+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Китоб- ақлли устоз

Вилоят семинари

Инсон хусусиятларига таъриф берар экан, Абу Наср Форобий шундай деб ёзган эди: "...Ақл эса  фақат инсонгагина  хос бўлган туғма қувват бўлиб, у руҳ билан боғлиқдир". Улуғ олим инсон ақл, тафаккурини бойитиш билим олиш, мутолаа билан қувватланишини таъкидлаган эди.

Таълим-тарбия, комил инсоннинг тарбияси барча даврларда ҳам муҳим маърифий масала ва вазифа сифатида жамият ҳаётида муҳим ўрин тутган.  Ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашда бадиий адабиётнинг аҳамияти юксак эканлиги эса кўп эътироф этилади. Бунинг барчасида ёшларнинг билимли бўлиши, уларда эзгу фикрни ўстириш, Ватанга, оилага, атрофдагиларга садоқат руҳида  тарбиялаш мақсади  мужассам.

Хўжаобод туманидаги 9-умумтаълим мактабида "Китобхонлик - буюк келажак кафолати" мавзусида  ўтказилган вилоят семинари ҳам айнан ана шу мақзадга қаратилди.

Семинарда туман, шаҳар халқ таълими бўлимларининг дарсликлар ва ўқув адабиётлари шўъбаси раҳбарлари, таълим муассасалари кутубхона мудирлари  иштирок этиб, мактабларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш хусусида атрофлича фикр алмашдилар. Бу борада мактабда йўлга қўйилган ишлар, мактаб кутубхонаси фаолияти билан танишдилар.

Ўқитувчилар Ўлмасой Ҳабибуллаева 4-синфда  "Дарсдан ташқари  мустақил  ўқиш", Гулноза Абдусалимованинг 9-синфлардаги "Мутолаа соати" дарслари семинар иштирокчилари томонидан таҳлил қилинди.

Ўқувчиларнинг кутубхонага аъзолиги, бадиий адабиётлар юзасидан суҳбатлар ўтказилди.  Китоб инсоннинг маънавий дунёсини бойитишда  энг ақлли ва миннатсиз устоз, таълим-тарбиянинг асоси эканлиги хақида мулоҳазалар билдирилди.

Дилноза КАЗАКОВА,

  Хўжаобод туманидаги 9-умумтаълим мактаби ИММБТ

Опа-сингилларимиз турли тазйиқ ва зўравонликларга учрамасин

семинар

Минг афсуски, бугун ҳаётимизда опа-сингилларимизнинг оилавий ва бошқа турли  муаммолар ёки оиладаги зўравонликлар туфайли оғир аҳволга тушиб қолиш, турли тазйиқларга учраш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Андижон шаҳрида ўтказилган ўқув-амалий семинарда ана шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, яъни хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, жамиятда гендер тенглигини таъминлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Вилоят ички ишлар   бошқармаси ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар фаоллари, ички ишлар тизимида хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида фаолият олиб борувчи ходимлар, ҳамкор ташкилотлар, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этдилар.

Дастлаб семинар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларини самарали йўлга қўйиш, корхона, ташкилот ва муассасаларда гендер тенглигини таъминлашда хотин-қизларга ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш" мавзусида тақдимот ўтказилди.

Андижон машинасозлик  институти кафедра мудири, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Ҳабибахон Жўрабекованинг "Оилаларда гендер   тенглиги масалалари", Андижон шаҳридаги  Ғайрат маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Нодира Холмирзаеванинг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасидаги ишларни ташкил этишда маҳалла хотин-қизлар фаолларининг роли", Олтинкўл тумани ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Нилуфар Мўминованинг "Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш бўйича қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар, дастурлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тарғиб этиш" мавзусидаги маърузалари тинланди.

Иштирокчилар томонидан маърузалар, шунингдек, мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, масъул ва мутасаддилар масъулиятини ҳамда бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, турли    тазйиқларга учраган опа-сингиларимизнинг ижтимоий ҳимояси, уларга маънавий, руҳий, ҳуқуқий кўмак беришга қаратилган ишларни самарали ташкил этиш, илғор иш тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.

