Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ўша кун ҳамон ёдимда, эсласам юрагимни бир умрлик армон кемиради. Душанба куни эди. Онам эрта туриб, менга нонушта тайёрлаганди.
Мен жуда шошаётгандим, негалигини ҳалигача билмайман, чунки дарсга ҳали эрта эди. Балким, тақдирнинг пешонамга ёзилган қалтис ўйиними-ди бу? Энди пойафзалимни кийиб, кетмоқчи бўлиб, портфелимни қўлимга олган эдим, онам:
- Болам, кел ўтир, шошилма, бир пиёла чой ичиб кет! - деб қолди.
- Йўқ, ая, шошиб турибман. Бугун дарсларим жуда кўп, эртароқ кетишим керак! - деб баҳона қилдим.
Онам қўярда - қўймай қўлимдаги портфелни олиб, ҳовлимизнинг ўртасида турган эски, ранги ўчган сўримизга етаклаб кетди.
Бечора онам эрталабдан менга иссиқ нон ёпишга ҳам улгурибди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини катта қизиқиш ва иштиёқ билан тингладим.
Чуқур таҳлил, кенг мушоҳада, улкан режалардан иборат нутқда таълим-тарбия соҳаси тўлалигича қамраб олинган. Айтиш мумкинки, байрам табриги сабаб биз ўқитувчилар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тилга олинган барча масалалар долзарб ва муҳим. Мени айниқса, Юртбошимизнинг "...синф раҳбарларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб рағбатлантириш чорасини кўряпмиз. Хусусан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб 242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилади", дея таъкидлагани ҳурсанд қилди. Чунки, айнан синф раҳбарлари мактаб таълими бўғинидаги энг масъулиятли вазифаларни адо этади. Синф раҳбари ўқувчининг нафақат мактабдаги, балки мактабдан ташқарида ўтказган вақтига ҳам жавоб беради.
Нега битирувчилар орасида олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи паст, деган савол ҳам айнан синф раҳбарларига тааллуқли. Амалиётдан шу маълумки, юқори синфларга қадар ёшлар бўлажак касбларини танлашда иккиланадилар. Тўғри келган соҳага ҳужжат топширадилар. Аслида, боланинг қизиқишларини, қобилиятини кузатган синф раҳбари уни йўналтириши зарур. Масалан, жорий ўқув йилида мактабимизни тамомлаб, менинг мутахассислигим, яъни филология йўналишида ўқишга кирган битирувчилар 75 фоизни ташкил қилди. Хусусан, туманимиздаги 3-ДИМИда эса олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи деярли юз фоизга етди. Демоқчиманки, Президентимиз айтиб ўтган методик базани яратиш учун андижонлик маорифчиларда етарли тажриба ва малака бор.
Репетиторлик масаласига келсак, ҳозир нафақат ота-оналар, балки ўқувчиларда ҳам шундай фикр шаклланиб қолганки, унга кўра 8-синфга қадар астойдил ўқимасдан, юқори синфларга келиб репетиторлар ёрдамида билимни пухталаштириш ва ўқишга кириш мумкин. Мендан хафа бўлишмасину, бугунги мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ўтган асрнинг 90 йиллар, ўтиш даври фарзанди бўлган. Илм-маърифат бир қадар ортга ўша даврда шаклланган ота-она фарзандининг камолотига ҳам енгилроқ қараши бор ҳақиқат.
Бу янглиш ёндашувни чуқур англаган ҳолда Юртбошимиз бежизга учинчи реннесанснинг бешинчи халқаси, бешинчи устуни сифатида ота-оналарни санаб ўтмадилар. Қачонки, улар ўз фарзанди келажаги учун қайғурсалар, натижа кутилганидек бўлади.
