минатюралар каби, XVI асрнинг охирларига, яъни Акбаршоҳ томонидан бутун ислом дунёсига портрет чизишга бутунлай янгича исломий ҳуқуқ берилган даврга тўғри келади. Албатта, бу олдинги рассомлар содиқлик билан чизган Бобур расмларига қараганда ҳақиқатга яқинроқдир. Бу улар кичик тарихий ноаниқликларга йўл қўйган бўлсалар-да, Бобурномани безашда унинг матинига яқиндан ёндошганликларини кўрсатади. Кейинги даврдаги рассомларни қийнаган энг асосий нарса улар Бобурнинг ҳақиқий юзини кўрмаганликларидир. Тўғри, улар уни таниган, шу билан бирга, кекса аёнлардан сўраб-суриштиришлари мумкин эди, лекин бундай маълумотлар ҳам Бобурнинг ҳақиқий кўринишини тасвирлашга етарли бўлмасди. Аслида, улар асосан, ҳукумдорнинг ҳаётлигида, Акбаршоҳ томонидан портрет чизишга расмий рухсат берилишидан етмиш-саксон йил олдин чизилган ноёб асарлардан фойдаланишган.

 

1527 йили Раджпутдаги ғалабадан сўнг Бобур ўзини подшоҳ, деб эълон қилган ва умрининг охирларида чизилган бир минатюра мавжуд. Унда у ҳукумдорлик либосида, бошида тож билан гавдалантирилган, лекин қадимдан анъана бўлиб қолган сочиқ минатюрани бироз нисбийроқ қилиб қўйган. Шу билан бирга, умумий бўлган сунъийликнинг йўқлиги унга ҳақиқий тус берган. Бир эътибордан қочириб бўлмайдиган жиҳат бу таассуротни янада кучайтиради. Бобур анча узун соқол қўйган. Олдинги унинг ёшлигини акс эттирган асарларда бу кўринмас эди. Аммо у умрининг охирларида диний эътиқод юзасидан узун соқол қўйишга қарор қилган эди.

 

Бобур ўрта бўйли, бақувват одам бўлган бўлса-да, бу унинг нафислиги,   юқори насли-насабасини акс эттиришга ҳалал бермас эди. Ўта ҳаёлий бўлмаса-да, лекин рассомлар жангчи ва жисмоний бақувват кишининг қўлига мос келмайдиган қилиб ишлаган чўзиқ ва нозик қўлларидир. Унинг юзи чўзиқ, ёноқлари бироз бўртиб чиққан: кўзининг кесими кенг, бўлиқ қобоқлар остига жойлашган қоп-қора, тикка-тикка қошлари бироз эгма, қарашлари синчков. Бурни чиройли, бироз гўшдорроқ ва озроқ дўнг. Нафис маржон (ёқа) ияги остидаги чўққи соқоли бўйлаб тушиб (бориб) унинг яноқларини ёпиб туради, гоҳида ингичка, гоҳида йўғон мўйлаби лаб узра жавлон уради. Оғзи - кичкина, истеҳзо билан кулиб туради ва кўпинча ҳайриҳоҳлик, агарки беписандлик бўлмаса. Бутун юзидан қаттиққўллик фазилати, қаҳри қаттиқлик, вазминлик ёғилиб туради, шунингдек, унинг нигоҳида бироз маъюслик ҳам кўзга ташланади.

 

Аҳмадали МАМАДАЛИЕВ,

Андижон давлат чет тиллари институти Француз тили назарияси ва амалиёти кафедраси доценти, Франция Республикасининг Академик Пальма ордени соҳиби.

ТАДБИРКОР, ФЕРМЕР ВА ДЕҲҚОНЛАР ДИҚҚАТИГА!

Андижон вилояти, Олтинкўл тумани С. Ашуров массиви (Тахтакўприк)даги ҳарбий қисмга қарашли деҳқончилик қилишга мўлжалланган 6,2 гектар ер майдони энг яхши таклифлар асосида юридик ёки жисмоний шахсларга давлат-хусусий шерикчилик асосида фойдаланиш учун ижарага берилади.