Семинар якунида иштирокчилар Андижон шаҳридаги Мономарказда бўлиб, марказ   фаолияти, турли тазйиқ ва зўравонликларга учраган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Ўқув-амалий семинар иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги ишларни самарали олиб бориш, бу борадаги билим, тажриба ва малакаларини оширишга ёрдам берди.

 

 Барнохон МИРЗАЕВА,

Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси хизмат бўлими бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, майор.

Мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.  

"Оналар яшил макон учун" акцияси ўтказилди

Ташаббус

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимизда кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда каттаю кичик фаол иштирок этмоқда.

Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан Андижон шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳаллаларнинг аёллар фаоллари, бир гуруҳ кекса онахонлар иштирокида шаҳар ҳудудида "оналар яшил макон учун" акцияси ўтказилди.

-      Кўчат экиш, юртни обод қилиш хайрли ва савобли иш, -  дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. - Мақсадимиз, юқори кўтаринкилик билан ўтаётган ушбу хайрли ишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишдир.

Акция доирасида вилоят Оила ва хотин- қизлар   бошқармаси, Андижон шаҳар оила ва хотин- қизлар бўлими ҳамда маҳаллаларнинг бир гуруҳ фаол аёллари Андижон шаҳридаги Ўзбегим маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар атрофига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқаздилар.

Умуман, Андижон вилоятида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Жорий йил куз мавсумида 5 миллион 781 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, қаламчалар экилиши белгиланган.

 

Наргиза УЛУҒБЕКОВА,

Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.

Мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.   

Оналар ва болалар саломатлиги муҳофазаси энг асосий вазифа

Ислоҳотлар: факт ва раҚамларда

Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли, хусусан, оналар ва болалар  саломатлигини муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган перинатал хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишда вилоятимизда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, бугунги кунда вилоятда 1 та перинатал, 1 та "Она ва бола" скрининг, 1 та репродуктив саломатлик, 3 та туманлараро перинатал марказлари, шунинг-дек, 18 та туғруқ комплекси фаолият олиб бормоқда. Ушбу муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

-      Оналар ва болалар саломатлиги муҳофазаси тиббиёт ходимларининг энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Журъатбек Қувватов. - Мазкур йўналишдаги ишлар вилоятимизда режа асосида изчил ва тизимли равишда олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вилоятда туғилиш 61 минг 941 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 361 тага  ортган.

Бир неча йилдан буён вилоят перинатал марказида Давлат дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар марказнинг 100 ўринли бино-иншоотлари реконструкция қилинди, зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминланиб, ишга туширилди.  Шунингдек, Марказда кам вазнли, оғир ҳолатда туғилган чақалоқларга малакали ихтисослаштирилган перинатал ёрдамни кўрсатиш учун қўшимча 100 ўринли янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ишларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 30,2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Президентимиз томонидан перинатал хизмат кўрсатишни туманларнинг ўзида йўлга қўйиш бўйича берган топшириқлари асосида вилоятимизда 3 та -  Пахтаобод, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманларида перинатал хизмат марказлари ташкил этилди. Марказлар таркибида алоҳида чақалоқлар реанимация бўлимлари ҳам очилди.

Бундан ташқари, ҳудудлардаги 17 та кўп тармоқли марказий поликлиника қошида болаларга амбулатор хизмат кўрсатувчи болалар бўлимлари иш бошлаганлиги ҳам болалар саломатлигини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Умуман, вилоятимизда олиб борилган юқоридаги каби ишлар натижасида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда.

Муфаззалшо МуҲаммадиев,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.

Мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди. 

Вилоятимизда 473 та маҳалла янада обод бўлади

бунёдкорлик

Андижон вилоятида 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раислигида ўтказилган йиғилишда ана шу хусусда сўз юритилди. 