Маърузада Президентимиз ўқитувчи ва мураббийларни жамиятнинг энг ҳурматли кишилари, дея атадилар. Аммо, ҳурматли дея эътироф этиш билан бу мартабага лойиқ бўлиб қолмайди муаллим. Бунинг учун астойдил изланиши, ўз устида ишлаши зарур. Шу ўринда газета-журналларнинг ўрнини ҳам алоҳида қайд этиб ўтдилар. Дарҳақиқат, обуна мажбурий эмас, дея бонг уравериб, ихтиёрий обунани ҳам ёдимиздан чиқардик. Ахир эслаб кўрайлик, ёшлигимизда ҳар бир хонадон 3-5 та газета ва журналларга ёзилар эди. Уларни ўқиб катта бўлганмиз.
Умуман олганда, педагоглар нуфузининг бу даражада улуғланишидан беҳад мамнунман. Маърузадан ўзим учун муҳим вазифалар чиқариб олдим. Бундан буён уларни рўёбга чиқариш учун астойдил меҳнат қиламан.
Тилга хурмат ҳар бир фуқаронинг бурчига айланиши лозим
Юртимиз тарихидан маълумки, ўтмишда аллома боболаримиз ҳар қандай нозик фикр ва ҳисларни ифода қилишга қодир тилимизни асрлар оша кўз қорачиғидай асраб, ривожига муносиб ҳисса қўшиб келганлар. Тарихимизнинг ёрқин саҳифалари саналмиш темурийлар даврида улуғ мутафаккир Алишер Навоий фалсафий фикрлар билан тўлиқ эпик достонлар яратиб, ўзбек тили ва тафаккурининг куч-қудратини намойиш қилди. Зеро, бир халқнинг тили учун курашиш - у халқнинг мавжудлиги, шон-шарафи учун курашиш демакдир.
Тил ижтимоий ҳодиса эканлиги, жамият билан бирга нафас олишини эътиборга олсак, она тилимизни асраб-авайлаш нечоғли ҳаётий аҳамиятга эгалиги ўз-ўзидан аён бўлади.
Бугунги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида фаол қўлланиш баробарида, халқаро минбарлардан ҳам баралла янграётгани қалбимизда чексиз фахр туйғусини уйғотади.
Ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб келаётган глобаллашув жараёни ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳалари қатори тил соҳасини ҳам қамраб олганига, глобаллашувнинг миллий тил келажагига хатарли таъсири долзарблик касб этаётганига турли жараёнлар мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Тадқиқотчилар фикрига кўра, глобаллашув ижобий ва салбий жиҳатларга эга мураккаб бир жараён сифатида тил софлигини асраш борасида ҳам чуқур ўйланган ёндашувни талаб қилади. Шундай шароитда ўзбек тилига бошқа тилларнинг унсурлари кенг кириб келишининг олдини олиш орқали она тилимиз софлигини сақлашимиз муҳимдир.
Улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний ўз вақтида "ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур.", дея уқтириб ўтган эди. Демак, ҳар қандай хазина, бойлик қўриқланишга муҳтож бўлганидек, тилимизнинг ҳам қўриқчилари бўлиши керак. Бу нафақат соҳа мутахассислари, арбоблари, балки ҳар бир фуқаронинг она тилимизга ҳурмат-эҳтиром туйғулари билан йўғрилган бурчига айланиши лозим.
Мамлакатимиз Президентининг тарихда илк маротаба БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани барча ҳамюртларимиз қалбини чексиз фахрга тўлдирди.
Шу ўринда ёшлар, келажак авлодни она тилимизнинг билимдон давомчилари этиб тарбиялаш устувор вазифаларимиздан биридир. Қуш уясида кўрганини қилади, деган мақол бежиз айтилмаган. Аввало, ўзимиз давлат тили қоидаларига риоя этилишида, тилимиз софлигини асрашда фарзандларга ўрнак, намуна бўлмоғимиз шарт. Зеро, улар орқали аждодлардан бизга етиб келган она тилимизни мерос қолдирамиз.