Ердан фойдаланиш бўйича ўз таклифларингиз билан мурожаат қилишингиз сўралади.

 

Манзилимиз: Андижон шаҳри, Тошкент кўчаси, 40- уй. Телефонларимиз: 74 228 48 20, +998 90 164 19 91.

Shе'riyat gulshani

Yolg'iz ketayabman ...

 

Yolg'iz ketayabman zulmat qa`ridan,

Qorong'u kechada hamroh faqat oy.

Bu tor yo'lakda itlar uvillar,

Bu itlar zulmatni quvar hoynahoy.

 

Men esa, ketaman yorug'lik sari,

Mendan istirob-u qayg'ular nari.

Menga eshik yopgan uylarning bari,

Bir kun yo'llarimga chiroq yoqadi.

 

Hozircha ketaman tor yo'laklardan,

Quyoshli kunlarga yetmog'im uchun.

Va bu yo'llarga dastxat qo'yaman,

Yuksalib ketganda eslamoq uchun.

 

Muhammadrasul Mamatqulov,

Andijon tumanidagi 10- umumta'lim maktabning 11-sinf o'quvchisi.

Muhabbat

 

Muhabbat, kelaqol, rasmingni chizay,

Mo'yqalam kerakmas so'zim mo'y qalam.

Bir parcha varaqni izlab qiynalmay,

Yurakka chizaman, sen dardli nolam.

 

Muhabbat dardimning o'tli huruji,

Oqshomda tutqanoq tutganday qo'zir,

Men rassom emasman, ammo shu kecha,

Ko'nglimda qandaydir g'alayon to'zg'ir.

 

Muhabbat, kelaqol, bir narsa yozay...

 

Nasibaxon IBROHIMOVA,

Andijon davlat universiteti talabasi.

 

Bayrog`im

 

Ona yurtim bayrog`i,

Mustaqillikning ramzi,

Hilpirar yuksaklarda,

Hayajon solib dilga.

 

Yurtni dunyoga tanitib,

Omad quchar yurtdoshim,

Madhiyaga jo`r bo`lib,

Ko`tarilar bayrog`im.

 

Gulshanoy RAVShANOVA,

Xo`jaobod tumanidagi   9- umumta'lim maktabining 9- sinf o`quvchisi.

 

 

Kuz

Shivirlaydi olamga  yomg`ir,

Maysalarga to`kilar ohang.

Daraxtlarning barglari bir-bir,

Dardlar chеkib, bo`lar sariq rang.

 

quvlashmachoq o`ynaydi еllar,

Dеydi kuzga qo`llaringni bеr.

To`kilarkan еrga xazonlar,

Butun olam sovqotmasin dеr.

 

Mеhriniso NЕ'MATOVA,

Andijon tumani 53-maktabning 5- sinf o`quvchisi.

 

Ro`yo

 

Samodan qor emas orzu yog`moqda,

Orzularim yuksakligin bilganday go`yo.

Bo`g`zimdan bir armon meni bo`gmoqda,

Nahot men bilganim barchasi ro`yo.

 

Ro`yo o`zi nima? Ro`yo bu tug`yon,

Ro`yo muhabbatni qilganmi makon?

Ro`yo ko`zlaringda misoli mujgon,

Ro`yoga alishmam seni hech qachon.

 

Begoyim ABDUKAYUMOVA,

Andijon davlat universiteti talabasi.

 

Onamga

So`z bog`idan ta`rifingiz topolmayin,

Tashvishlarning eshigini yopolmayin.

Lahza bo`lsa dardingizni aritdimmi?

Sho`xlik qilib sizni erta qaritdimmi?

 

Poyingizgа yumalasa ko`z yoshlarim,

Bilganimcha sizga atab she`r boshladim.

Bolam deya barimizni birdek suyib,

Betob bo`lsak, uxlamaysiz tunlar kuyib.

 

Shuncha mehr, shuncha sabr qaydan kelar,

Sochingizga oq oralab yillar yelar.

Tilagimiz, duogo`yim yuzga kiring,

Endi faqat iqbolimiz ko`rib yuring.