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, хусусан, ижтимоий соҳа   объектларини таъмирлаш, янгиларини барпо этиш, ички йўлларни таъмирлаш, шағаллаш, асфальтлаш, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоқларини янгилаш, янги подстанция, электр тармоғи учун бетон устунлар ўрнатиш, умуман, маҳалла инфратузилмасини янада яхшилашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 октябрдаги "2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаради. Мазкур қарорда мамлакатимиздаги 5 минг 284 та маҳаллада 6 минг 7 та лойиҳа доирасида ички йўлларни таъмирлаш, янгилаш, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини яхшилашга қаратилган ишларни молиялаштириш ва амалга ошириш белгиланган.

Жумладан, мазкур қарор асосида вилоятимиздаги 473 та маҳаллада ички йўлларни, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув тармоқларини яхшилашга қаратилган умумий қиймати 581 миллиард сўмга тенг 527 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. 

-      Қарорда белгиланган ишларнинг амалга оширилиши билан маҳаллаларимиздаги 527 муаммо ижобий ҳал этилади, - дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. - Бу маҳаллага, жойлардаги муаммоларни бартараф этишга берилган катта эътибор, имкониятдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олиб борилаётган бу ишлар шубҳасиз, одамларимизнинг ўз ҳаётидан, бугунидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Сен сабабли мунаввар ҳаёт

Гўзаллигу, софлик тимсоли аёл,

Меҳринг ой ва қуёш мисоли аёл,

Кўнгил меҳробининг гавҳари ўзинг,

Ўзингсан муқаддас, мўътабар аёл!

 

Эзгу истакларинг чиқар кўнгилдан,

Омонлик сўрайсан барчага дилдан,

Ҳатто гул унади қадоқ қўлингдан,

Ўзингсан муқаддас, мўътабар аёл!

 

Олам нурсиз қолар гўёки сенсиз,

Меҳр-муҳаббатда ўзингсан тенгсиз,

Гўзал ришталарни боғлаган ипсиз -

Ўзингсан муқаддас, мўътабар аёл!

 

Сен сабабли гўзал, мунаввар ҳаёт,

Ҳар дам сариштасан, турмушинг обод,

Асли садоқатдан бўлгансан бунёд,

Ўзингсан муқаддас, мўътабар аёл!

 

Нурали ИСОМИДДИНОВ.

ЁЗУВЧИ ВА ШОИРЛАР "САХОВАТ УЙИ"ДА

Андижон шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлар интернат-уйида шоир ва ёзувчилар билан адабий учрашув ва китобхонлик тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда муассасада яшаётган отахон ва онахонлар, муассаса ходимлари, вилоятда ижод қилаётган бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар иштирок этиб, адабиёт, ижод ва китобхонлик ҳақида дилдан суҳбат қуришди.

- Бугун инсон қадрини улуғлаш давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айланган. Буни биргина Андижон шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ихтисослашган интернат-уйида олиб борилаётган ишлар, бу ерда яшаётган инсонларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик мисолида ҳам кўриш мумкин. Нафақат Андижон шаҳар "Саховат" интернат-уйида, балки  Қўрғонтепа "Мурувват" ногиронлиги бўлган болалар , Чувама "Мурувват" ногиронлиги бўлган аёллар интернат-уйларида китобхонлик, адабий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишни белгилаб олганмиз, - дейди Ёзувчилар уюшмаси вилояти бўлими раҳбари Хуршидабону Ваҳобжон қизи. -  Тадбирларимиз жисмоний имконияти чекланган, кўнгли ўксик, меҳрга муҳтож ана шу инсонлар қалбига оз бўлса-да қувонч, хурсандчилик, хуш кайфият улашади.

Тадбирда шоир Ориф Мелиев, хонанда Аъзамхўжа Азизхўжаев ва бошқалар китобнинг инсон камолоти, жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти, китобхонлик маданияти, ўзбек адибларининг ўлмас асарлари хусусида сўз юритган бўлса, отахон ва онахонлар ўзлари ўқиган китоблар, олган таассуротлари ҳақида гапирдилар.

Учрашувда шеъриятга қизиққан нуронийлар шеърлар ўқишди, фаол қатнашчиларга китоблар совға қилинди. Шеърхонлик куй-қўшиқ ва рақсларга уланиб кетди.

Якунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан "Саxоват"  уйи кутубхонасига 60 га яқин бадиий китоблар совға қилишди.