Мактабгача таълим: ислоҳотлар юқори самаралар бермоқда
Мутахассис минбари
Таълим соҳаси, айниқса, мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш бугун давлавтимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган қатор қонунлар, қарорлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда.
Мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, болаларни мактабгача таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситаларида берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 14 мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. 2019 йилда мактабгача таълимга болалар қамрови 52 фоизга етказилди. Жорий йилда бу кўрсаткич 59,5 фоиз бўлиши кутилмоқда, шунингдек, 85,2 фоиз 6 ёшли болаларни мажбурий бир йиллик таълим билан қамраб олиш режалаштирилган.
Биламизки, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилмасдан аввал тизимда замонавий дастурлар жорий этилмаган, болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқобил, мослашувчан моделлар етарли даражада ривожланмаган. Тараққий этган мамлакатлардаги каби болаларни ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш, атроф-муҳит билан танишувга йўналтирилган махсус давлат таълим дастурлари татбиқ қилинмаган эди. Давлат мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог кадрларнинг аксарияти ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, болаларни мактаб таълимига талаб даражасида тайёрлаш имконини бермас эди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 8 майда "Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарор мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтариш учун муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур қарор билан тасдиқланган концепция мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, болаларни сифатли мактабгача тайёрлаш, мактабгача таълим хизматларини ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг мақсадли вазифаларини қамраб олган бўлиб, жараённинг устувор жиҳатлари ва муҳим босқичларини белгилаб берди.
Умуман, мактабгача таълим тизимида янги лойиҳалар, ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, 2019 йилда "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунда мактабгача таълим ва тарбиянинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсати йўналишлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, эгалигида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланди. Бу билан мактабгача таълим тизимининг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиб, имкониятлари янада кенгайди.
Қайд этилган Концепцияда 2030 йилгача 3-7 ёшдаги болаларнинг 80,8 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олинишининг таъминланиши кўзда тутилган. Хусусан, 2020 йилда янги мактабгача таълим ташкилотлари биноларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш каби чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори самаралар бермоқда.
Вилоятимиз, туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотларида ҳам концепцияни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, туманимизда айни кунда 47 та давлат, 7 та нодавлат хусусий-шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, 29 та уй боғчалар ташкил этилиб, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълимга қамрови 54,1 фоизни ташкил этади.
Хусусан, ўзим раҳбарлик қилаётган муассасада ҳам иш жараёнлари тубдан янгиланди. Болаларни мактабга тайёрлаш, мутахассислар касб малакаси ошириш, машғулотларни бугунги кун талаби даражасида олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу албатта, ижобий натижаларга эришишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш учун бор имкониятларимизни ишга солиб астойдил меҳнат қиламиз.
21 октябрь - ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун
Миллат борки, унинг ўз она тили бор. Она тили - ҳар бир элатнинг, халқнинг, миллатнинг ўз тили ҳисобланади. Она тили луғат таркиби, асосан, шу тилга мансуб халқнинг турмуши, маданияти ва анъаналарини ифодалайдиган сўз ва тушунчалардан иборат бўлади.Она тилининг тараққиёти ҳар бир элат, халқ ва миллатнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ривожланиши билан боғлиқдир.
Tил бу - инсон тафаккурини шакллантирувчи жуда катта хазина, бойлик. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши истиқлол томон ташланган илк қадам бўлганини, тил давлат, жамият ва халқ ҳаётида қандай муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Она тилимиз йиллар, асрлар давомида халқимизнинг бой ва шонли ўтмиши билан бирга ривожланиб, сайқал топиб келган. Бу тил ўз халқи билан бирга, не-не жафоларни бошидан ўтказмади. Не-не истилочилар томонидан бой маданий меросимиз бўлган ноёб қўлёзмалар, адабиётлар йўқ қилинди. Улар халқимизни ўзига қарам қилишда аввало, халқимизнинг ўз тили, тарихи, маданияти ва миллий ғуруридан жудо этишга уринганликлари айни ҳақиқат.