 

Madinabonu Нasanova,

Xo`jaobod tumanidagi 40-DIMI 11-sinf o`quvchisi.

Ёш китобхонлар беллашишди

Танлов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши ва вилоят халқ таълими бошқармасининг "Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида "Ёш китобхон" танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида"ги қўшма қарори асосида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар бўлинмаси кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан умумтаълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчилари ўртасида "Ёш китобхон" танлови ўтказилди.

Андижон шаҳридаги 30- ва 31-  умумтаълим мактабларида бўлиб ўтган  танловда ўз мактабларида ғолибликни қўлга киритган ёш китобхонлар иштирок этиб, билимларини синовдан ўтказдилар. Иштирокчиларнинг чиқишлари Ўзбекистон таълим, ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг бош мутахассиси Л.Турюкова,вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси бўлими мудири Қ.Ризаев, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Андижон вилояти масъул ташкилотчиси З.Абдуллаев, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими услубчиси И.Тошматов томонидан баҳолаб борилди.

Қизиқарли баҳс-мунозаралар асосида ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, белгиланган шартлар бўйича энг юқори балл олган 31- умумтаълим мактаби ўқувчиси    Муҳаммадабдуллоҳ Умматалиев ғолиб, деб топилди.

Танловнинг ғолиб ва     совриндорлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Насибахон ТЎРАҚУЛОВА,

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси  Андижон шаҳар бўлинмаси кенгаши раиси.

Она тилим-миллат кўзгуси

Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, Яратганнинг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи белгилардан бири ҳам айнан тилдир.

Тил дунёда ҳар бир халқнинг бебаҳо бойлиги, ўзлиги, нажоти ҳисобланади. Шу боис ҳам, биз ўзбек ёшлари тилимиз софлигини, унинг гўзал жозибасини ҳамиша  асраб-авайлашимиз лозим.

Минг афсуски, бугунги кунда ёшларимиз ўртасидаги мулоқотларда турли тиллар (рус, инглиз) сўзларини қўшиб гапириш урфга кирган. Бу ҳолат тилимиз софлигини сақлашга, умрбоқийлигини таъминлашга салбий таъсир қилади. Тўғри, чет тилларини ўрганишимиз керак, бу замон талаби. Айниқса, ҳозирда ёшларда инглиз тилини ўрганишга қизиқиш ва эътибор жуда юқори. Энг асосийси, хорижий тилларни ўрганиш учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Ана шу имкониятлар хорижий тилларни пухта эгаллашимизга, улкан муваффақиятларга эришишимизга мустаҳкам замин бўлади. Биз  ана шу жараёнда ўз она тилимизни ҳам мукаммал ўрганиб боришимиз керак, албатта. Соф ўзбек тилида гаплашиш бизнинг маданиятимиз, ўзлигимизни англаш, тилимизга бўлган ҳурматимиз белгиси ҳисобланади.

Биз ёшлар энг аввало, тилимиз, маданиятимиз, миллий қадрият ва анъаналаримизни, тарихимизни яхши билишимиз керак. Шундагина келгусида ўзимиз эгаллаётган соҳанинг малакали мутахасcиси бўлиб етишамиз. Тилимизни софлигича келажак авлодга етказиб бериш ҳам бизнинг зиммамиздаги бурчдир.

Ана шу ғояларни илгари суриб, ўзим амалиёт ўтаётган Марҳамат туманидаги 32-умумтаълим мактабида она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Зумрадхон Каримова раҳбарлигида "Она тилим-миллат кўзгуси" номли тадбир ўтказдик. Тадбирда ўқувчилар томонидан тилимиз тарихи, ўзига хос жиҳатлари, жаҳон илм-фани тараққиётидаги роли ҳақида маълумотлар берилди.   Шунингдек, она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, турли саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Мазкур тадбир ўқувчи ёшларнинг тилимиз ҳақидаги билимларини, тилимизга бўлган ҳурматини янада оширди. Тадбир сўнгида мактаб директори Ҳусниддин Қорабоев сўз олиб, барча ўқувчиларни она тилимизни ҳурмат қилишга чақирди, тадбирнинг бир гуруҳ фаол иштирокчиларини  фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.