 

Воситжон  АҲМАТХОНОВ

БАХТЛИ БЎЛИШНИНГ 12 СИРИ

Руҳшунос тавсиялари

Машҳур ёзувчи Лев Толстой барча бахтли инсонлар бир-бирларига ўхшашлигини таъкидлаган. Хўш, уларнинг умумий томонлари айнан нималарда экан? Замонавий руҳшунослар буни қуйидагича тавсифлашади:

Ўтмишни эсдан чиқаринг! Токи ўтмишнинг оғир юкини орқалаб юрар экансиз, бахтли бўлолмайсиз. Қачонлардир жиддий бир хато қилганмидингиз? Эслаганингизда, ўзингиздан уяладиган хотираларингиз борми? Ўтмиш занжирларидан халос бўлинг, акс ҳолда, камолга эришолмайсиз. Бугунги кунга мослашиб, эртанги кунга интилиб яшанг.

Ўз ҳаётингиз учун масъулиятни ҳис қилинг! Бахтли бўлиш учун биринчи навбатда эркин бўлиш лозим. Вазият қандай бўлмасин, унга қандай ёндашиш ўз қўлингизда. Бунинг учун фақат ўзингиз жавобгар бўласиз. Ўз муваффақиятсизлигингизда бировларни айбламанг.

Атрофдагилар билан яхши муносабат ўрнатинг! Бу сизга бахт ато этувчи энг ёрқин йўлдир. Феъл-атворида муҳаббат устунлик қилиши кишини бахтга етаклайди.

Ўз қизиқишларингизга эга бўлинг! Ишқибозлик бизга майда хурсандчиликлар беради ва улар бирлашиб, бахтга айланади. Шунинг учун қизиқишлар доирасини кенгайтириб боринг. Бу билан сиз   бахтга элтувчи йўлларингизни кўпайтирасиз. Атрофда шунча қизиқарли нарсалар бўла туриб, киши бахтсиз бўлиши мумкинми?

Ҳаётий мақсадга эга бўлинг! Бахтга эришиш учун сизга бу жуда зарур. Ўзингизни бир чўққига йўналтирмасангиз, фикрларингиз тарқалиб кетиши мумкин. Мақсадингиз - ҳаётнинг ўзаги.

Ўзингизда борини қадрланг! Агар ношукр бўлмасангиз, бахтга етиш унча қийинмас. Ўзимизда бор бўлган нарсаларга қараш эса қўлимизда йўқ нарсага қарашдан кўра завқлироқ. Атрофингизга қаранг,  бахтли эканингизни пайқаш учун шунча кўп асосингиз борки...

Ўзингизда боридан бошланг! Тушунган одам бахтли бўлиш учун бутун умри давомида муайян миқдордаги маошни ёки юқори мансабни кутиб яшамайди. Ўзингизда бори билан ҳам бахтли бўлиш мумкин. Аҳмоқлар бахтни тоғлар ортидан, ақллилар эса оёқлари остидан излайди.

Ўзингизни яратинг! Ўзингиз учун ўз ҳаётий тамойилларингизни яратинг ва уларга амал қилинг. Ўзингизга бўлган садоқат ҳам бахт йўлидаги муҳим омиллардандир. Сиз кимсиз? Бошқалар ҳаёти билан яшаманг, кимнингдир умиди, сиздан нимадир кутаётгани учун эмас, ўзингиз учун яшанг. Қўйиб берса, одамлар сиздан кўп нарса кутишлари мумкин, лекин ўзингизчалик сизни биров севармикан?

Ўз истеъдодингиздан фойдаланинг! Сиз, аввало, бу истеъдодингизни кашф этишингиз, қолаверса, кундалик фаолиятингизда намоён қилишингиз лозим. Бахтга олиб борувчи энг тўғри йўл - ўз истеъдодингизни кенгроқ намоён этишингизга кўмаклашувчи даромад манбаини топишдир.

Майда-чуйдаларга эътибор берманг! Кўпинча майда гаплар катта бахтга завол етказиши мумкин.