Юртимизнинг мустақилликка эришиши натижасида ўзлигимиз билан бирга, она тилимиз ҳам қайтди. Ўзбек тилининг мақоми асосий қонунимиз - Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди.
1995 йилда "Давлат тили ҳақида"ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Бугун она тилимиз нафақат миллий маконда, балки жаҳон минбарларида баралла янграмоқда. Оламшумул ютуқларни қўлга киритиб келаётган фарзандларимиз шаънига ўзбек тилида давлатимиз мадҳияси баралла янграмоқда. Давлатимиз мадҳиясини ўз она тилимизда куйлар эканмиз, қалбимиз ғурурга тўлиб, беихтиёр кўзимизга қувонч ёшлари келади.
Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Бугунги кунда миллатимиз кўзгуси ҳисобланган шундай бой тилимизга эътибор қандай ҳолатда? Биз ота-боболаримиздан мерос бўлган она тилимизни кўз қорачиғидек асраш ва келажак авлодга шундай гўзал ва бетакрор ҳолатда қолдириш учун етарли ишларни амалга ошира олаяпмизми? Беихтиёр кўз олдимизга кўчаларда хато ва камчиликлар билан ёзиб, илиб қўйилган реклама баннерлари ва кўпроқ хорижий номлар билан номланган дўконлар номлари келади. Тўғри, бу хатоларни назорат қиладиган, реклама пештоқлари учун белгиланган меъёрларни талаб қиладиган тегишли ташкилотлар ҳам мавжуд. Лекин, улар қачон хатоларни бартараф этишларини кутиб ўтириш ҳам бизнинг ўз она тилимизга бўлаётган эътиборсизлигимиз эмасми? Бундай хатолар билан ҳар биримиз курашишимиз зарурлигини ўзимиз ҳам тушуниб етишимиз керак.
Тил ҳар қандай миллатнинг маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қанотидир. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир. Бугунги кунда фарзандларимизни турли дунё тилларини эгаллашлари жуда яхши ва ибратли тенденцияга айланиб бормоқда. АҚШ даги Maссачу-сетс Texнология институти олими Сьюзанна Флин олиб борган тадқиқотлари натижасида инсон миясининг янги тилларни ўрганиш қобилиятининг чегараси йўқ, фақат вақт етишмаслиги халақит бериши мумкин, деган фикрга келади. Гарвард университетининг олими Стивен Пинкер ҳам тилни ўрганиш бўйича назарий чеклов йўқ, деб ҳисоблайди. Бу инсоннинг ҳоҳиши билан боғлиқ ходисадир. Илгари кўп тилларни билган инсонлар "полиглот" деб аталган. Ҳозирда эса 50 дан ортиқ тилларни биладиган гиперполиглотлар ҳам борлиги ҳаммага маълум.
Демак, инсоннинг бошқа тилни ўрганиши ўз она тилини ўрганишига асло, халал бермайди. Аксинча, ўз она тилини мукаммал ўрганиш ва билиш инсонни янада руҳан бой ва тетик қилади. Тил миллатнинг кўзгусидир. Бу кўзгу қанчалик тиниқ ва соф бўлиши эса ўзимизга боғлиқ. Зеро, тилни эъзозлаш энг аввало, халқни, миллатни, бугунни ва албатта келажакни асраб-авайлаш демакдир.
Ҳабибахон ЖЎРАБЕКОВА,
Андижон машинасизлик институти Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири. Фахрий педагог.
...ҳаётимизда радио, телевидение, интернет билан бирга, босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор.
Шавкат Мирзиёев.