Нилуфар ЖАЛИЛОВА,

Андижон давлат чет тиллари нститути талабаси.

 

"Атоқли давлат арбоби, шоир ва ёзувчи"

Тадбир

З.М.Бобур номли вилоят ахборот кутубхона марказида атоқли давлат арбоби, ўзбек халқининг буюк вакилларидан бири Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги муносабати билан "Атоқли давлат арбоби, шоир ва ёзувчи" деб номланган хотира кечаси ташкил этилди.

 Юртимиз равнақи, тараққиёти йўлида фидойилик қилган инсонларни халқимиз  ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этади. Ўзбекистон тарихини, адабиётини, миллий руҳ билан яратишда ёрқин из қолдирган буюк шахсларнинг ҳаёти ва  фаолиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки уларнинг ҳаёт йўли ёшларимизга ибрат бўлади.

Тадбирда Андижон давлат университети ўқитувчилари С. Тўрахўжаев, З.Хайтматов, ҳарбий қисм хизматчиси С.Назиров, марказ ходимлари О.Охунжанова, О.Бурхоновалар сўз олиб, буюк инсон ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини гапириб ўтдилар.

Вилоят мусиқали драма театри жамоаси мусиқачилари ҳамда хонанда Т. Матбобоев Шароф Рашидов қаламига мансуб  "Наргиз" деб номланган қўшиқни ижро этиб, барчани мамнун этдилар.

 

Сайёра ОТАМИРЗАЕВА,

вилояти ахборот-кутубхона маркази мутахассиси.

Унутмас мени боғим

Адабий кеча

Минг йиллардан кейин ҳам,

Унутмас мени боғим,

Шеърларим янграб қолур,

Бир умрга ўлмайман...

 

Ўзбек адабиётида ўзига хос ўрни, табиати, феъл-атвори, гўзал шеърлари билан ёрқин из қолдирган адиблардан бири Усмон Носир эди. Бу йил юртимизда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Усмон Носир 1912 йилнинг 13 ноябрида Наманган шаҳрида таваллуд топди. Ёшлиги қўқондаги болалар уйида ўтган Усмон ўрта мактабни битиргач, 1931 йилдан бошлаб, Алишер Навоий номидаги Самарқанд педагогика академиясининг тил ва адабиёт  факультетида Амин Умарий, Адҳам Ҳамдамлар билан бирга таҳсил олган. Унинг илк шеърлари мактабда ўқиб юрган вақтдаёқ матбуотда кўрина бошлади.

Кейинчалик унинг "Қуёш билан суҳбат", "Сафарбар   сатрлар", "Трактробод", "Юрак", "Меҳрим" каби шеърий тўпламлари, "Норбўта" ва "Нахшон" достонлари нашр қилинган. Усмон Носир шеърияти  ҳаётийлиги, жозибадорлиги ва исёнкорлиги, айни чоғда , содда ва равонлиги  билан китобхон қалбидан чуқур ўрин олган. Шундан бўлса керак, шоир шеърлари ҳамон давраларда тез-тез ёддан айтилади.

Юрак, сенсан менинг созим,

Тилимни найга жўр этдинг,

Кўзимга ойни беркитдинг,

Юрак, сенсан ишқибозим...

Маълумки, Усмон Носир ижодида Ватан мавзуси етакчи ҳисобланади. Унинг юртга бўлган муҳаббати соф қалб нидолари орқали баён этилади.

Усмон Носир шеърларида зўрма-зўракилик, ясама фикрлар, алдовлар йўқ. Шоирнинг туйғулари янглиғ шеърларидаги ифодалар ҳам тоза, оламни қандай тасаввур этса, шундай борича қоғозга муҳрлайди. Шоир шеърларини ўқиб,  табиат тасвири, дарахт ва ўсимликларнинг  овози, барглар ҳаракатларини гўё қалбан эшитасиз, кўз билан кўриб, мусиқа куйидек овози кўнглингизга жойланади.