Нафсингизни жиловлаб олинг! Тўғри, кишида турли истаклар бўлиши ёмон эмас, аммо уларнинг соғлом ақл устидан ҳукмронлик қилишларига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда, ўзингизга ортиқча баҳо бериб, бу билан кулгига қолишингиз мумкин.

Бошқаларни бахтли қилинг! Бу бахтга эришишнинг энг ишончли усулидир. Ўз бахтингиз йўлида одамларга яхшилик қилинг, ана шунда бунинг ўзи бахт эканлигига амин бўласиз. Кишиларга ҳамдард бўлинг. Бу фидокорликнинг олий кўринишидир. Бахтга худбинлик орқали эмас, балки фидойилик туфайли эришилади.

УМИДА тайёрлади.

УЗУМ ҚУВВАТ БАҒИШЛАЙДИ

Шифобахш неъматлар

Бугун юртимизда айни пишиқчилик. Айниқса, хонадонларда, боғларда узум жуда кўп ҳосил берди. Юртимиз ҳудудида милоддан аввалги IV асрдан бошлаб етиштирилаётган узум қандай шифобахш хусусиятларга эга? Бу албатта, кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Мутахассислар, табобот соҳаси вакилларининг таъкидлашларича, узумда калий, кальций, магний, марганец, кобальт дармондорилари, фолий кислотаси, каротин моддалари мавжуд. Узум углеводларга бой, фаол пешоб ҳайдовчи, ични юмшатувчи ва балғам кўчирувчи воситадир.

Буйрак, ўпка, жигар касалликларида, подагра ва қон босимида фойдали, узумдан организмни умумий мустаҳкамловчи восита сифатида ҳам фойдаланилади. Унинг бир қатор навлари микробларга қарши курашиш хусусиятига ҳам эга. Узум шарбати организм қувватини ошириш, тетиклаштириш хусусиятига эга. Уни асаб тизими толиққанида (астения) ва қувват пасайганида ҳам истеъмол қилиш ижобий натижа беради. Глюкозага бой бўлганлиги учун пешоб ҳайдаш ва терлатиш хусусиятига эга.

 Қонда холестерин моддасини пасайтиради. Ич кетишига мойилликда, қандли диабетда, ҳаддан ташқари тўлаликда, ошқозон яраси касаллигида, ўпка хроник шамоллаш касалликлари бўлган кишилар кўп миқдорда узум шарбати ичишлари мумкин эмас.

Ҳар қандай неъматни керак миқдорда истеъмол қилган мақсадга мувофиқ. Бу инсон саломатлиги учун фойдалидир.

Минурахон БОЗОРОВА, шифокор.

Устозлар ўгити - ибрат

Устозлар куч, ақл-идрокини, билим ва зеҳнларини, қалб кўрию меҳрларини шогирдларига бахшида этгувчи заҳматкашлардир. Дарҳақиқат,устоз буюклар ичра буюк зот. Зотан Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Берунийларнинг ҳам илм оламига илк тетапоялари оддий ўқитувчи, устоз кўмагида ташланган. Устозлар ызи ёниб, ўзгалар йўлини ёритишга умрини бағишлаган фидойи инсонлардир.

Бобур номидаги ахборот-кутубхона марказида "Устозларимиз ўгити биз учун мактаб" мавзусида ўтказилган кечада устознинг мақоми, юксак инсоний фазилатлари хусусида сўз юритилди.

Тадбирга марказимизда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган фидойи  фахрий устозлар ташриф буюришди. Учрашув-кечада  Бобур номли вилоят мусиқали драма театри ансамбли ижрочилари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Андижон вилоят кенгаши,   Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  вилоят кенгаши вакиллари, Андижон шаҳридаги  ҳарбий қисм хизматчилари, Андижон давлат чет тиллари иститути инглиз тили факультети ҳамда педагогика институти талабалари, Медиа таълим техникуми, Шаҳрихон туманидаги 6-, Андижон шаҳридаги 32- умумтаълим мактаби ўқувчилари ўзларининг чиқишлари билан қатнашдилар.

 

Муҳайёхон Убайдуллаева,

вилоят ахборот-кутубхона маркази мутахассиси.