Бугун матбуот дўконлари пештахталари бўшаб қолган, сотилаётган газеталар ҳажми, тури анча озайган. Газетхонлар аримай, ҳатто айрим газета, журналларнинг қачон етиб келишини орзиқиб кутадиган сўровчилар деярли йўқ. Мактаб кутубхоналарида қатор, хилма хил газеталарни варақлайдиган, ўзи учун янгиликларни излаб қоладиган ўқитувчилар учун газета, журнал деган сўзларни унутиб қўйгандик.
"...ўқитувчи ўз устида ишлаши, илм ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади. Афсуски, биз кейинги йилларда "Мажбурий обуна" баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида, мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар. Ўзингиз биласиз, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлатлардан бири бу Япониядир. Лекин ушбу мамлакатда кунига 3-4 миллион нусхада нашр этиладиган газеталар борлигига нима дейсиз?... Айтмоқчиманки, ҳаётимизда радио, телевидение, интернет билан бирга, босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор...", дея таъкидлади Юртбошимиз "Ўқитувчи ва мураббийлар куни"га бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида.
Дарҳақиқат, газета, журналлар ўқимасдан, маънавий озуқа олмасдан баркамоллик ҳақида гап бўлиши мумкинми?
Қайсидир мактаб директори ўқитувчиларга обуна ҳақида гап очганда, қайсидир ўқитувчининг "бизни мажбур обуна қилдиряпти" дея Халқ қабулхонаси ёки юқори идораларга раҳбар устидан шикоят қилиши одатий ҳолга айланиб қолган эди.
Вилоятимиз халқ таълими тизимининг фидойи фахрийларидан бири Ўктамжон ака Охунов билан бўлган суҳбатларимиздан бирида у ўқитувчилар учун энг яқин кўмакдош, маслаҳатчи, янгиликлардан хабардор қилувчи, ўқитувчининг иш қуролидан бирига айланган газеталарга обуна масаласи вилоятимизда ўта ачинарли аҳволда эканлиги, ўқитувчилар газета ўқимай қўйгани ҳақида куюниб гапирганди.
Мактабда ўқиётган кезларимизда (ўтган асрнинг 70-80 йиллари) фан ўқитувчилари газеталардан мавзуга доир мақолалардан цитаталар ўқиб берар, шу газетани топиб, мақола матнини тўла ўқиб чиқинг, фикрингизни айтасиз, деб топшириқ берардилар. Айни дамда, газета ўқимай қўйган ўқитувчи таълим бераётган ўқувчи газета ўқишни тасаввур қилолмаса керак.
Газета, даврий нашрларни мунтазам кузатиб бормайдиган, юксак салоҳиятга эга бўлмаган ўқитувчи баркамол авлод тарбиясини қандай амалга оширади? Юртбошимиз таъкидлаганидек, бугунги кунда замонавий ахборот технологиялари, интернет алоқа воситаларининг ўрни ниҳоятда катта. Бироқ, матбуот нашрлари ҳаёт кўзгусигина эмас, маънавият жарчиси ҳамдир. Тўғри, ёшлар ўртасида китобхонлик анъанаси кенг қулоч ёймоқда, шу қатори нашрларга обуна бўлиш, мунтазам газета ўқиб бориш маънавиятимизни юксалтирибгина қолмай, янгиликлардан тўлақонли хабардор бўлишимиз, тафаккуримизни юксалишида муҳим аҳамият касб этади.
Ректор имтиёз асосида талабаликка қабул қилинган қизлар билан учрашди
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда гендер тенглигини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, улар учун янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан олий таълим муассасаларига алоҳида мезонлар асосида хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш тартиби ва бу борада амалга оширилаётган ишлар бунга ёрқин мисолдир.
Мазкур ўқув йилида мамлакатимиздаги кўплаб хотин-қизлар ушбу имкониятдан фойдаланиб, талаба бўлиш бахтига сазовор бўлдилар.
2020/2021 ўқув йилида хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларига берилган грант ўринларининг 4 фоизи миқдорида қўшимча давлат гранти ажратилиши мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўринларини топишлари учун берилган кенг имконият бўлди.