Шоир юрагига яқин кишилар ҳақида мароқ билан ёзади. Шеърларида қалбидаги қувонч, дард ва ҳаяжонлар пайдо қилган тарих воқеликлари, "етим ўтган" болалиги тўғрисида ёрқин хотираларни  шеърга тизади. Шоир ижодида инсон озодлиги, руҳ эркинлиги, инсон қадр-қиммати, бешафқат тарих ҳукми, даврнинг аламли жараёнлари тасвири каби қатор мавзуларга янгича ёндашилган.

Мактабимизда кўплаб тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказиб борилади. Жумладан, адабиёт тўгараги аъзолари ташаббуси билан Усмон Носир ижодини ўрганишга бағишланган баҳс-мунозара, шеърият кечаси, иншо танлови ўтказилди. Тадбир ва танловларда 7-синф ўқувчилари Муҳаммаджон Толипов, Гулноза Комилова, Салоҳиддин Толибжонов, Дилрабо Алимова, Розияхон Тўлакова, Моҳизода Неъматова сингари ўқувчилар фаоллик кўрсатдилар.

Ўқувчилар шоир ижодини атрофлича ўргандилар, шеърларини ёд олдилар. Усмон Носир ижоди бўйича ўтказилган тадбирларимиз ёшлар қалбида она юртга муҳаббат, тўғрисўз, адолатли бўлиш, ҳамиша илм ўрганишга интилиш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Нодирахон САИДХЎЖАЕВА,

Андижон шаҳридаги 48- умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Либос - инсон зийнати

МУЛОҲАЗА 

Либос - инсон зийнати. Даврлар, замонлар, янгилангани сари либослар ҳам ўзгариб боради. Бу тараққиётнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бир-биридан ранг-баранг, узун-калта, тор-кенг, дабдабали-кўримсиз, қиммат-арзон либослар. Минг афсуски, кейинги пайтларда айрим опа-сингилларимиз фикратида мода деган тушунча ўзига хос талқин этилмоқда. Кийимнинг ўзига муносиблиги, ёшига, қоматига,  киядиган даврасига тўғри келиш-келишмаслиги муҳим эмас. Янги чиққан нарса албатта кийилиши шарт, тамом. Гўё "мода"нинг талаби шу.  Тўғри, кейинги пайтларда ёшларимизнинг кийиниши ҳақида жуда кўп гапириляпти. Лекин айримларнинг мода ҳақидаги тушунчасини ўзгартириш анча қийин кечмоқда.

Кийиниш маданиятми? Маданият кийинишми? Маданиятлиликнинг асосий белгиларидан бири кийиниш одобидир. Кимнинг қандай кийинишига қараб, унинг дид-фаросати, моддий ва маънавий даражасини билиш мумкин.     

Кийиниш маданияти жинс, ёш, фасл, миллат, урф-одатлар, касб-кор, замон ва тараққиётнинг муайян босқичи, даражаси билан боғлиқдир. Болалар, қизлар, ёшлар, ўрта ёшлар, кекса одамларнинг кийиниш маданияти мазмуни, шакл-шамойили жиҳатидан бир-биридан ажралиб туради. Ҳар бир касбнинг ўзига хос кийиниш маданияти мавжуд. Шифокорлар ўзларининг оппоқ либослари ўз касбига бўлган покиза-виждону ҳалолликни ифодаласа, ўқитувчиларнинг либоси эса соддалиги билан ажралиб туради.

Инсон ўзлигини сақлаган ҳолда кийиниши керак. Зеро, либос инсоннинг фазилатини ҳам очиб беришга хизмат қилади. Кўп ёшлар ўзлари мухлислик қилаётган санъаткорларга, актёр-актрисаларга, машҳур инсонларга ўхшашни хоҳлайдилар, уларга тақлид қиладилар. Лекин бундай йўл тутиш тўғри эмас, албатта.

Кийим кишининг нафақат ташқи қиёфасини, балки маънавий дунёсини, қайси миллатнинг фарзанди, қай даражада савияли одам эканлигини кўрсатиб туришини унутмаслигимиз керак.

Хуршида РЕЖАББОЕВА,

Андижон давлат тиббиёт институти магистратура бўлими тютори.