Андижон вилояти учун ана шундай имтиёз асосида хотин-қизларга 85 та ўрин ажратилган бўлиб, уларнинг 36 таси Андижон давлат университетига қабул қилинди.
Университет ректори Акрамжон Юлдашев мазкур имтиёз асосида талабалик бахтига сазовор бўлган опа-сингилларимизнинг хонадонларида бўлди. Учрашувларда талабалар, уларнинг ота-оналарини табриклаб, келгусида олий ўқув юртида таҳсил олиш жараёнида муваффақиятлар, билимли, юқори малакали кадрлар бўлиб етишишларини тилади. Мулоқот давомида ректор талабаликка қабул қилинган қизларнинг қизиқишлари, келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашиб, уларга ўз маслаҳатларини берди, берилган имкониятдан унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.
- Мен тест синовида 176 балл тўпладим, - дейди Андижон давлат университетининг Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили ва адабиёти йўналишига грант асосида қабул қилинган Нозима Дилбаржонова. - Тест синови натижаларига кўра, бу балл билан мен контракт асосида ўқишим мумкин эди. Лекин Президентимиз томонидан хотин-қизлар учун берилган имтиёз, берилган тавсиянома туфайли энди мен давлат гранти асосида ўқиш имконига эга бўлдим.
Бундан нафақат мен, балки бутун оиламиз жуда хурсанд. Энди ўз режаларимни тўлиқ амалга ошириш имкониятига эгаман. Ўқиб, келажакда ўз соҳамнинг етук мутахассиси бўлиб, юртимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилиш, Юртбошимиз ишончини оқлаш учун бор имкониятларимни ишга соламан.
Берилган ушбу имтиёз шубҳасиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган "темир дафтар"да турувчи оилалар вакилалари ўқитилди
Андижон шаҳрида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими томонидан тажриба тарзида ташкил этилган семинар-тренингда Андижон туманидаги қатор маҳаллалар "темир дафтари"да турувчи оилаларнинг ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагидаги вакилалари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликдаги амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўтказилган семинарда опа-сингилларимиз тадбиркорликни йўлга қўйиш, бизнес соҳасида самарали иш юритиш борасидаги билимларини бойитди.
Умуман, "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг тадбиркорлик ва жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, молиявий, таълим, ахборот ресурсларидан фойдаланишларини таъминлашга кўмаклашиш, бозор муносабатларида муваффақиятли иштирок этишлари учун қулай шароитлар яратиш, инновацион таълим дастурларини жорий этиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, мамлакатимиздаги 136 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканларини ташкил этиш, маҳаллаларда меҳнат бозори талабларига кўра, хотин-қизларни касбга ўқитиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларни "Fоядан бизнес режагача" қисқа муддатли тадбиркорлик ўқув курсларида ўқитиш, уларни тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш, кредит олишларида суғурта полиси тўловларини амалга ошириш, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларидан субсидия ажратилишига кўмаклашиш, "Энг яхши касбга тайёрлаш дастури" танловини ташкил этиш, нодавлат ташкилотларга хотин-қизларни касб-ҳунар, чет тиллари ёки тадбиркорликка ўқитишни ташкил этишлари учун танлов асосида грант маблағларини ажратиш, тикувчилик ва ҳунармандчилик йўналишларида иш олиб бораётган тажрибали тадбиркорларга иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни бириктириш орқали кооперативлар ташкил этишга молиявий кўмаклашиш сингари ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасидаги семинар-тренинг иштирокчиларига бизнес-режа тузиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредитлар олиш, иқтисодий самарадорликка эришиш, солиқ имтиёзлари бўйича зарур билим, тавсия ва маслаҳатлар берилди.
- Мен тикувчилик йўналиши бўйича тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман, - дейди Андижон тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи Арофат Неъматова. - Семинар-тренингда қатнашиб зарур билимларга эга бўлдим. Айниқса, соҳадаги илғор тажрибалар хусусида кенг маълумотлар олдим. Бу албатта, менга келгусида самарали иш олиб боришимда яқиндан ёрдам беради.
Мақсадимиз: вилоятимиз пахта хирмони юксалишига муносиб ҳисса қўшиш
Улуғнор туманидаги Мирзааҳмедов массивидаги 499 гектар майдонда пахта етиштирилган бўлиб, 1 минг 400 тонна пахта ҳосили йиғиб-териб олиш белгиланган. Массивдаги хўжаликлар давлатга пахта топшириш режасини вилоятда биринчилардан бўлиб адо этди. Бугунги кунга қадар массив хўжаликлари томонидан 1 минг 600 тоннадан зиёд "оқ олтин" топширилди.
Мазкур массивдаги "Диёрчиқин", "Алибек ери" ва бошқа қатор фермер хўжаликлар далаларида тумандаги Чўлобод маҳалласининг "темир дафтари"да турувчи оилалар вакиллари, уй бекалари ҳамда уюшмаган ёшлардан тузилган 17- терим отряди аъзолари терим ишларини олиб бормоқда.
Теримда ҳар куни 200 нафардан зиёд киши иштирок этмоқда. Фермер хўжалиги ва терим отряди аъзоларидан Насиба Абдуллаева, Фотима Убайдуллаева, Ханифа Раззақова, Акмалжон Давлатов, Абдуназар Каримов сингари теримчилар ҳар куни ўртача 180-200 килограммдан пахта териб барчага намуна бўлмоқда.
Теримчилар учун бепул иссиқ овқат тайёрлаб берилмоқда. Шунингдек, ҳар беш кунда терим пуллари даланинг ўзида тарқатиб берилмоқда.
Мақсадимиз: мавсум охиригача теримда фаол иштирок этиб, туманимиз, қолаверса, вилоятимиз пахта хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшиш. Бу борада барча имкониятларни ишга солиб астойдил меҳнат қиламиз.
Айни кунларда вилоятимизнинг барча туманларида пахта йиғим-терими қизғин паллага кирган. Деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатлари ҳисобига етиштирилган "оқ олтин" ҳосили уюшқоқлик билан терилиб, вилоятимиз хирмони тобора юксалиб бормоқда.
Жумладан, Андижон туманида ҳам бу борадаги ишлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жорий йилда тумандаги 124 та фермер хўжалигининг 4 минг 620 гектар майдонида пахта ҳосили етиштирилди.
Етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида 61 та терим отряди шакллантирилди. Мазкур отрядларнинг ҳар бирига техника воситалари, трактор тиркамалари бириктирилди. Айни кунларда ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган.
Жорий йилда 87 гектар майдонда мўл пахта ҳосили етиштирган мазкур хўжалик белгиланган 330 тонна режани бажариш арафасида турибди.
- Асасан, тумандаги Жаннатмакон, Қўшчинор маҳаллаларида истиқомат қилувчи уй бекалари, уюшмаган ёшлардан тузилган терим отряди аъзолари томонидан ҳар куни ўртача 25-30 тонна пахта йиғиб-териб олинмоқда, - дейди отряд раҳбари Абдувоҳид Хасанов. - Теримчилар учун зарур барча шароитлар яратилган. Ишчи ва теримчиларга иссиқ овқатлар тайёрлаб берилмоқда.
Терилган пахта учун ҳар беш кунда теримчиларга даланинг ўзида нақд пул берилмоқда.
- Далаларда пахта мўл, ҳар куни 120-130 килограмм пахта теряпман, - дейди илғор теримчилардан бири Севара Мирзаева. - Биринчи беш кунликда 700 минг сўмга яқин пул олдим. Теримда фаол қатнашиб, юртимиз пахта хирмони юксалишига ҳисса қўшиш билан бирга, яхшигина даромадга ҳам эга бўляпман.